Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
22158 Агентство по делам молодежи Республики Узбекистан 15/09/2020 30/09/2020 13
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
“Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-22158

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–4768-сонли Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида ёшларнинг ҳаёти, орзу-интилишлари, қўлга киритаётган муваффақиятларини кенг ёритиш, ёшлар ҳаётида учраётган муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиб, улар ечимига қаратилган туркум кўрсатув, мақола ва эшиттиришлар тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг:

“Yoshlar” телерадиоканали” акциядорлик жамиятининг, “Yosh kuch” журналининг, “Ёшлар овози” – “Молодёжь Узбекистана” газеталарининг, “Ёшлар” нашриёт уйининг 100 фоизлик улушларини;

“Озод юрт тўлқинлари” масъулияти чекланган жамиятининг 61 фоизлик (“Mening yurtim” (MY5) телеканали), “Ёшлар овози” масъулияти чекланган жамиятининг (“Ёшлар овози” радиоси) 49 фоизлик улушларини 1-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигига бериш ва улар негизида акциядорлик жамияти шаклидаги “Yoshlar media xoldingi”ни (кейинги ўринларда – Медиа холдинг) ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги давлат номидан Медиа холдинг муассиси ҳисобланади;

Медиа холдинг мазкур қарорнинг биринчи бандида келтирилган юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда – “қайта ташкил этилаётган юридик шахслар”) ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Медиа холдинг фаолияти давлат бюджети маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ажратиладиган маблағлар, ҳомийлар ва реклама маблағлари, шунингдек, қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

Медиа холдинг марказий аппарати ходимларига ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра лавозим маошларини аниқлашда тариф коэффициентлари 1,8 баравар миқдорда қўлланилади.

2. Қуйидагилар Медиа холдинг акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

бугун жаҳонда юз бераётган ҳодисалар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва айниқса ёшлар ҳаётига оид ўзгаришлар ва янгиланишларни, уларни ўйлантираётган муаммо ва камчиликларни холис ва ҳаққоний ёритиш;

ёшлар соҳасида ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнларини ёритишда асосий ахборот ҳамкори сифатида иштирок этиш;

оммавий ахборот воситалари учун ёш кадрлар тарбиялашнинг тизимли механизмини йўлга қўйиш, кадрлар захирасини яратиш, ёшлар ҳаётини тенгдошлари томонидан замонавий қарашлар ва ранг-баранг форматларда ёритиб боришни таъминлаш;

республика, айниқса мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи ёш истеъдодларни оммалаштириш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш;

ёшларда Ватанга садоқат, унинг тақдири учун масъуллик ҳиссини қарор топтириш, уларда ёт ғоя ва қарашларнинг салбий таъсирига нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларда фаол иштирок этиш;

ёшларнинг билими, салоҳияти, ақл-заковати ва истеъдодини Ватан равнақи йўлида бирлаштириш, ҳар бир ёш фуқарода ўз ҳаёти ва тақдири учун масъулият ҳиссини оширишга қаратилган кўрсатувлар тайёрлаш ва туркум рисолалар чоп этиш;

халқимизнинг тарихи, қадимий давлатчилиги, тили, беқиёс илмий ва маданий мероси, ўлмас қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларнинг ёшлар тарбиясидаги аҳамиятини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кенг ёритиш;

буюк аллома, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо меросини, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, енгилмас саркардалар, замондошларимиз жасоратини ёшларга етказиш, уларнинг қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтириш;

янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, юқори малакали, ҳалол ва садоқатли ёш кадрлар тўғрисида кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш, рисолалар чоп этиш;

мамлакатимизда ёшларнинг истеъдоди, илм-фанга бўлган интилишлари, илғор ва замонавий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар самарадорлиги билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириб бориш;

ёшларнинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган телевизион дастурлар яратиш;

ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор туйғусини қарор топтиришга қаратилган, улар учун маънавий намуна бўлиб хизмат қиладиган замонамиз қаҳрамонлари образларини яратиш;

ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ва хотин-қизлар бандлиги вазифаларини қамраб олган 5 та муҳим ташаббусни жорий этишга қаратилган ишларни кенг ёритиш.

3. Қуйидагилар:

“Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш Концепцияси 2-иловага;

“Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича Йўл харитаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Медиа холдинг муассисига, зарур ҳолларда, Медиа холдинг филиаллари ва ваколатхоналарини очиш ҳуқуқи берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Медиа холдингни ташкил этиш бўйича комиссияни тузсин;

тегишли топшириш далолатномасини тайёрлаб, қайта ташкил этилаётган юридик шахслар активлари ва мажбуриятларини уларга нисбатан баҳолаш амалга оширилмаган ҳолда хатловдан ўтказсин;

б) 10 кун муддатда Медиа холдинг марказий аппаратининг тузилмаси ва уставини ишлаб чиқиб, тасдиқласин ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Медиа холдингни зарур мутахассисликка эга тажрибали кадрлар билан тўлдириш, шунингдек, моддий-техника базасини шакллантириш чораларини кўрсин.

6. Медиа холдинг ҳузурида давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, ихтисослашган олий ўқув юртлари, маданият ва санъат, оммавий ахборот воситаларининг ёш етук вакиллари ҳамда Медиа холдинг таркибига кирувчи телерадиоканаллар, газета ва журналлар, нашриётлар раҳбарлари ҳамда бош муҳаррирларидан иборат таркибда Медиа холдинг фаолиятининг асосий ижодий йўналишларини белгилаб берувчи, тақдим этилаётган материалларнинг жамоатчиликка таъсири ва оммавий ахборот воситаларининг рейтинг кўрсаткичларини мунтазам таҳлил қилиб борувчи Ёшлар медиа кенгаши ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги бир ой муддатда Ёшлар медиа кенгаши тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

7. Медиа холдинг миллий медиа маконни ёшларга йўналтирилган юқори сифатли контент билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистонда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари – давлат ва нодавлат телеканаллари, радиостанциялар, газета ва журналлар, интернет сайтлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ёшларга оид давлат сиёсатини тарғиб қилишга қаратилган туркум материаллар тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни грант бериш ва буюртма шартномаси асосида ўз маблағлари ҳисобидан қоплаш тартибини ишлаб чиқсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирилиги ҳамда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг республикадаги олий таълим муассасалари билан биргаликда Медиа холдинг ва бошқа оммавий ахборот воситалари учун иқтидорли ёшларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инновацион ғояларини кенг жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари ва олий таълим муассасалари қошида Ёшлар мультимедия студияларини ташкил этиш таклифи маъқуллансин.

Ёшлар мультимедия студияларида ёшларни кенг жалб этган ҳолда, халқаро ва маҳаллий мутахассислар иштирокида мастер-класслар, форумлар ўтказиш тартиби жорий этилсин.

Мультимедия студияларига жалб этилган ёшларнинг ижодий ишлари Медиа холдинг тасарруфидаги теле ва радио каналлар орқали намойиш этиб борилиши кўзда тутилсин.

9. Медиа холдинг Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда соҳа олимлари, етук мутахассисларни жалб этган ҳолда ёшлар орасидан профессионал журналистлар етишиб чиқиши учун мультимедия студиялари фаолиятини мувофиқлаштирсин, ўқув жараёнларини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда мультимедия студияларини юқори тезликдаги Интернет тармоғига уласин ва зарур алоқа воситалари билан таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Медиа холдинг томонидан ҳамкор вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимликлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан биргаликда ҳар чоракда бир марта республиканинг турли ҳудудларида Ёшлар медиа-ҳафталиги ўтказилиши, ҳафталик давомида ҳудудда истиқомат қилувчи ёшлар ҳаёти, улар учун яратилган шарт-шароит ва муаммоларни атрофлича ўрганишга қаратилган турли медиа-маҳсулотлар тайёрланиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси доирасида иқтидорларни кашф этиш мақсадида турли йўналишлар бўйича йирик телевизион лойиҳалар учун кастинглар ўтказилиши, журналист ва блогерлар учун медиа-турлар ташкил этилиши ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

12. Медиа холдинг:

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ташқи ишлар вазирлиги, маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан биргаликда ихтисослаштирилган медиа-оромгоҳлар, семинар-тренинглар орқали ижодий ва техник ходимлар малакасини тизимли равишда ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва мамлакатнинг иқтидорли ёшлари фаолиятини рағбатлантириш бўйича танлов ва фестиваллар, миллий ва халқаро медиа форумларни ташкил этиш ҳамда ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширсин;

хорижнинг таниқли ва йирик медиа-корпорациялари, телемарказлар, матбуот уйлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатсин ва контент алмашиш билан бир қаторда кадрлар малакасини тизимли равишда ошириш, халқаро тажрибани ўрганиб бориш мақсадида ижодий ва техник ходимларни чет элга мунтазам юбориш чора-тадбирларини кўрсин;

маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар, халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан биргаликда фаолияти натижаларни йиллик сарҳисоб қилиш, амалга оширилган ишлар ва режадаги лойиҳалар тақдимотларини ўтказиш, молиявий шаффофлик, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, йил давомида ёшлар ҳаётини ёритишда фаоллик қилган ижодкорларни муносиб баҳолаш мақсадида йилда бир марта, 27 июнь – матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Ёшлар медиа-форумини ташкил этсин.  

13. Қуйидагилар белгилансин:

Медиа холдинг эмиссия қимматли қоғозларни чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказиш ва қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғимлар тўлашдан озод этилади;

Медиа холдинг ва унинг таркибига кирган таҳририятларни давлат бюджетидан молиялаштириш босқичма-босқич тарзда камайтирилади 2023 йилга қадар ўзини ўзи тўлиқ таъминлашга ўтказилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тегишлилиги бўйича “Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти таркибидаги босма нашрлар, телевидение ва радиоканалларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва белгиланган тартибда лицензияни қайта расмийлаштириш масалаларини амалга оширсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Radioaloqa, radioeshittirish va televideniye markazi” давлат унитар корхонаси томонидан Медиа холдинг ва унинг таркибига кирган телерадиоканалларга телерадиодастурларни аналог ва рақамли форматда тарқатиш ва трансляция қилиш имтиёзли асосда амалга оширилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда Медиа холдингга қурилиш, моддий-техник таъминоти ва бошқа харажатлари учун 2020 йилда 46 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилишини ҳамда 2021 йил давомида медиа контент (махсус ва ахборот дастурлари, ижтимоий роликлар, интеллектуал лойиҳалар ва бошқалар) тайёрлаш, рисола ва ёш ижодкорларнинг илк китобларини чоп этиш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ маблағ ажратилишини таъминласин.

17. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикходжаев) бир ой муддатда Медиа холдинг учун Тошкент шаҳрида медиа фаолият талабларига жавоб берадиган алоҳида бинони бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш чораларини кўрсин.

18. Вазирлар Маҳкамасининг “Yoshlar” телерадиоканали” акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2017 йил 21 августдаги 649-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З. Саъдуллаев зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                 Бош вазири                                                                                А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “___” _____ даги __ -сон қарорига          1-илова

 

 

Айрим оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикаси
Ёшлар ишлари агентлигига берилаётган улушлари

РЎЙХАТИ

 

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигига тегишли активларнинг номи

Устав капиталига бериладиган активлар қиймати

Улуш

(%)

Баланс нархи

(минг сўм)

  1.  

“Yoshlar” телерадиоканали” акциядорлик жамияти

100

1 038 000,0

  1.  

“Yosh kuch” журнали

100

200 215,0

  1.  

“Yoshlar ovozi” - “Молодёжь Узбекистана” газеталари таҳририяти

100

-

  1.  

“Ёшлар” нашриёт уйи”

100

400 000,0

  1.  

“Озод юрт тўлқинлари” масъулияти чекланган жамияти (“Mening yurtim” (MY5) телеканали)

61

3 050,0

  1.  

“Ёшлар овози” масъулияти чекланган жамияти (“Ёшлар овози” радиоси)

49

430 986,6

Жами:

100

2 072 251,6

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил

“_____” __________ даги ____ -сон қарорига

2-илова

 

“Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти фаолиятини

ташкил этиш ва ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ

 

1-боб. Умумий қоидалар

Ушбу Концепция ёшларнинг ҳаёти, орзу-интилишлари, қўлга киритаётган муваффақиятларини кенг ёритиш, ёшлар ҳаётида учраётган муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиб, улар ечимига қаратилган туркум кўрсатув, мақола ва эшиттиришлар тайёрлашни йўлга қўйиш, ёш мутахассисларни тарбиялашнинг тизимли механизмини йўлга қўйиш, кадрлар захирасини яратиш мақсадида ёшларга оид оммавий ахборот воситалари негизида “Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш, ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнларини тизимли ва кенг ёритилишнининг устувор йўналишларини белгилайди.

Ушбу Концепция “Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамиятининг (кейинги ўринларда – Медиа холдинг) ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлари, вазифалари ва ривожланиш босқичларини белгилайди.

 

2-боб. Медиа холдинг таркибига кирувчи оммавий ахборот воситаларининг жорий ҳолати тавсифи

 

1. Бугунги кунда Медиа холдинг таркибига кирувчи оммавий ахборот воситалари томонидан ёшлар ҳаётини ёритишда қуйидаги долзарб муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда:

а) моддий-техник базани мустаҳкамлашда:

“Mening yurtim” телеканали охирги 3 йилда иқтисодий жиҳатдан тўлиқ ўзини қоплаб, муассис моддий кўмагисиз ўз имкониятлари билан моддий-техник базасини йилдан-йилга мустаҳкамлаб келаётган бўлса, “Ёшлар телерадиоканали” моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва сақлаш харажатлари қопланишига эҳтиёж сезмоқда, “Yoshlar ovozi” ва “Молодёжь Узбекистана” газеталари, “Yosh kuch” журнали обунанинг кескин камайиши туфайли молиявий муаммоларга дуч келмоқда;

“Yoshlar nashriyot uyi” фаолияти Ўзбекистон ёшлар иттифоқи буюртмаларига боғланиб қолган.

б) ташкилий-ҳуқуқий ва тизимли фаолиятни жорий этишда:

ёшларга оид давлат сиёсатини тизимли тарғиб қилиш, ёшлар ҳаётидаги ўзгаришлар, мавжуд муаммолар, уларнинг интилиш ва қизиқишлари ҳақида оммавий ахборот воситаларининг барча турлари орқали холис маълумот тарқатишга қаратилган ягона ташкилий тузилма мавжуд эмас;

мазкур йўналишда фаолият юритувчи оммавий ахборот воситалари томонидан ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш ишлари лозим даражада тартибга солинмагани, ёш кадрлар тайёрлаш жараёни тизимли йўлга қўйилмагани, телерадиоканал ва босма нашрларнинг фаолиятини барқарор молиялаштиришда муаммолар мавжудлиги иш кўрсаткичлари ва самарадорлигига ўз таъсирини ўтказмоқда.

 

3-боб. Концепциянинг асосий мақсади ва вазифалари

2. Ушбу Концепциянинг асосий мақсади Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини тизимли тарғиб қилиш, ёшлар ҳаётидаги ўзгаришлар, мавжуд муаммолар, уларнинг интилиш ва қизиқишлари ҳақида оммавий ахборот воситаларининг барча турлари орқали ҳаққоний маълумот тарқатишга эришишдан иборат, жумладан:

бугун жаҳонда юз бераётган ҳодисалар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва айниқса ёшлар ҳаётига оид ўзгаришлар ва янгиланишларни, уларни ўйлантираётган муаммо ва камчиликларни холис ва ҳаққоний ёритиш;

ёшлар соҳасида ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнларини ёритишда асосий ахборот ҳамкори сифатида иштирок этиш;

оммавий ахборот воситалари учун ёш кадрлар тарбиялашнинг тизимли механизмини йўлга қўйиш, кадрлар захирасини яратиш, ёшлар ҳаётини тенгдошлари томонидан замонавий қарашлар ва ранг-баранг форматларда ёритиб боришни таъминлаш;

республика, айниқса мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи ёш истеъдодларни оммалаштириш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш;

ёшларда Ватанга садоқат, унинг тақдири учун масъуллик ҳиссини қарор топтириш, уларда ёт ғоя ва қарашларнинг салбий таъсирига нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларда фаол иштирок этиш;

ёшларнинг билими, салоҳияти, ақл-заковати ва истеъдодини Ватан равнақи йўлида бирлаштириш, ҳар бир ёш фуқарода ўз ҳаёти ва тақдири учун масъулият ҳиссини оширишга қаратилган кўрсатувлар тайёрлаш ва туркум рисолалар чоп этиш;

халқимизнинг тарихи, қадимий давлатчилиги, тили, беқиёс илмий ва маданий мероси, ўлмас қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларнинг ёшлар тарбиясидаги аҳамиятини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кенг ёритиш;

буюк аллома, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо меросини, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, енгилмас саркардалар, замондошларимиз жасоратини ёшларга етказиш, уларнинг қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтириш;

янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, юқори малакали, ҳалол ва садоқатли ёш кадрлар тўғрисида кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш, рисолалар чоп этиш;

мамлакатимизда ёшларнинг истеъдоди, илм-фанга бўлган интилишлари, илғор ва замонавий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар самарадорлиги билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириб бориш;

ёшларнинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган телевизион дастурлар яратиш;

ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор туйғусини қарор топтиришга қаратилган, улар учун маънавий намуна бўлиб хизмат қиладиган замонамиз қаҳрамонлари образларини яратиш;

ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ва хотин-қизлар бандлиги вазифаларини қамраб олган 5 та муҳим ташаббусни жорий этишга қаратилган ишларни кенг ёритиш.

3. Концепциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Медиа холдинг таркибига кирувчи оммавий ахборот воситалари фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш, бозор иқтисодиёти механизмини жорий этган ҳолда уларнинг молиявий мустақиллигини, медиа макондаги рақобатбардошлигини таъминлаш, теле-радио кўрсатувлар, эшиттиришлар, даврий  нашрлар ва электрон ахборот хизматларини ташкил этиш жараёнига бозор механизмларини татбиқ этиш;

Медиа холдинг таркибига кирувчи оммавий ахборот воситаларини замонавий талаблар ҳамда стандартларга мувофиқ моддий-техника базасини ривожлантириш, телерадиодастурлар тайёрлашга ахборот, рақамли ва медиатехнологияларни жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

Медиа холдинг таркибий бўлинмалари ижодий ҳамда техник ходимларининг касб маҳорати ва ижодий фаоллигини ошириш, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, Ёшлар мультимедиа студиялари фаолияти учун зарур ташкилий шарт-шароитлар яратиш;

медиа маконни ёшларга йўналтирилган юқори сифатли контент билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистонда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари – давлат ва нодавлат телеканаллар, радиостанциялар, газета ва журналлар, интернет сайтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;

ёшларни ва ўсиб келаётган авлодни ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида махсус дастурлар, ижтимоий роликлар, интеллектуал лойиҳалар тайёрлаш, телесериалларни суратга олиш, рисола ва ёш ижодкорларнинг илк китобларини чоп этиш;

ёшларнинг ҳаёти, орзу-интилишлари, ютуқлари ва муаммоларини ёритувчи нуфузли халқаро оммавий ахборот воситалари билан ижодий ҳамкорлик ўрнатиш.

 

4-боб. Медиа холдингнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигининг асосий йўналишлари

 

Медиа холдинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини қуйидаги йўналишларда ташкил этади:

Медиа холдинг қошида жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, ғоявий-ижодий йўналишларни белгилаб олиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар, ихтисослашган олий ўқув юртлари, маданият ва санъат, оммавий ахборот воситаларининг ёш етук вакиллари ҳамда Медиа холдинг таркибига кирувчи телерадиоканаллар, газета ва журналлар, нашриётлар раҳбарлари ҳамда бош муҳаррирларидан иборат таркибда Медиа холдинг фаолиятининг асосий ижодий йўналишларини белгилаб берувчи, тақдим этилаётган материалларнинг жамоатчиликка таъсири ва оммавий ахборот воситаларининг рейтинг кўрсаткичларини мунтазам таҳлил қилиб борувчи Ёшлар медиа кенгашини ташкил этиш;

миллий медиа маконни ёшларга йўналтирилган юқори сифатли контент билан тўлдириш мақсадида Ўзбекистонда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари – давлат ва нодавлат телеканаллари, радиостанциялар, газета ва журналлар, интернет сайтлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ёшларга оид давлат сиёсатини тарғиб қилишга қаратилган туркум материаллар тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни грант бериш ва буюртма шартномаси асосида ўз маблағлари ҳисобидан қоплаш;

маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ихтисослаштирилган медиа-оромгоҳлар, семинар-тренинглар орқали ижодий ва техник ходимлар малакасини тизимли равишда ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва мамлакатнинг иқтидорли ёшлари фаолиятини рағбатлантириш бўйича танлов ва фестиваллар, миллий ва халқаро медиа форумларни ташкил этиш;

иқтидорли ёшларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инновацион ғояларини кенг жорий этиш мақсадида ҳамкор оммавий ахборот воситалари билан биргаликда Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари, олий ўқув юртлари қошида Ёшлар мультимедиа студияларини ташкил этиш;

хорижнинг таниқли ва йирик медиа-корпорациялари, телемарказлар, матбуот уйлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатсин ва контент алмашиш билан бир қаторда кадрлар малакасини тизимли равишда ошириш, халқаро тажрибани ўрганиб бориш мақсадида ижодий ва техник ходимларни чет элга мунтазам юбориш;

маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда республиканинг турли ҳудудларида Ёшлар медиа-ҳафталигини ўтказиш, ҳафталик давомида ҳудудда истиқомат қилувчи ёшлар ҳаёти, улар учун яратилган шарт-шароит ва муаммоларни тубдан ўрганишга қаратилган турли медиа-маҳсулотлар тайёрлаш, Президентнинг 5 та ташаббуси доирасида иқтидорларни кашф этиш мақсадида турли йўналишлар бўйича йирик телевизион лойиҳалар учун кастинглар ўтказиш, журналист ва блогерлар учун медиа-турлар ташкил этиш;

ҳамкорларни жалб этган ҳолда Медиа холдинг фаолияти натижаларини йиллик сарҳисоб қилиш, амалга оширилган ишлар ва режадаги лойиҳалар тақдимотларини ўтказиш, молиявий шаффофлик, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, йил давомида ёшлар ҳаётини ёритишда фаоллик қилган ижодкорларни муносиб баҳолаш мақсадида Ёшлар медиа-форумларни ташкил этиш.

 

5-боб. Медиа холдингнинг таркибий тузилиши

ва уларнинг вазифалари

 

4. Медиа холдинг фаолияти қуйидаги оммавий ахборот воситаларини қамраб олади: “Mening yurtim” (MY5) телеканали, “Yoshlar” телерадиоканали, “Ёшлар” нашриёт уйи”, “Yosh kuch” журнали, “Ёшлар овози” – “Молодёжь Узбекистана” газеталари, “Ёшлар овози” радиоси.

5. Медиа холдинг таркибидаги теле ва радиоканаллар, даврий нашрларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

“Mening yurtim” (MY5) ва “Yoshlar” телеканаллари:

ёшларни Ватанга муҳаббат, бунёдкорлик, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик ва ҳалқимизнинг бошқа миллий қадриятларига ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш; ахборотнинг тезкор ва хаққоний бўлишини таъминлаш; ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтишига қаратилган турли кўнгилочар ва интеллектуал медиа-маҳсулотларни яратиш;

бугунги глобал ахборот майдонида дунёда юз бераётган воқеа ва ҳодисалар, айниқса ёшлар сиёсатига оид ўзгаришлар, янгиланишларни тўлалигича, холис ва ҳаққоний акс эттириш;

ёшларнинг илғор ва замонавий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш, ёш авлодни халқимизнинг тарихий анъаналари, маънавий қадриятлари, миллий маданиятимиз ва жаҳон цивилизациясининг илғор ютуқлари асосида ватанпарвар, маърифатли, билимли қилиб тарбиялаш бўйича туркум кўрсатув, эшиттиришлар бериб бориш;

“Ёшлар” ва “Ёшлар овози” радиоканаллари:

мамлакатни демократик янгилаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларида ёшларнинг иштироки масалаларини кенг ёритиш;

умуминсоний қадриятларни тарғиб қилиш, йигит ва қизларни халқимизнинг тарихий анъаналари, маънавий қадриятлари, миллий маданиятимиз ва жаҳон цивилизациясининг илғор ютуқлари руҳида, маънавий ва ахлоқий жиҳатдан етук қилиб тарбиялаш, мамлакатимиз замонавий ёшларининг маърифатли бўлиб вояга етишларига йўналтирилган радиоэшиттиришлар тайёрлаш;

ёш авлоднинг фаол ҳаётий позициясини шакллантиришга қаратилган турли марафон ва хайрия тадбирларини ташкил этиш.

“Yosh kuch” журнали ва “Ёшлар овози” – “Молодёжь Узбекистана” газеталари:

ёшлар тарбиясида тарихий, умуминсоний, маънавий, маданий қадриятлар, миллий анъаналар аҳамиятини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсад ва йўналишларини ўзига хос форматда ёритиб бориш;

ёшлар ҳаётига оид материалларни профессионал даражада тайёрлаш, уларнинг холислигини таъминлаш;

“Ёшлар нашриёт уйи”:

аҳолига, айниқса ёшларга ўзбек мумтоз адабиёти, миллий маданий мерос, ҳозирги замон адабий-бадиий ҳамда санъат асарлари, жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек ва бошқа тилларда, ўзбек адабиётидан таржима қилинган асарларни  чет тилларда нашр этиш ва тарғиб қилиш, ёшларнинг бадиий адабиёт, санъат асарларига бўлган эҳтиёжини қондириш;

олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, академик лицейлар, умумий ўрта таълим мактаблари учун дарслик ва ўқув қўлланмаларини чоп этиш.

 

6-боб. Медиа холдинг фаолиятини ташкил этиш

ва ривожлантириш босқичлари

Медиа холдинг фаолияти унинг фаолиятини тизимли ташкил этиш ва ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш юзасидан ишлаб чиқилган йўл харитасида белгиланган тадбирларни ўз вақтида, сифатли, тўлиқ бажариш йўли билан амалга оширилади.

Медиа холдинг ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнлари ёритилишини мувофиқлаштиради ва асосий ахборот ҳамкори бўлиб хизмат қилади.

Ушбу Концепцияда Медиа холдинг фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадларини амалга ошириш қуйидаги 2 босқичда амалга оширилади:

1-босқич: 2020-2021 йиллар - Медиа холдинг фаолиятини ташкил этиш, моддий-техник базасини шакллантириш, мавжуд имкониятларни баҳолаш, ривожлантириш индикаторларини аниқлаш, мавжуд активлар, муаммолар ва эришилган муваффақиятларни таҳлил қилиш;

2-босқич: 2022 йил ва ундан кейинги давр - Медиа холдинг ва унинг таркибий бўлинмалари иқтисодий мустақиллигини, ахборот хизматлари бозоридаги рақобатдошлигини таъминлаш, теле-радио кўрсатувлар, эшиттиришлар, даврий  нашрлар ва электрон ахборот хизматларини ташкил этиш жараёнига бозор механизмларини татбиқ этиш ва  Медиа холдинг ва унинг таркибий қисмлари фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, уларнинг молиявий тўлиқ мустақиллигига эришиш, самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини баҳолаб бориш.

 

7-боб. Медиа холдинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш

Медиа холдинг фаолияти давлат бюджети маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ажратиладиган маблағлар, ҳомийлар ва реклама маблағлари, шунингдек, қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Медиа холдинг ва унинг таркибига кирган таҳририятларни бюджетдан молиялаштиришни камайтириш ва ўзини-ўзи тўла таъминлашга ўтказиш
2022 йилгача босқичма-босқич амалга ошириб борилади.

 

8-боб. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар

Ушбу Концепцияни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш кўзда тутилади:

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини тизимли тарғиб қилиш, ёшлар ҳаётидаги ўзгаришлар, мавжуд муаммолар, уларнинг интилиш ва қизиқишлари ҳақида оммавий ахборот воситаларининг барча турлари орқали холис маълумотлар тарқатилишига эришиш;

Медиа холдинг таркибидаги барча оммавий ахборот воситалари ва ташкилотлар фаолиятига илғор технологияларни жалб қилиш;

глобал ахборот майдонида дунёда юз бераётган воқеа ва ҳодисалар, айниқса ёшлар ҳаётига оид ўзгаришлар, янгиланишларни тўлалигича, холис ва ҳаққоний ёритувчи ахборот тизимини шакллантириш;

мамлакатни демократик янгилаш, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;

журналистика соҳасига қизиққан ёшларни жалб қилиш орқали, оммавий ахборот воситалари учун ёш кадрлар тайёрлаб бериш механизмини яратиш ва уларнинг ўзлари томонидан ёшлар ҳаётини тўлақонли ва холис ёритиш механизмини шакллантириш.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил

“_____” ____________ даги ____ -сон қарорига

3-илова

 

“Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича

ЙЎЛ ХАРИТАСИ

 

Т/р

Тадбирнинг номи

Амалга ошириш шакли

Молиялаштириш манбалари

Бажариш муддати

Ижро учун масъуллар

I. Ташкилий тадбирлар

1.

Ёшларга оид давлат сиёсати, ёшларнинг ҳаёти, орзу-интилишлари, уларни ўйлантираётган муаммоларни тўлақонли ва холис ёритишга қаратилган Медиа холдинг фаолиятини ташкил этиш.

 

1. Медиа холдинг таъсис ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

2. Медиа холдинг коллегиал органларини белгиланган тартибда сайлаш, Бош директор ва унинг ўринбосарларини тайинлаш.

3. Тегишли тартибда Медиа холдинг таъсис хужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш.

-

2020 йил сентябрь

Ёшлар ишлари агентлиги,

Давлат активларини бошқариш агентлиги, манфаатдор идора, корхона ва ташкилотлар

2.

Медиа холдингнинг эмиссия қимматли қоғозларни чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказиш ва қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларини тасдиқлаш.

1. Медиа холдингнинг эмиссия қимматли қоғозларни чиқаришни давлат рўйхатидан ўтказиш ва қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлари лойиҳасини тайёрлаш ва тасдиқлаш.

-

2020 йил сентябрь-ноябрь

Ёшлар ишлари агентлиги,

Давлат активларини бошқариш агентлиги, манфаатдор идора, корхона ва ташкилотлар

3.

Медиа холдингнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш.

1. Медиа холдинг марказий аппарати ташкилий тузилмаси, штатлар жадвалини акциядорлар умумий йиғилишида тасдиқлаш.

2. Бошқарув ходимларини танлаш ва белгиланган тартибда ишга қабул қилиш.

3. Ташкилий тузилмада ҳамкор оммавий ахборот воситаларини кўрсатиш

-

2020 йил сенятбрь-октябрь

Ёшлар ишлари агентлиги

4.

Медиа холдинг телерадиоканаллари, даврий нашрлари ва бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш:

“Yoshlar” телерадиоканали, “Yosh kuch” журнали, “Ёшлар овози” – “Молодёжь Узбекистана” газеталари, “Mening yurtim” (MY5) телеканали, “Ёшлар овози” радиосини оммавий ахборот воситалари сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш.

 

1. Медиа холдинг таркибига кирувчи оммавий ахборот воситаларини белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказиш.

2. Оммавий ахборот воситаларининг ташкилий тузилмаси, штатлар жадвали ва харажатлар сметаси лойиҳасини  тасдиқлаш.

-

2020 йил октябрь

 

 

 

2020 йил

ноябрь

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,

Ёшлар ишлари агентлиги

5.

Медиа холдинг таркибига кирувчи шўъба корхоналари ва таркибий бўлинмаларни инвентаризациядан ўтказиш, ажратиш балансларини тайёрлаш ва уларнинг мол-мулки ва активларини топшириш-қабул қилиш тадбирларини амалга ошириш.

1. Медиа холдинг таркибига кирган шўъба корхоналар ва таркибий бўлинмалар мол-мулки ва активларини белгиланган тартибда қабул қилиб олиш далолатномаларини тасдиқлаш.

-

2020 йил сентябрь-октябрь

Ёшлар ишлари агентлиги,

Давлат активларини бошқариш агентлиги, манфаатдор идора, корхона ва ташкилотлар

6.

Медиа холдинг фаолиятини йўлга қўйиш, марказий аппарат ва таркибий бўлинмалар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш.

 

1. Медиа холдинг таркибидаги телерадио, даврий нашрлар маҳсулотлари ва хизматларини ишлаб чиқариш бўйича тарифларни ишлаб чиқиш;

2. Медиа холдинг билан радио ва телеканаллар ҳамда даврий нашрлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тартиби, телевидение, радио ва даврий нашрларда реклама жойлаштириш ва тарқатиш учун ажратилган вақтдан (саҳифадан) фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш;

3. Медиа холдинг шўъба корхоналари ва таркибий бўлинмалари ўртасида учинчи томон ташкилотлари билан тузилган кўрсатилган хизматлар учун намунавий шартномаларни тайёрлаш.

-

2020 йил октябрь

 

 

 

 

Ёшлар ишлари агентлиги,

“Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти

II. Медиа холдинг ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик

7.

Медиа холдинг қошида Ёшлар медиа кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш.

1. Ёшлар медиа кенгаши таркибини шакллантириш.

2. Ёшлар медиа кенгаши низомини тасдиқлаш.

-

2020 йил сентябрь

Ёшлар ишлари агентлиги,

Миллий телерадиокомпания,

ЎзЭОАВМА,

Журналистлар ижодий уюшмаси,

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги,  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

8.

Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ёшларга оид давлат сиёсатини тарғиб қилувчи контентларни яратиш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш.

 

 

1. Медиа маконни ёшларга йўналтирилган юқори сифатли контент билан тўлдиришга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш.

2. Оммавий ахборот воситаларининг ёшларга оид давлат сиёсатини тарғиб қилишга қаратилган туркум материаллар тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни грант бериш ва буюртма шартномаси асосида Медиа холдингнинг ўз  маблағлари ҳисобидан қоплаш.

Давлат бюджети маблағлари

2021 йилдан бошлаб

Ёшлар ишлари агентлиги,

Миллий телерадиокомпанияси,

ЎзЭОАВМА,

Журналистлар ижодий уюшмаси,

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги,  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

9.

Маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ижодий ва техник ходимлар малакасини оширишга қаратилган медиа-оромгоҳлар, семинар-тренинглар ташкил этиш.

 

1. Медиа оромгоҳлар, семинар-тренинглар дастури ва уларни ўтказиш графигини ишлаб чиқиш.

2. Медиа оромгоҳлар, семинар-тренинглар иштирокчилари рўйхатини шакллантириш.

3. Медиа оромгоҳлар, семинар-тренингларни ўтказиш.

Давлат бюджети ҳамда ҳамкорлар маблағлари

2021 йилдан бошлаб

Ёшлар ишлари агентлиги,

Миллий телерадиокомпания,

ЎзЭОАВМА,

Журналистлар ижодий уюшмаси,

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги,  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

10.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва мамлакатнинг иқтидорли ёшлари фаолиятини рағбатлантириш бўйича танлов ва фестиваллар, миллий ва халқаро медиа форумларни ташкил этиш.

1. Танлов ва фестиваллар Низомини, медиа-форумлар дастури ва уларни ўтказиш графигини ишлаб чиқиш.

2. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар тарғиботини ташкил этиш.

3. Тадбирларни ўтказиш.

Давлат бюджети ҳамда ҳамкорлар маблағлари

2021 йилдан бошлаб

Ёшлар ишлари агентлиги,

Миллий телерадиокомпания,

ЎзЭОАВМА,

Журналистлар ижодий уюшмаси,

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги,  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

11.

Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари ва олий таълим муассасалари қошида Ёшлар мультимедиа студияларини ташкил этиш.

1. Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқарма-ларида Ёшлар мультимедиа студиялари учун жой ажратиш;

2. Ёшлар мультимедиа студиялари моддий-техника базасини шакллантириш;

3. Ҳудудий оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш ва Ёшлар мультимедиа студиялари фаолиятини ташкил этиш.

Давлат бюджети маблағлари

2021 йил давомида

Ёшлар ишлари агентлиги,

Миллий телерадиокомпания,

ЎзЭОАВМА, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги

III. Медиа холдинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш

12.

Медиа холдинг ва унинг таркибига кирувчи оммавий ахборот воситаларини замонавий талаблар ҳамда стандартларга мувофиқ моддий-техника базаси билан таъминлаш.

1. Телевизион комплекс ва офис биноси қурилиши, моддий техник таъминоти ва бошқа харажатлар смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш.

2. Техник ускуналарни ўрнатилган тартибда сотиб олиш.  

Давлат бюджети ва ўз маблағлари ҳисобидан

2020 йил сенятбрь

Молия вазирлиги,  Ёшлар ишлари агентлиги, “Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти

IV. Медиа холдинг фаолиятининг асосий йўналишлари

13.

Ёшлар ҳаёти, орзу-интилишлари, муваффақиятларини кенг ёритиш, муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиб, уларнинг ечимини топишга қаратилган туркум телерадиодастурлар (кўрсатув, ток-шоу, эшиттириш, ижтимоий сўровнома ва ҳ.к.) тайёрлаш

1. Ёшларга оид давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан келиб чиқиб, ҳар бир оммавий ахборот воситаси форматини инобатга олган ҳолда, концепциялар ишлаб чиқиш.

 2. Концепция асосида турли жанрлар асосида ранг-баранг материаллар тайёрланишини таъминлаш.

Давлат бюджети ва ўз маблағлари ҳисобидан

2020 йил декабрь

Ёшлар ишлари агентлиги,

“Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти

14.

Телевизион эфирни ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадриятлар ва бой маънавий-маданий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, миллий манфаатларга мос рақобатбардош контент билан тўлдиришга қаратилган телевизион сериаллар, ёшлар ҳаёти ва ютуқларига оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш.

1. Йўл харитасини ишлаб чиқиш;

2. Ижодкорлар ўртасида телевизион сериаллар сценарийси учун танлов эълон қилиш;

3. Телевизион сериалларни ишлаб чиқариш ва намойиш этиш.

Давлат бюджети ва ўз маблағлари ҳисобидан

2021 йилдан бошлаб

“Ўзбеккино” Миллий Агентлиги, Миллий телерадиокомпания,

“Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти,

ЎзЭОАВМА

15.

Ёшлар тарбиясида умуминсоний қадриятлар, миллий анъаналар аҳамиятини ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсад ва йўналишларини ўзига хос форматда ёритиб боришга қаратилган таҳлилий материаллар, хабар ва репортажлар тайёрлаш.

 

1. Материалларни ёшлар ҳаётини чуқур ўрганган ҳолда, профессионал тарзда тайёрлаш;

2. Мавзулар ранг-баранглиги ва кетма-кетлигини таъминлаш.

 

Давлат бюджети ва ўз маблағлари ҳисобидан

мунтазам

“Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти, Журналистлар ижодий уюшмаси,

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги

16.

Ўзбек мумтоз адабиёти, ҳозирги замон бадиий асарлари, ёш шоир ва ёзувчилар ижоди, жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек ва бошқа тилларда, ўзбек адабиётидан таржима қилинган асарларни  чет тилларда нашр этиш.

1. Чоп этиладиган ўзбек ва хориж адабиёти дурдоналари рўйхатини шакллантириш;

2. Ёш ижодкорларнинг ижод намуналарини жамланма шаклига келтириш;

3. Ўзбек адабиёти дурдоналарини хориж тилларига таржима қилиш ва чоп этиш.

Давлат бюджети ва ўз маблағлари ҳисобидан

2020 йил октябрь

“Yoshlar media xoldingi” акциядорлик жамияти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

 

Общие предложения: 11

513