ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
12778 Совет Министров Республики Каракалпакстан 22/01/2020 06/02/2020 0

Обсуждение завершено

Решение хокима
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида кўчма савдони амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида
ID-12778

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5564-сонли фармонига мувофиқ, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида кўчма савдони амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, Вазирлар Кенгаши қарор қилади:

1.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5564-сонли фармони билан кўчма савдо учун рухсатнома олиш талаби бекор қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2.  2020 йилнинг 20 февралидан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

кўчма савдо тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини «YER AUKSION» электрон савдо майдонида (кейинчалик - «YER AUKSION» ЭСМ) электрон рўйхатга қўйиш орқали амалга оширилади;

дислокациялар чизмаси доирасидаги кўчма савдо маскани (жойи)  «YER AUKSION» ЭСМ орқали электрон аукционда сотилади.

3.Кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2020 йил 20 февралдан амалга тадбиқ этилсин.

4.Нукус шаҳри ва туманлар ҳокимликлари мос туман (шаҳар)да кўчма савдони амалга ошириш тартибини назорат қилувчи ваколатли орган этиб белгилансин.

5.Белгилансинки, кўчма савдо объектлари дислокациялар чизмаларини келишиш масканлар (жойлар) сонини кўрсатган ҳолда  «YER AUKSION» ЭСМ орқали автоматлаштирилган тартибда тизимга  ер участкалари тўғрисида маълумотлар киритилгандан кейин уч иш куни мобайнида ваколатли ташкилотлар томонидан фақатгина электрон шаклда амалга оширилади.

Нукус шаҳри ва туманлар ҳокимликлари 2020 йилнинг 10 февралига қадар мос туман (шаҳар)да кўчма савдо объектларининг дислокациялари чизмаларини шакллантиришни ва «YER AUKSION» ЭСМга жойлаштиришни таъминласин.

6.«YER AUKSION» ЭСМга жалб қилинувчи вазирликлар, муассасалар ва ташкилотлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7.Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига 2020 йил 20 февралидан «YER AUKSION» ЭСМни Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида йўлга қўйиш топширилсин. 

Бунда мазкур тизимга қўйидаги имкониятларни жорий этиш назарда тутилсин:

кўчма савдо объектларини рўйхатга қўйиш учун мурожаат этиш;

аҳоли пунктлари интерактив харитасида кўчма савдо учун жой танлаш ва дислокациялар чизмасига киритилган кўчма савдо масканлари (жойлари) учун электрон аукционлар ўтказиш;

рўйхатга қўйиш учун тўловларни амалга ошириш ва пул маблағларини қайтариш;

реал вақт режимида тадбиркорлик субъектларига кўчма савдо объектининг рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ва QR-кодга (матрицали штрих код) эга электрон ҳужжат жўнатиш;

мазкур қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган органларга кўчма савдо объектлари тўғрисида маълумотлар юбориш;

кўчма савдо дислокациялари чизмасидаги бўш ва банд қилинган жойлар ҳақида маълумот олиш;

8. Мазкур қарорнинг 3-иловасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг айрим қарорлари ўз кучини йўқотган  деб топилсин.

9. Мазкур қарорнинг 4-иловасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

10. Вазирлик ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси  телерадиокомпанияси ҳамда "Еркин Қарақалпақстан" газетаси муҳарририятига ҳудудида кўчма савдони  амалга оширишни тартибга солиш тўғрисидаги қарорни аҳолига етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш тавсия этилсин.

12. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўз кучига кириши белгилаб қўйилсин.

13. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари А.Тажетдинов ва Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи А.Якубов зиммаларига юклансин.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси


        Қ.Сариев

 

 

Вазирлар Кенгашининг
2020 йил «____» __________ даги
______-сонли қарорига 1-илова

 

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисида
Низом

I боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қўчма савдони амалга ошириш тартибини белгилайди.
  2. Мазкур Низом талаблари қуйидаги ҳолатлар учун тадбиқ этилмайди:

байрам ва байрам олди кунлари юридик шахслар билан савдо хизматини кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар асосида кўчма савдони амалга ошириш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарорлари асосида қўргазма ва ярмарка савдоларини ўтказиш;

бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудида сотиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари чакана савдоси;

амалга оширилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти
ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган бошқа ҳолатлар.

  1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчма савдо билан мазкур Низомда ўрнатилган тартибда «YER AUKSION» электрон савдо майдонида (кейинчалик - «YER AUKSION» ЭСМ) кўчма савдо объектларини рўйхатга қўйган тадбиркорлик субъектлари шуғулланишга ҳақлидир.
  2. Мазкур Низомда қўйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

кўчма савдо – кўчма савдо объектлари воситасида стационар савдо шохобчаларидан ташқарида амалга ошириладиган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар чакана савдосидир;

кўчма савдо объектлари – вақтинча дислокация қилинган ва мавсумий ёки мақсадли хусусиятга эга, шунингдек иш куни якунида йиғиштирилиб, қўчириб олиб кетиладиган сайёр савдо объектлари (лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, прилавкалар, автолавкалар, автодўконлар, автоприцеплар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари ва бошқа кўчма объектлар)дир. Йиғиштириш ва қўчириб олиб кетиш талаби савдо автоматлари учун амал қилмайди;

кўчма савдо маскани (жойи) – кўчма савдо объектининг
«YER AUKSION» ЭСМда рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатилган ҳудудий жойлашув жойи;

кўчма савдо объектининг ихтисослашуви – реализация қилинадиган товарларнинг маълум бир товарлар гуруҳига мансублиги бўйича ўзига хос ассортиментли хусусияти

кўчма савдо субъектлари – тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ва кўчма савдони амалга ошириш учун белгиланган тартибда «YER AUKSION» ЭСМда кўчма савдо объектларини рўйхатга қўйган шахслардир;

ваколатли орган – Нукус шаҳри ва туманлар ҳокимликлари мос туман (шаҳар)да;

иштирокчи – электрон аукционда иштирок этиш учун мурожаат қилган тадбиркорлик субъекти;

дислокация чизмаси – кўчма савдо объектларининг олдиндан тасдиқланган жойлашув жойлари;

GPS трекер – кўчма савдо объектларининг жойлашган масканини (жойини) аниқлаш мақсадида объектларни йўлдош орқали назорат қилиш учун ушбу объектларга ўрнатиладиган маълумотлар алмашинувини таъминловчи қурилма.

II боб. Кўчма савдони амалга оширишнинг талаб ва шартлари

  1. Кўчма савдони амалга оширишнинг мажбурий талаб ва шартлари қўйидагилардан иборат:

чакана савдо соҳаси қонун ҳужжатлари ва санитария коида ва нормаларига риоя этиш;

назорат-касса машиналарининг ва банк пластик карточкалари ёрдамида тўловларни қабул қилиш терминалларининг ёки маълумотлар алмашиш платформалари – виртуал кассаларнинг мавжудлиги. Мазкур талаб савдо автоматларига нисбатан тадбиқ этилмайди;

кўчма савдо объектлари яқинида маиший чиқиндиларни йиғиш учун урналар ўрнатиш;

товарларни кўчма савдо объектлари орқали ва рўйхатга қўйилган жойларда сотиш.

  1.  Кўчма савдо объектининг ихтисослашув турлари:

нон, нон-булка ва қандолат маҳсулотлари;

гўшт ва гўшт маҳсулотлари;

сут ва сут маҳсулотлари;

бир марталик овқатланиш анжомларидан фойланиб ёки фойдаланмасдан тез тамадди қилинувчи (тайёрланувчи) овқатлар;

мева-сабзавотлар ва полиз екинлари, шунингдек қуруқ мевалар, писта ва ёнғоқлар;

музқаймоқлар, алкоголсиз яхна ва иссик ичимликлар;

озиқ-овқат маҳсулотлари;

нашриёт маҳсулотлари;

гуллар;

халқ бадиий ва ҳунармадчилик буюмлари;

ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар, кийим-кечак, пойабзал ва енгил саноат маҳсулотлари;

ноозиқ-овқат маҳсулотлари.

  1. Қўйидаги маҳсулотларнинг қўчма савдоси тақиқланади:

техник жиҳатдан мураккаб уй-рўзғор буюмлари (метал кесувчи
ва ёғочга ишлов берувчи маиший станоклари, маиший электрон машина
ва ускуналар, маиший радиоэлектрон аппаратура, маиший ҳисоблаш ва кўпайтириш техникаси, фото ва кино аппаратураси, телефон ва факс аппаратлари, электрон мусиқий асбоблар, электрон ўйинчоқлар, маиший газ ускуна ва қурилмалари);

музлатиш ускунаси мавжуд бўлмаганда тез бузилувчи маҳсулотлар;

болалар учун озиқ-овқатлар (қуруқ сут, кукунсимон донли бўтқа ёрмалар, озуқавий аралашмалар, мевали ва сабзавотли консервалар ва пюреси);

 ҳайвонлар;

акциз солинадиган товарлар, шу жумладан алкогол маҳсулотлари;

ҳашорат ва зараркунандаларни ўлдириш учун қўлланиладиган кимёвий ва заҳарли моддалар;

диний мазмундаги материаллар.

  1. Кўчма савдо объектларини қўйидаги жойларга жойлаштиришга йўл қўйилмайди:

маьмурий бинолар ва маданий мерос объектлари фасади ёнида
ва қўриқланадиган табиий ҳудудларда;

муҳандислик коммуникациялар хавфсизлик зоналарида;

жамоат транспортлари бекатларида тротуарнинг иккала томонидан
15 метр масофадан яқинроқда (савдо автоматлари бундан мустасно);

кўчалар чоррақаларига 15 метргача яқин бўлган масканларда;

ахлат контейнерлари ва ахлат йиғиш пунктларидан 20 метр узоқ бўлган жойларда;

сунъий иншоотлар (бекат бостирмалари, ерости ўтиш жойлари, кўприклар, тоннеллар, транспорт боғламалари ва йўл ўтказгичлар)да;

темир йўлни кесиб ўтиладиган жойларга 50 метр яқин масофада.

  1. Кўчма савдо объекти истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш вақтида витриналар ва пештахта (пештахталар) билан, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник регламентларнинг тегишли мажбурий талабларига жавоб берадиган зарур савдо, совутиш ва бошқа технологик ускуналар билан жиҳозланган бўлиши лозим.
  2. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо масканини (жойини) ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга фойдаланишга бериш тақиқланади.
  3. Кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситаси 4 экологик синф («Евро-4»)дан паст бўлмаган талабларга жавоб бериши, белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтиши, шунингдек техник жиҳатдан соз ва тегишли санитария ҳолатида сақланиши лозим.
  4. Харидорларга хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган витриналар ва пештахтага харидорларнинг эркин келишини таъминламаган ҳолда кўчма савдо объектини жойлаштиришга йўл қўйилмайди. Кўчма савдони амалга оширишда харидорларга хизмат кўрсатиш пиёдалар йўлакчаси тарафдан ёки қатнов қисми ҳисобланмайдиган бошқа қаттиқ қопламали майдонча томонидан амалга оширилиши лозим.
  5. Кўчма савдо субъектлари:

кўчма савдо объектида кўчма савдо субъекти тўғрисидаги маълумотларни, кўчма савдо объектининг иш бошлаш ва тугаш вақти, реестрга киритилганлиги тўғрисидаги маълумотларни (QR-код қўйилган электрон ҳужжатнинг нусхаси шаклида), телефон рақами ва корхона манзили ҳақидаги маълумотларни, шунингдек савдо автоматларида техник хизмат кўрсатувчи муассаса телефон рақамларини  жойлаштириши;

ваколатли органга реестрдаги кўчма савдо объекти тўғрисидаги маълумотларнинг ўзгарганлиги ҳақидаги ахборотни тегишли ўзгартиришлар киритилган кундан бошлаб 10 кун ичида тегишли ўзгартиришлар киртилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда ёки электрон рақамли имзо билан имзоланган электрон ҳужжат кўринишида ариза юбориш йўли билан тақдим этиб бориши лозим.

  1. Сотиш учун таклиф этилаётган товарлар ассортименти, кўрсатиладиган хизматлар рўйхати сотувчи томонидан мустақил равишда кўчма савдо объектининг ихтисослашувига мувофиқ белгиланади.
  2. Кўчма савдо субъектлари рўйхатдан ўтишда кўрсатган иш режимига мувофиқ кўчма савдони амалга оширадилар.
  3. Транспорт воситаси орқали кўчма савдо қилиш Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ транспорт воситаси тўхтаб туриши тақиқланмаган жойларда амалга оширилиши мумкин.

Кўчма савдо объектининг иш вақтидан ташқари тўхтаб туриши фақат жиҳозланган авто-тураргоҳда (гаражда) рухсат этилади. Ҳовли ва турар-жой ҳудудларида кўчма савдо объектининг тўхтаб туришига йўл қўйилмайди.

  1. Савдо автоматлари орқали, қоидага кўра, нархи юқори бўлмаган ва стандарт шаклдаги оммавий талаб маҳсулотлари (чой, кофе, яхна ва алкоголсиз ичимликлар, қандолат, нон маҳсулотлари, ширинликлар, алоҳида ноозиқ-овқат маҳсулотлари: нашриёт маҳсулотлари ва газеталар) сотилади.

Савдо автоматларини маҳсулотлар билан таъминлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш «YER AUKSION» ЭСМда садо автоматини рўйхатга қўйган субъект зиммасига юкланади. Шунингдек, товар-моддий бойликларнинг яхши сақланишини, савдо автоматлари ишдан чиққан ҳолларда маҳсулотлар айнишининг алдини олишни таъминлаш бўйича чоралар кўриш мазкур субъектнинг вазифаси ҳисобланади.

III боб. Кўчма савдо объектини рўйхатдан ўтказиш тартиби

1-§. Кўчма савдо объектини рўйхатдан ўтказишнинг умумий қоидалари

  1. «YER AUKSION» ЭСМда кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш тадбиркорлик субъекти томонидан кўчма савдо масканини (жойини) кўрсатган ҳолда электрон бланкани тўлдириш йўли билан амалга оширилади.
  2.  Кўчма савдо дислокация чизмаси доирасида амалга оширилади.
  3.  «YER AUKSION» ЭСМда кўчма савдо объектини рўйхатдан ўтказганлик учун қуйидаги миқдорларда йиғим ундирилади:

Нукус шаҳрида кўчма савдони амалга оширишда – базовий ҳисоб миқдорининг 75 фоизи миқдорида;

туманлар маъмурий марказларида ва туман бўйсинувидаги шаҳарларда кўчма савдони амалга оширишда – базовий ҳисоб миқдорининг 50 фоизи миқдорида.

Бошқа аҳоли пунктларида кўчма савдони амалга оширишда
«YER AUKSION» ЭСМда рўйхатдан ўтканлик учун йиғим ундирилмайди.

 

2-§. Дислокация чизмасини тузиш

  1. Туман (шаҳар) ҳокимликлари ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган талабларга мувофиқ жойлар сони кўрсатилган ҳолда тегишли туман (шаҳар) ҳудудида кўчма савдо объектларининг жойлашувини ўз ичига олган дислокация чизмасини тузади.
  2. Кўчма савдо объектларининг дислокация чизмаларини тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспексияси, Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Қурилиш вазирлиги ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан келишиш «YER AUKSION» ЭСМ орқали автоматлаштирилган тартибда тизимга ер участкалари тўғрисида маълумотлар киритилгандан кейин уч иш куни мобайнида ваколатли ташкилотлар томонидан фақатгина электрон шаклда амалга оширилади.
  3. Кўчма савдо объектларининг келишилган дислокация чизмалари келишилганидан сўнг 10 кун ичида ваколатли ташкилотлар томонидан
    «YER AUKSION» ЭСМда жойлаштирилади.

Дислокация чизмалари ҳар уч йилда бир марта қайта кўриб чиқилади.

  1. Тадбиркорлик субъектлари «YER AUKSION» ЭСМ орқали кейинчалик реализация қилиш учун дислокация чизмаларига
    «YER AUKSION» ЭСМда маълум бир кўчма савдо масканини (жойини) киритиш бўйича таклифлар бериш ҳуқуқига эга.
  2. Танланган кўчма савдо маскани (жойи) 3 календар куни ичида ваколатли орган томонидан ушбу Низом талабларига мувофиқлиги жиҳатидан кўриб чиқилади.
  3.  Кўриб чиқиш якунлари бўйича ваколатли орган таклиф этилган кўчма савдо масканини (жойини) «YER AUKSION» ЭСМга жойлаштиради ёки рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда жойлаштиришни рад этади.

3-§. Электрон аукцион орқали кўчма савдо масканларини
(жойларини) сотиш

  1.  Дислокация чизмалари доирасида кўчма савдо масканларини (жойларини) сотиш «YER AUKSION» ЭСМда электрон аукцион орқали амалга оширилади ва аукцион натижаларига кўра энг юқори нархни таклиф қилган иштирокчи кўчма савдо объектини жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.
  2.  Аукцион нархларни ошириш тамойили бўйича ўтказилади.

Бошланғич нарх ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган йиғим миқдорига тенг.

  1. Аукционда ҳар қандай юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор иштирок этиши мумкин.
  2. Аукцион аукционда иштирок этиш учун биринчи буюртманома топширилган пайтдан бошланади. Аукцион ўтказиш муддати 3 календар кунини ташкил этади.
  3.  Аукционда қатнашиш учун иштирокчи «YER AUKSION» ЭСМда тегишли электрон бланкни тўлдиради ва бўнак суммасини тўлайди.

Электрон бланкда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

юридик шахснинг номи ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

кўчма савдо объектининг ихтисослашуви;

иш тартиби (иш кунлари, иш вақти);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври, бунда муддат 6 ойдан ошмаслиги лозим;

электрон почта манзили;

кўчма савдо субъекти, унинг ходимлари, амалга ошираётган фаолияти, шунингдек уни амалга ошириш жараёнида фойдаланадиган асбоб-ускуналари қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлигининг тасдиғи.

  1.  Электрон бланкни тўлдиргач, иштирокчи «YER AUKSION» ЭСМга киритган маълумотларнинг тўғрилигини электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида тасдиқлайди.
  2.  Аукцион иштирокчисини «YER AUKSION» ЭСМда рўйхатдан ўтказганлик учун ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган йиғим миқдорида закалат ундирилади.
  3.  Аукцион якунлангач, «YER AUKSION» ЭСМда аукцион ғолибининг номи ва охирги нарх миқдори автоматик тарзда кўрсатилади.
  4.  Агар аукцион тугагунига қадар фақат битта иштирокчи томонидан буюртма берилган бўлса, ушбу иштирокчи ғолиб деб топилади.
  5.  Аукцион ғолиби, аукцион тугаган кундан бошлаб икки иш кунидан кечиктирмасдан, кўчма савдо масканининг (жойининг) тўлиқ нархини тўлаши лозим.

Бунда дастлабки киритилган закалат суммаси кўчма савдо жойи қийматига қўшиб ҳисобланади.

  1.  Кўчма савдо масканининг (жойининг) тўлиқ қиймати белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланади
    ва ғолибнинг закалат пули қайтарилмайди.
  2.  Кўчма савдо масканининг (жойининг) қиймати тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.
  3. Кўчма савдо масканининг (жойининг) қиймати тўланганлиги тасдиқлангангач, ғолибга автоматик тарзда «YER AUKSION» ЭСМ орқали кўчма савдо объектининг рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи QR-код (матрицали-штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат юборилади.
  4. Аукцион якунлангандан сўнг закалат суммаси аукцион иштирокчиларига уч иш куни мобайнида қайтарилади, аукцион ғолиби бундан мустасно.
  5. Рўйхатдан ўтган кўчма савдо маскани (жойи) дислокация чизмасида унинг кўчма савдо объектини жойлаштириш даврида бандлигини кўрсатувчи махсус белги билан белгиланади.

4-§. Кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситасини
рўйхатдан ўтказиш тартиби

  1. Кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситаси
    «YER AUKSION» ЭСМда дислокация чизмасидан ташқарида ва савдолар ўтказмасдан рўйхатга олинади. Транспорт воситаси GPS трекер билан жиҳозланган бўлиши лозим ва тадбиркорлик субъекти «YER AUKSION» ЭСМ операторига GPS трекер маълумотларига кириш кришга изн беради.
  2.   «YER AUKSION» ЭСМда транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркорлик субъекти тегишли электрон бланкни тўлдиради ва ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган миқдорда йиғим тўлайди.

Электрон бланк қуйидагилар ҳақида маълумотларни ўз ичига олган бўлиши лозим:

юридик шахснинг номи ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

транспорт воситасининг давлат рўйхатидан ўтказилган рақами белгиси;

савдо объектининг ихтисослашуви;

иш тартиби (иш кунлари, иш вақти);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври, бунда муддат 6 ойдан ошмаслиги лозим;

электрон почта манзили;

кўчма савдо субъекти, унинг ходимлари, амалга ошираётган фаолияти, шунингдек уни амалга ошириш жараёнида фойдаланадиган асбоб-ускуналари ва транспорт воситаси қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлигининг тасдиғи.

  1. Рўйхатдан ўтиш учун ундириладиган йиғимнинг тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.
  2.   Электрон бланк тўлдирилгач,  «YER AUKSION» ЭСМ тадбиркорлик субъекти томонидан киритилган маълумотларни онлайн тарзда қайта ишлайди ва кўчма савдо объектининг рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи QR-код (матрицали-штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат юборади.
  3. Рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи электрон ҳужжат тадбиркорлик субъектининг электрон почта манзилига ҳам юборилади.
  4. Тадбиркорлик субъектида кўчма савдони амалга ошириш учун бир нечта транспорт воситалари мавжуд бўлса, рўйхатга олиш ҳар бир транспорт воситаси бўйича алоҳида амалга оширилади.

5-§. Кўчма савдо субъектлари ҳисобини юритиш тартиби

  1.  Ваколатли орган электрон шаклда юритиладиган Кўчма савдо объектлари реестрида (кейинги ўринларда – реестр) кўчма савдо объектларининг ҳисобини юритади.
  2. Реестрга ҳар бир рўйхатга олинаётган кўчма савдо объекти бўйича қуйидаги маълумотлар киритилади:

рўйхатга олиш санаси ва унинг рақами;

юридик шахснинг тўлиқ номи, якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

кўчма савдо объектининг ихтисослашуви;

кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситасининг давлат рўйхатидан ўтказилган рақами белгиси тўғрисидаги маълумотлар (транспорт воситаси орқали кўчма савдо амалга оширилганда);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври;

кўчма савдо объекти жойлашган жой.

  1.  Ушбу Низомнинг 49-бандида кўрсатилган маълумотлар реестрга ваколатли органнинг келиб тушган маълумотларни ҳисобга олиш учун масъул бўлган ходими томонидан киритилади.
  2. Кўчма савдо объектлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда:

Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик марказига;

Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига;

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасига;

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига;

Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига юборилади.

6-§. Кўчма савдони амалга ошириш даврининг тугатилиши ва кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатларининг узайтирилиши

  1. Кўчма савдони амалга ошириш масканини (жойини) ўзгартириш кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган умумий тартибда амалга оширилиши мумкин.
  2.  Ваколатли орган кўчма савдо объектини реестрдан қуйидаги ҳолларда чиқариб ташлашга ҳақли:

ушбу кўчма савдо объекти бўйича тақдим этилган маълумотларнинг нотўғрилиги аниқланганда;

юридик шахс тугатилганда, жисмоний шахс томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги фаолиятининг тугатилганида;

кўчма савдо субъекти томонидан мазкур кўчма савдо объекти орқали кўчма савдони амалга оширишни тўхтатганлиги тўғрисида хабарнома киритилганда.

  1. Реестрдан чиқариш кўчма савдо субъектининг кўчма савдо объекти жойлаштирилган масканда (жойда) кўчма савдони амалга ошириш ҳуқуқини йўқотишига олиб келади. Реестрдан чиқариш қайта рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмайди.
  2. Рўйхатдан ўтишда кўрсатилган кўчма савдо объектини жойлаштириш даври тугагач, тадбиркорлик субъекти кўчма савдо жойини бўшатиши лозим.
  3.  Тегишли савдо жойида кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатини икки мартадан ортиқ узайтиришга йўл қўйилмайди. Бунда кўчма савдо субъекти кўчма савдо объектини жойлаштириш муддати тугагунга қадар «YER AUKSION» ЭСМда кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатини узайтириш тўғрисидаги электрон бланкни тўлдириши лозим.

Электрон бланк тўлдирилгандан сўнг ҳамда ушбу Низомнинг
20-бандида кўрсатилган миқдордаги ҳақ тўлангандан кейин, «YER AUKSION» ЭСМ кўчма савдо субъектининг электрон почта манзилига кўчма савдо объектини жойлаштириш муддати узайтирилганлигини тасдиқловчи
QR-код (матрицали-штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат юборади.

IV боб. Якунловчи қоидалар

  1.  «YER AUKSION» ЭСМда жойлаштирилган маълумотлар танишиб чиқиш юзасидан омма учун очиқ ҳисобланади.
  2.   Кўчма савдо объектларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш истеъмолчи ёки суб-истеъмолчи сифатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
  3.  Аукцион савдолари ўтказилишидан олинган йиғимлар ва пул маблағлари суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

30 фоизи Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси махсус ҳисоб рақамига;

70 фоизи тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига ўтказилади.

  1.  Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар

 

Вазирлар Кенгашининг
2020 йил «____» __________ даги
______-сонли қарорига 2-илова

 

«YER AUKSION» автоматлаштирилган ахборот тизимига
уланадиган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар

РЎЙХАТИ

1.  Қорақалпоғистон Республикаси  Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази.

2. Қорақалпоғистон   Республикаси   Ветеринария   ва  чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги.

4.  Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси.

 

Общие предложения

290