ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
1533 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 17/12/2018 02/01/2019 57

Обсуждение завершено

Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида
ID-1533

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 

Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3802-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 Давлат солиқ қўмитаси

 раисининг биринчи ўринбосари

 

Тошкент ш.,

201__ йил “___” __________,

_________-сон

 

              Б. Мусаев

 

Марказий банк раиси

 

Тошкент ш.,

201__ йил “___” __________,

_________-сон

 

              М. Нурмуратов

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитаси ва

Марказий банки бошқарувининг

2018 йил “___” “___________”

_____ ва _____-сон қарорига

ИЛОВА

 

Солиқ қарзини жисмоний шахсларнинг банк пластик
карталаридан сўзсиз ундириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

 

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3802-сон қарорининг 7-банди 5-хатбошисига мувофиқ ишлаб чиқилди ҳамда қарздор жисмоний шахсларнинг солиқ қарзини банк пластик карталаридан сўзсиз ундириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Қарздор жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи банк пластик карталаридан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда сўзсиз ундириб олинади.

Энг кам иш ҳақи миқдори қонун ҳужжатларига мувофиқ инкассо топшириқномаси юборилган санада шу ой учун белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. Агар энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда, ўзгарган миқдордан келиб чиқиб қайта ҳисоб-китоб қилинади.

2. Банк пластик карталардан жисмоний шахсларнинг мол-мулк, ер солиқлари ва даромадлар тўғрисидаги декларация асосида ҳисобланган солиқ ҳамда тадбиркорлик мақомини йўқотган ва банкда ҳисобварақ очмаган ёки банк ҳисобварақлари ёпилган якка тартибдаги тадбиркор-жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти бўйича солиқ қарзи сўзсиз ундирилади.

3. Жисмоний шахсларнинг пластик карталаридаги қуйидаги пул маблағларига нисбатан ундирув қаратилмайди:

майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик, шунингдек боқувчисининг вафот этганлиги сабабли тўлаб берилган зарар суммалари;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида майиб бўлган (яраланган, шикастланган, контузияга учраган) шахсларга ва мазкур шахслар ҳалок бўлган (вафот этган) тақдирда уларнинг оила аъзоларига тўланган суммалар;

бола туғилганлиги муносабати билан тўланган суммалар;

алимент мажбуриятлари бўйича тўланган суммалар;

меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишлар учун тўланган суммалар, шунингдек радиация таъсирига учраган шахсларга ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда тўланган суммалар;

ҳомиладорлик ва туғиш бўйича тўланган нафақа суммалари;

дафн этиш маросими учун берилган нафақа суммалар;

қисман ҳақ тўланадиган таътил даврида болани парваришлаш учун тўланган суммалар;

бола туғилиши, қариндошлар вафот этиши, никоҳ тузиш муносабати билан корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан тўланган суммалар;

хизмат сафари, бошқа жойга ишга ўтказилганлиги, қабул қилинганлиги ёки юборилганлиги муносабати билан тўланган суммалар;

меҳнатга оид муносабатлар бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси тариқасида тўланган суммалар;

ёшга доир пенсия, болаликдан ногиронлик, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар нафақа суммалари.

4. Жисмоний шахснинг давлат солиқ хизмати органига пластик карта рақамини кўрсатган ҳолда аризаси асосида ўзининг ёки аризасида кўрсатилган жисмоний шахс(лар)нинг солиқ қарзи ёки жорий тўловлари ҳисобига ундириб олиниши мумкин.

Бунда, аризада қайд қилинган суммада ва муддатларда пластик картасидаги пул маблағлари манбаларидан қатъий назар ундириб олинади.

2-боб. Сўзсиз ундирувни пластик карталардаги пул маблағларига қаратиш тартиби

 

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати тугаганидан кейин уч иш кунидан кечиктирмай солиқ қарзи мавжуд бўлган жисмоний шахслар, уларнинг шахсий идентификацион рақамлари, паспорт маълумотлари, ҳудудий давлат солиқ хизмати органи номи, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар номи, солиқ қарзи миқдори тўғрисидаги ахборотларни ҳимояланган алоқа канали орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига электрон шаклда тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки олинган электрон маълумотлар асосида реал вақт режимида жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақамлари бўйича номига очилган пластик карталарни аниқлайди ҳамда банк картаси ҳисобварағига оид маълумотларни шакллантириб, бир иш кунидан кечиктирмай Давлат солиқ қўмитасига электрон шаклда тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси олинган маълумотлар асосида уч иш кунидан кечиктирмай солиқ қарзини жисмоний шахснинг пластик картасидан ундириш юзасидан электрон инкассо топшириқномасини белгиланган тартибда шакллантиради ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилиб олиниши билан жисмоний шахсларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатаётган банк(ларга)ка электрон инкассо топшириқномаларини ижро учун юборади.

Хизмат кўрсатувчи банк(лар) жисмоний шахсларнинг пластик карталарининг ишлатилишига ўн иш куни муддатга чеклов ўрнатади ва бу ҳақда пластик карталар уланган уяли алоқа телефон рақамларига СМС-хабар жўнатилади.

6. СМС-хабарда солиқ тўловчининг исми, отасининг исми, шахсий идентификацион рақами, давлат солиқ хизмати органининг номи, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тури, чеклов ўрнатилган сумма ва пластик карталари, чеклов ўрнатилиш сабаблари кўрсатилиши ҳамда солиқ қарзининг ўн иш куни давомида бартараф этилиши, акс ҳолда ушбу муддат тугагандан сўнг унинг розилигисиз сўзсиз ундирилиши тўғрисида огоҳлантирилиши лозим.

7. СМС-хабар жўнатиш харажатлари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилиб, кейинчалик Давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

8Инкассо топшириқномаларида кўрсатилган сумма доирасида пластик карталардаги пул маблағлардан келиб чиқиб, бир ёки бир нечта, шу жумладан хорижий валютадаги пластик карталарга тўлиқ ёки қисман чеклов ўрнатилиши мумкин.

9. Чеклов ўрнатилган пул маблағларининг пластик карталар эгалари томонидан ишлатилишига йўл қўйилмайди, бундан чекловга нисбатан ошиқча пул маблағлари суммаси мустасно.

10. Огоҳлантириш даврида чекловлар ва инкассо топшириқномалари ижроси қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

солиқ қарзи суммаси чеклов ўрнатилган пластик карталардан тўлиқ тўланган тақдирда – автоматик равишда, хизмат кўрсатувчи банк(лар) томонидан;

солиқ қарзи бошқа манбалардан тўлиқ тўланган ёки бартараф этилган ҳолларда реал вақт режимида давлат солиқ хизмати органи томонидан.

11. Огоҳлантириш муддати тугагандан кейин кейинги иш кунидан кечиктирмай жисмоний шахсларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатаётган банк(лар) томонидан чеклов ўрнатилган пул маблағлари тегишли давлат солиқ хизмати органининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ қарзини узишга йўналтиради ва бу ҳақда пластик карта уланган уяли алоқа телефон рақамларга СМС-хабар жўнатилади.

12. Банк пластик карталаридан тўловларни амалга ошириш инкассо топшириқномалари келиб тушиш санасига қараб календарь навбат асосида ҳисобдан чиқарилади.

13Қисман қопланган ҳолларда, қопланмаган сумма доирасида чеклов ўрнатилади ва у ойдан-ойга ўтган тақдирда, солиқ қарзи миқдоридан келиб чиқиб, энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдоригача оширилиши мумкин.

14. Бир ойда энг кам иш ҳақининг икки бараваридан ошган суммада инкассо топшириқномалари қўйилишига ва чеклов ўрнатилишига ҳамда ундирилишига йўл қўйилмайди.

15. Жисмоний шахс номига янги пластик карта очилганда тижорат банки томонидан шахсий идентификацион рақам бўйича мазкур жисмоний шахсда инкассо топшириқномаси мавжудлигини (келганлигини) текширади. Агар пластик карта очилган санадан бир ой олдин  Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан инкассо топшириқномаси юборилган бўлса, инкассо топшириқномаси ижро учун қабул қилинада ва пластик карта блокировка қилинади.

16. Жисмоний шахснинг солиқ қарзини ёки жорий йил учун ҳисобланган солиқ тўловлари учун пластик картасидан ундириш тўғрисида аризаси мавжуд бўлган ҳолларда ариза рўйхатдан ўтказилган санадан уч иш кунидан кечиктирмай давлат солиқ хизмати органи аризада кўрсатилган суммада ва муддатларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига электрон инкассо топшириқномаси юборади. Электрон инкассо топшириқномаси мазмунида ариза муаллифи исми, шарифи ва санаси кўрсатилиши ва мазкур пластик картага айнан шу солиқ қарзи учун олдинги қўйилган инкассо топшириқномалари ижроси давлат солиқ хизмати органлари томонидан бекор қилиниши лозим.

Ўзбекистон Марказий банки томонидан давлат солиқ хизмати электрон инкассо топшириқномаси келиб тушган вақтдан бошлаб ижрога қаратилади ва пластик карта уланган уяли алоқа телефон рақамларга СМС-хабар жўнатилади.

17. Пластик карталардан солиқ қарзини сўзсиз ундириш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тартибига асосан амалга оширилади.

18. Жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи пластик карталардан сўзсиз ундирилиши ёки аризасига асосан ихтиёрий равишда амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний шахсларга юбориладиган тўлов хабарномаларида кўрсатилиши шарт.

3-боб. Ортиқча ёки нотўғри ундирилган пул маблағларини қайтариш

19. Ортиқча ёки нотўғри ундирилган пул маблағларини қайтариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

4-боб. Якуний қоидалар

20. Мазкур тартиб талабларини бузган айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

21. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

Бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазири

 

Ш.Кудбиев

 

201__ йил “___” __________

 

 

Касаба уюшмалари

федерацияси кенгаши раиси

 

Қ.Рафиқов

 

201__ йил “___” __________

 

 

Общие предложения

361