Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
19338 Министерство юстиции Республики Узбекистан 29/06/2020 14/07/2020 0

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республики Узбекистан
Аҳолини табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-19338

ЛОЙИҲА

 

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Аҳолини табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатида зарар кўрган аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, шунингдек, уларнинг ўзига боғлиқ бўлмаган тарзда йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларини тиклашда амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш механизмларини жорий этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (уй ёки транспорт воситасининг ёнғини, уй қулаши) юз берганлиги оқибатида жабрланган жисмоний шахсларнинг йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларини (кейинги ўринларда – муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатлар) тиклаш учун тегишли давлат органига мурожаат қилинганда, уларни тўловлардан озод қилиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда давлат божи, йиғим (герб, консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғим)лар (кейинги ўринларда – тўловлар)дан озод қилинади.

Муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда тўловлардан озод қилинадиган жисмоний шахсларнинг ҳужжатлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар юз берганлиги ҳолатларини тасдиқлашнинг қуйидаги тартиби белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан бериладиган маълумотнома асосида;

хорижий давлатлар ҳудудида хорижий давлат ваколатли идоралари томонидан берилган ва легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ расмийлаштирилган маълумотнома асосида амалга оширилади.

Мазкур банднинг учинчи хатбошисида кўрсатилган маълумотномалар мавжуд бўлмаган тақдирда, муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклаш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипламатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларидан олинадиган маълумотнома асосида амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (уй ёки транспорт воситасининг ёнғини, уй қулаши) юз берганлиги оқибатида муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклаганлик учун ундирилмаган тўловлар кейинчалик бунга айбдор бўлган шахслар (ташкилотлар)дан фуқаролик қонунчилиги асосида регресс тартибида ундирилиши белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Олий таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тегишли равишда ушбу қарорнинг 2-бандида белгиланган тартибни ўрнатилиши муносабати билан қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига таклифлар киритсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Вазирлик ва идоралар икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Ушбу қарорга илова 2021 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
             Президенти                                                    Ш. Мирзиёев

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг _____ йил ___ _________ даги ПҚ–______-сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни тиклашда тўловлардан озод қилинадиган жисмоний шахсларнинг ҳужжатлари
РЎЙХАТИ

 

1. Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахс ва хорижий фуқаро идентификация ID-картаси.

2. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти.

3. Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома.

4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш учун биометрик ҳаракатланиш ҳужжати.

5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга паспортнинг ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатнинг йўқолганлиги ҳақидаги маълумотнома.

6. Чақирув участкасида қайд этилганлик ҳақидаги гувоҳнома.

7. Ҳарбий гувоҳнома ва заҳирадаги офицернинг гувоҳномаси.

8. Транспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказилганлик гувоҳномаси.

9. Ҳайдовчилик гувоҳномаси.

10. Туғилганлик ҳақида гувоҳнома.

11. Никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома.

12. Никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома.

13. Ўлим ҳақида гувоҳнома.

14. Аккредитация қилинган таълим муассасаларининг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, диплом, сертификат, гувоҳнома).

15. Нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмалар.

16. Кўчмас мулк объектларининг кадастр паспорти, шунингдек, кадастр ҳужжатларининг кўчирма нусхаси ҳамда дубликати.

17. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан расмийлаштириладиган маълумотномалар.

18. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари томонидан талаб қилиб олинадиган ушбу рўйхатнинг 6–16-бандларида назарда тутилган ҳужжатларнининг қўчирма нусхаси, дубликати ҳамда уларнинг мавжудлиги ҳақида маълумотномалар.

 

Общие предложения: 0

717