Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
16206 Министерство физической культуры и спорта Республики Узбекистан 24/03/2020 08/04/2020 3
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактабларини ташкил этиш тўғрисида
ID-16206

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 4 декабрдаги ПФ–5887-сон Фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек, хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактаблари фаолиятини тартибга солиш ва янада ривожлантириш, халқаро стандарт ва талаблар асосида мамлакат терма жамоалари учун профессионал даражадаги футболчиларни тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактаблари (кейинги ўринларда футбол мактаблари деб аталади) тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Футбол мактабларининг асосий йўналиш ва вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш орқали спорт тайёргарлигининг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитларни яратиш;

илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, спортчилар тайёрлашнинг замонавий илмий ютуқлари ва инновацион технологиялардан фойдаланиш асосида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги самарадорлик ва натижавийликни ошириш;

спорт захирасини сифатли тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитларни таъминлаш;

ўқув-тарбия жараёнининг соғломлаштирувчи йўналишларини амалга ошириш учун шарт-шароитларни яратиш, соғлом турмуш тарзи нормаларини жорий этиш.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

футбол мактабларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этиладиган Хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактаблари фаолиятини ташкил этиш комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ижобий хулосаси асосида ташкил этилади;

футбол мактабларини фаолият юритиши учун қўйиладиган минимал талаблар Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан тасдиқланади;

футбол мактабларининг фаолият юритишлари учун Комиссиянинг ижобий хулосаси икки йил муддатга берилади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Комиссиянинг ижобий хулосасига эга бўлмаган футбол мактабларининг фаолиятини тўхтатиш юзасидан зарур чораларни кўрсин.

5. Белгилаб қўйилсинки, футбол мактаблари:

ўз фаолиятини футболчилар тайёрлаш дастури ва талаблар асосида амалга оширади;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилган ҳолда юқори малакали футбол тренерлари билан таъминлаш, ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўради;

футболчиларни тайёрлаш тўлов шартлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланган шартномага мувофиқ уларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан ўзаро муносабат ўрнатади;

ўз фаолиятини аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш, хайрия жамғармалари, грант маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштиради.

6. Футбол мактаблари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида футбол мактабидаги жами ўқувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, пуллик хизматларни кўрсатиш эвазига келиб тушган даромадлар ҳисобидан, футбол мактабига бепул қабул қилиши белгилаб қўйилсин. Кейинги йилларда шуғулланувчиларни бепул шуғулланишини давом эттириш бўйича қарор футбол мактаби томонидан шуғулланувчининг оилавий шароити ва унинг спортдаги натижаларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

7. Футбол мактабларига, истисно тариқасида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар йили кўчмас давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини қўлламаган ҳолда давлат мулкини ижарага бериш марказлари иштирокисиз балансида спорт иншоотлари бўлган бюджет ташкилотлари билан тўғридан-тўғри ижара шартномалари тузишга рухсат берилсин.

8. Футбол мактабларига илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда қуйидагилар тавсия қилинсин:

футбол бўйича ўқув-машқ жараёнини замонавий инновацион технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш;

замонавий илмий ютуқлар ва амалий тажрибаларни жорий этиш учун ўқув-машқ жараёнига хорижий тренер ва мутахассисларни жалб қилиш.

 

9. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ҳамда аҳолига етказиш тавсия этилсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев зиммасига юклансин.

 

 

                     Ўзбекистон Республикасининг

                                     Бош вазири                                                                                      А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил “__” _________даги _____-сон қарорига илова

 

 

 

 

Хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал
футбол мактаблари тўғрисида
НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессонал футбол мактабларининг (кейинги ўринларда футбол мактаби деб аталади) мақоми, мақсадлари, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда улар фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Футбол мактаби мактабдан ташқари нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади:

болалар, ўсмирлар ва ёшларни футбол спорт тури билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш орқали спорт захирасини ва маҳоратли футболчиларни тайёрлаш бўйича спорт тайёргарлигини амалга ошириш;

футбол спорт тури бўйича профессонал клубларга стажёрлар таркибини ҳамда республика ва минтақалар терма жамоаларининг асосий таркибларини, тўлдиришга қодир бўлган юқори малакали футболчиларни тайёрлашга қаратиш.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

хусусий футбол мактаби – болалар ва ўсмирларда футбол спорт тури билан шуғулланиш қобилиятларини ривожлантирувчи ва уларни мазкур спорт тури бўйича ихтисослаштирилган машғулотларга жалб қилувчи мактабдан ташқари нодавлат таълим муассасаси;

хусусий профессионал футбол мактаби – болалар ва ўсмирларда футбол спорт тури билан шуғулланиш қобилиятларини ривожлантирувчи ва уларни мазкур спорт тури бўйича ихтисослаштирилган машғулотларга жалб қилувчи, профессионал футбол клублари қошида ташкил этилган мактабдан ташқари нодавлат таълим муассасаси;

футбол тренери – футбол бўйича тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома ҳамда камида “Д” тоифадаги лицензияга эга бўлган ҳамда
ўқув-машқ, оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказишни, шунингдек спорт натижаларига эришиш учун беллашув фаолиятига раҳбарликни амалга оширувчи жисмоний шахс;

футболчи – ҳаваскорлик ёки профессионал асосда футбол билан мунтазам равишда шуғулланадиган, ўз спорт маҳоратини доимий ошириб борадиган
ва футбол бўйича ўтказиладиган мусобақаларда мунтазам қатнашадиган хусусий футбол мактаби ёки хусусий профессионал футбол мактаби шуғулланувчиси;

футбол бўйича терма жамоа - футболчиларнинг техник-тактик тайёргарлигини такомиллаштириш ва спорт маҳоратини ошириш мақсадида шакллантирилган, раҳбарлар, менежерлар, футбол тренерлари, футболчилар, шифокорлар, фармацевтлар, массажчилар, спорт психологлари, илмий ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ва бошқа мутахассислардан иборат бўлган жамоа.

4. Футбол мактаби ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, ушбу Низомга, шунингдек ўз уставига амал қилади.

5. Футбол мактабининг устави футбол мактаби таъсисчи(лари)си томонидан мазкур Низомга мувофиқ ишлаб чиқилади ва тасдиқланади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.

6. Футбол мактаби мактабдан ташқари нодавлат таълим хизматини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс бўлиб, ўзининг алоҳида
мол-мулкига, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига, ўз номи ёзилган муҳрга, штампларга ва ўз рамзига эга.

7. Футбол мактаби ўзининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.

 

2-боб. Футбол мактабининг асосий вазифалари ва функциялари

 

8. Қуйидагилар футбол мактабининг асосий вазифалари ҳисобланади:

болалар, ўсмирлар ва ёшларни футбол спорт тури билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, ҳар томонлама жисмоний камол топишига ва соғлом турмуш тарзига йўналтирилган соғломлаштириш-жисмоний тарбия, спорт
ва тарбиявий ишлар олиб бориш;

болалар ва ўсмирларда футбол спорт тури билан шуғулланиш қобилиятларини аниқлаш ва уларни мазкур спорт тури бўйича ихтисослаштирилган машғулотларга жалб қилиш, уларда барқарор қизиқишни орттириб бориш;

зарур замонавий моддий-техника базасини яратиш ҳамда футбол спорт тури бўйича спорт тайёргарлиги ўқув-машғулотларини ўтказиш учун малакали футбол тренерлари таркибини танлаш, футболчилар тайёрлаш бўйича ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш;

халқаро спорт майдонида футбол спорт тури бўйича мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган Ўзбекистон терма жамоалари учун
таълим-тарбия ва спорт тайёргарлиги ўқув-машғулотлари жараёнини ташкил этишнинг энг янги усулларини қўллаган ҳолда спорт захираси ва юқори малакали футболчиларни тайёрлаш;

футбол спорт тури бўйича спорт тайёргарлиги босқичларида барча
ёш гуруҳларга оид футболчиларни ўқитиш усуллари ва шаклларининг узвийлигини таъминлаш;

тажриба алмашиш масалалари бўйича бошқа спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, футболчиларнинг спорт маҳоратини, шунингдек футбол тренерлари ва бошқа мутахассисларнинг касб малакасини ошириш, мамлакат ёшлари ўртасида, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш.

9. Футбол мактабига белгиланган тартибда юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги функцияларни амалга оширади:

мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этади;

соғлиғида тиббий нуқсонлар, чекланишлари бўлмаган болалар
ва ўсмирларнинг футбол спорт тури билан мунтазам шуғулланишга жалб этишни ташкил этади, қобилиятли ва истиқболли футболчиларнинг янада камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;

футбол спорт тури бўйича манфаатдор ташкилотлар ва муассасалар билан биргаликда спорт захираси ҳамда олий маҳоратли футболчиларни танлаш
ва тайёрлашни илмий-методик ва тиббий-биологик жиҳатдан таъминлайди;

футбол спорт тури бўйича футболчилар тайёрлашнинг барча босқичларида ишлаб чиқилган спорт тайёргарлиги ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ
ўқув-машқ жараёнини ташкил қилади ва ўтказади, унга илғор инновацион илмий технологиялар ва методикалар жорий этади;

футбол спорт тури бўйича ўқув-машқ жараёни натижаларини, футболчиларнинг якка тартибдаги жисмоний сифатларининг ривожланиш кўрсаткичлари ўсишини, спорт тури техникаси асосларини ўзлаштириш даражасини таҳлил қилади;

футболчиларнинг ўқув-машқ йиғинларида, туман (шаҳар), вилоят, республика ва халқаро спорт тадбирларида қатнашишини таъминлайди;

қобилиятли футболчиларга уларнинг кейинчалик спорт йўналишидаги профессионал таълим ва олий таълим муассасаларида ўқишлари учун зарур
шарт-шароитлар яратади, шу жумладан халқаро спорт тадбирларда қатнашиши орқали уларнинг спорт маҳорати ва малакасини ошириш чораларини амалга оширади.

 

3-боб. Футбол мактабининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

10. Футбол мактаби белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

футбол бўйича спорт тайёргарлигининг ҳар бир босқичида таълим олувчи футболчиларнинг якка тартибда ўқиши давомийлигини белгилаш ҳамда тайёрлаш даври ва босқичига қараб ўқув-машқ ишларининг ҳафталик режимини белгилаш;

таълим ва тарбиянинг, шунингдек, спорт тайёргарлигининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шакли, воситалари ва усулларини танлаш;

жисмоний ва юридик шахсларга ўз фаолияти ихтисосига мувофиқ жисмоний тарбия ва спорт соҳасида пулли хизматлар кўрсатиш, кўрсатилган хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш;

футбол мактабига юкланган вазифаларни бажариш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун мактабга бириктирилган моддий-техника базаси
ва мол-мулкни тасарруф этиш.

11. Футбол мактаби қуйидагиларга мажбурдир:

ўқув-машқ ва тарбия жараёнини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, ходимлар ва футболчилар томонидан ўз мажбуриятлари, футбол спорт тури бўйича спорт тайёргарлиги ўқув дастурларига оид ўқув-машғулотлари топшириқларининг бажарилишини таъминлаш;

мазкур спорт тури бўйича тасдиқланган ўқув дастурлари асосида мактабнинг йиллик ўқув режасини, ўқув жадвалини ва ўқув-машқ жадвалини ишлаб чиқиш;

футбол спорт тури бўйича ўқув дастурлар талабларига ва ўқув режаларига мувофиқ ўқув-машқ ва тарбиявий жараённи амалга ошириш;

ўқув-машқ жараёни ўтказилаётган даврда футболчилар ва футбол мактаби ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш;

ҳар беш йилда бир марта футбол тренерларини малакасини ошириш;

ўқув-машқ ва тарбия жараёнини жорий назорат қилиш, футболчиларни тест синовидан ўтказиш ва уларнинг назорат нормативлари топширишини таъминлаш;

футбол мактабининг моддий-техника базаси ва мол-мулкининг сақланишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш.

12. Футбол мактаби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

ўқув-машқ жараёнининг қўлланиладиган спорт тайёргарлиги шакллари, усуллари ва уни ташкил этиш воситаларини футболчиларнинг психо-биологик
ёш хусусиятларига қобилиятлари, қизиқишлари, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги;

футболчилар ва ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши;

муассасага юкланган вазифаларнинг зарур ва самарали бажарилиши учун жавобгар ҳисобланади.

 

4-боб. Футбол мактаби фаолиятини ташкил этиш

 

13. Футбол мактаби мактабдан ташқари нодавлат таълим муассасаси сифатида муассис (муассислар) томонидан ташкил этилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.

14. Хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактаблари фаолиятини ташкил этиш комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ижобий хулосаси мулкдор томонидан футбол мактабини очишнинг асосий шарти ҳисобланади.

15. Футбол мактаблари қуйидаги турларда ташкил этилади:

хусусий футбол мактаблари;

хусусий профессионал футбол мактаблари.

Ушбу муассасалар, фақатгина спортнинг футбол турини ривожлантириш учун ташкил этилади.

Футбол мактабларининг фаолият юритишлари учун Комиссиянинг ижобий хулосаси икки йил муддатга берилади.

16. Футбол мактабида футболчиларни тайёрлаш босқичлари, ўқув режалари, ўқув-машғулот дастурлари, машғулот гуруҳларни тўлдириш меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишилади.

17. Футбол мактабини давлат аккредитациясидан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

18. Футбол мактабида футболчилар тайёрлаш сифати юзасидан давлат назорати, белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан аттестация ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

 

5-боб. Комиссия фаолияти

 

19. Футбол мактаби фаолиятини ташкил этиш ҳамда фаолиятини давом эттиришга ижобий хулоса бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда камида 7 кишидан иборат Комиссия тузилади.

20. Комиссиянинг раиси Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳисобланади.

21. Комиссия раиси:

комиссия ишини ташкил этади;

комиссия аъзоларининг вазифаларини белгилайди;

комиссия фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади.

22. Комиссия раиси Комиссия йиғилишини адолатлилик ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилиши ҳамда хулосаларнинг холислиги учун жавобгар бўлади.

23. Комиссия йиғилиши ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Комиссия йиғилиши аъзоларнинг камида 2/3 қисми иштирок этганда хақиқий ҳисобланади.

24. Футбол мактаблари томонидан Комиссияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ариза (унда юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи, почта манзили, мактабдан ташқари таълим фаолиятини амалга ошириш жойининг манзили, банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисобрақами, фаолият тури ва электрон манзили кўрсатилади);

ўзининг ёки ижарага олинган спорт базаси тўғрисида маълумот;

ўқув-машқ жараёнини амалга ошириш учун зарур анжомлар ва жиҳозлар, маъмурий ва ёрдамчи хоналар ҳақида маълумот;

малакали футбол тренерлари ҳақида маълумот;

ўқув режалари, ўқув-машғулот дастурларининг нусхалари;

Ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги учун футбол мактаби раҳбари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

25. Комиссиянинг ижобий хулосаси Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан тасдиқланадиган футбол мактабларини фаолият юритиши учун қўйиладиган минимал талаблар асосида қабул қилинади.

26. Комиссиянинг ижобий хулосасига эга бўлмаган футбол мактабларининг фаолиятини тўхтатилади.

 

6-боб. Футбол мактабига футболчиларни қабул қилиш

 

27. Футбол мактабига футбол билан шуғулланиш учун тиббий нуқсонлари бўлмаган, соғлом болалар ва ўсмирлар танлов асосида қабул қилинади.

28. Футбол мактабига футболчиларни қабул қилиш тартиби ва шартлари футбол мактаби томонидан белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишилади.

29. Футбол мактабида футболчилар сони футбол мактаби бино
ва иншоотларининг сиғими, қуввати ҳамда моддий-техник базасидан келиб чиқиб, футбол мактабида яратилган шароитларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан белгиланади.

30. Футбол мактабида футболчиларнинг таркибий рўйхати ва спорт тайёргарлиги босқичлари бўйича ўқув-машқ машғулоти гуруҳлари сони ҳар ўқув йилида жорий ўқув йили бошлангунга қадар мактаб директори томонидан тасдиқланади.

Ушбу тасдиқланган ўқув-машқ машғулоти гуруҳлари таркибий рўйхати
ва спорт тайёргарлиги босқичлари бўйича ўқув-машқ машғулоти гуруҳлари сони асосида футбол мактаби ўқув-машғулотларининг йиллик ўқув соатлари ҳисобини аниқлайди ва спорт тайёргарлигининг йиллик ўқув режасини тузади.

31. Футбол мактабида футболчиларни навбатдаги кейинги ўқув йили гуруҳларга (ёки навбатдаги спорт тайёргарлиги босқичига) ўтказиш, белгиланган тартибда таълим бериш муддатлари ва таълим олувчи футболчиларнинг ўқув дастурларини ўзлаштирганлиги ва улар томонидан умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик бўйича назорат-ўтказиш нормативлари бажарилганлиги, соғлиғи ҳолатининг тиббий-биологик кўрсаткичлари асосида, шунингдек тегишли спорт разряди талабларини бажарганлиги ҳақида маълумотлар тўлиқ мавжуд бўлганда, тренерлар кенгашининг қарори асосида мактаб директорининг тегишли буйруғи билан амалга оширилади.

Мазкур банднинг биринчи хатбошидаги талабларни бажармаган футболчи ўқишнинг кейинги ўқув йилига ёки навбатдаги спорт тайёргарлиги босқичига ўтказилмайди. Ушбу футболчиларга белгиланган тартибда футбол мактаби раҳбарияти ва тренерлар кенгашининг қарори билан спорт тайёргарлигининг айнан шу босқичида таълим олишни такроран амалга ошириш имконияти берилади.

32. Спорт тайёргарлиги босқичининг навбатдаги кейинги ўқув йили гуруҳига ўтказиш учун белгиланган ёшга етмаган, бироқ навбатдаги ўқув йили дастурий талабларини бажарган айрим футболчилар тренерлар кенгашининг қарори билан ва шахсий тиббий рухсатнома асосида спорт тайёргарлиги босқичининг навбатдаги ўқув йили гуруҳига ўтказилиши мумкин.

33. Футбол мактабида футболчиларни бошқа спорт мактабига ўтказиш, уларнинг ўз аризалари асосан, футбол мактабининг ва ота-оналарининг
(ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларнинг) ёзма розилиги билан амалга оширилади.

34. Футбол мактаби футболчилари минтақа ёки республика терма жамоалари таркибига расмий равишда киритилган тақдирда ҳам улар ушбу футбол мактабининг тегишли ўқув-машқ машғулоти гуруҳининг таркибий рўйхатида қолади.

35. Футбол мактабида футболчиларни ўқишдан четлаштириш амалдаги қонун ҳужжатлари асосида қуйидаги тартибда амалга оширилади:

футболчининг ўз ҳохишига кўра;

тиббиёт муассасаларининг тегишли хулосалари билан тасдиқланган жисмоний юклама ва спорт билан шуғулланиш учун тиббий нуқсонлар аниқланганда;

футбол мактабининг ички тартиб-қоидалари ва ўқув интизоми бузилганда, шу жумладан маънавий ахлоқсизлик содир этилганда, спорт одоб-ахлоқи бузилганда;

спорт тайёргарлиги режими бузилганда, шу жумладан тақиқланган фармокологик, допинг ва наркотик воситалар қўлланилганда;

футболчи вафот этганда.

Футбол мактабида футболчиларнинг касал бўлган вақтида ўқишдан четлатишга йўл қўйилмайди.

36. Спорт тайёргарлигининг барча босқичларидан ўтган ва белгиланган тартибда битирув нормативларини топширган футболчилар футбол мактаби битирувчилари ҳисобланади.

Футбол мактаби битирувчиларига, уларнинг спорт тайёргарлиги даражасида кўрсатилган ва спорт тайёргарлиги барча босқичларига доир тавсиялар берилган футболчи картаси ҳамда спорт тайёргарлиги даражаси кўрсатилган ҳолда футбол мактабини тугатганганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

 

7-боб. Ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш

 

37. Футбол мактабида ўқув йили 2 сентябрдан бошланади ва жорий ўқув йилида 52 ҳафта мобайнида давом этади.

Ўқув йилининг давомийлиги спорт турининг мураккаблиги ва хусусиятига, спорт мусобақалари спорт ва жисмоний тарбия тадбирлари тақвим режасига, спорт тайёргарлиги жараёнининг даврийлигига боғлиқ мактаб директори томонидан якка тартибда белгиланиши мумкин.

38. Футбол мактабида футболчилар билан ўқув-машқ жараёни белгиланган тартибда тасдиқланган ва тегишли ўқув-машқ машғулоти гуруҳи учун мўлжалланган спорт тайёргарлиги ўқув дастурлари ва йиллик ўқув режаси бўйича ўтказилади.

39. Спорт тайёргарлиги ўқув-машғулотлари жадвали футболчиларнинг
ёш хусусиятлари ва белгиланган санитария-гигиена нормалари ҳисобга олинган ҳолда ўқув-машғулотларнинг қулайроқ режимини, футболчиларнинг дам олишини, уларнинг мазкур мактабда ва бошқа таълим муассасаларда ўқишини белгилаш мақсадида футбол тренерининг тақдимномасига асосан футбол мактаби маъмурияти томонидан тузилади.

40. Футбол мактабида ўқув-машғулотларининг мазмуни, тасдиқланган спорт тайёргарлиги ўқув дастурларига мувофиқ бўлиши шарт.

41. Футбол мактабида спорт тайёргарлиги ўқув-машқ машғулоти жараёни, ўқитишнинг замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилган, спорт машқларини бажаришнинг инновацион методикаси
ва воситалари асосида футбол тренерлари томонидан амалга оширилади ҳамда машқлар ва мусобақаларда қатнашиш фаолияти бирга қўшиб олиб борилиши негизида тиклаш тадбирлари ўтказилган ҳолда ташкил этилади.

42. Футбол мактабида қуйидагилар спорт тайёргарлиги ўқув-машқ машғулоти жараёнининг асосий шакллари ҳисобланади:

гуруҳларда ва якка тартибда спорт тайёргарлиги ўқув-машғулотлари
ва назарий машғулотлар;

ўқув-машқ йиғинлари;

тиклаш, профилактика ва соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш, таълим олувчи футболчиларни тиббий-биологик ва педагогик жиҳатдан назорат қилиш, тест синовларидан ўтказиш;

таълим олувчи футболчиларнинг турли даражадаги мусобақалар ва ўйин учрашувларда иштирокини ташкил этиш;

спорт-соғломлаштириш оромгоҳларида футболчилар билан спорт тайёргарлиги ўқув-машғулотларини ўтказиш;

етакчи футболчилар иштирокида мастер-класслар ўтказиш, ўқув видео ёзувларини, кино дастурларни ҳамда спорт мусобақаларини кўриш ва таҳлил қилиш;

таълим олувчи футболчиларнинг инструкторлик ва ҳакамлик амалиётини ўтказиш.

43. Республика ва халқаро мусобақаларда қатнашишга қўйиладиган жамоалар ва иқтидорли футболчиларни тайёрлаш мақсадида футбол мактаби спорт тайёргарлиги фаолиятига ажратилган маблағлар доирасида ўқув йили давомида ўқув-машқ йиғинларини ўтказиш ҳуқуқига эга.

44. Ўқув-машқ йиғинларини ташкил этиш ва ўтказиш, белгиланган тартибда футбол мактабининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ амалга оширилади.

45. Ўқув-машқ йиғинларининг вазифалари туман, вилоят, республика
ва халқаро спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ, Футбол мактабининг тренерлар кенгаши томонидан белгиланади.
Ўқув-машқ йиғинларини футболчиларнинг спорт маҳоратини ошириш
ва навбатдаги спорт мусобақаларига ҳар томонлама мақсадли тайёгарликни таъминлаш доирасида муайян шароитларда ва спорт тайёргарлиги машқ цикллари муайян даврларида ўтказилади.

46. Футбол мактабида футболчиларининг турли спорт мусобақаларида
ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, шу жумладан турли ташкилотлар томонидан ўтказиладиган спорт мусобақаларида ҳамда халқаро мусобақаларда қатнашиши, тасдиқланган календарь режасига биноан спорт мусобақалари регламентлари, низомлари ёки расмий таклиф этилишига мувофиқ амалга оширилади.

47. Футбол мактабида футболчиларнинг спорт тайёргарлиги
ўқув-машғулоти жараёни изчиллигини ва фаол дам олишини таъминлаш мақсадида ёзги таътил даврида қонунчилик доирасида норматив-ҳуқуйий ҳужжатларда белгиланган тартибда спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этади.

48. Спорт тайёгарлиги ўқув-машғулотлари жараёнида мактаб директори томонидан тасдиқланган режага мувофиқ футболчилар билан маънавий-тарбиявий ишларни ташкил этади. Футбол мактабининг маънавий-тарбиявий ишлари шахснинг баркамол бўлишига кўмаклашади ва футболчиларда ватанпарварлик туйғуси, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга эҳтиёжни, ўз билимлари, малака ва кўникмаларини доимо такомиллаштириб боришга йўналтирилади.

49. Ушбу муассасалар спорт тайёргарлиги ўқув-машғулотлари
ва маънавий-тарбия жараёнини ташкил этиш ва амалга ошириш мактаб уставида белгиланган тартибда юритилади.

 

8-боб. Футбол мактабида футболчиларнинг ҳуқуқи ва мажурбиятлари

 

50. Футбол мактабида футболчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

спорт тайёргарлиги ўқув дастурларига ва ўқув режаларига мувофиқ футбол тренери раҳбарлигида спорт тайёргарлигини амалга ошириш, ўқув-машқ машғулотлари жараёнида ва спорт мусобақаларида қатнашиш;

футбол мактаби томонидан белгиланган тартибда мактабнинг ахборот ресурслари, спорт иншоотлари, спорт жиҳозлари ва анжомларидан фойдаланиш;

белгиланган тартибда спорт жиҳозлари, якка тартибда фойдаланиладиган спорт формаси ва кийим-бош олиш;

ўқув-машқ машғулотлари ва мусобақалар жараёнида хавфсиз
шарт-шароитларга эга бўлиш ва соғлиғини сақлаш, тиббий хизматлардан фойдаланиш;

ўқишни бошқа спорт-таълим муассасаларига кўчириш;

футбол мактаби футболчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

51. Футбол мактабининг футболчилари қуйидагиларга мажбурдир:

ўзининг назарий, умумий ва махсус жисмоний тайёргарлигини доимий равишда ошириш, спорт маҳоратини ўстириш;

якка тартибдаги ва гуруҳли машғулотларнинг ўқув режалари ва дастурларини бажариш;

спорт тайёргарлиги кун тартиби (режими)га ва гигиеник талабларга риоя қилиш;

футбол тренерлари ва бошқа футболчиларнинг шаъни ва шахсий
қадр-қимматини ҳурмат қилиш;

футбол мактабининг мол-мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, унинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш;

тиббий назорати талабларига қатъий риоя қилиш, мунтазам равишда, 6 ойда камида бир марта тиббий кўрикдан ўтиш;

футбол мактаби футболчилари зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбуриятлар юклатилиши мумкин.

 

9-боб. Спорт мактабини бошқариш

 

52. Футбол мактабига мулкдор томонидан тайинланадиган директор раҳбарлик қилади.

53. Футбол мактаби директорининг ўринбосарлари, футбол тренерлари таркиби ва бошқа ходимлар футбол мактаби директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

54. Футбол мактабининг барча ходимларига қўйиладиган лавозим малака талаблари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари футбол мактаби директори томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.

 

 

 

 

10-боб. Футбол мактабининг тибий-биологик таъминоти
ва тиббий назорат
и

 

55. Футбол мактабида футболчилар спорт тайёргарлиги
ўқув-машғулотларининг тиббий биологик таъминоти ва уларнинг соғлиғи ҳолати юзасидан тиббий назорат мактабнинг тиббиёт ходимлари томонидан, улар бўлмаганда эса белгиланган тартибда мактабга бириктирилган тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан амалга оширилади.

56. Футбол мактаби футболчиларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишни мазкур мактаб жойлашган жой бўйича тегишли соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан амалга ошарилади.

57. Футбол мактаби футболчиларига уларнинг соғлиғи ҳолати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда, белгиланган намунадаги даволаш-назорат картаси тўлдирилади. Ушбу карта мактабнинг тиббиёт хонасида ёки спорт мактаби жойлашган жойдаги соғлиқни сақлаш даволаш муассасасида сақланади.

 

 

11-боб. Футбол мактабининг молия ва хўжалик фаолияти,
моддий-техник базаси

 

58. Футбол мактаби аҳолига ва ташкилотларга пуллик хизматлар кўрсатиш, шунингдек, амалдаги қонунлар билан тақиқланмаган тижоратчилик фаолиятининг бошқа турлари билан шуғулланишга ҳақлидир.

59. Қуйидагилар футбол мактаби маблағларининг қўшимча манбалари ҳисобланади:

футболчини профессионал футбол клубларига ижарага бериш, футболчиларни трансфер қилиш эвазига тушган маблағлар;

асосий спорт тайёргарлиги ўқув-машғулотлардан ташқари пайтда
бўш бинолар, спорт иншоотлари, асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган маблағлар;

ҳомийлар ва хайрия маблағлари ҳамда грант маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

60. Футбол мактабининг моддий-техника базаси ер-майдонларини, биноларни, кутубхоналарни, спорт иншоотларини, коммуникация, ускуналар, транспорт воситалари ҳамда спорт тайёргарлигини амалга оширишда фойдаланиладиган бошқа анжомларни ўз ичига олади.

 

 

12-боб. Халқаро ҳамкорлик

 

61. Футбол мактаби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат
ва жамоат ташкилотлари билан халқаро фаолиятни амалга ошириш, мактабнинг футбол тренерлари ва футболчиларини айирбошлаш бўйича хорижий спорт муассасалари ва ташкилотлари билан битимлар тузиш, биргаликда спорт тадбирлари, байрамлар, кўрик-танловлар ва семинарлар ўтказиш ҳуқуқига эга.

62. Футбол мактаби спорт-таълими муаммолари бўйича халқаро ҳамкорлик ишларида иштирок этадилар, чет мамлакатларнинг футбол спорт тури бўйича ўқув марказлари ва илмий муассасалари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга ҳақлидирлар.

 

13-боб. Якунловчи қоида

 

63. Футбол маҳорати мактабини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Общие предложения: 1

664