Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
16520 Агентство по развитию Президентских, творческих и специализированных школ при Кабинете Министров Республики Узбекистан 02/04/2020 17/04/2020 0
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва саралаб олиш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-16520

Лойиҳа

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва саралаб олиш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Республика ҳудудларидаги иқтидорли болаларни аниқлаш, уларнинг иқтидорини янада ривожлантириш, уларга замон талабларидан келиб чиқиб, таълим ва тарбия бериш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш учун  иқтидорли болаларни аниқлаш ва саралаб олиш тартиби тўғрисида Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори С.Н. Бабаходжаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Бош вазири                                                                             А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил  “____”  __________даги
_____-сон қарорига
ИЛОВА

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган
мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва саралаб олиш тартиби тўғрисида
Низом

 

  1. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик деб юритилади) тасарруфидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга (кейинги ўринларда – ижод ва ихтисослаштирилган мактаб деб юритилади) ўқувчиларни қабул қилиш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва саралаб олиш ҳамда ушбу мактаблардан ўқувчиларни четлатиш тартибини белгилайди.

2. Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш учун иқтидорли болаларни аниқлаш мақсадида саралаш имтиҳонлари (кейинги ўринларда – саралаш имтиҳони деб юритилади) ўтказилади.

 

  1. Ҳужжатларни қабул қилиш тартиби

3. Саралаш имтиҳонида иштирок этиш истагини билдирган давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг (кейинги ўринларда – номзод деб юритилади) ҳужжатларини қабул қилиш, расмийлаштириш, қабул имтиҳони синовларини бевосита ташкил этиш бўйича ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар директорининг буйруғи билан Қабул комиссияси тузилади (кейинги ўринларда – Қабул комиссияси деб юритилади).

Қабул комиссияси 5 нафардан кам бўлмаган тоқ миқдорда ташкил этилиб, таркибига ижод ва ихтисослаштирилган мактаб директори, ўринбосарлари ва ўқитувчилари киритилади.

Қабул комиссияси раиси Агентлик билан келишилган ҳолда белгиланади.

Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг директорлари Қабул комиссиясининг раиси бўлиши мумкин.

4. Янги ташкил этиладиган ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда биринчи ўқув йили учун Қабул комиссияси Агентлик директорининг буйруғи билан тузилади.

5. Қабул комиссияси:

номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилади ва қабул қилингани ҳақида рўйхатга олиш китобига расмийлаштиради;

қабул қилинган ҳужжатларнинг ушбу Низом талабларига мослигини текширади;

ҳужжат топширган номзодларнинг рўйхатини шакллантиради, саралаш имтиҳони шартларига мос равишда гуруҳларга бўлади;

саралаш имтиҳонлари ўтказиладиган жойларни тайёрлайди;

номзодни, номзоднинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни саралаш имтиҳонлари шартлари билан таништиради, саралаш имтиҳонлари ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида огоҳлантиради;

тасдиқланган жадвал асосида мурожаат қилувчиларга маслаҳат бериб боради.

6. Номзодлардан қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинади:

ижод ва ихтисослаштирилган мактаб директори номига ариза;

туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

3 х 4 ҳажмдаги 6 дона фотосурат;

баҳолар табели нусхаси (ўқувчи ўқиётган мактаб директорининг имзо ва муҳри билан тасдиқланган ҳолда).

7. Ҳужжатларни қабул қилиш замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда (онлайн шаклда) ҳам ташкил этилиши мумкин.

8. Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга саралаш имтиҳонларида иштирок этиш учун ҳужжатлар давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим муассасаларининг 6-синфини тамомлаган ўқувчилардан қабул қилинади.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабга 4-синфни тамомлаган ўқувчилардан ҳужжат қабул қилинади.

9. Саралаш имтиҳонларида рақобат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳужжатларни қабул қилиш бошланиши ҳақида белгиланган муддатдан камида бир ой олдин ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар раҳбарияти оммавий ахборот воситаларида (республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсидаги газеталар, ижтимоий тармоқлар) эълон беради.

10. Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжатлар 10 – 30 июнь кунлари қабул қилинади.

Агентлик томонидан жорий ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилиш бўйича буюртманома ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар сони тўғрисидаги маълумотлар умумлаштирилиб, 5 июль кунига қадар Давлат тест маркази ҳамда ҳамкор ташкилотларга тақдим этилади.

11. Қуйидаги ҳоллар номзодлардан ҳужжатларни қабул қилишни рад этишга асос бўлади:

белгиланган муддатлардан кейин саралаш танловида иштирок этиш хоҳиши билдирилганда;

6-бандда белгиланган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганда;

умумий ўрта таълим муассасаларининг тегишли синфларида ўқишни тўлиқ тамомлаган номзодлар ижод ва ихтисослаштирилган мактабнинг шу синфида такроран ўқишни талаб қилганда.

12. Номзоднинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагунга қадар тақдим этилган ҳужжатларни қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Танловлардан ўтмаган ўқувчиларнинг ҳужжатлари ота-оналарига қайтариб берилмайди.

 

III. Саралаш имтиҳонини ўтказиш тартиби

13. Саралаш имтиҳони ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда чуқурлаштириб ўтиладиган фанларнинг йўналишидан (кейинги ўринларда – йўналиш деб юритилади) келиб чиққан ҳолда Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда – Давлат тест маркази деб юритилади), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда – ҳамкор ташкилотлар деб юритилади) билан биргаликда ўтказилади.

14. Ижод мактабларига саралаш имтиҳонлари 3 босқичда ўтказилиб, 1-иловадаги йўналишлар бўйича саралаш имтиҳонлари ва баллар тақсимотига мувофиқ амалга оширилади.

Саралаш имтиҳонларининг 1 та босқичида иштирок этмаган номзод кейинги босқичга қўйилмайди ва имтиҳонлардан четлатилади.

Саралаш имтиҳонлари ва унинг босқчиларида синовлар қайта ўтказилмайди.

15. Ихтисослаштирилган мактабларга саралаш имтиҳонлари учта фан бўйича ўтказилиб, 2-иловадаги йўналишлар бўйича саралаш имтиҳонлари ва баллар тақсимотига мувофиқ амалга оширилади.

16. Ижод мактабларида 1-босқичда суҳбат ва 2-босқичда ижодий синовларни ўтказиш бўйича алоҳида имтиҳон комиссиялари ва апелляция комиссияси тузилади. Имтиҳон ва апелляция комиссияларининг таркиби камида 3 нафар мутахассисдан иборат бўлиб, Агентлик билан келишилган ҳолда Қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.

Имтиҳон ва аппеляция комиссияси таркибига йўналишга мос равишда ҳамкор ташкилотлар томонидан тавсия этилган 2 нафаргача мутахассислар киритилиши мумкин.

17. Ижод мактаблари саралаш имтиҳонларининг 3-босқичидаги фан бўйича ва ихтисослаштирилган мактабларга саралаш имтиҳонларидаги фанлар бўйича тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

18. Ижодий синовлар натижалари тест синовлари ўтказиладиган кундан камида бир ҳафта олдин қабул комиссияси томонидан Давлат тест марказига тақдим этилади.

19. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг тавсиясига мувофиқ умумтаълим мактабларидаги ижодкор, изланувчан, истеъдодли ҳамда турли танлов ва олимпиадаларда юқори натижалар кўрсатган ўқувчилар ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёшлар академияси тавсиясига мувофиқ газета ва журналларда ижод намуналари, шеър, ҳикоя, илмий мақолалар эълон қилган ўқувчиларга (кейинги ўринларда – тавсия этилган ўқувчилар деб юритилади) ижод мактабларига мос йўналиш бўйича саралаш имтиҳонларининг 1-босқичида суҳбатда иштирок этишдан имтиёзли равишда озод этилади ва максимал балл (20 балл) берилади.

Тавсия этилган ўқувчиларнинг тўғридан-тўғри саралаш имтиҳонларининг 2-босқичида иштирок этиши таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёшлар академияси томонидан ҳар йили 10 июнга қадар тавсия этилган ўқувчилар рўйхати 3-иловадаги шаклда Агентликка тақдим этилади.

Агентлик томонидан тавсия этилган ўқувчиларга имтиёз бериш бўйича тегишли буйруқ чиқарилади.

Бунда ўқувчининг яшаш жойи ва ижод мактабининг ҳудудий жойлашуви устувор тарзда инобатга олинади.

20. Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга саралаш имтиҳонлари ҳар йили 15 июль – 20 август кунлари оралиғида ҳудудда белгиланган биноларда ўтказилади.

21. Қуйидаги ҳолатлар номзодларни саралаш имтиҳонларидан четлаштиришга асос бўлади:

синовлар пайтида бошқалардан кўчиришга уриниш ва бошқа номзодларга халақит бериш;

синовлар ўтказилаётган вақтда шпаргалка, барча турдаги мобиль алоқа воситалари, калькулятор, луғат, китоблардан фойдаланиш.

Саралаш имтиҳони ўтказилаётган бинога номзоднинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар киритилишига йўл қўйилмайди.

22. Ижод мактабларида 1-босқичда суҳбат ва 2-босқичда ижодий синовларнинг натижалари синовлар ўтказилган куни эълон қилинади.

Номзод 1- ва 2-босқич натижаларидан норози бўлганда натижа эълон қилинган вақтдан бошлаб бир сутка ичида апелляция комиссиясига ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Апелляция комиссияси мурожаатни кун давомида кўриб чиқиши ва ариза ёзган номзоднинг ишига қўйилган баҳо ҳаққоний қўйилгани ёки қўйилмаганига хулоса бериши шарт.

Апелляция комиссияси ариза ёзган номзоднинг ишини кўриб чиқиб, қўшимча балл қўшиб бериши ёки аксинча бални камайтириши мумкин.

Апелляция комиссиясига бошқа номзодларнинг ишларини кўриб чиқиш ва мурожаатчининг иши билан солиштиришга рухсат берилмайди.

Саралаш имтиҳонлари натижалари бўйича имтиҳон материаллари талабгорларга тақдим этилмайди.

23. Тест синовлари натижалари бўйича эътирозлар белгиланган тартибда Давлат тест маркази томонидан кўриб чиқилади.

 

  1. Саралаш имтиҳони натижаларини эълон қилиш ва
    ўқувчилар сафига қабул қилиш тартиби

24. Давлат тест маркази томонидан саралаш имтиҳонининг барча босқичлари натижалари қўшиб ҳисобланган қайдномалар тайёрланади ва Агентликка тақдим этилади. Мазкур қайдномалар Агентлик ва Давлат тест маркази томонидан биргаликда тасдиқланади.

Номзодларнинг саралаш имтиҳони натижалари кўрсаткичлари (балл) тенг келган тақдирда биринчи навбатда ихтисослик фани бўйича тест синовлари натижаси устувор ҳисобланади, иккинчи навбатда ўқувчиларнинг баҳолаш табелидаги баҳоларининг ўртачаси қиёсланишига рухсат этилади.

25. Тасдиқланган қайдномаларнинг нусхалари ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар Қабул комиссияси раисининг имзоси қўйилиб ва таълим муассасанинг муҳри босилган ҳолда эълонлар тахтасига осилиб, саралаш имтиҳони натижалари эълон қилинади.

Шунингдек, саралаш имтиҳонлари натижалари Агентликнинг веб-сайтига жойлаштирилади.

26. Саралаш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган иқтидорли болалалар Агентлик буйруғи билан тасдиқланадиган квота доирасида ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари сафига қабул қилинади.

27. Агентлик ва Давлат тест маркази томонидан биргаликда тасдиқланган қайдномаларга асосан 25 августга қадар ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар директорларининг ўқувчилар сафига қабул қилиш ҳақида буйруғи чиқарилади.

28. Энг юқори балл тўплаб қабул қилиниши белгиланган номзод ўқишни ижод ёки ихтисослаштирилган мактабда давом эттирмаган ҳолатда Агентлик билан келишилган ҳолда тўпланган баллар кетма-кетлигига асосан навбатдаги номзод қабул қилинади.

Навбатдаги номзоднинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг розилик хати олинмасдан, кейинги ўқувчи қабул қилинишига рухсат этилмайди.

28. Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга хорижий фуқаролар квотадан ташқари тўлов-шартнома асосида қабул қилинади.

Бунда хорижий фуқаро саралаш имтиҳонларида иштирок этиши ва ўтиш балидан юқори натижа кўрсатиши талаб этилади. Шунингдек, хорижий фуқароларга ўқувчиларнинг яшаши ва овқатланиши бўйича давлат томонидан яратилган имтиёзлардан фойдаланишга рухсат этилмайди.

 

  1. Саралаш имтиҳони материалларини тайёрлаш тартиби
    ва вақт меъёри

29. Ижод мактабларида 1-босқичда суҳбат ва 2-босқичда ижодий синовларни ўтказиш бўйича материаллар соҳадаги етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда Имтиҳон комиссиялари томонидан шакллантирилади ва Қабул комиссияси раисига бириктирилган сейфда муҳрланган ва сўрғичланган ҳолда синов бошлангунга қадар махфийликда сақланади.

Таълим стандартларига асосан ўқувчининг таълим олаётган синфи дастурига мос тарзда тузиладиган тест синови материаллари ва унга оид йўриқнома Давлат тест маркази томонидан шакллантирилади.

Тест саволларининг мураккаблик даражаси таълим соҳаларидан келиб чиқиб белгиланади.

30. Саралаш имтиҳонлари давлат тилида (Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тилида) ўтказилади.

31. Саралаш имтиҳонларининг 1-босқичи учун ҳар бири ўқувчига 15 дақиқагача, 2-босқичи учун 45 дақиқагача вақт берилади.

Тест синовлари бошланишига қадар 15 дақиқагача тушунтириш ишлари ўтказилади, бу вақт тест ўтказиш учун ажратилган вақт меъёрига кирмайди.

Тест синовлари ўтказиладиган фанлардан саволларга берилган ҳар бир саволни ечиш учун 2 дақиқа вақт берилади.

 

  1. Ўқувчиларни ўқишдан четлатиш, бўш ўринларга қабул қилиш,
    ўқувчиларнинг ўқишини кўчириш тартиби

32. Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг уставида белгиланган ички тартиб-қоидаларни бузган ўқувчилар туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан келишилган ҳолда педагогик кенгаш қарори асосида аввал ўқиган мактабига (ўқувчининг яшаш жойи ўзгарган тақдирда ҳудуддаги бошқа мактабга) қайтариб юборилади.

33. Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг 8-, 9-, 10-синфларида ўқув йили давомида бўшаб қолган ўринлар учун саралаш имтиҳонлари ҳам ушбу Низом талабларига мувофиқ ўтказилиб, мос равишда давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим муассасаларининг 7-, 8-, 9-синфини тамомлаган ўқувчилардан Агентлик томонидан белгиланган квота бўйича саралаш имтиҳонларида иштирок этиш учун ҳужжат қабул қилинади.

34. Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқув йили даврида ўқувчиларни қабул қилишга рухсат берилмайди.

35. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини ижод ва ихтисослаштирилган мактабдан бошқа умумий ўрта таълим муасасасига ўтказиш ҳуқуқига эга.

Ота-оналар фарзандини бошқа умумий ўрта таълим муассасасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда ўқувчи таълим олаётган ижод ёки ихтисослаштирилган мактаб директори номига ариза билан мурожаат қилади.

Ариза директор томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга тақдим этиш учун “Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом” (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 17 июнда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 2684)га мувофиқ ўрнатилган шаклда кетиш талони берилади.

36.  Бир ижод мактабидан бошқасига, бир ихтисослаштирилган мактабдан бошқасига ўқувчиларнинг ўқишини кўчириш йўналиш мос келган ва бўш жой бўлган тақдирда Агентликнинг кўрсатмасига мувофиқ амалга оширилади. Қолган ҳолларда ўқувчиларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди.

37. Ўқувчини ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисида ёки мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун муддатда синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.

 

  1. Якуний қоидалар

38. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар ҳамда Низом талабларининг бузилишига йўл қўйган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва саралаб олиш тартиби тўғрисида Низомга 1-илова

 

Ижод мактабларининг йўналишлари бўйича саралаш имтиҳонлари
ва баллар тақсимоти

 

т/р

Йўналиш номи

1-босқич
ва максимал балл

2-босқич

ва максимал балл

3-босқич

ва максимал балл

Жами

1.

Она тили ва адабиёт

Ижодий кўникмани аниқлаш бўйича суҳбат

20 балгача

Ижодий синов
 ёзма шаклда 30 балгача

Она тили ва адабиёт фанидан тест синови
50 балгача

(25 та савол)

3 та босқич

100 балгача

2.

Хорижий тил
(инглиз, немис, француз тилларидан бири)

Гапириш кўникмасини аниқлаш бўйича суҳбат
20 балгача

Тинглаб тушуниш ва ёзиш кўникмаларини аниқлаш

30 балгача

Чет тилидан тест

50 балгача

(25 та савол)

3 та босқич

100 балгача

3.

Тасвирий санъат ва рассомлик

Ижодий ишлар билан танишиш орқали кўникмани аниқлаш
20 балгача

Ижодий синов

чизиш шаклида
30 балгача

Она тили ва адабиёт фанидан тест
50 балгача

(25 та савол)

3 та босқич

100 балгача

4.

Компьютер графикаси ва дизайн

Ижодий ишлар билан танишиш орқали кўникмани аниқлаш
20 балгача

Ижодий синов

чизиш шаклида (компьютерда)
30 балгача

Математика
фанидан тест

50 балгача

(25 та савол)

3 та босқич

100 балгача

5.

Мусиқа санъати

Ижодий кўникмани аниқлаш бўйича суҳбат

20 балгача

Ижодий синов
ижро шаклида
30 балгача

Она тили ва адабиёт фанидан тест
50 балгача

(25 та савол)

3 та босқич

100 балгача

 

Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва саралаб олиш тартиби тўғрисида Низомга 2-илова

 

Ихтисослаштирилган мактабларнинг йўналишлари бўйича саралаш имтиҳонлари
ва баҳолашда баллар тақсимоти

 

т/р

Йўналиш номи

1-фан
максимал балл

2-фан

максимал балл

3-фан

максимал балл

Жами

1.

Аниқ фанлар

Математика, информатика фанларидан тест

40 балл (20 та савол)

Физика фанидан тест
40 балл (20 та савол)

Давлат тили (10 та савол), Чет тили (10 та савол)

20 балл (20 та савол)

3 та фан

100 балл

2.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб

Аниқ фанлар

Математика

40 балл (20 та савол)

Чет тили
40 балл (20 та савол)

 

Давлат тили

20 балл (20 та савол)

3 та фан

100 балл

3.

Табиий фанлар

Биология фанидан тест

40 балл (20 та савол)

Кимё фанидан тест

40 балл (20 та савол)

Давлат тили (10 та савол), Чет тили (10 та савол)

20 балл (20 та савол)

3 та фан

100 балл

 

Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва саралаб олиш тартиби тўғрисида Низомга 3-илова

 

Тавсия этилган ўқувчилар рўйхати

 

т/р

Ўқувчининг фамилияси,

исми-шарифи

Иқтидор ва истеъдод соҳаси*

Таълим олаётган умумтаълим мактаби ва манзили

Ўқувчининг доимий яшаш манзили

Ота-онаси ёки ўрнини босувчи шахснинг алоқа телефони

Тавсия этилган ижод мактаби ва йўналиш номи

1.

 

 

 

 

 

 

2.

 

 

 

 

 

 

3.

 

 

 

 

 

 

4.

 

 

 

 

 

 

5.

 

 

 

 

 

 

*Изоҳ: Тасдиқлов

*Изоҳ: Тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади.

 

Общие предложения: 0

376