ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
1504 Министерство народного образования Республики Узбекистан 14/12/2018 29/12/2018 120

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида
ID-1504

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 5 сентябрда ПҚ-3931-сон Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ҳамда 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, халқ таълими тизими ходимлари касбларининг жозибадорлигини ошириш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Молия вазирликлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг умумий ўрта таълим муассасалари раҳбар ва ўқитувчиларининг иш вақти меъёрларини қайта кўриб чиқиш асосида ортиқча ҳисоботларни камайтириш, таълимни бошқариш органлари ва раҳбарлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилмаган ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилишга барҳам бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилансинки:

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини белгилаш бошланғич синфларда ҳафтасига 16 академик соат, юқори синфларда 18 академик соат ҳисобидан амалга оширилади;

умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимларидан уларнинг ўқув юкламаларидан ташқари лавозим мажбуриятлари билан боғлиқ ортиқча ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

3. Қуйидагилар:

Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом 1-иловага;

Халқ таълими муассасалари педагог ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий тариф ставкалари миқдорлари 2-иловага;

Халқ таълми муассасалари рахбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базвий тариф ставкалари миқдорлари 3-иловага;

 

Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги икки ой муддатда:

халқ таълими муассасалари педагог ходимларининг ўз устида ишлаши ҳамда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш орқали таълим-тарбия сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва жорий этсин;

умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларининг лавозим мажбуриятларини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов зиммасига юклансин.

1-ИЛОВА

Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида
НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2005 йил 25 ноябрдаги
ПҚ–227-сон ҳамда 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сон “Ёшларни маънавий-ахлоқий
ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда бюджет маблағлари ҳисобидан моиялаштириладиган ёки аралаш молиялаштириладиган халқ таълими муассасалари педагог ходимлари ва раҳбарлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартларини белгилайди.

Ушбу Низомнинг амал қилиши:

бюджет ташкилотлари учун қўлланиладиган Ягона тариф сеткаси асосида халқ таълими тизими муассасаларининг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорига мувофиқ Ягона тариф сеткаси асосида халқ таълими давлат бошқаруви органлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Халқ таълими тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкасини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва ушбу Низомда назарда тутилган устамалар ва қўшимча тўловларни ўз ичига олади.

 

II. Халқ таълими муассасалари ходимларининг тариф ставкалари

 

3. Халқ таълими ходимларининг лавозим маошлари:

халқ таълими муассасаларининг педагог ходимлари ва раҳбар ходимларининг ҳар бир лавозими ва малака тоифаси учун белгиланган базавий тариф ставкалари асосида шакллантирилади. Базавий тариф ставкаси Ягона тариф сеткаси бўйича тариф ставкасини ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тариф ставкасига доимий устамаларни, шунингдек педагог ва раҳбар ходимларнинг айрим тоифалари иш ҳақига қўшилган компенсация тўловларини ўз ичига олади;

ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланган устамалар ва қўшимча тўловлар асосида шакллантирилади.

Халқ таълими педагог ходимларининг базавий тариф ставкалари:

ходимнинг лавозимига;

ходимнинг малака тоифасига;

халқ таълими муассасасининг типига боғлиқ равишда табақалаштирилади.

Халқ таълими муассасалари раҳбарларининг базавий тариф ставкалари қуйидаги жадвалга биноан ўқувчилар (тарбияланувчилар) контингентига қараб муассасалар гуруҳидан келиб чиқиб белгиланади:

Халқ таълими муассасасининг типи

Контингент сони (киши)

I гуруҳ

II гуруҳ

III гуруҳ

IV гуруҳ

Умумтаълим мактаблари*

1601 нафар ва ундан ортиқ

881 — 1600

401 — 880

400 нафаргача

Меҳрибонлик уйлари

201 нафар ва ундан ортиқ

200 нафаргача

   

Мусиқа мактаблари ва санъат мактаблари

401 нафар ва ундан ортиқ

400 нафаргача

   

Мактабдан ташқари муассасалар

601 нафар ва ундан ортиқ

301600

300 нафаргача

 

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари

Муассасаларни тегишли гуруҳга киритиш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

* Умумтаълим муассасаларига умумтаълим мактаблари ҳамда барча тип ва номдаги
мактаб-интернатлар киради.

4. Халқ таълими ходимларининг касбий ўсишини рағбатлантириш учун қуйидаги малака тоифалари ва ушбу малакаларни олиш учун ходимларнинг маълумот даражасига қўйиладиган асосий талаблар белгиланади:

ўрта махсус, касбий (педагогик ёки бажарилаётган лавозим вазифаларига мувофиқ бўлган) маълумотга эга бўлган, тоифаси бўлмаган ходим;

бакалавр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган иккинчи тоифали мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган биринчи тоифали мутахассис;

бакалавр, магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган олий тоифали мутахассис.

Халқ таълими ходимларига малака тоифалари бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Раҳбар ва педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

5. Бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларига мувофиқ оширилган тақдирда халқ таълими муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари (лавозим маошлари) белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда қайта кўриб чиқилади.

6. Умумтаълим муассасаларининг ўрта махсус, касбий ёки олий маълумотга эга бўлмаган, мазкур Низом кучга кирган пайтда педагогик фаолиятни амалга ошираётган педагог ходимлари учун, уларнинг педагогик тажрибасини, шунингдек улар 2019-2020 ўқув йилида маълумот олиш учун тегишли ўқув муассасаларига ўқишга киришларини ҳисобга олган ҳолда, ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади.

Олий ёки ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни умумтаълим муассасаларига педагогик лавозимларга қабул қилишга йўл қўйилмайди.

7. Олий таълим муассасасининг кундузги бўлими, сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълими охирги курсида ўқиётган шахслар педагоглик ишини амалга ошириш учун қўйилиши мумкин ва уларга ўрта махсус, касбий маълумотга эга бўлган тегишли лавозимдаги ходимнинг базавий тариф ставкаси сингари базавий тариф ставкаси белгиланади.

Бунда олий таълим муассасасининг кундузги таълим курсида ўқиётган шахсларга ҳафтада йигирма соатгача дарс ўтилишига йўл қўйилади.

 

III. Устамалар ва қўшимча ҳақлар

 

8. Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасидан тарбиявий жараён амалга оширилишининг сифати ва самарадорлигига, синфдан ташқари ишларга ҳамда ўқувчиларни инсонпарварлик ва меҳр-шафқат руҳида тарбиялашга, тегишли синфлар ва ўқув предметлари учун тасдиқланган Давлат таълим стандартларида назарда тутилган билимлар ва кўникмалар тўлиқ ҳажмининг ўқувчилар томонидан ўзлаштириб олиниши даражасига қараб касб маҳорати
ва ўқув жараёнига қўшилган аниқ ҳисса, ўқитишнинг юқори самарадорлиги ва сифати учун
40 фоизгача миқдорда белгиланади.

9. Умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига қўшимча ҳақ тўловлари энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

а) синфдаги ўқувчилар сонига кўра синф раҳбарлиги учун:

15 нафар ўқувчигача — 50 фоиз;

16 нафардан 20 нафар ўқувчигача — 60 фоиз;

21 нафардан 25 нафар ўқувчигача — 70 фоиз;

26 нафардан 29 нафар ўқувчигача — 80 фоиз;

30 нафар ва ундан кўп ўқувчи бўлганда — 100 фоиз;

б) дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун — 50 фоиз, синфдаги (синф-комплектдаги) ўқувчилар сони 15 нафаргача бўлган кам комплектли мактабларда эса — 25 фоиз;

Кўрсатиб ўтилган қўшимча ҳақларни тўлаш ушбу қўшимча ҳақларни молиялаштириш учун махсус ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Дафтарлар ва ёзма ишлар бўйича текшириладиган фанлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

в) ҳар бир информатика кабинети мудирлиги учун — 50 фоиз.

10. Ходимдан қўшимча педагогик малакани талаб этадиган меҳнатнинг алоҳида шароитларида ишлаганлик учун базавий тариф ставкасига устамалар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Ходимдан қўшимча педагогик малакани талаб этадиган педагогик лавозимлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

Ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга мазкур Низом кучга киргунга қадар амалда бўлган устамалар сақланиб қолади, уларнинг миқдори эса ходимнинг базавий тариф ставкасига нисбатан фоизларда ҳисоблаб чиқилади.

 

IV. Меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари

 

11. Педагог ходимлар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш:

касаллик, малака ошириш ёки бошқа сабаблар билан ишда бўлмаган ходимларнинг ўрнини босиш тартибида ишлаб берилган соатлар учун ҳақ тўлашда;

бошқа муассасалардан жалб этиладиган ўқитувчилар ва бошқа мутахассисларнинг, шу жумладан бошқа мактаблардан жалб этиладиган ўқитувчилар ва мутахассисларнинг ишлаб берилган соатлар учун ҳақ тўлашда;

умумтаълим муассасалари раҳбар ходимлари ва уларнинг ўринбосарлари, психологи, ёшлар етакчиси ва ўқувчиларни чақириққа тайёрлов раҳбари (меҳнат мажбуриятига киритилган соатлардан ташқари) томонидан ўтилган дарс соатлари учун ҳақ тўлашда қўлланилади.

12. Умумтаълим муассасалари педагог ходимлари меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш ставкалари миқдори белгиланган тартибда аниқланади.

13. Халқ таълими муассасасининг раҳбар ходимлари ва уларнинг ўринбосарлари, психологи, ёшлар етакчиси томонидан асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилишига (ўқув юкламаси юритилишига) йўл қўйилади ҳамда уларнинг меҳнатига соатбай (ўриндош) асосида ҳақ тўланади.

 

V. Халқ таълими муассасаларида меҳнатни меъёрлаштиришни ташкил этиш

 

14. Халқ таълими муассасалари педагог ходимлари меҳнатини нормалаштириш йиллик, чораклик ва ойлик иш режаларига асосланган.

Йиллик иш режаси ўқув, тарбиявий ва ташкилий тусдаги асосий тадбирларни бажариш учун зарур бўлган иш вақти сарфи кўрсатилган ҳолда уларнинг рўйхатини ўз ичига олади.

Ўқитувчиларнинг йиллик иш режаси чораклар ва ойлар бўйича тақсимланган бир йилдаги 1 548 соат миқдоридаги иш вақтининг жамланган ҳисобидан келиб чиқади.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилади
ва тасдиқланади.

15. Йиллик иш режаси ҳар бир педагог ходим учун юклатилган ўқув соатлари
ва унинг лавозим мажбуриятлари ҳамда у билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланган вазифалар билан бир қаторда ўқувчиларни баркамол ва маънавий етук инсон этиб тарбиялаш мақсадида уларнинг қобилият ва истеъдодларини ривожлантиришни назарда тутган ҳолда, фанларни ўзлаштиришда қийналаётган ва иқтидорли ўқувчилар билан алоҳида машғулотлар олиб бориши ҳамда педагог ходимнинг ўз устида мустақил ишлаши назарда тутилади.

Иш режаларининг бажарилишини назорат қилиш таълим муассасаси раҳбари томонидан амалга оширилади.

16. Алоҳида ҳолларда халқ таълими муассасаларида ходимнинг розилиги билан касблар (лавозимлар)ни бирга қўшиб олиб боришга, шунингдек ўзининг асосий иши билан биргаликда ишда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажаришга йўл қўйилади. Бунда лавозимларни бирга қўшиб олиб бориш бўйича иш вақтининг жами давом этиши мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилган жами иш вақтининг 50 фоизидан, яъни йил мобайнида 774 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

2-ИЛОВА

Халқ таълими муассасалари педагог ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий тариф ставкалари миқдорлари

 

Лавозимлар номи

Тариф ставкалари миқдорлари:

олий малака тоифали

биринчи малака тоифали

иккинчи малака тоифали

олий маълу-мотли

ўрта махсус маълу-мотли

1. Умумтаълим мактабларининг бошланғич синфлари ўқитувчиси, ўқитувчи-логопеди, логопедия шохобчаси мудири, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари методистлари, улар қошидаги методика кабинетлари, давлат таълим стандартлари мониторинги бўлимлари ҳамда ўқувчиларни касбга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис марказлари ходимлари (методистлари)

2 225 865

2 014 232

1 807 614

1 614 582

1 509 255

2. Умумтаълим мактабларининг юқори синфлари ўқитувчиси, ёшлар етакчиси, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари методистлари, уларнинг методик таъминлаш, ўқувчиларни касбга йўналтириш ва давлат таълим стандартлари мониторинги гуруҳлари ходимлари

2 225 865

2 014 232

1 807 614

1 614 582

1 509 255

3. Мактабдан ташқари муассасанинг ўқитувчи-тренери, олий спорт маҳорати болалар ва ўсмирлар мактаблари, олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар мактабларининг, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг инструктор-методисти

1 211 502

1 131 702

1 059 170

987 089

917 535

4. Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси

1 358 045

1 271 002

1 184  510

1 101 046

1 020 903

5. Болалар мусиқа ва санъат мактаби концертмейстери

1 184 510

1 101 046

1 020 903

943 986

871 666

6. Халқ таълими барча типдаги муассасаларининг тарбиячиси, катта тарбиячиси (тарбиячи-методист), психологи (6.1-бандда кўрсатилгандан ташқари) ва мактабдан ташқари муассасалар инструктор-методисти

1 283 217

1 192 795

1 105 980

1 022 652

944 302

6.1. Умумий ўрта таълим муассасаларининг психологи

1 762 885

1 661 743

1 556 121

1 453 124

1 358 330

7. Халқ таълими барча муассасаларидаги методист (3-бандда кўрсатилгандан ташқари), педагог-ташкилотчи, тўгараклар, студиялар, секциялар раҳбарлари, барча ихтисосликлар инструкторлари, катта вожатий, аккомпониатор, экскурсовод, маданият ишлари бўйича ташкилотчи

868 624

799 083

732 312

668 593

608 000

8. Халқ таълими барча муассасаларидаги мусиқа раҳбари

1 129 210

1 038 808

952 005

896 172

790 400

9. "Баркамол авлод" болалар марказларининг тўгарак раҳбарлари

998 918

918 946

842 159

768 882

699 200

10. Кутубхона мудири

Х

Х

Х

966 741

886 036

11. Кутубхоначи

Х

Х

Х

808 764

768 326

Мактабдан ташқари муассасалар бўлим, секция, лаборатория, кабинет мудирининг иш ҳақи миқдори (контингентдан қатъи назар) иккинчи малака тоифали тўгарак раҳбарининг иш ҳақига тенг миқдорда белгиланади.

3-ИЛОВА

Халқ таълими муассасалари раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий тариф ставкалари миқдорлари

 

Лавозимлар номи

Тариф ставкалари миқдори

I гуруҳ

II гуруҳ

III гуруҳ

IV гуруҳ

1. Раҳбар ходимлар:

 

 

 

 

1.1 Умумтаълим мактаби директори

2 678 600

2 532 184

2 387 979

2 236 441

1.2 “Меҳрибонлик” уйи директори

1 131 702

1 059 170

х

х

1.3 Мактабдан ташқари муассаса директори

987 089

917 535

850 753

х

1.4 Олий спорт маҳорати мактаби, олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар мактаби директори

1 293 399

х

х

х

1.5 Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори

1 211 502

1 131 702

1 059 170

х

1.6 Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори

1 358 045

1 271 002

х

х

2. Раҳбарларнинг ўринбосарлари:

 

 

 

 

2.1 Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

2 532 184

2 387 979

2 236 441

2 088 770

2.2 Хўжалик ишлар бўйича директор ўринбосари

138 207

1 050 880

966 741

х

2.3 Умумтаълим мактабидаги ўқувчиларни чақириққа тайёрлаш раҳбари

1 409 675

1 320 224

1 233 029

1 153 221

2.4 “Меҳрибонлик” уйи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

1 059 170

987 089

х

х

2.5 Мактабдан ташқари муассаса директорининг ўқув-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

917 535

850 753

786 655

х

2.6 Олий спорт маҳорати мактаби, болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаби директорининг ўринбосари

1 211 502

х

х

х

2.7 Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директорининг ўринбосари

1 131 702

1 059 170

987 089

х

2.8 Болалар мусиқа ва санъат мактаби директорининг ўқув-маърифий ишлар бўйича ўринбосари

1 271 002

1 184 510

х

х

 

4-ИЛОВА

Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ўқув-тарбия жараёнининг самарадорлиги ва сифатини оширишни рағбатлантириш, умумтаълим муассасалари ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг уларнинг ўқув ва тарбия жараёнига қўшган шахсий ҳиссаси билан бевосита ўзаро алоқадорлигини таъминлаш, касб маҳорати ва малака ўсишини рағбатлантиришни кучайтириш, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган педагог кадрларни фаолиятининг натижавийлиги асосида рағбатлантиришнинг шаффоф тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил
25 ноябрдаги ПҚ–227-сон ҳамда 2018 йил14 августдаги ПҚ-3907-сон “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси (кейинги ўринларда “директор жамғармаси” деб юритилади) маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Директор жамғармаси халқ таълими тизимидаги барча умумий ўрта таълим муассасаларида (кейинги ўринларда «умумтаълим муассасалари» деб юритилади), жумладан айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида ташкил этилади, имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари бундан мустасно.

Мазкур Низом талаблари бошқа вазирликлар ва идораларнинг тасарруфида бўлган умумтаълим муассасалари учун тавсиявий характерга эга.

3. Директор жамғармаси маблағлари қуйидагиларни молиялаштиришга сарфланади:

умумтаълим муассасаларининг фақат ўрнак кўрсатган педагог ходимларининг (уларнинг умумий сонининг кўпи билан 50 фоизи) баъзавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар белгилаш йўли билан моддий рағбатлантиришга;

умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатишга;

фақат тежалган маблағлар мавжуд бўлгандагина ходимларнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги бўйича тўланмаган нафақаларни молиялаштиришга.

 

2-боб. Директор жамғармасини ташкил этишнинг

мақсад ва вазифалари

 

4. Директор жамғармаси умумтаълим муассасасида ўқув-тарбия жараёнининг самарадорлиги ва сифатини оширишни рағбатлантириш, умумтаълим муассасалари ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг уларнинг ўқув ва тарбия жараёнига қўшган шахсий ҳиссаси билан бевосита ўзаро алоқадорлигини таъминлаш, педагог ходимларнинг касб маҳорати ва малака оширишини рағбатлантиришни кучайтириш мақсадида ташкил этилади.

5. Директор жамғармасини ташкил этишнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқитувчилик касбининг жозибадорлигини ошириш, умумтаълим муассасалари педагог ходимларининг тизимли равишда ўз устида ишлашлари, педагогик касб маҳоратини ошириб боришларига кўмаклашиш;

умумтаълим муассасалари педагог ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш;

хорижий давлатлар таълим тизимининг илғор тажрибаларидан фойдаланган ҳолда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида дарс бериш самарадорлигини ошириш;

ўқув-тарбия жараёнига катта шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган, ўқувчилари кўрик-танловлар, фан олимпиадалари ва мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритаётган педагог ходимлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш. 

 

3-боб. Директор жамғармасини шакллантириш тартиби

 

6. Директор жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасаси меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида шакллантирилади.

Директор жамғармасининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига нисбатан миқдори барча умумтаълим муассасалари бўйича ягона ҳисобланади.

7. Директор жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган устамалар, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам маблағлари умумтаълим муассасасининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига киритилади ҳамда улардан давлат ижтимоий суғуртасига маблағ ўтказилади.

Директор жамғармаси ҳисобига олинган даромадлардан қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ ундирилади.

8. Директор жамғармаси маблағлари ҳисобига устамалар ҳамда бошқа турдаги рағбатлантиришларни тўлаш маблағларини молиялаштириш белгиланган тартибда молия органлари томонидан иш ҳақи тўлаш учун маблағларни молиялаштириш билан бир вақтда амалга оширилади.

 

4-боб. Педагог ходимлар лавозим маошларига устамалар белгилаш ва умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби

 

9. Педагог ходимларнинг лавозим маошларига устамалар белгилаш, умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам бериш умумтаълим муассасаларида ташкил этиладиган Устамалар белгилаш, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам бериш бўйича Махсус комиссиялар (кейинги ўринларда “Комиссия” деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Бунда халқ таълимини бошқариш ҳудудий органлари (халқ таълими туман (шаҳар) бўлимлари ва вилоят халқ таълими бошқармалари)нинг Комиссиялар фаолиятига ҳамда улар қабул қиладиган қарорларга аралашувига йўл қўйилмайди.

10. Комиссиялар умумтаълим муассасасининг Педагогик кенгаши қарори асосида, муассаса директорининг буйруғи билан камида етти кишидан иборат қуйидаги таркибда тасдиқланади:

комиссия раиси – умумтаълим муассасаси директори;

комиссия аъзолари – маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, умумтаълим муассасаси педагог ходимлари, ёшлар етакчиси, касаба уюшмаси қўмитаси раиси, умумтаълим муассасаларининг кузатув кенгаш вакили;

комиссиянинг масъул котиби – умумтаълим муассасаси директорининг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари.

Умумтаълим муассасаси ўқувчилари сонидан келиб чиқиб, комиссия етти кишидан зиёд, тоқ сонли таркибда тасдиқланиши мумкин.

11. Комиссиянинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

директор жамғармаси маблағларининг тўғри ва самарали сарфланишини режалаштириш ва назорат қилиш;

ўқув-тарбия жараёнига катта шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган иқтидорли педагог ходимларни улар фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида аниқлаш;

директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан педагог ходимларнинг лавозим маошларига устамалар, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам тури ва миқдорини белгилаш;

ўқув-тарбия жараёнига катта шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган иқтидорли педагог ходимларнинг лавозим маошларига устама белгилаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

умумтаълим муассасалари ходимларига уларнинг мурожаатлари ёки касаба уюшмаси қўмитасининг ташаббусига кўра моддий ёрдам бериш;

педагог ходимларнинг лавозим маошларига устамалар белгилаш, моддий рағбатлантириш ва умумтаълим муассасасалари ходимларига моддий ёрдам беришда адолат ва холислик тамойилларига амал қилиш;

директор жамғармаси ҳисобидан умумтаълим муассасасининг кутубхонаси мудири ва кутубхоначиларининг лавозим маошларига устамалар белгилаш;

лавозим маошига устама белгилаш учун педагог ходимларнинг ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ва ўқувчиларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш бўйича фаолиятини, улар таълим бераётган ўқувчиларнинг билими, малака ва кўникмалари умумтаълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқлигини чораклик ва йиллик баҳолари асосида таҳлил қилиш;

лавозим маошига устама белгилаш учун умумтаълим муассасалари кутубхоналари мудирлари ва кутубхоначиларининг дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сақланиши, уларга ўқувчиларнинг қизиқишини ошириш бўйича фаолиятини мониторинг қилиш ва натижаларини таҳлил қилиш.

12. Комиссия ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни бажаради:

умумтаълим муассасаси педагог ходими ва кутубхонаси мудири ёки кутубхоначиси фаолиятининг самарадорлиги таҳлилини амалга оширади ва баҳолайди;

педагог ходимлар ўқувчиларининг билими, малакаси ва кўникмаларининг муайян синф ва ўқув фани бўйича умумтаълимнинг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини синф журналидаги қайдлар орқали таҳлил  қилади;

ўқув-тарбиявий ва ўқувчиларнинг бўш вақтини ташкил қилиш бўйича ишларни самарали амалга ошираётганлиги, ўқув-тарбия жараёни ва таълим сифатини оширишга катта шахсий ҳисса қўшаётганлиги учун лавозим маошларига устамалар белгиланадиган педагог ходимларни аниқлайди;

ҳар йили 1 июлга қадар умумтаълим муассасасининг ҳар бир педагог ходими ва кутубхонаси мудири ёки кутубхоначисининг фаолияти баҳоланади ва навбатдаги ўқув йили учун юқори натижа кўрсатган педагог ходимларга тегишли устамалар миқдорини белгилайди;

янги ўқув йили бошлангунига қадар умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши мажлисида директор жамғармаси ҳисобидан педагог ходимларнинг лавозим маошларига устамалар белгилаш тўғрисидаги қарори тўғрисида ахборот беради;

ўқув йили давомида лавозим маошларига устамалар белгиланган педагог ходимлар ва кутубхона мудири ёки кутубхоначининг фаолияти натижадорлиги устидан тизимли ички мониторинг юритади;

моддий рағбатлантириладиган ва моддий ёрдам кўрсатиладиган педагог ходимлар ва бошқа ходимларни, шунингдек рағбатлантириш миқдорини аниқлайди;

умумтаълим муассасаси ички мониторинг гуруҳи томонидан тақдим этилган натижалар ва уларнинг таҳлилларини ўз мажлисларида кўриб чиқади, педагог ходимлар ва кутубхона мудири ёки кутубхоначининг лавозим маошига белгиланган устамаларни сақлаб қолиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, зарур ҳолларда, устамалар миқдорига ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилади, қабул қилинган қарори ҳақида педагогик кенгашга хабар беради;

умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.

13. Комиссиянинг устама ҳақ белгилаш бўйича йиғилишлари бир йилда камида бир марта, истисно ҳолларда заруратга кўра ўтказилади.

Зарур ҳолларда, комиссия раисининг ташаббуси ёки комиссия аъзоларидан камида икки нафарининг таклифига кўра ходимларни моддий рағбатлантириш, белгиланган устама ҳақларни қайта кўриб чиқиш ҳамда ходимнинг мурожаати ёки бошланғич касаба уюшмасининг ташаббуси моддий ёрдам бериш хақидаги масаласида комиссия мажлиси навбатдан ташқари чақирилиши мумкин.

Ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар белгилаш, умумтаълим муассасалари ходимларига мукофотлар бериш ва моддий ёрдам кўрсатиш махсус комиссия мажлиси қарори билан, очиқ муҳокама қилган ҳолда ҳамда умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши ва кузатув кенгаши фикрларини ҳисобга олиб, Директор жамғармасида назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

14. Комиссия мажлисини ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар комиссия масъул котиби томонидан тайёрланади ҳамда мажлисга уч кун муддат қолгунга қадар комиссия раиси ва аъзоларига тақдим этилади.

Комиссия масъул котиби ҳужжатларнинг юритилиши ва сақланишини таъминлайди.

15. Комиссия мажлислари, агар уларнинг ишида комиссия аъзолари умумий сонининг учдан икки аъзоси иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. Бунда касаба уюшмаси ва кузатув кенгаши вакилларининг иштироки мажбурий ҳисобланади.

Комиссия қарори комиссия аъзоларининг оддий, очиқ кўпчилик овоз бериши йўли билан қабул қилинади. Комиссия раиси барча аъзолардан сўнг овоз беради. Овозлар сони тенг бўлиб қолганда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссия аъзосининг лавозим маошига устама белгилаш ёки уни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётган бўлса, комиссиянинг мазкур аъзоси овоз беришда иштирок этмайди, бу ҳақида комиссия мажлиси баённомасига қайд этилади.

16. Комиссиянинг қарори мажлисда иштирок этган комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланадиган баённома шаклида расмийлаштирилади ҳамда умумтаълим муассасасининг муҳри қўйилади.

 Комиссия баённомаларини расмийлаштириш учун алоҳида кўп вароқли умумий дафтар юритилади, дафтар юқори ташкилот томонидан шнурланади ва ушбу ташкилот раҳбари томонидан саҳифаланиб имзоланади.

Комиссия мажлиси баённомаси махсус дафтарга қайд этилади ва ундан кўчирма юқори турувчи органга юборилади.

Лавозим маошларига устамалар белгилаш ва моддий рағбатлантиришнинг тўғри, холис ва адолатли амалга оширилиши учун жавобгарлик комиссия раиси ва масъул котиб зиммасига юклатилади.

17. Директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан лавозим маошига устама белгилаш, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам бериш тўғрисидаги комиссиянинг қарори асосида умумтаълим муассасаси директорининг буйруғи қабул қилинади.

18. Умумтаълим муассасасининг ҳаммага кўринадиган жойидаги ахборотлар доскаси ёки мактабнинг расмий веб-сайтида комиссиянинг қарори тўғрисидаги тўлиқ маълумот мажбурий тартибда эълон қилиб борилади.

 

5-боб. Комиссияга ҳужжатларни тақдим этиш

 

 19. Лавозим маошларига устама ҳақ белгилаш учун Комиссия масъул котиби томонидан педагог ходимлар ҳақида умумий ва улар фаолиятини мазкур низом билан тасдиқланган меъзонлар асосида баҳоланиши юзасидан таҳлилий маълумотлар жадвал шаклида комиссияга тақдим қилинади.

20. Лавозим маошларига устама ҳақ белгилаш учун кутубхона мудири ва кутубхоначилар ҳақида умумий ва улар фаолиятини мазкур низом билан тасдиқланган меъзонлар асосида таҳлилий маълумотлар жадвал шаклида комиссияга тақдим қилинади.

 

6-боб. Педагог ходимлар ва кутубхона мудирлари ёки кутубхоначиларнинг лавозим маошларига устама белгилашда қўлланиладиган услуб ва мезонлар

 

21. Педагог ходимларнинг лавозим маошларига касбий маҳорати, маънавий-ахлоқий, тарбиявий ва синфдан ташқари ишлари учун қуйидаги мезонлар асосида устама белгиланади:

 

т/р

Меъзонлар

балл

1.

Синф журналидаги чораклик баҳолар ўртача қиймати:

15 балл

2.

*Фан олимпиадаси, "Билимлар беллашуви" ва бошқа кўрик танловлар, мусобақаларнинг туман босқичида ўқувчисининг иштироки

10 балл

**Бошланғчи синф ўқитувчиларининг фаоллиги, бошланғчи синф ўқувчиларининг умумтаълим муассасасидаги кичик танловлар, тадбирларда ўқувчилари билан фаол қатнашиши

10 балл

3.

Малака тоифасининг ўсиши

5 балл

4.

Иш стажи

10 балл

5.

Синф раҳбарлиги самарадорлиги

10 балл

6.

Ўз вақтида малака оширишдан ўтганлиги

5 балл

7.

Тўгарак машғулотларининг самарадорлиги

5 балл

8.

Илмий-ижодий ишлари(баҳоланаётган календар йилида оммавий ахборот воситалари, таълимга оид ижтимоий веб-сайтлардаги чиқишлари, илмий-методик журналларидаги ҳамда турли конференцияларда мақолалари билан қатнашиши)

15 балл

9.

Умумтаълим муассасаси жамоаси ва ўқувчиларнинг ўқитувчифаолиятига берган баҳоси

15 балл

* фақатгина юқори синф ўқитувчилари фаолиятини баҳолашда қўлланилади;

**фақатгина бошланғич синф ўқитувчилар фаолиятини баҳолашда қўлланилади

22. Умумтаълим муассасасидаги ўқитувчилар олий ёки ўрта махсус маълумотлилигидан қатъий назар 20-бандда белгиланган меъзонлар асосида баҳоланади ва кўрсаткичларига кўра Комиссия қарори асосида ҳар ойлик устама олишга ҳақли.

23. Умумтаълим муассасаси ўқувчи ва ўқитувчиларининг дарсликлар, ўқув-методик мажмуаларга бўлган эҳтиёжининг тўғри шакллантирилганлиги ҳумда дарслик ва ўқув-меодик мажмуалар билан таъминланганлик даражаси тўғрисидаги таҳлилий маълумотнома;

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сони ва сифати тўғрисидаги маълумотнома;

ҳудудий халқ таълими бўлими томонидан кутубхона мудири ва кутубхоначининг касбий маҳорати даражасини аниқлаш бўйича ўтказилган мониторинг натижаси асосида кутубхона мудири ва кутубхоначиларга устама ҳақ белгиланади.

 

7-боб. Умумтаълим муассасалари ходимларига белгиланадиган устамалар ва рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорлари

 

24. Ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар:

тарбиявий жараён амалга оширилишининг сифати ва самарадорлигига, синфдан ташқари ишларга ҳамда ўқувчиларни инсонпарварлик ва меҳр-шафқат руҳида тарбиялашга, тегишли синфлар ва ўқув предметлари учун тасдиқланган Давлат таълим стандартларида назарда тутилган билимлар ва кўникмалар тўлиқ ҳажмининг ўқувчилар томонидан ўзлаштириб олиниши даражасига қараб касб маҳорати ва ўқув жараёнига қўшилган аниқ ҳисса, ўқитишнинг юқори самарадорлиги ва сифати учун 40 фоизгача миқдорда белгиланади.

Ўқитувчилар ва кутубхона ходимлари фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида ойлик иш ҳақига 15 фоиздан 40 фоизгача ҳар ойлик устама ҳақ белгилаш меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

25. Умумтаълим муассасасида ўқув-тарбия жараёни сифатини янада яхшилаш, ўқитувчиларга ўз вақтида методик ёрдамни ташкил этишдаги фаоллиги учун комиссиянинг қарори билан (3-бандда белгиланган ўқитувчилар умумий сонининг 50 фоизидан ташқари) мактаб директорининг ўқув-тарбия ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарларларига 20 фоиз, умумтаълим муассасасининг фан йўналишлари бўйича методбирлашма раҳбарларига 15 фоиз ҳар ойлик устама ҳақ белгиланиши мумкин.

Бунда фан методбирлашма раҳбарига ўқитувчилиги билан бирга қўшиб ҳисоблаганда директор жамғармаси ҳисобидан бериладиган ҳар ойлик устама ҳақ 40 фоиздан ошмаслиги лозим.

26. Умумтаълим муассасаларининг раҳбар ходимларига ва ўз фаолиятини соатбай ҳақ тўлаш (ўриндошлик) асосида амалга оширадиган ўқитувчиларга мазкур ҳар ойлик устамалар белгиланмайди.

27. Умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаларига Директор жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устамалар ҳар бир ўқув йилида олдинги ўқув йили иш якунлари бўйича белгиланади ва заруратга кўра ҳар бир ўқув ярим йиллиги якунлари бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.

28. Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини умумтаълим муассасасини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси ва ўз фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун ҳамда республикамизда нишонланадиган байрам саналари муносабати билан уларга бир лавозим маошигача миқдорда мукофот тўлаш йўли билан амалга оширилади.

29. Умумтаълим муассасаларининг ўқитувчилари ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаганлиги учун жамғарма ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланиши мумкин.

Бунда:

фан олимпиадаларининг иккинчи (туман, шаҳар) босқичида 1, 2, 3-ўринларни қўлга киритган умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини тайёрлаган педагоглар – энг кам ойлик иш ҳақининг тегишли равишда 10, 9, 8 баробари миқдорида;

фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичида 1, 2, 3, 4, 5-ўринларни қўлга киритган умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини тайёрлаган педагоглар – энг кам ойлик иш ҳақининг тегишли равишда 20, 15, 13, 11, 10 баробари миқдорида;

фан олимпиадаларининг тўртинчи (республика) босқичида 1, 2, 3-ўринларни қўлга киритган умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини тайёрлаган педагоглар – энг кам ойлик иш ҳақининг тегишли равишда 40, 35, 30 баробари миқдорида;

халқаро фан олимпидаларида совринли ўринларни қўлга киритган олтин, кумуш, бронза медаллари соҳиблари бўлган умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларини тайёрланган педагоглар – энг кам ойлик иш ҳақининг 50, 45, 40 баравари миқдорида мукофотланади.

30. Фан олимпиадаларида совриндор бўлган ўқувчиси учун ўқитувчи ҳар бир босқичдаги натижаси учун алоҳида мукофотланади.

Фан олимпиадаларининг ҳар бир босқичида бир неча ўқувчиси қатнашиб совриндор бўлган ўқитувчига, энг юқори натижа кўрсатган бир нафар ўқувчиси учун мукофот пули берилади.

31. Махсус комиссия ўқитувчини ўқувчиларининг фан олимпиадаларидаги натижалари учун рағбатлантиришда:

фан олимпиадаларининг тегишли босқичида ўқувчининг совриндор бўлганлиги кўрсатиб ўтилган олимпиада ҳакамлар Ҳайъати қарори;

халқаро фан олимпиадаларининг совриндорлигини тасдиқловчи диплом (сертификат) асосида қарор қабул қилади.

Махсус комиссияга тақдим этилган олимпиада ҳакамлар Ҳайъати қарорининг ҳаққонийлиги юзасидан масъулият олимиадаларнинг тегишли босқичи Ташкилий қўмитасига юклатилади.

32. Умумтаълим муассасалари ходимларига моддий ёрдам уларнинг мурожаатига кўра ёки умумтаълим муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси бўйича фавқулодда ҳолларда кўрсатилади (яқин қариндоши вафот этганда, оғир жароҳат олинганда, оғир касалликка чалинганда, табиий офатдан зарар кўрилганда ва ҳоказо).

33. Умумтаълим муассасаси раҳбари (комиссия раиси)га директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириш юқори турувчи идора тавсияси асосида берилиши мумкин.

 

8-боб. Директор жамғармаси маблағларининг сарфланишини назорат қилиш тартиби

 

34. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Директор жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланишини белгиланган тартибда текширади.

35. Устамаларни белгилаш учун тақдим этилган маълумотларнинг холислиги, ошкоралиги ва тўғрилиги ҳамда уларни белгилаш тартибига риоя қилиниши учун махсус комиссиялар раҳбарлари жавоб берадилар.

 

Общие предложения

21784