ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
1303 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 26/11/2018 11/12/2018 2

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-1303

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3955-сон Қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага;

Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишга ваколатли давлат органлари ва ташкилотлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил ___ __________даги

___-сон қарорига

1-ИЛОВА

Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини

текшириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат мактабгача таълим муассасалари (кейинги ўринларда мактабгача таълим муассасаси деб юритилади) фаолиятини текшириш ва ўрганишни тайинлаш, уни ўтказиш муддатлари ва мезонларини, текшириш ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низом талаблари:

а) Қуйидаги давлат органлари ва ташкилотлари:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари,

Қонунчилик палатаси депутатлари ва халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси;

Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

оммавий ахборот воситалари (журналистик текширув бўйича);

тасарруфида умумтаълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари (ўз бўйсунувидаги умумтаълим муассасаларини текширишлари бўйича) фаолияти доирасида;

б) Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни доирасида;

в) қўзғатилган жиноят ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар доирасида;

г) мактабгача таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг фаолиятини текшириш доирасида;

д) фавқулодда вазиятлар, турли ҳодисалар юзасидан ва терговга қадар текширувлар доирасида ўтказиладиган текширишларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

текширишга ваколатли органлар – мактабгача таълим муассасалари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари;

текшириш – мактабгача таълим муассасалари томонидан қонунлар ҳамда улар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари қандай бажарилаётганлигини текширишга ваколатли органларнинг бир марта назорат қилиши;

режали текшириш – тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари билан келишилган ҳолда тасдиқланган текширишлар режа-жадвалига асосан ўтказиладиган текшириш;

режадан ташқари текшириш – тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари билан келишилган ҳолда тасдиқланган текширишлар режа-жадвалида белгиланмаган ҳолда ўтказиладиган текшириш;

назорат тартибида текшириш – мактабгача таълим муассасаларининг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан текширишга ваколатли органлар амалга оширадиган текшириш.

2-боб. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишнинг

мақсад ва вазифалари

4. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишдан кўзланган асосий мақсад мактабгача таълим бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширишда мактабгача таълим муассасаларининг роли ва масъулиятини кучайтириш, тарбияланувчиларга Ўзбекистон Республикасининг илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган Давлат талабларига мувофиқ сифатли таълим берилишини таъминлаш учун шарт-шароит яратиш, мактабгача таълим муассасаларидаги ижро интизомини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим муассасаларини текширишларнинг самарадорлигини ошириш орқали педагоглар ва бошқа ходимларнинг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувга чек қўйиш, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан таълим сифатига таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.

5. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

мактабгача таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнининг сифати, тарбиячиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини оширишга кўмаклашиш;

қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш

ва уларни содир этиш шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича аниқ

чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ўз вақтида

ва сифатли равишда таъминланишини ташкил этиш;

мактабгача таълим муассасалари фаолиятида кам самарали тафтишларни қисқартириш билан бир вақтда тўлақонли текширишлар самарадорлигини ошириш;

мактабгача таълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик, шаффофлик

ва ҳисобдорликни таъминлаш, таълим-тарбия жараёни устидан самарали давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

мактабгача таълим муассасалари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаш ва тартибга солиш.

3-боб. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишга ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари

6. Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини текширишлар мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ рўйхати тасдиқланган давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда текширишга ваколатли органлар деб юритилади) томонидан ўз ваколатлари доирасида тегишлилиги бўйича тасарруфида умумтаълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

7. Мактабгача таълим муассасаларида:

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари томонидан;

ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилинишини ўрганиш, ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда уларни ўчиришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий ва илмий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;

аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилинишини ўрганиш, санитария-гигиена тадбирларини ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш, ўқувчиларнинг санитария маданияти даражасини ошириш, давлат санитария назоратини амалга ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази ва ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан;

меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан назорат ва текширувни амалга ошириш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий бандликка кўмаклашиш ва аҳолини иш билан таъминлаш марказлари томонидан;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ва зарарини камайтириш юзасидан чораларни амалга ошириш, фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракат қилишга тайёр бўлишни ташкил этиш, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;

ер, ер ости бойликлари, сув, дарахтлар ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат экологик назоратини ўрнатиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш борасида ягона сиёсатни амалга ошириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, болаларнинг экологик маданиятини ошириш масалалари бўйича текшириш – Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

4-боб. Умумтаълим муассасаси фаолиятини текшириш

муддатлари ва уни тайинлаш мезонлари

8. Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини текшириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

режали текшириш;

режадан ташқари текшириш;

назорат тартибида текшириш.

9. Мактабгача таълим муассасаларида режали текширишларни ўтказиш текширишга ваколатли органлар билан тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тасдиқланадиган текширишларнинг йиллик

режа-жадвалига мувофиқ ҳолда амалга оширилади.

Кейинги йил учун текширишларнинг йиллик режа-жадвали тегишлилиги бўйича текширишга ваколатли органларнинг марказий аппарати билан тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идораларнинг марказий аппарати ҳамда текширишга ваколатли органларнинг ҳудудий бўлинмалари билан тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳар йили 25 декабрга қадар тасдиқланади. Тасдиқланган йиллик режа-жадвалларнинг нусхалари тегишлилиги бўйича мактабгача таълим муассасаларига ҳар йили 1 январга қадар етказиб берилади.

Йиллик режа-жадвал текширишга ваколатли органларнинг мактабгача таълим муассасасини текширишлари бир вақтга тўғри келиб қолмаслиги ҳисобга олинган ҳолда тасдиқланади.

10. Текширишга ваколатли органлар томонидан текшириш режалаштирилаётган йилдан олдинги йилнинг 1 ноябригача бўлган муддатда мактабгача таълим муассасаларини йиллик текширишларнинг режа-жадвали лойиҳаси мактабгача таълим муассасалари рўйхати, уларнинг манзили, тўлиқ номи, режали текшириш даврийлигини аниқ кўрсатган ҳолда электрон шаклда тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этилади.

11. Текширишга ваколатли органлар томонидан режали текширувлар

3 йилда кўпи билан бир марта ўтказилади.

Янги ташкил этилган мактабгача таълим муассасаларида дастлабки уч йил мобайнида режали текширишлар ўтказилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

12. Йиллик текширишлар режа-жадвали лойиҳасига ёки тасдиқланган текширишлар режа-жадвалига текширишга ваколатли органлар билан тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан келишилган ҳолда ўзгартиришлар киритилади.

13. Текширишлар режа-жадвали лойиҳаси:

тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идораларга – текширишга ваколатли органларнинг марказий аппарати томонидан;

тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларига – текширишга ваколатли органларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тақдим этилади.

Белгиланган муддатдан кейин тақдим этилган таклифлар тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан кўриб чиқилмайди.

14. Қуйидаги ҳолларда мактабгача таълим муассасалари йиллик текширишлар режа-жадвалига киритилмайди:

мактабгача таълим муассасаси фаолиятини текшириш учун белгиланган муддатлар инобатга олинмаган бўлса;

мактабгача таълим муассасаси фаолиятини текширишларнинг йиллик

режа-жадвалини шакллантиришнинг қоидалари бузилган бўлса;

мактабгача таълим муассасалари тугатилган ёки тугатиш жараёнида бўлса;

мактабгача таълим муассасаларининг режа-жадвалга киритилиши қонун ҳужжатларига зид бўлса.

15. Тасдиқланган йиллик текширишлар режа-жадвали текширишга ваколатли органлар, тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда улар ҳудудий бўлинмаларининг Интернетдаги расмий сайтларига жойлаштирилади.

16. Текширишга ваколатли органлар томонидан мактабгача таълим муассасалари фаолиятини режали ва режадан ташқари текширишлар муддати 15 календарь кундан ошмаслиги керак.

17. Режадан ташқари текширишлар текширишга ваколатли органлар томонидан:

мактабгача таълим муассасаси тугатилаётганида;

тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаси фаолиятини текширишни сўраб текширишга ваколатли органга мурожаат этган тақдирда;

мактабгача таълим муассасаси фаолиятига оид қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг топшириқлари ҳамда давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ўз муддатида ва сифатли ижро этилишини тезкор ўрганиш талаб этилганда;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг, фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш, педагоглар ва ўқувчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли омилларнинг пайдо бўлиши, санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашиши, шунингдек бошқа давлатлардан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли мавжуд бўлганда;

мактабгача таълим муассасаси бошқарувида таълим-тарбия сифатига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган жиддий камчиликлар мавжуд бўлганда;

оммавий ахборот воситалари ёки Интернетдаги манбаларда мактабгача таълим муассасалари фаолиятига доир қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

мактабгача таълим муассасаларида ташкилий-бошқарув, услубий, маънавий ва молиявий жиҳатдан жиддий нуқсонлар мавжудлиги тўғрисида ишончли маълумот бўлганда амалга оширилади.

18. Мактабгача таълим муассасаларини режадан ташқари текшириш фақат Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида ўтказилади.

19. Назорат тартибида текширишларни ўтказиш текширишга ваколатли органлар томонидан фақат уларнинг ўзлари илгари ўтказган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) белгиланган ҳолатлар бўйича ва муддатларда ёки тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари мурожаатига асосан ундан олдинроқ муддатларда, текширишга ваколатли органнинг буйруғи асосида тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларини камида 5 календарь кун олдин ёзма равишда хабардор қилган ҳолда 10 календарь кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.

20. Илгари ўтказилган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) муддат кўрсатилмаган бўлса, назорат тартибида ўтказиладиган текширишлар илгари текшириш ўтказилган санадан бошлаб олти ойдан ошиб кетиши мумкин эмас.

Мактабгача таълим муассасаси томонидан назорат тартибида текширишлар ўтказишга тўсқинлик қилиниши мумкин эмас.

5-боб. Текширишларни ўтказиш тартиби

21. Текширишга ваколатли органлар томонидан текшириш ўтказилишидан камида 10 календарь кун олдин тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ, текширув дастури ёки саволномаси илова қилинган расмий хат юборилади.

Тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан бир кун муддатда ўз тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаларига ёзма хат ёки ички электрон ҳужжатлар айланиши тизими орқали хабар берилади ҳамда текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ, текширув дастури ёки саволнома юборилади.

Мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти тегишлилигига кўра тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари хабари бўлмаган ёхуд уларнинг вакили ҳамроҳлик қилмаган текширишга ваколатли органларнинг вакилларини мактабгача таълим муассасаси ҳудудига киритмасликка ҳақли.

22. Текширишга ваколатли органлар текширишларни амалга оширишни ўзларининг ҳудудий бўлинмаларига топширишга ҳақли. Текширишга уларнинг бошқа ҳудудий бўлинмалари ходимлари ҳам жалб этилиши мумкин.

23. Мактабгача таълим муассасаларининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган филиаллари фаолиятини текширишлар улар таркибига кирадиган мактабгача таълим муассасаларида ўтказиладиган текширишлар доирасида амалга оширилади.

24. Текширишни амалга оширишдан олдин текширишга ваколатли орган томонидан текшириш ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилинади.

Текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғида текшириладиган мактабгача таълим муассасаси номи, текшириш мақсади, текширувчи мансабдор шахслар таркиби, текшириладиган давр, текшириш ўтказиш муддати ва текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами ва санаси кўрсатилади ҳамда текширув дастури ёки саволномаси илова қилинади.

Текшириш жараёнида текширишга ваколатли органнинг ваколатлари

ва текшириш дастури ёки саволномасида белгиланган масалалар доирасидан четга чиқилмайди.

25. Текширишга ваколатли органнинг масъул ходимлари текшириш бошланишидан олдин мактабгача таълим муассасаси раҳбарини (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахсни) текшириш мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларнинг (текширишлар режа-жадвалидан кўчирма, текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи

ва текшириш дастури ёки саволномасидан нусха, текширишнинг тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан келишилганлигини тасдиқловчи хат) нусхаларини топширади.

26. Текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган мактабгача таълим муассасасига тилхат олинган ҳолда топширилган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.

Текширилаётган мактабгача таълим муассасасининг мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган мактабгача таълим муассасаси мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, текширишга ваколатли органнинг мансабдор шахси томонидан унинг ўзи ва текширилаётган мактабгача таълим муассасаси раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахс) имзолайдиган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома тузилади. Мазкур далолатномани мактабгача таълим муассасаси раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахс) имзолашдан бош тортганда, далолатномага текширишга ваколатли органнинг масъул ходими томонидан тегишли ёзув киритилади. Бу ҳолда далолатнома имзоланган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.

27. Текширишга ваколатли органнинг масъул ходимлари мактабгача таълим муассасаси томонидан тақдим этилган мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклдаги “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдириши шарт.

Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли тўлдирилади. Бунда китобнинг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.

28. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага (маълумотномага) “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда – электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмаганда – унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида текширувчи томонидан тегишли ёзув киритилади.

29. Текширишга ваколатли органнинг масъул ходимлари “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдиришдан бош тортган тақдирда, мактабгача таълим муассасасида текшириш ўтказилишига йўл қўйилмайди.

30. Текширишга ваколатли орган томонидан илгари текширилган масалалар бўйича қайта текшириш ҳамда бир йилда бир мартадан ортиқ назорат тартибидаги текширишлар ўтказилмайди.

31. Текширишни белгиланган муддатда ўтказиш имкони бўлмаган ҳолларда, жумладан текширишда иштирок этиши лозим бўлган шахс иштирок эта олмаган, текшириш ўтказиш учун талаб қилган ҳужжатлар мактабгача таълим муассасаси томонидан тақдим этилмаган ёки зарур мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, текширишга ваколатли органнинг буйруғи асосида текшириш тўхтатилиб, текшириш ёки унинг қолган муддати текширишга ваколатли орган билан тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари келишувига кўра бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.

32. Муддати кўчирилган текширишни ўтказиш текшириш тўхтатилган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунидан кечиктирмасдан таъминланиши лозим. Ушбу муддатда ўтказилмаган текширишни қайта ўтказишга йўл қўйилмайди.

33. Текширишлар натижалари камида икки нусхада тузиладиган далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштирилади.

Мактабгача таълим муассасаларини текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) туман (шаҳар) ёки Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар миқёсида умумлаштирилиши мумкин.

34. Бир кун муддатда ўтказиладиган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) текшириш ўтказилган кунда, муддати бир кундан ортиқ бўлган текшириш бўйича эса текшириш муддатининг охирги кунидан кечиктирмасдан расмийлаштирилиши шарт.

35. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) нусхалари текширишга ваколатли органнинг текшириш ўтказаётган масъул ходимлари ва мактабгача таълим муассасаси раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахс) ёки тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари вакили томонидан имзоланади. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) бир нусхаси мактабгача таълим муассасаси раҳбарига (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахсга) ёки тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари вакилига уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Текширилган мактабгача таълим муассасаси ўтказилган текшириш натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада (маълумотномада) ёзма равишда акс эттириши мумкин.

Текширилаётган мактабгача таълим муассасаси текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани (маълумотномани) олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, текширишга ваколатли органнинг масъул ходими бу ҳақда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага (маълумотномага) тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Бундай ҳолатда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) нусхаси бир иш куни давомида мактабгача таълим муассасасига ёки тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

Текшириш натижалари тўғрисида далолатнома (маълумотнома) текширишга ваколатли органнинг ички идоравий ҳужжати билан белгиланган тартибда рўйхатга олиб борилади.

36. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) қуйидагилар ўз аксини топади:

текшириш жараёнида аниқланган камчиликлар ва умумий хулоса;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари ва уларнинг муддати;

текшириш жараёнида аниқланган қонун ва қоида бузилиши ҳолатларига нисбатан қонунчиликда белгиланган таъсир чоралари.

37. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома (маълумотнома) нусхаси текширишга ваколатли органлар томонидан тегишлилиги бўйича:

тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмаларига;

ҳудудий ҳокимликларга ёки комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли секторларга киритилиши мумкин.

Улар ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) кўрсатилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.

Текшириш жараёнида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, бу ҳақидаги маълумотлар текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага (маълумотномага) киритилиб, унинг бир нусхаси далолатнома (маълумотнома) имзоланган кундан бошлаб уч кун муддатда текширишга ваколатли органлар томонидан мажбурий тартибда тегишлилиги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш учун юборилади.

38. Текшириш ўтказиш вақтида мактабгача таълим муассасалари адвокат хизматидан фойдаланиши мумкин.

39. Текширишга ваколатли органлар асосли сабабларга кўра текшириш ўтказиш имкони бўлмаган ёки зарурати қолмаган (тугатилганлиги сабабли молия-хўжалик фаолияти юзасидан якуний текшириш ўтказилган, жиноят иши юзасидан текширилган, бошқа муассасага қўшилган, фаолият юритмаётган, текшириш даврида текшириладиган объект мавжуд бўлмаган) мактабгача таълим муассасаларини текширишлар режа-жадвалидан чиқариш тўғрисида тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмаларига таклиф киритиб борадилар.

40. Ўтказилган текшириш натижаларидан норози бўлган мактабгача таълим муассасалари низоли масалаларга аниқлик киритиш учун юқори ташкилотларга, судга ёки прокуратура органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Мактабгача таълим муассасалари низоли масалаларга аниқлик киритиш учун текширишга ваколатли органларнинг юқори ташкилотларига мурожаат этган тақдирда, текширишга ваколатли органлар тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан қўшимча равишда келишмасдан, фақат мактабгача таълим муассасаларининг мурожаатларида кўрсатилган низоли масалалар юзасидан аниқлик киритадилар.

6-боб. Текшириш жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

41. Текширишга ваколатли органлар мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мактабгача таълим муассасаларидан текширишни самарали ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва ахборотларни талаб қилиш;

текшириш жараёни билан боғлиқ зарур ҳужжатлардан нусха олиш;

ваколатлари доирасида мактабгача таълим муассасаларида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ёки уларнинг тегишли ҳудудий бўлинмаларига ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга текшириш жараёнида аниқланган қоидабузарликларга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани киритиш;

текшириш жараёнига тегишли мутахассислар, экспертлар ва аудиторлик ташкилотларини шартнома асосида жалб этиш;

асослар мавжуд бўлганда, текширишларнинг муддатини кўчириш тўғрисида таклиф киритиш.

Текширишга ваколатли органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

42. Текширишга ваколатли органлар мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текшириш жараёнида қуйидагиларга мажбур:

мактабгача таълим муассасаларига текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни тақдим этиш;

мактабгача таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнларига халал бермаслик;

“Текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни белгиланган тартибда тўлдириш;

текширишлар натижалари тўғрисида далолатнома (маълумотнома) расмийлаштириш, унинг бир нусхасини текшириш тугаган куни мактабгача таълим муассасасида қолдириш;

текшириш жараёнида аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳамда юқори турувчи органларга хабар бериш.

Текширишга ваколатли органларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

43. Мактабгача таълим муассасалари текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти текширилиши тўғрисидаги маълумотга эга бўлиш;

текширишга ваколатли органларнинг масъул шахсларидан уларнинг хизмат гувоҳномаси ва текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларни талаб қилиш;

текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўймаслик;

текширишга ваколатли органлар масъул шахсларининг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ва текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материалларни тақдим этмаслик;

текшириш тугаган куни текширишга ваколатли органларнинг масъул шахсларидан текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг (маълумотноманинг) нусхасини беришни талаб қилиш;

текширишга асос бўладиган ҳужжатларни тақдим этмаганлик, текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома мазмуни ва текширувчилар томонидан текширишга алокадор бўлмаган ҳар қандай қўшимча кўрсатмалар бериш юзасидан юқори турувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судга шикоят қилиш.

Мактабгача таълим муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

44. Мактабгача таълим муассасалари текшириш жараёнида қуйидагиларга мажбур:

текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларга эга бўлган текширишга ваколатли органларни мактабгача таълим муассасаси ҳудудига киритиш;

текширишга ваколатли органларнинг қонуний талабига биноан текшириш ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш;

текшириш жараёнига халал бермаслик, текширишга ваколатли органлар томонидан текширишни самарали ўтказиш учун шарт-шароит яратиш;

текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада (маълумотномада) кўрсатилган қоидабузарлик ҳолатларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш.

Мактабгача таълим муассасаларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

7-боб. Якуний қоидалар

45. Текширишга ваколатли органларнинг раҳбарлари мактабгача таълим муассасаларида текшириш ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларнинг ишончлилиги ҳамда текширишга ваколатли органлар масъул шахсларининг ўз ваколатлари доирасидан чиқмаслиги учун жавобгар ҳисобланади.

46. Текширишга ваколатли органлар томонидан текширишлар мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилганлиги тегишлилиги бўйича тасарруфида мактабгача таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан доимий равишда мониторинг қилиб борилади.

Текширишлар бўйича мониторинг мактабгача таълим муассасаларида ўтказилган режали, режадан ташқари ва назорат тартибида ўтказилган текширишларнинг алоҳида равишда ҳисобини юритиш, текширишлар давомида аниқланган камчиликларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш орқали амалга оширилади.

Мактабгача таълим муассасаларида ноқонуний текшириш ўтказган

ёки текшириш жараёнида ўз ваколат доирасидан чиққан текширишга ваколатли органларнинг ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

47. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил _____________ даги

___ -сон қарорига

2-ИЛОВА

Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини текширишга ваколатли

давлат органлари ва ташкилотлари

РЎЙХАТИ

Давлат органлари ва ташкилотлари номи

Текшириш муддати

1.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари

Режа-жадвал

асосида

2

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Режа-жадвал

асосида

3.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати республика маркази ва ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари

Режа-жадвал

асосида

4.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари

Режа-жадвал

асосида

5.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Режа-жадвал асосида

6.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Режа-жадвал

асосида

Общие предложения

1607