ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
1978 Министерство финансов Республики Узбекистан 18/01/2019 02/02/2019 3

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосили ҳажмларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-1978

ЛОЙИҲА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосили ҳажмларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 27 ноябрдаги 959-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосили ҳажмларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Б.Т. Юсупов, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси раиси А.Ҳ. Абдуллаев ҳамда “Ўздонмаҳсулот” АК бошқаруви раиси Ф. Пулатов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Бош вазири                                               А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” ______

 __-сон қарорига

ИЛОВА

 

Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган бошоқли

дон экинлари ялпи ҳосили ҳажмларининг ҳисобини

юритиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2018 йил 27 ноябрдаги 959-сон қарорига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосили ҳажмларининг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

2. Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли донга ушбу Низом асосида аниқланган ҳосилдорликдан келиб чиқиб устама ёки чегирма қўлланади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

хўжаликлар – 2019 йил ҳосили учун “Ўздонмаҳсулот” АК корхоналари билан тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат харидлари учун бошоқли дон етиштирувчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари;

бошоқли дон – хўжаликлар томонидан етиштирилган буғдой ва арпа дони.

ялпи ҳосил – дон етиштирувчи хўжаликларга бириктирилган майдонларда календарь йилда етиштирилиб дон қабул қилиш корхонасига топширилган ва хўжалик ихтиёрида қолган бошоқли доннинг умумий миқдори.

4. Ушбу Низомда белгиланган меъёрлар бошоқли дон экин майдонлари фавқулодда ҳолатлар туфайли зарарланган хўжаликларга тадбиқ этилмайди.

2-боб. Ялпи ҳосилни аниқлаш тартиби

 

5. Календарь йилнинг 15 майигача бўлган муддатда туман ҳокимининг қарорига асосан Хўжаликлар томонидан етиштирилган бошоқли дон ялпи ҳосилини аниқлаш комиссияси тузилади (кейинги ўринларда комиссия деб юритилади).

Комиссия таркибига – туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (комиссия раиси), туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг агротехнология бўйича ўринбосари (асосан бошоқли дон экинлари агротехнологияси билан шуғулланадиган масъул ходим), туман фермер ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили, дон корхонаси вакили, туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимининг тегишли ҳудудий ер тузувчилари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминланиши устидан назорат қилиш туман инспекциясининг (бошоқли дон уруғчилиги билан шуғулланувчи) масъул ходими киритилади.

6. Ҳудудидаги бошоқли дон экинларининг пишиб етилиши муддатларидан келиб чиқиб туман ҳокими томонидан бошоқли донни ўриб-йиғиб олиш прогноз графиги тасдиқланади ва комиссиянинг иши ушбу графикга мос равишда ташкил этилади.

7. Комиссия тасдиқланган график асосида ўрим – йиғим бошланган хўжаликнинг даласида бошоқли донни ўриб олиш жараёнини бевосита кузатиб боради ва ўрим комбайни томонидан ҳар бир тўкилган бункердаги бошоқли дон миқдори ва ўрилган майдоннинг ҳажми ҳисобини олиб боради.

Ҳар бир хўжалик томонидан етиштирилган ғалла ҳосили ғалла экилган майдон тўлиқ ўриб-йиғиб олингандан кейин ялпи ҳосил миқдори аниқланади. Бунда, хўжаликнинг давлатга ғалла топшириш режаси ғалла экилган майдон тўлиқ ўриб олинмасдан олдин бажарилган тақдирда, хўжалик бўйича ялпи ҳосилдорликни аниқлаш мақсадида, қолган майдон тўлиқ ўриб-йиғиб олинмагунча ўрим-йиғим комбайнларининг фермер даласидан чиқиб кетишига йўл қўйилмайди.

8. Хўжалик томонидан жами ўриб-йиғиб олинган ғаллани миқдори комиссия томонидан 5 та асл нусхада далолатнома (иловага мувофиқ шаклда) тузилиб имзоланади. Ушбу далолатномага комиссия билан биргаликда хўжалик раҳбари, комбайн (лар) оператори (лар) ҳамда донни ташиган транспорт воситаси ҳайдовчиси имзо чекади. Далолатномада бошоқли дон йиғиб олинган майдон, олинган бошоқли дон миқдори ва ўртача ҳосилдорлик ҳамда ўрилмасдан қолган майдон ҳамда ундан йиғиб олиниши кутилаётган бошоқли дон миқдори акс эттирилади.

Далолатноманинг бир нусхаси комиссия раисида, иккинчи нусхаси дон корхонасига, учинчи нусхаси туман статистика бўлимига, тўртинчи нусхаси туман солиқ инспекциясига ва бешинчи нусхаси хўжалик раҳбарига тақдим этилади.

9. Хўжаликга бириктирилган майдонда ўриб-йиғиб олинган бошоқли дон ялпи ҳосили бўйича маълумотларнинг ҳаққонийлиги юзасидан масъулият хўжалик раҳбари билан биргаликда қуйидагиларга юклатилади:

бошоқли дон экилган, ўриб олинган ва ўрилмасдан қолган майдон миқдори бўйича – туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимининг ҳудудий ер тузувчисига;

давлат хариди учун қабул қилинган дон миқдори бўйича – дон корхонаси вакилига;

ўриб-йиғиб олинган дон миқдори бўйича – туман фермер ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили, Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминланиши устидан назорат қилиш туман инспекциясининг масъул ходими ва туман “Агротехсервис” АЖ вакилига;

дон корхонасигача ташиш бўйича – бошоқли донни ташувчи транспорт воситаси ҳайдовчисига ва бириктирилган ички ишлар ходимига.

3-боб. Бошоқли дон учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби

 

10. Хўжалик майдонларида ўрим-йиғим ишлари маълум муддат давом этган ҳолда давлат хариди учун топширилган бошоқли дон учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш мақсадида дастлабки босқичда топширилган дон қийматининг 75 фоизи даражасида ҳисоб-китоб қилинади.

Ҳар бир хўжалик бўйича ялпи ҳосил ва ҳосилдорлик бўйича мазкур Низомнинг 8-бандида белгиланган шаклда имзоланган комиссия далолатномаси, хўжалик билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 27 ноябрдаги 959-сон қарорида белгиланган чегирма ёки устамани қўллаган ҳолда тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш учун асос ҳисобланади.

11. Дон корхонаси томонидан ўрим йиғим ишларини якунлаган ва туман комиссиясининг далолатномаси имзоланган хўжаликлар бўйича кунлик умумлаштирилган маълумот асосида якуний ҳисоб-китобларга маблағ ажратилишини таъминлаш мақсадида ҳисоб юритилади ва шу асосда керакли маблағ ажратиш тўғрисида “Ўздонмаҳсулот” компаниясига сўров юборилади.

Ўз навбатида “Ўздонмаҳсулот” компанияси томонидан хўжаликлар билан тўлиқ ҳисоб-китобни таъминлаш учун зарур маблағ ажратиш тўғрисида Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармасига буюртма бериб борилади.

Хўжаликлар томонидан топширилган дон учун якуний ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 28 февралдаги 149-сон қарорига асосан амалга оширилади.

4-боб. Хўжаликлар ихтиёрида қолган бошоқли дондан фойдаланиш

 

12. Давлат хариди шартномасини бажарган хўжалик ихтиёрида қолган дон хўжалик аъзоларининг эҳтиёжлари учун эркин фойдаланилади.

13. Хўжаликнинг эҳтиёжидан ортиқ бўлган бошоқли дон кейинчалик биржа савдолари орқали сотиш мақсадида шартнома асосида вақтинчалик сақлаш учун дон корхонасига топширилиши мумкин.

Бунда хўжаликга дон корхонаси томонидан вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган бошоқли дон миқдори ва унинг сифат кўрсаткичлари тўғрисида тасдиқланган маълумотнома берилади. Донни вақтинчалик сақлаганлик учун шартнома асосида ҳақ ундирилади.

Дон корхонаси томонидан тақдим этилган маълумотнома хўжаликга мавжуд бошоқли донни биржа савдоларига қўйиши учун асос бўлади.

5-боб. Якуний қоидалар

 

14. Табиий ва техноген фавқулодда ҳолатлар оқибатида хўжаликнинг бошоқли дон экин майдонига зарар етказилганда, ушбу ҳолатлар белгиланган тартибда туман қишлоқ хўжалиги бўлими масъул ҳодимлари иштирокида расмийлаштирилиши шарт.

15. Фавқулодда ҳолатлар оқибатида бошоқли дон экин майдони зарарланган хўжаликлар томонидан топширилган бошоқли донга белгиланган харид нархларида тўлов амалга оширилади ва бу хўжаликга нисбатан устама ёки чегирмалар қўлланилмайди.

16. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Общие предложения

469