ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
12913 Министерство обороны Республики Узбекистан 25/01/2020 09/02/2020 18
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини янада ошириш тўғрисида
ID-12913

ЛОЙИҲА

 

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари

самарадорлигини янада ошириш тўғрисида

 

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини самарали ташкил этиш, бу борадаги ишларга вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини фаол жалб этиш, шунингдек ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий, маданий ва оммавий спорт тадбирларини ўтказишда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси
қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларни баҳолаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларни баҳолаш бўйича республика идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда – республика идоралараро комиссияси деб юритилади) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Республика идоралараро комиссияси:

жойларда ҳарбий-маъмурий секторлар томонидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин;

зарур ҳолларда комиссия фаолиятига бошқа вазирлик ва идораларнинг вакилларини белгиланган тартибда жалб этишга рухсат берилсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларни сифатли ташкиллаштирилиши ва ўтказилишини таъминласин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                            А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил “___” ________даги ___-сон қарорига

1-илова

 

 

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида

олиб борилаётган ишларни баҳолаш бўйича

танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни баҳолаш бўйича танлов (кейинги ўринларда Танлов деб юритилади) ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
23 февралдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш Концепцияси доирасида амалга оширилади.

3. Танлов Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳарбий-маъмурий секторлари (кейинги ўринларда ҳарбий-маъмурий секторлар деб юритилади) ўртасида ўтказилади.

4. Ҳарбий-маъмурий секторларнинг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишлари – бу аввало, ёшларда Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, уларни ўз фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини бажаришга, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қодир шахслар этиб тарбиялашга йўналтирилган кўп босқичли, тизимли, мақсадли ва мувофиқлаштирилган фаолиятидир.

5. Ҳарбий-маъмурий секторлар томонидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот ҳар ойнинг 25 санасигача ёзма равишда ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарининг (истисно ҳолларда унинг ўринбосарининг) имзоси билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига тақдим этилади.

6. Ҳарбий-маъмурий секторлар ҳисоботларида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

ёшларни ватанпарварлик тарбияси бўйича ўтказилган тадбирларнинг умумий сони, уларнинг миқёси,  аҳолининг қамраб олиниши ва натижадорлиги;

вилоят миқёсида ҳамда бевосита ҳарбий маъмурий сектор раҳбари
ва аъзолари томонидан ўтказилган ҳар бир тадбирнинг шакли;

оммавий-ахборот воситаларида ёритилган тадбирлар (оммавий ахборот воситаларда ёритилган куни, телекўрсатув, радиоэшиттириш номи, газета, журнал ва расмий сайтларда чоп этилган мақолаларнинг номи
ва муаллифи);

мавсум давомида ташаббускорлик ва фаоллик кўрсатган туман
ва шаҳар ҳокимиятларининг мансабдор шахслари, ҳарбий қисм
ва муассасалар командир ва бошлиқлари алоҳида банд билан улар томонидан амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар.

2-боб. Танловнинг асосий мақсади ва вазифалари

 

7. Танловнинг асосий мақсади ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятларимиз, анъаналаримизга содиқлик, ёшлар ўртасида Ватанга содиқлик ҳисини тарбиялаш, “оммавий маданият”нинг салбий томонларини ёшларга тушунтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга масъул ташкилотчилар ва мутахассислар фаолиятига тарбиявий ишларнинг замонавий шакл, усул ва воситаларини сингдиришдан иборат.

8. Қуйидагилар танловнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат органлари ва бошқа
фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда, доимий асосда чақирувгача бўлган ёшларни ва ҳарбий хизматчиларни ахлоқий-руҳий, маънавий-маърифий тайёрлаш, шунингдек уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юксак маънавий-ахлоқий сифатлари ва фаол ҳаётий позициясини шакллантириш, уларда содир бўлаётган ҳодисаларга дахлдорлик
ва Ватан тақдири учун жавобгарлик туйғусини мустаҳкамлаш;

Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда фуқаролик жамиятининг барча институтлари, аҳолининг кенг қатламларининг фаол иштирокида барча зарур шарт-шароитларни яратган ҳолда ёшларнинг маънавий-маърифий, маданий, жисмоний даражаси ва билимларини оширишга қаратилган турли маданий-ҳордиқ ва оммавий-спорт тадбирларини ўтказиш;

ҳарбий хизматчиларни ва чақирувгача бўлган ёшларни ахлоқий-руҳий жиҳатдан етук этиб тарбиялаш бўйича ишларни ташкил этиш,
шунингдек таълим муассасаларида бошланғич чақирувгача бўлган ёшларни тайёрлашни ташкиллаштириш жараёнини назорат қилиш, таълим муассасаларининг ўқув-моддий базасини такомиллаштириб бориш,
ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ва ижтимоий фаоллигини ошириш;

иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш, жисмонан соғлом
ва баркамол авлод этиб тарбиялаш.

 

3-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

 

9. Танлов Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларни баҳолаш бўйича республика идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда Идоралараро комиссия деб юритилади) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тарбиявий
ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси Идоралараро комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

10. Танлов идоралараро комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган дастур асосида ҳар йили 1 апрелдан 31 декабргача ўтказилади.

11. Қуйидагилар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича ташкил этиладиган ва ўтказиладиган тадбирларнинг асосий шакллари ҳисобланади:

оммавий-спорт ишлари, марафонлар, спортнинг ўйин турлари
(футбол, волейбол, регби ва бошқалар), “Темурбеклар”, “Ёш қутқарувчи” каби ҳарбий-спорт ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш;

ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан таништириш, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намуналари намойишларини ташкил этиш мақсадида ёшларнинг ҳарбий қисм
ва муассасаларга ташрифини ташкил этиш;

ҳарбий-маъмурий сектор раҳбариятининг ёшлар билан тематик учрашувларини ташкил этиш;

вилоят, туман, шаҳар марказларида бадиий ҳаваскорлик гуруҳларининг чиқишлари, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиши, қўл жанги бўйича чиқишлар, ҳарбий оркестрларнинг мусиқали (дефиле) чиқишлари, фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари ва бошқаларни ўз ичига олувчи
ҳарбий-ватанпарварлик фестивалларини ўтказиш;

ёшларни интеллектуал савияси ва маданиятини юксалтиришга қаратилган турли ижодий конкурслар (бадиий, театрлаштирилган ва бошқалар) ўтказиш;

мактабгача таълим муассасаларида болалар эрталикларини ўтказиш ҳамда Ватанга содиқлик, авлодлар қаҳрамонлигини мадҳ қилишга қаратилган
“Мен ҳам ҳарбий бўламан!” шиори остида турли эстафеталар ташкил этиш
ва ўтказиш;

умумтаълим мактаблар, лицей ва коллежларда ватанпарварлик руҳидаги “Мардлик ва жасорат”, “Тинчлик”, “Мустақиллик” каби жасорат дарсларини ташкил этиш ва ўтказиш;

муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш ва кутиб олиш, Ватанга қасамёд маросимларида, муддатли ҳарбий хизматчиларга имтиёзли тавсияномалар топшириш тадбирларида, курсантларнинг битирув кечаларида ёшларнинг иштирокини таъминлаш;

ёшлар билан “Эъзоз”, “Эҳтиром”, “Авлодлар учрашуви” номли маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

ёшлар билан ҳарбий-маъмурий секторлар ва ҳарбий қисм қўмондонлиги раҳбарлигида давлатимиз раҳбариятининг ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатаётган ғамхўрлиги, уларга берилаётган имтиёзлар, жамиятимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари тўғрисидаги, шунингдек ҳарбий хизматни ўташ ва Ватан ҳимояси ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканлигини тарғиб қилувчи учрашувлар ва очиқ мулоқотларни ташкил этиш ва ўтказиш.

 

4-боб. Танлов иштирокчиларини баҳолаш

ва ғолибларни тақдирлаш

 

12. Танлов иштирокчилари томонидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўналишида амалга оширилган тадбирлар (ватанпарварлик, маданий-маърифий, оммавий-спорт, тарғибот-ташвиқот ва бошқалар) куйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

а) ватанпарварлик тарбияси бўйича:

10-50 тадбир – 3 балл;

50-100 тадбир – 4 балл;

100-150 тадбир – 5 балл;

б) тадбирлар миқёси (қатнашувчилар сони: кичик миқёс –
100 нафаргача, ўрта миқёс – 1000 нафаргача, катта миқёс – 1000 нафардан кўп) умумий тадбирлар сонига фоиз ҳисобида:

умумий тадбирлар сонининг 50 фоиздан кам бўлган катта
ва ўрта миқёсдаги тадбирлар сони – 1 балл;

умумий тадбирлар сонининг 51 фоиздан кўп бўлган катта
ва ўрта миқёсдаги тадбирлар сони – 2 балл;

умумий тадбирлар сонининг 75 фоиздан кўп бўлган катта
ва ўрта миқёсдаги тадбирлар сони – 3 балл;

в) тадбирлар даражаси:

туман (шаҳар) даражасидаги барча тадбирлар – 1 балл;

вилоят даражасидаги ҳар бир тадбир учун – 3 балл, бироқ умумий
9 баллдан кўп эмас;

республика даражасидаги ҳар бир тадбир учун – 4 балл, бироқ умумий 12 баллдан кўп эмас;

г) тадбирнинг мавқеи:

ҳарбий-маъмурий сектор аъзоларининг қатнашиши – 3 балл;

ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарининг қатнашиши – 5 балл;

д) тадбирнинг ёритилиши:

туман (шаҳар) аҳамиятига эга оммавий ахборот воситаларда – ҳар бир ёритилган тадбир учун 0,1 балл;

вилоят аҳамиятига эга оммавий ахборот воситаларда – 0,2 балл;

Республика аҳамиятига эга оммавий ахборот воситаларда – 0,3 балл;

е) ўтказилган тадбирларнинг натижадорлиги:

10 - 20 нафар шахс профилактика ҳисобидан чиқарилган – 1 балл;

20 - 30 нафар шахс профилактика ҳисобидан чиқарилган – 2 балл;

30 нафар ва ундан кўп шахс профилактика ҳисобидан чиқарилган –
3 балл;

ж) халқаро кўрик-танловларда совриндор бўлганлар ёшлар – ҳар нафари учун – 0,3 балл;

з) олий ўқув муассасаларга ўқишга кирган ёшлар – ҳар бир нафари учун – 0,2 балл;

и) республика кўрик-танловларида (“Зулфия” мукофоти совриндорлари, фанлар бўйича олимпиада, тадбиркорлик, спорт
ва бошқалар) биринчи ўринни эгаллаган ёшлар – ҳар бир нафари учун –
0,1 балл;

к) ўтказилган тадбирларнинг самарадорлиги:

ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган даврга нисбатан ўсганлиги  – минус 5 балл;

ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган даврга нисбатан камайганлиги – плюс 5 балл;

л) вилоятда “Ватанпарварлар” боғининг мавжудлиги:

боғ мавжуд эмас – минус 5 балл;

қурилиши бошланган – 1 балл;

қурилиш 50 фоизга бажарилган – 3 балл;

қурилиши тугатилган – 5 балл;

м) ватанпарварлик тарбиясига оид тарғибот материалларини ишлаб чиқиш:

мавзуга оид видеороликлар (ҳар бири учун) – 0,1 балл;

бадиий, ҳужжатли асарлар, услубий ишланмалар (ҳар бири учун) – 
0,2 балл.

13. Танлов ғолибларини аниқлаш ўсиб борувчи баллар жамламаси ҳисобида амалга оширилади. Танлов натижаларига кўра баллар тенг бўлиб қолган тақдирда, идоралараро комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

14. Танловнинг якуний натижалари идоралараро комиссия баённомаси билан расмийлаштирилади.

15. Танлов натижалари ҳар йили январь ойида “Ватан ҳимоячилари куни” байрами арафасида ўтказиладиган тантанали тадбирда эълон қилинади ва ғолиблар тақдирланади.

16. Танлов ғолибларини тақдирлаш учун қимматбаҳо совғалар идоралараро комиссия таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар томонидан ажратилади.

 

6-боб. Якунловчи қоида

 

17. Танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил “___” ________даги ____-сон қарорига

2-илова

 

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида

олиб борилаётган ишларни баҳолаш бўйича

республика идоралараро комиссияси

ТАРКИБИ

 

1.

Б. Курбанов

-

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири,  республика идоралараро комиссияси раҳбари

2.

Х. Каршиев

-

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари, республика идоралараро комиссияси раҳбарининг ўринбосари

3.

Р. Хатамов

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари

4.

Ш. Шакиров

 

Ўзбекистон Республикаси миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосари

5.

А. Қўлдошев

-

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари

5.

Келишувга асосан

-

Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонининг ўринбосари

7.

А. Умаров

-

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари

8.

С. Турғунов

-

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг ўринбосари

9.

А. Жумабоев

-

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

10. 

А. Ортиков

-

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи

 

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифаларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

Общие предложения

360