Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
21528 Министерство водного хозяйства Республики Узбекистан 02/09/2020 17/09/2020 5

Обсуждение завершено

Закон Республики Узбекистан
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИ “ГИДРОТЕХНИКА ИНШООТЛАРИНИНГ ХАВФСИЗЛИГИ” ТЎҒРИСИДА
ID-21528

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИ

“ГИДРОТЕХНИКА ИНШООТЛАРИНИНГ ХАВФСИЗЛИГИ” ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрир)

Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил ...........да қабул қилинган

Сенат томонидан 2020 йил ...........да маъқулланган

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, улардан фойдаланиш, уларни реконструкция қилиш, тиклаш, консервациялаш ва тугатишда хавфсизликни таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдир.

2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонун гидротехника иншоотларида фавқулодда ҳолатга олиб келиши мумкин бўлган авариялар, одамларнинг ҳаётига таҳдид соладиган, уларнинг соғлиғига зарар етказадиган, одамларнинг яшаш шароитларини бузадиган, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг табиий яшаш муҳити ва мулкига зарар етказилишига нисбатан татбиқ этилади.

 3-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасида гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятни амалга оширишда юзага келадиган муносабатлар ушбу Қонун билан тартибга солинади. Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги соҳасига доир муносабатлар ушбу Қонунга мувофиқ чиқариладиган бошқа қонуности ҳужжатлари билан ҳам тартибга солиниши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикасида гидротехника иншоотлари хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам амалга оширилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

гидротехника иншоотлари – тўғонлар (плотиналар), гидроэлектрстанциялар бинолари, сув ташлаш, сув бўшатиш, сув ўтказиш ва сув чиқариш иншоотлари, туннеллар, каналлар, коллекторлар, насос станциялари, сув омборлари қирғоқларини, дарёлар ва каналлар ўзанларининг қирғоқлари ва тубини тошқин ҳамда емирилишлардан муҳофаза қилиш учун мўлжалланган иншоотлар, саноат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг суюқ чиқиндилар сақланадиган жойларини ўраб турувчи иншоотлар (кўтармалар);

фойдаланувчи ташкилот – тасарруфида (балансида) гидротехника иншооти бўлган корхона, муассаса ва ташкилот;

фавқулодда вазият – одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги – гидротехника иншоотларининг одамлар ҳаёти, соғлиғи ва қонуний манфаатларини, атроф табиий муҳит ва хўжалик объектларини муҳофаза қилишни таъминлаш имконини ва ишлаш қобилиятини сақлаб қолиш ҳолати;

гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларацияси  – гидротехника иншоотининг хавфсизлиги асослаб бериладиган ҳужжат шунингдек, гидротехника иншоотининг хавфсизлик мезонларига мувофиқлигини аниқлаш ва гидротехника иншоотининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар рўйхатини белгилаш;

гидротехника иншоотининг хавфсизлиги мезонлари – белгиланган тартибда махсус ваколатли назорат органи томонидан тасдиқланган гидротехника иншоотининг чекланган сон кўрсаткичлари ва сифат ҳусусиятларига ҳамда гидротехника иншоотининг йўл қўйилган тегишли хавф даражасининг гидротехника иншоотларининг фойдаланиш шароитларига мослиги;

гидротехника иншооти аварияси хавфининг йўл қўйиладиган даражаси – гидротехника иншооти аварияси хавфининг норматив ҳужжатлар билан белгиланган қиймати;

гидротехника иншоотининг эгаси – мулкка эгалик қилиш, гидротехника иншоотни бошқариш ва ундан фойдаланишга рухсат бериш ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги қоидалари–гидротехника иншоотларини лойиҳалашда, қуришда, фойдаланишга топширишда, улардан фойдаланишда, уларни реконструкция қилишда, тиклашда, консервациялашда ва тугатишда гидротехника иншоотларига қўйиладиган техник талаблар ва меъёрловчи кўрсаткичлар мажмуини ва уларнинг заминлари, иншоотларнинг материаллари хусусиятларини ва асосидаги жинсларни ҳамда иншоотларга таъсир этувчи юкламаларни    ягона техник регламентловчи ҳужжат;

гидротехника иншоотларини кўрикдан ўтказиш – гидротехника иншоотларининг техник ва иш ҳолатларини комплекс баҳолашга қаратилган тадбирлар ва ушбу иншоотларнинг ишончлилигини ва хавфсиз ишлашини таъминлашга қаратилган вазифалар рўйхатини  белгилаш;

гидротехника иншоотининг аварияси – гидротехника иншоотининг қисман ёки тўлиқ бузилиши, ускуналарнинг ёки бошқа техник қурилмаларнинг ишдан чиқиши натижасида фавқулодда вазиятларни юзага келиши;

гидротехника иншоотининг авария хавфи – гидротехника иншоотида авария ҳолатининг эҳтимоллик даражасини тавсифловчи ва унинг оқибатлари инсонларнинг соғлиғига ва ҳаётига, мол-мулкига
ва атроф-муҳитга таъсир этувчи ҳолат;

гидротехника иншоотининг ҳудуди – амалдаги ер қонунчилигига мувофиқ ажратилган ер майдони ҳудуди;

гидротехника иншоотининг хавфсизлигини таъминлаш – гидротехника иншооти авариясини олдини олишга қаратилган муҳандислик, ташкилий ва бошқа тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

гидротехника иншоотларидан фойдаланиш узлуксизлиги
– фойдаланиш ташкилоти томонидан гидротехника иншоотининг ишлашини тўхтатишга йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат;

гидротехника иншоотини реконструкция қилиш – гидротехника иншоотининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларини (ҳисобланган ташқи таъсирлар, қурилиш ҳажми, сув ўтказувчанлиги, муҳандислик  жиҳатидан жамланганлиги) ва иш шароитларини ўзгартириш, шунингдек жисмоний ва маънавий эскиришдан етган зарарни қоплаш, гидротехника иншоотларидан фойдаланишда янги мақсадларга эришишга  қаратилган лойиҳалаш ва қурилиш ишлари мажмуи;

гидротехника иншоотини тиклаш – гидротехника иншоотининг асосий техник ва иқтисодий кўрсаткичларини сақлаб туриш пайтида бузилишлар ва шикастланишларни бартараф этиш мақсадида амалга ошириладиган лойиҳалаш ва қурилиш ишлари мажмуи;

гидротехника иншоотини консервациялаш – гидротехника иншоотини вақтинча сақлаб қолиш ва транзит  сув оқимларини ўтиш шароитида унинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган сув режимини тартибга солиш, шу қаторда консервация қилинганидан кейин иншоотлардан фойдаланишни таъминлаш бўйича ташкилий ва техник тадбирларни амалга ошириш мақсадида бажариладиган лойиҳалаш ва қурилиш ишлари мажмуи;

гидротехника иншоотини тугатиш – гидротехника иншоотини олиб ташлаш ва сув объектининг табиий сув режимини тиклаш билан хавфсизлик ишларини таъминлаш, гидротехника иншоотини тугатгандан сўнг бошқа мақсадларда фойдаланиш зарурати мавжуд бўлган ҳолатда унинг элементлари сақланиб, юзага келиши мумкин бўлган сув тошқини даврида тўсқинлик қилмаслигини ҳисобга олиш билан боғлиқ лойиҳалаш ва қурилиш ишлари мажмуи;

гидротехника иншоотларининг ҳимоя зоналари – тўғонлар (плотиналар), гидроэлектр станциялар бинолари, сув ташлаш, сув бўшатиш, сув ўтказиш ва сув чиқариш иншоотлари, туннеллар, каналлар, коллекторлар, насос станцияларида ҳамда бошқа гидротехника иншоотларининг хавфсиз
ва бетолофат ишлашини таъминлаш учун ажратиладиган ер майдони;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлик режими – гидротехника иншоотларининг сув қабул қилиш ва сув чиқариш сарфи, хажмлари ва  тезлигининг оптимал хавфсиз миқдорини  ҳисобга олган ишлаш режими;

гидротехника иншоотларининг каскад режими гидротехника иншоотларининг юқори ва қуйи қисмида жойлашган бошқа гидротехника иншоотларининг ишлаш режими билан узвий боғлиқлигини ҳисобга олган ишлаш режими. 

5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

гидротехника иншоотлари хавфсизлиги соҳасидаги давлат ва хўжалик бошқарув органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан қонунчиликда белгиланган тартибда назоратни таъминлайди;

давлат мулкида бўлган гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини, шунингдек, республика ва минтақавий энергетика тизимига кирувчи корхоналар гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлайди;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширилишини ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги устидан давлат назоратини ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги устидан давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли органни белгилайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

6-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда қатнашадилар;

сув ресурсларидан фойдаланишда ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишда гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлайдилар;

гидротехника иншоотларини жойлаштириш тўғрисида, шунингдек, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда улардан фойдаланишни чеклаб қўйиш ҳақида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарорлар қабул қиладилар;

гидротехника иншоотларининг авариялари оқибатларини тугатишда қатнашадилар;

гидротехника иншоотларининг фавқулодда вазиятларни келтириб чиқариши мумкин бўлган авариялари хавфи борлиги тўғрисида аҳолини хабардор қиладилар;

гидротехника  иншоотларининг хавфсиз ва бетолофат ишлашини таъминлаш мақсадида белгиланган ҳимоя зоналари учун ер майдонини ажратадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.

7-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги устидан давлат назорати

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги устидан давлат назорати махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади, у:

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги қоидалари ва мезонларини ишлаб чиқишни ва тасдиқлашни ташкил этади;

гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларациясини тасдиқлайди ва хавфсизлик декларацияларининг мазмунига ва уларни тайёрлаш услубига қўшимча талабларни белгилайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда гидротехника иншоотлари техник ҳолатининг пухталигини ва улар ишининг хавфсизлигини экспертизадан ўтказади;

гидротехника иншоотларини жойлаштириш, гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш топшириқларини, уларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини келишиб олишда, гидротехника иншоотларининг қурилиши сифатини назорат қилишда, уларни фойдаланишга қабул қилишда, шунингдек, гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини келишиб олишда қатнашади;

гидротехника иншоотларининг ҳолатини ҳамда улар ҳолатининг гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияларига мувофиқлигини текширишни ташкил этади;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида кўрсатмалар беради, шунингдек гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги нормалари ва қоидалари қўпол равишда бузилган ҳолларда хавфлилик даражаси юқори бўлган объектлар жумласига кирувчи гидротехника иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш фаолиятини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳақида таклифлар киритади;

гидротехника иншоотлари ҳудудларидан, дарёлар ўзанлари ва тўғоннинг уларга туташ бўлган қуйи ҳамда юқори ҳудудларидан хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланишга (сувни муҳофаза қилиш зоналарида ер участкалари бериш бундан мустасно) ёки бошқа фаолият учун гидротехника иншоотларида авария хавфини оширмаган ҳолларда фойдаланишга розилик беради;

гидротехника иншоотларига кириш, гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги бўйича ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш;

гидротехника иншоотларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва хавфсизлик назорати билан боғлиқ мутахассислар ва мансабдор шахсларнинг малакасини оширишга ёрдам кўрсатади;

дарёларнинг ўзанларида ва тўғоннинг уларга туташ қуйи ва юқори ҳудудларида сув хўжалиги объектларидан фойдаланишни амалга оширувчи ёхуд хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолият юритувчи ташкилотларнинг фаолиятини, агар бундай фаолият гидротехника иншоотларининг хавфсизлигига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, тақиқлайди ёки чеклаб қўяди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тақиқлаш ва чеклаш суд тартибида амалга оширилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш ҳоллари мустасно;

гидротехника иншоотларининг муҳофаза қилинишини ташкил этиш устидан назоратни амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Махсус ваколатли органнинг гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги кўрсатмалари фойдаланувчи ташкилотлар ижро этиши учун мажбурийдир.

8-модда. Гидротехника иншоотларининг кадастри

Гидротехника иншоотлари Ўзбекистон Республикаси Гидротехника иншоотларининг кадастрига (бундан буён матнда Кадастр деб юритилади) киритилади.

Кадастрни юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

9-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга қўйиладиган асосий талаблар

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш қуйидаги асосий талабларга биноан амалга оширилади:

гидротехника иншоотлари хавфининг йўл қўйиладиган даражасини таъминлаш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги декларацияларини тақдим этиш;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини даврий текшириш ва декларациялаш;

гидротехника иншоотларидан фойдаланишнинг узлуксизлиги;

гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, шу жумладан, уларнинг хавфсизлиги мезонларини белгилаш, гидротехника иншоотларининг ҳолатини доимий назорат қилиш мақсадида уларни техника воситалари билан жиҳозлаш, гидротехника иншоотларига зарур малакага эга бўлган ходимлар хизмат кўрсатишини таъминлаш;

гидротехника иншоотларида фавқулодда вазиятларнинг юзага келиш хавфини энг кўп даражада камайтириш тадбирлар мажмуини олдиндан ўтказиш.

10-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан гидротехника иншоотининг эгалари ва фойдаланувчи ташкилотнинг мажбуриятлари

Гидротехника иншоотининг эгалари ва гидротехника иншоотидан фойдаланувчи ташкилот қуйидагиларга мажбурдир:

гидротехника иншоотларидан фойдаланиш, уларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, консервациялаш, фойдаланишдан чиқариш ва тугатишда гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги нормалари  ва қоидаларига риоя этилишини таъминлашга;

гидротехника иншоотининг ҳолати, унга табиий ва техноген таъсирлар устидан назоратни (мониторингни) таъминлашга, гидротехника иншооти каскадда ишлашини, хўжалик ва бошқа фаолият натижасида унга бўладиган зарарли таъсирларни, объектлар дарё ўзанида ҳамда гидротехника иншоотидан қуйидаги ва юқоридаги унга туташ ҳудудларда жойлаштирилганлигини ҳисобга олган ҳолда гидротехника иншоотининг хавфсизлигини баҳолашга;

гидротехника иншоотининг хавфсизлиги мезонларини ишлаб чиқишни ва ўз вақтида аниқлашни таъминлашга;

гидротехника  иншоотларининг техник ҳолатини кузатишда, маълумотлар базасини яратишда замановий ахборот технологияларини қўллаш ва тезкор алоқалар билан таъминлашга;

гидротехника иншооти хавфсизлигининг пасайиши сабабларини мунтазам таҳлил қилиб бориш ва гидротехника иншоотининг техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлишини ва унинг хавфсизлигини таъминлашга, шунингдек, гидротехника иншооти авариясининг олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб  чиқишни ва бажаришни ўз вақтида амалга оширишга;

гидротехника иншоотининг мунтазам текшириб турилишини таъминлашга;

гидротехника иншоотининг авариясини тугатиш учун мўлжалланган моддий захираларни яратишга;

гидротехника иншоотидан фойдаланишни ташкил этиш ва ходимларнинг малакаси талаб даражасида ва қоидаларга мувофиқ бўлишини таъминлашга;

гидротехника иншоотларидаги фавқулодда вазиятлар хавфи ёки содир бўлганлиги ҳақида аҳолига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиб, доимий шайлигини таъминлашга;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда аҳолини гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги масалалари тўғрисида хабардор қилишга;

гидротехника иншооти аварияларининг олдини олиш масалалари бўйича фавқулодда вазиятлар органи билан ҳамкорлик қилишга;

гидротехника иншоотидан фойдаланиш хавфсизлигини ошириш учун замонавий асбоб-ускуна ва воситалар билан жиҳозлаш чораларини кўришга;

гидротехника иншоотининг аварияси хавфи борлиги ҳақида махсус ваколатли органни, бошқа манфаатдор давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ва сувнинг (тўғоннинг) тийиб туриш босими ёриб ўтишининг бевосита хавфи бўлган тақдирда сув остида қолиш эҳтимоли бўлган зонадаги аҳолини, корхона, муассаса ва ташкилотларни дарҳол хабардор қилишга;

гидротехника иншоотларининг техник ҳолати ишончлилигини натурада (табиий шароитда) кузатиш ишларини тўлиқ олиб бориш мақсадида назорат-ўлчов қурилмаларини ишчи ҳолатда сақлаш, бутлаш
ва такомиллаштиришга;

гидротехника иншоотлари кадастрини ишлаб чиқишга;

махсус ваколатли органга ўз ваколатларини амалга оширишда кўмаклашишга;

гидротехника иншоотларининг хавфсиз ишлашини таъминлашда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, гидротехника иншоотида фавқулодда юзага келган ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган ишларни молиялаштиришни биринчи навбатда ушбу тадбирлар учун йўналтирилишини таъминлашга.

11-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан лойиҳачиларнинг мажбуриятлари

Гидротехника иншоотларининг лойиҳачилари қуйидагиларга мажбурдир:

янги гидротехника иншоотларининг қурилишини ва амалдаги гидротехника иншоотларининг реконструкциясини лойиҳалаштиришни Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ бажаришга;

қонун ҳужжатларига мувофиқ, мулкчилик шаклидан қатъи назар, гидротехника иншоотларини қуриш (реконструкция қилиш) учун лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказилишида қатнашишга;

хавфсизлик режимида ва керак бўлганда каскад режимида гидротехника иншоотларидан фойдаланиш қоидасини ишлаб чиқишга.

12-модда. Гидротехника иншоотларининг қурилишида хавфсизлигини таъминлаш юзасидан буюртмачиларнинг мажбуриятлари

Гидротехника иншоотларининг қурилишида буюртмачилар қуйидагиларга мажбурдир:

гидротехника иншоотларида ер участкасини танлаш ва ажратиш, бирламчи-рухсат берувчи ҳужжатларни ва қурилиш ҳудудини тайёрлаш, лойиҳа олди ишларини ташкил этиш, лойиҳанинг, иш ҳужжатларининг (объектни фойдаланишга тайёр ҳолда қуриш ҳолларидан ташқари) ва танлов ҳужжатларининг тасдиқланадиган қисмини келишиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашга;

қурилиш объектини давлат архитектура-қурилиш назорати органларида рўйхатдан ўтказишга;

қурилишда техник кузатиш ва объект қурилиши устидан техник назорат қилишга;

қурилиши тугалланган объектни белгиланган тартибда фойдаланиш учун қабул қилишга;

кафолатли даврда аниқланган нуқсонлар бартараф этилиши устидан назорат қилишга;

қурилиш даврида объектни қўриқланишини ташкил этишга. 

13-модда. Гидротехника иншоотларининг қурилишида хавфсизлигини таъминлаш юзасидан пудратчиларнинг мажбуриятлари

Гидротехника иншоотларининг қурилишида пудратчилар қуйидагиларга мажбурдир:

иш ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва унинг технология қисмини буюртмачи билан келишган ҳолда қурилиш жараёнида (объект фойдаланишга тайёр ҳолда қурилганда) уни эксперт кузатишга;

ишларни бажариш жадвалига мувофиқ ҳамда белгиланган стандартларга, қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда тасдиқланган лойиҳада назарда тутилган ишларни бажаришга;

лойиҳа ечимларига ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда қурилиш-монтаж, махсус ва ишга тушириш-созлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажаришга;

объектнинг ижроия ҳужжатларини, шу жумладан сертификатланиши шарт бўлган маҳсулотга мувофиқлик сертификатларини, фойдаланилган қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарга техник паспортларни тузиш ва буюртмачига беришга;

тасдиқланган лойиҳаларга, бошқа талабларга ва шартнома мажбуриятларига мувофиқ объектни буюртмачига топширишга;

қурилиш даврида объектни қўриқланишини таъминлашга. 

14-модда. Гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларацияси

Гидротехника иншоотидан фойдаланиш, уни фойдаланишдан чиқариш босқичларида, шунингдек, уни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тиклаш ёхуд консервациялашда гидротехника иншоотининг эгаси ёки фойдаланувчи ташкилот гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларациясини тузади. Декларацияни тузиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Гидротехника иншоотининг эгаси ёки фойдаланувчи ташкилот гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларациясини махсус ваколатли органга тақдим этади.

Декларациянинг махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланиши гидротехника иншоотини Кадастрга киритиш, ундан фойдаланиш ёки уни фойдаланишдан чиқариш ёхуд реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тиклаш ёки консервациялаш учун асос бўлади.

15-модда. Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги декларацияларининг давлат экспертизаси

Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги декларацияларининг давлат экспертизаси, шу жумладан лойиҳалаштириш босқичидаги давлат экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаган тартибда ўтказилади.

Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги декларацияларининг давлат экспертизаси гидротехника иншоотининг эгаси ёки фойдаланувчи ташкилот ташкилотлар ташаббуси билан, шу жумладан, улар розилик бермаган тақдирда ҳам, махсус ваколатли органнинг кўрсатмаларига биноан ўтказилади.

Махсус ваколатли орган томонидан давлат экспертизаси хулосаси асосида гидротехника иншоотининг хавфсизлиги декларациясини тасдиқлаш ҳақида, тегишли рухсатнома бериш тўғрисида ёки рухсатнома беришни рад этиш ҳақида қарорлар қабул қилиниши мумкин.

Гидротехника иншоотининг эгаси ёки фойдаланувчи ташкилот махсус ваколатли органнинг қарорига рози бўлмаган тақдирда, қарор юзасидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин.

16-модда. Гидротехника иншоотларини текшириш

Гидротехника иншоотларини текшириш чоғида гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги нормалари ва қоидаларига риоя этилишини баҳолаш мақсадида гидротехника иншоотининг эгаси ёки фойдаланувчи ташкилотларнинг, шунингдек, гидротехника иншоотларидан фойдаланишда, уларни қуришда, реконструкция қилишда, капитал таъмирлашда, тиклашда ёки консервация қилишда пудрат ташкилотларининг фаолияти устидан назорат амалга оширилади.

17-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган авария моддий-техника захираларини яратиш ва улардан фойдаланиш

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган авария моддий-техника захиралари фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда зарур моддий ресурсларни шошилинч тарзда жалб қилиш мақсадида олдиндан яратилади. Бу захираларни яратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

18-модда. Гидротехника иншоотида содир бўлган авария натижасида етказилган зарарни қоплаш

Гидротехника иншоотининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш натижасида жисмоний шахсларнинг ҳаёти, соғлиғига, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва шартлар асосида қопланади.

19-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

                                  Ўзбекистон Республикаси

                               Президенти                                             Ш. Мирзиёев

Общие предложения: 5

248