ID Разработчик проекта Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений Антикоррупционная экспертиза0 Гендерная экспертиза0 Опросник0
18996 Министерство юстиции Республики Узбекистан 18/06/2020 03/07/2020 34
Обсуждение завершено
Ўзбекистон Республикаси Қонуни"Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаID-18996

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

 

«Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги 604-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 88-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

3-модда. Ушбу Қонун кучга кирган кундан бошлаб деҳқон хўжалиги учун ер участкаларини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиш тартиби бекор қилинади.

Бунда ушбу Қонун кучга киргунга қадар мавжуд деҳқон хўжаликларига нисбатан амалдаги мулкий ҳуқуқлар сақланиб қолинади.

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

2021 йил 1 январга қадар мавжуд деҳқон хўжаликлари фаолиятини ушбу Қонун талабларига мувофиқлаштирилишини, бунда Қонун кучга киргунга қадар мавжуд мулкий ҳуқуқлар сақланиб қолинишини;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирилишини;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Деҳқон хўжалиги тўғрисида

(янги таҳрири)

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади деҳқон хўжалигини ташкил этиш, унинг фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, шунингдек деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида деҳқон хўжалиги тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Деҳқон хўжалиги

Деҳқон хўжалиги оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида деҳқон хўжалиги бошлиғига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ва ижарага олиш асосида тегишли бўлган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи оилавий хўжалик.

Деҳқон хўжалиги боғдорчилик ва узумчилик ёки сабзавотчилик ва полизчилик ёхуд бошқа қишлоқ экинлари етиштириш фаолияти йўналишлари билан шуғулланади.

4-модда. Деҳқон хўжалигининг бошлиғи

Деҳқон хўжалигининг бошлиғи деҳқон хўжалиги фаолиятини юритиш учун номига ер участкаси ажратилган ўн саккиз ёшга тўлган муомалага лаёқатли Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс.

Деҳқон хўжалигининг бошлиғи ушбу хўжалик номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалайди ва битимлар тузади.

Деҳқон хўжалигининг бошлиғи вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотган тақдирда ёки узоқ вақт бўлмаганда, у ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажариш ваколатини ушбу деҳқон хўжалигининг аъзоларидан бирига бериши мумкин.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда шу хўжалик аъзоларининг ўзаро келишуви асосида, хўжалик аъзоларидан бири унинг бошлиғи этиб тайинланади ва ерга бўлган ҳуқуқ унинг номига қайта расмийлаштирилиб, бу ҳақида ҳисобга олувчи органга хабар берилади. Ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда ер участкасига бўлган ҳуқуқ суд тартибида ҳал этилади.

5-модда. Деҳқон хўжалиги аъзолари

Деҳқон хўжалиги бошлиғи, унинг меҳнатга қобилиятли хотини (эри), болалари, набиралари, ота-онаси, болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари деҳқон хўжалиги аъзолари бўлиши мумкин.

 

2-боб. Деҳқон хўжалигининг вужудга келиши ва унинг ерга бўлган ҳуқуқлари

6-модда. Деҳқон хўжалигининг вужудга келиши

Деҳқон хўжалиги деҳқон хўжалиги бошлиғи томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун қуйидаги асосларга кўра ерга бўлган ҳуқуқни қонун ҳужжатларига мувофиқ қўлга киритиши орқали вужудга келади:

ушбу Қонун қабул қилингунга қадар ер участкасини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратилганда;

захирадаги ерларни, шу жумладан янги фойдаланишга киритилган ерларни ижарага олганда;

дов-дарахтлар билан қопланмаган ўрмон фонди ерларини, хавфсизлик ва техник талабларга қатъий риоя этган ҳолда сув объектларининг қирғоқлари бўйлаб ажратилган минтақадаги ерлар ва бошқа муҳофаза зоналари ерларини ўрнатилган тартибда ижарага олганда;

илгари ташкил этилган деҳқон хўжаликларининг мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини мерос асосида қабул қилиб олганда;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини асосий экиндан бўшаган қисмини такрорий экин учун бир ёки ундан кўп мавсумга иккиламчи ижарага олганда;

ўз ҳисобидан янги ерларни ўзлаштириш орқали ижарага олганда.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ерлар боғдорчилик ва узумчилик фаолияти учун 30 йилдан 50 йилгача, сабзавотчилик, полизчилик ва бошқа деҳқончилик экинлари етиштириш фаолияти учун 5 йилдан 15 йилгача ижарага берилади.

7-модда. Деҳқон хўжалигини ҳисобга қўйиш

Деҳқон хўжалиги Деҳқон хўжалиги бошлиғи томонидан Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этган ҳолда ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳисобга қўйилади.

Деҳқон хўжалигини ҳисобга қўйиш учун деҳқон хўжалиги бошлиғи деҳқон хўжалиги аъзолари таркиби (қариндошлик даражасини кўрсатган ҳолда) тўғрисидаги маълумотларни ва ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим қилади.

Деҳқон хўжалиги тегишли тартибда ҳисобга қўйилади ҳамда деҳқон хўжалиги бошлиғига Деҳқон хўжаликлари ягона давлат реестридан кўчирма берилади.

Деҳқон хўжаликлари ягона давлат реестридан кўчирмада деҳқон хўжалиги бошлиғи ва аъзолари ҳақида маълумот, деҳқон хўжалиги фаолияти йўналиши, ҳисобга қўйилган сана ҳамда деҳқон хўжалигининг фаолият муддати (ижара муддати) кўрсатилади.

Ер участкаси ижараси асосида деҳқон хўжалиги ташкил этилганда ягона давлат реестридан кўчирмада деҳқон хўжалигининг фаолият муддати ижара муддатига мос равишда кўрсатилади.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганлик, Деҳқон хўжалигини ҳисобга қўйганлик ва реестрлардан кўчирмалар берганлик учун давлат божи ва йиғим ундирилмайди.

8-модда. Деҳқон хўжалиги ер участкасининг майдони

Деҳқон хўжалиги фаолияти 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган майдонда юритилади, ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер майдонларининг асосий экиндан бўшаган қисмини такрорий экин экиш учун бир ёки ундан кўп мавсумга иккиламчи ижарага олиш орқали деҳқон хўжалиги фаолияти 0,06 гектардан 10 гектаргача бўлган майдонда юритилади.

9-модда. Деҳқон хўжалигининг ер участкасидан фойдаланиш

Деҳқон хўжалиги ўз тасарруфидаги ер участкасидан фақат белгиланган йўналишдаги қишлоқ хўжалиги экини маҳсулотларини етиштириш мақсадида фойдаланиши шарт.

Деҳқон хўжалигига ажратилган ер участкасидан фойдаланиш шартлари ерга бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатда кўрсатиб ўтилади.

Деҳқон хўжалиги йўналиши бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан биргаликда ер участкасига қўшимча бошқа қишлоқ хўжалик экинларини алмашлаб ва қатор орасида етиштиришга ҳақли.

Деҳқон хўжалиги фаолияти учун ажратилган ҳамда ижарага берилган
ер участкасида бинолар, иморатлар ва иншоотлар, шу жумладан ер ости иншоотлари қурилиши тақиқланади, енгил конструкцияли иссиқхона, суғориш ва бошқа қурилмаларни ўрнатиш бундан мустасно.

Деҳқон хўжалиги ер участкасида қишлоқ хўжалиги экин маҳсулоти етиштириш фаолияти билан биргаликда 10 шартли бош чорва ҳайвонларини боқишга рухсат берилади.

Деҳқон хўжалиги ўз тасарруфидаги ер участкасини асрашга, унинг унумдорлигини сақлашга ва оширишга мажбур.

10-модда. Деҳқон хўжалигининг ер участкасидан фойдаланиши устидан давлат назорати

Деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасидан мақсадли ва оқилона фойдаланиши назорат қилиш ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Деҳқон хўжалиги йўналиши бўйича қишлоқ хўжалиги экинларини экмаган тақдирда ер солиғи белгиланган ставканинг уч баравари миқдорида ундирилади.

Деҳқон хўжалиги ер участкасида тупроқ унумдорлиги пасайишига, тупроқни кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига йўл қўйилганда ҳамда экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасида ушбу Қонуннинг 9-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилганидан ортиқча қурилмалар барпо этганлиги (ўрнатганлиги) ёки бошқа тақиқланган бинолар, иморатлар ва иншоотлар, шу жумладан ер ости иншоотлари қурганлиги аниқланган тақдирда ваколатли органнинг ёзма кўрсатмасига кўра деҳқон хўжалиги бошлиғи мазкур қурилмаларни 15 кун ичида ихтиёрий равишда ўз ҳисобидан бузиб ташлаши (олиб ташлаши) ҳамда ер участкасини ўз ҳолатига қайтариши шарт.

Ваколатли органнинг ёзма кўрсатмаси деҳқон хўжалиги бошлиғи томонидан ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда ортиқча ҳамда ноқонуний қурилмаларни бузиб ташлаш (олиб ташлаш) ҳамда ер участкасини ўз ҳолатига қайтариш суд тартибида ҳал этилади.

Ушбу модданинг иккинчи–тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳолатлардан бири уч йил давомида кетма-кет такрорланган тақдирда деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасини олиб қўйиш суд тартибида ҳал этилади.

11-модда. Сув истеъмоли

Деҳқон хўжалигининг сув истеъмоли унга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмаси томонидан белгиланадиган сув объектларидан сув олиш лимитлари асосида амалга оширилади.

Деҳқон хўжалигига бериладиган сувнинг сарфини ҳисобга олиш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш тартиби, шунингдек мазкур солиқ бўйича имтиёзлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

3-боб. Деҳқон хўжалиги фаолиятининг асослари

12-модда. Деҳқон хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолияти

Деҳқон хўжалиги фаолият йўналишидан келиб чиқиб экин турлари ва ҳажмлари, уларни етиштириш усуллари ҳамда агротехник тадбирларини амалга оширишни мустақил равишда белгилайди.

Деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материалларини сотиб олиш ва бошқа моддий ресурслар ҳамда хизматлардан фойдаланишда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчи субъектлари билан тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Шу мақсадларда деҳқон хўжалиги бошлиғи тегишли субъектлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиши ёки биржа савдоларида қатнашиши мумкин.

Деҳқон хўжалиги ўзи етиштираётган ва реализация қилаётган маҳсулот сифатига оид амалдаги норматив ва стандартларга, экологияга, санитарияга оид ҳамда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бошқа талаб ва қоидаларга риоя этиши шарт.

Деҳқон хўжалигининг хўжалик фаолиятига, шу жумладан улар томонидан етиштириладиган маҳсулот турларини танлашда, унинг нархини ва маҳсулотни реализация қилиш йўналишларини аниқлашда давлат органлари ва ташкилотларининг ҳамда бошқа органлар ва ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.

13-модда. Деҳқон хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш

Деҳқон хўжалиги ўзининг маҳсулотига бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб мустақил равишда нарх белгилайди.

Деҳқон хўжалиги ягона давлат реестридан кўчирма асосида ўзи етиштирган маҳсулотни қўшимча ҳужжатларсиз (рухсатларсиз) республика ҳудудида эркин ташиш ва реализация қилишга ҳақли.

Деҳқон хўжалиги ўзи етиштирган маҳсулотни даласида, деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида белгиланган тартибда, шунингдек аҳоли пунктларида қўшимча рухсатномасиз (лицензиясиз) кўчма савдо ташкил этган ҳолда сотади.

Деҳқон хўжалиги ўз маҳсулотларини нақд пул, шу жумладан банк пластик карталари ёки нақд пулсиз ҳисоб-китоблар орқали чекловларсиз реализация қилишга ҳақли. Бунда деҳқон хўжалигига хўжалик юритувчи субъектлар учун белгиланган касса операция қоидалари бўйича ҳисобни юритиш талаб этилмайди.

Деҳқон хўжалиги ўзи етиштиртган маҳсулотни реализация қилиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузишга ҳақли.

Деҳқон хўжалиги фаолияти натижасида қўлга киритилган даромадлар солиқ солинадиган даромадлар ҳисобланмайди.

14-модда. Деҳқон хўжалигининг молиявий хизматлардан фойдаланиши

Деҳқон хўжалиги ўз фаолиятини амалга ошириш учун кредитлар олиши, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ва пул маблағларини ихтиёрийлик асосида ва шартнома шартларида, шу жумладан кредитни узишнинг зарур гаров, кафолат, суғурта ҳамда бошқа таъминотларини қўллаган ҳолда имтиёзли кредитлашга жалб этиши мумкин.

Деҳқон хўжалиги қишлоқ хўжалиги экин маҳсулотини етиштириш, қайта ишлаш ва реализация қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуна, техника воситалари ва жиҳозларни лизинг шартлари асосида олишга ҳақли. 

Деҳқон хўжалиги ишлаб чиқариш аҳамиятига молик объектлар қурилиши, асосий ишлаб чиқариш воситаларини харид этиш учун узоқ ва қисқа  муддатли кредитлар олишга ҳақли.

Кредит олишда деҳқон хўжалиги ўз тасарруфидаги ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқни (эгалик, фойдаланиш ва ижара), деҳқон хўжалиги аъзоларининг хусусий мулкларини, бўлажак ҳосилни гаровга қўйишга ҳақли.

Деҳқон хўжалиги ўзига қарашли ва ижарага олинган ишлаб чиқариш воситаларининг, қишлоқ хўжалиги экинзорларининг (кўчатзорларининг), кўп йиллик дов-дарахтларнинг, етиштирилган маҳсулотларнинг, хом ашёнинг, материалларнинг йўқотилиши (нобуд бўлиши), кам чиқиши ёки шикастланиши хавфини, тадбиркорлик хавфини, шунингдек шартномаларни бузганлик учун ўзининг жавобгарлик хавфини ихтиёрийлик асосида суғурта қилдиради ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда суғурта товони олади.

Деҳқон хўжалигига кредитлаш, суғурталаш ва лизинг хизматларидан фойдаланишнинг кичик тадбиркорлик субъектлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига белгиланган имтиёзларнинг барча турлари қўлланилади.

15-модда. Деҳқон хўжалигида меҳнатни ташкил этиш

Деҳқон хўжалигининг фаолияти хўжалик аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланади. Деҳқон хўжалиги фаолиятидан келиб чиқиб, муайян мавсумий ёки махсус малака талаб қиладиган ишни бажаришга бошқа шахслар ҳақ эвазига вақтинча (мавсумий) жалб этилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигининг доимий бошқа иш билан таъминланмаган аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил уларнинг меҳнат стажига киритилади.

Деҳқон хўжалиги аъзоларига ижтимоий суғурта бўйича давлат нафақаси ва пенсия тайинлаш ҳамда тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда амалга оширилади.

16-модда. Деҳқон хўжаликларининг биргаликдаги фаолияти

Деҳқон хўжаликлари ихтиёрийлик асосида қишлоқ хўжалиги экин маҳсулотлари етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш, реализация қилиш, фаолияти учун зарур материаллар ва ускуналарни харид қилиш, техника таъминоти, сув хўжалиги, ўсимликлар ҳимояси, маслаҳат бериш йўсинидаги ва бошқа хил хизмат кўрсатиш бўйича ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этган ҳолда ёки оддий ширкат шаклида биргаликда фаолият юритишлари мумкин.

17-модда. Деҳқон хўжалиги фаолиятининг натижаларини ҳисобга олиш

Деҳқон хўжалиги ўз фаолиятининг натижалари ҳисобини олиб боради.

Деҳқон хўжалиги йил давомида ер участкасида етиштирилган маҳсулот турлари, ҳажмлари, шу жумладан сотилган ҳажми, шунингдек, барпо этилган иссиқхона, чорва моллари ва паррандани сони кўрсатилган белгиланган шаклдаги маълумотни жойлашган ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига келгуси йилнинг 15 мартига қадар тақдим этиб боради.

 

4-боб. Деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

18-модда. Деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

Деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқларига риоя этилиши ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланади.

Деҳқон хўжаликлари тасарруфида бўлган ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга йўл қўйилмайди.

Давлат органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашишлари лозим.

Деҳқон хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

деҳқон хўжаликларига фаолиятини юритиш учун имтиёзли кредитлаш, шунингдек суғурталаш ва лизинг хизматларини кўрсатиш механизмларини яратиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун талаб этиладиган органик ва минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалик экинларини зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи-мойлаш материаллари, сув ва бошқа зарур ресурслар, навли уруғлик ва кўчатлар билан узлуксиз таъминлаш тизимини жорий этиш;

деҳқон хўжалиги ташкил этилган ҳудудда унинг фаолияти учун зарур бўлган йўл, электр, сув ва мелиорация объектларидан фойдаланиш имкониятларини яратиш;

деҳқон хўжаликлари етиштирган маҳсулотларга ички ва ташқи бозорлардаги талаб тўғрисида ишончли маълумотлар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича илмий-амалий тавсиялар ва қўлланмалар билан таъминлаб бориш;

деҳқон хўжалиги етиштирилган маҳсулотларини реализация қилиши учун деҳқон бозорлари ва савдо комплексларидан лимитланган махсус  расталар ажратиш ҳамда аҳоли пунктларида кўчма савдо ташкил этиш учун шароит яратиш;

деҳқон хўжаликлари етиштирилган маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантириш тизимини жорий этиш;

деҳқон хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги экин маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек уларнинг ҳажмларини оширишни ҳамда соҳага илғор илмий ишланмалар ва технологияларни жорий этишни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш.

19-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг деҳқон хўжалиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

деҳқон хўжалиги фаолияти ривожлантириш бўйича давлат дастурларини тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида деҳқон хўжалиги фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

деҳқон хўжалиги фаолияти соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

деҳқон хўжаликларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва реализация қилиш соҳасида имтиёзлар, субсидиялар ва бошқа преференцияларни жорий қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

20-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг деҳқон хўжалиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

деҳқон хўжаликларининг ер участкалари майдонлари, тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотидан келиб чиқиб агротехник тадбирларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади ва улардан бепул фойдаланишни таъминлайди;

деҳқон хўжаликларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш ресурс тежовчи агротехнологияларни, муқобил энергия воситаларини жорий этишга кўмаклашади;

деҳқон хўжаликлари ўзларининг ер участкаларидан самарали фойдаланишлари ҳамда деҳқончилик маданиятини юксалтириш юзасидан тарғибот ишларини олиб боради;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ички ва ташқи бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб бўйича маркетинг тадқиқотлари ўтказади;

маркетинг тадқиқотлари натижалари асосида келгуси йилда талаб юқори бўладиган қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари рўйхати ва ҳажми бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади.

21-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг деҳқон хўжалиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалари

Маҳаллий давлат ҳокимият органлари:

деҳқон хўжаликларининг ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этишга кўмаклашади ҳамда зарур шарт-шароитлар яратади;

деҳқон хўжаликлари билан ҳамкорлик қилиш учун экспорт қилувчиларни жалб этиш, уларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда ҳар томонлама кўмаклашади;

деҳқон хўжалиги фаолияти соҳасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини амалга оширилишида иштирок этади;

деҳқон хўжалиги фаолияти соҳасини ривожлантириш соҳасидаги худудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва реализация қилади;

деҳқон хўжаликларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш, уларни сув ресурслари билан таъминлаш, зарур уруғликлар, кўчатлар, минерал ўғитларни етказиб бериш борасида амалий ёрдам кўрсатади;

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари деҳқон хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.

 

5-боб. Деҳқон хўжалиги аъзоларининг ўзаро муносабатлари

22-модда. Деҳқон хўжалиги бошлиғининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Деҳқон хўжалиги бошлиғи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

деҳқон хўжалиги номидан ишончномасиз иш кўриш;

юридик ва жисмоний шахслар билан шартномалар тузиш;

деҳқон хўжалиги барча аъзолари розилиги билан деҳқон хўжалиги ер участкасини бошқа шахсларга ижарага бериш шартномаларини тузиш;

ишончномалар бериш;

банкда ҳисобварақлар очиш.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи деҳқон хўжалигининг ҳамда унинг аъзоларининг манфаатлари ҳимоя қилинишини ва ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаши шарт.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

23-модда. Деҳқон хўжалиги аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Деҳқон хўжалиги аъзолари:

етиштирилган маҳсулотдан, уни реализация қилишдан олинган даромаддан ўз улушини олиш;

деҳқон хўжалиги бошлиғи топшириғига кўра деҳқон хўжалиги номидан фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда иштирок этиш;

доимий бошқа ишга эга бўлмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ижтимоий суғуртасидан ўтказилиш ва ижтимоий таъминланиш, шунингдек товар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун деҳқон хўжалигида сарфланган иш вақти Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига бадаллар тўлаб борилган тақдирда меҳнат стажига киритилиш ҳуқуқига эга.

Деҳқон хўжалиги аъзолари деҳқон хўжалигининг ишлаб чиқариш  фаолиятида шахсий меҳнати билан иштирок этиши шарт.

Қонун ҳужжатларида деҳқон хўжалиги аъзоларининг бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам назарда тутилиши мумкин.

24-модда. Деҳқон хўжалигидаги мулкий муносабатлар

Деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги фаолияти натижасида вужудга келган маҳсулот ва қўлга киритилган даромад уларнинг умумий мулки ҳисобланади. Агар шартномада бошқача назарда тутилмаган бўлса деҳқон хўжалиги аъзоларининг умумий мулки улар ўртасида тенг улушларда тақсимланади.

Деҳқон хўжалиги ва унинг аъзоларининг мулк ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

 

6-боб. Якунловчи қоидалар

25-модда. Деҳқон хўжалиги фаолиятининг тўхтатилиши

Деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор бўлганда ёки ижара, шу жумладан иккиламчи ижара муддати тугаганда деҳқон хўжалигининг фаолияти тўхтатилган ҳисобланади.

Деҳқон хўжалиги тасарруфидаги ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор бўлганда кўчмас мулк объектларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган бу тўғрисида давлат хизмат марказига Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритилган куни электрон хабарнома юборади. Деҳқон хўжалиги фаолияти тўхтатилганлиги тўғрисида Деҳқон хўжаликлари ягона давлат реестрига тегишли ёзув киритилади.

26-модда. Низоларни ҳал этиш

Деҳқон хўжаликларини ташкил этиш, уларнинг фаолияти билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

27-модда. Мажбуриятлар бўйича жавобгарлик

Деҳқон хўжалиги фаолиятида вужудга келадиган деҳқон хўжалиги аъзоларининг мажбуриятлари бўйича улар биргаликдаги фаолияти натижасида вужудга келган умумий мол-мулки билан жавоб беради.

Деҳқон хўжалиги аъзоларининг умумий мол-мулки етарли бўлмаганда, улар мажбуриятлар бўйича ўзларига тегишли мол-мулк билан белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

28-модда. Деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи қонун ҳужжатларига мувофиқ вақтинчалик асосда ишлаётган шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғига улар меҳнат мажбуриятларини бажариш чоғида етказилган зарар учун жавобгар бўлади.

Деҳқон хўжалигининг ҳамда унинг аъзоларининг ердан белгиланган мақсадда ва самарали фойдаланмаганлик учун жавобгарлиги қонун ҳужжатларида белгиланади.

***

3968
Обсуждение завершено