ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
12282 Министерство финансов Республики Узбекистан 10/01/2020 25/01/2020 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-12282
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 9 декабрдаги ПФ-5890-сон Фармонини ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда Республика жамғармаси деб аталади) ва Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармалари (кейинги ўринларда Ҳудудий жамғармалар деб аталади) тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин. 2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлари бўйича белгиланган бошқарув ходимларининг чекланган сони доирасида: Молия вазирлиги марказий аппаратида Давлат ривожлантириш дастурларини молиявий таъминлаш Департаменти таркибида 8 та штат бирлигидан иборат Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси маблағларини бошқариш бошқармаси; Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари тузилмасида 2 штат бирлигидан иборат Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармаларини бошқариш секторлари ташкил этилсин. 3. Белгилаб қўйилсинки: а) Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси: Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимга ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 майдаги ПФ-5717-сон Фармони талабларидан келиб чиқиб, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларининг манзилли дастурларини ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш эҳтиёжлари учун жиҳозлаш (технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар харид қилиш) харажатлари йўналишларини шакллантиради ва Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига киритади; келгуси йил учун умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни тўла ва жорий таъмирлаш лойиҳаларининг манзилли дастурларини Молия вазирлиги билан келишган ҳолда шакллантиради ва тасдиқлайди. б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда ҳар йили 1 февралга қадар ҳудудий мақсадли жамғармалар ҳисобидан молиялаштириладиган жорий йил учун Минтақавий йўлларни қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлаш лойиҳаларининг манзилли дастурларини тасдиқлайди ва унга ўзгартиришлар киритади. 4. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги ПФ-5890-сонли “Ўзбекистон Республикаси Йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонига мувофиқ: а) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари: автомобилга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари томонидан автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газни охирги истеъмолчиларга реализация қилишда ёқилғи бирлиги учун 25 сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда минтақавий йўлларни ривожлантиришга махсус йиғимни (кейинги ўринларда махсус йиғим деб аталади); йўл ҳаракатини тартибга солиш, мавжуд йўл-транспорт инфратузилмасидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчилари масъулиятини ошириш мақсадида автомобиль йўллари ва кўчалар бўйлаб автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўловларни белгилашга ҳақли; б) туманлар (шаҳарлар) халқ депутатлари Кенгашлари транспорт воситаси двигателининг қувватидан келиб чиқиб, автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғим жорий этишга ҳақли. 5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда 2020 йил 1 мартга қадар ва 2021 йилдан бошлаб Давлат бюджетини тайёрлаш ва тасдиқлаш билан боғлиқ муддатларда муайян маъмурий-ҳудудий аҳолиси даромадлари даражасини ҳисобга олган ҳолда мазкур қарорнинг 4-бандида назарда тутилган махсус йиғим миқдорларини кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади. Белгилаб қўйилсинки, ҳудудий мақсадли жамғармаларга махсус йиғим ва автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлардан тушадиган маблағлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан минтақавий йўлларни қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича қўшимча манзилли дастурлар шакллантирилади ва белгиланган тартибда сарфланади. 6. Туман (шаҳар) ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳар йили 1 мартга қадар муайян маъмурий-ҳудудий аҳолиси даромадлари даражасини ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси двигателининг қувватидан келиб чиқиб, автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғим миқдорларини кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларига киритсин ва автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғимлари туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгашлари томонидан маъқуллангандан сўнг, тасдиқласин. Белгилаб қўйилсинки, мазкур бандда назарда тутилган автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғимлар бўйича маблағлар туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига йўналтирилади ва ушбу маблағлар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан минтақавий йўлларни таъмирлаш ишларига сарфланади. 7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ: Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва тўла таъмирлаш бўйича манзилли дастурларни, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари, бажарилган ишлар ҳажми ҳамда фойдаланишга топширилган объектлар тўғрисидаги ахборотларни; Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича манзилли дастурларни, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари, бажарилган ишлар ҳажми ҳамда фойдаланишга топширилган объектлар тўғрисидаги ахборотларни; Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мақсадли жамғармалар тушумлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда, кенг жамоатчилик орасида муҳокама этади ва оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, мос равишда вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиб боради. 8. “Автомобиль йўллари кўприкларини, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш дирекцияси” унитар корхонаси ва «Тошкент шаҳар минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУК томонидан 2020 йил 1 январга қадар амалга оширилаётган қуриш-таъмирлаш ишлари бўйича, объектларни фойдаланишга топширилгунга қадар, буюртмачи вазифаси сақланиб қолинади ва қуриш-таъмирлаш ишларини охиригача етказиш вазифаси юклатилади. 9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги икки ой муддатда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда махсус йиғимлардан тушадиган маблағлар ҳисобини юритиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқласин. 10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда: транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун йиғимнинг базавий ставкаси миқдорлари, шунингдек, транспорт воситаси двигатели қувватидан келиб чиққан ҳолда тоифаланадиган қўшимча коэффициентлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан белгиланишини инобатга олиб амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин; тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғимдан тушадиган маблағларни ҳисобини юритиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқласин. 11. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзларининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар. 12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Транспорт вазири А.Ж. Раматовга ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммаларига юклатилсин. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил “___” _________” ___-сон қарорига ИЛОВА Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармалари тўғрисида НИЗОМ 1-боб. Умумий қоидалар 1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармасининг (кейинги ўринларда Республика жамғармаси деб аталади) ва Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармалари (кейинги ўринларда Ҳудудий жамғармалар деб аталади) маблағларини бошқариш тартибини, уларни шакллантириш манбаларини ва улардан фойдаланиш йўналишларини белгилайди. 2. Республика ва Ҳудудий жамғармалар мос равишда: умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш, қишки қаров ва кўкаламзорлаштириш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш эҳтиёжлари учун жиҳозларни (технологик асбоб-ускуналар, техника ва машина-механизмлар харид қилиш) (кейинги ўринларда Жиҳозлаш деб аталади) харид қилиш ишларини; хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарларнинг, шаҳар посёлкаларининг, қишлоқларнинг ва овулларнинг кўчаларини (кейинги ўринларда Минтақавий йўллар деб аталади) лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлаш ишларини молиялаштиришни амалга ошириш учун ташкил этилган. 3. Республика ва Ҳудудий жамғармалари алоҳида юридик шахс мақомига эга эмас. Республика ва Ҳудудий жамғармаларга тушадиган тушумлар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимида республика ва ҳудудий даражалар бўйича очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади. 2-боб. Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағларини шакллантириш манбалари 4. Республика жамғармаси даромадлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади: умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва тўла таъмирлаш, Жиҳозлаш ва бошқа йўл ишлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар; Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 30 йил давомида узиш шарти ва 5 йиллик имтиёзли даври билан ажратиладиган фоизсиз кредитлар шаклида, 2020 йилда 50 млн. АҚШ доллари ва 2021-2024 йилларда ҳар йили 100 млн. АҚШ доллари; умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш, сақлаш, қишки қаров ва кўкаламзорлаштириш ишларини молиялаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетларидан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар; қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар. 5. Ҳудудий жамғармалар қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади: Минтақавий йўлларда лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини молиялаштириш учун маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбаларидан ҳар йили ажратиладиган мақсадли маблағлар; Минтақавий йўлларни ривожлантириш учун маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари томонидан жорий этиладиган махсус йиғимлар; автомобиль йўллари ва кўчалари бўйлаб автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлар; транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун йиғимнинг базавий ставкасига қўшимча коэффициентларни қўллашдан тушадиган маблағлар; Республика жамғармасидан мақсадли трансфертлар; умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи реклама объектлари (конструкциялари) қуриш учун электрон аукционлар якунлари бўйича ҳуқуқ тақдим этишдан тушадиган маблағлар, шунингдек, ташқи рекламанинг ўрнатилган объектлари (конструкциялари) учун ойлик тўловларнинг 60 фоизи миқдоридаги маблағлар; умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақасида жойлашган ер участкаларида ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, савдо, сервис объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятининг бошқа объектларини жойлаштириш ва қуриш учун мазкур ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилишдан тушадиган маблағларнинг 60 фоизи миқдоридаги маблағлар; қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар. 6. Минтақавий йўлларни сақлаш, қишки қаров ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан боғлиқ харажатлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ва унинг қўшимча манбалари орқали белгиланган тартибда молиялаштирилади. 7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Республика жамғармасига ҳар ойда, тегишли ойнинг учинчи декадасида навбатдаги ой учун умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва тўла таъмирлаш, Жиҳозлаш ва бошқа йўл ишлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун режалаштирилган маблағларни ўтказиб беради. 8. Республика жамғармаси Ҳудудий жамғармаларга, ўзаро келишиладиган маблағларни ўтказиш жадвалига асосан ҳар ойда, тегишли ойнинг учинчи декадасида навбатдаги ой учун Минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлаш ҳамда бошқа йўл ишлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун режалаштирилган трансферт маблағларини, жумладан: минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларни; “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари доирасида минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларни; эркин иқтисодий зоналари ва кичик саноат зоналарига олиб борувчи Минтақавий йўллар ва ички йўлларини лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини билан боғлиқ харажатларни; намунавий уй-жойларнинг ички йўллари лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини билан боғлиқ харажатларни ўтказиб беради. 9. Мазкур Низомнинг 4-банди учинчи хатбошисида кўзда тутилган маблағлар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ўртасида тузиладиган фоизсиз қарз шартномасига асосан, Молия вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда Республика жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказиб берилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан: Республика жамғармасига ажратиладиган фоизсиз кредитлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағларидан қайтарилади; ажратиладиган фоизсиз кредитларнинг республика жамғармага мақсадли йўналтирилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва таррақиёт жамғармаси томонидан амалга оширилади. 10. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Молия бош бошқармалари (кейинги ўринларда Молия бош бошқармалари деб аталади) ҳамда туман (шаҳар) молия бўлимлари Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг ҳамда туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларидан ҳар ойда, тегишли ойнинг учинчи декадасида навбатдаги ой учун: ўзаро келишиладиган маблағларни ўтказиш жадвалига асосан Республика жамғармасига умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш, сақлаш, қишқи қаров ва кўкаламзорлаштириш ишларини молиялаштириш учун режалаштирилган маблағларни; Ҳудудий жамғармаларга Минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини молиялаштириш учун режалаштирилган маблағларни ўтказиб беради; 11. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетидан ҳар ойда, тегишли ойнинг учинчи декадасида навбатдаги ой учун умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига режалаштирилган маблағларни Республика жамғармасига ўтказиб беради. 12. Халқаро молия институтлари ҳамда донорларнинг грантлари ва имтиёзли кредитлари, ҳомийларнинг маблағлари Республика жамғармасининг шахсий ғазна ҳисоб-варағига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўналтирилади. 3-боб. Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари 13. Республика жамғармаси маблағлари: умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, Жиҳозлаш, сақлаш, қишқи қаров ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан боғлиқ харажатларга; умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ишлари билан боғлиқ харажатларга; Ҳудудий жамғармаларга ўтказиладиган мақсадли трансфертларга: халқаро молия институтлари иштирокидаги “Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳ”ларини зарур ҳолларда сақлаш харажатлари, ягона ижтимоий тўловлари ва ретроактив (қисқа муддатда қайтариш шарти билан) молиялаштириш харажатларига; навбатчилик-диспетчерлик хизматини, ишлаб чиқаришни бошқариш марказларини ташкил этиш ва улар учун асбоб-ускуналар сотиб олиш; об-ҳаво шарт-шароитлари ва ҳаракатланиш шарт-шароитлари мониторинги метеорологик тизимларини, шунингдек ҳаракатланиш шарт-шароитлари мониторинги ва прогнозлаштириш учун фойдаланиладиган видео тизимларни сақлаш, шу жумладан уларнинг ишлаши учун метеорологик тизимлар элементларини ва алоқа каналларини ижарага олиш; метеорологик маълумотларни сотиб олиш; автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларни қатновнинг ҳолати тўғрисида хабардор қилиш (ахборот таблолари, оммавий ахборот воситалари) билан боғлиқ харажатларга; “Ўзйўлкўкаламзорлаштириш” унитар корхонаси марказий аппаратини жорий сақлаш билан боғлиқ харажатларга; умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва кўкаламзорлаштириш харажатларига ажратилган маблағлар доирасида Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхоналари, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, кўприклардан фойдаланиш унитар корхоналари, “Дўрмонавтойўл” ва “Қамчиқавтойўл” ихтисослаштирилган йўллардан мунтазам фойдаланиш унтитар корхоналари, “Ўзйўлкўкаламзорлаштириш” унитар корхонасининг унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий корхоналарининг (кейинги ўринларда Унитар корхоналар деб аталади) бошқарув аппаратини (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқарши ходимлари мустасно) иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларига; Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, қарори ва фармойишларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва фармойишларига мувофиқ, истисно ҳолларда автомобиль йўллари билан боғлиқ бўлмаган бошқа харажатларга; қонунчилик билан таъқиқланмаган бошқа харажатларга сарфланади. 14. Ҳудудий жамғармалар маблағлари: Минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларга; “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари доирасида Минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларга; Эркин иқтисодий зоналари ва кичик саноат зоналарига олиб борувчи Минтақавий йўллар ва ички йўлларини лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини молиялаштиришга; намунавий уй-жойларнинг ички йўллари лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини молиялаштиришга; қонунчилик билан таъқиқланмаган бошқа харажатларга сарфланади. 4-боб. Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағларини бошқариш 15. Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағларини жорий бошқариш мос равишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси маблағларини бошқариш бошқармаси ва Молия бош бошқармалари ҳузуридаги автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармаларини бошқариш секторлари томонидан амалга оширилади. 16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси маблағларини бошқариш бошқармасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар ҳисобланади: Республика ва Ҳудудий жамғармалар даромадлари ва харажатлари прогнозини ҳамда уларнинг бажарилиши тўғрисидаги чораклик ва йиллик ҳисоботни тайёрлайди; умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва ундаги сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва тўла таъмирлаш бўйича манзилли дастурларни ҳамда Жиҳозлаш бўйича харажатлар йўналишларини кўриб чиқади ва келишиб беради; ҳудудий жамғармаларга трансферт сифатида ўтказиб бериладиган минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича харажатларни белгилайди; умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни жорий таъмирлаш, сақлаш, қишқи қаров ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун йўналтириладиган маблағларнинг прогноз параметрларини кўриб чиқади ва келишиб беради; Республика жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича манзилли рўйхатларни кўриб чиқиб, келишиб беради ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилади; Республика жамғармаси даромадлари ва харажатларининг ойлар бўйича ёйилмасини тайёрлайди ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Молия вазирлиги раҳбариятига киритади; зарурат бўлганда, жойларга чиққан ҳолда, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва тўла таъмирлаш бўйича ҳар йилги манзилли дастурларни шакллантиришда қатнашади. 17. Молия бош бошқармалари ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш ҳудудий мақсадли жамғармаларини бошқариш секторларининг вазифалари этиб қуйидагилар ҳисобланади: Ҳудудий жамғармалар даромадлари ва харажатлари прогнозини ҳамда уларнинг бажарилиши тўғрисидаги чораклик ва йиллик ҳисоботни тайёрлайди ва Республика жамғармасига белгиланган муддатларда тақдим этиб боради; Ҳудудий жамғармалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича манзилли рўйхатларни кўриб чиқиб, келишиб беради ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилади; Ҳудудий жамғармалар даромадлари ва харажатларининг ойлар бўйича ёйилмасини тайёрлайди ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Молия бош бошқармалари раҳбариятига киритади; зарурат бўлганда, жойларга чиққан ҳолда, Минтақавий йўлларни қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлаш бўйича ҳар йилги манзилли дастурларни шакллантиришда қатнашади. 5-боб. Республика ва Ҳудудий жамғармаларининг даромадлари ва харажатлари прогнозини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш 18. Республика ва Ҳудудий жамғармалар даромадлари ва харажатлари прогнозини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурларини шакллантириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаларини тайёрлаш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади. 19. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Республика ва Ҳудудий жамғармалар даромадлари, шу жумладан, Давлат бюджетидан тушадиган тушумлари ва бошқа манбалари бўйича тушумлар прогнозини тайёрлайди. 20. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш билан боғлиқ муддатдаларда келгуси йил учун Республика жамғармасининг харажатлари бўйича бюджет буюртмасини Молия вазирлигига тақдим этади. 21. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг ҳудудий бош бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргакликда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлаш билан боғлиқ муддатдаларда келгуси йил учун Ҳудудий жамғармаларнинг харажатлари бўйича бюджет буюртмасини Молия бош бошқармаларига тақдим этади. 22. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Республика ва Ҳудудий жамғармаларнинг даромадлари ва харажатларининг навбатдаги йил учун прогнози Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини шакллантириш ва тасдиқлашда инобатга олинади. 23. Республика ва Ҳудудий жамғармаларнинг келгуси йилдаги даромадлари ва харажатлари прогноз параметрлари тасдиқлангандан сўнг, Молия вазирлиги беш кун муддатда келгуси йилга Республика ва Ҳудудий жамғармалар харажатларининг тасдиқланган асосий параметр (йўналишлар)ларини Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасига ва қонунчиликда белгиланган бошқа буюртмачиларга етказади. 6-боб. Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағларини сарфлаш тартиби 24. Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағларини сарфлаш бўйича: умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва тўла таъмирлаш юзасидан — «Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси» ДУК; Минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлаш юзасидан — Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий автомобиль йўллари бош бошқармалари ҳузуридаги «Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» ДУК ва қонунчиликда белгиланган бошқа буюртмачилар; Тошкент шаҳар кўчаларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлаш ишлари юзасидан – тажриба тариқасида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланган буюртмачилар; умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни жорий таъмирлаш, сақлаш, қишқи қаров ва кўкаламзорлаштириш, уларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ишларини амалга ошириш ва Жиҳозлаш юзасидан — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳудудий автомобиль йўллари бош бошқармалари ҳамда импорт қилинадиган жиҳозлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан белгиланган бошқа буюртмачилар; умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ва сунъий иншоотларнинг “Қамчиқ” довони ҳудудидан ўтган қисмида жорий таъмирлаш, сақлаш, қишқи қаров ва кўкаламзорлаштириш ишлари бўйича – "Қамчиқавтойўл" ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш корхонаси" УК; намунавий уй-жойларнинг ички йўлларини қуриш бўйича – қонунчиликда белгиланган ташкилотлар буюртмачилар ҳисобланадилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари (баёнлари) билан Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағлари сарфи бўйича буюртмачи функцияси бошқа ташкилотларга ҳам юкланиши мумкин. 25. Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимида очилган тегишли даражали шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали сарфланади. 26. Республика жамғармаси маблағлари ҳисобига умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлашни, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда Жиҳозлаш ишларини молиялаштириш белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган манзилли рўйхатлар ва харажатлар сметалари асосида маблағлар лимитлари доирасида амалга оширилади. Республика жамғармасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни сақлаш, қишки қаров ва кўкаламзорлаштириш ишларига йўналтириладиган маблағларидан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан тасдиқланадиган харажатларнинг йиғма сметаси ва асослантирувчи ҳужжатлари асосида шакллантириладиган харажатлар сметаларига қатъий амал қилиб фойдаланади. 27. Ҳудудий жамғармалар маблағлари ҳисобига Минтақавий йўлларни ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлашни молиялаштириш белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган манзилли рўйхатлар ва харажатлар сметалари асосида маблағлар лимитлари доирасида амалга оширилади. 28. Шартномаларда: а) умумий фойдаланишдаги автомобиль ва минтақавий йўлларини ҳамда сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва тўла таъмирлаш, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ишлари бўйича: қурилишнинг дастлабки ойи мобайнида аванс тўловлари қурилишнинг прогноз қилинаётган йили учун тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича белгиланган ишлар қийматининг 30 фоизи миқдорида ажратилиши; ҳар ойда, ажратилган авансни мутаносиб равишда ушлаб қолишни ҳисобга олган ҳолда, бажарилган ишлар қийматининг 95 фоизи миқдорида жорий молиялаштиришни амалга оширилиши; шартномада кўрсатилган кафолат муддати тугагач қолган 5 фоизни пудратчига тўлаш мажбурий шартлари назарда тутилади. б) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларни ва сунъий иншоотларни жорий таъмирлаш, сақлаш, қишқи қаров ва кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш режалаштирилган ойлик иш ҳажмининг 40 фоизи миқдорида аванс бериш йўли билан амалга оширилиши, кейинчалик ҳисобот ойининг якуни билан тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида ажратилган аванс тўловлари ҳар ойда чегириб ташланган ҳолда амалда бажарилган ишлар ойма-ой молиялаштирилиши назарда тутилади. в) Минтақавий йўлларини жорий таъмирлаш ишлари бўйича: қурилишнинг дастлабки ойи мобайнида аванс тўловлари қурилишнинг прогноз қилинаётган йили учун тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича белгиланган ишлар қийматининг 30 фоизи миқдорида ажратилиши; ҳар ойда, ажратилган авансни мутаносиб равишда ушлаб қолишни ҳисобга олган ҳолда, бажарилган ишлар қийматининг 100 фоизи миқдорида жорий молиялаштирилиши назарда тутилади. г) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва Минтақавий йўлларини ҳамда сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича: лойиҳа ишларининг дастлабки ойи мобайнида аванс тўловлари лойиҳа ишларининг тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича белгиланган ишлар қийматининг 15 фоизи миқдорида ажратилиши; қолган маблағлар, шартномаларда кўрсатилган шартларда, бажарилган ишлар қийматидан келиб чиқиб, ажратилган авансни ушлаб қолган ҳолда жорий молиялаштирилиши назарда тутилади. 29. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини, Минтақавий йўлларни ва ундаги сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлаш ишлари ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишқи қаров ва кўкаламзорлаштириш, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга Республика ва Ҳудудий жамғармаларнинг махсус ғазначилик ҳисоб рақамидан тушаётган пул маблағларини ўтказиш ва улардан мақсадли фойдаланиш учун тегишли пудрат корхоналари томонидан хизмат кўрсатиладиган банкларда 22626 – «Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари» махсус молиялаштириш ҳисоб рақамлари очилади. 30. Республика жамғармаси харажатлари прогнози тасдиқлангандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси: Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва Жиҳозлаш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни; Молия вазирлиги билан келишган ҳолда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, тўла ва жорий таъмирлаш, шунингдек уларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни; Молия вазирлиги билан келишган ҳолда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишқи қаров ва кўкаламзорлаштириш ишлари бўйича харажатларнинг йиғма сметаларини тасдиқлайди ва ўзгартиришлар киритади. 31. Ҳудудий жамғармалар харажатлари прогнози тасдиқлангандан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Минтақавий йўлларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, тўла ва жорий таъмирлаш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг ҳудудий бош бошқармалари, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ҳудудий бош бошқармалари ва Молия бош бошқармалари билан келишган ҳолда тасдиқлайди ва ўзгартиришлар киритади. 32. Жорий молия йили якунлари, шу жумладан, олдинги йилларда Республика ва Ҳудудий жамғармалар буюртмачи мажбуриятлари бўйича қурилиш-таъмирлаш, сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ва Жиҳозлаш ишлари бўйича харажатлар сметаларида назарда тутилган тўлиқ молиялаштирилмаган маблағлар олиб қўйилмайди ҳамда мақсадли равишда кейинги даврда (йилда) сарфланади. 33. Республика ва Ҳудудий жамғармаларнинг ҳисоб рақамларидан маблағларни ушбу Низомда назарда тутилмаган мақсадларга ўтказиш ва вақтинчалик олиб қўйиш таъқиқланади. 7-боб. Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш, ҳисобот ва назорат қилиш 34. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Молия бош бошқармалари Республика ва Ҳудудий жамғармаларнинг даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳисобини қонунчиликда белгиланган тартибда юритади. 35. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда: а) Ҳудудий жамғармаларга: умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи реклама объектлари (конструкциялари) қуриш учун электрон аукцион якунлари бўйича ҳуқуқ тақдим этишдан тушадиган маблағлар, шунингдект, ташқи рекламанинг ўрнатилган объектлар (конструкциялари) учун ойлик тўловларнинг белгиланган миқдорлари (60 фоизи)ни; умумий автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақасида жойлашган ер участкаларида ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, савдо, сервис объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятининг бошқа объектларини жойлаштириш ва қуриш учун ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилишдан тушадиган маблағларнинг белгиланган миқдорлари (60 фоизи)ни ҳисобланишини ҳамда тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлайди ва назорат қилади; б) мазкур банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган тушумлар, шу жумладан қарздорликлар бўйича ҳисобот (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалар билан узатиш дастури жорий этилган бўлса)ларни ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай Молия бош бошқармаларига тақдим этади. 36. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда: а) Ҳудудий жамғармаларга: маҳаллий вакиллик ҳокимияти органлари томонидан жорий этиладиган автомобилларга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари томонидан автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, суюлтирилган газ ва сиқилган газни охирги истеъмолчиларга реализация қилишда ёқилғи бирлиги учун, Минтақавий йўлларни ривожлантиришга махсус йиғимлар миқдорлари (25 сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда) бўйича тушумларни; автомобиль йўллари ва кўчалари бўйлаб автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўловларни ҳисобланишини, тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлайди ва назорат қилади; б) мазкур банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган тушумлар, шу жумладан қарздорликлар бўйича ҳисобот (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалар билан узатиш дастури жорий этилган бўлса)ларни ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай Молия бош бошқармаларига тақдим этади. 37. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш учун йиғимнинг базавий ставкасига транспорт воситаси двигатели қувватидан келиб чиққан ҳолда тоифаланадиган қўшимча коэффициентларни қўллашдан тушадиган маблағларни ҳисобланишини, Ҳудудий жамғармаларга тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлайди ва назорат қилади. Мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган тушумлар, шу жумладан қарздорликлар бўйича ҳисобот (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалар билан узатиш дастури жорий этилган бўлса)ларни ҳар чоракда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай Молия бош бошқармаларига тақдим этади. 38. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур Низомнинг 35, 36 ва 37 - бандларида назарда тутилган йиғим ва тўловларга тааллуқли қўшимча маълумотларни Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларидан сўраб олиш ҳуқуқига эга. 39. Буюртмачи ташкилотлар Республика жамғармасидан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши бўйича тегишли ҳисоботларни (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалар билан узатиш дастури жорий этилган бўлса) ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-кунидан кечиктирмай Молия вазирлигига тақдим этадилар. 40. Буюртмачи ташкилотлар Ҳудудий жамғармалардан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши бўйича тегишли ҳисоботларни (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалар билан узатиш дастури жорий этилган бўлса) ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-кунидан кечиктирмай Молия бош бошқармаларига тақдим этадилар. 41. Молия бош бошқармалари Ҳудудий жамғармалардан молиялаштирилган харажатлар бўйича тегишли ҳисоботларни (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалар билан узатиш дастури жорий этилган бўлса) ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 8-кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этадилар. 42. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Молия бош бошқармалари ва буюртмачилар томонидан тақдим этилган тегишли ҳисобот ва маълумотлар асосида, Республика ва Ҳудудий жамғармалардан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши ва фойдаланилганлиги юзасидан мониторинг юритадилар ҳамда ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борадилар. 43. Республика ва Ҳудудий жамғармалар маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади. 8-боб. Республика ва Ҳудудий жамғармаларни қайта ташкил этиш ва тугатиш 44. Республика ва Ҳудудий жамғармаларни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Общие предложения

457