Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
16188 Министерство юстиции Республики Узбекистан 24/03/2020 08/04/2020 43
Закон Республики Узбекистан
“Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги
ID-16188

Қонунчилик палатаси томонидан _______________

                 қабул қилинган

Сенат томонидан ________________ маъқулланган

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ижтимоий тадбиркорлик – юридик шахслар ёхуд якка тартибдаги тадбиркорларнинг аҳолини муайян ижтимоий муаммолари ва уларнинг оқибатларини енгиллаштириш ёки ҳал қилишга қаратилган фаолияти;

ижтимоий корхона – аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини иш ўринлари билан таъминлашни, ижтимоий товарлар ишлаб чиқаришни ва ижтимоий хизматлар кўрсатишни ёки бошқа ижтимоий мақсадларини кўзлаган ҳамда мазкур Қонунда белгиланган тартибда ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;

ижтимоий корхоналарнинг реестри – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан юритиладиган ижтимоий корхоналар тўғрисидаги янгиланиб турадиган ёзувларни ўз ичига олган маълумотларнинг ягона электрон ахборот базаси;

аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари – бозор шароитларида товарлар(хизматлар)ни харид қилишда ёки меҳнат бозорида иш топишда қийинчиликка дучор бўлаётган ёхуд ўзгаларнинг кўмагига муҳтож шахслар, жумладан:

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон болалар;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

ижтимоий аҳамиятга молик бўлган касалликлар ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликлар (сил, онкологик, психиатрик, наркологик, эндокринологик, инфекцион, таносил касаллиги, ОИТС, махов ва касб касаллиги)га чалинган шахслар;

қарамоғида 16 ёшга тўлмаган ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслар;

ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ошмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари;

“Меҳрибонлик” уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари;

жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган шахслар;

ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар;

муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахслар.

ижтимоий лойиҳа – ижтимоий корхона томонидан аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини иш ўринлари, ижтимоий товарлар ва ижтимоий хизматлар билан таъминлашга ёки бошқа ижтимоий мақсадларга йўналтирилган ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш усули;

ижтимоий товар – бошқа фуқаролар билан тенг имкониятлар яратиш мақсадида зарур бўлган маҳсулот ва воситалар, жумладан ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари, инвентарлар, “Брайл алифбо”ли китоб ва бошқа босма материаллар, имконияти чекланган болаларга ўқув ва бадиий адабиётлар, ишора тилини қўллаган ҳолда аудио китоб ҳамда видеоматериаллар;

ижтимоий хизматлар – Ўзбекистон Республикасининг “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Қонунида белгиланган шаклларда кўрсатиладиган хизматлар, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар учун ортопедик протезлаш, протез-ортопедия буюмлари ва инвентарларини таъмирлаш, руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг, шу жумладан, ногиронларнинг меҳнат терапияси, уларни янги касбларга ўқитиш хизматлари;

ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар – ун, гўшт ўсимлик ёғи, гуруч, макарон маҳсулотлари, картошка, сабзи, пиёз, шакар ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа маҳсулотлар.

 

4-модда. Ижтимоий тадбиркорликнинг асосий принциплари

Ижтимоий тадбиркорликнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

ижтимоий адолат;

жамият манфаатларининг устуворлиги;

ижтимоий тадбиркорликнинг ихтиёрийлиги.

 

5-модда. Ижтимоий адолат принципи

Давлат ижтимоий корхонанинг фаолиятини рағбатлантирган ҳолда жамиятдаги аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлайди.

 

6-модда. Жамият манфаатларининг устуворлиги принципи

Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда жамият манфаатлари устувор бўлиши лозим. Бундай фаолият экология ва атроф-муҳитга, моддий-маданий мерос объектларига, жамоат хавфсизлигига ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқ ва манфаатларга зарар етказмаслиги керак.

 

7. Ижтимоий тадбиркорликнинг ихтиёрийлиги принципи

Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятнинг ихтиёрийлигига асосланади.

 

8-модда. Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг мақсадлари

Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг мақсадларига қуйидагилар киради:

аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини иш ўринлари, ижтимоий товарлар ва ижтимоий хизматлар билан таъминлаш;

аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига дори восталари ёки ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларини таннархида ёхуд таннархидан паст бўлган нархларда реализация қилиш;

табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни бартараф этиш;

бошқа ижтимоий мақсадларни кўзлаган фаолиятни амалга ошириш.

 

2-боб. Ижтимоий тадбиркорлик соҳасини

давлат томонидан тартибга солиш

 

9-модда. Ижтимоий тадбиркорлик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Ижтимоий тадбиркорлик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

давлат томонидан ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

ижтимоий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва такомиллаштириш;

ижтимоий тадбиркорлик соҳасида давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ижтимоий лойиҳалар учун инвестициялар жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш.

 

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ижтимоий тадбиркорлик соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги давлат дастурлари ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

11-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли давлат органи деб юритилади):

ижтимоий тадбиркорлик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлайди;

ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ўз ваколатлари доирасида ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

ижтимоий корхоналар ва ижтимоий тадбиркорлик лойиҳаларининг реестрини юритади;

ижтимоий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда идоралараро мувофиқлаштиришни таъминлайди;

маҳаллий давлат органлари, халқаро молия ва донорлик ташкилотлари, шунингдек ижтимоий тадбиркорликнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этади;

ижтимоий тадбиркорлик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда кўмаклашади ҳамда бажарилишининг юзасидан мониторингни амалга оширади;

ижтимоий тадбиркорлик масалалари юзасидан тушунтиришлар олиб боради ҳамда услубий қўлланмалар ва йўриқномаларни ишлаб чиқади;

ижтимоий корхоналар фаолияти билан боғлиқ аҳволни ўрганади ва ўрганиш натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига йиллик маълумот киритади.

Ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

12-модда. Ижтимоий тадбиркорлик соҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларини вазифалари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлайди;

ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

ўз ваколатлари доирасида ижтимоий корхоналарни маъмурий ҳудудларнинг ижтимоий, демографик ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий қўллаб-қувватлайди ва рағбатлантиради;

ижтимоий тадбиркорлик соҳасига инвестициялар жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўради;

ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва ваколатли давлат органига киритади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

3-боб. Ижтимоий корхона

 

13-модда. Ижтимоий корхона мезонлари

Юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ижтимоий корхона сифатида қуйидаги мезонлардан бирига ёки бир нечтасига мос келганда, ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилади:

ходимларининг умумий сонида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига мансуб шахслар камида 70 фоизни ташкил этадиган ҳамда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига мансуб шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 70 фоизини ташкил этадиган юридик шахслар;

ишлаб чиқарадиган товарларини ёки кўрсатадиган хизматларини реализация қилишдан тушган тушум умумий ҳажмининг камида 50 фоизини ижтимоий товарлар реализация қилишдан ёки ижтимоий хизматлар кўрсатишдан тушган тушум ташкил этадиган шахслар;

ижтимоий товар ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларининг камида 50 фоизини мазкур товарларнинг таннархида ёки таннархидан паст бўлган нархларда чакана савдо орқали аҳолига реализация қиладиган шахслар;

фаолиятини табиий офатлар, фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва бошқа фавқулодда хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни (кейинги ўринларда фавқулодда ҳолатлар деб юритилади) бартараф этишга қаратилган товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришга ўзгартирган шахслар.

Юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг ижтимоий корхона мезонларига мос келиши уларнинг чораклик молиявий ҳисоботларини ўрганиш орқали солиқ органлари томонидан аниқланади.

Ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилган шахслар, ўтган молия йилида олинган фойданинг камида учдан икки қисмини кейинги молия йили давомида ижтимоий корхонанинг фаолиятига ёки ижтимоий лойиҳаларга реинвестицияга йўналтириши шарт, асосий фаолиятини фавқулодда ҳолатларни бартараф этишга ўзгартирган шахслар бундан мустасно.

 

14-модда. Ижтимоий корхоналарнинг реестрини юритиш тартиби

Ваколатли давлат органи идоралараро электрон ҳамкорлик орқали солиқ органларидан олинган маълумотлар асосида юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорни ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритади. Ижтимоий корхоналарнинг реестри Ижтимоий корхоналар веб-порталига ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Ижтимоий корхоналарнинг реестрида ижтимоий корхона тўғрисидаги қуйидаги асосий маълумотлар кўрсатилиши керак:

ижтимоий корхонанинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами;

ижтимоий корхона раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

“ижтимоий корхона” сифатида ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилган (чиқарилган) сана ва рақами;

хизмат кўрсатаётган банкнинг номи, банкда талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағининг рақами;

амалга ошираётган фаолият тури;

ходимларни асосий иш жойи бўйича ишга қабул қилиш тўғрисидаги маълумотлар;

йиллик молиявий ҳисоботи.

Ваколатли давлат органи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорни улар ижтимоий корхоналарнинг реестирига киритилган кундан эътиборан бир кундан кечиктирмай алоқа воситалари орқали хабардор қилади.

Ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилгандан сўнг ушбу Қонун 13-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган мезонларга мувофиқ келмай қолганда, шунингдек тугатилган тақдирда ижтимоий корхона ижтимоий корхоналарнинг реестридан чиқарилади.

Ваколатли давлат органи ижтимоий корхонани ижтимоий корхоналарнинг реестиридан чиқарган кундан эътиборан бир кундан кечиктирмай уларни алоқа воситалари орқали хабардор қилади.

Фавқулодда ҳолат тугатилган кундан эътиборан асосий фаолиятини фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ўзгартирган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ижтимоий корхоналарнинг реестридан чиқарилган деб ҳисобланади.

 

15-модда. Ижтимоий корхоналарнинг ҳуқуқлари

Ижтимоий корхона қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мазкур Қонунга зид бўлмаган фаолиятни эркин амалга оширишга, ижтимоий лойиҳани амалга ошириш ҳажмларини, турларини, шаклларини, соҳасини ва йўналишларини мустақил равишда белгилаш;

ижтимоий корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шаклларидан фойдаланиш;

ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қарорлар қабул қилинишида ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режаларини тузишда иштирок этиш;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари натижасида етказилган зарарлар учун товон олиш.

 

16-модда. Ижтимоий корхоналарнинг мажбуриятлари

Ижтимоий корхоналар қуйидагиларга мажбур:

ижтимоий корхона мезонларига мос келиши;

ижтимоий тадбиркорлик билан боғлиқ фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш;

қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

ижтимоий тадбиркорлик ва ижтимоий лойиҳани амалга ошириш учун тақдим этилган давлат мулки объектларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

давлат органларининг ўз ваколатлари доирасида қўйиладиган талабларини бажариш.

 

4-боб. Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан
қўллаб-қувватлаш

 

17-модда. Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари

Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш;

ижтимоий лойиҳа харажатларини субсидиялаш;

маслаҳат бериш ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш.

Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритилган кундан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб татбиқ этилади ва ижтимоий корхоналарнинг реестридан чиқарилган ойнинг биринчи кунидан бекор қилинади.

Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш асосий фаолиятини фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ўзгартирган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан фақат фавқулодда ҳолатлар амал қилган давр мобайнида қўлланилади.

 

18-модда. Ижтимоий корхоналарга имтиёз ва преференциялар тақдим этиш

Ижтимоий корхоналарга қуйидаги имтиёз ва преференциялар тақдим этилади:

давлат мулки объектларини ёки уларга бўлган мулкий ҳуқуқларни имтиёзли ёки “ноль” қиймат бўйича бериш;

солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш.

Солиқ имтиёзлари Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда берилади.

Ушбу Қонун 13-моддасининг учинчи қисмида ўрнатилган талаб бажарилмаганда, ижтимоий корхонадан солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар суммалари белгиланган тартибда қайтариб олинади.

Имтиёзлар ва преференциялар қуйидагиларга қараб тақдим этилади:

ижтимоий тадбиркорлик фаолияти ва ижтимоий лойиҳанинг ҳажмига;

ижтимоий тадбиркорлик фаолияти ва ижтимоий лойиҳа амалга ошириладиган ҳудуднинг шарт-шароитларига;

кутилаётган ижтимоий-иқтисодий самарага ва янги иш ўринларини яратишга;

ижтимоий лойиҳани амалга ошириш соҳалари ва тармоқларига.

 

19-модда. Ижтимоий лойиҳа харажатларини субсидиялаш

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун бюджет субсидиялари белгиланиши мумкин. Субсидиялаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қайтарилмайдиган асосда амалга оширилади.

Бюджет субсидиялари ҳажми Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланадиган дастурлар доирасида белгиланади.

Бюджет субсидиялари ажратиладиган ижтимоий корхоналар ваколатли давлат органи томонидан ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун ўтказиладиган танловлар орқали аниқланади.

 

20-модда. Маслаҳат бериш ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш

Давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шу жумладан халқаро молия институтлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси ваколатхоналари ижтимоий корхоналарнинг муаммолари ва масалаларини ҳал этиш мақсадида ўз ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича уларга маслаҳат ва ахборот ёрдами кўрсатади.

 

5-боб. Якунловчи қоидалар

 

21-модда. Низоларни ҳал этиш

Ижтимой тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

22-модда. Ижтимой тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ижтимой тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

23-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида, айниқса табдиркорлик субъектлари ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

24-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

25-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти 

 

 

Общие предложения: 23

1630