Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
16407 Республиканский совет по координации деятельности органов самоуправления граждан 31/03/2020 15/04/2020 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси
ID-16407

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ-5938-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштирши бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши:

кексалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни жисмоний тарбия ва пиёда юриш машғулотларига кенг жалб этсин;

кексаришни секинлаштириш, кексаларнинг саломатлигини асрашга қаратилган махсус тиббий соҳа-геронтологияни ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва соҳага оид тузилмалар фаолиятини қайта кўриб чиқсин;

юз ёшдан ошган кексаларни имтиёзли дори воситалари билан таъминлаш чораларини кўрсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси:

икки ой муддатда мамлакатда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг фронт ва кейинги ҳаётларини ёритувчи биографик китобни чоп этсин;

дунё халқларининг кексалар, нуронийлар, ёши улуғлар  турмуш тарзи ва ҳаёт йўллари, уларга берилаётган эътибор билан боғлиқ энг илғор тажрибаларни жамлаб, ягона тўплам ҳолида чоп этиб,  таълим муассасалари, маҳаллалар ҳамда “Нуронийлар масканлари” мажмуаларига 1 октябрга қадар етказиб берсин;

“Нуронийлар масканлари” мажмуаларида ёшлар маънавиятни юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш, оилаларни мустаҳкамлаш ва кексалар маърифатини оширишга қаратилган туркум учрашувларни мунтазам ўтказиб борсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджет маблағлари даромадларини режадан орттириб бажарилган қисмидан ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз кексаларнинг турар-жойларини таъмирлаш ишларини амалга ошириш чоралари кўрсин.

5. Ўзбекистон Бадиий академияси манфаатдор вазирликлар
ва идоралар билан ҳамкорликда республиканинг барча ҳудудларида кексаларни тараннум этувчи “Кексалик – ҳаётнинг ажиб фасли” мавзусидаги фото ва бадиий кўргазмаларни ҳар йили “Кексалар ҳафталиги” доирасида ташкил этсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакат бўйлаб кексаларни саёҳат қилишини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили
1 ноябрдан 30 ноябргача “Кексалар учун туризм ойлиги”ни эълон қилиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

“Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида:

а) Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудлардаги туризм инфратузилма объектлари (жойлаштириш воситалари, умумий овқатланиш шахобчалари) томонидан ихтиёрий тақдим қилинадиган чегирмалар ва акциялар тўғрисида расмий веб-саҳифасида эълон қилиб борсин;

б) Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва “Uzbekistan Airways” АЖ билан биргаликда саёҳат қилувчилар учун темир йўл, авиа ва вилоятлараро қатновчи автобус чипталарига чегирмаларни эълон қилиш ҳамда лиценсияси бор тадбиркорларнинг ташиш хизматларига ихтиёрий чегирмалар тўғрисида маълумотларни йиғиш ва эълон қилиш чораларини кўрсин;

в) Маданият вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, “Вақф” хайрия жамоат фонди билан биргаликда маданий мерос объектларига кириш чипталарига чегирмалар эълон қилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон социал туризм ассоциацияси ва Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан биргаликда:

“Саёҳат барча учун!” хайрия саёҳати лойиҳаси доирасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар учун мамлакат бўйлаб саёҳатларини ташкил қилиш чораларини кўрсин;

бунда, саёҳат давомида жойлаштириш, овқатланиш ва транспорт хизматлари учун маблағларининг 50 фоизи - “Саёҳат барча учун!” хайрия махсус ҳисоб рақамидан, қолган қисми ҳомийлар ҳисобидан қоплансин;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳар йили 1 октябрга қадар “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасидаги саёҳат қилувчи биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар рўйхатини шакллантирсин.

8. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Маматов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

     Бош вазири                                                           А. Арипов

Общие предложения: 0

293