ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
13801 Министерство юстиции Республики Узбекистан 15/02/2020 01/03/2020 1
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида
ID-13801

ЛОЙИҲА

 

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

 

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари  томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий

чора-тадбирлари тўғрисида

 

Мамлакатимизда ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг амалга оширилаётган ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини қабул қилиш жараёнларининг мураккаблиги, шаффофлиги таъминланмаганлиги ҳамда ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилишга тўсқинлик қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги ПҚ–4551-сон “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли қарорлар қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда  ҳокимликлар деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда  Давергеодезкадастр деб юритилади) ҳокимликлар томонидан 1993 йил 18 сентябрдан 2020 йил 1 мартга қадар қабул қилинган жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш ҳақидаги ўз кучида бўлган қарорларни 2020 йил 1 сентябргача хатловдан ўтказиб, тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинишини таъминласин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давергеодезкадастр ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – “E-hudud” тизимини (кейинги ўринларда “E-hudud” электрон тизими деб юритилади) 2021 йил 1 январга қадар синов тариқасида ишга туширилишини таъминласин:

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнини бошқариш ва назорат қилиш, шу жумладан, зарурат туғилганда масъул идоралар, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан лойиҳаларга электрон кўринишдаги виза қўйишни амалга ошириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш бўйича идоралараро электрон ҳамкорликни, шунингдек, уларни ишлаб чиқиш жараёни мониторинг қилинишини таъминлаш.

3. “E-hudud” электрон тизимдан фойдаланишда қуйидагилар давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

а) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

“E-hudud” электрон тизимининг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш;

“E-hudud” электрон тизимининг функционал имкониятларини кенгайтириш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўриш, тизимдан фойдаланиш жараёнида техник ёрдам кўрсатиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда “E-hudud” электрон тизимининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

тизимдан фойдаланувчилардан келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда “E-hudud” электрон тизимини мунтазам такомиллаштириш ва модернизация қилиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

қарорларни фақатгина “E-hudud” электрон тизими орқали қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнининг доимий мониторингини амалга ошириш;

“E-hudud” электрон тизими ишлаш тартиби ва механизмини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларнинг “E-hudud” электрон тизимидан самарали фойдаланишларини таъминлаш, шунингдек ундан фойдаланиш масаласига услубий раҳбарлик қилиш;

в) давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнларини “E-hudud” электрон тизими орқали тўлиқ амалга оширилиши бўйича тезкор ташкилий ва техник чора-тадбирларни амалга ошириш;

қарорларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, махсус рақамлаш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнида “E-hudud” электрон тизимидан мажбурий фойдаланиш ҳамда қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларга қатъий риоя қилиш;

“E-hudud” электрон тизимини ишлаш тартиби ва механизмини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш.

4. Қуйидагилар:

“E-hudud” электрон тизимини яратиш ва жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;

“E-hudud” электрон тизими орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар ва тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш (имзолаш) ва киритишнинг ташкилий схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилансинки:

“E-hudud” электрон тизимининг узлуксиз фаолият кўрсатиши, техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек унинг функционал имкониятларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ харажатлар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади;

2021 йил январь–май ойларида Қашқадарё вилоятида “E-hudud” электрон тизимини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда эксперимент натижаларидан келиб чиқиб заруратга кўра 2021 йил 15 июнга қадар Вазирлар Маҳкамасига “E-hudud” электрон тизим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин.

7. 2021 йил 1 июлдан бошлаб “E-hudud” электрон тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларида жорий этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги 355-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларнинг 1-банди қуйидаги мазмундаги
"б-2"кичик банди билан тўлдирилсин:

“б2) жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар”.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш __________________ зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Бош вазири                                                                                        А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил __ февралдаги ____-сон қарорига

1-ИЛОВА

 

 

“E-hudud” электрон тизимини яратиш ва жорий этиш бўйича

АМАЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

 

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Ижро учун масъуллар

1.

“E-hudud” электрон тизимини яратиш.

1. “E-hudud” электрон тизимининг техник топшириғини ишлаб чиқиш.

2. “E-hudud” электрон тизимининг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш бўйича белгиланган тартибда танлов эълон қилиш.

3. “E-hudud” электрон тизимининг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш бўйича ғолиб ташкилот билан шартнома тузилишини таъминлаш.

4. “E-hudud” электрон тизимини ишлаб чиқиш.

2020 йил 15 март

 

 

2020 йил 1 апрель

 

 

 

2020 йил май–июнь

 

 

 

 

2020 йил декабрь

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков),

Адлия вазирлиги (Р.Давлетов)

2.

“E-hudud” электрон тизимини Қашқадарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмаларида жорий этиш

1. Қуйидагиларни ўрганиш учун Қашқадарё вилоятидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмаларини хатловдан ўтказиш:

уларни “E-hudud” электрон тизимга улаш;

мазкур ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул ижрочиларида электрон рақамли имзоларнинг мавжудлиги;

“E-hudud” электрон тизимда ишлаш бўйича масъул ходимларни бириктириш.

2. Хатлов якунларига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан белгиланган тартибда бериладиган электрон рақамли имзо билан бепул таъминлаш.

3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, масъул ижрочиларни (ташкилот раҳбари томонидан аниқланади) “E-hudud” электрон тизимига уланишни таъминлаш.

2021 йил январь

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2021 йил январь

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2021 йил январь

 

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги
(З. Мирзаев),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков),

Адлия вазирлиги (Р.Давлетов)

Давлат солиқ қўмитаси
(Б. Мусаев)

3.

Қашқадарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларида
“E-hudud” электрон тизимида ишлашнинг моҳияти ва тартибини тушунтириш.

1. Масъул шахслар контингентини белгилаган ҳолда семинарлар ўтказиш режасини тасдиқлаш ҳамда семинар ўтказувчи мутахассислар рўйхатини шакллантириш.

2. Семинар иштирокчилари учун тарқатма материаллар тайёрлаш.

3. Семинарларни режа-жадвал асосида самарали ташкил қилиш.

2021 йил январь

Адлия вазирлиги (Р.Давлетов),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков),

Давлат солиқ қўмитаси
(Б. Мусаев)

4.

Қашқадарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қарорларни “E-hudud” электрон тизими орқали қабул қилиш бўйича эксперимент ўтказиш.

1. Қарорларни “E-hudud” электрон тизими орқали қарорларни фақатгина “E-hudud” электрон тизими орқали қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилинишини таъминлаш.

2. Эксперимент натижалари юзасидан хулоса ва таклифлар тайёрлаш.

2021 йил январь-май

 

 

 

 

 

 

 

Заруратга кўра

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги
(З. Мирзаев),

Адлия вазирлиги

(Р.Давлетов),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков)

5.

“E-hudud” электрон тизимини республиканинг барча даражадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларида жорий этиш.

1. Қуйидагиларни ўрганиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмаларини хатловдан ўтказиш:

уларни “E-hudud” электрон тизимга улаш;

мазкур ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул ижрочиларида электрон рақамли имзоларнинг мавжудлиги;

“E-hudud” электрон тизимда ишлаш бўйича масъул ходимларни бириктириш.

2. Хатлов якунларига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан белгиланган тартибда бериладиган электрон рақамли имзо билан бепул таъминлаш.

3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, масъул ижрочиларни (ташкилот раҳбари томонидан аниқланади) “E-hudud” электрон тизимига уланишини таъминлаш.

2021 йил июль

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков),

Адлия вазирлиги

(Р.Давлетов),

Давлат солиқ қўмитаси
(Б. Мусаев)

 

6.

“E-hudud” электрон тизимида ишлашнинг моҳияти ва тартибини тушунтириш.

1. Масъул шахслар контингентини белгилаган ҳолда семинарлар ўтказиш режасини тасдиқлаш ҳамда семинар ўтказувчи мутахассислар рўйхатини шакллантириш.

2. Семинар иштирокчилари учун тарқатма материаллар тайёрлаш.

3. Семинарларни режа-жадвал асосида самарали ташкил қилиш.

2021 йил июнь

Адлия вазирлиги (Р.Давлетов),

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков),

Давлат солиқ қўмитаси
(Б. Мусаев)

7.

“E-hudud” электрон тизимининг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш.

1. “E-hudud” электрон тизимини техник қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни доимий равишда ўтказиб бориш.

2. “E-hudud” электрон тизимини мунтазам такомиллаштириб бориш ва модернизация қилиш.

Тизим ишга туширилганидан сўнг доимий равишда

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков),

Адлия вазирлиги (Р.Давлетов)

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил “___” ___________даги  ___ – сон қарорига

2-ИЛОВА

 

 

“E-hudud” электрон тизими орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар ва тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш (имзолаш) ва киритишнинг

ТАШКИЛИЙ СХЕМАСИ

 

Босқичлар

 

Масъуллар

 

Чора-тадбирлар

 

Муддатлар

 

 

 

 

1-босқич

 

Манфаатдор жисмоний ёки юридик шахс

 

Вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилиш

 

Заруратга кўра

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

Ҳокимликнинг масъул бўлинмаси

 

1. “E-hudud” электрон тизимига белгиланган тартибда аризани кирим қилиш, иш юритувга қабул қилиш.

2. Аризани масъул таркибий бўлинма ёки давлат бошқаруви органининг ҳудудий тузилмасига (кейинги ўринларда лойиҳани ишлаб чиқувчи деб юритилади) юбориш.

 

Ўрнатилган муддатларда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Лойиҳани ишлаб чиқувчи

 

1. Қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш.

2. Лойиҳани “E-hudud” электрон тизими орқали манфаатдор давлат бошқаруви органининг ҳудудий тузилмалари билан келишиш.

 

Ўрнатилган муддатларда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Давлат бошқаруви органининг ҳудудий тузилмалари

 

1. Қарор лойиҳасини “E-hudud” электрон тизими орқали иш юритувига белгиланган тартибда қабул қилиш.

2. Белгиланган тартибда лойиҳани кўриб чиқиш.

3. Қарор лойиҳасини визалаш ёки зарурат бўлганда қарор лойиҳасини ишлаб чиқувчига белгиланган тартибда уни “E-hudud” электрон тизими орқали янада такомиллаштириш учун қайтариб бериш.

4. Имзоланган қарор лойиҳасини лойиҳани ишлаб чиқувчига юбориш.

 

Ўрнатилган муддатларда

 

5-босқич

 

Лойиҳани ишлаб чиқувчи

 

1. Имзоланган қарор лойиҳасини “E-hudud” электрон тизимидан олиш.

Қарор лойиҳасини давлат бошқаруви органининг ҳудудий тузилмаларининг тегишли хулосасини ҳисобга олган ҳолда (зарур ҳолларда) якуний кўриб чиқиш.

Электрон шаклда “E-hudud” электрон тизими орқали ҳокимликнинг юридик хизматига киритиш.

 

Ўрнатилган муддатларда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

6-босқич

 

Ҳокимликнинг юридик хизмати

 

1. Қарор лойиҳасини “E-hudud” электрон тизими орқали иш юритувга белгиланган тартибда қабул қилиш.

2. Қарор лойиҳасини белгиланган тартибда қайта кўриб чиқиш (агар зарур бўлса).

3. Қарор лойиҳасини имзолаш учун ҳокимга киритиш.

 

Ўрнатилган муддатларда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

7-босқич

 

Ҳоким

 

1. Қарор лойиҳасини “E-hudud” электрон тизими орқали қабул қилиш.

2. Қарор лойиҳасини имзолаш ёки белгиланган тартибда қайта кўриб чиқиш учун юридик хизматга қайтариш.

3. Имзоланган қарорни “E-hudud” электрон тизими орқали ҳокимликнинг умумий бўлимига эълон қилиш учун юбориш.

 

Ўрнатилган муддатларда

 

 

 

 

 

 

 

 

 

8-босқич

 

Ҳокимликнинг масъул бўлинмаси

 

 

1. Имзоланган қарорни “E-hudud” электрон тизими орқали қабул қилиб олиш.

2. Қарорни мажбурий тартибда ҳокимликнинг ўз расмий-веб сайтида эълон қилиш.

 

Ўрнатилган муддатларда

 

                           

 

Изоҳ: 1. Давлат сири билан боғлиқ бўлган ҳамда қонун ҳужжатлари билан қўриқланадиган, ошкор қилиниши тақиқланган шахсий сир билан боғлиқ, шунингдек лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимидан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш, сессия, йиғилиш, конференцияларни чақиришга оид ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш (имзолаш) ва киритишда “E-hudud” электрон тизимидан фойдаланилмайди.

2. Ҳокимликнинг ўз ташаббусига кўра ёки юқори турувчи идора топшириғига асосан қабул қилинадиган фуқаролар ва тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш (имзолаш) ва киритиш ҳам ушбу схемада белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул
 қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий

чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасига

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги ПҚ–4551-сон қарори билан тасдиқланган Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг 19-банди ижросини таъминлаш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун ҳокимлар қарорларини ягона электрон тизим орқали қабул қилиш ва эълон қилиб бориш амалиётини кенг жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Лойиҳа билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини (норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклида қабул қилинадиган қарорлар бундан мустасно) ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнини бошқариш ва назорат қилиш, шу жумладан, зарурат туғилганда масъул идоралар, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан лойиҳаларга электрон кўринишдаги виза қўйишни амалга ошириш имконини берувчи “E-hudud” электрон тизимини яратиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада “E-hudud” электрон тизимини Қашқадарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмаларида жорий этиш бўйича эксперимент ўтказиш ва кейинчалик “E-hudud” электрон тизимини республиканинг барча даражадаги маҳаллий ҳокимият органларида жорий этиш кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, “E-hudud” электрон тизимини яратиш “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ мос келади.

Хусусан, “E-hudud” электрон тизимини яратиш орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ва шаффофлиги таъминланади, уларнинг масъулияти ва ижро интизоми кучайтирилади.

Бугунги кунда ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилинмасдан қабул қилинаётган ҳужжатлар натижасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуни ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказмоқда.

Маҳаллий ҳокимларнинг 2019 йил давомидаги биргина ер майдонларини ажратиш билан боғлиқ қарорлари ўрганилганда уларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилинмаган ҳолда қабул қилинганлик ҳолатлари кўп эканлиги аниқланган.

Жумладан, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун республика бўйича жами 527 ҳолатда аукцион ўтказилмасдан тадбиркорлик субъектларига ер ажратиб бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. Шунингдек, аукцион ташкил қилинмасдан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратиб бериш тўғрисидаги қарорлар республика бўйича жами 507 ҳолатда қабул қилинган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер ажратиш бўйича ўтказилган аукционда ғолибига ерни ажратиб бериш бўйича ҳоким қарори уч иш куни давомида қабул қилиниши белгиланган.

Бироқ ушбу талабга риоя қилинмасдан республика бўйича жами 462 та ҳолатда қарорлар 2 ойдан 6 ойгача бўлган муддатда кечиктирилган ҳолда қабул қилинган.

Юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш, маҳаллий ҳокимликлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали “E-hudud” электрон тизимини яратиш мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари лойиҳа билан қуйидагилар тасдиқланмоқда:

“E-hudud” электрон тизимини яратиш ва жорий этиш бўйича амалий
чора-тадбирлар режаси (1-иловага мувофиқ);

“E-hudud” электрон тизими орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар ва тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш (имзолаш) ва киритишнинг ташкилий схемаси (2-иловага мувофиқ).

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилди.

Лойиҳада назарда тутилган чора-тадбирлар Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

 

 

 

ТАҚҚОСЛАШ ЖАДВАЛИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги 355-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларга киритилаётган қўшимча

 

Амалдаги таҳрир

 

Таклиф этилаётган таҳрир

Асослантириш

1. Давлат ва хўжалик бошқаруви органи, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг расмий веб-сайтида (кейинги ўринларда расмий веб-сайт деб аталади) жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотларга қуйидагилар киради:

....

Тўлдирилмоқда

1. Давлат ва хўжалик бошқаруви органи, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг расмий веб-сайтида (кейинги ўринларда расмий веб-сайт деб аталади) жойлаштирилиши мажбурий бўлган ахборотларга қуйидагилар киради:

...

б2) жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш ҳақидаги ҳужжатлар;

...

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги
ПҚ–4551-сон қарори билан тасдиқланган Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг 19-бандида
соҳада очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун ҳокимларнинг фуқароларга ер бериш ҳақидаги қарорларини тегишли сайтларда эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш белгиланган.

 

Общие предложения

227