ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
1833 Министерство строительства Республики Узбекистан 11/01/2019 26/01/2019 0

Обсуждение завершено

Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида
ID-1833

ЛОЙИҲА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори

Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 14 ноябрдаги ПФ-5577-сон Фармонини бажариш юзасидан, қурилишда юқори технологик усулларни ўзлаштиришга ва соҳа мутахассисларининг касб ва малака даражасини доимий ошириб боришга йўналтирилган лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Қуйидагилар:

лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассислари малакасини ошириш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассислари малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказиш жараёнларини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича Идоралараро комиссия таркиби 3-иловага мувофиқ;

  1. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси, Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси ва Ўзбекистон архитекторлар иттифоқи билан биргаликда:

хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, лойиҳалаш илмий-тадқиқот институтлари, йирик қурилиш ташкилотларининг кадрлар салоҳиятидан ва моддий-техника базасидан фойдаланишни ҳисобга олиб, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг, шу жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий мамлакатларда албатта амалиёт ўтказишини ташкил этган ҳолда узлуксиз, шу жумладан, масофавий касбга ўқитиш ва малакасини ошириш, шунингдек уларнинг касб ва малака даражасини такомиллаштиришни таъминласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ушбу қарорда белгиланган тадбирларни бажариш билан боғлиқ харажатларни Давлат бюджетининг ҳар йилги параметрларида ушбу мақсадлар учун назарда тутиладиган маблағлар, шунингдек бюджетдан ташқари маблағлар, шу жумладан тўлов-контракт асосида лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассислари малакасини оширишдан тушадиган маблағлар, ҳомийларнинг маблағлари ва хорижий грантлар доирасида амалга оширсинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

лойиҳа илмий-тадқиқот институтлари, етакчи қурилиш ташкилотлари ва таълим муассасалари қошида ташкил этилган малака ошириш марказларининг тайёрлов йўналишлари ўқув режаси ва дастурларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 ноябрдаги ПФ-5577-сон Фармони талабларига мувофиқ кўриб чиқсин ва тасдиқласин;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасининг мутахассисликлар йўналишлари бўйича малака ошириш марказларида дарс беришга юқори салоҳиятга эга хорижий ва маҳаллий профессор-ўқитувчилар, малакали мутахассислар таркибини шакллантирсин;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларини малака ошириш йиллик режа-графигини шакллантириш ва мониторингини олиб боришни автоматлаштирилган тизимини яратсин.

5. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш курсларининг ишларини самарали ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни ва ҳар томонлама ёрдам берилишини таъминласинлар.

6. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири А.Х.Тухтаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси                                                                     Бош вазири А.Арипов

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ____________даги

____-сон қарорига

1-ИЛОВА

 

 

 

Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар

малакасини ошириш тўғрисида

 

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

II. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш  курсларининг мақсади ва вазифалари

III. Малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби

IV. Малака ошириш курслари ташкилотчиларининг вазифалари ва функциялари

V.  Малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини ташкил этиш

VI. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини оширишни молиялаштириш

VII. Якунловчи қоида

 

 

I. Умумий қоидалар

 

  1. Ушбу Низом "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 14 ноябрдаги ПФ-5577-сон Фармонида белгиланган вазифаларга мувофиқ, қурилишда юқори технологик усулларни ўзлаштиришга ва соҳа мутахассисларининг малакасини оширишни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

  2. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш курслари лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларининг малакасининг доимий ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама кўмаклашиш, замонавий талабларга мувофиқ уларни мунтазам равишда қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш асосида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш сифатини қуйидаги йўллар орқали тубдан оширишга йўналтирилган:

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларининг касбий малака даражасини мунтазам ошириш асосида уларнинг қонунчилик нормалари, назария, илмий ва амалий тадқиқотлар, янги технологиялар ва қурилиш соҳасидаги инновациялар бўйича сўнгги ютуқларни чуқур ўрганиш;

юқори самарали инновация технологияларини, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, дастур ва услубларини тубдан янгилаш, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларининг фаолиятини зарур даражада ташкил этиш ва самарадорлигини таъминлаш;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларининг, шу жумладан глобал интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни эгаллаш ҳамда уларни ишлаб чиқариш жараёнига фаол татбиқ этиш.

  1. Хорижий ташкилотлар ва жисмоний шахслар буюртмаларига биноан қурилиш соҳасидаги мутахассисларни малакасини ошириш ихтиёрий равишда, белгиланган тартибда тузилган шартнома асосида мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

  2. Мутахассисларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли давлат органи деб аталади) томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар, кархона ва ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилади.

  3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш курси (малака ошириш курси) - янги касбий билимлар, маҳоратлар, замонавий кўникмалар ҳамда бошқарув фаолиятини юритиш учун зарур ҳажмда ва етарли даражада, шунингдек малака талабларига мувофиқ ишлаб чиқариш жараёнига талаб қилинадиган сифатни таъминлайдиган ваколатларни назарда тутадиган ўқитиш шакли;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларининг раҳбар ходимлари — лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларда  бошқарув функциялари ва вазифаларини бажарувчи ходимлар;

лойиҳалаш соҳасидаги мутахассис – юқори технологик услублар ва ускуналарни халқаро стандартлар даражасида қўллашни назарда тутадиган лойиҳалаштириш жараёнларига замонавий меъёр ва стандартларни жорий эта оладиган, илғор лицензияли дастурий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда объектларни автоматлаштирилган тарзда лойиҳалаштиришнинг замонавий технологияларидан лойиҳалаш жараёнида фойдалана оладиган мутахассислар;

қурилиш соҳасидаги мутахассис – соҳа ривожланиш истиқболлари, қурилишда  бозор механизмлари, замонавий техника ва технологиялар, инновацион ёндашув, қурилишдаги норматив хуқуқий хужжатлар, миллий ва халқаро стандартларни биладиган, қўллай оладиган ва амалиётга татбиқ эта оладиган мутахассис.

ишчи касб эгаси - лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларда  ўрта-махсус маълумотли ёки тегишли йўналиш бўйича сертификатга эга бўлган, ишчи касбларда маълум бир тажрибага эга бўлган, муайян вазифаларни бажарувчи ишчилар.

 

 

II. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш курсларининг мақсади ва вазифалари

 

  1. Лойихалаш ва қурилиш соҳасига замонавий бозор механизмлари ва халқаро стандартларни, технологиялар ва ноу-хауни жорий этиш, шунингдек мутахассислар малакасини замонавий ўқув дастурлар асосида зарур бўлган касбий билимлар, кўникмалар, малакалар ва компетенцияларини мунтазам равишда янгилаб бориш малака ошириш курсларининг мақсади ҳисобланади.

  2. Қуйидагилар малака ошириш курсларининг вазифалари ҳисобланади:

мутахассисларнинг касбий билимлари, кўникмалари, малакалари ва компетенцияларини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси фаолияти самарадорлиги ва сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий малака даражасини  ошириш;

малака оширишнинг тўғридан-тўғри ва билвосита шаклларини (масофавий ёки мустақил) амалиётга жорий этиш;

соҳани истиқболли ривожланиши ҳамда қурилиш ва лойиҳалашда замон талабларига мос холда ўқув-мейёрий хужжатларга зарур ўзгартиришлар киритиб бориш;

малака ошириш жараёнларини ишлаб чиқариш ва фан-техника билан интеграциясини таъминлаш, мутахассисларнинг малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш.

 

III. Малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби

 

  1. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар, идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, тегишли йўналишларни инобатга олган ҳолда 3-5 йилда камида бир марта малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича малакасини ошириши шарт.

  2. Малака ошириш жараёни белгиланган тартибда тасдиқланган давлат ва малака талаблари, ўқув режа ва дастурлари асосида амалга оширилади.

  3. Ҳар йили 20 ноябрга қадар идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклидан қатъий назар лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган корхона ва ташкилотларнинг буюртманомалари (фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, иш жойи ва стажи, лавозими, охирги малака оширган вақти кўрсатилган ҳолда) асосида ваколатли давлат органи томонидан белгиланган малака ошириш курсларидан ўтиш даврийлигига мувофиқ, кейинги календарь йил учун ойлар ва ўқиш йўналишлари бўйича малака ошириш курслари тингловчиларининг контингенти шакллантирилади.

  4. Таълим муассасаси томонидан умумлаштирилган буюртмалар асосида малака ошириш  курсларини ташкил этиш бўйича йиллик режа ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда тасдиқлангандан сўнг буюртмачиларга етказилади.

  5. Тасдиқланган йиллик режага мувофиқ идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклидан қатъий назар лойиҳалаш ва қурилиш соҳасининг мутахассислари ўқиш йўналиши бўйича доимий фаолият юритадиган малака ошириш таълим муассасаларига юборилади.

  6. Буюртмачилар мазкур режа асосида лойиҳа ва қурилиш соҳаси  мутахассисларининг таълим муассасасига ўқишга етиб боришларини таъминлайдилар.

  7. Курсларга тингловчиларни қабул қилиш тасдиқланган режа ва жўнатувчи томонларнинг буйруғи асосида тегишли малака ошириш таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ курслар бошланиши санасидан бошлаб 3 кун мобайнида расмийлаштирилади. Тингловчилар гуруҳини шакллантиришда, курснинг ўқув режа ва дастурларини тайёрлашда базавий маълумот, мутахассислик, тоифа ва эгаллаб турган лавозими, шунингдек буюртмачининг талаблари ҳисобга олинади.

  8.  Малака ошириш курслари бошлангандан кейин уч кун мобайнида келмаган тингловчилар, келмасликнинг сабабларидан қатъий назар, курсларга қўйилмайди.

  9. Малака ошириш таълим муассасалари тингловчиларнинг малака ошириш курсларига ўз вақтида келмаганлигининг барча ҳолатлари тўғрисида тегишли чоралар кўриш учун жўнатувчи томонга ва ваколатли давлат органига хабар беради.

  10. Малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда тингловчилар сони, қоидага кўра, камида 15 кўпи билан 25 кишини ташкил этган академик гуруҳларда ташкил этилади.

  11. Малака ошириш курсларини ташкил этиш, уларни талаб даражасида ўтказиш, таълим самарадорлигини таъминлаш учун шароитлар яратиш масъулияти таълим муассасаси раҳбари зиммасига юкланади.

  12. Тингловчилар қуйидаги сабабларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилади:

ўз хоҳишига биноан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

ўқув интизомини ва таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганлиги учун;

малака ошириш (18 соатдан ортиқ) курсидаги дарс машғулотларини узрли сабабларсиз қолдиргани учун;

шартнома асосида ўқитиш билан боғлиқ мажбуриятларни бажармагани учун (шартнома асосида ўқиётган тингловчилар учун);

тингловчи суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги сабабли;

вафот этганлиги сабабли.

  1. Тингловчилар малака ошириш курсидан четлатилганда унга сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек бу ҳақда буюртмачига маълум қилинади.

  2. Малака ошириш курсидан четлатилган ёки якуний назоратдан ўта олмаган тингловчи бир йил мобайнида буюртмачи ташкилот томонидан, унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда, таътил бериш тартибида малака оширишга қайта юборилади.

  3. Узоқ ҳудудлардан келган тингловчилар шартнома мажбуриятларига биноан ўқиш даврида таълим муассасаси имкониятларига кўра вақтинча турар жой билан таъминланиши мумкин.

  4. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш шакллари қуйидагилардан иборат:

тўғридан-тўғри малака ошириш (кундузги, таълим дастурлари бўйича ўқитиш):

малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида (академия, институт, марказ, ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот муассасаси ва хорижда) ўқитиш;

масофавий таълим асосида малака ошириш.

  1. Таълим муассасасида мутахассисларининг малакасини ошириш лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси кадрларига қўйиладиган малака ва меҳнат бозори талабларига мувофиқ тингловчиларнинг касбий билимлари, малака ва кўникмаларини чуқурлаштиришга мўлжалланган таълим дастурларидан иборат бўлади.

  2. Малака ошириш муддати курсларнинг йўналишига қараб 36, 72 ва 144 соат ҳажмда белгиланиб, асосий иш жойидан тўлиқ ажралган ва қисман ажралган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Бунда ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 36 соатни (54 академик соатни), аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 24 соатни (36 академик соатни) ташкил қилади.

Малака ошириш курслари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва малака ошириш бўйича махсус курслар мавжуд бўлган ва зарур моддий-техник база билан жиҳозланган, етарли илмий-методик ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган таълим муассасаларида амалга оширилади.

  1. Масофавий таълим асосида малака ошириш соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастуридир.

  2. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларининг масофавий таълим асосида малака ошириш таълим дастурлари таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилади ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

  3. Масофавий таълим асосида малака ошириш курслари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари, малака ошириш бўйича махсус виртуал курслар мавжуд бўлган ва зарур моддий-техник база билан жиҳозланган, етарли илмий-методик ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ташкил этилади.

  4.  Масофавий таълим асосида малака оширишни жорий этишда барча таълим жараёнларининг асосий компонентлари ўқитишнинг илғор усулларига асосланган, таълим олувчи ҳамда таълим берувчи ўртасидаги ўзаро муносабатлар тартиби аниқланган бўлиши ва таъминланиши зарур.

  5. Масофавий таълим асосида малака ошириш шакли юқори салоҳиятга эга бўлган, замонавий ахборот технологиялари билан ишлашнинг амалий кўникмаларини эгаллаган, ўзини ўзи камол топтириш жараёнига танқидий ва ижодий ёндашишга қодир бўлган соҳа мутахассислари учун ташкил этилади.

  6. Масофавий таълим асосида малака ошириш курсларида электрон мультимедиали қўлланмалар, виртуал кутубхоналар, видеоконференциялар, Интернет ёрдамида мулоқот ва ахборот олиш имкониятларидан фойдаланилади.

  7. Масофавий таълим асосида малака ошириш курслари тингловчиси Интернет тармоғи орқали малака ошириш муассасалари веб-сайтларининг электрон рўйхатидан ўтиши учун ўз анкета маълумотларини киритади.

  8. Тингловчилар масофавий  таълим асосида малака ошириш курсининг ўқув жадвали бўйича модулларни веб-саҳифада тақдим этилган ўқув-услубий материаллар асосида мустақил равишда ўзлаштирадилар.

  9. Тингловчилар малака ошириш курсини муваффақиятли ўзлаштириб бўлгандан сўнг, малака ошириш муассасаси томонидан якуний назорат ўтказилади.

  10. Якуний назорат учун Давлат аттестация комиссияси тузилади. Коммисия томонидан тингловчиларнинг малакани ҳимоя қилиш ишлари баҳоланади.

  11. Якуний назоратдан муваффақиятли ўтган малака ошириш курслари тингловчиларига қатъий ҳисобда турадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳисобланадиган “Сертификат” (1-илова) берилади.

  12. Малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича Якуний назоратдан муваффақиятли ўтган мутахассислар корхона ва ташкилот раҳбарлари томонидан ўрнатилган тартибда рағбатлантириш ва тегишли йўналишлар бўйича имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.

  13. Малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича Якуний назоратдан такроран ўтмаган ёки асосий иш жойи бўйича белгиланган муддатда малака ошириш курсларидан такроран ўтмаган тақдирда, ушбу ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатидан қатъий назар, меҳнат шартномаси белгиланган тартибда икки ой мобайнида бекор қилиниши ёки улар ўз фаолиятини бошқа қуйи лавозимда давом эттириши ёхуд бошқа ташкилотларда ишлаши мумкин.

  14. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги раҳбар кадрлар Якуний назоратдан такроран ўтмаган тақдирда, муайян раҳбарлик лавозимига тайинлашга ваколатли бошқарув органи (ёки муассаса раҳбари) бундан кейин ушбу шахсларнинг эгаллаб турган раҳбарлик лавозимида бўлишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилади.

  15. Малака ошириш курсларининг ўқув жараёнларини мониторинг қилиш, шунингдек тингловчиларнинг касбий фаолияти натижалари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Малака ошириш марказларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бўлими томонидан амалга оширилади.

  16. Жадвалга киритилган ва малака ошириш курсларида ўқийдиган тингловчилар учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади.

 

IV. Малака ошириш курслари ташкилотчиларининг

вазифалари ва функциялари

 

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

умумий раҳбарликни амалга оширади, малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини такомиллаштириш механизмлари ва услубларини белгилайди, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини, масофадан ўқитиш таълим усулларини ташкил этиш ва ўтказиш, тингловчиларнинг малакани ҳимоя қилиш ишини тайёрлаш ва ҳимояга тақдим этиш, амалиётни ташкил этиш ва ўтказиш тартибларини) тасдиқлайди;

малака ошириш курсларидан, шунингдек масофадан ўқитиш усуллари орқали курслардан ўтиши керак бўлган тингловчиларнинг прогноз қилинаётган контингентини белгилайди.

 

  1. Малака ошириш таълим муассасалари:

замон талаблари ва соҳадаги инновацион ривожланишларни ҳамда таълим дастурларининг узлуксизлиги ва кетма-кетлигини ҳисобга олган ҳолда соҳа мутахассисларини ўқитиш йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқади;

умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талаблари, шунингдек ўқитишнинг замонавий шакллари ва услублари, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларидан фойдаланиб тайёрланган ўқув режа ва дастурлари асосида ўқитишнинг модул тизимини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини ташкил этади;

тасдиқланган жадвалга асосан, ишдан ажралган, шу жумладан масофавий ўқитиш усулларини қўллаган ҳолда соҳа мутахассисларининг малакасини оширади;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларини малакасини ошириш бўйича хорижий тажрибани ва таълим муассасаларининг эътироф этилган ютуқларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

курслар доирасида сифат жиҳатидан юқори ташкилий ва касбий даражада машғулотлар ўтказиш учун зарур ўқув, услубий ва моддий-техника базасини ташкил этади;

масофадан ўқитиш усуллари асосида лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассислари учун ташкил этиладиган малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқади;

малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун олий таълим муассасаларининг етакчи педагог кадрларини, амалиётчи мутахассисларни, шунингдек шартнома асосида лойиҳа илмий-тадқиқот муассасаларнинг юқори малакали кадрларини ва хорижий мутахассисларни  кенг жалб этишни таъминлайди;

малака ошириш йўналишлари бўйича зарур ахборот-маълумотлар базасини шакллантиради, малака ошириш жараёнига замонавий инновацион педагогик, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқишни ва уларни жорий этишни ташкил этади;

 

  1. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотлар:

мутахассислар таркибидан тегишли йўналишлар бўйича малака ошириш курсларидан ўтиши керак бўлган тингловчилар контингентини шакллантиради;

малака ошириш курсларининг тасдиқланган жадвали асосида ўз ходимларининг  тегишли курсларга белгиланган муддатларда ўз вақтида келишларини таъминлайди;

ташкилотларнинг мажлисларида малака ошириш натижаларини муҳокама қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этади;

курсларни муваффақиятли тамомлаган мутахассисларнинг илғор тажрибасини, янги билимлари ва кўникмаларини оммалаштиришни ташкил қилади;

малака ошириш курсларидан ўтган шахсларнинг касбий фаолияти бўйича доимий мониторингни ташкил этади;

малака ошириш натижаларининг ички мониторингини олиб боради, юқори кўрсаткичларга эришган мутахассисларни моддий рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, шунингдек лавозимларини эгаллаш юзасидан танловлар ўтказиш жараёнида уларни асосий мезонлар сифатида ҳисобга олади.

 

V. Малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини

ташкил этиш

 

  1. Малака ошириш курслари малакани ошириш жараёнида эришилган кўрсаткичлар негизида малака ошириш таълим муассасаларида бевосита касбий ривожланишни ташкил этишнинг мақбул ва зарур йўлларини танлаш имкониятини беради.

  2. Мутахассисларнинг малакасини ошириш касбий билимларини, билим,  кўникма ва малакаларини доимий янгилаш учун имконият берувчи даврий тизим ҳисобланади.

  3. Тингловчиларнинг ўқув жараёнини ташкил этиш тегишли йўналишлар бўйича тасдиқланган малака талаблари, ўқув режа ва дастурлар, машғулотлар жадвали билан тартибга солинади. Ўқув режа ва дастурлар фан, техника, технологиялар ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари асосида ҳар йили такомиллаштирилади.

  4. Малака ошириш курсларида ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари қўлланилади: маъруза, интерактив семинарлар, амалий машғулот, кўчма машғулот, тажриба алмашиш, мустақил ўқиш, малака амалиёти, малака ишини ҳимоя қилиш.

  5. Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда малака ошириш ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилиши мумкин.

Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда ўқув машғулотлари онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этилади.

  1. Аудиторияда ўтказиладиган барча машғулотлар турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус - камида 10 дақиқани ташкил этади.

  2. Тингловчиларнинг малака амалиёти иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа ташкилотлари базасида ташкил этилади.

 

  1. Малака ошириш курсларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари билан тингловчиларни ўқитадиган педагоглар таркибининг ўқув юкламаси ҳажми ўқув йили мобайнида белгиланган нормативлар бўйича улар амалда бажарадиган ўқув ишларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

 

 

VII. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини оширишни молиялаштириш

 

  1. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларининг малакасини ошириш тадбирларини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

ушбу мақсадлар учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар;

малака ошириш тизимида таълим муассасаларининг лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларини ўқитиш учун буюртмачиларнинг маблағлари;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларининг малакасини ошириш учун жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий грант маблағлари;

таълим хизматларини кўрсатиш, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Ишдан ажралган ҳолда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларининг малакасини ошириш учун таълим муассасига ўқиш учун бошқа жойлардан юборилган тингловчиларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл ҳақи харажатлари уларни юборган томон ҳисобидан қопланади.

  2. Шартнома асосида малака ошириш курслари учун ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш тамойиллари асосида сарф-харажатлар сметаси таълим муассаси томонидан тузилади ва унинг раҳбари томонидан тасдиқланади.

  3. Сметада курснинг ўқув дастури ва режасида назарда тутилган барча дарс машғулотлари учун тўланадиган соатбай ҳақ, курснинг моддий-техника таъминоти, курсни ташкил этиш ва ўтказишга жалб этилган (раҳбар, педагог ва техник) ходимларга тўланадиган иш ҳақи, уларни рағбатлантириш, шунингдек тўланадиган солиқлар учун маблағлар назарда тутилади. Бунда қайта тайёрлаш курсларида ўқиш учун тингловчи томонидан тўланадиган маблағ мазкур курсларни ўтказиш учун сарфланадиган харажатлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда (сметадаги жами харажатларни тингловчилар сонига бўлиш орқали) ҳисоблаб чиқилади.

  4. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислари малакасини ошириш марказлари ва курсларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг молиявий ҳисоботлари қонун ҳужжатлари асосида олиб борилади.

 

VIII. Якунловчи қоида

 

  1. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

Малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги

СЕРТИФИКАТ

(тавсифи)

Малака ошириш тўғрисидаги сертификат А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч кул рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI. Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT" сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи - MO ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.

 

(Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири)

 

O`zbekiston Respublikasi

Malaka oshirish haqida

SERTIFIKAT

MO № 000000

 

 

 

 

(Loyihalash va qurilish soxasi mutaxassisining familiyasi, ismi, otasining ismi)

 

20___ yil ________________dan 20___ yil ______________________gacha

 

 

 

 

 

 

da

(Malaka oshirish ta`lim muassasasining nomi)

 

 

jami

 

soatli

 

             

(Malaka oshirish kursining nomi)

           

bo`yicha malakasini oshirdi.

 

 

Muhr o`rni

 

Direktor ______________

 

Sana _______________                                     Qayd raqami ____________

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил __ декабрдаги

____-сон қарорига

2-ИЛОВА

 

Қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини

 ошириш тўғрисида

 

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

         II. Қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш  курсларининг мақсади ва вазифалари

III. Малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби

IV. Малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини ташкил этиш

V. Қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини оширишни молиялаштириш

VI. Якунловчи қоида

 

 

  1. Умумий қоидалар

 

  1. 1. Ушбу Низом "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 14 ноябрдаги ПФ-5577-сон Фармонида белгиланган вазифаларга мувофиқ, қурилишда юқори технологик усулларни ўзлаштиришга ва соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини оширишни ташкил этишнинг асосий мақсадлари, вазифалари, услублари ва тартибларини белгилайди.

  2. Қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш курсларининг йўналишлар бўйича рўйхати Ўзбекистон Республикаси Қурилиш  вазирлиги томонидан тасдиқланади.

  3. Хорижий ташкилотлар ва жисмоний шахслар буюртмаларига биноан қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш ихтиёрий равишда, белгиланган тартибда тузилган шартнома асосида мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

  4. Ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли давлат органи деб аталади) томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда амалга оширилади.

 

II. Қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш  курсларининг

мақсади ва вазифалари

 

  1. Қурилиш соҳасига замонавий бозор механизмлари ва халқаро стандартларни, технологияларни жорий этиш, шунингдек замонавий ўқув дастурлари асосида зарур бўлган касбий билимлар, кўникмалар, малакаларини мунтазам равишда янгилаб бориш малака ошириш курсларининг мақсади ҳисобланади.

  2. Қуйидагилар малака ошириш курсларининг вазифалари ҳисобланади:

қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг касбий билимлари, кўникмалари, малакаларини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ қурилиш соҳаси фаолияти самарадорлиги ва сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий малака даражасини  ошириш;

малака оширишнинг тўғридан-тўғри шаклини амалиётга жорий этиш;

қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш.

 

III. Малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби

 

  1. Қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгалари мулкчилик шаклидан қатъий назар, тегишли йўналишларни инобатга олган ҳолда 5 йилда камида бир марта малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича малакасини ошириши шарт.

  2. Малака ошириш жараёни белгиланган тартибда тасдиқланган давлат талаблари, малака талаблари, ўқув режа ва дастурлари асосида амалга оширилади.

  3. Ҳар йили 20 ноябрга қадар мулкчилик шаклидан қатъий назар қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган корхона ва ташкилотларнинг буюртманомалари (фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, иш жойи ва стажи, лавозими, охирги малака оширган вақти кўрсатилган ҳолда) асосида ваколатли давлат органи томонидан белгиланган малака ошириш курсларидан ўтиш даврийлигига мувофиқ кейинги календарь йил учун ойлар ва ўқиш йўналишлари бўйича малака ошириш курслари тингловчиларининг контингенти шакллантирилади.

  4. Таълим муассасаси томонидан умумлаштирилган буюртмалар асосида малака ошириш  курсларини ташкил этиш бўйича йиллик режа ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда тасдиқлангандан сўнг буюртмачиларга етказилади.

  5. Тасдиқланган йиллик режага мувофиқ мулкчилик шаклидан қатъий назар  буюртмачилар томонидан қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгалари ўқиш йўналиши бўйича доимий фаолият юритадиган малака ошириш таълим муассасаларига юборилади.

  6. Курсларга тингловчиларни қабул қилиш тасдиқланган ва жўнатувчи томонларнинг буйруғи асосида тегишли малака ошириш таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ курслар бошланиши санасидан бошлаб 3 кун мобайнида расмийлаштирилади. Тингловчилар гуруҳини шакллантиришда ишчи каби ҳисобга олинади.  

  7. Малака ошириш курслари бошлангандан кейин уч кун мобайнида келмаган тингловчилар, келмасликнинг сабабларидан қатъий назар, курсларга қўйилмайди.

  8. Малака ошириш таълим муассасалари тингловчиларнинг малака ошириш курсларига ўз вақтида келмаганлигининг барча ҳолатлари тўғрисида тегишли чоралар кўриш учун жўнатувчи томонга ва ваколатли давлат органига хабар беради.

  9. Малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда тингловчилар сони, қоидага кўра, камида 10 кишини ташкил этган академик гуруҳларда ташкил этилади.

  10. Малака ошириш курсларини ташкил этиш, уларни талаб даражасида ўтказиш, таълим самарадорлигини таъминлаш учун шароитлар яратиш масъулияти таълим муассасаси раҳбари зиммасига юкланади.

  11. Тингловчилар қуйидаги сабабларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилади:

ўз хоҳишига биноан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

ўқув интизомини ва таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганлиги учун;

малака ошириш (18 соатдан ортиқ) курсидаги дарс машғулотларини узрли сабабларсиз қолдиргани учун;

шартнома асосида ўқитиш билан боғлиқ мажбуриятларни бажармагани учун (шартнома асосида ўқиётган тингловчилар учун);

тингловчи суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги сабабли;

вафот этганлиги сабабли.

  1. Тингловчилар малака ошириш курсидан четлатилганда унга сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек бу ҳақда буюртмачига маълум қилинади.

 

  1. Узоқ ҳудудлардан келган тингловчилар шартнома мажбуриятларига биноан ўқиш даврида таълим муассасаси имкониятларига кўра вақтинча турар жой билан таъминланиши мумкин.

  2. Қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш шакли тўғридан-тўғри малака ошириш (таълим дастурлари бўйича ўқитиш) шаклидан иборат бўлади.

  3. Малака ошириш муддати 4 ҳафта (144 соат)дан кам бўлмаган ҳажмда белгиланиб, асосий иш жойидан тўлиқ ажралган ва қисман ажралган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

  4. Аудитория машғулотларининг барча турлари учун 80 дақиқа давом этадиган дарс жуфтлиги белгиланади.

  5. Тингловчилар малака ошириш курсини муваффақиятли ўзлаштириб бўлгандан сўнг, малака ошириш муассасаси томонидан амалий имтиҳон ўтказилади.

  6. Амалий имтиҳон учун Давлат аттестация комиссияси тузилади.

  7. Курс якунида тингловчиларига қатъий ҳисобда турадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳисобланадиган “Сертификат” берилади.

  8. Малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича сертифактга эга бўлган ишчи касб эгалари корхона ва ташкилот раҳбарлари томонидан ўрнатилган тартибда тегишли йўналишлар бўйича разряд гувоҳномасига эга бўлади.

  9. Малака ошириш курсларининг ўқув жараёнларини мониторинг қилиш, шунингдек тингловчиларнинг касбий фаолияти натижалари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги “Малака ошириш марказларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш” бўлими томонидан амалга оширилади.

  10. Жадвалга киритилган ва малака ошириш курсларида ўқишдан ўтадиган тингловчилар учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақланади.

 

IV. Малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини ташкил этиш

 

  1. Тингловчиларнинг ўқув жараёнини ташкил этиш тегишли йўналишлар бўйича тасдиқланган малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлар, машғулотлар жадвали билан тартибга солинади. Ўқув режалари ва дастурлар фан, техника, технологиялар ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари асосида ҳар йили такомиллаштирилади.

  2. Малака ошириш курсларида ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари қўлланилади: маъруза, амалий машғулот, кўчма машғулот, тажриба алмашиш, мустақил ўқиш, малака амалиёт, амалий имтиҳон топшириш.

  3. Аудиторияда ўтказиладиган барча машғулотлар турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус - камида 10 дақиқани ташкил этади.

  4. Тингловчиларнинг кўчма машғулотлари қурилиш соҳасида фаолият юритаётган етакчи ташкилотлар базасида ташкил этилади.

  5. Малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун таълим муассасаларининг педагог кадрлари ҳамда шартнома асосида олий таълим муассасасининг етакчи педагог кадрлари, хорижий мутахассислар ва амалиётчи мутахассислар жалб этиладилар.

  6. Малака ошириш курсларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари билан тингловчиларни ўқитадиган педагоглар таркибининг ўқув юкламаси ҳажми ўқув йили мобайнида белгиланган нормативлар бўйича улар амалда бажарадиган ўқув ишларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

 

V. Қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини оширишни молиялаштириш

  1. Қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш тадбирларини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

ушбу мақсадлар учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар;

малака ошириш тизимида таълим муассасаларининг қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларини ўқитиш учун буюртмачиларнинг маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг кадрларнинг малакасини ошириш учун мақсадли маблағлари;

қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш учун жалб этиладиган ҳамда хорижий грантлар маблағлари;

таълим хизматларини кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Шартнома асосида малака ошириш курслари учун ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш тамойиллари асосида сарф-харажатлар сметаси таълим муассаси томонидан тузилади ва унинг раҳбари томонидан тасдиқланади.

  2. Сметада курснинг ўқув дастури ва режасида назарда тутилган барча дарс машғулотлари учун тўланадиган соатбай ҳақ, курснинг моддий-техника таъминоти, курсни ташкил этиш ва ўтказишга жалб этилган (раҳбар, педагог ва техник) ходимларга тўланадиган иш ҳақи, уларни рағбатлантириш, шунингдек тўланадиган солиқлар учун маблағлар назарда тутилади. Бунда малака ошириш курсларида ўқиш учун тингловчи томонидан тўланадиган маблағ мазкур курсларни ўтказиш учун сарфланадиган харажатлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда (сметадаги жами харажатларни тингловчилар сонига бўлиш орқали) ҳисоблаб чиқилади.

  3. Қурилиш соҳасидаги ишчи касб эгаларининг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш бўйича молиявий ҳисоботлар қонун ҳужжатлари асосида олиб борилади.

VI. Якунловчи қоида

  1. Қурилиш соҳасидаги мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

 

Общие предложения

210