ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
13720 Агентство по развитию фармацевтической отрасли при Министерстве здравоохранения 13/02/2020 28/02/2020 1

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини рўйхатдан ўтказиш тартибини ва референт мамлакатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида
ID-13720

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

 

Буйруғи

 

Референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини рўйхатдан ўтказиш тартибини ва референт мамлакатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4554-сон Қарорининг 6-банди ижросини таъминлаш мақсадида буюраман:

1. Референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларинирўйхатдан ўтказиш тартиби 1-иловага мувофиқ;

2. Референт мамлакатлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

 

 

       Вазир                                                      А.Шадманов

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2020 йил  ___ январдаги

___ -сон буйруғига

1-ИЛОВА

 

Референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 30 декабрдаги  ПҚ-4554-сонли Қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, референт нархларини шакллантириш тизими доирасида дори воситаларининг дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрациялари, ҳажми ва қадоқланишини инобатга олган ҳолда, уларнинг чекланган нархларини ҳисоблаш, қайд этиш/қайта қайд этишнинг ягона тартибини белгилайди. Бунда дори воситасини қайд этилган чекланган нархдан юқори нархда Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш (импорт дори воситалари учун) ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилиши (маҳаллий дори воситалари учун) мумкин эмас.

Мазкур тартиб дори моддалари (субстанция), кам учрайдиган касалликларни даволаш учун мўлжалланган Орфан дори воситалари рўйхатига киритилган дори воситаларига, шунингдек чекланган нархлар қайд этилгунга қадар сертификатлаштирилган дори воситаларига тадбиқ этилмайди.

2. Ушбу тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

чекланган нарх - дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситасининг ҳар бир савдо номи учун референт нарх шакллантириш тизими доирасида қайд этилган нарх. Бунда дори воситасини қайд этилган чекланган нархдан юқори нархда Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш (импорт дори воситалари учун) ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилиши (маҳаллий дори воситалари учун) мумкин эмас.

ариза – дори воситаларининг чекланган нархини ёки илгари қайд этилган чекланган нархини қайта қайд этиш учун ариза;

аризачи – дори воситасининг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг эгаси ёки унинг ишончли вакили;

ваколатли орган – референт нарх шакллантириш тизими доирасидаги чекланган нархни қайд этиш ва қайта қайд этиш учун масъул бўлган давлат органи;

ишчи орган – чекланган нархни қайд этиш учун аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун масъул бўлган давлат ташкилоти;

«Дармон» ахборот тизими (кейинги ўринларда «Дармон» АТ) – ишчи органнинг аризаларни қабул қилиш, референт нарх шакллантириш тизими доирасидаги маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш, чекланган нархларни қайд этиш ва чекланган нархлар реестрини юритиш учун мўлжалланган махсус электрон ахборот тизими;

чекланган нархлар реестри – қайд этилган чекланган нархларнинг электрон (онлайн) реестри;

маҳаллий ишлаб чиқарувчи – Ўзбекистон Республикасида дори воситаларини ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган юридик шахс;

маҳаллий дори воситалари – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари;

3. Референт нарх шакллантириш тизими доирасида чекланган нархни қайд этиш ва қайта қайд этиш Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Ваколатли орган) томонидан референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари учун чекланган нархлар реестрига чекланган нархларни киритиш орқали амалга оширилади

4. Дори воситаларининг чекланган нархларини қайд этиш ва қайта қайд этиш учун ариза тегишли маълумотлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази (кейинги ўринларда – Ишчи орган)га тақдим этилади.

5. Референт нарх шакллантириш тизими доирасида нархларни қайд этиш Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситалари, шунингдек рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугагунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган дори воситаларига нисбатан татбиқ этилади. 

6. Чекланган нархларни қайд этиш ёки қайта қайт этиш ва уларни чекланган нархлар электрон реестрига киритиш ариза тақдим этилган кундан эътиборан ўн иш кунидан ошмаган муддатда Ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

7. Аризачи чекланган нарх қайд этилган санадан эътиборан уч ойдан кам бўлмаган муддатда чекланган нархни қайта қайд этиш учун ариза топширишга ҳақли, ариза топширилган санада дори воситасини Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш  валютасининг миллий валютага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курси 5 (беш) ва ундан ортиқ фоизга ўзгарган ҳоллар бундан мустасно. 

8. Ваколатли орган доимий тарзда ўз расмий ва ишчи орган сайтида электрон кўринишда хронологик тартибда қайд этилган ва қайта қайд этилган чекланган нархлар ҳақидаги маълумотларни жойлаштириб боради. Бунда аввалги маълумотлар сақланган ҳолда киритилган ўзгаришлар ҳисобга олинади ва чекланган нархлар ҳақидаги маълумотлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.

9. Қайд этилган чекланган нархлар ҳақидаги маълумотлар қайд этилган санадан бошлаб камида беш йил давомида сақланади.

10. Импорт қилинган ва маҳаллий ишлаб чиқарилган дори воситаларининг улгуржи ва чакана савдоси уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун – етказиб бериш нархидан (импорт дори воситалари учун) ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилиш нархидан (маҳаллий дори воситалари учун) 15 фоиздан, чакана савдо учун – улгуржи нархдан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда чекланган савдо устамаларини қўллаш орқали амалга оширилади.

Импорт қилинувчи дори воситалари учун етказиб бериш нархи қуйидаги формула ёрдамида белгиланади:

Н = Шн + Б + Бх., бунда:

Н – импорт қилинган дори воситаларининг етказиб бериш нархи;

Шн – Инкотермс CIP шароитларида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинган дори воситаларининг божхона юк декларацияси тўлдирилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курсидан келиб чиқиб белгиланган шартномадаги нархи;

Б – белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича ҳисобланган божхона тўловлари;

Бх – бошқа харажатлар, 1 (бир) фоиздан кўп бўлмаган миқдорда.

11. Етказиб бериш нархи (импорт дори воситалари учун) ёки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилиш нархи (маҳаллий дори воситалари учун) қайд этилган чекланган нархлардан юқори бўлмаслиги керак.

12. Чекланган нархлар реестри қайд этилган чекланган нархларни, шунингдек мазкур тартибнинг 10-бандига мувофиқ чекланган савдо устамаларини қўллаш йўли билан ҳисобланган улгуржи ва чакана чекланган нархларни акс эттиради.

.

2-боб. Чекланган нархни қайд этиш ва қайта қайд этиш

 

13. Аризачи ариза топшириш учун “Дармон” АТдан “электрон рақамли имзо” (ЭРИ) орқали рўйхатдан ўтиб, чекланган нархни қайд этиш ёки қайта қайд этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатини, чекланган нархи қайд этиладиган дори воситаларининг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларини тақдим этади.

14. Ишчи орган ариза қабул қилинган санадан бошлаб уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда аризачининг ваколатларини текширади ва улар ўз тасдиғини топгач, аризачини “Дармон” АТда рўйхатдан ўтказади, шунингдек аризада кўрсатилган дори воситалари учун чекланган нархни қайд этишга маълумотларни киритиш ҳуқуқини беради. Аризачининг ваколатлари ўз тасдиғини топмаган тақдирда ишчи орган тегишли электрон хабарни аризачига жўнатади.

15. Импорт дори воситаларини ишлаб чиқарувчи аризачи «Дармон» АТ орқали ишчи органга дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир дори воситаси учун қуйидаги маълумотларни тақдим этади:

аризачининг хати билан тасдиқланган референт мамлакатларга етказиб бериш валютасида CIP Incoterms нархлари;

аризачининг хати билан тасдиқланган ишлаб чиқарувчи мамлакатидаги дистрибьютер учун ушбу мамлакат валютасида белгиланган нарх;

аризачининг хати билан тасдиқланган сўнгги олти ой давомида Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш валютасида белгиланган етказиб бериш нархлари.

Аризада дори воситаларининг нархлари тўғрисида маълумотлар бўлмаган тақдирда, аризачи унинг йўқлиги сабабларини кўрсатиб ўтиши керак.

16. «Дармон» АТ нархлар бўйича маълумотларни қабул қилиб, қуйидагиларни автоматик тарзда ҳисоблаб чиқаради:

референт мамлакатлардаги нархларнинг ва Ўзбекистон Республикасигача суғурта ва транспортда ташиш харажатлари (ишлаб чиқарувчининг нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда) қўшилган ҳолда ишлаб чиқарилган мамлакатдаги нархнинг ўртача миқдорини;

сўнгги олти ой давомида Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш нархларининг ўртача миқдорини;

ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган тартиб бўйича ҳисобланган ўртача миқдорлардан минимал миқдорни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган ариза топширилган кундаги чет эл валютасининг миллий валютага нисбатан курси бўйича ҳисобланган тавсия этилган чекланган нархини.

17. Импорт дори воситаларини ишлаб чиқарувчи аризачи тавсия этилган чекланган нархни қабул қилиб тасдиқлаш ёки рад этиш ҳуқуқига эга.

18. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи аризачи «Дармон» АТ орқали ишчи органга дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир дори воситаси учун Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида белгиланган чекланган нархини тақдим этади ва тасдиқлайди.

19. Ишчи орган 7 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда аризанинг қабул қилинганини ва аризачи томонидан тасдиқланган чекланган нархни қайд этиш учун ваколатли органга “Дармон” АТ орқали тавсия беради.

Агар талаб қилинган маълумотлар тўлиқ бўлмаса ёки тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларга аниқлик киритиш зарурати бўлса, ишчи орган камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарномани аризачига “Дармон” АТ орқали жўнатади.

20. Хабарномани олган аризачи тегишли маълумотни 20 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ишчи органга “Дармон” АТ орқали тақдим этади. 

21. Сўралган маълумот муддатдан кечикиб тақдим этилса ёки ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса ва (ёки) ундаги маълумотлар мазкур тартиб талабларига мувофиқ келмаса, камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги учинчи хабарномадан сўнг ваколатли орган ишчи органнинг таклифи асосида чекланган нархни қайд этиш ёки қайта қайд этишнинг асосли рад этилгани тўғрисида аризачини хабардор қилади.  

22. Ваколатли орган ишчи органнинг тавсиясига биноан уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда таклиф этилган чекланган нархни қайд этади ёки қайта қайд этади ва чекланган нархлар реестрига киритади.

 

3-боб. Ариза берувчиларнинг жавобгарлиги

23. Аризачи томонидан нотўғри маълумотлар тақдим этилгани аниқланса Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади ва дори воситаларининг чекланган нархлари Чекланган нархлар реестридан чиқарилади.

24. Чекланган нархни қайд этиш ёки қайта қайд этиш учун аризачи томонидан тақдим этилган маълумотлар махфий ҳисобланади.

25.  Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ва  Савдо-саноат палатаси  билан  келишилган.

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирининг

2020 йил  ___ январдаги

___ -сон буйруғига

2-ИЛОВА

 

 

Аҳоли жон бошига нисбатан даромадлар даражаси юқори,

ўртачадан юқорироқ ва ўртачадан пастроқ бўлган давлатлар гуруҳига кирувчи референт мамлакатлар

РЎЙХАТИ

 

 

Мамлакатлар

Аҳоли жон бошига нисбатан даромадлар даражаси

1

Арманистон Республикаси

 

2

Россия Федерацияси

 

3

Украина Республикаси

 

4

Туркманистон Республикаси

 

5

Тожикистон Республикаси

 

6

Мўғулистон Республикаси

 

7

Қозоғистон Республикаси

 

8

Болгария Республикаси

 

9

Белоруссия Республикаси

 

10

Қирғизистон Республикаси

 

 

Общие предложения

445