ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
13980 Министерство обороны Республики Узбекистан 20/02/2020 06/03/2020 0

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республики Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танловини ташкиллаштириш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида
ID-13980

ЛОЙИҲА

 

 

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси

унвони учун кўрик-танловини ташкиллаштириш ва ўтказиш

тартибини такомиллаштириш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун ўтказиладиган кўрик-танловни ташкиллаштириш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. 2004 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиясининг ҳарбий тузилмалари, Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларида ҳар йили “Энг илғор сержант”, “Энг илғор гуруҳ командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор бригада командири” ва уларга тенглаштирилганлар номинацияларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танлови (кейинги ўринларда – кўрик-танлов) ўтказилиб келинаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танлови тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танлови ташкилий қўмитасининг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита зиммасига кўрик-танловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уни ўтказиш учун давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилиш масъулияти юклансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, бирлашмалар ва қўшилмалар қўмондонлари ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари билан биргаликда кўрик-танловнинг сифатли ташкиллаштирилиши ва ўтказилиши бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, қўшилмалар ва қисмлар, ҳарбий округлар ва уларга тенглаштирилганларга кўрик-танловни ташкиллаштириш ва ўтказиш ҳамда ғолибларни тақдирлашда кўмаклашсин.

5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, бирлашма ва қўшилмалар қўмондонлари билан биргаликда кўрик-танловни республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

              Президенти                                                                           Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил “___” __________даги ПҚ–____-сон қарорига

1-илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг

устаси унвони учун кўрик-танлови тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида “Энг илғор сержант”, “Энг илғор гуруҳ командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор бригада командири” ва уларга тенглаштирилганлар номинациялари бўйича ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танловини (кейинги ўринларда – кўрик-танлов) ташкиллаштириш ва ўтказиш юзасидан умумий қоидаларни, шунингдек ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш тартибини белгилаб беради.

2. Кўрик-танлов ҳар йили ўтказилади ҳамда бошланғич босқичда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг (кейинги ўринларда – Мудофаа вазирлиги) ҳарбий қисм ва қўшилмаларида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда – ИИВ) ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг (кейинги ўринларда – МГ) ҳарбий тузилмаларида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинларида (кейинги ўринларда – ДХХ ЧҚ), олий ҳарбий таълим муассасаларида (кейинги ўринларда – ОҲТМ), сўнгра бирлашмалар ва республика даражасида ташкиллаштирилади.

3. Кўрик-танловда:

“Энг илғор сержант” номинацияси бўйича сержантлар таркиби лавозимларида камида бир йил хизмат қилган контракт бўйича ҳарбий хизматчилар қатнашади, бунда уларнинг жорий ўқув йилида индивидуал касбий тайёргарлик бўйича юқори натижаларни қўлга киритгани, бўйсунувчи шахсий таркиб бўлганда эса жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича бўлинманинг кўрсатган яхши натижалари инобатга олинади;

“Энг илғор гуруҳ командири” номинацияси бўйича гуруҳ командири лавозимида камида бир йил хизмат қилган, жорий ўқув йилида индивидуал касбий тайёргарлик бўйича юқори кўрсаткичларга эришган, шунингдек унга бўйсунувчи бўлинма жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юқори натижаларни кўрсатган офицер ва сержантлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчилар қатнашади;

“Энг илғор взвод командири” номинацияси бўйича взвод командирлари ва уларга тенглаштирилган лавозимларда хизматни ўтаётган, жорий ўқув йилида индивидуал касбий тайёргарлик, шунингдек бўйсунувчи бўлинманинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги бўйича юқори натижаларга эришган офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчилар қатнашади;

“Энг илғор батальон командири” номинацияси бўйича батальон командирлари ва уларга тенглаштирилган лавозимларда хизматни ўтаётган, жорий ўқув йилида индивидуал касбий тайёргарлик, шунингдек бўйсунувчи бўлинманинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги бўйича юқори натижаларга эришган офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчилар қатнашади;

“Энг илғор бригада командири” номинацияси бўйича бригада командирлари ва уларга тенглаштирилган лавозимларда хизматни ўтаётган, жорий ўқув йилида индивидуал касбий тайёргарлик, шунингдек бўйсунувчи бўлинманинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги бўйича юқори натижаларга эришган офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчилар қатнашади.

4. Кўрик-танловни ташкиллаштириш ва ўтказиш ҳамда барча номинацияларга ихтисослик ва лавозимлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МГ ва ДХХ томонидан белгиланади.

 

2-боб. Кўрик-танловнинг асосий мақсадлари

ва ўтказиш тартиби

 

5. Кўрик-танловнинг асосий мақсадлари қуйидагилар ҳисобланади:

ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, қўшинларда Ватанга ва танланган касбга бўлган муҳаббатга асосланган замонавий ҳарбий анъаналарни, ҳарбий хизматчилар ўртасидаги соғлом ўзаро муносабатларни сақлаб туриш;

жанговар тайёргарлик тизимини янада такомиллаштириш, қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тарбиявий ишларни юқори даражада ушлаб туриш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг (кейинги ўринларда – Қуролли Кучлар) шахсий таркиби ўртасида ҳарбий интизом ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш;

қўшинларда юқори маънавий-жанговар руҳ, бунёдкорлик муҳитини яратиш, командирлик тайёргарлиги ва жанговар тайёргарлик дастурларини ҳарбий хизматчилар томонидан самарали ўзлаштирилиши учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш, шахсий таркибнинг индивидуал касбий маҳоратини такомиллаштириш;

қўмондонлик бўғинига мансуб ҳарбий хизматчиларнинг касбий ўсишини, уларнинг ҳарбий билимларини такомиллаштиришга бўлган қизиқишини рағбатлантириш, шунингдек уларда интеллектуал салоҳият ва етакчилик сифатларини ривожлантириш;

кадр ишини такомиллаштириш, юқори лавозимларга тайинлаш учун энг яхши тайёргарликка эга истиқболли офицер ва сержантларни аниқлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясининг ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси факультети ҳамда малака ошириш факультети олий курслари ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказига кўрик-танловдан ташқари ўқишга кириш имтиёзини бериш.

6. Кўрик-танлов мазкур Низомга мувофиқ ўқув йили давомида уч босқичда ўтказилади:

биринчи босқич (саралаш босқичи) – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МГ, ДХХ ЧҚ қўшилма, ҳарбий қисм ва ОҲТМ ларда июнь ойидан июль ойигача бўлган даврда;

иккинчи босқич (округ босқичи) – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МГ, ДХХ ЧҚ бирлашмаларида август ойидан октябрь ойигача бўлган даврда;

учинчи босқич (республика босқичи) – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари миқёсида Мудофаа вазирлиги умумқўшин полигонларидан бирининг базасидаги округ босқичлари ғолибларининг беш кунлик йиғини давомида, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Бош штаби раҳбарлиги остида ноябрь ойидан декабрь ойигача бўлган даврда.

7. Қўшилма ва ҳарбий қисмлар, ҳарбий округлар ва уларга тенглаштирилган бирлашмалар, ОҲТМ ларда тегишли командирларнинг (бошлиқларнинг) буйруқлари билан кўрик-танловни ўтказиш бўйича қуйидаги таркибга эга комиссиялар тузилади:

а) биринчи босқич (саралаш босқичи):

комиссия раиси – қўшилма ва ҳарбий қисм (ОҲТМ) командирининг (бошлиқнинг) ўринбосари (жанговар тайёргарлик масалаларини мутасаддилик қилувчи);

комиссия аъзолари – қўшилма, ҳарбий қисм ва ОҲТМ бўлим ва хизмат тури офицерлари;

б) иккинчи босқич (округ босқичи):

комиссия раиси – Ўзбекистон Республикаси МГ, ИИВ Қоровул қўшинлари, ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари ва ДХХ ЧҚ минтақавий штаб бошлиғининг ўринбосари (жанговар тайёргарлик масалаларини мутасаддилик қилувчи);

комиссия аъзолари – Ўзбекистон Республикаси МГ, ИИВ Қоровул қўшинлари, ҳарбий округ, ДХХ ЧҚ минтақавий штаби  марказий аппаратининг бошқарма, бўлим ва хизмат тури офицерлари, ҳарбий округ ҳудудида жойлашган ҳамда марказга бўйсунувчи қўшилма, ҳарбий қисм, ОҲТМ ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказининг вакиллари;

в) учинчи босқич (республика босқичи):

комиссия (қўшма комиссия) раиси – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари;

комиссия аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МГ, ДХХ ЧҚ марказий аппаратлари бошқарма, бўлим ва хизмат турларининг офицерлари.

3-боб. Кўрик-танловнинг биринчи босқичини

(саралаш босқичини) ўтказиш

 

8. Кўрик-танловнинг биринчи босқичида (саралаш босқичида) номзодларни саралаш жорий ўқув йилининг натижалари асосида ўтказилади:

сержантларни саралаш – қўшилма, ҳарбий қисм ва ОҲТМ нинг умумий йиғилишида номзодларнинг касбий ва маънавий-ахлоқий сифатларини, улар томонидан функционал вазифаларнинг бажарилиши ҳамда уларнинг командирлик тайёргарлиги ва жанговар тайёргарликнинг асосий фанларини ўзлаштириши, шунингдек шунга ўхшаш кўрсаткичлар ҳамда ҳарбий интизом, уларга ишониб топширилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техниканинг ҳолатини муҳокама қилиш йўли билан;

гуруҳ, взвод, батальон командирлари ва уларга тенглаштирилганларни саралаш – қўшилма, ҳарбий қисм ва ОҲТМ нинг офицерлар (сержантлар) йиғилишларида номзодларнинг касбий ва маънавий-ахлоқий сифатларини, улар томонидан функционал вазифаларининг бажарилиши, командирлик тайёргарлигининг асосий фанларини ўзлаштириши, номинант командирлик қиладиган бўлинманинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича натижаларини ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилиш йўли билан.

9. Қўшилма, ҳарбий қисм ва ОҲТМ офицерлар (сержантлар) йиғилишининг қарори баённома кўринишида расмийлаштирилади. Баённомалар асосида кўрик-танловни ўтказиш бўйича комиссия номзодларнинг кўрик-танловнинг округ босқичида иштирок этишига рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

 

4-боб. Кўрик-танловнинг иккинчи босқичини (округ босқичини)
ўтказиш ва ғолибларни тақдирлаш

 

10. Кўрик-танловнинг иккинчи босқичида (округ босқичида) иштирок этиш учун ҳарбий хизматчиларни саралаш вақтида холисликни таъминлаш мақсадида кўрик-танловни ўтказувчи комиссия кўрик-танлов иштирокчиларининг қуйидаги хизмат ҳужжатларини ўрганади:

номинант хизмат карточкасининг нусхаси;

қўшилма (ҳарбий қисм, ОҲТМ) командирининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танлов биринчи босқичини (саралаш босқичини) ўтказиш якунлари тўғрисида”ги буйруғидан кўчирма.

11. Кўрик-танловнинг иккинчи босқичи (округ босқичи) Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МГ ва ДХХ ЧҚ нинг командирлик тайёргарлиги, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича амалдаги дастурлари асосида ишлаб чиқилган кўрик-танлов дастурига мувофиқ кўрик-танловни ўтказиш бўйича комиссия раисининг раҳбарлиги остидаги беш кунлик йиғинлар давомида ўтказилади ҳамда кўп балли тизимида баҳоланади.

12. Кўрик-танловнинг дастури назарий ва амалий қисмлардан иборат:

назарий қисм мутахассислик бўйича назарий билимларни баҳолашни ўз ичига олади (тест синови);

амалий қисм қуйидаги элементларни ўз ичига олади: тактик тайёргарлик, отиш тайёргарлиги, жисмоний ва техник (махсус) тайёргарлик.

13. Назарий билимларни ва нормативларнинг амалий бажарилишини баҳолаш тартиби (мезонлари) Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МГ ва ДХХ ЧҚ томонидан норматив ҳужжатларга мувофиқ белгиланади.

14. Бригада командирларини саралаш МГ, ҳарбий округ ва унга тенглаштирилган бирлашмаларнинг офицерлар йиғилишларида номзодларнинг касбий ва маънавий-ахлоқий сифатларини, улар томонидан функционал вазифаларининг бажарилиши, уларнинг командирлик тайёргарлигининг асосий фанларини ўзлаштиришини, номинант командирлик қиладиган қўшилманинг назорат (якуний) текширув вақтидаги натижаларини ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилиш йўли билан ўтказилади. Офицерлар йиғилишининг қарори баённома кўринишида расмийлаштирилади.

15. Кўрик-танловнинг иккинчи босқи натижалари ва офицерлар йиғилишининг баённомасига (“Энг илғор бригада командири” номинацияси учун) кўра кўрик-танловнинг якунлари таҳлил қилинади ва совринли ўринларни эгаллаган ғолиблар  қўмондон (бошлиқ)ларнинг бўйруқлари билан элон қилинади.

Кўрик-танлов иккинчи босқичининг (округ босқичининг) ғолиб
ва совриндорларига МГ, ИИВ Қоровул қўшинлари, ҳарбий округ қўмондонлари ва ДХХ Чегара қўшинлари минтақавий штаблари тантанали йиғилишларида тегишли даражали диплом, шунингдек бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади:

I ўринни эгаллаганга - пул таъминоти окладининг бир баробари миқдорида;

II ўринни эгаллаганга - пул таъминоти окладининг 75% миқдорида;

III ўринни эгаллаганга - пул таъминоти окладининг 50% миқдорида.

Тегишли номинацияларда биринчи ўринни эгаллаган ҳарбий хизматчилар кўрик-танловнинг учинчи босқичида (республика босқичида) иштирок этади.

 

5-боб. Кўрик-танловнинг учинчи босқичини

(республика босқичини) ўтказиш

ва ғолибларни тақдирлаш

 

16. Кўрик-танловнинг учинчи босқичи (республика босқичи) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби раҳбарлиги остида Мудофаа вазирлиги умумқўшин полигонларидан бирида иккинчи босқичдаги (округ босқичидаги) шартлар бўйича ўтказилади.

17. Кўрик-танловнинг учинчи босқичи (республика босқичи) натижалари бўйича далолатнома тузилиб, унинг асосида Мудофаа вазирлиги, ИИВ, МГ ва ДХХ ЧҚ раҳбарлари буйруғи чиқарилиб, уларда кўрик-танлов якуни таҳлил қилинади, ҳар бир номинация бўйича ўз касбининг устаси унвони учун ғолиб ва совриндорлар аниқланади:

“Энг илғор сержант”, “Энг илғор гуруҳ командири” ва “Энг илғор взвод командири” – I, II ва III ўринлар;

“Энг илғор батальон командири” ва “Энг илғор бригада командири” – I ва II ўринлар.

18. I ўринни эгаллаган ғолибларга ўз касбининг устаси дипломи, пул таъминоти окладининг 3 баробари миқдоридаги бир йўла тўланадиган пул мукофоти ва навбатдаги малака тоифаси берилади.

II ўринни эгаллаган совриндорларга диплом ва пул таъминоти окладининг 2 баробари миқдоридаги бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

III ўринни эгаллаган совриндорларга диплом ва пул таъминоти окладининг бир баробари миқдоридаги бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

 

6-боб. Кўрик-танлов ғолибларига бериладиган имтиёзлар

 

20. Кўрик-танловнинг учинчи босқичи (республика босқичи) ғолиблари қўйидаги имтиёзлардан фойдаланадилар:

“Энг илғор сержант” – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг  Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказига танловсиз ўқишга кириш;

“Энг илғор гуруҳ командири” ва уларга тенглаштирилганлар – юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

“Энг илғор взвод командири” ва уларга тенглаштирилганлар – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академияси малака ошириш факультетининг олий курсларига танловсиз ўқишга кириш, шунингдек юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

“Энг илғор батальон командири” ва уларга тенглаштирилганлар – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясининг ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси факультетига танловсиз ўқишга кириш, шунингдек юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

“Энг илғор бригада командири” ва уларга тенглаштирилганлар – юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш.

21. Кўрик-танловнинг учинчи босқичи (республика босқичи) ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар Академиясига ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказига тиббий кўрик натижаларига кўра қабул қилинадилар.

 

7-боб. Якунловчи қоида

 

22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил “___” __________даги ПҚ–____-сон қарорига

2-илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида
ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танловининг

ташкилий қўмитаси

ТАРКИБИ

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари, ташкилий қўмита раҳбари.

2. Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари, ташкилий қўмита раҳбарининг ўринбосари.

3. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси.

4. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси.

5. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари.

7. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари.

8. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосари.

9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари.

10. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари.

 

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига мазкур лавозимга тайинланган шахслар ёки лавозим мажбуриятларини бажарувчи шахслар киритилади.

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил “___” __________даги ПҚ–____-сон қарорига

3-илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган

айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 11 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги Ф–1906-сон фармойиши.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ўз касбининг устаси унвони учун кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида” фармойишига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ф–3076-сон фармойиши.

Общие предложения

144