ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
229 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 13/08/2018 28/08/2018 3

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-229

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддасига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 9 октябрдаги “Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар меъёрий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
469-сонли қарорига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2009 йил
22 майдаги 160-сон “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил
5 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1963) мазкур буйруқ кучга киргандан сўнг ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг 2018 йил 2 сентябрдан кучга киради.

 

Вазир

         

И. Маджидов

Тошкент ш.,
201
8 йил ___________,
____-сон

               

 

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг

2018 йил ____________даги _______-сон буйруғига илова

 

Олий таълим муассасалари битирувчиларининг
якуний давлат аттестацияси тўғрисида низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида” ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунлари ва Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти, таълим йўналиши (мутахассислиги) малака талабларига мувофиқ олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартибини белгилайди.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув жараёни ўқитишнинг модул тизимига асосланган олий таълим муассасаларига мазкур Низом татбиқ этилмайди.

I. Умумий қоидалар

1. Олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ўқув жараёни жадвалига мувофиқ ўтказилади.

2. Якуний давлат аттестацияси олий таълим муассасасидаги ҳар бир таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича ташкил этиладиган якуний давлат аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилади.

3. Якуний давлат аттестацияси комиссияларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

битирувчининг билим, малака ва кўникма даражасининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ келишини комплекс баҳолаш;

якуний давлат аттестацияси натижалари бўйича битирувчиларга бакалавр (магистр) академик даражасини бериш масаласини ҳал қилиш;

комиссия фаолияти натижаларини таҳлил қилиш ва улар асосида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

4. Якуний давлат аттестацияси комиссиялари ўз фаолиятларини мазкур Низом ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича битирувчиларнинг тайёргарлик даражаси ва таълим мазмунига қўйилган Давлат таълим стандартлари, малака талабларини бажаришга йўналтирилган бошқа ҳужжатларга таянган ҳолда олиб борадилар.

II. Якуний давлат аттестацияси синовлари

5. Якуний давлат аттестацияси таълим йўналиши (мутахассислиги) ўқув режаларига мувофиқ қуйидаги турлардаги бир ёки бир неча аттестация синовларидан иборат:

таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича фанлараро якуний аттестация синови;

диплом лойиҳаси, битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёки ихтисослик фанларидан якуний аттестация синови.

6. Таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича фанлараро якуний аттестация синови фанлар мазмунига қўйиладиган талаблар билан бир қаторда, талаба тайёргарлигининг мазкур таълим йўналиш (мутахассислик) бўйича малака талабларида битирувчига нисбатан назарда тутилган умумий талабларга ҳам жавоб бера олиш даражасини аниқлашга йўналтирилган бўлиши керак.

7. Таянч олий таълим муассасалари ҳар бир таълим йўналиши бўйича битирувчилар давлат аттестациясининг тури ва унга қўйиладиган талаблар (диплом лойиҳаси, битирув малакавий иши, (магистрлик диссертацияси) давлат имтихони)ни мустақил тартибда белгилайди.

Битирувчининг давлат аттестация баҳоси ўқиш давридаги “портфолио” тизимидаги барча курс лойиҳалари ва ишларнинг баҳоси (50%) ҳамда диплом лойиҳасини ҳимоя қилиш баҳоси (50%) йиғиндисидан иборат бўлади.

8. Якуний давлат аттестациясига диплом лойиҳаси, битирув малакавий ишининг (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёки ихтисослик фанларидан (фанлараро) якуний аттестация синови киритилади. Якуний давлат аттестациясини битирув малакавий иши (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёки ихтисослик фанларидан (фанлараро) якуний аттестация синови шаклида ўтказилиши мумкин. Якуний давлат аттестациясини таълим йўналишларида битирув малакавий иши ҳимояси ёки ихтисослик фанларидан (фанлараро) якуний аттестация синови шаклида ўтказилиши битирувчининг иқтидори ва хоҳиши (аризаси) асосида олий таълим муассасасининг Кенгаши қарори билан белгиланади. Кенгаш қарори билан битирувчи учун белгиланган якуний давлат аттестацияси шакли ўзгартирилмайди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда бир ўқув йили учун белгиланади.

Якуний давлат аттестацияси синовлари ўқув жараёни жадвалида кўрсатилган муддатларда факультет декани ёки ўқув-услубий бўлим (бошқарма) томонидан тайёрланган, олий таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича проректори томонидан тасдиқланган Якуний давлат аттестацияси синовлари жадвали асосида ўтказилади.  

9. Олий таълим муассасалари томонидан етакчи профессор-ўқитувчилар жалб этилган ҳолда, якуний давлат аттестацияси синовларининг дастурлари ҳамда баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади, таянч олий таълим муассасаси билан келишган ҳолда олий таълим муассасаси Кенгаши томонидан тасдиқланади, шунингдек талабалар эътиборига белгиланган тартибда етказилади.

III. Якуний давлат аттестация комиссиялари таркиби

10. Якуний давлат аттестацияси комиссиялари раислигига номзодлар олий таълим муассасалари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

11. Якуний давлат аттестацияси комиссияси раислари олий таълим муассасасининг идоравий мансублигидан қатъий назар, ушбу таълим муассасасида ишламаётган олимлар, ишлаб чиқаришнинг етакчи мутахассисларидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан бир йил (календарь йил) муддатга тасдиқланади.

Бир киши кетма-кет бир олий таълим муассасасида тегишли таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича икки мартадан ортиқ якуний давлат аттестацияси комиссиясининг раиси бўлиши мумкин эмас.

12. Олий таълим муассасасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган раислар раҳбарлигида олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) буйруғи билан таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича фанлараро якуний аттестация синовлари ва диплом лойиҳаси, битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёки ихтисослик фанларидан якуний аттестация синовини ўтказиш бўйича якуний давлат аттестацияси комиссиялари таркиби шакллантирилади.

13. Якуний давлат аттестацияси комиссиялари таркиби мутахассис тайёрловчи олий таълим муассасасининг илмий-педагогик кадрлари (аттестация комиссияси умумий таркибининг 50 фоизигача), шунингдек мазкур соҳа кадрларининг истеъмолчилари бўлган корхона, ташкилот ва муассасаларнинг юқори малакали мутахассислари, турдош олий таълим муассасаларининг етакчи профессор-ўқитувчи ва илмий ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги тегишли соҳа олимларидан иборат бўлади.

14. Якуний давлат аттестация комиссиялари таркиби камида 5 нафар профессор-ўқитувчи ва мутахассислардан шакллантирилади. Якуний давлат аттестациясида васийлик кенгаши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ота-оналар вакиллари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин.

15. Якуний аттестация синовлари бўйича якуний давлат аттестацияси комиссияларининг таркиби олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан битирув семестри бошланишидан бир ой олдин тасдиқланади.

Зарурият бўлганда аттестация синовларининг бири бўйича битта раис раҳбарлигида бир нечта якуний давлат аттестация комиссиялари тузилиши мумкин.

Якуний давлат аттестацияси жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси вакиллари иштирок этишлари мумкин.

Олий таълим муассасаларининг давлат аттестациясидан ўтмаган йўналиш ва мутахассисликлари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси вакиллари иштирокида ўтказилади.

IV. Якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби

16. Якуний давлат аттестацияси синовлари бошланишидан олдин якуний давлат аттестация комиссияси раислари билан олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) шахсан якуний давлат аттестацияси комиссияларининг тайёргарлик даражаси, комиссия раислари ва аъзоларининг вазифалари, битирувчиларга қўйилаётган талаблар, тартиб-интизом тўғрисида йиғилиш ўтказади.

17. Якуний давлат аттестацияси синовлари ёзма, тест ёки оғзаки усулда ташкил этилади ва ушбу тартиб олий таълим муассасаси Кенгаши қарори асосида таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан белгиланади ҳамда якуний давлат аттестацияси бошланишидан олти ой олдин талабалар эътиборига етказилади. Талабалар синов ўтказиладиган фанлар дастурлари билан таъминланадилар, уларга тайёргарлик кўриш ва маслаҳатлар бериш учун зарур шароитлар яратилади.

18. Якуний давлат аттестациясига тегишли ўқув режа ва фанлар дастурларини тўлиқ тугатган ва ўқув режасида назарда тутилган барча синовлардан муваффақиятли ўтган талабалар қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчилари тегишли таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштиргандан кейин якуний давлат аттестациясидан ўтишлари мажбурийдир.

19. Якуний давлат аттестацияси синовлари ва диплом лойиҳаси, битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёки ихтисослик фанларидан якуний аттестация синови якуний давлат аттестация комиссияларининг очиқ мажлисларида, аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этган ҳолда ўтказилади.

Диплом лойиҳаси ёки битирув малакавий иш (магистрлик диссертацияси) ҳимояси ёки ихтисослик фанларидан якуний аттестация синови ишлаб чиқариш базасида ташкил этилган кафедра филиалларида соҳанинг етакчи мутахассисларини жалб этган ҳолда ўтказилиши мумкин.

Якуний давлат аттестациясига киритилган барча турдаги аттестация синовлари бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизимига мувофиқ аниқланади ҳамда якуний давлат аттестацияси комиссиясининг мажлис баёни белгиланган тартибда расмийлаштирилгандан сўнг шу куннинг ўзида эълон қилинади.

20. Якуний давлат аттестация комиссияси битирувчиларнинг якуний давлат аттестацияси синовлари натижалари асосида уларга таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича бакалавр (магистр) даражаси бериш ҳақида қарор қабул қилади.

Якуний давлат аттестация комиссияларининг қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан, мажлисда иштирок этувчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

21. Олий таълим муассасаси битирувчиси якуний давлат аттестацияси таркибига киритилган аттестация синовларининг барча турларидан муваффақиятли ўтгандан сўнг унга мувофиқ даража ва олий маълумот тўғрисидаги диплом иловаси билан берилади.

22. Фанлар дастурларини ўзлаштиришда катта ютуқларга эришган ва ўқув режасидаги барча фанларнинг камида 3/4 қисми бўйича 86 балл ва ундан юқори (5 баллик тизимда 5 (аъло)) ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган, (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан (5 баллик тизимда 4 (яхши) ўзлаштириш кўрсаткичидан кам бўлмаган), шунингдек, якуний давлат аттестацияси синовлари бўйича камида 86 балл (5 баллик тизимда 5 (аъло)) ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган бакалавриат битирувчисига “имтиёзли” диплом берилади.

23. Якуний давлат аттестацияси синовларидан (аттестация синовлари турларининг бири бўйича) ўта олмаган шахс ўқиш муддати тугагандан сўнг, уч йил ичида аризасига мувофиқ тегишли синовни (ўта олмаган аттестация синовларининг ҳар бир тури бўйича бир марта) қайта топшириш ҳуқуқига эга. Бунда олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) шахсни якуний давлат аттестацияси синовларини қайта топширишга қўйиш бўйича буйруқ чиқариши лозим.

Муддатли ҳарбий хизматда бўлган вақт, уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун бериладиган таътил вақти мазкур уч йиллик муддатга кирмайди.

Якуний давлат аттестацияси синовларидан иккинчи марта ҳам ўта олмаган ёки уч йил ичида якуний давлат аттестацияси синовларини қайта топшириш учун мурожаат қилмаган шахсга синовларни қайта топшириш учун рухсат бериш масаласи унинг аризасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳал этилади.

24. Якуний давлат аттестацияси синовларидан (ёки аттестация синовлари турларидан бири бўйича) қайта ўта олмаган талабага академик маълумотнома берилади ва у ўрнатилган тартибда, тўлов-контракт асосида тегишли курсга ўқиш учун қайта тикланиши мумкин.

25. Узрли сабаб билан якуний давлат аттестацияси синовларига келмаган талабалар ректорнинг (директорнинг) буйруғи билан якуний давлат аттестация комиссиясининг иши якунланишига қадар бошқа муддатларда ўтказиладиган якуний давлат аттестацияси синовларига киритилиши мумкин.

26. Якуний давлат аттестацияси синовларида олган баҳосига эътироз билдирган битирувчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун ректор (директор) буйруғи билан апелляция комиссияси тузилади.

27. Якуний давлат аттестацияси жараёнида қўйилган баҳодан норози бўлган битирувчилар якуний давлат аттестацияси баҳолари эълон қилинган кундан эътиборан уч кун муддат ичида апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

28. Апелляция комиссияси ўз хулосасини битирувчига бир кун муддат ичида маълум қилиши лозим.

29. Якуний давлат аттестацияси комиссиясининг иши бўйича йиллик ҳисобот олий таълим муассасаси Кенгашида кўриб чиқилади. Мазкур Кенгашга якуний давлат аттестацияси комиссиялари раислари таклиф қилинади.

V. Якуний қоидалар

30. Якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича олий таълим муассасаси фаолиятидан норози бўлганлар белгиланган тартибда, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

31. Олий таълим муассасаси Кенгаши қарори билан муассаса хусусиятидан келиб чиқиб, мазкур Низом тартибларига қўшимча тартиб-қоидалар киритиш мумкин.

32. Мазкур Низомда белгиланган қоидалар бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.

 

Общие предложения

1127