ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
12361 Антимонопольный комитет Республики Узбекистан 14/01/2020 29/01/2020 0
Закон Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни
ID-12361

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

 

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

 

Қонунчилик палатаси томонидан ___________ қабул қилинган

Сенат томонидан ___________ маъқулланган

 

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 5-6, 59-модда; 2002 йил, № 4-5, 74-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 413-модда; 2006 йил, № 10, 536-модда; 2008 йил, № 4, 183-модда; 2010 йил, № 10, 380-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда; 2018 йил, 1-сон, 1-модда; 2019 йил, 52-сон, 917-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1. 1-моддада:

саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“норматив ҳужжатлар — техник регламентлар, стандартлар, уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар (шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, давлат фармакопеяси ҳамда фармакопея мақолалари ва бошқалар), товар (иш, хизмат) сифатига ва хавфсизлигига нисбатан белгиланган талабларни ўз ичига олувчи бошқа ҳужжатлар”;

қуйидаги таҳрирдаги йигирманчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“электрон тижорат – ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси”;

2. 6-модданинг:

иккинчи қисимида:

қуйидаги таҳрирдаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“товар (иш, хизмат) номи”;

иккинчи – ўн иккинчи хатбошилар учинчи – ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

бешинчи хатбосидаги “баҳоси” деган сўз “нархи” деган сўз билан алмаштирилсин;

ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг тўлиқ номи, жойлашган юридик манзили, импорт қилинган товарлар бўйича ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчининг номи, юридик манзиллари”;

учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган маҳсулотлар турлари рўйхатига киритилган товар ҳақида истеъмолчига унинг сертификатланганлиги тўғрисида маълумот тақдим этилиши лозим.”;

3. 20-модда қуйидаги таҳрирдаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

“Товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) нуқсонлари мавжудлиги ва норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги тасдиқланган тақдирда, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваколатли давлат органларига товарларни (ишларни, хизматларни) текшириш (тестдан ўтказиш, экспертиза қилиш) билан боғлиқ ҳаражатларни тўлиқ қоплаши шарт.”;

4. 23-модданинг учинчи қисмидаги “Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси” деган сўзлар “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги” деган сўзлар билан алмаштирилсин;

5. 24-моддада:

қуйидаги таҳрирдаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати берилган давлат органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги ҳамкорлик ва алоқаларни таъминлайдилар;”;

олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

6. Қуйидаги таҳрирдаги 24-1-модда билан тўлдирилсин:

“24-1-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши

Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати берилган давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қиладилар;

Давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссияларга услубий-амалий кўмаклашишини таъминлайдилар;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳудудларида:

аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширадилар;

истеъмолчиларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини кўриб чиқадилар;

жамоатчилик назоратини амалга оширишда жамоатчилик тузилмалари ролини ва аҳолининг фаоллигини оширадилар;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати берилган давлат органлари ва истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларига истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашадилар.”

7. 25-модданинг номи ва матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“25-модда. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий органлари

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий органлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқадилар ва амалий ижросини таъминлайдилар;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширадилар;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қиладилар;

товарлар (ишлар, хизматлар) назорат харидини амалга оширишни ва уларни мустақил экспертизадан ўтказишни ташкил қиладилар;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширадилар;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиши масалалари юзасидан расмий тушунтиришлар берадилар;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш аломатлари аниқланган тақдирда, ишлаб чиқарувчидан (ижрочидан, сотувчидан) зарур ҳужжатлар, тушунтиришларни ва бошқа ахборотни сўраб оладилар;

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини бузаётган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ишлаб чиқарувчига (ижрочига, сотувчига) кўрсатма юборадилар;

фуқаролик, шу жумладан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини қўллашни кенгайтирадилар;

истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ низоларни судгача ва суддан ташқари ҳал қилишни ташкил қиладилар;

мутахассис сифатида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича суд муҳокамаларида иштирок этадилар;

истеъмолчиларнинг (истеъмолчилар номуайян доирасининг) ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судга мурожаат этишга ҳақлидирлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.”

8. 27-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун жавобгар бўлади.

Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) – юридик шахслар қуйидаги миқдорларда жаримага тортилиши мумкин:

истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаслик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача;

яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилганлик ҳамда сотиш учун қабул қилганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат органларига ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд уларга била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик, шунингдек, уларнинг истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаганлик, ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача.

Хўжалик юритувчи субъектларга жарима қўллаш суд томонидан, уларнинг айбдорлиги тан олинган ва жарима ихтиёрий равишда тўланган тақдирда – Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Жарима солиш ишлаб чиқарувчиларни (ижрочиларни, сотувчиларни) ваколатли давлат органининг кўрсатмасини бажариш ёки истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш мажбуриятидан озод қилмайди.

Товар (иш, хизмат)лар хавфсиз бўлиши ҳақидаги талабларга жавоб бермайдиган товар (иш, хизмат)лар туфайли истеъмолчиларга зарар етказилса, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсиз бўлиши ва уларнинг сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат бошқаруви органларининг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.”;

9. Қуйидаги таҳрирдаги 28-1-модда билан тўлдирилсин:

“28-1-модда. Электрон тижоратда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдисини амалга оширишда сотувчи (иш, хизмат кўрсатувчи) истеъмолчига қуйидагилар тўғрисида маълумотни тақдим этиши шарт:

сотувчининг (ижрочининг) номи, унинг манзили ҳамда шикоятларни қабул қилиш тартиби;

ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг тўлиқ номи, жойлашган юридик манзили, импорт қилинган товарлар бўйича ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчининг номи, юридик манзиллари;

товар (иш, хизмат)нинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан, ўзига хос хусусиятлари;

товар (иш, хизмат) нархи, етказиб бериш нархи ва тўлов шартлари;

кафиллик мажбуриятлари, маҳсулотни сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ бўлган бошқа хизматлар;

етказиб бериш ва шартномани бажаришнинг бошқа шартлари;

агар маҳсулот ёки хизматларни даврий етказиб бериш назарда тутилган бўлса шартноманинг минимал амал қилиш даври;

таклифларни қабул қилиш даври;

шартномани бекор қилиш тартиби.

Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузилган шартномалар бекор қилинганда, сотувчи (ижрочи) истеъмолчига маҳсулот қайтириладиган жой тўғрисида хабар бериши керак.

Маҳсулотни қайтариш билан боғлиқ барча харажатлар сотувчи (ижрочи) зиммасига юкланади.

Ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузилган шартномалар бекор қилинганда истеъмолчининг маҳсулотни ўзида сақлаш мажбурияти маҳсулот олинган кундан 60 кун ўтгач якунланган ҳисобланади. Агар сотувчи ушбу давр мобайнида маҳсулотни қайтариш чораларини амалга оширмаса, бундай маҳсулот истеъмолчи ихтиёрига мажбуриятсиз ўтган ҳисобланади.

Маҳсулотни истеъмолчининг айби билан бўлмаган шикастланиши, бузилиши ҳамда маҳсулотни кўриш, текшириш учун қадоғини очилиши ҳисобига қийматини тушиши истеъмолчини шартномани бекор қилиш ҳуқуқидан махрум этмайди.

Агар белгиланган муддатларда сотувчи шартнома бекор қилингандан сўнг тўланган суммани қайтармаса, истеъмолчига қайтаришнинг ҳар бир кечиктирилган куни учун маҳсулот қийматининг бир фоизи миқдорида жарима тўлашга мажбур.”;

10. 29-моддада:

қуйидаги таҳрирдаги иккинчи ва учинчи қисм билан тўлдирилсин:

“Истеъмолчилар ўз ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ даъволар бўйича жавобгар билан низони судга қадар ҳал қилиш тартибига риоя қилинмаган бўлса, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, судлар даъвони қабул қилишни рад этишиши мумкин;

Қонун ҳужжатларига мувофиқ суд томонидан истеъмолчи талаби қондирилганда, агар жавобгар томонидан истеъмолчининг асосланган талаблари судга қадар ҳал этиш тартибида кўриб чиқилмаган бўлса, суд томонидан истеъмолчи фойдасига даъво қилинган сумманинг 50 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлмаган миқдорда жарима солишга ҳақлидир. Бунда, даво қилинган сумма миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам бўлганда, жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг суммада солинади. Жаримани тўлаш қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш вазифасидан озод этмайди.”;

иккинчи қисм тўртинчи қисм деб ҳисоблансин;

11. Қуйидаги таҳрирдаги 29-1-модда билан тўлдирилсин:

“29-1-модда. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ низоларни судга қадар ва суддан ташқари ҳал қилиш

Низоларни судга қадар ҳал этиш тартиби – бу шундай тартибки, унда томонлар юзага келган зиддиятли вазиятларни ҳал этиш учун қонунда кўрсатилган воситалардан фойдаланишга мажбурлар ва фақатгина ушбу низоларда келишувга эришилмаган ҳолда улар судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Тегишли воситалардан фойдаланишнинг мажбурлиги – низоларни судгача ҳал этишнинг ўзига хос жиҳати бўлиб ҳисобланади.

Низоларни суддан ташқари ҳал этиш тартиби – низоларни судда ҳал этиш усуллари ўрнига қўлланиладиган усуллар тартибидир. Уларга музокаралар, воситачилик (медиация жараёни), келишув жараёни, арбитраж ва бошқалар киради. Низоларни ҳал этишнинг суддан ташқари усулларидан фойдаланиш томонларни судга мурожаат этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Низоларни ҳал этишнинг суддан ташқари усулларининг ўзига хос томони бўлиб уларнинг фақатгина томонлар келишувига кўра қўлланиши ҳисобланади.

Музокаралар томонлар ўртасида бевосита алоқанинг мавжудлиги билан аҳамиятлидир. Томонлар учинчи шахснинг иштирокисиз бевосита низоли муаммони ҳал қилишлари ва келишув битимини тузишлари мумкин.

Музокаралар турли – ёзма, оғзаки, аралаш шаклларда амалга оширилиши мумкин.”;

12. 30-модда қуйидаги таҳрирдаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

“Истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари:

Ўзбекистон Республикасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан ваколатли давлат органларига таклифлар киритиш;

истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатларини кўриб чиқишда амалий ёрдам бериш мақсадида давлат органларига мурожаат қилиш;

истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини амалга оширишда ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига кўмаклашиш;

истеъмолчиларнинг, шу жумладан истеъмолчилар номуайян доирасининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.”.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги 723-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 1, 14-модда; 2002 йил, № 9, 164-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, №  12, 413-модда; 2006 йил, № 4, 154-модда, № 10, 536-модда; 2008 йил, № 4, 186-модда; 2010 йил, № 9, 339-модда, № 10, 380-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда; 2018 йил, № 1, 1-модда, № 4, 224-модда; 2019 йил, № 1, 3-модда, № 21, 385-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1. 13-модданинг учинчи қисмидаги “Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари” деган сўзлар “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий органлари” деган сўзлар билан алмаштирилсин”;

2. 29-моддада:

бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Реклама берувчилар, реклама тайёрловчилар ва реклама тарқатувчилар – юридик шахслар ваколатли давлат органи томонидан қуйидаги миқдорларда жаримага тортилиши мумкин:

реклама ахборотига тааллуқли ҳужжатлар ва материалларни ваколатли давлат органига белгиланган муддатда тақдим этмаганлик ёки атайин нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шунингдек, ваколатли давлат органининг реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини тугатиш ҳақидаги кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаганлик, ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача;

ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача;

нотўғри реклама берганлик, қиёсий ва яширин рекламага йўл қўйганлик, аксилреклама беришдан бош тортганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан эллик бараваригача;

вояга етмаганлар, дори воситалари, биологик фаол озиқ-овқат қўшимчалари, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига қўйилган талабларни бузганлик, шунингдек ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача;

энергетик ичимликлар, алкоголли ичимликлар, тамаки, тамаки маҳсулотлари, чилим ва электрон сигареталар, пиротехника, қурол-яроғ маҳсулотлари рекламасига қўйилган талабларни бузганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача.”;

қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:

“Реклама берувчилар, реклама тайёрловчилар ва реклама тарқатувчилар – юридик шахсларга жарима қўллаш суд томонидан, уларнинг айбдорлиги тан олинган ва жарима ихтиёрий равишда тўланган тақдирда – ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.”;

олтинчи қисм еттинчи қисм деб ҳисоблансин;

еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Жарима қўллаш реклама берувчилар, реклама тайёрловчилар ва реклама тарқатувчилар – юридик шахсларни ваколатли давлат органининг қарори ёки кўрсатмасини бажариш ёки реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш мажбуриятидан озод қилмайди”.

 

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

4-модда. Ушбу Қонуннинг 1 ва 2-моддалари расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг             Президенти

 

 

Общие предложения

236