Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
19914 Агентство информации и массовых коммуникаций при Администрации Президента Республики Узбекистан 14/07/2020 29/07/2020 30

Обсуждение завершено

Закон Республики Узбекистан
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ «ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
ID-19914

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

 

«ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА

 

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги 541-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 1, 10-модда; 2002 йил, № 9, 165-модда), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида”ги 542-I-сон Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 1-сон, 11-модда); Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 15 январда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-78-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 3-сон, 20-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон), Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-476-сон Қонуни 27-моддаси (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2018 й., 03/18/476/1087-сон) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                  Ш. МИРЗИЁЕВ

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Оммавий ахборот воситалари тўғрисида

(янги таҳрири)

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади оммавий ахборот воситаларининг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасида ташкил этиладиган ва фаолият кўрсатадиган оммавий ахборот воситаларига, шунингдек чет давлатлар оммавий ахборот воситаларига улар маҳсулотининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатилишига тааллуқли қисмига нисбатан татбиқ этилади.

 

3-модда. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

оммавий ахборот воситаси – оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар) олти ойда камида бир марта чоп этиладиган, эфирга узатиладиган, эълон қилинадиган (бундан буён матнда чиқариладиган деб юритилади), белгиланган тартибда махсус хабарнома асосида ҳисобга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари;

оммавий ахборот воситаси маҳсулотлари – даврий босма нашр алоҳида сонининг адади ёки ададининг бир қисми ёхуд теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларнинг ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон тарздаги алоҳида чиқарилиши оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотидир;

махсус хабарнома – оммавий ахборот воситаси фаолият бошлаганини маълум қилиш мақсадида муассис томонидан ваколатли давлат органига ёзма ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда тақдим этиладиган мурожаат.

бош муҳаррир –оммавий ахборот воситаси таҳририятини бошқариш ва уни чиқариш учун ваколатга эга бўлган, оммавий ахборот воситаси фаолияти учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладиган, шунингдек судда таҳририят номидан иш юритадиган шахс;

даврий босма нашр – доимий номи, жорий адади сонига эга бўлган
ва камида олти ойда бир марта нашр этиладиган газета, журнал, альманах, ахборот бюллетени ва бошқа ахборот нашри;

оммавий ахборот воситалари мониторинги – тарқатилган оммавий ахборот воситалари маҳсулотларининг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлигини таҳлил қилиш жараёни;

оммавий ахборот воситаси маҳсулотларини тарқатиш – даврий нашрларни тарқатиш (сотиш, обуна, етказиб бериш), радио ва теледастурларини намойиш этиш, оммавий ахборот воситаси маҳсулотларини Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш;

расмий хабар – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан оммавий ахборот воситаларида тарқатиш мақсадида тақдим этиладиган маълумотлар;

тарқатувчи – муаллиф, ношир розилиги билан ёки бошқа қонуний асослар бўйича келишув асосида оммавий ахборот воситаларини тарқатадиган жисмоний ёки юридик шахс;

таҳририят ходими - таҳририят билан меҳнат ёки ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасини тузган, материалларни тўплаш, таҳлил, таҳрир қилиш ҳамда тайёрлаш билан шуғулланувчи шахс;

ишончсиз ахборот – оммавий ахборот воситалари томонидан тўғрилиги текширилмаган маълумот, хабар ва (ёки) материал;

оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш – била туриб шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлашга қаратилган ҳар қандай кўринишдаги оммавий ахборот маҳсулотини, шунингдек уларга нисбатан берилган шарҳларни тарқатиш;

цензура – давлат органлари, мансабдор шахслар ва бошқа ташкилотлар томонидан оммавий ахборот воситаси маҳсулотлари, хабарлар
ва материаллари ёки уларнинг қисмларини тарқатишни чеклаш, тақиқлаш, шу жумладан хабарлар ва материаллар матнини ўзгартириш мақсадида оммавий ахборот воситаси билан олдиндан келишиш ёхуд оммавий ахборот воситасини ўз талабини бажаришга мажбурлаш.

 

5-модда. Оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

оммавий ахборот воситаларини ҳисобга олади;

ҳисобга олинган оммавий ахборот воситаларининг реестрларини юритади;

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳаси субъектларига уларнинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларда услубий ва маслаҳат ёрдами кўрсатади;

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

оммавий ахборот воситалари фаолияти мониторингини юритади;

оммавий ахборот воситаларида аниқланган ҳуқуқбузарлик сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан муассис ва таҳририятга ижро учун мажбурий бўлган ёзма тақдимномалар киритади;

оммавий ахборот воситалари соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

 

6-модда. Даврий босма нашрнинг электрон шакли

Ахборот ташувчи жисмларга ёзилган, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштирилган, электрон техник қурилмалар ёрдамида фойдаланишга мўлжалланган газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқа даврий босма нашрлар даврий босма нашрнинг электрон шаклидир.

Даврий босма нашрнинг электрон шакллари даврий босма нашрни тарқатиш усулларидан биридир.

Тегишли даврий босма нашрнинг электрон шаклларини мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида ҳисобга олиш талаб қилинмайди.

Даврий босма нашр таҳририяти даврий босма нашрнинг электрон шакллари тарқатилиши тўғрисида ваколатли давлат органини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

 

7-модда. Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси Интернет тармоғидаги таҳририй-ноширлик жиҳатидан ишлов берилган, ўзгартирилмаган тарзда тарқатиш учун мўлжалланган, электрон шаклдаги ҳужжатлар ва маълумотларни, муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар объектларини,  шунингдек теле-, аудио-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларни ўз ичига олган ахборот ресурсидир.

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси бошқа веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаларининг хабарларини ёхуд давлат органлари ва ташкилотларининг расмий хабарларини ўзининг веб-сайтига жойлаштирса, мазкур хабар олинган манбаага ҳавола бериши лозим.

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситасининг бош саҳифасида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

даврий нашрнинг номи;

муассиснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

индекс, таҳририятнинг жойлашган ери (почта ва электрон манзили).

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси ушбу Қонунда белгиланган тартибда ҳисобга олинади.

 

8-модда. Оммавий ахборот воситаларида давлат тили ва бошқа тиллар қоидаларининг қўлланиши

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширади.

Оммавий ахборот воситаларида беодоб ҳамда ҳақоратли сўз ва иборалардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситалари муассис ихтиёрига кўра бошқа тилларда ҳам чиқарилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситаларида у чиқарилаётган тилнинг илмий қоидалари ва нормаларига амал қилиниши шарт.

 

2-боб. Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги кафолатлари

 

9-модда. Оммавий ахборот воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги

Оммавий ахборот воситалари фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳамда хавфсизлиги давлат ҳимоясида бўлади.

 

10-модда. Оммавий ахборот воситалари бозорини монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги

Оммавий ахборот воситалари бозорини монополлаштиришга йўл қўйилмайди.

Биронта ҳам юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситаларининг тегишли марказий ёки маҳаллий бозорига чиқариладиган оммавий ахборот воситаларининг йигирма беш фоизидан ортиғига муассис (ҳаммуассис) бўлишга ва (ёки) уларни шунча миқдорда ўз мулкида, эгалигида, фойдаланишида, тасарруфида, юритувида ёхуд бошқарувида (бевосита ёки аффилланган шахслар орқали) сақлашга ҳақли эмас.

 

11-модда. Цензурага йўл қўйилмаслиги

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Оммавий ахборот воситаси маҳсулотлари, хабарлар ва материаллари ёки уларнинг қисмларини тарқатишни чеклаш, тақиқлаш, шу жумладан хабарлар ва материаллар матнини ўзгартириш мақсадида оммавий ахборот воситаси билан олдиндан келишиш ёхуд оммавий ахборот воситасини ўз талабини бажаришга мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

 

12-модда. Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги

Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир.

Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.

Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситалари таҳририятларининг ижодий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

13-модда. Оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўйилмаслиги

Оммавий ахборот воситаларидан:

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;

уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш;

давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек ишончсиз ёки ёлғон ахборот тарқатиш;

аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш;

жисмоний шахсни идентификация қилиш имконини берадиган ахборотни, шу жумладан биометрик ва генетик маълумотларни ғаразли ёки бошқача паст ниятларда, адоват замирида шаън ва қадр-қимматни камситиш, шарманда ёки мазах қилиш, таҳқирлаш, иғво уюштириш мақсадида тарқатиш;

агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;

порнографияни тарғиб этиш;

қонунга мувофиқ маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, уларни ҳақоратлаш ва шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

 

14-модда. Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Давлат оммавий ахборот воситаларини қуйидаги йўллар билан қўллаб-қувватлаши мумкин:

солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш;

давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари тизими орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;

моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида инновацион технологиялар яратиш ва уларни қўллашга кўмаклашиш;

таҳририятлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолиятини ташкил этиш;

оммавий ахборот воситаларини ташкилий ва ўқув-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

таҳририятлар ходимларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.

Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан оммавий ахборот воситаларининг мустақил касбий фаолиятини чеклаб қўйиш учун фойдаланилиши мумкин эмас.

 

3-боб. Оммавий ахборот воситалари фаолиятини ташкил этиш

 

15-модда. Оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқига эгадирлар. Оммавий ахборот воситалари таҳририятлари юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмаси шаклида таъсис этилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситаси бир нечта муассис томонидан ҳам таъсис этилиши мумкин.

Қуйидагилар оммавий ахборот воситасининг муассиси (бундан буён матнда муассис деб юритилади) бўлиши мумкин эмас:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ёхуд суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс;

фаолияти қонун билан тақиқланган ташкилот.

Устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши эллик ва ундан ортиқ фоизни ташкил этган юридик шахслар томонидан оммавий ахборот воситалари таъсис этилишига йўл қўйилмайди.

 

16-модда. Таъсис ҳужжатлари

Оммавий ахборот воситасининг таъсис ҳужжатлари таъсис шартномаси
ва оммавий ахборот воситаси таҳририятининг (бундан буён матнда таҳририят деб юритилади) уставидан (низомидан) ёки фақат таҳририятнинг уставидан (низомидан) иборатдир.

 

17-модда. Таъсис шартномаси

Таъсис шартномаси бир нечта муассис ўртасида тузилади.

Таъсис шартномасида қуйидагилар назарда тутилади:

муассисларнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва жойлашган ери (почта манзили);

таъсис этилаётган оммавий ахборот воситасининг тури, номи, тили, мақсади, ихтисослашуви ва даврийлиги;

таҳририятнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли;

таҳририятнинг устав фонди миқдори ва шакллантириш тартиби;

таҳририятни молиялаштириш манбалари;

муассисларнинг таҳририят фаолиятида иштирок этишга доир ҳуқуқ
ва мажбуриятлари;

таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби;

фойдани тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби;

оммавий ахборот воситаси чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тартиби;

якунловчи қоидалар.

Муассисларнинг ўзаро келишуви асосида таъсис шартномасига қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.

 

18-модда. Таҳририят устави (низоми)

Таҳририят қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган ва муассис томонидан тасдиқланган устав (низом) асосида фаолият кўрсатади.

Таҳририят уставида (низомида) қуйидагилар белгиланади:

оммавий ахборот воситасининг тури, номи, тили, мақсади, ихтисослашуви, даврийлиги ва ҳажми;

таҳририятнинг жойлашган ери (почта манзили);

муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари;

таҳририятни молиялаштириш манбалари;

таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби;

фойдани тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби;

оммавий ахборот воситаси чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш асослари ва тартиби;

таҳририятни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

уставни (низомни) қабул қилиш ва унга ўзгартишлар киритиш тартиби;

якунловчи қоидалар.

 

19-модда. Муассис ва таҳририят ўртасидаги ёзма битим

Муассис ва таҳририят ўртасидаги ёзма битимда қуйидагилар белгиланади:

муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари;

оммавий ахборот воситасини тайёрлаш ва чиқариш шартлари;

таҳририят фаолиятини молиялаштириш тартиби;

таҳририят ходимларининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маиший меҳнат шароитларини ташкил этиш тартиби;

учинчи шахслар билан ўзаро муносабатлар тартиби;

тарафларнинг жавобгарлиги;

якунловчи қоидалар.

Муассис ва таҳририятнинг ўзаро келишуви асосида ёзма битимга қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа келишувлар ҳам киритилиши мумкин.

Агар муассис ва таҳририят сифатида бир шахс иш юритса, битим тузиш талаб этилмайди.

 

20-модда. Оммавий ахборот воситасини махсус хабарнома асосида ҳисобга олиш тартиби

Оммавий ахборот воситаси муассиснинг оммавий ахборот воситаси фаолият бошлаганини маълум қилиш мақсадида ваколатли давлат органига давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда тақдим этадиган махсус хабарномасига асосан ҳисобга олинади.

Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси ягона интерактив давлат хизматлари порталининг давлат хизматларидан фойдаланишда, муассисда электрон рақамли имзо бўлиши шарт.

Муассиснинг оммавий ахборот воситасини ҳисобга олиш тўғрисидаги махсус хабарномаси ваколатли давлат органи томонидан бир иш куни муддатида кўриб чиқилиши керак.

Оммавий ахборот воситаси ваколатли давлат органи оммавий ахборот воситасини ҳисобга олиш тўғрисидаги махсус хабарнома олган ва ҳисобга олинган оммавий ахборот воситаларининг реестрига тегишли ёзув киритган пайтдан бошлаб ҳисобга олинган ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситаси ҳисобга олганлик учун давлат божи ундирилмайди.

Махсус хабарнома оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик ёки жисмоний шахс номидан берилса, оммавий ахборот воситасини ҳисобга олиш тўғрисидаги махсус хабарнома тўлиқ тўлдирилмаса ёки унда кўрсатилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаса, бундан аввал айнан бир хил номдаги оммавий ахборот воситаси ҳисобга олинган бўлса, оммавий ахборот воситасининг номида ахлоқсиз, камситувчи, мазах қилувчи, таҳқирловчи, ҳақоратли, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, сўзлар, шунингдек, уруш, зўравонлик, терроризм, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари мавжуд бўлса давлат хизматларини кўрсатиш автоматик тарзда рад этилади. Бундай ҳолда муассиснинг тегишли босқичда махсус хабарномани тўғри маълумотлар билан тўлиқ тўлдириб қайта юбориш имконияти мавжуд бўлади.

Муассиснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, юридик манзили шунингдек, оммавий ахборот воситасининг номи ёки тури ўзгарган тақдирда, муассис йигирма иш куни мобайнида тегишли маълумотларни давлат хизматлари маркази ёхуд Ўзбекистон Республикаси ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ваколатли давлат органига тақдим этади.

Давлат хизматлари маркази ва Ўзбекистон Республикаси ягона интерактив давлат хизматлари портали электрон тизими муассис томонидан тақдим этилган маълумотларни шу куннинг ўзида давлат реестрига тегишли ўзгартиришлар киритиш учун белгиланган тартибда ваколатли давлат органига автоматик тарзда юборади.

 

21-модда. Оммавий ахборот воситасини ҳисобга олиш тўғрисидаги махсус хабарнома шакли

Оммавий ахборот воситасини ҳисобга олиш тўғрисидаги махсус хабарномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

муассиснинг номи, юридик манзили тўғрисидаги маълумотлар;

оммавий ахборот воситасининг номи ва тури;

бош муҳаррир Ф.И.Ш.;

ихтисослашуви;

тарқатилиш ҳудуди;

Махсус хабарномага оммавий ахборот воситасининг таҳририят устави (низоми) илова қилинади.

Оммавий ахборот воситасини ҳисобга олишда ушбу моддада назарда тутилганидан бошқа талаблар қўйиш тақиқланади.

 

22-модда. Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши муассиснинг қарори билан ёки суднинг қарорига кўра тўхтатиб турилиши ёхуд тугатилиши мумкин. Шунингдек, оммавий ахборот воситасининг муассиси ҳисобланувчи юридик шахснинг тугатилиши унинг таркибидаги таҳририят ва оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши тугатилишига сабаб бўлади.

Муассис оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин ўз қарори ҳақида ваколатли давлат органини уч кун ичида ёзма шаклда ёхуд ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор этиши шарт.

Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқариш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

оммавий ахборот воситасининг олти ойдан зиёд вақт мобайнида чиқарилмаганлиги;

оммавий ахборот воситаси таҳририяти томонидан оммавий ахборот воситаси эркинлиги бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба суиистеъмол қилингани;

оммавий ахборот воситаси муассисининг устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши эллик ва ундан ортиқ фоизни ташкил этганлиги;

оммавий ахборот воситаси муассиси фаолияти қонун билан тақиқланганлиги;

оммавий ахборот воситаси муассиси ҳисобланувчи жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тугатилгани;

оммавий ахборот воситаси муассиси ҳисобланувчи жисмоний шахс оммавий ахборот воситалари ёки ахборот телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлиги;

 оммавий ахборот воситаси муассиси ҳисобланувчи жисмоний шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги.

 

23-модда. Муассиснинг ҳуқуқлари

Муассис:

тасарруфида оммавий ахборот воситаси фаолият бошлаганини маълум қилиш мақсадида ваколатли давлат органига ахборот тизими орқали электрон шаклда махсус хабарнома юбориш (топшириш);

оммавий ахборот воситасининг ҳисобга олинган номидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантиришда таъсис шартномаси, таҳририят устави (низоми) ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиш;

таҳририят бош муҳарририни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш;

фойдани тўлиқ ёки қисман олиш, шунингдек тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплашда иштирок этиш;

мансаб маошлари, устама, мукофот, рағбатлантирувчи тўловлардан ташқари оммавий ахборот воситаларида бериладиган материаллар учун ҳақ, шу жумладан, муаллифлик ҳақи тўлаш;

энг катта ҳажми ва чиқариладиган муддати таҳририят уставига (низомига) ёки муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномага мувофиқ белгиланадиган, реклама тусида бўлмаган хабар ёки материални ўз номидан оммавий ахборот воситасида бепул жойлаштириш;

таҳририятнинг фаолияти тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкни ёки унинг қийматини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда олиш ҳуқуқига эга.

 

24-модда. Муассиснинг мажбуриятлари

Муассис:

таҳририятни ташкил этиши;

таҳририят уставини (низомини) тасдиқлаши;

таҳририят билан битим тузиши;

оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таъминлаши;

оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаши;

ваколатли давлат органининг оммавий ахборот воситаларида аниқланган ҳуқуқбузарлик сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан ёзма тақдимномалари талабларини бажариш;

муассиснинг устав фондида чет эл инвестициялари улуши ушбу Қонун
15-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган чегарадан ортиб кетишга йўл қўймаслик.

Оммавий ахборот воситасига давлат ташкилоти муассис бўлганда қуйидаги қўшимча мажбуриятларга эга бўлади:

оммавий ахборот воситаси контентини ўзининг ахборот хизмати ёрдамида сифатини оширишга кўмаклашиш, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғида таҳририят веб-сайтини (веб-ресурсларини) яратиш орқали илгари суриш ва оммалаштириш учун шарт-шароитлар яратиш;

оммавий ахборот воситасини ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш.

        

25-модда. Таҳририят

Таҳририят оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини амалга оширувчи юридик шахс ёки юридик шахснинг таркибий бўлинмасидир.

Таҳририят қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин.

Таҳририят оммавий ахборот воситаси ваколатли давлат органида ҳисобга олингандан кейин ўз фаолиятини бошлаши мумкин.

Таҳририят бош муҳаррир, журналистлар ва таҳририят ходимларидан иборат бўлиши мумкин.

Таҳририят ўз касб фаолиятида мустақилдир.

Таҳририятга муассис томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош муҳаррир раҳбарлик қилади.

Бош муҳаррир таҳририятга раҳбарлик қилади, оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилади ва унинг фаолияти учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ бош муҳаррир оммавий ахборот воситасининг муассиси, тарқатувчиси, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда, шунингдек судда таҳририят номидан иш юритади.

Қуйидагилар бош муҳаррир бўлиши мумкин эмас:

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

оммавий ахборот воситалари ёки ахборот телекоммуникация тармоқлари, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар.

 

26-модда. Ахборот агентлиги

Ахборот агентлиги — ваколатли давлат органи томонидан ҳисобга олинган, фаолияти ахборот хабарлари ва материалларини тўплаш, қайта ишлаш ва тарқатишга қаратилган юридик шахсдир.

Ушбу Қонун ахборот агентликларига нисбатан қўлланилган тақдирда, уларга бир вақтнинг ўзида оммавий ахборот воситасининг таҳририяти, тарқатувчиси мақоми татбиқ этилади.

Ахборот агентлиги томонидан таъсис этиладиган, доимий номга эга бўлган ахборотнома, хабарнома, бошқа нашр ёки дастур ушбу Қонунда белгиланган тартибда ҳисобга олинади.

Ахборот агентлигининг хабарлари ва материаллари бошқа оммавий ахборот воситаси томонидан тарқатилган тақдирда, ахборот агентлигининг номи кўрсатилиши шарт.

 

3-боб. Оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш

 

27-модда. Оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш

Оммавий ахборот воситаси маҳсулотини тарқатиш бевосита таҳририят томонидан, шунингдек белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахслар томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситаси бошқа оммавий ахборот воситаларининг хабарларини ёхуд давлат органлари ва ташкилотларининг расмий хабарларини тарқатса, мазкур хабар олинган манбаага ҳавола бериши лозим.

Босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш уларга обуна ташкил этиш, шунингдек чакана савдо тармоғи орқали амалга оширилади. Даврий босма нашрлар ададини чакана савдо орқали, шу жумладан қўлда сотиш нашрлар таҳририятларининг штатдаги тарқатувчилари томонидан ёки савдо тармоғига эга бўлган юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Босма оммавий ахборот воситасининг ҳар бир алоҳида чиқарилишининг тарқатилишига бош муҳаррир унинг чиқарилиши учун рухсат берганидан кейингина йўл қўйилади.

Кўрсатув ва эшиттириш узлуксиз давом этганда оммавий ахборот воситаси маҳсулотининг тарқатилишига бош муҳаррир дастлабки рухсат берган пайтдан эътиборан ҳамда кўрсатув ва эшиттиришдаги танаффусга қадар йўл қўйилади.

 

28-модда. Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишига доир маълумотлар

Ҳар бир даврий нашрнинг чиқарилишида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

даврий нашрнинг номи;

муассис (муассислар), таъсисчиси (таъсисчилари), ҳомийси (ҳомийлари) номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

тартиб рақами ва чиқарилган санаси, даврий босма нашрлар учун эса босишга рухсат берилиб, имзо қўйилган вақт (жадвалда белгилангани
ва амалдагиси);

даврий босма нашрлар учун — индекси, адади, баҳоси ёки «Келишилган нархда», «Бепул» деган ёзувлар;

таҳририят ва босмахонанинг манзили (почта манзили);

ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи белгиси.

Даврий босма нашрнинг электрон шаклида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

даврий нашрнинг номи;

муассис (муассислар) номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

индекс, таҳририятнинг манзили (почта ва электрон манзили).

Теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларга ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шаклларига доир маълумотлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

29-модда. Даврий босма нашрларга иловалар

Даврий босма нашрлар иловалар билан бирга чиқарилиши ва тарқатилиши мумкин. Иловалар қайси даврий нашрга тааллуқли бўлса, уларда ўша асосий даврий босма нашрнинг номи кўрсатилиши керак.

Даврий босма нашрнинг алоҳида номга эга бўлган иловаларига мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида қаралади ва у умумий асосларда ҳисобга олинади.

 

30-модда. Назорат нусхалари ва мажбурий нусхалар

Даврий босма нашрларнинг назорат нусхалари таҳририятга, муассисга
 ва ваколатли давлат органига бепул юборилади.

Даврий босма нашрларнинг мажбурий нусхалари юбориладиган муассасалар ва ташкилотларнинг  рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

31-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет давлатлар оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет давлатлар телерадио маҳсулотини тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан белгиланган тартибга, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Чет давлатининг даврий босма нашр маҳсулоти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатилиши учун Ўзбекистон Республикасида устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши эллик фоиздан кўп бўмаган миқдорда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона таъсис этилиши ва мазкур юридик шахс номидан ваколатли давлат органига оммавий ахборот воситасини ҳисобга олиш тўғрисида белгиланган тартибда хабарнома юборилиши лозим.

Чет давлатларнинг оммавий ахборот воситалари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилган тақдирда, уларнинг маҳсулотини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш тугатилиши мумкин.

 

 

32-модда. Расмий хабарлар ва ахборотни эълон қилиш

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситалари шу органларнинг расмий хабарлари ва материалларини, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини эълон қилиши шарт.

Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги давлат органларининг шошилинч хабарлари жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш мақсадида барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Бунда давлат органларининг расмий хабарларидан ташқари аҳоли орасида қасддан ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни тарқатиш тақиқланади.

Ушбу модданинг биринчи — иккинчи қисмларида назарда тутилганидан бошқа ҳар қандай ахборот, хабар ва эълон таҳририят билан тузиладиган шартнома асосида эълон қилинади.

 

33-модда. Ахборот хабарларини ва (ёки) материалларни тўплаш ва сақлаш

Оммавий ахборот воситаларининг ахборот хабарларни ва материалларни тўплаш ҳуқуқи кафолатланади.

Оммавий ахборот воситалари томонидан жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилади, рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ҳамда барча турдаги суратга олиш тақиқланганлиги ҳақидаги тегишли кўрсаткичлар ўрнатилган объектлар бундан мустасно.

Оммавий ахборот воситаларининг таҳририяти ўзи тарқатган ахборот хабарлари ва (ёки) материалларнинг нусхаларини улар тарқатилгандан кейин камида уч ой давомида сақлаши шарт.

 

34-модда. Учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш

Оммавий ахборот воситалари фото- ва видеоматериалларни тайёрлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатнома олиш орқали тегишли давлат органи томонидан белгилаб берилган ҳудудларда, қирқ метргача бўлган баландликда, вазни уч килограммдан зиёд бўлмаган учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиши мумкин.

 

4-боб. Оммавий ахборот воситаларининг давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан муносабатлари

 

35-модда. Муаллиф материалларидан ва хатлардан фойдаланиш

Оммавий ахборот воситаларида муаллиф материалларидан, фан, адабиёт,
санъат ва аудиовизуал асарлардан халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилишига йўл қўйилади.

Таҳририятга келган хатларни эълон қилишга тайёрлаш чоғида уларнинг мазмунини бузмаган ҳолда матнини қисқартириш ҳамда таҳрир қилишга йўл қўйилади.

Таҳририят қонуний асосларда рад этган материални оммавий ахборот воситасида мажбуран эълон қилдиришга ҳеч ким ҳақли эмас.

 

36-модда. Ахборот манбаини ошкор этмаслик

Таҳририят ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбаининг номини, шунингдек тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас.

Таҳририят ахборот манбаининг ёки тахаллусини қўйган муаллифнинг талабига биноан уларнинг номидан судда иштирок этиши мумкин.

 

37-модда. Вояга етмаган шахснинг номини ошкор этмаслик

Таҳририят тарқатилаётган хабар ва материалларида ноқонуний хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) натижасида жабрланган вояга етмаганлар тўғрисидаги, шу жумладан уларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, фотосурати ва видео тасвирларини, овозининг аудио ёзуви, унинг ота онаси ва бошқа вакиллари, туғилган санаси, доимий турар жойи ёки вақтинчалик турар жойи, ўқиш ёки иш жойи ҳақидаги маълумотларни вояга етмаган шахснинг, унинг ота-онаси ёки ҳуқуқий вакилининг розилигисиз ошкор этиш ҳуқуқига эга эмас.

Ушбу ахборот қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли жабрланган вояга етмаган шахснинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тарқатилаётган бўлса бундан мустасно.

 

38-модда. Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи

Юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир.

Эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар мазкур оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавобни эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб берилишига сабаб бўлган материал босилган айни ўша саҳифада махсус рукн остида эълон қилиниши керак.

Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.

Теле-, радио-, видео, кинохроникал дастурлар ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шакллари таҳририяти томонидан олинган раддия ёки жавоб айнан ўша дастур ёки туркумда, келган кунидан эътиборан бир ойдан кечиктирмай эфирга берилади.

Агар раддия ёки жавобни эълон қилиш ҳажми ва вақти оммавий ахборот воситасининг фаолиятига зарар етказиши мумкин бўлса, матнни ахборот манбаи ёки муаллиф билан келишилган ҳолда асосланган таҳрир қилишга йўл қўйилади.

Оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

 

39-модда. Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўрови

Оммавий ахборот воситаси давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки, ёзма шаклда ёки электрон ҳужжат шаклида мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Сўралган маълумотлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, матбуот хизматлари ёки ваколатлари доирасида бошқа шахслар томонидан тезкор ва тўлиқ равишда тақдим этилиши лозим. Давлат сири бўлган маълумотлар ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар бундан мустасно.

Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан уч иш куни ичида кўриб чиқилади.

Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади.

Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади.

 

40-модда. Оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикаси Парламенти билан муносабатлари

Оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг алоҳида ёхуд қўшма мажлисларида иштирок этишлари ҳамда маълумот олишлари мумкин. Зарурат сабабли Олий Мажлис палаталарининг томонидан ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолатлар бундан мустасно.

Оммавий ахборот воситалари давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Парламентига ариза, таклиф ва шикоят тарзида мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

 

41-модда. Оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан муносабатлари

Оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида иштирок этишлари ҳамда маълумот олишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси оммавий ахборот воситаларига норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини чеклайдиган ёки эркин фаолият юритишига тўсқинлик қиладиган норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорлар қабул қилиши мумкин эмас.

 

42-модда. Оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикасининг суд органлари билан муносабатлари

Оммавий ахборот воситалари вакиллари очиқ суд мажлисларида монеликсиз иштирок этишлари ҳамда судлар фаолияти тўғрисида эркин ахборот олишлари мумкин.

Қонунда белгиланган ҳолларда ўтказиладиган ёпиқ суд мажлислари ва давлат сирига мансуб ахборотлар бундан мустасно.

 

43-модда. Оммавий ахборот воситаларини давлат органлари ва ташкилотлари билан муносабатлари

Давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали раҳбарлари йил якунидан кейин ўттиз кунлик муддатда, ўз фаолияти бўйича брифинг ёки матбуот конференциялар шаклида оммавий ахборот воситаларига даврий ҳисобот бериб боради.

Брифинг ва матбуот конференциялар кўринишидаги даврий ҳисоботларнинг видеолавҳалари оммавий ахборот воситалари таҳририятлари томонидан эркин фойдаланиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари олдида даврий ҳисоботини тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича ташкилий-техникавий, ахборот-таҳлилий ва бошқа зарур чора-тадбирларни ахборот хизматлари амалга оширади.

 

44-модда. Оммавий ахборот воситаларида гендер тенглик

Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, давлат органлари ва ташкилотлари хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари ёритилишида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади.

Оммавий ахборот воситалари хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилиши ҳамда фуқароларнинг хабардорлигини ошириш юзасидан зарур чоралар кўриши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари таҳририятларида меҳнат қилаётган
хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатланиши лозим.

Оммавий ахборот воситалари орқали жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишга қаратилган ахборотни тарқатиш тақиқланади.

 

5-боб. Оммавий ахборот воситалари соҳасида халқаро ҳамкорлик

45-модда. Халқаро ҳамкорлик

Оммавий ахборот соҳасидаги халқаро ҳамкорлик халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

Хорижий давлатлар, хорижий ҳукумат ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, чет эл фуқаролари томонидан оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида тўғридан-тўғри беғараз кўмак берилишига йўл қўйилмайди.

 

46-модда. Чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг ваколатхоналари ва вакилларини аккредитация қилиш

Чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг ваколатхоналари
ва вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинганидан кейин Ўзбекистон Республикасида ўз фаолиятини амалга оширади.

Чет давлатлар оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган ваколатхоналари ва вакилларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда касбий фаолиятини амалга ошириш шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ўрнатилган тартибда аккредитациядан ўтмаган Ўзбекистон фуқаросининг хорижий оммавий ахборот воситаси мухбири сифатида фаолият юритиши мумкин эмас.

 

6-боб. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

47-модда. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Оммавий ахборот воситаларининг эркинликларини суиистеъмол қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ жиноий, маъмурий, интизомий ёки бошқа жавобгарликка сабаб бўлади.

Ҳуқуқбузарлик сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан ваколатли давлат органининг ёзма тақдимномаларини бажариш чораларини кўрмаслик Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ маъмурий ва интизомий жавобгарликка сабаб бўлади.

Бош муҳаррир, шунингдек журналист оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлмайди:

агар бу маълумотлар расмий хабарлардан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ёки расмий статистика ҳисоботлари маълумотларидан ёхуд ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари, шунингдек уларнинг расмий веб-сайтлари ва бошқа ахборот ресурслари орқали олинган бўлса;

агар бу маълумотлар олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга бериладиган муаллифлик чиқишларида мавжуд бўлса ёки чиқишларнинг сўзма-сўз такрорланиши (стенография, аудио-, видеоёзуви) бўлса.

 

48-модда. Оммавий ахборот воситаси эркинлигини бузганлик учун жавобгарлик

Қуйидагилар оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини бузиш деб топилиши мумкин:

давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларни сўрови юзасидан ахборотни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки атайин нотўғри маълумот тақдим этиш, цензура қилиш, таҳририят ходимларига тазйиқ ўтказиш, унинг фаолиятига аралашиш, материаллар ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйиш;

таҳририят фаолиятига ноқонуний аралашиш ва унинг ихтисослашув эркинлигининг бузилиши;

оммавий ахборот воситаларининг ноқонуний тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши;

босма нашрни чоп этишнинг ноқонуний тўхтатилиши, унинг бир қисми ёки тўлиқ ададининг йўқ қилиниши;

қонуний асосда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаси маҳсулотининг тарқатилишига тўсиқ қўйиш, даврий нашрлар босма нашрларнинг чакана савдосига ноқонуний чекловлар қўйиш;

таҳририят ходими ёки журналистни ахборотни тарқатиш ёки уни тарқатишни рад этишга мажбур қилиш.

таҳририят ходими ёки журналист билан мулоқот қилиш, тижорат ёки қонун билан қўриқланадиган, давлат сирига мансуб маълумотлар бундан мустасно.

Ушбу қонунда белгиланган оммавий ахборот воситалари ҳуқуқларининг

бузилиши – Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий, маъмурий, интизомий ёки бошқа жавобгарликка сабаб бўлади.

 

7-боб. Якунловчи қоидалар

 

49-модда. Низоларни ҳал этиш

Оммавий ахборот воситаларининг ташкил этилиши, фаолият кўрсатиши
ва фаолиятининг тугатилиши соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари мазкур органлар ва ташкилотлар иштирокида оммавий ахборот воситаси муассиси ва/ёки таҳририяти билан вужудга келадиган низоларни судгача ҳал этиш юзасидан мажбурий тартибда чоралар кўрадилар.

 

50-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги

Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси бўйича

Тушунтириш хати

 

Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати ва асоси

Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ-4151-сон қарорининг 5-иловаси 7-хатбошиси, 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4551-сон Қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурининг 15.1-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг амалдаги таҳрири бундан 13 йил олдин 2007 йил 15 январда ишлаб чиқилган бўлиб, 2018 йил 19 апрелда ЎРҚ-476-сонли қонун билан яна учта янги модда билан тўлдирилган. Ахборот соҳасида тезкорлик ва қулай тарзда ахборот олишга бўлган эҳтиёж кундан-кунга ошиб бораётгани натижасида, қонунга оммавий ахборот воситалари фаолияти янада эркин бўлишига хизмат қиладиган, жамиятни хавфсиз ва ишончли ахборот олиш ҳуқуқларини ўзида мужассам этган янги меъёрлар киритилишини бугунги шароит тақозо қилмоқда.

Қонун лойиҳасининг моҳияти ва мазмунининг қисқача тавсифи

Мазкур қонун лойиҳаси еттита боб, элликта моддадан иборат бўлиб, лойиҳада оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш тизими бекор қилиниб, хабардор этиш тартиби орқали фаолият бошлаш йўлга қўйилиши, оммавий ахборот воситаларининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти билан муносабат ўрнатиш ҳуқуқларининг кафолатлари, оммавий ахборот воситалари таҳририятларида меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва эркаклар учун гендер тенглик, бир хил ҳуқуқ ҳамда имкониятлар тақдим қилиниши, оммавий ахборот воситаси эркинлигини бузганлик учун жавобгарлик келиб чиқиши каби бир қанча меъёрлар белгиланмоқда ҳамда оммавий ахборот воситаси фаолиятини тугатиш билан боғлиқ асослар қайта кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, лойиҳада учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш, рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган тегишли кўрсаткичлар билан суратга олиш тақиқланган ҳудудлардан ташқари жамоат жойлари, бино ва иншоотларни ҳеч қандай чекловларсиз фото ва видео тасвирга олиш ҳуқуқи, оммавий ахборот воситалари устав фондида чет эл инвестицияларининг улушини ўттиз фоиздан қирқ тўққиз фоизгача оширишга рухсат берилмоқда. Бу каби муҳим қадамлар оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини янада мустаҳкамлаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари(қарорлари)дан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чоралари кўришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиш натижаси ҳамда унинг давлат бюджети ва тадбиркорлик фаолиятига бўлган таъсири

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида сўз эркинлигининг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланади ва турли халқаро ташкилотларнинг матбуот эркинлиги индексларида Ўзбекистоннинг рейтинг ўрни юқорилашига ёрдам беради.

Лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан маблағлар, молиявий ҳаражатлар талаб қилинмайди. Қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари қўллаб-қувватланади, уларга салбий тарзда дахл қилувчи ҳолатлар, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловлар мавжуд эмас.

Қонунни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги

Ўз олдига инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий давлат барпо этиш вазифасини қўйган ҳар бир давлат бу мақсадларга сўз ва фикр мустақиллиги учун эркин шарт-шароитлар яратиш орқали эришиши мумкин. Мазкур лойиҳага оммавий ахборот воситалари учун қўшимча имкониятлар, улар хавфсизлигининг муҳофазаси, ахборот олишга доир кенг ваколатлар киритишдан асосий мақсад ҳам айнан оммавий ахборот воситаларини кучли шижоат билан юрт фаровонлиги йўлида хизмат кўрсатишига кўмаклашишдан иборат.

 

Директорнинг

биринчи ўринбосари                                                      Д.Саиджанов

Общие предложения: 14

3737