ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
13440 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 06/02/2020 21/02/2020 0

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Солиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларини юритиш ва бу маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-13440

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Солиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларини юритиш
ва бу маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш тартиби
тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

      Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 15 ва 132-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

       1. Солиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларини юритиш ва бу маълумотларини учинчи шахсларга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

        2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Давлат солиқ қўмитаси раиси                                                    Б. Мусаев

                                         Тошкент ш.,
                           2020 йил “___” _________,
                                         _______-сон

Ўзбекистон Республикаси
Давлат солиқ қўмитасининг
2020 йил “___”  “_________”даги
_______-сон қарорига
ИЛОВА

Солиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларни юритиш
ва бу маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги
Н И З О М

         

          Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 15 ва 132-моддаларига асосан давлат солиқ хизмати органлари (бундан буён матнда солиқ органлари деб юритилади) томонидан cолиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларни юритиш ва бу маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

            1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

солиқ тўловчи – Солиқ кодексига мувофиқ зиммасига белгиланган солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш мажбурияти юклатилган юридик ва жисмоний шахслар;

солиқ тўловчи тўғрисида ҳисоб маълумотлари – солиқ тўловчи томонидан солиқ органларига тақдим этилган маълумотлар ҳамда Солиқ кодекснинг 133-моддасида назарда тутилган тартибда органлар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан юборилган маълумотлар;

учинчи шахс – ўз фаолиятида қонунчиликда таъқиқланмаган мақсадларда фойдаланиш учун солиқ тўловчига доир маълумотларни тақдим этиш юзасидан солиқ органларига мурожаат этган шахс;

контрагент – солиқ тўловчи билан хўжалик муносабатларида шартнома тузувчи тараф;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар – Давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура, ички ишлар ва давлат божхона хизмати органлари;

маълумотларни трансчегаравий узатиш – солиқ тўловчи тўғрисида ҳисоб маълумотларни солиқ органлари томонидан республика ҳудудидан ташқарига Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда узатиш.

         2. Солиқ органлари томонидан олинган солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотлар солиқ сирини ташкил этади, қуйидаги маълумотлар бундан мустасно:

ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган, шу жумладан эгасининг розилиги билан шундай фойдаланиш имкони яратилган маълумотлар;

солиқ тўловчининг идентификация рақами тўғрисидаги маълумотлар;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари ва бу қоидабузарликлар учун жавобгарлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар;

солиқ тўловчилар томонидан қўлланиладиган солиқ режимлари ва қўшилган қиймат солиғини тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги маълумотлар;

тўланган солиқларнинг ва солиқ қарзининг суммалари ҳақидаги маълумотлар;

юридик шахснинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони тўғрисидаги маълумотлар;

молиявий ҳисобот маълумотлари бўйича даромадлар ва харажатлар суммалари тўғрисидаги маълумотлар.

         3. Солиқ тўловчи бўйича солиқ сири ҳисобланадиган маълумотларни учинчи шахсларга бериш таъқиқланади, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.

          4. Муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари

     5. Юридик шахс тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари таркибига қуйидагилар киради, хусусан:

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

тўлиқ ва қисқартирилган номи;

жойлашган ери (почта манзили);

ташкилий-ҳуқуқий шакли;

давлат рўйхатидан ўтказилган сана, жойи ва рақами;

устав фондининг (устав капиталининг) миқдори - тижорат ташкилотлари учун;

алоҳида бўлинмалар тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган иштирокчилар солиқ тўловчисининг идентификация рақами, чет эллик иштирокчининг мамлакати ҳамда ҳар бир муассиснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши кўрсатилган ҳолда иштирокчиларнинг тўлиқ таркиби - тижорат ташкилотлари учун.

     6. Жисмоний шахслар тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари таркибига уларнинг қуйидаги шахсий маълумотлари киритилади:

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

фамилияси, исми, отасининг исми;

фуқаролиги;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун;

паспортининг серияси ва рақами, берилган санаси ва жойи;

яшаш жойи (манзили).

      7. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳисоб маълумотлари таркибига ушбу Низомнинг 6-бандида  кўрсатилган маълумотлардан ташқари, қуйидагилар ҳам киритилади:

давлат рўйхатидан ўтказилган сана, жойи ва рақами;

фаолият тури;

фаолият амалга ошириладиган жой.

3-боб. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини
юритиш тартиби

8. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини юритиш солиқ тўловчининг идентификация рақами асосида амалга оширилади.

9. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилади.

10. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини юритиш маълумотларни киритишни ва ушбу маълумотларни ўзгартиришни ўз ичига олади.

11. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларига ўзгартириш киритиш солиқ тўловчи томонидан солиқ органларига тақдим этилган маълумотлар ва (ёки) Солиқ кодекснинг 133-моддасида назарда тутилган тартибда органлар, муассасалар ва ташкилотлардан олинган маълумотлар асосида солиқ тўловчи ҳисобга қўйилган ҳамда солиқ солиш объекти бўйича ҳисобга қўйилган солиқ органи томонидан амалга оширилади.

12.Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган солиқ тўловчиларнинг ҳисоб маълумотларига ўзгартириш киритиш Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан амалга оширилади.

4-боб. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини
учинчи шахсларга тақдим этиш тартиби

13. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш Давлат солиқ қўмитаси билан ўзаро электрон ахборот алмашиш бўйича тузилган битимлар асосида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда электрон тарзда амалга оширилади.

Бунда, солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фақат уларга рухсат берилган мансабдор шахслари томонидан фойдаланиш имконияти яратилади.

14. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини судларга тақдим этиш сўров асосида амалга оширилади.

Судлар томонидан бундай сўров юборилганда, маълумотларни тақдим этиш ўн беш кун мобайнида амалга оширилади.

15. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддасига асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларга уларнинг сўровига асосан мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилганлардан ташқари маълумотлар тақдим этилиши мумкин.

16. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини республика давлат бошқаруви органларига тақдим этиш Давлат солиқ қўмитаси билан ўзаро электрон ахборот алмашиш бўйича тузилган битимлар асосида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда электрон тарзда амалга оширилади.

Ўзаро электрон ахборот алмашиш тизими йўлга қўйилмаган бўлса, маълумотларни тақдим этиш сўров асосида амалга оширилади.

Бундай сўров юборилганда, маълумотларни тақдим этиш ўн беш кун мобайнида амалга оширилади.

17. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини банкларга ҳамда кредит, суғурта ва бошқа тижорат ташкилотларига тақдим этиш Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси билан тузилган шартномага мувофиқ тўлов асосида амалга оширилади.

Банкларга ҳамда кредит, суғурта ва бошқа тижорат ташкилотларига мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилганлардан ташқари маълумотлар улар ва солиқ тўловчи ўртасида хизмат кўрсатиш (кредит, суғурта) шартномаси мавжуд бўлган ҳолларда солиқ тўловчининг розилиги билан тақдим этилиши мумкин.

Бунда, банклар ҳамда кредит, суғурта ва бошқа тижорат ташкилотлари томонидан мижоз (қарз олувчи, суғурта қилинувчи) билан тузилган шартнома нусхаси тақдим этилади.

Маълумотларни тақдим этиш шакли, тартиби ва муддатлари шартномада белгиланади.

18. Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини жисмоний шахсларга тақдим этиш Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети (бундан буён шахсий кабинет деб юритилади) орқали реал вақт режимида амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан ёзма тарзда мурожаат қилинганда маълумотларни тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда амалга оширилади.

19. Солиқ тўловчи контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги ҳамда мазкур Низомнинг
2-бандида белгиланган маълумотларни олиши мумкин.

Солиқ тўловчига контрагенти бўйича маълумотларни тақдим этиш шахсий кабинет орқали реал вақт режимида амалга оширилади.

20. Солиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларини трансчегаравий узатиш фақат солиқ органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади.

Бунда, бошқа давлатларнинг солиқ органларига ёки бошқа тегишли органларига солиқ тўловчи тўғрисида сўралган маълумотларни тақдим этиш солиқ сирини ошкор этиш сирасига кирмайди.

5-боб. Якуний қоидалар

21. Учинчи шахс томонидан солиқ органларидан олинган барча маълумотлар ва ахборотлар солиқ сири ҳисобланади ҳамда улардан фақат хизмат доирасида фойдаланилади.

22. Маълумотлардан фойдаланувчи корхоналар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда фуқаролар солиқ органларидан олинган маълумотлар ва ахборотларнинг сир тутилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминлашлари шарт.

23. Солиқ органларидан олинган ахборотларни ўз ичига олган ҳужжатларнинг йўқотилиши ёки бундай маълумотларнинг ошкор этилиши қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

24. Солиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларини юритиш ва бу маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш тартибининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

25. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган.

 

Молия вазири                                                                    Д. Кучкаров

                             2020 йил “___”_________

Общие предложения

609