ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
2512 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 23/02/2019 10/03/2019 4

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-2512

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

Импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ
ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш
чора-тадбирлари
тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда республикага олиб кирилаётган товарлар импортини оптималлаштириш, ноқонуний импорт операциялари амалга оширилиши ҳамда солиқ ва божхона тўловларидан қочишнинг олдини олиш учун божхона расмийлаштирувидан кейинги назоратни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг импорт операциялари бўйича солиқ ва божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг қилиш юзасидан доимий фаолият юритувчи Идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этиш бўйича таклифлари маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикасига товарларни импорт қилувчи барча юридик шахслар ҳисоб варақ - фактураларни тўлиқ электрон шаклда юритишга ўтказилсин.

3. Қуйидагилар:

импорт операциялари бўйича солиқ ва божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг қилиш юзасидан Идоралараро ишчи гуруҳи таркиби 1 – иловага мувофиқ;

импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш механизми тўғрисидаги низом 2 – иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ўртасидаги мавжуд ахборот алмашинув тизими мазкур қарор талаблари асосида такомиллаштирилсин.

5. Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзстандарт” агентлиги ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сон қарори талаблари асосида тақдим этиладиган маълумотлар бўйича икки ой муддатда ўзаро ахборот алмашинув тизими жорий қилинсин.

6. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Б.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б.Азимов, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А.Мусаев ва “Ўзстандарт” агентлиги бош директори Д.Н.Сатторовлар зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                     А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил “____”__________даги
______-сон қарорига

2-илова

 

Импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш механизми тўғрисида

     НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат солиқ ва божхона хизмати органлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) томонидан импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш механизмини белгилаб беради.

2. Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектларга (кейинги ўринларда импорт қилувчилар деб юритилади) татбиқ этилади.

3. Импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш механизми ушбу Низомга 1 – иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

2-боб. Товарлар импорти юзасидан маълумотларни
шакллантириш тартиби

4. Давлат божхона қўмитаси, товарлар импорти тўғрисида ва божхона ҳужжатлари расмийлаштирилгандан сўнг уч кун муддатда қуйидаги ҳолатларда соддалаштирилган тартибда олиб кирилган товарлар импорти тўғрисида идоралараро ахборот алмашинуви воситаси орқали Давлат солиқ қўмитасига ва “Ўзстандарт” агентлигига маълумот тақдим этади:

Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари ёки синов баённомалари тақдим этилганда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп миқдорда бўлмаган тадбиркорлик субъектлари (эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бундан мустасно) ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ихтисослашган ва қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ноозиқ-овқат хомашё, материаллар ва буюмлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинганда;

тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиш шарти билан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга йўл қўйилганда.

5. Давлат божхона қўмитаси томонидан импорт қилувчилар республика ҳудудига олиб кирган, шу жумладан соддалаштирилган тартибда олиб кирган товарлар бўйича тақдим этиладиган маълумотлар солиқ назоратини амалга ошириш жараёнида фойдаланиш учун Давлат солиқ қўмитасининг ягона маълумотлар базасига автоматик тарзда киритилади.

6. Соддалаштирилган тартибда олиб кирилган товарлар тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда назоратни амалга оширишда фойдаланиш учун “Ўзстандарт” агентлигининг маълумотлар базасига автоматик тарзда киритилади.

3-боб. Солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш чоралари

7. Импорт қилувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товар-моддий бойликлар олиб кирилганда қуйидаги талабларга риоя қилиниши лозим:

товарларни импорт қилишда божхона ва солиқ тўловлари бўйича берилган мақсадли имтиёзларни ҳисобини қонунчиликда белгиланган тартибда юритилиши ва бўшаган маблағлар мақсадли йўналтирилиши;

ишлаб чиқариш ҳамда ўз эхтиёжи учун олиб кирилган товар-моддий бойликлардан белгиланган мақсадларда фойдаланилиши;

товарларни реализация қилишдан келиб тушган тушумни банк муассасасига белгиланган тартибда топширилиши ҳамда реализацияни бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши;

импорт қилувчилар томонидан соддалаштирилган тартибда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирилган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиниши.

8. Давлат божхона қўмитаси томонидан импорт қилувчига Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинган товарларни мақсадли ишлатилиши ёки реализация қилинишида божхона ва солиқ қонунчилигига, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этишлари, акс ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши тўғрисида мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ огоҳлантириш Хабарномаси юборилади.

Хабарнома импорт қилувчиларга ёзма шаклда товарларга божхона ҳужжатлари расмийлаштирилиши жараёнида ёки почта орқали юборилади.

9. Импорт қилувчилар бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш чора-тадбирлари Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунига асосан амалга оширилади.

4-боб. Назорат қилиш механизми

10. Импорт ҳажмлари тўғрисида Давлат божхона қўмитасидан келиб тушган маълумотлар асосида давлат солиқ хизмати органларида ҳар бир импорт қилувчи кесимида назорат карточкалари автоматик равишда очилади.

11. Давлат солиқ хизмати органларининг «Таҳлика-таҳлил» дастурий маҳсулоти томонидан белгиланган йўналишларга асосан импорт қилувчилар фаолияти тўлиқ таҳлил қилинади ҳамда якуний натижалар баллик тизим орқали солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфи даражаси баҳоланади.

Бунда, дастурий маҳсулот орқали солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфининг баллик тизими натижаларига кўра солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси қуйидаги уч тоифага бўлинади:

а) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган импорт қилувчилар;

б) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган импорт қилувчилар;

в) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган импорт қилувчилар.

12. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган импорт қилувчилар бўйича очилган карточкалар автоматик равишда ёпилади.

Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ва ўртача бўлган импорт қилувчиларнинг солиқ ҳисоботларида кўрсатилган соф тушум суммаси улар томонидан республика ҳудудига олиб кирилган ва экспорт қилинган товарлар ҳамда улар учун сарфланган божхона тўловлари суммасидан ошган тақдирда назорат карточкаси ёпилади.

13. Давлат солиқ хизмати органлари назорат карточкаси очилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ва ўртача бўлган импорт қилувчилар фаолияти бўйича тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботлари ҳамда ташқи манбалардан олинган ахборотлар, шу жумладан, божхона органларидан олинган маълумотлар асосида камерал назорат ўтказадилар.

14. Камерал назорат жараёнида давлат солиқ хизмати органлари давлат божхона хизмати органларидан импорт қилувчиларнинг импорт операцияларига доир ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли.

15. Камерал назорат натижасига кўра солиқ ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари ҳамда солиқ ҳисоботларида тафовутлар мавжудлиги аниқланса, бу ҳақда импорт қилувчига тегишли тузатишлар киритиш ва уларни бартараф этиш юзасидан белгиланган тартибда талабнома юборилади.

16. Импорт қилувчи томонидан давлат солиқ хизмати органининг камерал назорат натижаларига доир талабномасига жавобан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини тасдиқлаш зарурлиги мавзули экспресс-ўрганишни тайинлаш учун асос бўлади.

17. Мавзули экспресс-ўрганиш ўтказилиши жараёнида божхона тўловлари бўйича мақсадли имтиёз берилган товарларни ёки ундан бўшаган маблағларни бошқа мақсадларда ишлатилганлиги ёки соддалаштирилган тартибда олиб кирилган товарларга мувофиқлик сертификатларини белгиланган муддатларда расмийлаштирилмаганлиги ҳолатлари аниқланганда, мавзули экспресс-ўрганишга давлат божхона хизмати органлари ёки “Ўзстандарт” агентлиги ходимлари жалб қилиниши мумкин.

18. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда божхона хизмати органларига, метрология ва сертификатлаштириш қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда эса “Ўзстандарт” агентлигига аниқланган пайтдан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмасдан маълумот берилади.

19. Давлат божхона хизмати органлари божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланганлиги юзасидан маълумот келиб тушганда қуйидагиларни амалга оширадилар:

маълумотларни ўрганиб чиқиб, божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда давлат солиқ хизмати органлари томонидан тақдим қилинган маълумотларни Хавфни бошқариш тизими доирасидаги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ҳалоллик даражасига қараб тоифаларга ажратади;

ҳалоллик даражасига қараб тоифаларга ажратилган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари тўғрисидаги маълумотларни Давлат божхона қўмитасининг Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимидаги ноҳалол тадбиркорлар рўйхатига киритади;

“Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилган товарлар бўйича божхона қонунчилиги бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўради.

20. “Ўзстандарт” агентлиги соддалаштирилган тартибда олиб кирилган товарлар тўғрисидаги Давлат божхона қўмитасидан ва Давлат солиқ қўмитасидан олинган маълумотлар асосида божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда мувофиқлик сертификати расмийлаштирилишини назорат қилади.

6-боб. Назорат тадбирлари натижалари бўйича чоралар кўриш

21. Мавзули экспресс-ўрганишлар натижасида аниқланган тафовутлар импорт қилувчилар томонидан бартараф этилмаган ва жиноят аломатлари мавжуд деб топилган ҳолларда давлат солиқ хизмати органи мавзули экспресс-ўрганиш материалларини ҳуқуқий малакалаш учун беш иш кунида Департаментга юборади.

Шунингдек, мазкур импорт қилувчилар томонидан республика ҳудудига олиб кирилган товарлар бўйича божхона расмийлаштирувини вақтинча тўхтатиш юзасидан Давлат божхона қўмитасига маълумот юборилади.

Бунда маълумотларни юбориш учун қуйидагилар асос бўлади:

импорт қилувчилар солиқ органларига тақдим этилган ҳисоботларида кўрсатилган юридик манзилида жойлашмаганлиги;

импорт қилувчилар томонидан республикага олиб кирилган товар-моддий бойликлар сақланаётган ўзига тегишли бўлган ёки ижарага олинган омборлар манзилини аниқ кўрсатилмаганлиги ёки кўрсатилган манзилдаги омборда товар-моддий бойликлар мавжуд эмаслиги;

солиқлар ва божхона тўловлари бўйича аниқланган тафовутларни импорт қилувчилар томонидан бартараф этилмаганлиги ёки уларни тегишли ҳужжат ва маълумотлар билан асослаб берилмаганлиги;

импорт қилинган товар-моддий бойликлардан мақсадли фойдаланилиши кўзда тутилган ҳолларда улардан бошқа мақсадда фойдаланилиши;

импорт қилинган товарларни чакана сотишдан тушган тушумни белгиланган тартибда банкка топширилмаслиги, бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилмаслиги, шунингдек товарларни реализация қилишнинг ўрнатилган тартибини бузилганлиги натижасида жиноят аломатлари мавжудлиги.

22. Давлат божхона хизмати органлари жиноят аломатлари мавжуд деб топилган маълумот асосида импорт қилувчилар томонидан амалга ошириладиган ташқи савдо операциялари билан боғлиқ божхона расмийлаштирувини тўхтатадилар.

23. Департамент мавзули экспресс-ўрганиш материалларини кўриб чиққан ҳолда иш юритувига қабул қилинганлиги ёки қабул қилиш рад этилганлиги юзасидан 10 кунда материални юборган давлат солиқ хизмати органига маълумот беради.

24. Департамент томонидан келиб тушган материаллар иш юритувига қабул қилиш рад этилган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг қўшимча маълумотига асосан импорт қилувчилар амалга оширадиган ташқи савдо операциялари билан боғлиқ божхона расмийлаштируви давом эттирилади.

25. Соддалаштирилган тартибда олиб кирилган товарларга божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаганлик ҳолатлари аниқланганда “Ўзстандарт” агентлиги қонунчиликда белгиланган тартибда чораларни кўради.

7-боб. Бюджет олдидаги қарздорликни мажбурий ундириш

26. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича импорт қилувчиларнинг бюджет олдида қарздорлиги юзага келган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари белгиланган тартибда мажбурий ундирув чораларини амалга оширадилар.

Бунда, импорт қилувчиларнинг банкдаги ҳисоб варақларида бюджет олдидаги қарздорликни қоплашга маблағи етарли бўлмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари қарздорликни уларнинг божхона органларидаги шахсий ғазна ҳисоб варақларида мавжуд маблағлари ҳисобидан қопланиши бўйича судга мурожаат қиладилар.

27. Давлат божхона хизмати органлари келиб тушган суд қарори (ажрими) асосида импорт қилувчиларнинг шахсий ғазна ҳисоб варақаларидаги маблағлар ҳисобидан бюджет олдидаги қарздорликни қоплашга йўналтиради.

8-боб. Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Департамент ва “Ўзстандарт” агентлиги томонидан амалга оширилган назорат тадбирлари юзасидан Идоралараро ишчи гуруҳига ҳисобот бериши

28. Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Департамент ва “Ўзстандарт” агентлиги амалга оширилган назорат тадбирлари юзасидан маълумотларни импорт операциялари бўйича солиқ, божхона ҳамда метрология ва сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг қилиш бўйича Идоралараро ишчи гуруҳига ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар тақдим этадилар.

29. Импорт операциялари бўйича солиқ ва божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг қилиш Идоралараро ишчи гуруҳи ҳар ойда амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб боради.

30. Идоралараро ишчи гуруҳ муҳокамасида қуйидагилар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади:

давлат солиқ хизмати ва давлат божхона хизмати органлари ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги;

давлат солиқ ва божхона хизмати органлари ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилиши ҳамда тадбиркорлик субъектларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилиниши;

солиқ ва божхона ҳамда метрология ва сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифлар киритиш.

9-боб. Якуний қоидалар

31. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Импорт қилинадиган товарларни назорат
 қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари
 бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш
 механизми тўғрисидаги Низомга

1-илова

 

Импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни олдини олиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Ижро қилиш муддати

1-босқич

Давлат божхона қўмитаси

1. Товарлар импорти бўйича

маълумотни ДСҚга тақдим этиш.

 

2. Соддалаштирилган тартибда олиб кирилган товарлар импорти тўғрисида ДСҚга ва “Ўзстандарт” агентлигига маълумот тақдим этиш.

Доимий равишда (онлайн режимда)

 

Божхона ҳужжатлари расмийлаштирилгандан сўнг 3 кун муддатда

 

2-босқич

Давлат божхона қўмитаси

1. Импорт қилувчига белгиланган қонунчиликка амал қилиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантириш Хабарномасини юбориш.

Товарларга божхона ҳужжатлари расмийлаштирилиши жараёнида

3-босқич

Давлат солиқ хизмати органлари

1. Ҳар бир импорт қилувчи кечимида назорат карточкасини автомик тарзда очиш.

 

2. «Таҳлика-таҳлил» дастурий маҳсулоти томонидан баллик тизим орқали солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфи даражасини баҳолаш.

 

3. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган импорт қилувчилар бўйича очилган карточкаларни автоматик равишда ёпиш.

 

4. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ва ўртача бўлган импорт қилувчилар фаолияти бўйича назорат ўтказиш.

 

5. Камерал назорат натижасига кўра мавжуд маълумотлар ўртасида тафовут ёки камчилик аниқланган импорт қилувчига тегишли тузатишлар киритиш ва уларни бартараф этиш юзасидан талабнома юбориш.

Автоматик тарзда доимий

 

 

Автоматик тарзда доимий

 

 

 

 

Автоматик тарзда доимий

 

 

 

Ҳар чоракда

 

 

 

3 иш кунида

 

4-босқич

ДСҚ, ДБҚ, “Узстандарт” агентлиги

Импорт қилувчилар томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини тасдиқлаш зарурияти юзага келганда мавзули экспресс-ўрганиш ўтказиш

Талабномага жавобан ахборот тақдим

этилган кундан 10 кун ичида

5-босқич

Давлат солиқ хизмати органлари

1. Божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган  тақдирда божхона хизмати органларига маълумот бериш.

 

2. Метрология ва сертификатлаштириш қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда “Ўзстандарт” агентлигига маълумот юбориш.

5 иш кунида

 

 

 

5 иш кунида

6-босқич

Давлат божхона қўмитаси

1. Божхона қонунчилиги бузилиши юзасидан олинган маълумотларни ўрганиб чиқиб, Хавфни бошқариш тизими доирасидаги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ҳалоллик даражасига қараб тоифаларга ажратиш.

 

2. Ажратилган маълумотларни ДБҚнинг Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимидаги ноҳалол тадбиркорлар рўйхатига киритиш.

 

3. Божхона қонунчилиги бузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш.

Доимий равишда

 

 

 

 

 

 

10 иш кунида

 

 

 

Доимий

 

7-босқич

“Ўзстандарт” агентлиги

Белгиланган 2 ой давомида мувофиқлик сертификати расмийлаштирилишини назорат қилиш ва чоралар кўриш.

Доимий

 

 

8-босқич

 

Давлат солиқ хизмати органлари

1. Назорат тадбирлари натижасида жиноят аломатлари мавжуд деб топилган ҳолларда материалларни Департаментга юбориш.

 

2. Назорат тадбирлари натижасида жиноят аломатлари мавжуд деб топилган импорт қилувчилар томонидан республика ҳудудига олиб кирилган товарлар бўйича божхона расмийлаштирувини вақтинча тўхтатиш юзасидан ДБҚга маълумот юбориш.

5 иш кунида

 

 

 

 

5 иш кунида

 

9-босқич

Давлат божхона  хизмати органлари

1. Жиноят аломатлари мавжуд деб топилган маълумот асосида ташқи савдо операциялари билан боғлиқ божхона расмийлаштирувини тўхтатиш.

1 иш кунида

10-босқич

Департамент

1. Материалларни иш юритувига қабул қилинганлиги ёки қабул қилишда рад этилганлиги юзасидан материални юборган органга маълумот бериш.

10 кунда

11-босқич

Давлат божхона  хизмати органлари

1. Давлат солиқ хизмати органининг қўшимча маълумотига асосан ташқи савдо операциялари билан боғлиқ божхона расмийлаштирувини давом эттириш.

1 иш кунида

12-босқич

Давлат солиқ хизмати органлари

1. Қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни мажбурий ундирувга қаратиш.

 

2. Импорт қилувчиларнинг банкдаги ҳисоб варақларида маблағи етарли бўлмаган тақдирда, божхона органларидаги шахсий ғазна ҳисоб варақларида мавжуд маблағлари ҳисобидан қопланиши бўйича судга мурожаат қилиш.

 

Доимий

 

 

 

Доимий

13-босқич

Давлат божхона хизмати органлари

Келиб тушган суд қарори (ажрими) асосида импорт қилувчиларнинг шахсий ғазна ҳисоб варақаларидаги маблағларни бюджет олдидаги қарздорликни қоплашга йўналтириш.

3 иш кунида

14-босқич

ДСҚ, ДБҚ, Департамент ва “Узстандарт” агентлиги

Амалга оширилган назорат тадбирлари бўйича маълумотларни доимий равишда фаолият юритувчи Ишчи гуруҳига тақдим этиш.

Ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг
10-санасигача

15-босқич

Доимий равишда фаолият юритувчи Ишчи гуруҳи

1. Ҳар ойда амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб бориш.

 

2. Қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифлар киритиш.

Доимий

 

 

Доимий

 

Импорт қилинадиган товарларни назорат қилиш

ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларни

олдини олиш механизми тўғрисидаги Низомга
2-илова

 

Импорт қилувчига белгиланган қонунчиликка амал қилиши лозимлиги тўғрисида

ОГОҲЛАНТИРИШ ХАБАРНОМАСИ ШАКЛИ

 

 

(ИМПОРТ ҚИЛУВЧИГА БЕЛГИЛАНГАН ҚОНУНЧИЛИККА АМАЛ ҚИЛИШИ ЛОЗИМЛИГИ ТЎҒРИСИДА ОГОҲЛАНТИРИШ ХАБАРНОМАСИ ЮБОРУВЧИ ОРГАН НОМИ)

ОГОҲЛАНТИРИШ ХАБАРНОМАСИ

 

 

Ҳурматли импорт қилувчи_______________________________________________________________ !

                                                             (огоҳлантириш хабарномаси берилган импорт қилувчи номи)

 

Сиз томонингиздан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товар-моддий бойликлар импорт қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва Солиқ кодекси талабларига мувофиқ қуйидагилар тўғрисида огоҳлантириласиз:

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни импорт қилишда божхона ва солиқ тўловлари бўйича берилган мақсадли имтиёзларни ҳисобини қонунчиликда белгиланган тартибда юритилиши ва улардан бўшаган маблағлар мақсадли вазифаларни бажариш учун йўналтирилиши;

- ишлаб чиқариш учун олиб кирилган товар-моддий бойликлар белгиланган мақсадларда фойдаланилиши;

- товар-моддий бойликлар ва маҳсулотлар реализация қилишнинг ўрнатилган тартибига риоя қилиниши, тушумни банк муассасасига белгиланган тартибда топширилиши ҳамда реализациясини бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши;

- импорт қилувчилар томонидан соддалаштирилган тартибда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиниши лозим.

 

Сиз томонингиздан божхона ва солиқ қонунчилиги талабларига, шунингдек импорт қилинган товарларни сақлаш, ишлаб-чиқаришда фойдаланиш, реализация қилиш, тушумларни банкка топшириш, ҳисобини юритиш, имтиёзлардан фойдаланиш ва ҳисоботларни божхона ва солиқ органларига тақдим этиш, шунингдек мувофиқлик сертификатини белгиланган муддатда олиниши бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг Божхона, Солиқ, Жиноят ва Маъмурий кодекслари талабларига биноан жавобгарлик чоралари мавжудлиги тўғрисида огоҳлантириласиз.

 

___________________________________________________________________       ____________

  (огоҳлантириш чиқарган мансабдор шахснинг лавозими ва Ф.И.О.)                               (имзо)

 

Огоҳлантириш эълон қилинган сана: 20___ й. "______" ______________

                                                                                         (кун)        (ой)

 

 

Общие предложения

2210