| ID | Разработчик проекта | Дата размещения | Дата завершения | Кол-во предложений |
Антикоррупционная экспертиза5
Гендерная экспертиза6
Опросник9
|
| 21021 | Министерство внутренних дел Республики Узбекистан | 18/08/2020 | 02/09/2020 | 191 |
Oʻzbekiston Respublikasi QonuniМитинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида ID-21021Лойиҳа
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ҚОНУНИ
Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ҳисобланади.
2-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисидаги Ўзбекистон Респбликаси қонун ҳужжатлари
Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Ушбу Қонун сиёсий партиялар ва бошқа диний ташкилотлар томонидан йиғилиш ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказилишида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
митинг – босма, кўргазма, аудиовизуал ва бошқа тарғибот материалларидан (плакат, варақа ва бошқа материаллар) фойдаланган ҳолда ижтимоий ахамияти долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини ифодалаш учун фуқароларнинг белгиланган жойдаги оммавий иштироки;
йиғилиш – давлат органлари эътиборини жалб қилиш мақсадида, махсус ажратилган ва жиҳозланган жойда, ташвиқот материалларидан фойдаланмаган ҳолда, ижтимоий муҳим аҳамиятга эга бўлган масалаларни муҳокама қилиш учун фуқароларнинг биргаликдаги иштироки;
намойиш – бир гуруҳ фуқаролар томонидан тарғибот материалларидан фойдаланган ҳолда жамоатчилик кайфиятини ифодалаш орқали амалга ошириладиган ижтимоий фаолликнинг уюшган шакли ҳисобланади. Намойиш кўча юриши, пикет ёки флешмоб шаклида ўтказилиши мумкин.
кўча юриши – жамоатчилик эътиборини ижтимоий муҳим масалаларга қаратиш мақсадида, олдиндан белгиланган йўналишда пиёдалар йўли ёки кўчанинг (йўлнинг) ҳаракатланиш қисми, шохкўча ва майдонлари бўйлаб фуқароларнинг ташкиллаштирилган ҳаракатланишини назарда тутадиган намойиш шакли ҳисобланади;
пикет ўтказиш – ҳаракатсиз ва овоз кучайтирувчи техник воситалардан фойдаланмаган ҳолда пикет ўтказиладиган объект олдида бир ёки ундан ортиқ фуқаролар томонидан тарғибот материалларидан фойдаланган ҳолда ижтимоий муҳим фикрларни оммавий равишда ифода этилишини назарда тутадиган намойиш шакли ҳисобланади;
флешмоб – олдиндан режалаштирилган оммавий акция бўлиб, намойишнинг бир шакли ҳисобланади, унда катта гуруҳ жамоат жойида пайдо бўлади, олдиндан белгиланган ҳаракатларни (сценарий) бажаради ва кейин тарқалиб кетади;
Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш регламенти –режалаштирилган митинг, йиғилиш ва намойиш тўғрисидаги маълумотлар (мақсади, вақти, жойи, иштирокчилар сони ва бошқа маълумотлар) қайд этилган ҳужжат.
4-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказишнинг асосий тамойиллари
Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказишнинг асосий тамойиллари қуйдагилардан иборат:
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
қонунийлик;
ихтиёрийлик;
оммавийлик ва очиқлик;
тинч асосда ўтказилиши;
томонларнинг ўзаро жавобгарлиги.
5-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чекловлар
Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:
уларни конституцион тузумни тажовузкорлик йўли билан ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш мақсадида ўтказиш;
давлат органлари ва ташкилотлар, корхона ва муассасаларнинг иш фаолиятига тўсқинлик қилиш;
шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи атайин ёлғон маълумотларни қасддан тарқатиш;
митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиладиган ҳудудда транспорт воситаларидан фойдаланиш;
ниқоб ва улар шахсини визуал аниқлашни қийинлаштирувчи ва бошқа воситалардан фойдаланиш, шунингдек инсон ҳаётига тахдид солиши ва соғлиғига шикаст етказиши ҳамда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатувчи қурилмалар (шу жумладан, қўлбола), санчувчи ёки кесувчи предметлар ҳамда қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа буюмларларни, тез аланга оладиган, ёнувчан, ўткир, кучли таъсир қилувчи, заҳарли моддалар, пиротехника буюмлари, радиоактив ва бошқа моддалар, буюмлар ҳамда маҳсулотларни ёнида олиб юриш ва ундан фойдаланиш;
алкоголь ичимликлар, гиёҳванд моддалар ёки бошқа моддалар таъсири остидаги маст ҳолатда уларда иштирок этиш, шунингдек спиртли ичимликлар, психотроп ва инсон иродаси ва ақлий фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш.
Агарда олдиндан митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, уларни ўтказишда иштирок этишга даъват этиш орқали тарғибот юритиш, шунингдек митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш мақсадида ушбу Қонун билан тартибга солинмайдиган оммавий ва бошқа тадбирлардан фойдаланиш тақиқланади.
Қуйидаги ҳолатларда митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш тақиқланади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бошланишидан бир кун аввал ва сайлов куни сайлов участкаси ёпилгунга қадар;
референдум ўтказилишидан бир кун олдин ва сайлов участкаси ёпилгунга қадар;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг алохида қарорлари асосида ўтказилаётган муҳим давлат аҳамиятига молик халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш давомида, улар ўтказиладиган шаҳар ва туманлар ҳудудларида.
2-боб. Давлат органларининг митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари
6-модда. Маҳаллий ижро этувчи хокимият органларининг митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари
Маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ташкилотчи ва иштирокчилардан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибига амал этилишини талаб қилиш;
митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказилишига мазкур Қонун талабларига асосан рухсат бериш (ёки тақиқлаш);
шахсларнинг соғлиги, ҳуқуқлари ва эркинликларига таҳдид туғилганда ёки жамоат тартибини бузилишига сабаб бўлувчи ҳолатлар юзага келганда ушбу митинг, йиғилиш ва намойишни тўхтатиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
Маҳаллий ижро этувчи хокимият органларининг мажбуриятларига қуйдагилар киради:
митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш тўғрисидаги ариза ва унга илова қилинган регламентни кўриб чиқиш;
мазкур Қонуннинг 13-моддасида кўрсатилган давлат органлари билан келишилган ҳолда митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат бериш, тақиқлаш ёки мазкур Қонунга мувофиқ, уни ўтказиш шартларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиш;
ижтимоий фаоллик шакли ва унинг иштирокчилари сонидан келиб чиққан ҳолда, мазкур Қонун талабларига мувофиқ митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказилишида ташкилотчига ёрдам бериш мақсадида ўзининг ваколатли вакилини тайинлаш;
мазкур Қонуннинг 14-моддасида баён этилган талабларидан келиб чиққан ҳолда, фуқароларга митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун жой ажратиш.
7-модда. Ички ишлар органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ички ишлар органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ташкилотчи ва иштирокчилардан митинг, йиғилиш ва намойишни ташкил этиш ва ўтказиш тартибига амал этилишини талаб қилиш;
ҳудуд (бино)ни тўлдиришнинг чегаравий меъёри бузилган ҳолларда митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш жойига шахсларнинг кириб-чиқишини тақиқлаш;
ташкилотчи ва иштирокчилар томонидан ушбу Қонун талабларига амал қилинмаган ҳолларда, шунингдек жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солинганда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўриш ҳамда митинг, йиғилиш ва намойишларни тўхтатиш ёки тугатиш бўйича чоралар қабул қилиш.
Ички ишлар органларининг мажбуриятларига қуйидагилар киради:
митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш;
портлаш хавфи бўлган, портловчи моддалар ва бошқа тақиқланган буюмларни аниқлаш мақсадида, митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиладиган ҳудудни текшириш, уларни зарарсизлантириш ва бартараф этиш чораларини кўриш;
тақиқланган буюмларларни аниқлаш мақсадида митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиш жойига киришда иштирокчиларни шахсий текширувдан ўтказиш;
маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари вакили ва Миллий гвардия бўлинмалари билан ҳамкорликда қонунда белгиланган тартибда жамоат хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш.
8-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ташкилотчи ва иштирокчилардан митинг, йиғилиш ва намойишни ташкил этиш ва ўтказиш тартибига амал этилишини талаб қилиш;
ҳудуд (бино)ни тўлдиришнинг чегаравий меъёрлари бузилган ҳолларда митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш жойига шахсларнинг кириб- чиқишини тақиқлаш;
ташкилотчи ва иштирокчилар томонидан мазкур Қонун талабларига амал қилинмаган ҳолларда, шунингдек жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солинганда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўриш ҳамда митинг, йиғилиш ва намойишларни тўхтатиб туриш ёки тугатиш бўйича чоралар кўришда ички ишлар органларига ёрдам кўрсатиш.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг мажбуриятларига қуйидагилар киради:
митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш;
тақиқланган буюмларни аниқлаш мақсадида митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиш жойига киришда иштирокчиларни шахсий текширувдан ўтказиш;
ички ишлар органлари ҳамда бошқа манфаатдор органлар ва идоралар билан ҳамкорликда митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш давомида хавфсизлик ва жамоат тартибини, шунингдек, уларни ўтказишда қонунга амал қилинишини таъминлаш.
3-боб. Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш субъектлари
9-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчиси
Ушбу Қонунга мувофиқ митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш қоидаларига амал қилинишини таъминлаш учун тўлиқ масъулиятни зиммасига оладиган 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчиси бўлиши мумкин.
Қуйидаги шахслар ташкилотчилик қила олмайди:
суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;
психиатрия ёки наркология муассасаларида рўйхатда турган шахслар;
судланган, озодликдан маҳрум этилганлар сақланадиган жойда ва пробация хизмати назоратида бўлган шахслар;
оммавий тартибсизликларда иштирок этганлиги, давлатга хоинлик қилганлиги, конституциявий тузумга тажовузкорлик қилганлиги, экстремистик ва террорчилик жиноятларини содир этганлиги, митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлиги учун озодликдан маҳрум этилган ва судланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар;
республика ҳудудида фаолияти тугатилган ёки рўйхатдан ўтмаган, шунингдек қонунда белгиланган тартибда фаолияти тўхтатилган нодавлат нотижорат ташкилотининг аъзоси ёки раҳбари ҳисобланган шахслар.
10-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Ташкилотчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
маҳаллий ижро этувчи хокимият органларининг рухсати билан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш;
дастлабки ташвиқотлар ўтказиш;
митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш давомида товушнинг баландлик даражаси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлган, товушни кучайтирувчи техника воситаларидан фойдаланиш, шунингдек, мазкур қонунга мувофиқ аудио-видео қурилмалар, плакатлар, транспарантлар ва бошқа кўргазма ташвиқот воситаларидан фойдаланиш;
митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларидан жамоат тартибига ва уларни ўтказиш регламентига амал қилишларини талаб қилиш;
Ташкилотчининг мажбуриятларига қуйидагилар киради:
митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун рухсат олиш учун мазкур Қонуннинг 12-моддасида белгиланган тартибда, уларни ўтказиш тўғрисидаги регламентни илова қилган ҳолда, маҳаллий ижро этувчи хокимият органларига ариза тақдим этиш;
рухсат олингандан кейин митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш тўғрисидаги регламентда кўрсатилган ёки махаллий ижро этувчи давлат органлари томонидан ўрганиш натижасида ўзгартирилган шартларга амал қилинишини таъминлаш;
регламентга ҳамда маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари, ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаган иштирокчиларни митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш жойидан ташқарига чиқариш (олиб чиқиш) чораларини кўриш;
митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш жойидаги дов-дарахтлар, хоналар, бинолар, иморатлар, иншоотлар, жиҳозлар, мебеллар, инвентарлар ва бошқа мулкларнинг сақланишини таъминлаш, йўл ҳаракатига тўсқинликнинг қилинишининг олдини олиш чораларини кўриш;
ташкилотчини фарқловчи белгини тақиш.
11-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ўн олти ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчилари бўлиши мумкин.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
митинг, йиғилиш ва намойишлар мақсадларига мувофиқ бошқа жамоат ҳаракатларининг қарорларини муҳокама қилишда ва уларни қабул қилишда, иштирок этиш;
фуқароларнинг талабларини ва бошқа мурожаатларини қабул қилиш ҳамда маҳаллий ижро этувчи хокимият органларига, давлат органларига ва ташкилотларга юбориш.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларининг мажбуриятлари:
ушбу Қонун талабларига амал қилиш;
маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари, ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари вакиллари ва ташкилотчининг қонуний талабларини бажариш.
12-модда. Журналистнинг (оммавий ахборот воситаси вакили) фаолияти
Журналист (оммавий ахборот воситаси вакили) митинг, йиғилиш ва намойишлари жараёнида Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланади.
Журналистнинг (оммавий ахборот воситаси вакили) мажбурияти:
митинг, йиғилиш ва намойиш ташкилотчилари, иштирокилари шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг қонуний ҳаракатларига аралашмаслик;
транспорт, инфратузилма объектларининг узлуксиз ишлашига, мулкнинг сақланишига ҳалақит берадиган, шунингдек, митинг, йиғилиш ва намойишларда қатнашмайдиган фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган ҳатти-харакатлар қилмаслик;
4-боб. Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
13-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсатнома олиш
Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун рухсат олиш учун маҳаллий ижро этувчи органларга ариза тақдим этилади.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун ариза ташкилотчи (ташкилотчилар) ёхуд уларнинг вакили (вакиллари) томонидан маҳаллий ижро этувчи хокимият органларига ёзма ёки электрон шаклда, митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишигача ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддатда тақдим этилиши лозим.
Аризага митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш регламенти (кейинги ўринларда – Регламент) илова қилинади, унда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
ижтимоий фаолликнинг шакли (митинг, йиғилиш ва намойишлар, шу жумладан кўча юриши, пикет ўтказиш ва флешмоб);
митинг, йиғилиш ва намойишларнинг мақсади;
митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиладиган жой (жойлар), иштирокчиларнинг ҳаракатланиш йўналишлари;
митинг, йиғилиш ва намойишларнинг бошланиш ва тугалланиш санаси ва вақти;
митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчиларининг тахминий сони;
митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказишда фойдаланиладиган тарғибот материалларининг рўйхати, шунингдек, товушни кучайтирувчи техник қурилмалар;
ташкилотчи (ташкилотчилар) ёхуд уларнинг вакили (вакиллари)нинг фамилияси, исми, шарифи, шунингдек, у/уларнинг яшаш манзили ёки турар жойи, телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар;
митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил қилиш ва ўтказишни молиялаштириш манбалари.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун ариза ташкилотчи томонидан, унинг йўқлигида эса, вакили (вакиллари) томонидан имзоланади.
14-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш
Митинг,йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун берилган мурожаатнинг мазкур Қонун талабларига мувофиқлиги маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари томонидан ўн иш куни давомида кўриб чиқилади.
Ўрганиш натижаларига кўра, маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари томонидан рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилиш масаласи ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилади.
Регламент ушбу Қонун талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари томонидан рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва ариза муаллифига рад этиш тўғрисидаги асослантирилган жавоб хати юборилади.
Алоҳида ҳолатларда, маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари регламентга ўзгартиришлар киритиш шарти билан митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилиш ва асослантирилган тегишли жавоб хати юбориш ҳуқуқига эга.
Аризачига митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат бериш тўғрисида хабар бериш мазмунидаги жавоб хати бир вақтда мазкур тадбирни ўтказишга рухсат берувчи расмий ҳужжат ҳисобланади.
15-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш жойи ва вақтига қўйиладиган талаблар
Митинг, йиғилиш ва намойишларни фақатгина ҳудудий ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари томонидан махсус ажратилган жойларда ўтказиш мумкин.
Хавфсизликни таъминлаш мақсадида, қуйидаги объектлар ва ҳудудлардан 300 метргача масофада митинг, йиғилиш ва намойишлар учун, шунингдек, иштирокчиларнинг ҳаракатланиш йўналиши учун жой ажратиш тақиқланади:
давлат хокимияти ва бошқарув органларининг маъмурий бинолари, маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбийлаштирилган, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар;
чет эл дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар бинолари;
судлар ва жазони ижро этиш муассасалари бинолари;
ҳаво, темир йўл, сув ва автомобиль транспорти тизимига тегишли бинолар, иншоотлар ва ҳудудлар;
чегара зоналарига ва қўриқлашнинг алоҳида турларига тегишли ҳудудлар;
ижтимоий объектлар жойлашган бино ва ҳудудлар (таълим, тиббиёт, болалар муассасалари ва бошқа муассасалар;
дафн этиш жойлари ва диний ташкилотлар жойлашган жойлар;
оммавий ахборот воситалари жойлашган бинолар;
тарихий ва маданий ёдгорликлар;
хусусий мулк объектларига тааллуқли бўлган бино ва ҳудудлар.
Бевосита тарихий ва маданий ёдгорликлар ҳисобланган объектлар жойлашган ҳудудларда митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун жой ажратишда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда рухсат берилади.
Митинг, йиғилиш ва намойишларни ҳафтанинг иш кунлари соат кундузи 10:00дан 18:00гача вақт оралиғида ўтказишга рухсат берилади.
Агарда бир жойда ва бир йўналиш бўйлаб ёки бир вақтнинг ўзида ташкилотчи (ташкилотчилар) ёки унинг (уларнинг) вакили (вакиллари) митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказишга талабгор бўлса, кўрсатилган жойдан фойдаланиш тартиби махаллий ижро этувчи хокимият органлари томонидан ушбу тадбирларнинг ташкилотчиларидан хабарнома ёки ариза қабул қилинган вақтдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Бир жойда ва бир вақтнинг ўзида бир объект ёнида икки ёки ундан ортиқ митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат берилмайди.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар давомийлиги икки соатдан ошмаслиги лозим.
16-модда. Митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиш учун дастлабки ташвиқот
Ташкилотчи (лар) ёки иштирокчи (лар) митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олгандан кейин дастлабки ташвиқот ўтказиш ҳуқуқига эга.
Дастлабки ташвиқотнинг мақсади, бу митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишнинг мақсади, жойи, вақти тўғрисидаги уни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа маълумотларни тарқатишдан иборат.
Дастлабки ташвиқот электрон ва босма оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин.
Дастлабки ташвиқот жисмоний шахсни ҳақоратловчи ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, юридик шахсларнинг обрўсига путур етказиш кўринишида ўтказилишига йўл қўйилмаслиги шарт.
17-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказилишини моддий-техник таъминлаш
Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкиллаштириш ҳамда ўтказишнинг моддий техник таъминоти унинг ташкилотчилари ва иштирокчилари томонидан ўз маблағлари ҳисобидан, шунингдек қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Хорижий давлатлар, халқаро, хорижий нохукумат ва нотижорат ташкилотлар томонидан, ёҳуд уларнинг топшириғига асосан бошқа шахслар томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш учун молиялаштириш ва мулк тақдим этишга рухсат берилмайди. .
Фуқароларни моддий рағбатлантириш эвазига митинг, йиғилиш ва намойишларга жалб қилиш тақиқланади.
18-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишларни тақиқлаш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш асослари ва тартиби
Митинг, йиғилиш ва намойишларнинг мазкур Қонун талабларига номувофиқ ташкил этилганлиги уларнинг ўтказилишини тақиқлаш учун асос бўлади.
Митинг, йиғилиш ва намойишларни тўхтатиб туриш учун қуйидагилар асос бўла олади:
митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш вақтида иштирокчилар томонидан жамоат тартибининг бузилиши ҳолатлари;
шахсларнинг соғлигига, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилинишига таҳдид соладиган ҳолатлар;
Регламентга амал қилмаслик.
Митинг, йиғилиш ва намойишларни тугатиш асослари қуйидагилар:
ташкилотчи ва иштирокчилар томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир этилиши ва мазкур Қонун талабларини қасддан бузилиши;
ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги талабларни бажармаслик;
жамоат хавфсизлиги, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига ҳақиқий таҳдидни юзага келтирувчи ҳолатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар.
Митинг, йиғилиш ва намойишларни тўхтатиб туриш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ички ишлар органлари вакиллари томонидан ташкилотчи ва иштирокчиларга (ташкилотчи йўқлигида) митинг, йиғилиш ва намойишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида, унинг сабаблари асослантирилган, ижро этиш вақти белгиланган кўрсатма берилади.
Митинг, йиғилиш ва намойишларни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги кўрсатма бажарилмаган тақдирда, ички ишлар органлари томонидан митинг, йиғилиш ва намойишни тугатиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари билан ҳамкорликда, қонунда белгиланган тартибда зарурий чоралар кўрилади.
Оммавий тартибсизликлар, қирғин солиш, ўт қўйиш, мол-мулкка шикаст етказиш ёки йўқ қилиш ва шошилинч чоралар талаб этиладиган бошқа ҳолатларда юзага келган тақдирда, митинг, йиғилиш ва намойишларни тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ташкилотчи ва иштирокчилар томонидан маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари, ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг қонуний талабларини бажармаслик (қаршилик кўрсатиш) каби хатти-ҳаракатлари қонунчиликда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
19-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун шарт-шароитларни таъминлаш
Фуқаролар томонидан ўз фикрларини билдиришлари, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартиби учун таҳдид туғдирмаган тақдирда, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари митинг, йиғилиш ва намойишларнинг ўтказилишига қаршилик қилишга ҳақли эмас.
Ижтимоий фаоллик ўтказилиши сабаблари юзасидан давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига йўлланган мурожаат ва талаблар улар томонидан ушбу Қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказилишини таъминлаш мақсадида жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракатини тартибга солиш, санитария ва тиббий хизмат кўрсатиш бепул асосда амалга оширилади.
20-модда. Ижро этувчи хокимият органлари ва бошқа мутасадди органларнинг қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш
Ижро этувчи хокимият органлари ва бошқа мутасадди органларнинг фуқаролар томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказишга оид қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органларга ёки қонунчиликда белгиланган тартибда бевосита судга шикоят қилиш мумкин.
21-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
22-модда. Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш давомида етказилган зарарни қоплаш
Митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчи ва иштирокчилари томонидан ижтимоий фаоллик ўтказилиши давомида давлат, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда ташкилотларга етказилган зарар қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.
23-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар мазкур Қонун ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамиятининг аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
24-модда. Қонун ҳужжатларини мазкур Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини мазкур Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари мазкур Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқилишини ва бекор қилинишини таъминласин.
25-модда. Мазкур Қонуннинг кучга кириши
Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. Мирзиёев
***
Ўзбекистон Республикасининг “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси юзасидан
ТУШУНТИРИШ ХАТИ
I. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш асослари
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2018 йил 16 июль кунидаги №03/2-1815хдф-сонли топшириғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари ва Ички ишлар вазири томонидан тасдиқланган “2019-2021 йилларда сиёсий барқарорлик ва зўрлик/терроризмнинг мавжуд эмаслиги” индикатори бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичларга эришиш юзасидан чора-тадбирлар дастурининг 11-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
II. Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурияти
Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурияти қуйидаги омиллар билан асосланади:
биринчидан – амалдаги қонунчиликда йиғилиш, митинг ва намойишлар тушунчалари, уларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Мазкур ҳуқуқий бўшлиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида кўрсатилган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқарилишига имкон бермасдан келмоқда.
иккинчидан – митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида фуқаролар, давлат хокимияти ва бошқарув органларининг ҳуқуқ
ва мажбуриятлари, ўзаро муносабатлари тартибга солинмасдан қолмоқда;
учинчидан – тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги фуқаролар томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларга ҳуқуқий бахо беришда, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 201, 202 ва Жиноят кодексининг 217-моддасига асосан маъмурий ва жиноий жавобгарлик масаласини белгилашда мураккабликларни юзага келтирмоқда.
III. Мазкур қонуннинг мазмуни
Қонун лойиҳасида қуйидаги асосий қоидалар назарда тутилган:
биринчидан – ушбу қонун лойиҳасининг амал қилиши сиёсий партиялар ва диний ташкилотлар томонидан йиғилиш ва бошқа тадбирларни ташкил этилиши ва ўтказилишига нисбатан татбиқ этилмайди. Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Ўзбекистон Респуликаси қонунчилиги билан белгиланади;
иккинчидан – митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказишнинг тушунчалари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устиворлиги, қонунийлик, ихтиёрийлик, оммавийлик, очиқлик, тинч мақсадларда ўтказиш каби асосий принциплар белгилаб қўйилмоқда;
учинчидан – митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш, ушбу ҳаракатларни амалга ошириш учун рухсат олиш, уни ўтказиш вақти ва жойи, дастлабки ташвиқот ўтказиш тартиби назарда тутилди, шунингдек, ташкилотчи ва иштирокчиларнинг мақоми ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда;
тўртинчидан – маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари, ички ишлар органлари, Миллий гвардиянинг митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича ваколатлари ва мажбуриятлари кўрсатилмоқда;
бешинчидан – митинглар, йиғилишлар ва намойишларни тақиқлаш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш асослари ва тартиби белгиланмоқда.
IV. Хориж тажрибасини қўлланилиши
Таҳлиллар бир қатор хорижий давлатлар қонунчилигида фуқаролар томонидан митинг, йиғилиш, намойиш, кўча юришлари ва пикет ўтказишни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби белгилаб қўйилганлигидан далолат бермоқда.
Хусусан, хорижий мамлакатларда “митинг”, “йиғилиш”, “намойиш” тушунчалари, иштирокчиларнинг мажбуриятлари, ушбу ҳаракатларни ўтказиш вақти ва жойлари қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган (РФ, АҚШ, Қозоғистон, Туркманистон).
Бундан ташқари, митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш тўғрисида ариза бериш тартиби, хокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг юқорида кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жумладан, ушбу фаолликларни тўхтатиб туриш ёки тугатиш асослари ва ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масаласи қатъий белгилаб қўйилган (Германия, Франция, Эстония, Озарбайжон).
V. Қонун лойиҳасининг апробацияси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2761-сонли Қарорига мувофиқ, шунингдек, ушбу қонун лойиҳаси моҳиятини аҳолига тушунтириш ва унинг матнларидан тўсқинликсиз фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида, қонун лойиҳаси “regulation.gov.uz” веб-порталга жойлаштирилиб, муҳокама қилинган.
VI. Кутилаётган натижа
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши:
биринчидан – фуқароларнинг ўз ижтимоий фаолликларини митинг, йиғилиш ва намойишлар кўринишида амалга оширишга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, шунингдек уларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишни таъминлайди;
иккинчидан – хавфсизлик ва жамоат тартибига тахдид соладиган тартибсиз оммавий акциялар, “ҳуқуқ ҳимоячилари” ва бошқа деструктив ташқи кучлар томонидан ички вазиятни заифлаштириш орқали мамлакат хавфсизлиги ва халқаро имиджига жиддий зарар етказадиган шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кучайтиришга ёрдам беради;
учинчидан – фуқаролар томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этилиши ва ўтказилиши билан боғлиқ хатти-ҳаракатларга ҳуқуқий бахо бериш, жумладан айбдор шахсларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка жалб қилиш масаласига аниқлик киритилади.
VII. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳаражатлари
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча ҳаражатлар ажратилишини талаб этмайди.
VIII. Қонун лойиҳасини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилганлиги тўғрисида маълумот (номларини кўрсатган ҳолда)
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан келишилган.
Вазир П.Р. Бобожонов
***




Антикоррупционная экспертиза
Гендерная экспертиза
Опросник
regulation.gov.uz



