ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
2543 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 26/02/2019 13/03/2019 5

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришдан ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-2543

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг

Қарори

 

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришдан ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисидаги
низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3802-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради

 

Давлат солиқ қўмитаси раиси                                                             Б.А. Мусаев

Тошкент ш.,

2019 йил “___” __________  

_________-сон

Ўзбекистон Республикаси
Давлат солиқ қўмитасининг

2019 йил  “___” ___________даги

______-сон қарорига илова

 

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришдан ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчи фаолиятида тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш бўйича хронометраж кўздан кечириш ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш тартибини белгилайди.

Хронометраж кўздан кечириш мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

хронометраж кўздан кечириш – хронометраж ўтказиладиган даврда тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган, товарларни (ишларни, хизматларни) ҳақиқий реализация ҳажмларини аниқлашга доир солиқ назоратининг шакли ҳисобланади;

хронометраж кўздан кечириш иштирокчилари – давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари, солиқ тўловчи ва унинг вакиллари.

3. Хронометраж кўздан кечириш ўтказишга бошқа шахсларни, шу жумладан экспертларни жалб этишга йўл қўйилмайди.

4. Пул тушумини, ишлаб чиқариш ҳажмларини ва товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини хронометраж кўздан кечириш товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилувчи солиқ тўловчиларда, бевосита товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жойида, маҳсулот ишлаб чиқариш цехларида, шунингдек ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойларида ҳамда солиқ тўловчи даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ бошқа жойларда давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари томонидан кузатиш ва қайд этиш орқали ўтказилади.

5. Хронометраж кўздан кечиришни амалга ошириш жараёнида солиқ тўловчидан ҳисобга олиш ҳужжатларини талаб қилишга, солиқ тўловчига нисбатан талаблар қўйишга ёки солиқ тўловчининг фаолиятига бошқача тарзда аралашишга йўл қўйилмайди, бундан солиқ тўловчидан ҳамда раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини амалга оширувчи шахслардан, солиқ тўловчининг бошқа моддий жавобгар ходимларидан тушунтиришлар олиш, шунингдек назорат-касса машиналарида ва тўлов терминалларида сақланаётган хронометражни ўтказиш даврига доир маълумотларни олиш мустасно.

6. Хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати кетма-кетликда етти календарь кундан ортиқ бўлмаган ҳолда, солиқ тўловчининг белгиланган иш режими ва фаолият туридан келиб чиқиб ўтказилади. Хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати дам олиш кунларига тўғри келган тақдирда, дам олиш кунлари ҳисобига ўтказиб юборилган муддат кейинги иш кунидан бошлаб ҳисобланади.

Бунда, хронометраж кўздан кечириш солиқ тўловчининг кунлик иш вақтини тўлиқ қамраб олган ҳолда, жойлашган жойидан қатъий назар барча объектларида бир вақтнинг ўзида ўтказилади.

7. Хронометраж кўздан кечириш солиқ текшируви ҳисобланмайди ва текширишларни рўйхатга олиш китобига ёзув киритилмайди.

2-боб. Хронометраж кўздан кечиришни тайинлаш тартиби

8. Хронометраж кўздан кечиришни тайинлашга тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш зарурияти асос бўлади.

9. Хронометраж кўздан кечириш ўтказиладиган солиқ тўловчилар рўйхати қуйидаги мезонлар асосида шакллантирилади:

солиқ тўловчиларнинг солиқ объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлари тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида кўздан кечириш ва сўров ўтказиш жараёнида тузилган маълумотномалардаги товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушумларни ҳамда ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш ҳажмларини камайтириб кўрсатилишига оид шубҳали маълумотлар;

вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган (ташқи манба) маълумотлари таҳлилига кўра, солиқ органларига тақдим этилган солиқ ва молиявий ҳисоботлари, шунингдек, бошқа маълумотларида товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушумлар ҳамда ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш ҳажмларини камайтириб кўрсатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

бир ҳудудда (кўчада, бозор ва савдо комплексларида, маҳаллада ёнма-ён) жойлашган, фаолият тури, реализация ҳажми бир-бирига ўхшаш бўлган бир нечта субъектларнинг кунлик ўртача тушумларига нисбатан кескин фарқ қиладиган тафовутли маълумотлар;

марказий банк томонидан электрон тарзда тақдим этилаётган маълумотларга кўра, товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушумлари ўтган даврларга нисбатан асоссиз равишда камайиб кетганлиги ва савдо тушумларини тўлиқ банк кассаларига топширмаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси бўйича нақд пул ва тўлов терминали орқали тушган кунлик тушумлар ўртасида мавжуд юқори тафовутлар тўғрисидаги маълумотлар;

солиқ тўловчи фаолиятининг хусусиятлари, иш режими ва мавсумий омилларни ҳисобга олган ҳолда иш куни давомида онлайн назорат касса машиналаридан камида 2-3 соат оралиғида чек урилмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

хронометраж кўздан кечириш ўтказилгандан кейинги даврларда товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушумларнинг хронометраж кўздан кечириш давомида аниқланган тушумларга нисбатан 50 фоиздан юқори камайиб кетганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

электрон ҳисобварақ-фактуралари орқали кирим қилинган товарлар ҳажмига нисбатан ўртача ойлик тушумларининг фарқ қилиши тўғрисидаги маълумотлар.

10. Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишнинг ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш бўйича хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ушбу низомнинг 9-бандида келтирилган мезонлар бўйича солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олиш жараёнида солиқ тўловчи томонидан реализация қилинган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ҳамда солиқ солиш объектларининг ҳақиқий ҳажмлари камайтирилганлигини тахмин қилиш имконини берадиган тафовутлар аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати органининг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан қабул қилинади.

Давлат солиқ хизмати органининг реализация қилинган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш бўйича хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш тўғрисидаги буйруғида хронометраж кўздан кечириш ўтказиладиган солиқ тўловчи, унинг идентификация рақами, хронометраж кўздан кечириш ўтказиш жойи ва муддати, давлат солиқ хизмати органининг хронометраж кўздан кечириш ўтказадиган мансабдор шахслари таркиби мажбурий тартибда кўрсатилади.

3-боб. Хронометраж кўздан кечириш иштирокчиларининг
ҳуқуқ ва мажбуриятлари

11. Хронометраж кўздан кечириш иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) солиқ тўловчи ва унинг вакилининг ҳуқуқлари:

хронометраж кўздан кечириш ўтказишни амалга ошираётган солиқ органлари мансабдор шахсларидан кўздан кечириш масалалари юзасидан тушунтиришлар талаб қилиш;

хронометраж кўздан кечириш материаллари билан танишиш ва натижаси бўйича расмийлаштирилган маълумотномадан нусха олиш;

хронометраж кўздан кечиришни амалга ошираётган солиқ органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний талабларини бажармаслик ҳамда масалага алоқаси бўлмаган ҳужжатларни тақдим этмаслик;

хронометраж кўздан кечиришни амалга ошираётган солиқ органи мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

хронометраж кўздан кечириш жараёнида қатнашиш учун ўз вакилини таклиф қилиш;

хронометраж кўздан кечириш натижаларидан норози бўлган тақдирда ёки келгусида унинг фаолиятида тушумлар бўйича кескин ўзгаришлар кузатилганда (тушумларнинг камайиши ёки кўпайиши) қайта хронометраж кўздан кечириш ўтказиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига мурожаат қилиш;

қонун ҳужжатларда белгиланган бошқа ҳуқуқлар.

б) давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари:

хронометраж кўздан кечириш ўтказиш жараёнида солиқ тўловчининг назорат-касса машинаси, тўлов терминали, Post терминали ва уларнинг хотирасида мавжуд маълумотларни олиш, шунингдек бошқа техник воситаларига тегишли ҳужжатлар (ускуна паспорти, сертификатлари) кўриб чиқиш;

солиқ тўловчи ёки унинг вакилининг ёрдами билан савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида ўрнатилган тушум билан боғлиқ бўлган дастурий маҳсуллар ва ахборот тизимларидан фойдаланиш;

солиқ тўловчининг ишлаб чиқариш ҳудудларини, омборхоналарини, савдо объектларини, бошқа даромад олиш ҳамда солиқ солиш билан боғлиқ бино ва иншоотларини солиқ тўловчи ёки унинг вакили иштирокида уларнинг фаолиятига зарар етказмасдан кўздан кечириш;

хронометраж кўздан кечириш ўтказиш жараёнида ҳар бир харидор (мижоз)га қилган харидлари бўйича назорат-касса машинаси харид чекини бериш ҳамда  нақд пул тушумларини банк кассаларига тўлиқ кирим қилинишини талаб қилиш;

солиқ тўловчи томонидан хронометраж кўздан кечириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан танишишдан бўйин товланганда ёки кўздан кечириш ўтказишга тўсқинлик қилинганда, шунингдек хронометраж кўздан кечириш ўтказиш жараёнида назорат-касса машинасининг яроқсизлиги ёки бошқа субъектга тегишли назорат-касса машинаси ва тўлов терминалидан фойдаланилаётганлиги аниқланган тақдирда аниқланган ҳолат бўйича маълумотнома расмийлаштириб ваколатли органни хабардор қилиш тартибида текширув ташкил этиш учун давлат солиқ хизмати органининг раҳбарига таклиф киритиш;

хронометраж кўздан кечириш ўтказилаётган солиқ тўловчидан ойлик иш кунлари сони тўғрисидаги маълумотларни талаб қилиш;

хронометраж кўздан кечириш жараёнида қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган ҳамда тегишли рухсатномаларсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқариш, сақлаш ёки реализация қилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда ваколатли органни хабардор қилиш тартибида текширув ташкил этиш учун давлат солиқ хизмати органининг раҳбарига таклиф киритиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлар.

12. Хронометраж кўздан кечириш иштирокчиларининг мажбуриятлар:

а) солиқ тўловчи ва унинг вакилининг мажбуриятлари:

хронометраж кўздан кечиришни амалга ошираётган давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларига назорат-касса машиналарида ва тўлов терминалларида сақланаётган хронометраж ўтказиш даврига доир маълумотларни тақдим этиш;

хронометраж кўздан кечиришни амалга ошираётган солиқ органлари мансабдор шахсларини ишлаб чиқариш ҳудудлари, омборхоналар, савдо объектлари, бошқа даромад олиш ҳамда солиқ солиш билан боғлиқ бино ва иншоотларни кўздан кечиришни амалга ошириш учун киритиш;

солиқ органлари мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажариш ва хронометраж кўздан кечиришни ўтказишга тўсқинлик қилмаслик;

хронометраж кўздан кечириш ўтказиш жараёнида ҳар бир харидор (мижоз)га қилган харидлари бўйича назорат-касса машинаси ва тўлов терминалининг харид чекини бериш ҳамда  нақд пул тушумларини банк кассаларига тўлиқ кирим қилиш;

қонун ҳужжатларда белгиланган бошқа мажбуриятлар.

б) давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг мажбуриятлари:

хронометраж кўздан кечириш бошлашдан олдин солиқ тўловчига ўзининг хизмат гувоҳномаси орқали таништириш ва ташриф мақсадини тушунтириш;

солиқ тўловчини давлат солиқ хизмати органининг хронометраж кўздан кечириш тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ билан таништириш ва нусхаси тақдим этиш;

хронометраж кўздан кечириш натижаси бўйича расмийлаштирилган маълумотномадан солиқ тўловчига ёки унинг вакилига нусха тақдим этиш ҳамда аниқланган ҳолатлар бўйича қонунда белгиланган тартиблар тўғрисида тушунтиришлар бериш;

солиқ тўловчи ва унинг фаолиятига алоқадор бўлган ахборотларни бошқа шахсларга ошкор этмаслик;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар.

4-боб. Хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш тартиби

13. Солиқ тўловчи ёки унинг вакили давлат солиқ хизмати органининг хронометраж кўздан кечириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан таништирилган вақтдан хронометраж кўздан кечириш бошланган ҳисобланади.

14. Хронометраж кўздан кечириш солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатмасдан кунлик иш режимини тўлиқ қамраб олган ҳолда, жойлашган жойидан қатъий назар барча объектларида бир вақтнинг ўзида ўтказилади.

15. Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг бошқа ҳудудлардаги объектларида хронометраж кўздан кечириш ўтказиш юзасидан объект жойлашган ҳудудий давлат солиқ хизмати органига режалаштирилган хронометраж кўздан кечиришнинг аниқ санасини кўрсатган ҳолда хронометраж кўздан кечириш бошланишидан 3 (уч) кун олдин ёзма хабарнома юборади.

Бунда, солиқ тўловчининг бошқа ҳудудлардаги объектларида ўтказилган хронометраж кўздан кечириш натижаси бўйича расмийлаштирилган маълумотлар кўздан кечириш якунлангандан кейин солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган давлат солиқ хизмати органига 3 (уч) иш куни ичида юборилиши шарт.

16. Хронометраж кўздан кечириш солиқ тўловчи ва унинг ходимларига халақит бермаган ҳолда қуйидаги жойларда ўтказилади:

чакана ва улгуржи савдо соҳасида бевосита товарлар реализацияси учун мўлжалланган ҳамда мижоз билан ҳисоб-китоб қилиш жойларида (касса ёнида);

умумий овқатланиш соҳасида бевосита таом тайёрланадиган, мижозларга таом тарқатиладиган ва мижоз билан ҳисоб-китоб қилинадиган жойларида;

хизмат кўрсатиш соҳасида бевосита хизматлар кўрсатиш ва мижоз билан ҳисоб-китоб қилиш жойларида;

ишлаб чиқариш соҳасида бевосита маҳсулот ишлаб чиқариш цехларида ва маҳсулотларни тарқатиш омборхоналарида ҳамда мижоз билан ҳисоб-китоб қилиш жойларида;

бошқа соҳаларда солиқ тўловчининг даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларда ўтказилади.

17. Хронометраж кўздан кечириш қуйидаги тартибда ўтказилади:

а) чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳасида:

солиқ тўловчининг кассасидаги мавжуд нақд пул қолдиғини назорат-касса машинасининг “Х” ҳисоботи билан солиштириш ва ижобий фарқ суммасини назорат-касса машинасининг хотирасига киритилишини таъминлаш;

реализация қилинган товарлар ва хизматларнинг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш ҳамда кунлик пул маблағлари тушумини кузатиш ва қайд этиш;

хронометраж кўздан кечириш якунида назорат-касса машинасидан «Z» ҳисобот олишдан олдин ҳар бир мижоз бўйича кун давомида берилган чеклар тарихи нусхаларини чиқариш ва маълумотномага илова қилиш;

ишчилар сони ва уларнинг рўйхатини шакллантириш;

хронометраж кўздан кечириш якунида кассадаги мавжуд кунлик пул тушуми билан қайд этиш варақасидаги тушумлар миқдори ўртасидаги ижобий фарқ суммасини назорат-касса машинасининг хотирасига киритиш;

хронометраж кўздан кечириш ўтказилган кундаги нақд пул тушумларининг банк иш вақти тугагунга қадар бўлган қисмини шу куннинг ўзида ва қолган қисмини кейинги иш кунидан кечиктирмасдан банк кассасига топширтириш, бунда кун якунидаги қолдиқ нақд пул тушумларини кейинги иш кунидан кечиктирмасдан банк кассасига топширилиши юзасидан солиқ тўловчидан кафолат хати олинади.

б) ишлаб чиқариш соҳасида:

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархи ва сотиш нархига, ҳажмига, омборхоналаридаги тайёр маҳсулотлар миқдорига аниқлик киритиш;

ишлаб чиқариш қувватлари учун сарфланаётган табиий ресурсларини (газ, электр энергияси, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари) ҳажмини ўлчов асбоблари орқали қайд этиш;

ишлаб чиқариш учун сарфланаётган товар хом-ашёлар ҳажмини қайд этиш;

          ишлаб чиқариш ускуналарининг сонини ва уларни қувватларини аниқлаш;

ишчилар сони ва уларнинг рўйхатини шакллантириш;

          ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва миқдорини аниқлаш;

          ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилиш усулларини аниқлаш ва жараёнини қайд этиш.

18. Хронометраж кўздан кечириш ўтказиш маълум сабабларга кўра солиқ тўловчида иш вақти тугамасдан тўхтатилса, хронометраж кўздан кечириш якунига етказилмаган ҳисобланади ва хронометраж кўздан кечириш ўтказиш муддати доирасида бошқа кунга кўчирилади.

5-боб. Хронометраж кўздан кечириш натижаларини
расмийлаштириш тартиби

19. Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишнинг ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш бўйича хронометраж кўздан кечириш натижалари бўйича икки нусхада маълумотнома тузади. Маълумотноманинг бир нусхаси солиқ тўловчига топширилади.

Агар, солиқ тўловчи маълумотномани олишдан бўйин товлаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахси бу ҳақда маълумотномага тегишли ёзувни киритади ва маълумотноманинг бир нусхаси почта орқали буюртма хат билан ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон тарзда жўнатилади ҳамда у жўнатилгандан кейин уч кун ўтгач солиқ тўловчига топширилган ҳисобланади.

20. Хронометраж кўздан кечириш натижаси бўйича расмийлаштирилган маълумотномага кўздан кечириш жараёни билан боғлиқ ҳужжатлар ва фото лавҳалар илова қилинади.

21. Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари хронометраж кўздан кечириш натижасига кўра тузилган маълумотнома бўйича хронометраж кўздан кечириш якунлангандан кейин 1 (бир) иш куни ичида давлат солиқ хизмати органи раҳбариятига билдиришнома киритади.

22. Давлат солиқ қўмитаси ўтказилган хронометраж кўздан кечириш натижалари бўйича расмийлаштирилган маълумотномаларнинг электрон ҳисобини юритади.

6-боб. Хронометраж кўздан кечириш натижалари бўйича солиқларни
ҳисоблаб чиқиш тартиби

23. Хронометраж кўздан кечириш натижаларидан солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш, шу жумладан электрон шаклда шакллантириш ва юритиш, шунингдек тақдим этиладиган ҳисоботларнинг ва ҳисоблаб чиқарилган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларнинг суммалари ишончлилигини солиштириб кўриш учун фойдаланилади.

24. Давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчи фаолиятининг хусусиятлари ва мавсумий омилларни ҳисобга олган ҳолда солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид солиқ ҳисоботида акс эттирилган, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум тўғрисидаги маълумотларни товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан хронометраж жараёнида олинган тушум тўғрисидаги маълумотлар билан солиштиришни амалга оширади.

25. Хронометраж кўздан кечириш якуни бўйича расмийлаштирилган маълумотномалар асосида солиқ тўловчи томонидан хронометраж кўздан кечириш даври учун солиқ ҳисоботи тақдим этилгандан сўнг Солиқ кодексининг 70-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда камерал назорат ўтказилади.

26. Хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид тақдим этилган солиқ ҳисоботларида аниқланган тафовутлар бўйича қуйидаги тартибда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисоблаб чиқилади:

YST = (XNT × IK) × SS – ягона солиқ тўлови;

QQS = (XNT × IK) × SS – қўшилган қиймат солиғи;

FS = ((XNT × IK) × RD) × SS – юридик шахсларнинг фойда солиғи;

AS = (XNT × IK) × SS – акциз солиғи;

NS = (XNT × IK) × SS – ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ.

Бунда:

XNT – хронометраж кўздан кечириш якуни билан аниқланган ўртача кунлик тушум;

IK – хронометраж кўздан кечириш даврида аниқланган ҳисобот даври учун иш кунлари сони;

SS – солиқ ставкаси;

RD – рентабеллик даражаси (олдинги ҳисобот даврида).

27. Хронометраж кўздан кечириш ўтказилган даврга оид тақдим этилган солиқ ҳисоботида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги аломатлари аниқланса, давлат солиқ хизмати органлари Солиқ кодексининг 70-моддасида кўрсатилган тартибда солиқ тўловчига талабнома юборади.

28. Солиқ тўловчида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги такроран аниқланган тақдирда, бу ҳаракатлар солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик сифатида таснифланади ва қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

29. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.

30. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 

Бош прокурор                                                                              О. Муродов

2019 йил “___” __________

Савдо-саноат палатаси раиси                                                      А. Икрамов

2019 йил “___” __________

 

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан

олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш ҳамда

амайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш

тартиби тўғрисидаги низомга илова

 

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқиш

 

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Таҳликали-таҳлил ва камерал назорат бўлими

Тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш заруриятидан келиб чиқиб хронометраж кўздан кечириш тайинланадиган солиқ тўловчиларнинг рўйхати шакллантирилади.

Доимий

2-босқич

Солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишнинг ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш бўйича хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ давлат солиқ хизмати органининг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан қабул қилинади.

Хронометраж кўздан кечириш ўтказишдан 1 кун олдин

3-босқич

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари

Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг бошқа ҳудудлардаги объектларида хронометраж кўздан кечириш ўтказиш юзасидан объект жойлашган ҳудудий давлат солиқ хизмати органига режалаштирилган хронометраж кўздан кечиришнинг аниқ санасини кўрсатган ҳолда хронометраж кўздан кечириш бошланишидан 3 (уч) кун олдин ёзма хабарнома юборади.

Хронометраж кўздан кечириш ўтказишдан
 
3 кун олдин

4-босқич

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари хронометраж кўздан кечириш ўтказиш учун биринчи навбатда солиқ тўловчига ёки унинг вакилига хизмат гувоҳномаси асосида ўзини таништириб, солиқ тўловчини давлат солиқ хизмати органининг хронометраж кўздан кечириш тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ билан таништиради ва нусхаси тақдим этади.

Хронометраж кўздан кечириш бошлашдан олдин

5-босқич

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари

Солиқ тўловчи томонидан хронометраж кўздан кечириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан танишишдан бўйин товланганда ёки кўздан кечириш ўтказишга тўсқинлик қилинганда, шунингдек хронометраж кўздан кечириш ўтказиш жараёнида назорат-касса машинасининг яроқсизлиги ёки бошқа субъектга тегишли назорат-касса машинаси ва тўлов терминалидан фойдаланилаётганлиги аниқланган тақдирда аниқланган ҳолат бўйича маълумотнома расмийлаштириб ваколатли органни хабардор қилиш тартибида текширув ташкил этиш учун давлат солиқ хизмати органининг раҳбарига таклиф киритади.

Хронометраж кўздан кечириш ўтказишни бошлашдан олдин ёки жараёнида

6-босқич

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари

Хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати етти календарь кундан ортиқ бўлмаган ҳолда, солиқ тўловчининг белгиланган иш режими ва фаолият туридан келиб чиқиб ўтказилади. Хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати дам олиш кунларига тўғри келган тақдирда, дам олиш кунлари ҳисобига ўтказиб юборилган муддат кейинги иш кунидан бошлаб ҳисобланади.

Бунда, хронометраж кўздан кечириш солиқ тўловчининг кунлик иш вақтини тўлиқ қамраб олган ҳолда, жойлашган жойидан қатъий назар барча объектларида бир вақтнинг ўзида ўтказилади.

1 кундан 7 календарь кунигача бўлган муддатда

7-босқич

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари

Хронометраж кўздан кечириш якунида кассадаги мавжуд кунлик нақд пул тушуми билан, назорат касса машинасининг «Z» ҳисоботи маълумоти ва қайд этиш варақасидаги тушумлар миқдорини солиштириб чиқади ҳамда ижобий фарқ суммасини назорат-касса машинаси хотирасига киритишни талаб қилади.

Аниқланган вақтнинг
ўзида

8-босқич

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари

Хронометраж кўздан кечириш якуни билан давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишнинг ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш бўйича хронометраж кўздан кечириш натижалари бўйича икки нусхада маълумотнома тузади. Маълумотноманинг бир нусхаси солиқ тўловчига топширилади.

Хронометраж кўздан кечириш якунида

9-босқич

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари

Солиқ тўловчининг бошқа ҳудудлардаги объектларида ўтказилган хронометраж кўздан кечириш натижаси бўйича расмийлаштирилган маълумотлар кўздан кечириш якунлангандан кейин солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган давлат солиқ хизмати органига 3 (уч) иш куни ичида юборилади.

3 кун
муддатда

10-босқич

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари

Давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари хронометраж кўздан кечириш натижасига кўра тузилган маълумотнома бўйича хронометраж кўздан кечириш якунлангандан кейин 1 (бир) иш куни ичида давлат солиқ хизмати органи раҳбариятига билдиришнома киритади.

Хронометраж кўздан кечириш якуни билан 1 кун муддатда

11-босқич

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари

Хронометраж кўздан кечириш якуни бўйича расмийлаштирилган маълумотномалар асосида солиқ тўловчи томонидан хронометраж кўздан кечириш даври учун солиқ ҳисоботи тақдим этилгандан сўнг Солиқ кодексининг 70-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда камерал назорат ўтказилади.

Ҳисобот тақдим қилингандан кейин

12-босқич

Давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахслари

Солиқ тўловчида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумнинг камайтирилганлиги такроран аниқланган тақдирда, бу ҳаракатлар солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик сифатида таснифланади ва қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.

Тушумнинг камайтирил-ганлиги такроран аниқланган тақдирда

 

 

Общие предложения

1569