Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
18337 Служба государственной безопасности 30/05/2020 14/06/2020 1

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари ҳақидаги Низомни тасдиқлаш ва унинг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-18337

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонун талабларини бажариш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда фуқароларнинг ихтиёрий асосда иштирокини таъминлаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари ҳақидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отряди аъзоларига тўланадиган ойлик тўловлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан амалга оширилади ва ушбу харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун чегара олди ҳудудларда жойлашган давлат муассасалари биноларидан алоҳида хоналар ажратсин ҳамда уларни мебель ва компьютер жиҳозлари билан таъминласин.

4. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядлари тўғрисида”ги 2014 йил 30 сентябрдаги 273-сонли қарори тўлиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси А.А. Азизов ва Молия вазири Т.А. Ишметов зиммаларига юклансин.

 

                       Ўзбекистон Республикасининг

                                      Бош вазири                                                        А. Арипов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил “___”______ даги ___ – қарорига Илова

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати

Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари”

отрядлари тўғрисидаги

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Қонун асосида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи “Чегара посбонлари” отрядларининг (кейинги матнларда – кўмаклашувчи отрядлар) сардори ва аъзоларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, вазифалари, уларни ташкил этиш, иш фаолиятини ташкиллаштириш, отряд сардори ва аъзоларини рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоялаш ҳамда моддий-техникавий таъминоти тартибини белгилайди.

2. Кўмаклашувчи отряд – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари (кейинги матнларда – Чегара қўшинлари) томонидан Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш учун ихтиёрий равишда жалб қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан ташкил этилган жамоатчилик тузилмаси ҳисобланади.

Кўмаклашувчи отряд сардори – доимий равишда Ўзбекистон Республикаси чегара олди ҳудудида истиқомат қилувчи отряд аъзоларидан тайинланиб, Чегара қўшинлари бўлинма командирининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича кўрсатмаларини бажарадиган шахс ҳисобланади.

Кўмаклашувчи отряд аъзоси – доимий равишда Ўзбекистон Республикаси чегара олди ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролардан танланиб, Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича кўмаклашувчи отряд сардори кўрсатмаларини бажарадиган шахс ҳисобланади.

3. Кўмаклашувчи отрядлар чегара зонасида, Давлат чегарасига туташ туманларда истиқомат қилувчи фуқаролар, Давлат чегараси яқинида жойлашган муассаса, корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ишчи ва хизматчилардан ташкил этилади.

4. Кўмаклашувчи отрядлар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, маҳаллий бошқарув ҳокимият органларининг қарорлари, кўмаклашувчи отряд фаолиятини тартибга солувчи Давлат хавфсизлик хизмати ички идоравий – ҳуқуқий ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширадилар.

5. Кўмаклашувчи отрядлар аъзолигига юкланган вазифаларни бажаришга ихтиёрий равишда иштирок этиш истагини билдирган, соғлом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қиладиган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

6. Кўмаклашувчи отрядларга қабул қилиш ва рўйхатдан чиқариш Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирининг буйруғи асосида, унинг таркиби ҳудуднинг географик жойлашуви, вазияти ва заруратидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир чегара бўлинмаси қошида тузилиб, унинг таркиби 1 нафар сардор ва 9 нафаргача бўлган отряд аъзоларидан ташкил топиши мумкин.

Кўмаклашувчи отрядлар аъзолигига қабул қилиш ва рўйхатдан чиқариш Давлат хавфсизлик хизмати ички идоравий – ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Кўмаклашувчи отрядлар аъзолигига қабул қилишда икки томонлама меҳнат шартномаси тузилмайди ва меҳнат дафтарчаси юритилмайди.

7. Фуқароларнинг кўмаклашувчи отряддаги иштироки уларни ўз иш фаолиятларини бажаришдан ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташдан озод қилмайди.

Давлат чегарасини қўриклаш ва ҳимоя қилишда фаол иштирок этиб, ўзини кўрсатган кўмаклашувчи отряд аъзолари муддатли ҳарбий хизматни ўташга чақиртирилганда, жойлардаги Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирларининг тавсияномаси билан Чегара қўшинлари сафида белгиланган тарзда ҳарбий хизматни ўташлари мумкин.

8. Кўмаклашувчи отряд аъзолари асосий иш фаолиятлари ва ундан бўш вақтларида Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда иштирок этадилар.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда, зарурият туғилганда кўмаклашувчи отряд аъзолари ўзларининг асосий иш жойининг маъмуриятини розилиги асосида иш фаолиятидан вақтинча озод қилинади ва бунда уларнинг иш стажи ҳамда ойлик маоши ўз ҳолича сақланиб қолинади.

Ушбу ҳолат юзасидан, Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командири томонидан кўмаклашувчи отряд аъзосининг асосий иш жойига хизмат хати тақдим қилинади.

 

2-боб. Кўмаклашувчи отрядларни ташкил этиш тартиби

10. Кўмаклашувчи отрядига номзодлар, ташкилотчилик, кучли ирода, топқирлик, ташаббускорлик қобилиятларига, шунингдек, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў – эътиборга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан танланади.

 

11. Кўмаклашувчи отрядларга ўз турмуш тарзи билан аҳоли ўртасида салбий тавсифланганлар, руҳий касаллиги, гиёҳвандликка, сурункали ичкиликбозликка ружу қўйганлиги учун тегишли тиббиёт муассасалари ҳисобида турганлар ва Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари тергов бўлинмалари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиши белгиланган жиноятларни содир этган шахслар қабул қилинмайди.

12. Кўмаклашувчи отрядга қабул қилиш фуқаронинг ҳарбий қисм командири номига тақдим қилган ёзма мурожаати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхаси асосида амалга оширилади. Мурожаат, келиб тушган кундан бошлаб бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилиб, номзодни  кўмаклашувчи отряд аъзолигига қабул қилиш ёки қилмаслик масаласи ҳал қилинади.

Агарда, номзод бўйича ижобий қарор қабул қилинмаса, унга жавоб хатида рад этиш сабаблари кўрсатилмайди.

13. Кўмаклашувчи отрядга қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳарбий қисм командирининг буйруғи кучга кирганидан сўнг, унинг кўчирмаси кўмаклашувчи отряд аъзосининг асосий иш жойи раҳбариятига юборилади.

14. Ҳарбий қисм командири томонидан кўмаклашувчи отряд аъзоларига белгиланган тартибда гувоҳнома берилади.

Кўмаклашувчи отряд аъзоларига бериладиган гувоҳнома шакли ва уни бериш тартиби Давлат хавфсизлик хизмати ички идоравий – ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

15. Ўз вазифасини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган, фаолияти салбий баҳоланган, қонунга зид ҳатти – ҳаракатлар содир этган, ҳамда ўз хоҳиши билан отряд аъзолигидан бўшатилишини сўраб мурожаат қилган кўмаклашувчи отряд аъзоси тегишли буйруқ асосида отряд таркибидан чиқарилади ва гувоҳномаси олиб қўйилади ҳамда бу ҳақида унинг асосий иш жойи раҳбарияти хабардор қилинади.

16. Кўмаклашувчи отряд аъзоси иш, яшаш ёки ўқиш жойини ўзгартирганлиги муносабати билан отряд таркибидан чиқарилганда, унинг мурожаати ва олдинги ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан берилган тавсифнома асосида янги иш, яшаш ёки ўқиш жойидан қайтадан отряд аъзолигига қабул қилиниши мумкин.

17. Кўмаклашувчи отрядлар таркибига қабул қилинаётган ва чиқарилаётган аъзолари ҳисобини юритиш Чегара қўшинларининг жойлардаги бўлинма командирлари томонидан амалга оширилади.

 

3-боб. Кўмаклашувчи отрядларнинг иш фаолиятини ташкиллаштириш

18. Кўмаклашувчи отряд аъзолари иш фаолиятини ҳарбий қисм ва чегара бўлинмаси командирлари томонидан ишлаб чиқилган режалар асосида қуйидагича амалга оширади:

ўзларига белгиланган ҳудудда вазиятни мунтазам кузатиб бориш;

Давлат чегараси режими, чегара олди режими ва Ўзбекистон Республикаси орқали ўтказиш пунктларидаги режим қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш ва чегара қидируви тадбирларида иштирок этиш;

Кўмаклашувчи отрядлар Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш фаолияти доирасида қонун билан тақиқланмаган бошқа тадбирларга ҳам жалб қилиниши мумкин.

19. Кўмаклашувчи отряд сардори отряд аъзоларининг Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолиятлари якунланганидан сўнг, унинг натижалари бўйича ҳамда жавобгарлик ҳудудидаги вазият хусусида чегара бўлинмаси командирига ҳисобот беради.

20. Кўмаклашувчи отряд аъзоларини ўқитиш, тарбиялаш, иш фаолиятларини бажариш давомида уларга йўриқнома ўтказиш ва вазифалар қўйиш, улар фаолият олиб бораётган жавобгарлик ҳудудида жойлашган Чегара қўшинлари бўлинмасида амалга оширилади.

Бир неча кўмаклашувчи отрядлар фаолиятини умумий натижалари бўйича йиғилишлар ўтказиш ва хулоса чиқариш улар иш фаолиятини олиб бораётган ҳарбий қисмда ташкиллаштирилади.

 

4-боб. Кўмаклашувчи отряд аъзоларининг

ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва вазифалари

21. Кўмаклашувчи отрядлар Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси чегара олди ҳудудларида ҳаракатланиб келаётган шахсларнинг ҳужжатларини текшириш;

чегара қўшинлари бўлинмаси командири томонидан юклатилган вазифаларни бажаришда ҳамда олинган маълумотларни ўз вақтида етказишда, муассаса, корхона ва ташкилотларнинг хизмат алоқа (телефон) воситаларидан фойдаланиш;

чегара олди ҳудудида ҳаракатланаётган шахслардан режим қоидаларига ва жамоат тартибига амал қилишларини талаб қилиш;

Давлат чегараси билан боғлик ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган ҳуқуқбузарларни, жиноят содир этишда гумон қилинганларни ҳамда шубҳали шахсларни ушлаш ва уларни тегишли тартибда чегара бўлинмаларига олиб бориш.

Кўмаклашувчи отрядлар, қонун билан тақиқланмаган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

22. Кўмаклашувчи отрядлар қуйидагиларга мажбур:

Чегара қўшинларига Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда кўмаклашиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатишга;

иш фаолиятини ташкиллаштиришда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек ушбу Низом талабларига қатъий амал қилишга;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан ўтказиладиган тадбирларда, Чегара қўшинлари бўлинма командирлари ва отряд сардорларининг талабларини аниқ ва сидқидилдан, виждонан бажаришга;

Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишлар, ноқонуний равишда қурол – аслаҳа, ўқ – дорилар, гиёҳванд воситалари ёки психотроп моддалари контрабандаси ва бошқа турдаги чегарадан олиб ўтилиши тақиқланган буюмлар, воситалар ва маҳсулотларни ўтказилишига тайёргарлик кўрилаётган ҳолатлар ҳамда кузатув натижалари тўғрисида ўз вақтида Чегара қўшинлари бўлинма командирларини хабардор қилишга;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар вақтида, уларни олдини олиш бўйича зудлик билан керакли чора – тадбирларни кўришга;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича вазифани бажариш вақтида кўмаклашувчи отряд аъзолиги гувохномасини ўзининг ёнида олиб юришга.

Кўмаклашувчи отрядлар қонун билан тақиқланмаган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

23. Кўмаклашувчи отрядларнинг асосий вазифалари:

Давлат чегараси режимига, чегара олди режими ва Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимга риоя қилинишини таъминлаш юзасидан чегара олди аҳоли пунктларида амалга ошириладиган тадбирларда қатнашиш, белгиланган ҳудудларда кузатув олиб бориш ва иш фаолиятининг тунги вақтларида жамоат жойлари, маҳалла кўчалари ва чегара олди ҳудудларидаги қаровсиз жойларда тунги патруллик фаолиятларида иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш,  ундан қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалари контрабандаси ва бошқа турдаги чегарадан олиб ўтилиши таъқиқланган буюмлар, воситалар ва маҳсулотларни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётган ҳолатлар тўғрисида Чегара қўшинларига хабар бериш;

Давлат чегараси режими, чегара олди режими ва Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режим бузувчиларини қидириш ва уларни қўлга олишда Чегара қўшинларига кўмаклашиш;

чегара олди ҳудудларида, аҳоли пунктларига олиб борувчи йуналишларини беркитишда қатнашиш;

ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда ички ишлар органлари таркибидаги «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси билан ҳамкорликда чегара олди ҳудудларида истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли орасида Давлат чегара режими, чегара олди режими ва Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режим талабларига риоя этилишини ва чегара зонасида хавфсизликни таъминлаш, жамоатчилик тартибини сақлаш, Чегара қўшинлари таркибида муддатли ҳарбий ҳизматни ўташга ёшларни тайёрлашда тушунтирув-тарғибот тадбирларини олиб бориш;

табиий офатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда фуқароларни қутқариш, уларнинг мол – мулкларини сақлаб қолиш, фавқулодда вазият хавфи туғилганда аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш ва ушбу ҳолатларни чегара олди ҳудудларида бартараф этишда кўмаклашиш;

чегара олди ҳудудларида ижтимоий – маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда аҳоли пунктларида хавфсизликни ва жамоат тартибини сақлаш максадида, Чегара қўшинлари, ички ишлар органлари ва фвқулотда вазиятлар бўлинмалари томонидан ўтказиладиган ҳамкорликдаги профилактик-тарғибот тадбирлари ва тушунтирув ишларида иштирок этиш.

24. Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командири ва унинг ўринбосарлари томонидан кўмаклашувчи отряд аъзоларини ушбу Низомда ва Давлат хавфсизлик хизмати ички идоравий-ҳужжатларида назарда тутилмаган бошқа вазифаларни бажаришга жалб этиш таъқиқланади.

 

5-боб. Кўмаклашувчи отряд аъзоларининг жавобгарлиги

25. Кўмаклашувчи отряд аъзолари:

Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишлар, ноқонуний равишда қурол – аслаҳа, ўқ – дори, гиёҳванд воситалар ёки психотроп моддалар ва бошқа турдаги чегарадан олиб ўтилиши таъқиқланган буюмлар ва маҳсулотларни ўтказилишига тайёргарлик кўрилаётган ҳолатлар ҳамда Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда аҳамиятга молик маълумотларга эга бўла туриб, Чегара қўшинларини хабардор қилмаса;

Давлат чегарасида қонунга хилоф ҳаракатларини амалга ошириб келаётган ёки оширмоқчи бўлган шахсларга кўмаклашса ва унда иштирок этса;

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш бўйича вазифаларни бажариш вақтида, Чегара қўшинлари томонидан олиб борилаётган жанговар – хизмат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни бошқа шахсларга етказса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида жавобгарликка тортилади.

 

6-боб. Кўмаклашувчи отряд аъзоларини рағбатлантириш
ва ижтимоий ҳимоялаш

26. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни таъминлашда амалий ёрдам ва кўмак кўрсатганлиги учун кўмаклашувчи отряд сардори ва аъзоларига қуйидагича ойлик тўловлари белгиланади:

кўмаклашувчи отряд сардорларига – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваригача бўлган миқдорида;

кўмаклашувчи отряд аъзоларига – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,06 бараваригача бўлган миқдорида.

Кўмаклашувчи отряд аъзоларига ойлик тўловлар Давлат хавфсизлик хизматининг ички идоравий – ҳўжжатлари асосида амалга оширилади.

27. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда фаол иштирок этиб, ўзининг фаолиятида яхши натижаларга эришган кўмаклашувчи отряд аъзолари қуйидагича тақдирланади:

Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, жиноят ва бошқа турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни аниқлаш ҳамда ўзига юкланган вазифаларни бажаришда юксак натижаларга эришган ва ўрнак кўрсатганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат мукофотларига тавсия этиш билан;

отряд аъзосининг иш жойига хабар берган ҳолда унга миннатдорчилик эълон қилиш билан;

Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирларининг ваколати доирасида фахрий ва мақтов ёрлиқлари, қимматбаҳо совға ҳамда пул мукофотларини бериш билан.

28. Кўмаклашувчи отряд аъзоларини рағбатлантириш тадбирлари байрамона тарзда, чегара олди ҳудудида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида, бошқа отряд аъзолари иштирокида ёки аъзолар фаолият юритадиган муассаса, корхона ва ташкилотлар йиғилишларида ўтказилади.

29. Кўмаклашувчи отряд сардори ва аъзолари, Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш юзасидан уларга юклатилган вазифаларни бажариш вақтида ҳалок бўлса ёҳуд оғир тан жароҳати олса, амалдаги қонунчилик ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ички идоравий – ҳужжатлари асосида унга ва оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатилади.

 

7-боб. Кўмаклашувчи отряднинг моддий-техникавий таъминоти

30. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш юзасидан ўтказиладиган тадбирларда, ҳарбий қисм командирининг рухсати билан бўлинма командири томонидан кўмаклашувчи отряд сардори ва аъзоларига радио-алоқа воситаси ва кузатув воситалари тақдим қилиниши мумкин.

31. Давлат чегарасида юзага келган заруратдан келиб чиқиб, кўмаклашувчи отряд сардори ва аъзоларига Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирлари қарорларига кўра, уларга бошқа турдаги техник воситалар вақтинчалик фойдаланиш мақсадида берилиши мумкин.

32. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядлари ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун чегара олди ҳудудларда жойлашган давлат муассасалари биноларидан алоҳида хоналар ажратадилар ҳамда уларни мебель ва компьютер жиҳозлари билан таъминлайдилар.

 

8-боб. Якунловчи қоидалар

33. Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командирлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа мутассади ташкилот вакиллари кумаклашувчи отрядлари тўғрисидаги Низом талабларига риоя этилишини таъминлайдилар.

34. Чегара қўшинлари ҳарбий қисм ва бўлинма командирлари кўмаклашувчи отряд аъзоларига қонунга хилоф топшириқларни бериши ҳамда уларни давлат сири, ҳарбий сир ёки хизмат сирларини ташкил этувчи ҳужжатлар билан таништириши таъқиқланади.

35. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

36. Ушбу Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан амалга оширилади.

Общие предложения: 1

615