ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
13557 Министерство транспорта Республики Узбекистан 10/02/2020 25/02/2020 0

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Ўзбекистон Республикасининг аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун тариф ва йиғимларни шакллантириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
ID-13557

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТРАНСПОРТ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ

 

 

Ўзбекистон Республикасининг аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун тариф ва йиғимларни шакллантириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

 

 

Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) тавсиялари, Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ–5781-сон “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикасининг аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун тариф ва йиғимларни шакллантириш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

 

 

            Вазир

       

Э. Ганиев

Тошкент ш.,
2020 йил “___”  ________,  
 ____-сон

               

 

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг

20___ йил “____” ________даги _____ - сон буйруғига

ИЛОВA

 

Ўзбекистон Республикасининг аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун тариф ва йиғимларни шакллантириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”

 

Мазкур Қоидалар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) тавсиялари, Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ–5781-сон “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун тариф ва йиғимларни шакллантириш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Мазкур қоидаларда қўлланилган тушунчалар ва қисқартмалар

§1. Тушунчалар

 

Аэронавигация хизматларини кўрсатиш (аэронавигация хизматлари) - ҳаво кемалари эксплуатантларига (фойдаланувчиларига) ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича хизматларни тақдим этиш:

Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида ҳаво кемалари парвозларига аэронавигация хизматларини кўрсатиш (транзит фойдаланишда);

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромлари ҳудудида ҳаво кемаларига йўналишда (яқинлашишда) ва учиш-қўнишни таъминлашда кўрсатиладиган хизматлардан иборат аэронавигация хизматларини кўрсатиш.

Ҳаво кемаси - ҳаво билан ўзаро таъсир ҳисобига, ер сатҳидан қайтган ҳаво билан ўзаро таъсирдан ташқари, атмосферада ҳаракатланадиган учиш аппарати.

Максимал учиш вазни (MTOW)  – ҳаво кемасининг тонналарда акс этган иккита ўнлик рақамигача яхлитлаган сертификатланган учиш вазни.

Ҳаво кемаларига ерда хизмат кўрсатиш – ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишдан ташқари, ҲК аэропортга учиб келиши ва аэропортдан учиб кетиши учун зарур бўлган хизматларни кўрсатиш.

Парвоз режаси (флайт план) – ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш органларига ҳаво кемасининг режалаштирилган парвози ёки парвознинг бир қисми тўғрисида муайян маълумотлар.

Парвоз маълумотлари ҳудуди (ПМҲ) – чегараларида парвоз-маълумот хизматларини кўрсатиш ва авария тўғрисида хабар бериш таъминланадиган муайян ўлчамлардаги ҳаво ҳудуди.

Аэродром ҳудуди — горизонтал ва вертикал текисликларда белгиланган чегараларда аэродром ва унга туташган жойлар устидаги ҳаво ҳудуди.

Эксплуатант сертификати — эксплуатантга ҳаво транспортида маълум тижорат ташувларини бажариш рухсатини берувчи сертификат.

Йиғим – фойдаланувчи томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўланадиган сумма.

Тариф – белгиланган хизмат кўрсатиш бирлиги учун нарх.

“A” шакли - Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IAТA) стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган, Ўзбекистон Республикаси аэропортларида хорижий авиакомпанияларнинг ҳаво кемаларига хизмат кўрсатишда расмийлаштириладиган бажарилган ишлар далолатномаси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси аэропортларининг
ер усти хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги намунавий келишуви иловаси ҳисобланади.

“Р” шакли – Авиация маъмурияти томонидан тасдиқланадиган, шунингдек парвозларни бажариш даври, ҳаво кемасининг аэропортга учиб келиши ва кетишининг санаси, вақти, ҳаво кемасининг тури ва йўловчи сиғими, авиаташувчига парвозларни бажариш учун тақдим этилган тижорат ҳуқуқларидан иборат бўлган парвозлар жадвали.

Ҳаво кемаси эксплуатанти (эксплуатант) - ҲК эксплуатациясини амалга ошириш имконияти эксплуатант сертификати билан тасдиқланган, эгалик ҳуқуқи ёки бошқа мулк ҳуқуқи асосида ҳаво кемасига эгалик қилувчи юридик ёки жисмоний шахс.

Ҳудудда диспетчерлик хизматларини кўрсатиш – диспетчерлик ҳудудларида (йўналишда) назорат остидаги парвозларга диспетчерлик хизматларини кўрсатиш.

Ортодромия бўйича масофа – иккита нуқтани боғловчи катта айлананинг энг қисқа ёйи узунлиги.

§ 2. Қисқартмалар

AIP Аэронавигация маълумотлари тўплами

УҚЙ Учиш-қўниш йўлаги

ҲК Ҳаво кемаси

ФА Фуқаро авиацияси

ЁММ Ёқилғи-мойлаш материаллари

МҲЙ Маҳаллий ҳаво йўли

ҲҲХ Ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш

ҲКҲТ Ҳаво кемалари ҳаракатини ташкил этиш

2-боб. Умумий қоидалар

1. Aэропорт ва аэронавигация йиғим ва тарифлари Ўзбекистон Республикасининг аэропортлари ва ҳаво ҳудудида хизмат кўрсатиш учун белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатга олинган ҲК эксплуатантларидан ундирилади.

2. Аэропорт ва аэронавигация йиғим ва тарифлари Ўзбекистон Республикаси аэропортларида хизмат кўрсатиш учун белгиланади ҳамда мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган фуқаро авиациясида тижорат фаолиятини амалга ошириш учун эксплуатант сертификатига эга бўлган ҳаво кемалари эксплуатантларидан ундирилади.

3. Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун йиғим ва тарифлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги, фуқаро авиациясида қабул қилинган талаблар ва қоидаларга мувофиқ белгиланади.

4. Аэронавигация йиғимлари Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида ҳаво кемалари парвозларига кўрсатилган хизматлар учун Ўзбекистон Республикасида ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича ваколатли орган томонидан Европа аэронавигация хавфсизлигини таъминлаш ташкилотининг (EUROCONTROL) Doc.№ 99.60.01 рақамли “Йўналишда аэронавигация хизматлари учун йиғимларни ҳисоблаш асосини яратиш ва хизмат кўрсатиш бирлигига тарифларни ҳисоблаш принциплари” методикасига мувофиқ шакллантирилади.

5. Aэронавигация ва аэропорт йиғим ва тарифлари, ФA корхоналари томонидан фойдаланиладиган моддий-техник ресурсларнинг нархлари, Ўзбекистон Республикаси аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади ва / ёки эълон қилинади.

Аэронавигация хизматларини кўрсатиш учун тарифлар Ўзбекистон Республикаси AIP да эълон қилинади.

6. Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш иккита ёки ундан ортиқ ташкилот томонидан таъминланганда, ҳаво кемаларига ер усти хизматларини кўрсатиш учун аэропорт йиғим ва тарифлари ҳар бир ташкилот учун алоҳида тегишли хизматларни тақдим этиш учун белгиланади. Ҳаво кемалари эксплуатантлари улар билан ҳисоб-китобларни мустақил равишда тегишли шартномалар асосида, шартнома бўлмаган тақдирда хизмат кўрсатиш вақтида амал қилаётган тариф ва йиғимлар бўйича амалга оширадилар.

7. Aэропорт ва аэронавигация йиғимлари, тарифлари Ўзбекистон Республикаси аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун ички
ва халқаро ташувларни амалга оширадиган ҳаво кемаларига нисбатан табақалашган тарзда белгиланади.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси резидент эксплуатантлари учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ягона тарифлар белгиланади.

8. Ўзбекистон Республикаси аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун aэропорт ва аэронавигация йиғимлари, тарифлари фақат ҳаво кемалари эксплуатантларига тақдим этиладиган хизматлар учун ундирилади.

9. Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун йиғим ва тарифлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари учун мажбурий тўлов ҳисобланади.

10. Ер усти ва аэронавигация хизматлари учун тарифларни ҳисоблашда корхоналар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон Қарори билан тасдиқланган “Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисида” низомга амал қилади.

11. Кўрсатилаётган аэропорт ва аэронавигация хизматларини ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш харажатларини аниқлашда корхоналар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон Қарори билан тасдиқланган “Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низом” ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига амал қилади.

12. Янги йиғим ва тарифларни жорий этиш, жамлаш (консолидация) ва чиқариб ташлаш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси резидентларига маҳаллий ва халқаро йўналишларда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилган рўйхат бўйича кўрсатиладиган аэропорт ва аэронавигация хизматлари учун тариф
ва йиғимлар давлат томонидан тартибга солиниши лозим.

13. Ўзбекистон Республикаси аэропортлари ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун аэропорт ва аэронавигация йиғимлари тўғри шакллантирилиши
ва ундирилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг Ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти ва унинг жойлардаги ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

14. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатиш органлари ва аэропортларининг Ўзбекистон Республикаси аэропортлари
ва ҳаво ҳудудида ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун аэропорт ва аэронавигация йиғимларини шакллантириш ва ундиришга доир вазифа ва функцияларини белгилайдиган асосий норматив ҳужжат ҳисобланади.

15. Ушбу Қоидаларнинг талаблари фуқаро авиацияси корхоналарининг барча мансабдор шахслари учун мажбурийдир.

3-боб. Aэропорт йиғимлaри ва тарифлари

§ 1. Ўзбекистон Республикаси aэропортларида ер усти хизматларини кўрсатиш учун йиғим ва тарифларни шакллантириш

16. Учиш – қўнишни таъминлаш йиғими ҳаво кемаларининг aэродромга қўниши
ва учишини таъминлаш, шу жумладан:

а) учиш-қўниш йўлаги, ҳаракатланиш йўлаклари, перронларни тақдим этиш;

б) аэродромнинг ёритиш – техник таъминоти;

в) аэропорт ҳудудида ер усти қидирув-қутқарув таъминоти;

г) аэропорт ҳудудида авариядан қутқариш ва ёнғинга қарши таъминот;

д) аэропорт ҳудудида парвозлар хавфсизлигининг орнитологик таъминоти;

е) қўнгандан кейин ҳаво кемасига аэродромда уч соат давомида; юк ташувчи ҳаво кемаларига қўниш аэропортида ишлов бериш (юклаш ва / ёки тушириш) лозим бўлган
юк (почта) мавжуд бўлганда олти соат давомида тўхтаб туриш жойини тақдим этиш учун белгиланади.

Йиғим тарифи ҳаво кемасининг учишга яроқлилик сертификатида кўрсатилган максимал учиш массасининг ҳар бир тоннасига белгиланади ва ҳаво кемаси учиб кетиши олдидан ундирилади.

Тўлов белгиланган тариф ва ҳаво кемасининг учишга яроқлилик сертификатида кўрсатилган максимал учиш массаси асосида белгиланади.

Йиғим тўловининг миқдорини аниқлашда, ҳаво кемасининг учишга яроқлилик сертификатида кўрсатилган ҳаво кемасининг максимал учиш массаси бутун сонга қадар яхлитланади.

Ҳар бир ҳаво кемасининг учиши ва қўниши битта хизматга эквивалентдир.

17.Тунги вақтда ҲК учиш-қўнишини таъминлаш йиғими 1 октябрдан 31 мартгача маҳаллий вақт билан 17.00 дан 08.00 гача ва 1 апрелдан 30 сентябргача маҳаллий вақт билан 20.00 дан 06.00 гача амалга оширилган ҳар бир қўниш ёки учиш учун “учиш-қўниш” йиғимидан 20% фоиз миқдорида қўшимча тўлов ундирилади (қўниш ҳам, учиш ҳам тунда амалга оширилишига қарамасдан, бир марта ундирилади).

18. Aвиация хавфсизлигини таъминлаш йиғими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида авиация хавфсизлигига текшириш ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 183-сон қарори билан белгиланган талабларга мувофиқ авиация хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан:

а) аэропортда ўтказиш ва объект ички режимини амалга ошириш;

б) аэропортнинг назоратдаги ҳудудини ва аэропорт фаолиятини таъминловчи объектларни қўриқлаш;

в) ҳаво кемаси экипажлари аъзоларини кўздан кечириш;

г) ҳаво кемаси ва унинг борт захираларини кўздан кечириш;

д) ноқонуний аралашиш ҳаракатларини олдини олиш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш учун аэропортнинг куч ва воситалари тайёрлигини таъминлаш;

е) аэропорт ҳудудида эксплуатантларнинг авиация хавфсизлиги хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш учун белгиланади.

Йиғим тарифи учиш-қўниш йиғимидан 10%гача белгиланади.

19. Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш йиғими йўловчилар хавфсизлиги бўйича махсус чораларни таъминлаш хизматлари, шу жумладан:

а) йўловчилар ва қўл юкини кўздан кечириш;

б) багажни кўздан кечириш;

в) аэровокзал комплексларида йўловчилар оқимини теле- ва видеовоситалар орқали кузатиш;

г) махсус воситаларни қўллаш ва ностандарт вазиятларга зудлик билан муносабат билдиришга қодир бўлган ходимларни жалб этиш учун белгиланади.

Йиғим Ўзбекистон Республикасидан ташқарига учиб кетаётган ҳар бир йўловчи учун (икки ва ундан катта ёшдагилар) белгиланади.

Тўлов учиб кетаётган йўловчилар (икки ва ундан катта ёшдагилар) сони
ва ўрнатилган йиғим асосида белгиланади.

20. Юк, почта хавфсизлигини таъминлаш йиғими юк, почта хавфсизлиги бўйича махсус чораларни таъминлаш хизматлари, шу жумладан:

а) визуал кўздан кечириш;

б) рентген ускунасидан фойдаланган ҳолда кўздан кечириш;

в) портловчи моддаларни аниқлаш тизимидан фойдаланган ҳолда кўздан кечириш;

г) қўлда текшириш;

д) портловчи моддаларни аниқлаш учун мўлжалланган оператив-техник гуруҳ;

е) юк ва почтага тегилмаслигини олдини олиш мақсадида теле- ва видеовоситалар орқали кузатиш учун белгиланади.

Йиғим Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жўнатилган, ишлов берилган юкнинг ҳар бир тоннаси учун белгиланади.

Тўлов белгиланган йиғим ва ишлов берилган юк, почтанинг юкхатида (почта юкхатида) қайд этилган миқдори асосида белгиланади.

21. Тўхтаб туриш жойида меъёрдан ортиқ туриш йиғими йўловчи ташувчи ҳаво кемаларига қўнгандан кейин аэродромда уч соатдан ортиқ; қўниш аэропортида ишлов берилиши (юклаш ва/ёки тушириш) лозим бўлган юк (почта) мавжуд бўлганда юк ташувчи ҳаво кемаларига олти соатдан ортиқ тўхтаб туриш жойини тақдим этиш учун белгиланади.

Йиғим тарифи тўхтаб туриш жойида меъёрдан ортиқ турилган ҳар бир соат учун “учиш-қўниш” йиғимидан 25 фоизгача миқдорда белгиланади.

Йиғим белгиланган тариф ва ҳаво кемасининг меъёрдан ортиқ тўхтаб туриш вақти асосида белгиланади.

Тўхтаб туриш жойида меъёрдан ортиқ туриш вақти ҳаво кемасининг норматив вақтга камайтирилган ва яна ўн беш дақиқага камайтирилган (ерда ҳаракатланиш) қўниш ва учиш вақти ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади.

22. Аэровокзалдан фойдаланиш йиғими аэровокзал ҳудуди ва биносида учиб кетаётган йўловчиларга (аэропорт ҳудудига келгандан рўйхатдан ўтиш бошлангунча)
ва учиб келган йўловчиларга (ҳаво кемасидан аэровокзалга келган вақтдан бошлаб аэропорт ҳудудидан жўнаб кетгунча) белгиланган технологияга мувофиқ сервис хизматларини кўрсатиш, шу жумладан:

а) вокзалолди ҳудудини тақдим этиш;

б) вестибюль, маълумот-ахборот зонаси, хоналар ва кутиш жойларини тақдим этиш;

в) йўловчиларга шартли қўшимча хизматларни кўрсатиш хоналарини тақдим этиш (она ва бола хоналари, тиббий ёрдам пункти, хожатхона ва фойдаланиш учун алоҳида тўлов ундирилмайдиган бошқа хоналар);

г) йўловчиларни ахборот (маълумот) билан таъминлаш учун белгиланади.

Йиғим учиб кетаётган ҳар бир йўловчига белгиланади (икки ва ундан катта ёшдагилар).

Тўлов учиб кетаётганган йўловчилар (икки ва ундан катта ёшдагилар) сони
ва ўрнатилган йиғим асосида белгиланади.

23. Учиб кетишда йўловчиларга хизмат кўрсатиш тарифи учиб кетаётган йўловчиларни рўйхатга олиш ва ҳаво кемасига чиқариш вақтида (шу жумладан транзит зоналарда хизмат кўрсатиш) ҳамда белгиланган меъёр доирасида багажга ишлов беришда тақдим этиладиган хизматлар, шу жумладан:

а) йўловчиларни рўйхатга олиш, багаж вазнини ўлчаш ва расмийлаштириш;

б) йўловчилар паспорт ва божхона назоратидан ўтишини таъминлаш учун техник воситаларни тақдим этиш;

в) багажни транспорт воситаларига жойлаш;

г) багажни ортиш, тушириш, аэровокзал биноси ва ҳаво кемаси ўртасида тарнспортировка қилиш;

д) рейс натижаларини умумлаштириш ва топшириш, юклаш учун ҳаво кемасининг багаж люклари рақамлари тўғрисидаги маълумотларни етказиш, бўш жойлар мавжудлигини аниқлаш, рўйхатга олиш натижаларини умумлаштириш, дастлабки
ва якуний босқичда йиғма юклаш ведомостини тузиш, рейс ҳужжатларини расмийлаштириш, ҳужжатларни экипажга етказиш, ҳаво кемасига юкланишни назорат қилиш;

е) йўловчиларни йиғиш ва ҳаво кемасигача кузатиб бориш, ҳаво кемасига чиққанидан кейин йўловчилар сонини текшириш;

ё) йўловчиларни ҳаво кемасигача етказиш ва ҳаво кемасига чиқишини таъминлаш учун ходимлар, техник ва транспорт воситаларини тақдим этиш;

ж) ҳаво кемасининг тижорат юкланиши тўғрисидаги маълумотларни бориш белгиланган аэропортга етказиш учун белгиланади.

Тариф учиб кетаётган ҳар бир йўловчи учун белгиланади (икки ва ундан катта ёшдагилар).

Тўлов кетаётган йўловчилар (икки ва ундан катта ёшдагилар) сони ва ўрнатилган тариф асосида белгиланади.

24. Йўловчиларга учиб келишда хизмат кўрсатиш тарифи учиб келаётган йўловчиларни кутиб олишда ва аэровокзал биносигача кузатиб боришда, багажга ишлов беришда кўрсатиладиган хизматлар, шу жумладан:

а) йўловчиларни ҳаво кемасидан тушириш ва аэровокзал биносигача етказишни таъминлаш учун ходимлар, техник ва транспорт воситаларини тақдим этиш;

б) учиб келаётган йўловчиларни кутиб олиш ва аэровокзалгача кузатиб бориш;

в) йўловчилар паспорт ва божхона назоратидан ўтишини таъминлаш учун техник воситаларни тақдим этиш;

г) багажни тушириш ва ҳаво кемаси билан аэровокзал биноси ўртасида транспортда ташиш, шунингдек багажни бериш;

д) багажни қидириш хизматлари;

е) рейс натижаларини умумлаштириш ва топшириш учун белгиланади.

Тариф учиб келаётган ҳар бир йўловчи (икки ва ундан катта ёшдагилар) учун белгиланади.

Тўлов учиб келган йўловчилар (икки ва ундан катта ёшдагилар) сони ва ўрнатилган тариф асосида белгиланади.

25. Белгиланган меъёрдан ортиқ багажга хизмат кўрсатиш тарифи белгиланган меъёрдан ортиқ багажга ишлов бериш хизматлари, шу жумладан:

а) меъёрдан ортиқ багаж вазнини ўлчаш ва расмийлаштириш;

б) меъёрдан ортиқ багажни транспорт воситаларига жойлаш;

в) меъёрдан ортиқ багажни аэровокзал биносидан ҳаво кемасигача бориш
ва қайтишда транспортда ташиш;

г) меъёрдан ортиқ багажни ҳаво кемасига/дан ортиш, тушириш;

д) меъёрдан ортиқ багажни бериш;

е) ҳужжатларни расмийлаштириш учун белгиланади.

Бепул багаж меъёри ҳар бир эксплуатант томонидан мустақил равишда белгиланади ва аэропорт ходимлари эътиборига белгиланган тартибда етказилади.

Тариф учиб кетишда хизмат кўрсатилган белгиланган меъёрдан ортиқ багажнинг
ҳар бир тоннаси учун белгиланади.

Тўлов белгиланган меъёрдан ортиқ жўнатилаётган багаж миқдори ҳамда ўрнатилган тариф асосида белгиланади.

26. Юкларга ишлов бериш тарифи келаётган ва жўнатилаётган юкларга ер устида ишлов беришда кўрсатиладиган хизматлар, шу жумладан:

е) вазнини ўлчаш ва белгилаш (маркировка);

б) омборда саралаш, шу жумладан юк қабул қилувчилар бўйича саралаш, ҳужжатларни расмийлаштириш;

в) рейслар бўйича комплектларни шакллантириш, шу жумладан контейнер
ва поддонларга жойлаштириш, комплектларга ажратиш;

г) белгиланган муддатларда қисқа вақт сақлаш;

д) ҳаво кемасига олиб бориш ва ундан олиб қайтишда транспортда ташиш учун перрондаги юклаш-тушириш воситаларига ортиш-тушириш;

е) ҳаво кемасига транспортда олиб бориш ва олиб қайтиш;

ё) ҳаво кемасига юкланишни назорат қилиш;

ж) ҳаво кемасига/дан юклаш ва тушириш учун белгиланади.

Тариф ишлов берилган (келган ёки жўнатилаётган) юкнинг ҳар бир тоннаси учун, шу жумладан аэропорт ҳудудида транспорт воситасидан тушириш, транспорт воситасига юклаш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва ишлов берилган юкнинг (келган, жўнатилаётган) юкхатида кўрсатилган вазни асосида белгиланади.

27. Почтага ишлов бериш тарифи келаётган ва жўнатилаётган почтага ер устида ишлов беришда кўрсатиладиган хизматлар, шу жумладан:

а) вазнни ўлчаш ва белгилаш (маркировка);

б) омборда саралаш, шу жумладан юк қабул қилувчилар бўйича саралаш, ҳужжатларни расмийлаштириш;

в) рейслар бўйича комплектларни шакллантириш, комплектларга ажратиш;

г) белгиланган муддатларда қисқа вақт сақлаш;

д) ҳаво кемасига олиб бориш ва ундан олиб қайтишда транспортда ташиш учун перрондаги юклаш-тушириш воситаларига ортиш-тушириш;

е) ҳаво кемасига транспортда олиб бориш ва олиб қайтиш;

ё) ҳаво кемасига юкланишни назорат қилиш;

ж) ҳаво кемасига/дан юкни юклаш ва тушириш учун белгиланади.

Тариф ишлов берилган (келган ёки жўнатилаётган) почтанинг ҳар бир тоннаси учун, шу жумладан аэропорт ҳудудида транспорт воситасидан тушириш, транспорт воситасига юклаш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва ишлов берилган (келган ёки жўнатилаётган) почтанинг почта юкхатида кўрсатилган вазни асосида белгиланади.

28. Ўзбекистон Республикаси аэропортларида йўловчиларни рўйхатга олиш тизимидан авиакомпаниялар фойдаланиши тарифи ҳар бир учиб кетаётган йўловчи учун белгиланади.

Тўлов учиб кетаётган йўловчилар миқдори ва белгиланган тариф асосида ўрнатилади.

29. Телескопик трапни тақдим этиш тарифи битта телескопик трапнинг ҳаво кемасига ҳар бир етказилиши учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва етказиш сони асосида белгиланади.

30. Ҳаво кемасига регламент шакллари бўйича техник хизмат кўрсатиш тарифи транзит A-I шакли бўйича техник хизмат кўрсатиш регламентида белгиланган мажбурий ишлар комплекси бўйича ёки хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг тури ва/ёки учиш массасига қараб шу каби мақсадлар учун мўлжалланган регламентнинг бошқа шакллари бўйича ҳаво кемалари парвозларига муҳандислик-авиация хизматлари кўрсатилиши учун белгиланади (экипаж ёки буюртмачи талабномасига биноан амалга ошириладиган қўшимча ишлардан ташқари).

Тариф ҲК тури бўйича ва/ёки хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг максимал учиш массасига мувофиқ ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатиш сони асосида белгиланади.

31. Ҳаво кемасини қабул қилиш ва парвозга тайёрлашни таъминлаш тарифи ҳаво кемасини қабул қилиш ва парвозга тайёрлашни таъминлаш бўйича кўрсатилган хизматлар, шу жумладан:

а) тўхтаб туриш жойини тайёрлаш ва тўхтаб туриш жойида ҳаво кемасини қабул қилиш;

б) шасси ғилдираклари остига тўхтатиш колодкаларини ўрнатиш;

в) тўхтатиш колодкаларини йиғиб олиш;

г) ҳаво кемасини ерга сим билан улаш (заземление);

д) ҳаво кемаси билан боғланиш мосламаси ёки перрон ва экипаж кабинаси ўртасидаги радиоалоқа орқали экипаж билан алоқа ўрнатиш;

е) двигателлар ишга туширилишини назорат қилиш;

ё) ҳаво кемаси ҳаракатига рухсат бериш;

ж) ҳаво кемасининг тўхтаб туриш жойидан чиқиш ҳаракатини назорат қилиш учун белгиланади.

Тариф ҲК тури бўйича ва/ёки хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг максимал учиш массасига мувофиқ ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатиш сони асосида белгиланади.

32. Ҳаво кемасининг ичини тозалаш тарифи ҳаво кемаси ичини тозалаш технологиясида назарда тутилган комплекс ишларни таъминлаш учун белгиланади, булардан:

а) чиқиндиларни чиқариб ташлаш;

б) креслолар суянчиғининг чўнтаклари ва юқоридаги багаж полкаларидан чиқиндиларни чиқариб ташлаш;

в) йўловчи креслолари ва улардаги жиҳозларни тозалаш ва тартибга келтириш,
шу жумладан хавфсизлик камарларини текислаш ва пледларни тарқатиш;

г) креслоларнинг бош қисми учун бир марталик салфеткаларни алмаштириш;

д) полларни тозалаш, шу жумладан махсус ускуналардан фойдаланган ҳолда (чангюткич)

е) чиқиндиларни чиқариб ташлаш ва йўқ қилиш.

Тариф хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг максимал учиш массасига мувофиқ ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади;

Тўлов белгиланган тариф ва кўрсатилган хизматлар сони асосида белгиланади.

Бир марталик салфеткалар қиймати тарифга киритилмайди.

33. Метеотаъминот тарифи Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясининг метеорология таъминоти бўйича норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳажмда аэропортларда экипажларга метеорология маълумотини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг максимал учиш массасига мувофиқ ҳаво кемасининг ҳар бир учиб кетиши учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва самолётлар учиб кетиши сони асосида белгиланади.

34. Парвозолди маълумот бюллетенини (ПМБ) тақдим этиш тарифи ҳаво кемалари экипажларига парвозларни ер усти аэронавигация маълумотлари билан таъминлаш,|
шу жумладан аэродромлар ва ҳаво трассалари бўйича аэронавигация маълумотларини ҳамда аэронавигация вазиятидаги ўзгаришларни шакллантириш ва тақдим этиш (шартнома ёки эксплуатант талабномаси бўйича) хизматларини кўрсатиш учун белгиланади.

Тариф ушбу аэропортдан ҳаво кемасининг ҳар бир учиши учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф асосида мазкур аэропортдан ҳаво кемалари учиб кетишининг ҳақиқий сони бўйича белгиланади.

35. Aвиация ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш тарифи ҳаво кемаларини ЁММ билан таъминлаш бўйича комплекс хизматларни тақдим этиш,
шу жумладан:

а) ЁММ билан таъминлашни ташкил этиш;

б) ЁММ ни сақлаш;

в) ЁММ сифатини таҳлил қилиш;

г) ЁММни қабул қилиш ва бериш;

д) ҳаво кемаларига ЁММни қуйиш учун ходимлар ва техник воситаларни тақдим этиш;

е) фуқаро авиациясида қабул қилинган талаб ва қоидаларга ҳамда ҳаво кемаларини ёқилғи билан таъминлаш бўйича белгиланган хизмат кўрсатиш технологиясига мувофиқ бошқа хизматлар учун белгиланади.

Тариф қуйилган ЁММнинг ҳар бир тоннаси учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва қуйилган ЁММ миқдори (тонна) асосида белгиланади. Бир тонна ЁММнинг нархи алоҳида белгиланади ва ушбу тарифга киритилмайди.

36. Йўловчиларга махсус хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар тарифи аэропортнинг ички технологиясига биноан ихтисослашган зоналар, секторлар ва юқори қулайликларга эга ҳамда алоҳида муҳим шахслар хоналари орқали учиб келаётган ва кетаётган йўловчиларга махсус сервис хизматларини кўрсатиш бўйича хизматлар учун ўрнатилади.

Тариф учиб келаётган ёки кетаётган (белгиланган имтиёзларни ҳисобга олган ҳолда) ҳар бир йўловчи учун махсус хизмат кўрсатиш секторлари бўйича алоҳида белгиланади.

Тўлов кетаётган ёки келаётган йўловчилар сони ва белгиланган тариф бўйича қуйидаги тартибда белгиланади:

а) икки ёшгача ва икки ёшга тўлган болалар учун - тўлов олинмайди;

б) катталар билан бирга бўлган 2 дан 12 ёшгача болалар учун - тўлов белгиланган тарифнинг 50 фоизи миқдорида ундирилади;

в) катталар билан бирга бўлмаган 2 дан 12 ёшгача болалар учун тўлов тўлиқ тариф бўйича ундирилади;

г) 12 ёш ва ундан катта йўловчилар учун - белгиланган тариф бўйича.

Йўловчиларга махсус хизмат кўрсатиш бўйича тариф тўлови ушбу Қоидаларнинг
20, 21-бандларида кўзда тутилган йўловчиларга хизмат кўрсатиш тарифи тўловини истисно этмайди.

37. Ногиронлар аравачасини тақдим этиш тарифи учиб кетишда ҳаво кемаси трапигача ёки учиб келишда трапдан аэровокзалдан чиқишгача жисмоний имкониятлари чекланган йўловчиларни кузатиб бориш учун белгиланади. Аэропорт кузатувчиси билан ногиронлар аравачаси фақатгина рўйхатга олиш жойидан текшириш пунктлари орқали ҳаво кемаси трапигача тақдим этилади.

Тариф битта ногиронлар аравачасини бир мартта тақдим этиш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони бўйича белгиланади.

38. Йўловчиларни иммиграция назорати хизматлари тарифи махсус техник воситалар ёрдамида бориш белгиланган мамлакатга йўловчилар киришларининг қонунийлиги иммиграция назоратини амалга ошириш хизмати учун белгиланади.

Тариф ҳар бир кетаётган йўловчи учун белгиланади.

Тўлов кетаётган йўловчилар сони ва белгиланган тариф асосида белгиланади.

Иммиграция назорати хизмати алоҳида шартнома асосида тақдим этилади.

39. Экипажни етказиш учун транспорт тақдим этиш тарифи экипажни аэропорт ҳудудида ҳаво кемаси олдига/дан етказишда ходимлар ва транспорт воситалари билан таъминлаш учун белгиланади.

Тариф экипаж аъзолари сонидан, фойдаланилаётган транспорт воситаси тури (маркаси) ва ҳаво кемасидан қатъий назар экипажга кўрсатиладиган ҳар бир хизмат учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва ҳаво кемасининг учиб келиши ёки учиб кетишида транспорт воситаларини етказиб бериш сони бўйича белгиланади.

40. Экипажни меҳмонхонага етказиш тарифи экипажни аэропортдан ташқаридаги меҳмонхонага етказишда ходимлар ва транспорт воситалари билан таъминлаш учун белгиланади.

Тариф транспорт воситаси туридан қатъий назар экипажга кўрсатилган ҳар бир хизмат (меҳмонхонага ёки меҳмонхонадан рейсга етказиш) учун белгиланади.

41. Ҳаво кемасини қўриқлаш тарифи унинг туридан қатъий назар ҳаво кемасини қўриқлашнинг ҳар бир соати учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва ҳаво кемасини қўриқлаш вақти бўйича белгиланади, бунда соатнинг ҳар қандай қисми бутун соатгача кўпайишга қараб яхлитланади.

42. Ҳаво кемаларини жойлаштириш тарифи аэродромда ҳаво кемаларини жойлаштиришда тўхтаб туриш жойини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасининг максимал учиш массасига кўра ҳар бир сутка ёки унинг қисми учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва ҳаво кемаси турган суткалар сонига кўра белгиланади, бунда сутканинг ҳар қандай қисми бутун суткагача кўпайишга қараб яхлитланади.

43. Ҳаво кемасини шатакка олиш тарифи, ҳаво кемаси туридан қатъий назар, ҳаво кемасини шатакка олишни таъминлаш бўйича комплекс хизматлар ва техник воситаларни тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф, тақдим этилган техник воситалар туридан (маркасидан) қатъий назар, ҳар бир шатакка олиш учун белгиланади

Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатиш сони бўйича белгиланади.

44. Санитария узелларида (ҳожатхоналар) хизмат кўрсатиш тарифи ҳаво кемаси санузелларида (ҳожатхоналарида) хизмат кўрсатиш бўйича комплекс ишларни таъминлаш учун белгиланади, шу жумладан: ҳаво кемаси туридан қатъий назар санузелларни (ҳожатхоналарни) оқизиш (бўшатиш, тозалаш, ювиш) ва сув билан тўлдириш, чиқиндиларни чиқариб ташлаш ва утилизация қилиш учун белгиланади.

Тариф ҳар бир ҳаво кемасига хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф бўйича ўрнатилади.

45. Ичимлик сувини қуйиш тарифи ҳаво кемасига ичимлик сувини қуйиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун белгиланади.

Тариф битта ҳаво кемасига хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов ўрнатилган ставка бўйича белгиланади.

46. Электр энергиясини етказиш тарифи, ҳаво кемаси туридан қатъий назар, ҳаво кемаларига электр энергиясини етказиб беришни таъминлаш бўйича хизматлар комплексини кўрсатиш учун белгиланади.

Тариф электртаъминот манбаи туридан қатъий назар ҳаво кемасига етказилган электр энергиянинг ҳар бир дақиқаси учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва электр энергияни етказиш вақти асосида белгиланади.

47. Ҳаво ҳароратини сақлаш (иситиш) тарифи, ҳаво кемаси туридан қатъий назар, ҳаво кемасининг ҳароратини сақлаш (иситиш) бўйича хизматлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво ҳароратини сақлашнинг ҳар бир дақиқаси учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва хизмат кўрсатиш соатлари миқдори бўйича белгиланади.

48. Ҳаво кемаларини техник воситалардан фойдаланган ҳолда ташқаридан қор
ва муздан тозалаш тарифи ҳаво кемасини ташқаридан тозалашни таъминлаш бўйича хизматлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф хизмат кўрсатилаётган ҳаво кемасининг максимал учиш массасига кўра ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Тўлов ўрнатилган тариф ва хизмат кўрсатиш сони бўйича белгиланади.

Махсус суюқликнинг хизмат кўрсатиш вақтида алоҳида белгиланган нархи ушбу тарифга киритилмайди.

49. Авиадвигателларга мой қуйиш (тўкиш) тарифи ҳаво кемаси туридан қатъий назар хизматлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун ўрнатилади.

Тўлов ўрнатилган тариф ва хизмат кўрсатиш сони бўйича белгиланади.

Мойнинг хизмат кўрсатиш вақтида алоҳида белгиланган нархи ушбу тарифга киритилмайди.

50. Тизимни кислород билан таъминлаш тарифи ҳаво кемаси туридан қатъий назар, ҳаво кемаси тизимини кислород билан таъминлаш бўйича хизматлар комплексини кўрсатиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун ўрнатилади.

Тўлов ўрнатилган тариф ва хизматлар сони бўйича белгиланади.

51. Тизимни азот ёки сиқилган ҳаво билан таъминлаш тарифи ҳаво кемаси туридан қатъий назар, ҳаво кемаси тизимини азот ёки сиқилган ҳаво билан таъминлаш бўйича хизматлар комплексини кўрсатиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун ўрнатилади.

Тўлов ўрнатилган тариф ва хизматлар сони бўйича белгиланади.

52. Авиадвигателларнинг махсус ускуна ёрдамида ҳаво орқали ишга туширилишини таъминлаш тарифи ҳаво кемаси туридан қатъий назар, авиадвигателларни ҳаво орқали ишга туширилишини таъминлаш бўйича ишлар комплексини тақдим этиш учун белгиланади.

Тариф ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун ўрнатилади.

Тўлов ўрнатилган тариф ва хизмат кўрсатиш сони бўйича белгиланади.

53. Ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча ишларни бажариш учун ходимлар билан таъминлаш тарифи мутахассисликлар ва малака даражалари бўйича тақдим этилган ҳар бир ишчи учун белгиланади.

Тариф бир нафар ишчининг бир киши/соати учун белгиланади.

Тўлов ҳаво кемасига ҳар бир хизмат кўрсатиш учун ўрнатилган тариф
ва мутахассиснинг иш вақти бўйича белгиланади.

Ҳаво кемасига техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча ишларни бажариш вақтида тақдим этилган материалларнинг амалдаги қонунчиликка биноан алоҳида ўрнатилган нархи ушбу тарифга киритилмайди.

54. Автонарвон, автокранни тақдим этиш тарифи ҳаво кемасига хизмат кўрсатиш учун автонарвон, автокранни ёки бошқа шу каби кўтарувчи ускуналарни тақдим этиш учун белгиланади

Тариф ҳар бир транспорт воситасини тақдим этиш учун белгиланади.

Тўлов белгиланган тариф ва тақдим этилган транспорт ёки техник воситалар сони бўйича белгиланади.

55. Ҳаво кемасини кузатиб борувчи транспорт воситасини тақдим этиш тарифи экипажнинг талабига биноан ёки Ўзбекистон Республикасининг норматив ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ҳаво кемасини кузатиб борувчи машинанинг ҳар бир тақдим этилиши учун белгиланади.

Тўлов ўрнатилган тариф ва кузатиб боришлар сони бўйича белгиланади.

56. Тез ёрдам машинасини тақдим этиш тарифи ҳаво кемасига тез ёрдам машинасининг ҳар бир етказилиши учун белгиланади.

Тўлов ўрнатилган тариф ва хизмат кўрсатиш сони бўйича белгиланади.

57. Ногиронлар учун транспорт воситасини (автолифт) тақдим этиш тарифи битта ногиронлар машинасининг ҳаво кемасига ҳар бир етказилиши учун белгиланади.

Тўлов ўрнатилган тариф ва хизмат кўрсатишлар сони бўйича белгиланади.

Ногироннинг ҳаво кемасига / дан ҳаракатланиши ушбу тарифга киритилмайди.

58. Aэропортнинг иш регламентини узайтириш йиғими аэропортнинг эълон қилинган ва тасдиқланган иш регламенти доирасида четга чиқишлар сабабли юзага келган маҳаллий вақт бўйича белгиланган ренгламентдан ортиқ вақт давомида ҳаво кемаси эксплуатантларига хизмат кўрсатиш учун белгиланади.

Ҳаво кемасини қабул қилиш учун аэропортнинг иш регламентини узайтириш тўғрисидаги талабнома ҳаво кемаси эксплуатанти томонидан ҳаво кемасининг келиш
ва унга хизмат кўрсатиш вақтини, учиб кетиш учун эса – ҲК аэродром ҳудудидан учиб кетиши вақтини ҳисобга олган ҳолда АИДХга берилади.

Йиғим аэропортнинг ҳаво кемасига хизмат кўрсатиш бўйича иш регламенти узайтирилган вақт учун, авиация ёқилғисидан ташқари, ер устида кўрсатиладиган хизматлар комплексини кўрсатиш суммасининг 10 фоизигача миқдорида ундирилади.

Аэропорт иш регламентини узайтириш вақти тўлови ҳаво кемаси эксплуатанти томонидан ўрнатилган тариф бўйича амалга оширилади. Аэропорт иш регламенти
30 дақиқагача узайтирилгани учун йиғим олинмайди.

59. Слотларни бузганлик учун йиғим мунтазам йўловчи рейси ҳаво кемаси слотни бузган ҳолда қўниши учун белгиланади ва ундирилади (+/- 40 дақиқагача рухсат берилган ҳолда).

Слот форс-мажор ҳолати ва об-ҳаво шароити сабабли мажбуран бузилган бўлса, йиғим ундирилмайди.

60. Ҳаво кемасини борт таомлари билан таъминлаш тарифи ҲК турлари бўйича ҳаво кемасини борт таомлари билан таъминлаш, шу жумладан:

а)  идиш товоқлар ва ечиб олинадиган ускуналарни қабул қилиш ва ҳаво кемаси бортидан тушириш, уларни транспорт воситаларига ортиш, борт таомлари комплексига етказиш ва тушириш;

б) чиқиндиларни йўқ қилиш, идиш товоқлар ва ечиб олинадиган ускуналарга санитария ишловини бериш;

в) борт таомлари комплексида транспорт воситаларига борт таомларини ортиш, борт таомларини ҳаво кемасига етказиш;

г) борт таомларини топшириш ва ҳаво кемаси бортига олиб чиқиш учун белгиланади.

Ставка самолётнинг ҳар бир учиб кетиши учун белгиланади.

Тўлов ўрнатилган ставка ва самолёт учиб кетишлари сони бўйича белгиланади.

§2. Ер усти хизматларини кўрсатиш учун aэропорт йиғимларини ундириш

61. Ҳаво кемаларга хизмат кўрсатиш учун йиғимлар Ўзбекистон Республикаси аэропортлари томонидан ҳаво кемалари эксплуатантлари билан тузилган шартномалар асосида ундирилади.

62. Ҳаво кемаси перронга қайтган вақтда хизмат кўрсатилганда, юкланиш ҳажми жисмонан ўзгармаслиги шарти билан, хизмат кўрсатиш учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

63. Ҳаво кемаси метеошароитлар, техник сабабларга кўра (тижорат мақсадларисиз) захира аэродромига (Ўзбекистон Республикаси аэропортлари) қўнишни амалга оширганда:

а) йўловчиларга хизмат кўрсатиш тарифи нархларнинг амалдаги меъёридан 50% миқдорида ундирилади;

б) аэровокзалдан фойдаланиш йиғими ва йўловчилар хавфсизлиги йиғими ундирилмайди.

64. Аэропортларда ҳаво кемаларига қуйиладиган ёнилғи ва бошқа ёқилғи-мойлаш материалларининг нархи рейсни бажариш санасида амал қилган нархлар асосида белгиланади.

65. Ҳаво кемалари тўхташ жойида меъёрдан ортиқ туриши ва аэропортнинг
 иш регламенти бузилиши учун йиғим ҳаво кемасининг аэропортдан (аэродромда) учиб кетиши (тўхтаб туриши) кечиктирилган вақти учун қуйидаги ҳолларда ундирилмайди:

а) учиб кетишлар кечиктирилганда ёки учиб кетиш аэропортида метеошароитлар бўйича ёҳуд кейинги қўниш пунктига қадар парвоз йўналиши бўйича қўнишда;

б) аэропортнинг айби билан учиб кетишлар кечиктирилганда;

в) ёқилғи-мойлаш материалларининг йўқлиги туфайли учиб кетишлар кечиктирилганда;

г) фуқаро авиацияси фаолиятига ноқонуний аралашув ҳаракати билан боғлиқ фавқулодда вазият сабабли учиб кетиш кечиктирилганда ёки ҳаво кемаси мажбурий равишда қўнганда.

66. Жадвалдан ташқари (чартер) рейсни бажаришда учиш-қўнишни таъминлаш йиғими 25%гача кўпайтирилади.

Кетма-кет бажарилувчи чартер парвозларини бажарувчи йўловчи ва юк ташувчи рейслардан (ойига камида 4 та рейс) “R” шакли тасдиқлангунга қадар чартер йиғими ундирилмайди.

§3. Ер усти хизматларини кўрсатиш учун aэропорт йиғимларига пасаювчи коэффициентларни қўллаш

67. Аэропортлар ҳаво кемаларига ер усти хизматларини кўрсатиш учун тўловни пасаювчи коэффициентларни қўллаган ҳолда муайян давр давомида, вақтинча асосда ундириш ҳуқуқига эга.

68. Бунда, пасаювчи коэффициентни қўллаш бир хил шартларда ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари учун амалга оширилади.

69. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган ер усти хизматларини кўрсатиш йиғимлари, тарифлари, пасаювчи коэффициентлар, моддий-техник ресурслар нархларини ундириш ва қўллашга йўл қўйилмайди.

§4. Йиғимлардан озод этиш

70. Табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар юзага келганда қидирув-қутқарув ишларида, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда иштирок этаётган ҳаво кемалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳаво кемалари аэропорт йиғимларидан озод этилади (авиация ёқилғиси нархидан ташқари).

71. Аэровокзалдан фойдаланиш йиғими қўлланилганда йўловчиларнинг қуйидаги тоифалари тўловдан озод этилади:

а) аэропортларда чиптасида “Стоп-овер” (мажбурий тўхташ) йўқлигини англатувчи белги қўйилган, йигирма тўрт соатгача энг яқин туташувни кутаётган транзит йўловчилар;

б) дипломатик курьерлар;

4-боб. Аэронавигация йиғим ва тарифлари

§1. Аэронавигация хизматларини кўрсатиш учун тарифларни

шакллантириш

 

72. Аэронавигация йиғимлари Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан транзит фойдаланиш чоғида маршрутда аэронавигация хизматларини кўрсатиш ва аэродром ҳудудида аэронавигация хизматларини кўрсатиш учун белгиланади (яқинлашиш
ва учиш/қўнишни таъминлаш учун аэронавигация йиғими).  

Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан транзит фойдаланиш чоғида маршрутда ва Ўзбекистон Республикаси аэродромларига қўниш амалга оширилган маршрутда (яқинлашишда) аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғими Евроназорат тизими бўйича белгиланади.

Aэронавигация хизматлари учун йиғим миқдори ҲКнинг вазн омилига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудига/дан кириш нуқтаси ва чиқиш нуқтаси орасидаги ортодромик масофанинг 100 километри учун белгиланиб, ички ва халқаро парвозлар учун табақалашган тарзда иккита ўнлик рақамигача яхлитланади.

Ўзбекистон Республикаси аэродромларига қўниш амалга оширилганда маршрутда (яқинлашишда) аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғимини белгилаш чоғида масофа Ўзбекистон Республикаси аэродромларида ҳар бир учиш ва ҳар бир қўниш учун
20 километрга қисқартирилади.

73. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган аэропортларга/дан ҳар қандай парвозлар учиши/қўнишини таъминлаш учун аэронавигация йиғими Ўзбекистон Республикаси аэродромларига учиш/қўнишни таъминлашда аэронавигация хизматлари йиғимини ҲКнинг максимал учиш массасига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

74. Махсус авиация ишларини бажариш чоғида ҳаво кемаларига аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғими масофага қараб амалга оширилади. Оператив нуқталарда ишлаш чоғида аэронавигация хизматлари йиғими ушбу оператив нуқтага/дан биринчи қўниш ва сўнги учиш учун ундирилади.

Йўналиш бўйича масофа Тасдиқланган ҳаво тарссалари ва МҲЙ трассалари рўйхатига мувофиқ ўрнатилади. Парвоз йўналиши тасдиқланган трасса ёки МҲЙ трассасидан ташқарида бўлса, масофа фактори ҲКнинг крейсер тезлиги ва парвоз вақтига боғлиқ бўлади.

75. Ўқув машғулот парвозлари учун бир марта учиш/қўниш тўлови  тўлиқ учиш-қўниш учун аэронавигация хизматларини кўрсатишдан 0,2 ставка миқдорида белгиланади. Тўлов биринчи учиш ва охирги қўниш учун амалга оширилади.

76. Парвоз режасига (флайт-план) ва ҲҲХ маълумотларига ишлов бериш тарифи ҳаво кемаси экипажи мурожаат қилсагина ушбу аэропортдан учиб кетаётган рейслар учун белгиланади.

Тўлов парвоз режаси (флайт-план) учун ўрнатилган тариф бўйича ҲК эксплуатанти мурожаатига кўра, ушбу рейс бўйича ишлов берилган парвоз режалари (флайт-план) миқдоридан қатъий назар белгиланади.

77. ҲҲХга боғлиқ бўлган барча маълумотлар учун тариф ҳаво кемаси экипажи мурожаат қилсагина, ҳаво кемасининг парвоз йўналиши бўйича ўрнатилади.

Тўлов ўрнатилган тариф бўйича ҲҲХ маълумоти учун ҲК эксплуатанти мурожаатига кўра, ушбу рейс бўйича ҲҲХ маълумотлари миқдоридан қатъий назар белгиланади.

 

§2. Аэронавигация йиғимларини ундириш

78. Аэронавигация хизматлари учун йиғим Ўзбекистон Республикасининг аэропортлари ва ҳаво ҳудудида аэронавигация хизматларини кўрсатиш учун мулкчилик шакли, давлатга мансублиги, идоравий бўйсунишидан қатъий назар, ҳаво кемаларининг барча эксплуатантларидан (фойдаланувчилар) улар томонидан ички
ва халқаро йўналишларда мунтазам ва номунтазам парвозлар амалга оширилганда ундирилади, ушбу қоидаларнинг 25 ва 26-бандларида кўрсатилган парвозлар тоифалари бундан истисно.

79. Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан транзит фойдаланишда йўналишда аэронавигация хизматларини кўрсатиш учун йиғимларни ундириш Ўзбекистон Республикасида ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича ваколатли орган ва  Евроназорат ўртасида тузилган Агентлик келишуви асосида амалга оширилади.

80. Аэродром ҳудудида аэронавигация хизматларини кўрсатиш йиғимлари тарифлар бўйича ҲК эксплуатантлари ёки улар томонидан ваколат берилган вакиллар билан тузилган икки томонлама тўғридан-тўғри шартномалар асосида ундирилади. Шартнома бўлмаганда, аэронавигация йиғимлари “A” шакли асосида хизмат кўрсатиш вақтида амал қилаётган тарифлар бўйича ундирилади.

§3. Аэронавигация хизматларини кўрсатиш тарифларига пасаювчи коэффициентларни қўллаш

81. Ўзбекистон Республикаси резидент авиакомпаниялари авиаташувлар бозорида фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида ҳаводаги ҳаракатга хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича ваколатли орган аэронавигация хизматлари учун белгиланган тарифларга нисбатан пасаювчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқига
эга бўлиб, бунда ҲК парвозларининг такрорийлиги (частотаси) ва мунтазамлиги мезон сифатида ҳисобланади.

82. Пасаювчи коэффициентларни қўллаган ҳолда авиакомпанияларга тақдим этиладиган тарифлар вақтинча асосда, муайян даврга белгиланади.

§4. Йиғимлардан озод этиш

83. Табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳолларда қидирув-қутқарув ишларида, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда иштирок этаётган ҳаво кемалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳаво кемалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ўрнатилган тартибда аэронавигация йиғимларидан озод этилади.

84. Маршрутда кўрсатиладиган аэронавигация хизматлари йиғимларидан парвозларнинг қуйидаги тоифалари озод этилади:

- циркуляр парвозлар;

- максимал сертификатланган оғирлиги 2,0 тоннадан кам бўлган ҳаво кемаларида бажарилган парвозлар;

- давлат раҳбарлари ва ҳукумат раҳбарларининг расмий миссиялари учун фойдаланиладиган парвозлар. Барча ҳолатларда бу парвозлар режасида рейснинг тегишли мақоми - Давлат раҳбари (STS/HEAD) кўринишида қайд этилиши лозим.

 

5-боб. Якуний қоидалар

 

85. Мазкур Қоидалар талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

86. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 

Молия вазири                                                                                 Д. Кучкаров

2020 йил “___” ___________

 

 

Монополияга қарши курашиш

қўмитаси раиси                                                                              Н. Шарипов

 

2020 йил “___” ___________

 

 

Савдо-саноат палатаси раиси                                                     А. Икрамов

 

2020 йил “___” ___________

 

 

Общие предложения

239