Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
21524 Министерство водного хозяйства Республики Узбекистан 02/09/2020 17/09/2020 15

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республики Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-21524

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил “____” ________________ даги “Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–_______-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг тузилмаси ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари аппаратининг намунавий тузилмаси 3 ва 4-иловаларга мувофиқ;

магистрал каналлар (тизимлар) бошқармалари ҳамда ирригация тизими бошқармалари  аппаратининг намунавий тузилмаси 5 ва 6-иловаларга мувофиқ;

туманлар (Қувасой шаҳар) сув хўжалиги бўлимларининг намунавий тузилмаси ҳамда бошқарув ходимларининг чекланган сони 7 ва 8-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирига:

зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар, тизимдаги идора ва ташкилотлар тузилмаларига ходимларнинг белгиланган сони доирасида ўзгартириш киритиш;

йирик гидротехник иншоотларнинг энг аввало лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда, унинг қурилишида ва эксплуатация ишларини олиб борилишида хавфсизлик чоралари кўрилиши, бунда лойиҳа пудрат ташкилотлари ҳамда эксплуатация ташкилотларининг жавобгарлигини ошириш вазифаларини белгилаш;

Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентликларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларига давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилаётган йирик лойиҳалар ва халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг грантлари ҳамда узоқ муддатли имтиёзли кредитларини жалб қилиш ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳалардан эришилган самарадорлигини ҳар йил якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритиб бориш;

юклатилган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини маслаҳатчи сифатида жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар битта сув истеъмолчиси (агрокластер, фермер хўжалиги ва бошқалар)нинг ер майдонида жойлашган ва уларга бевосита хизмат кўрсатувчи суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда улардаги иншоотларни сақлаш, мақсадли ва самарали фойдаланиш учун белгиланган тартибда ушбу сув истеъмолчи уюшмаси балансига сув истеъмолчилари уюшмалари ҳисобидан уюшманинг розилиги асосида беғараз ўтказилишини таъминласинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги ҳамда ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг Наманган вилояти Поп туманидаги “Ғурумсарой иқтисодиёт коллежи” негизида “Поп сув хўжалиги ва мелиорация” коллежини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

5. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда сув хўжалигида рақамли технологияларни жорий қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни республикада ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш мақсадида хорижий инвестициялар иштирокида қўшма корхоналар ташкил қилиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, 2020 йилнинг 1 декабригача Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Белгилансинки 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалар ходимларининг лавозим маошларини Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициенти 1,2 бараварга оширган ҳолда (амалдаги коэффициентларни сақлаб қолган ҳолда) қўлланилади.

Ушбу бандни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлигининг ҳисоб-китобларига асосан зарур маблағларни Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига Давлат бюджети параметрларида йиллик индексацияни ўз ичига олган ҳолда ажратиладиган маблағлар доирасида ажратиб борсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги Сув хўжалиги инвестиция лойиҳалари доирасида “вақтинчалик олиб келиш” режими асосида олиб келинган ва олиб келинадиган махсус техника, техника, эҳтиёт қисмлар ва материалларни божхона тўловларидан озод қилиниши таъминлансин (божхона йиғимлари бундан мустасно).

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил “____” __________даги “Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш ва сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–_______-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ҳамда Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг тузилмаси 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

сув хўжалигида капитал қурилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган устувор инвестиция лойиҳаларини ошкоралик асосида танлаш, уларнинг йиллик, қисқа ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

сув хўжалигида капитал қурилиш соҳасидаги лойиҳаларнинг манзилли рўйхатларини белгиланган тартибда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқлаш;

сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ва бош пудрат ташкилотларини танлов (тендер) асосида аниқлашни ҳамда тегишли шартномалар расмийлаштиришни ташкил қилиш;

сув омборлари ва бошқа тоифаланган сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда экспертиза қилиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлик  мезонларини ишлаб чиқишга хорижий мутахассисларни жалб қилиш;

капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг юритиш, шунингдек, буюртмачи ва пудрат ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш;

Сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-қидирув ишлари умумий қийматининг 10 фоизини Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига кейинчалик лойиҳа-қидирув ишларини илмий асосда ташкил қилиш учун ҳамда соҳада илмий ва илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун мақсадли йўналтириш.

11. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг тузилмаси 10-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

сув хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган хорижий инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг (кейинги ўринларда – ХМИ ва ХҲМТ) кредит, грант ва техник кўмаклашиш маблағлари иштирокидаги устувор инвестиция лойиҳаларини ошкоралик асосида танлаш, уларнинг қисқа ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш ва шакллантириш;

сув хўжалиги соҳасидаги хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ХМИ ва ХҲМТнинг кредит, грант ва техник кўмаклашиш маблағларини жалб қилиш;

ХМИ ва ХҲМТнинг кредит, грант ва техник кўмаклашиш маблағлари иштирокидаги хорижий инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатлари белгиланган тартибда тасдиқланишини ташкил қилиш;

сув хўжалиги соҳасидаги хорижий инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан, ХМИ ва ХҲМТнинг кредит, грант ва техник кўмаклашиш маблағлари иштирокидаги хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;

сув хўжалиги соҳасидаги хорижий инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан ХМИ ва ХҲМТ иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тендер савдолари асосида бош пудрат ташкилотларини белгиланган тартибда аниқлаш ҳамда тегишли шартномаларни расмийлаштириш;

лойиҳалар ва сублойиҳаларнинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, шунингдек, буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни бартараф этиш.

12. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирига сув хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган янги истиқболли лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланмаларини ишлаб чиқишда Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги тузилмасига белгиланган тартибда келишилган ҳолда қўшимча штат бирликларини киритиб бориш ҳуқуқи берилсин.

13. Белгилансинки:

а) Cув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги (кейинги ўринларда – Капитал қурилиш агентлиги деб аталади) бўйича:

Капитал қурилиш агентлиги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг капитал қурилиш лойиҳалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

вазирнинг сув хўжалигида капитал қурилиш масалалари бўйича ўринбосари бир вақтнинг ўзида Капитал қурилиш агентлигининг бош директори ҳисобланади;

Капитал қурилиш агентлиги фаолияти Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Капитал қурилиш агентлиги Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Қори Ниёзий кўчаси 39-уй “А” бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади;

б) Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги бўйича:

Агентлик Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг хорижий инвестиция лойиҳалари, Жаҳон банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи, Осиё тараққиёт банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳлари лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳининг шартномалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Агентликка Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор бошчилик қилади;

Агентлик директори мақоми, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Агентлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари кредит (заём)лари, қарз маблағлари, грантлари, техник кўмаклари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш шартнома қийматидан 0,5 фоиз ажратмалар ҳисобидан ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Агентликнинг буюртманомаларига биноан лойиҳалар доирасида жалб этиладиган чет эл мутахассисларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилади, берилади ва уларнинг муддати узайтирилади, шунингдек, улар вақтинча прописка қилинади, турар жойи бўйича ҳисобга олинади ҳамда вақтинча прописка ва турар жойи бўйича ҳисобга олиш муддати узайтирилади;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Агентликнинг буюртманомаларига биноан лойиҳалар доирасида жалб этиладиган чет эл мутахассисларига йиғим ва қонунчиликда кўзда тутилган бошқа тўловлар ундирилмасдан Ўзбекистон Республикасига жалб этишга рухсатномалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига тасдиқномалар берилади;

Агентликка Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчаси 1 А-уй А блокининг 2 ва 3-қаватлари текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.

14. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги ва халқаро молия институтлари билан келишган ҳолда сув хўжалигида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида уч ой муддатда:

Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ва Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентликлари ходимларининг объектларда техник назоратни амалга оширувчи мутахассислар меҳнат меъёрини белгилаш бўйича нормативлар тасдиқланишининг таъминланишини;

Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг қарз ва кредит келишувлари муддатлари узайтирилишини;

Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ходимларининг ойлик иш хақини икки баробарга оширилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ҳамда Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлигининг талабларига мувофиқ белгиланган тартибда зарур алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқа воситалари билан ҳамда юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини таъминласин.

16. Сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси” 11-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

“Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарлик юклансин.

17. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда:

а) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Агентликларни зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга, юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга ошириш қобилиятига эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдирсин;

б) аниқ кўрсаткичлар ва мақсадли индикаторларга эришишга асосланган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва улар раҳбарларининг фаолиятини баҳолашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган соҳани стратегик ривожлантириш дастурларини амалга ошириш сифати ҳамда самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тўғрисидаги низомни;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги тўғрисидаги низомни;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 12-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти

 

Ш. Мирзиёев

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил “____” ________________даги ПҚ–_______-сон қарорига

1-илова

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил “____” ________________даги ПҚ–_______-сон қарорига

2-илова

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг

ТУЗИЛМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил “____” ________________даги ПҚ–_______-сон қарорига

3-илова

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг

ТУЗИЛМАСИ