ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
12985 Министерство юстиции Республики Узбекистан 27/01/2020 11/02/2020 1
Постановление Президента Республика Узбекистан
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-12985

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми сифатида фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Фуқароларга юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатура институти такомиллаштирилди, тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди, шунингдек профессионал юридик ёрдам сифатини ошириш ҳамда суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасидаги ишларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Хусусан:

биринчидан, аҳолига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш масалаларини бошқариш, мувофиқлаштириш ва тартибга солиш бўйича ягона тизимнинг мавжуд эмаслиги;

иккинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга фақатгина жиноий суд ишини юритишда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши, маъмурий, фуқаролик, оила, меҳнат ва ижтимоий масалаларда профессионал бепул юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқларининг таъминланмаганлиги;

учинчидан, бепул юридик ёрдам, шу жумладан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун мавжуд эмаслиги, мазкур соҳадаги ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг асосий вазифа ва функциялари аниқ чегараланмаганлиги;

тўртинчидан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчиларга давлат ҳисобидан адвокат тайинлаш жараёнига суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг аралашувининг чекланмаганлиги ҳамда ушбу жараённинг шаффоф эмаслиги шахснинг ҳимоя ҳуқуқлари бузилиши ва одил судловни амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатаётганлиги;

бешинчидан, давлат ҳисобидан жалб қилинган адвокатларнинг фаолияти натижадорлиги ва сифатини баҳолашнинг аниқ мезонлари белгиланмаганлиги адвокатларда ўз мажбуриятларига нисбатан юзаки ёндашиш шаклланишини ҳамда бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишини келтириб чиқараётганлиги;

олтинчидан, фуқароларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг амалдаги тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бермаслиги.

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳамда фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш мақсадида:

1. Қуйидагилар аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

биринчидан, бепул юридик ёрдамнинг самарали миллий тизимини яратиш ва ривожлантириш;

иккинчидан, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг малакали юридик ёрдам ва ҳуқуқий ҳимояга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш;

учинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

тўртинчидан, бепул юридик ёрдам соҳасида давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;

бешинчидан, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш воситалари ва усуллари ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини давлат томонидан тартибга солиш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгилансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Бепул юридик ёрдам кўрсатиш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари ташкил этилсин.

Марказнинг асосий мақсади ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга фуқаролик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини бошқариш, мувофиқлаштириш ва ривожлантириш ҳисобланади.

4. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини тартибга солиш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда иштирок этиш;

фуқаролик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш юзасидан адвокатлар билан шартномалар тузилишини таъминлаш;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини бошқариш ва бу борада тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни таъминлаш;

давлат ҳисобидан кўрсатиладиган юридик ёрдам сифатига оид ягона талабларни ишлаб чиқиш ва белгилаш;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар томонидан профессионал этика қоидалари ва юридик ёрдам сифатига ўрнатилган талабларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими иштирокчилари фаолиятини методик таъминлаш;

давлат ҳисобидан юридик ёрдамни ташкил этиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш.

5. Фуқаролик, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича одил судловни амалга оширилишида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари рўёбга чиқарилишида профессионал юридик ёрдам кўрсатишни таъминлаш орқали кўмаклашиш Марказ ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг энг муҳим йўналишлари этиб белгилансин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Марказга Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

ҳудудий бўлинмалар директорлари Марказ директорининг тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан, ҳудудий бўлинмалар ходимлари бевосита Марказ директори томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади;

Марказ ва унинг ходимларига тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;

Марказ ва унинг ходимларига қонунчиликда белгиланган тартибда даражали унвонлар берилади, даражали унвонлар ва узоқ йиллик хизмати учун устамалар ва қўшимча тўловлар тўланади;

бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасидан ажратиладиган маблағлар ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш бўйича харажатларни қисман қоплаш учун йўналтириш ҳуқуқи берилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Марказ фаолияти устидан умумий раҳбарлик ва назоратни амалга ошириш, Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларини жойлаштириш, моддий-техника базасини шакллантириш ҳамда юқори малакали кадрлар билан тўлдириш юклатилсин.

8. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш фақатгина Марказ томонидан шартномавий-ҳуқуқий асосда адвокатларни жалб этиш йўли билан амалга оширилади, бунда адвокатлар бир адвокатнинг қайта-қайта жалб этилишига, учинчи шахсларнинг бу жараёнга аралашувига йўл қўймайдиган автоматик тизим орқали танлаб олинади;

ваколатли органлар маъмурий йўл билан ушланган ва жиноятни содир этишда гумон қилиниб ушланган шахслар ҳақида Марказнинг тегишли ҳудудий бўлинмасига телефон, факс, электрон почта ёки махсус ахборот-коммуникация тизими орқали зудлик билан хабар беришлари шарт. Марказнинг тегишли ҳудудий бўлинмаси ушланган шахсга адвокат тайинлаш чораларини кўради.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

2021 йилнинг 1 январига қадар бўлган муддатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда шахс ушланган ва унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган вақтдан бошлаб дарҳол ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлашни назарда тутувчи махсус автоматлаштирилган электрон тизимни яратиш чораларини кўрсин;

сутканинг кечки ва тунги вақтида, дам олиш ва байрам кунларида процессуал ҳаракатларни ўтказишда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга малакали юридик ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун давлат ҳисобидан амалга ошириладиган тўловлар миқдорини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йилги Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу қарорнинг ижроси билан боғлиқ харажатларни назарда тутсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда:

хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси, шунингдек, давлат ҳисобидан адвокатларни жалб қилишда халқаро стандартлар талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Юридик ёрдам кўрсатиш маркази тўғрисидаги низом, Марказнинг тузилмаси, штатлар жадвали ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг намунавий тузилмаси ва штатлар жадвалини;

давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишга адвокатларни жалб этиш бўйича адвокатлар билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузиш тартибини, шунингдек ушланган шахслар бўйича Бепул юридик ёрдам кўрсатиш марказларини хабардор қилиш тартибини тасдиқласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                                    Ш. Мирзиёев

Общие предложения

341