ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
1853 Министерство здравоохранения Республики Узбекистан 11/01/2019 27/01/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида
ID-1853

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҚАРОРИ

 

 

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни

ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги ПҚ–2863 сонли “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ–3450 сонли “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ хусусий тиббий ташкилотларни янада ривожлантириш, уларнинг фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва турларини оширишни рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги ПФ-5590 сонли “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида соғлиқни сақлаш тизимида давлат–хусусий шерикликни жадал татбиқ этиш кўзда тутилган.

Хусусий тиббий муассасалар томонидан аҳолига сифатли юқори технологиялар асосидаги тиббий хизматларнинг кўрсатилишини таъминлаш, ушбу соҳага чет эл инвестицияларининг жалб этилишини кенгайтириш, Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни янада ривожлантириш учун қўшимча шарт–шароитларни яратиш мақсадида:

1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо–саноат палатасининг соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шаклларини ва муддатларини татбиқ этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

хусусий тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш ва доимий фойдаланиш учун бепул асосда ер участкаларини ажратишдоимий;

мавжуд давлат тиббиёт ташкилотларини қайтадан қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш шарти билан хусусий тиббиёт ташкилотлари объектлари қуриш ва доимий фойдаланиш учун бепул асосда ер участкалари тақдим этиш доимий;

хусусий тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш ва вақтинча фойдаланиш учун бепул асосда ер участкалари тақдим этиш – камида 10 йил;

бўш турган давлат мулки объектларини, шу жумладан фаолият кўрсатмаётган давлат тиббиёт ташкилотларининг бино ва иншоотларини мақсадли фойдаланиш учун «нол» харид қийматида сотиш - доимий;

давлат тиббиёт ташкилотларининг фойдаланилмаётган, кам фойдаланиладиган ёки реконструкция қилиш ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қиладиган мавжуд бино, иншоот ва тиббий асбоб-ускуналарини фойдаланиш учун тақдим этиш – камида 10 йил;

концессия асосида бино қуриш ёки реконструкция қилиш, жиҳозлаш учун мол-мулк ва ер участкаларини ажратиш– 15 йилгача;

давлат тиббиёт муассасаларини хусусий шерикка ишончли бошқарувга топшириш – 15 йилгача;

давлат тиббиёт ташкилотларининг айрим функциялари ёки хизматларини тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида ўтказиш – 5 йилгача;

хусусий тиббиёт ташкилотларининг айрим функциялари ёки хизматларидан давлат тиббиёт ташкилотларида шартнома асосида фойдаланиш – 5 йилгача;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгилаб бериладиган бошқа шаклларда.

2. Давлат–хусусий шериклик шаклига кўра, хусусий шерикка қуйидаги инвестиция мажбуриятлари юклатилади:

давлат тиббий муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини бажариш;

қонун ҳужжатларида кўзда тутилган имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли тўлов ҳажмларида  ёки бепул тиббий хизматлар кўрсатиш;

давлат тиббий муассасалари учун ёрдамчи функцияларни, шунингдек даволаш-профилактика хизматларининг соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгиланган алоҳида турларини кўрсатиш;

давлат–хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўзда тутиладиган бошқа мажбуриятлар.

3. Давлат–хусусий шериклик шаклига кўра, давлат шеригининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

битимда белгиланган муддатлар, тартиблар ва шартлар асосида хусусий шерикка ер майдонларини, бўш турган, фойдаланилмаётган, кам фойдаланиладиган ёки реконструкция қилиш ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қиладиган мавжуд бино, иншоот ва тиббий асбоб-ускуналарини фойдаланиш учун тақдим қилиш ёки “нол” қийматда сотиш;

битимда кўзда тутилган бошқа мажбуриятларга амал қилиш;

хусусий шерикнинг хўжалик фаолиятини олиб боришига аралашмаслик.

Давлат шериги зиммасида қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

4. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги лойиҳаларни амалга ошириш мазкур қарорнинг 1-иловаси билан тасдиқланган Танлов комиссияси томонидан танлов асосида амалга оширилади.

Танлов комиссияси қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

Давлат-хусусий шерикликнинг аниқ лойиҳалари бўйича ташаббускор бўлиш;

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан бирга ДХШ бўйича комиссияга тақдим этилган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ҳисобга олган ҳолда баҳолаш;

Давлат-хусусий шерикликнинг аниқ лойиҳаларини тасдиқлаш, рад этиш ёки қайта кўриб чиқиш учун ҳужжатни қайтариш бўйича қарорлар қабул қилиш;

Тендер ва танлов ҳужжатларини тайёрлаш;

Тендер ва танлов жараёнларни ташкил қилиш ва ўтказиш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича барча муҳим молиявий ва иқтисодий жиҳатларни ҳисобга олинган қарорни тасдиқлаш;

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига асосан тузилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат томонидан шерик сифатида хусусий шерик билан битим тузади ва хусусий шерик томонидан битим шартларининг бажарилишини назорат қилади.

Давлат–хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати мобайнида хусусий шерикларга ажратилган тиббий муассасалар фаолиятини давлат шериги розилигисиз қайта ўзгартириш тақиқланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича танлов ўтказилмайди.

6. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, танлов ҳужжатлари лойиҳалари ҳамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари ва уларга киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилсин.

7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ойлик муддатда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган тиббиёт муассасалари шакли ва фаолият турига қараб, тиббий фаолиятни лицензиялашнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқсин (А.Шадманов).

8. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган тиббиёт муассасаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида;

ўзларининг эҳтиёжлари учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга рухсат этилган барча турдаги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва материаллари ҳамда тиббий буюмлар учун давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 5 йил муддатга божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин;

соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган тиббиёт муассасалари давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим имзоланган ойдан бошлаб ўн йил муддатга ягона ижтимоий тўлов ставкаси меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромадларнинг 5 фоиз миқдорида белгилансин;

Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган тиббиёт муассасаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар замонавий тиббиёт объектларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва асбоб-ускуналарини сотиб олиши, шунингдек, мутахассисларининг малакасини ошириш ва хориждан юқори малакали мутахассисларни жалб этишни ташкил этиши учун 10 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 7 фоизли ставка бўйича 500 миллион АҚШ доллари эквивалентигача имтиёзли кредитлар ажратилсин. (М. Нурмуратов).

9. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда 2019 йилнинг 1 октябрига қадар муддатда реконструкция ва капитал таъмирга муҳтож ҳамда фойдаланилмаётган давлат тиббий ташкилотлари объектлари бинолари ва корпуслари хатловдан ўтказиб, уларнинг рўйхатини тузсинлар;

ҳар йил 1 февралга қадар давлат–хусусий шериклик шартлари асосида  тиббиёт ташкилотлари қурилиши ҳамда белгиланган муддатларда фойдаланиш учун беғараз асосда ажратиладиган ер участкалари белгилансин ва ушбу ер участкаларининг тасдиқланган рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этсинлар;

давлат–хусусий шериклик шартлари асосида  қурилаётган ва барпо этилган тиббий муассасаларини барча зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ таъминоти, сув таъминоти, канализация, автомобил йўллари ва бошқалар) билан таъминласинлар;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда қурилиш учун ер майдонларини танлаш ва ажратиш ҳамда турар-жой массивлари (комплекслари) қурилишини лойиҳалаштириш босқичида давлат–хусусий шериклик шаклидаги тиббиёт муассасалари қурилиши учун жойларни назарда тутсинлар.

11Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорги Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига тиббиёт соҳасидаги давлат-хусусий шерикликни амалга оширишда белгиланган тартиб-қоидалар, шу жумладан ер участкалари ва давлат мулки бўлган объектларнинг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тиббий муассасаларни яратиш учун ажратилиши тартиб–қоидаларига қатъий амал қилиниши учун  шахсий масъулият юклансин.

12.  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, вазирликлар, идоралар, ҳокимиятлар ва бошқа ташкилотларнинг соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни  ушбу қарорга мувофиқ ўз вақтида ва сифатли татбиқ этиш борасидаги фаолиятини  самарали мувофиқлаштиришни ва ўзаро ҳамкорликни таъминласин.

13. Савдо–саноат палатаси  томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда тадбиркорлар ва лойиҳалар ташаббусчилари орасида давлат-хусусий шериклиги шартлари асосида тиббий муассалаларни тузиш механизмлари, шунингдек қонунчиликда кўзда тутилган имтиёзлар ва преференциялар тўғрисида кенг тушунтириш ишларининг ўтказилиши ташкиллаштирилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Ўзбекистон  миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда давлат-хусусий шериклиги шартлари асосида ушбу қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда тиббий муассасаларини тузишнинг долзарб масалалари, ҳамда бошқа тадбирларни амалга ошириш бўйича мавзу кўрсатувлари ва мақолаларининг медиа–режаси ишлаб чиқилсин ва тасдиқлансин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартишлар ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифлар киритилсин.

15Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдувохитов А.А., Ўзбекистон Республикаси маслаҳатчиси биринчи муовини Мавлонов Б.М. ва Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Шадманов А.К. зиммасига юклансин.

                                                                       Ўзбекистон Республикаси

                      Президенти                                                                               Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

201__ йил  “___” ________даги

ПҚ–____сон қарорига

1-ИЛОВА

 

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича

 Танлов комиссияси таркиби

1.

А.Қ. Шадманов

-

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Танлов комиссияси раиси

2.

 

-

 Танлов комиссияси раисининг ўринбосари

3.

 

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирлиги

4.

 

-

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси

5.

 

-

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги

6.

 

-

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси

7.

 

-

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги (овоз бериш ҳуқуқисиз)

8.

К.Э.Эшназаров

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш Бош бошқармаси, Танлов комиссияси котиби

 

* Танлов комиссияига заруратга кўра бошқа тегишли вазирлик ва идоралар киритилиши мумкин  

Изоҳ: Танлов комиссия аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

201__ йил  “___” ________даги

ПҚ–____сон қарорига

2-ИЛОВА

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни

ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ

 

 I боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартибини белгилайди.
  1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

давлат-хусусий шериклик - хусусий инвестицияларни жалб қилиш, ресурсларни бирлаштириш, хавф-хатарларни (форс-мажор) ўзаро манфаатли  тақсимлаш мақсадида Вазирлик ва хусусий шерикнинг аниқ муддатга юридик расмийлаштирилган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро самарали ҳамкорлиги;

реестр - тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда  Вазирлик томонидан шакллантирилган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун танлаб олиниши мумкин бўлган объект, ер участкалари, тиббий хизматлар бўйича маълумотлар базаси;

давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим (кейинги ўринларда матнда битим деб юритилади) - томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ижро этишнинг бошқа шартларини белгилаб берадиган Вазирлик ва хусусий шерик ўртасида тузилган ёзма шартнома;

давлат шериги - Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда матнда Вазирлик деб юритилади);

хусусий шерик - битим тузган ёки битим тузиш истагини билдирган юридик ёхуд якка тартибдаги тадбиркор. Давлат ташкилотлари хусусий шерик бўла олмайди, шунингдек хусусий шерик тарафида иштирок эта олмайди;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объекти (кейинги ўринларда матнда объект деб юритилади) - соғлиқни сақлаш муассасаларини ташкил этиш мақсадида фойдаланилиши мумкин бўлган ер участкалари, бино, бино қисмлари ва хоналари ҳамда бошқа объектлар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси - муҳим давлат ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техник аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш соҳасидаги инвестициявий, инновацион, инфратузилмавий ва бошқа тадбирлар мажмуи;

имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахслар - I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган ногирон шахслар, 1941-1945 йиллардаги уруш йиллари меҳнат фронти қатнашчилари, байналмилалчи жангчилар, чин етимлар, ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар ва ҳисобда турувчи кам таъминланган оилалар, 18 ёшгача бўлган болалар, Вазирлик хулосасига асосланган тиббий ёрдамга муҳтож шахслар;

концессия (концессион битим) - муайян муддатга тузилган битим, унга кўра давлат концессионерга қурилиш ишларини амалга ошириш учун ер участкаларига, шунингдек тиббиёт муассасасини қайта қуриш ва жиҳозлаш учун биноларга эгалик қилиш (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) ва улардан фойдаланиш ҳуқуқини беради, концессион фаолият натижасида концессионер эга бўлган маҳсулот ва даромадлар концессион битимда белгиланган ҳажмда ва шартларда унинг мулки ҳисобланади;

аутсорсинг – давлат тиббиёт муассасаларининг ёрдамчи бўлинмалар фаолиятлари (хизматлари)ни ҳамда рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқланадиган айрим тиббий хизматларни ташкилотлар (тадбиркорлар)га ўтказиш ҳисобига мақбуллаштириш усули;

аутсорсер – шартнома асосида давлат тиббиёт муассасаси учун алоҳида ишлар (хизматлар) турини бажарувчи юридик ёки якка тартибдаги тадбиркор.

3. Давлат-хусусий шериклик қуйидаги принципларга асосланади:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва қулайлиги, бундан давлат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил қилган маълумотлар мустасно;

камситишнинг йўқлиги, битим томонларининг тенг ҳуқуқлилиги;

томонларнинг битим бўйича мажбуриятларни виждонан бажариши;

хавф-хатарлар ва мажбуриятларнинг битим томонлари ўртасида адолатли тақсимланиши;

давлат-хусусий шериклик томонлари ўзаро муносабатларининг битимда келишиб олинган асоси.

4. Ушбу Низомга мувофиқ тиббиёт муассасаларини ташкил этиш учун хусусий шерикларга ер участкаларини тақдим этишда уларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг айрим қарорларида белгиланган юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаларини ажратиш тартиби татбиқ этилмайди.

5. Хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тиббий  фаолият қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тиббий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия асосида амалга оширилади.

6. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантириладиган объектлар ва ер участкалари реестри асосида таклиф этилади.

II боб. Танлов ўтказиш тартиби

7. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун танлов очиқ турда ўтказилади ва барча юридик шахслар қатнашиши мумкин.

8. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

танловнинг соҳасини белгилаш;

танлов ҳужжатларини (зарур ҳолларда ихтисослашган техник ва тижорий консультантларни жалб этган ҳолда) тайёрлаш;

танловни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ва/ёки танловда қатнашиши мумкин бўлганларга танловда қатнашиш учун таклифномалар жўнатиш;

танлов қатнашчиларидан танлов бўйича таклифларни қабул қилиш;

танловда қатнашувчилар рўйхатини шакллантириш;

танлов бўйича тушган таклифларни баҳолаш ва танлов ғолибини аниқлаш;

танлов ғолиби билан битимни имзолаш.

9. Хусусий шерик Танлов комиссиясига танловда иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

хусусий шерикнинг Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;

танловда иштирок этиш учун ариза тақдим этиладиган кундан камида бир ой олдин солиқлар, йиғимлар, бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик ҳамда бошқа молиявий санкциялар йўқлиги тўғрисида маълумот;

хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳасини реализация қилишнинг молиявий имкониятини тасдиқловчи лойиҳа қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги маблағнинг мавжудлиги тўғрисида солиқ органидан тасдиқланган маълумот;

объектни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича эскиз лойиҳавий таклиф;

объектни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича Вазирлик томонидан тақдим қилинган лойиҳа талабларига асосан дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар;

хусусий шерик томонидан унинг ҳужжатлари Комиссия томонидан кўриб чиқилиши учун Вазирликнинг бюджетдан ташқари махсус ҳисоб варағига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдоридаги йиғим киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжат. Бунда, Танлов комиссиясининг қароридан қатъий назар ушбу йиғим қайтарилмайди.

Қайта ташкил этилаётган, тугатилаётган ёки банкрот бўлаётган, мол-мулки хатланган даъвогарларнинг танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

10. Ҳужжатлар ушбу Низомда назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда берилган бўлса, хусусий шерикка ўн иш куни мобайнида қайтарилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар талаблари бузилганлиги ҳақидаги хабар ёзма шаклда, шу жумладан электрон почта орқали хусусий шерикка топширилади (жўнатилади). Хабарда қандай талаблар бузилганлиги кўрсатилади.

11. Вазирлик ҳудуд аҳолисининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Давлат рақобат қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган таклифларни ўрганиш натижаларига асосан ушбу Низомнинг иловасидаги схемага мувофиқ танловни эълон қилиш орқали давлат-хусусий шерикликнинг лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилиши мумкин.

12. Вазирлик танлов бошланишидан 30 кун аввал танлов савдолари ўтказилиши ҳақидаги эълонни Вазирлик расмий сайтининг махсус бўлимига, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги сайтида ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларига мажбурий тартибда жойлаштиради.

13. Танлов ҳақидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

Вазирликнинг номи ва почта манзили, унинг телефон рақами ва электрон почта манзили;

объект номи, жойлашган ери, сони, тавсифи;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш шартлари;

давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш шаклларига қараб талаб этиладиган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларнинг энг кичик ҳажми;

танлов ўтказиладиган сана, вақт ва жой;

танлов таклифлари қабул қилинадиган охирги муддат (куни ва соати кўрсатилган ҳолда).

14. Танлов камида икки иштирокчидан ариза келиб тушса ўтказилади ҳамда танлов якунлари бўйича қарор Комиссия томонидан 1 иш куни давомида қабул қилинади. Танлов бўйича таклифи давлат-хусусий шериклик лойиҳасини бажариш  учун энг мақбул деб топилган иштирокчи танлов ғолиби деб эътироф этилади.

Танлов таклифларини мақбул танлаб олишнинг асосий мезонлари қуйидагилар ҳисобланади:

хусусий инвестициялар ҳажми;

таклиф этилаётган энг мақбул нарх;

янги яратиладиган иш ўринлари сони;

имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахсларнинг маълум қисмига имтиёзли равишда хизмат кўрсатиш миқдорларини белгилаш ёки бепул хизмат кўрсатиш ҳажми;

давлат-хусусий шерикчилик асосида тузилаётган тиббиёт муассасасининг қуввати;

хусусий шерикнинг ҳуқуқий мақоми, иш тажрибаси, тижорат обрўси ва кредит тарихи текшируви;

Давлат-хусусий шериклик асосида тузилаётган тиббиёт муассасаси йўналишидан келиб чиққан ҳолда, Вазирлик томонидан белгиланадиган қонун билан тақиқланмаган бошқа мезонлар.

Алоҳида мезонлар белгиланган тақдирда мазкур талаблар танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонда баён қилиниши лозим.

Танлов якунлари бўйича таклифларининг параметрлари танлов шартларига мос келадиган, бироқ танлов ҳужжатларига мувофиқ ғолиб томонидан таклиф этилган параметрлар даражасидан пастроқ бўлган захирадаги ғолиб аниқлаб олинади.

Танлов ғолиби давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни ушбу Низомнинг 19-бандида назарда тутилган муддатларда имзолашни рад этса ёки имзолашдан бўйин товласа, захирадаги ғолиб билан тегишли битим тузишга рухсат берилади. Танловнинг захирадаги ғолиби билан битим танлов ғолиби билан битим тузиш тартибига ўхшаш тартибда тузилади.

15. Бир иштирокчидан ҳужжат келиб тушган тақдирда, танлов ўтказилмайди ва 10 иш куни мобайнида танлов қайтадан эълон қилинади. Қайта ўтказиладиган танловда иштирок этувчи талабгор сони бир нафарни ташкил этганда, битим тўғридан-тўғри ушбу талабгор билан тузилади. Бунда, мазкур талабгорнинг ҳужжатлари давлат-хусусий шерикликни ташкил этиш мезонларига мос келиши керак.

16. Вазирлик Комиссиянинг танлов якунлари бўйича қарори қабул қилинган кундан кейин 3 иш кунида ўз расмий веб-сайтига ахборот жойлаштириш орқали танлов натижалари ҳақида танлов иштирокчиларини хабардор қилиши шарт.

17. Танлов иштирокчиси Танлов комиссияси қароридан норози бўлса қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

III боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича

битимни тузиш тартиби

18.  Комиссиянинг ижобий қарори асосида у қабул қилинган кундан бошлаб 45 иш куни ичида Вазирлик ва хусусий шерик қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларига риоя қилган ҳолда битим тузади.

19. Битимда уни амалга ошириш шаклига қараб қуйидагилар келтирилган бўлиши керак:

лойиҳани амалга ошириш учун кўзда тутилаётган давлат ва хусусий шерикнинг инвестициялар объекти ва ҳажми;

лойиҳани амалга ошириш учун кўзда тутилаётган давлат бюджети ва хусусий шерикнинг маблағлари ҳажми;

битимнинг амал қилиш муддати ва шартлари;

объектни фойдаланишга топшириладиган ва фаолияти бошланадиган муддатлар;

битим томонлари ўртасида ҳисоб-китоблар тартиби;

қонун ҳужжатларида кўзда тутилган имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли тўлов ҳажмлари  ёки бепул тиббий хизматлар кўрсатиш ҳажми;

битим томонларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, пудрат ишлари учун шартномалар тузиш муддатлари, лойиҳани молиялаштириш манбалари, амалга ошириш жадваллари, лойиҳа бажарилишининг бориши устидан техник назорат қилиш тартиби тўғрисида маълумот;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бажарилиши устидан мониторинг ўтказиш тартиби;

хусусий шерик томонидан бошқариш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш  мақсадида лойихалаштириладиган, қуриладиган, қайта тикланадиган, жиҳозланадиган ҳамда реконструкция қилинадиган инфраструктуранинг таркиби ва асосий параметрлари;

инфратузилмавий объектлар, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида бажариладиган ишлар, ишлаб чиқариладиган ва (ёки) кўрсатиладиган хизматлар сифатига қўйиладиган талаблар;

хусусий шерик томонидан ўз мажбуриятларини бажариш жараёни тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш тартиби ва муддатлари;

Вазирлик ва хусусий шерик ўртасида битим тузиш билан боғлиқ хавф-хатарларни тақсимлаш тартиби ва шартлари;

Вазирлик томонидан хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўтказиб бериладиган инфратузилма объектига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби;

объектдан фойдаланиш, унга техник хизмат кўрсатиш, уни лойиҳалаштириш, қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш, жиҳозлаш ва  модернизациялаш тартиби;

битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин битимни ижро этиш жараёнида яратилган объектга ва бошқа мулкка доир ҳуқуқларни тақсимлаш тартиби;

битим шартларига риоя қилмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби;

битимни бекор қилиш тартиби, шунингдек битимни муддатидан олдин бекор қилиш натижасида етказилган зарарларнинг ўрнини тўлдириш ёки қоплаш тартиби;

хусусий шерик томонидан мажбуриятлар бажарилмаслиги ёки тегишлича бажарилмаслиги учун санкциялар;

битимни амалга оширишда юзага келадиган мунозараларни ҳал қилиш тартиби.

Битимда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам келтирилиши мумкин

21. Битимни имзолашга тайёрлаш учун Вазирлик хусусий шерикка битим лойиҳасининг матнини тақдим этади.

22. Заруриятга кўра, битим қоидаларини Вазирлик ва хусусий шерик ўртасида келишиб олиш мақсадида музокаралар ўтказилади.

23. Тузилган битимларнинг ягона реестри Вазирлик томонидан юритилади.

IV Боб. Вазирлик томонидан хусусий шерикка беморларни

йўлланма асосида юбориш тартиби

 

24. Вазирлик хусусий шерикка битимда кўрсатилган шартларда имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахсларни  имтиёзли тўлов шартлари ёки бепул асосда даволаниш учун йўлланма асосида юборади.

Бунда, шахсларнинг имтиёзли тўлов миқдори ва бепул тиббий хизмат кўрсатиладиган шахслар сони битимда белгиланади.

25. Йўлланма Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ва вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан расмийлаштирилади.

26. Имтиёзли тўлов шартлари асосида қабул қилинадиган шахслар учун давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган тиббиёт муассасасига йўлланма олишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ариза;

тиббий картадан олинган кўчирма;

мазкур шахснинг имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахслар тоифасига киришини тасдиқловчи ҳужжат ёки Вазирлик томонидан берилган хулоса.

V боб. Хусусий шерикка ер участкаларини ажратиш тартиби

 

27. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шаклларини амалга ошириш мақсадида бепул асосда ер участкалари ажратилади:

хусусий тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш ва доимий фойдаланиш мақсадида;

мавжуд давлат тиббиёт ташкилотларини қайтадан қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш шарти билан хусусий тиббиёт ташкилотлари объектлари қуриш ва доимий фойдаланиш учун;

хусусий тиббиёт ташкилотлари биноларини қуриш ва вақтинча фойдаланиш  учун;

концессия асосида бино қуриш ва жиҳозлаш учун ер участкаларини ажратиш.

28. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимияти ёки туман (шаҳар) ҳокимиятлари томонидан танлов ғолибига ер участкаси Танлов комиссиясининг қарори асосида ажратилади.

29. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёки туман (шаҳар) ҳокимияти уч кун ичида:

нодавлат тиббиёт муассасасини ташкил этиш мақсадида ер участкасини хусусий шерикка доимий фойдаланиш учун тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

ер участкаси тақдим этиш тўғрисидаги қарорни «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туманлардаги (шаҳарлардаги) филиалига юборади ҳамда Вазирликни хабардор қилади.

30. «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг туман (шаҳар) ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси филиали ер участкасини тақдим этиш тўғрисидаги қарор олинган кундан бошлаб икки иш куни ичида тақдим этилган материаллар асосида ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказади, шунингдек хусусий шерикка ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради.

31. Ер участкасини тақдим этишга доир материалларни тайёрлаш ва келишиш билан боғлиқ харажатлар хусусий шерик томонидан қопланади.

32. Тузилган битим шартларига мувофиқ балансда сақловчи ўн кунлик муддат ичида хусусий шерикка объектни тақдим этади, хусусий шерик эса битимнинг амал қилиш муддати тугаши билан ёки битим муддатидан олдин бекор қилинса, балансда сақловчига ёки Вазирликка ер участкалари ва  объектни битим шартларига мос ҳолда қайтариши шарт.

VI боб. Давлат ташкилотларининг бўш турган, фаолият кўрсатмаётган, кам фойдаланиладиган  давлат объектлари ва мол-мулкларини хусусий шерикка мақсадли фойдаланиш учун тақдим этиш тартиблари

 

 

33. Бўш турган давлат мулки объектларини, шу жумладан фаолият кўрсатмаётган давлат тиббиёт ташкилотларининг бино ва иншоотларини мақсадли фойдаланиш учун “нол” харид қийматида сотиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Вазирлик давлат мулки бўлган бўш турган объектларни, шу жумладан фаолият кўрсатмаётган давлат тиббиёт муассасаларининг биноларини “ноль” харид қиймати бўйича хусусий шерикка ўтказиш учун Давлат рақобат қўмитасига битим тузилган санадан сўнг беш кун ичида танлов ғолиби ҳақидаги маълумотни ва битимнинг кўчирма нусхасини юборади;

балансда сақловчи ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда инвентаризация ўтказади ва инвентаризация натижалари бўйича Давлат рақобат қўмитасига ёки ҳудудий органига тақдим этади;

балансда сақловчи ва хусусий шерик ўртасида инвентаризация ҳужжати асосида объектни топшириш-қабул қилиш далолатномаси унинг баланс қиймати кўрсатилган ҳолда имзоланади;

беш иш куни ичида Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органи хусусий шерикка тасарруф этиш ҳуқуқисиз белгиси билан эгалик қилиш ҳуқуқи учун давлат ордерини беради.

балансда сақловчи ва хусусий шерик ўртасида ўтказиш тўғрисидаги ҳужжат имзолангач, бир ҳафталик муддатда коммунал ва эксплуатация хизматларини етказиб берувчилар томонидан белгиланган тарифларни ҳисобга олган ҳолда коммунал ва эксплуатация хизматлари бўйича тўловлар миқдорини, уларни киритиш тартиби ва муддатларини тартибга солувчи битим тузилади. Электр энергияни, сув ва газни ҳисобга олувчи зарур ускуналар балансда сақловчи ёки хусусий шерик томонидан битим шартларига мувофиқ ўрнатилади.

         битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг, хусусий шерик ўз мажбуриятларини ва битим шартларини бажарган тақдирда, Вазирлик томонидан тақдим этилган маълумот асосида Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органи хусусий шерик томонидан эгалик қилиш ҳуқуқи учун давлат ордерининг асл нусхаси тақдим этилган кундан бошлаб, беш иш кунидан ошмайдиган муддатда қабул қилувчи комиссиянинг ҳужжати, шунингдек аудит хулосаси асосида ордерга “тасарруф этиш ҳуқуқи билан белгисини қўяди.

34. Давлат тиббиёт ташкилотларининг фойдаланилмаётган, кам фойдаланиладиган ёки реконструкция қилиш ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қиладиган мавжуд бино, иншоот ва тиббий асбоб-ускуналарини фойдаланишга бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Вазирлик битим тузилган вақтдан бошлаб, беш иш куни ичида битимни Қорақалпоғистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси, Давлат рақобат қўмитасининг вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари қошидаги Давлат мулкини ижарага бериш Марказига рўйхатдан ўтказиш учун юборади. Бунда, ижара шартномасини тузиш учун битим асос ҳисобланади ва ижара шартномаси “ноль” қийматда тузилади;

объектни топшириш ва қабул қилиш томонларнинг ишончли вакиллари иштирокида икки томонлама ўтказиш тўғрисидаги далолатнома асосида амалга оширилади;

тузилган битим шартларига мувофиқ балансда сақловчи ўн кунлик муддат ичида хусусий шерикка объектни тақдим этади, хусусий шерик эса битимнинг амал қилиш муддати тугаши билан ёки битим муддатидан олдин бекор қилинса, балансда сақловчига ёки Вазирликка объектни битим шартларига мос ҳолда қайтариши шарт.

35. Балансда сақловчи ва хусусий шерик ўртасида ўтказиш тўғрисидаги ҳужжат имзолангач, бир ҳафталик муддатда коммунал ва эксплуатация хизматларини етказиб берувчилар томонидан белгиланган тарифларни ҳисобга олган ҳолда коммунал ва эксплуатация хизматлари бўйича тўловлар миқдорини, уларни киритиш тартиби ва муддатларини тартибга солувчи битим тузилади. Электр энергияни, сув ва газни ҳисобга олувчи зарур ускуналар балансда сақловчи ёки хусусий шерик томонидан битим шартларига мувофиқ ўрнатилади

36. Тузилган битим шартларига мувофиқ балансда сақловчи ўн кунлик муддат ичида хусусий шерикка объектни тақдим этади, хусусий шерик эса битимнинг амал қилиш муддати тугаши билан ёки битим муддатидан олдин бекор қилинса, балансда сақловчига ёки Вазирликка объектни битим шартларига мос ҳолда қайтариши шарт.

VII боб. Концессия асосида қуриш, қайта қуриш ва жиҳозлаш учун ер участкаси ёки бино ажратиш тартиби

 

37. Тиббиёт муассасаларини қуриш, қайта қуриш ва жиҳозлаш учун Вазирлик ва хусусий шерик ўртасида концессия асосида битим тузилиши мумкин.

38. Тиббиёт муассасасини қуриш учун хусусий шерикка ер участкасини ажратиш мазкур низомнинг 33- ва 34-бандларига асосан амалга оширилади.

39. Тиббиёт муассасасини қайта қуриш ва жиҳозлаш учун хусусий шерикка  реестрга киритилган объектлар  ажратилади.

40. Хусусий шерик тақдим этилган ер участкасига ва биноларга тасарруф этиш ҳуқуқисиз эгалик қилади ва улардан фойдаланади.

41. Тиббиёт муассасасини қуриш, қайта қуриш, жиҳозлаш ва ундан фойдаланиш натижасида хусусий шерик томонидан олинган даромадлар концессия битимида белгилаб бериладиган миқдорларда унинг мулки ҳисобланади.

42. Лойиҳани амалга оширишда хусусий шерик асосий фаолиятдан, шунингдек бошқа қўшимча фаолиятдан фойда олиш ҳуқуқига эга. Қўшимча фаолиятни амалга ошириш Вазирлик билан олдиндан келишиб олинади ва бундай фаолиятни амалга оширишда тақдим этилган ер участкасидан кўпи билан 30 фоизигача бўлган миқдорда фойдаланилади.

43. Концессия асосидаги битимнинг амал қилиш муддати тугаши билан объект Вазирликка ўтказилади.

VIII боб. Давлат тиббиёт муассасаларини хусусий шерикка ишончли бошқарувга топшириш тартиби

44. Самарасиз фаолият кўрсатаётган, Уставда белгиланган мажбуриятларини тўлиқ бажармаётган, моддий-техника базаси талаб даражасида бўлмаган давлат тиббиёт муассасалари ва уларнинг таркибий қисмлари хусусий шерикка ишончли бошқарувга берилиши мумкин.

Шунингдек, давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш, молиявий эркинлик бериш натижасида фаолият тури яхшиланадиган давлат корхоналари, тўлиқ ёки қисман бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган тиббиёт ташкилотлари ва уларнинг таркибий қисмлари ишончли бошқарувга берилиши мумкин.

45. Давлат тиббиёт ташкилотларини ишончли бошқарувга узоқ муддатга беришдан мақсад, тиббиёт муассаса ва унинг таркибий қисмларини самарали фаолият кўрсатадиган, тўлиқ ёки қисман таъмирдан чиқариш ва моддий-техник базасини яхшилашдан иборат.

46. Вазирлик билан хусусий шерик ўртасида тузиладиган битимга асосан амалдаги қонун ҳужжатлари асосида ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгилаб олинади.

47. Ишончли бошқарувга берилган давлат тиббиёт ташкилотларининг тузилмасини ўзгартириш Вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

48. Вазирлик томонидан хусусий шерикка битимда белгиланадиган қўшимча мажбуриятлар юклатилиши мумкин.

49. Ишончли бошқарувга берилган давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган бепул тиббий хизматлар сақлаб қолинади, бунда, давлат бюджети маблағлари хусусий шерикнинг харажатларини қоплаш мақсадида молиялаштирилади бунда, кўрсатилган хизматлар учун нархлар Вазирлик билан келишилган ҳолда белгиланади.

50. Вазирлик битим тузилган вақтдан бошлаб, беш иш куни ичида битимни Қорақалпоғистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси, Давлат рақобат қўмитасининг вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари қошидаги Давлат мулкини ижарага бериш Марказига рўйхатдан ўтказиш учун юборади. Бунда, ижара шартномасини тузиш учун битим асос ҳисобланади ва ижара шартномаси “ноль” қийматда Вазирлик билан тузилади.

51. Объектни топшириш ва қабул қилиш томонларнинг ишончли вакиллари иштирокида икки томонлама ўтказиш тўғрисидаги далолатнома асосида амалга оширилади;

тузилган битим шартларига мувофиқ балансда сақловчи ўн кунлик муддат ичида хусусий шерикка объектни тақдим этади, хусусий шерик эса битимнинг амал қилиш муддати тугаши билан ёки битим муддатидан олдин бекор қилинса, объектни балансда сақловчига ёки Вазирликка битим шартларига мос ҳолда қайтариши шарт.

IX боб. Давлат тиббиёт ташкилотларининг айрим функциялари ёки хизматларини тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида ўтказиш тартиби

52. Мазкур боб давлат тиббиёт ташкилотларининг нотиббий хизмат турларини тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида ўтказиш тартибини белгилайди.

53. Давлат тиббиёт муассасаси аутсорсерни Давлат харидлари орқали танлаб олади.

54. Танлов савдолари тегишли молиявий йил учун тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ манбалари мавжудлиги тасдиқланган хизматлар учунгина эълон қилинади.

55. Давлат тиббиёт муассасасининг харажатлар сметасида тегишли мақсадларга кўзда тутилган бюджет маблағлари манба бўлиб хизмат қилади. Бунда, тиббиёт муассасаси аутсорсерга бериладиган ишлар (хизматлар)ни бажариш билан банд бўлган персонални қисқартиради.

56. Аутсорсинг тизимига ўтилиши натижасида тегишли штат бирлигига ҳақ тўлаш ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тежалган бюджет маблағлари тўлиқ миқдорда хизматлар сифатини оширишга йўналтирилади.

57. Давлат тиббиёт муассасасининг алоҳида функциялари аутсорсинги қуйидаги мақсадларга эришишни таъминлаши лозим:

давлат тиббиёт муассасининг  иқтисодий самарадорлигини ошириш ва хўжалик фаолияти харажатларини қисқартириш;

фаолиятнинг асосий бўлмаган турларини ривожлантириш учун давлат тиббиёт бирлашмасининг инвестицияларга бўлган эҳтиёжини камайтириш;

аутсорсерга берилган ишлар (хизматлар)нинг алоҳида турлари сифатини ошириш. 

58. Вазирлик ишлаб чиқариш қувватларининг объектив параметрларини ҳисобга олган ҳолда хизматлар кўрсатишнинг алоҳида  (овқатланишни ташкил қилиш, кир ювиш хизматлари кўрсатиш ва бошқалар) турларини марказлаштирилиши мақсадида танлов эълон қилиши мумкин.

59. Аутсорсинг бўйича нотиббий хизматлар тўғрисидаги битимларнинг намунавий шакли Вазирлик томонидан тасдиқланади.

60. Аутсорсинг хизматлар маълум ҳудудда ягона етказиб берувчи (хусусий шерик) томонидан амалга ошириладиган ҳолатларда хизматлар қиймати молия органлари билан келишилган ҳолда давлат тиббиёт муассасалари билан тўғридан-тўғри шартномалари  тузилади.

61. Аутсорсерга ижара шартномаси доирасида вақтинчалик фойдаланишга бериладиган ишлаб чиқариш бинолари ва жихозлардан фойдаланганлик учун тўлов “ноль” қийматда белгиланади.

62. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва ҳудудлардаги молия бош бошқармалари давлат тиббиёт муассасалари харажатлари сметаларида аутсорсер томонидан кўрсатиладиган тиббий ва қўшимча хизматларга ҳақ тўлаш учун зарур бюджет маблағларини алоҳида модда билан ҳисобга оладилар.

X боб. Тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида давлат тиббиёт муассасаларининг тиббий хизматларини ўтказиш тартиби

63. Тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида давлат тиббиёт муассасалари фаолияти учун зарур бўлган, Вазирлик томонидан тасдиқланган даволаш стандартларига кирувчи тиббий хизматларни бериш ёки харид қилиш  танлов асосида амалга оширилади.

64. Аутсорсер томонидан бажариладиган қўшимча хизматлар учун тўловлар ҳажми танлов асосида энг яхши таклифни танлаш натижалари бўйича белгиланади.

65. Тиббий хизматларнинг алоҳида турлари, бундай хизматлар (ишлар)нинг ҳудудий белгиларга кўра ягона етказувчиси (монополист) томонидан бажарилган ҳолларда тўловлар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан аутсорсернинг барча ҳаражатлари, шу жумладан устама нархни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

66. Аутсорсерга ижара шартномаси доирасида вақтинчалик фойдаланишга бериладиган ишлаб чиқариш бинолари, ускуналари ва жиҳозларидан фойдаланганлик учун тўлов “ноль” ставкада белгиланади. 

67. Аутсорсинг бўйича тиббий хизматлар тўғрисидаги битимларнинг намунавий шакли Вазирлик томонидан тасдиқланади.

68. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва ҳудудлардаги молия бош бошқармалари давлат тиббиёт муассасалари харажатлари сметаларида аутсорсер томонидан кўрсатиладиган тиббий ва қўшимча хизматларга ҳақ тўлаш учун зарур бюджет маблағларини алоҳида модда билан ҳисобга оладилар.

69. Давлат тиббиёт муассасалари ҳар қандай вақтда аутсорсернинг фаолиятига аралашмаган ҳолда аутсорсер томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг бориши ва сифатини текшириши мумкин.

70.  Аутсорсерлар давлат тиббиёт муассасаси билан тузилган битим шартларига мувофиқ, қонунчиликда белгиланган қоидалар, талабларга риоя қилиш бўйича жавобгардирлар.

XI бобЯкуний қоидалар

 

71. Вазирлик зарур ҳолларда, хусусий шерик билан келишув асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга, жумладан, хусусий шерик томонидан имтиёзли (ёки бепул)  ҳажмлари бўйича даволаниши шарт бўлган имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахслар сонини оширишга ёки камайтиришга доир қисмига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқига эга.

72. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор томонлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни

ташкил этиш тўғрисидаги низомига ИЛОВА
 

Вазирлик томонидан давлат–хусусий шериклиги тўғрисидаги таклифни киритиш тартиби

СХЕМАСИ

 

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Танловнинг эълон қилиниши

Заруратга қараб

2-босқич

Хусусий шерик

Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳужжатлар тақдим қилиш

Танлов эълон қилинганидан кейин 30 кун мобайнида

3-босқич

Танлов комиссияси

Ҳужжатларнинг Низом талабларига жавоб бериши ёки бермаслигини текшириш ишлари, Низом талабларига жавоб бермаган тақдирда ҳужжатларни қайтариш

Танлов кунидан 10 иш куни мобайнида

4-босқич

Танлов комиссияси

Ҳужжатлар бир иштирокчидан кўп  бўлса, танлов ва ғолибни белгилаш, ўтказиш, танлов натижалари асосида қарор қабул қилиш ва ғолибни белгилаш

Танлов куни

5-босқич

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўз расмий веб сайтида маълумот бериш орқали хусусий шерикни хабардор қилиш

Қарор қабул қилингандан 3 иш кунида

6-босқич

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва хусусий шерик

Давлат шериклиги тўғрисидаги

битимни тузиш

Танлов комиссияси қарори қабул қилинганидан сўнг 45 кун мобайнида

 

 

Общие предложения

1616