ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
12177 Министерство сельского хозяйства Республики Узбекистан 08/01/2020 23/01/2020 0
Постановление Президента Республика Узбекистан
Табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш ва маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишни интеграциялаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-12177

Мамлакатимизда сўнгги йилларда маҳаллий флорага мансуб доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик ҳолатни яхшилаш, плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди.

Маҳаллий флорада 4,3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 тури доривор ҳисобланиб, биохилма-хиллик бўйича Ўзбекистон Республикаси флораси дунёда етакчи ўринларни эгаллайди.

Республикада 112 турдаги доривор ўсимликлар тиббиётда фойдаланиш учун рўйҳатга олинган ва 70 та тури фармацевтика саноатида фаол ишлатилмоқда.

Охирги йилларда йилига ўртача 38 млн АҚШ доллари миқдоридаги доривор ўсимликлар хомашёси ҳамда қайта ишланган тайёр ёки ярим тайёр маҳсулотлар Хитой (52,3%), Туркия (16,7%), Афғонистон (10,6%), Жанубий Корея (3,7%), Ҳиндистон (3,9%), Германия (1,5%) ва бошқа давлатларга (11,3%) экспорт қилинмоқда.

Шу билан бирга, бу борада ўтказилган таҳлил натижалари доривор ўсимликларни табиий заҳираларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, плантацияларини ташкил этиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган турларини кўпайтириш, бирламчи ҳамда чуқур қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар давр талабидан ортда қолаётганини кўрсатмоқда.

Табиатдаги доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, плантация усулида етиштириш ва қайта ишлашни янада ривожлантириш учун қулай агробизнес муҳитини яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини кучайтириш, таълим-фан-ишлаб чиқаришни интеграциялашувини амалга ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2020 йилдан бошлаб доривор ўсимликлар етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини (кейинги ўринларда кластерлар деб аталади) ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш илмий-инновацион маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ҳамда унинг таркибида замонавий халқаро стандарт талабларига мос лабораторияни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ҳокимлари:

доривор ўсимликлар кластерларини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарурий инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли юридик шахсларни танланишига;

ташкил этилаётган кластерларга тупроқ-иқлим шароитлари, сув таъминоти, ички ва ташқи бозорлардаги талабларини инобатга олган ҳолда доривор ва зиравор ўсимликлар жойлаштиришга мос ер майдонлари ажратилишига шахсан жавобгар эканлиги қайд этилсин.

3. Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда республикада мавжуд доривор ўсимликлар генофондини сақлаб қолиш, ноёб доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларни плантацияларда кўпайтириш, доривор ўсимликлар таркибини аниқлаш ва тайёр маҳсулотларни сертификатлаш ишларини самарали ташкил этиш;

тиббиётда расмий қўлланиладиган доривор ўсимликлар коллекция участкаси ва генбанкини ташкил этиш;

доривор ва зиравор ўсимликларни етиштиришга доир технологик хариталар ва тавсияномалар ишлаб чиқиш;

доривор ва зиравор ўсимликлар ва улар асосидаги биологик фаол қўшимчаларни сертификатлаш ҳамда доривор ўсимликлар етиштирувчи, қайта ишловчи ва бошқа субъектларга пуллик хизматлар кўрсатиш;

илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва ўтказишда лаборатория синовларини амалга ошириш;

клиник олди синовларни ўтказиш учун белгиланган тартибда виварий ташкил этиш;

таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини жорий этиш;

доривор ўсимликлар етиштирувчи ва қайта ишловчи субъектлар, соҳада фаолият юритаётган мутахассислар учун малака ошириш курслари ва консалтинг хизматларини ташкил этиш, шунингдек ёш тадқиқотчилар ва иқтидорли талабаларни илмий изланишларга жалб этиш;

доривор ва зиравор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашга доир инновацион илмий-ишланмаларни амалга ошириш.

4. Бир ой муддатда Марказ ва унинг таркибидаги лаборатория учун Тошкент давлат аграр университети ҳудудидан бино ва ер майдони ажратилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

Марказ низомини ва тузилмасини тасдиқласин;

Марказни унинг фаолиятини юқори ва касбий даражада самарали ташкил этишни таъминлашга қодир малакали ходимлар билан тўлдирсин;

Марказни жойлаштириш, уни алоқа воситалари, шу жумладан компьютер техникаси ва ўзига юклатилган вазифаларни самарали бажариш учун зарур бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминланласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Марказ ва замонавий лаборатория ташкил этиш билан боғлиқ дастлабки ҳаражатларни молиялаштириш учун Инновацион ривожланиш вазирлигининг грант маблағлари, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, халқаро грант ҳамда молия инстутитлари маблағлари жалб этилишини таъминласин.

7. 2023 йил 1 январга қадар доривор ва зиравор ўсимликлар етиштирувчи ва қайта ишловчи тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом-ашё, материаллар, техника, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда божхона тўловлари (қўшилган қиймат солиғидан ташқари) тўлашдан озод қилинади.

Бунда божхона имтиёзлари берилиши ҳисобидан бўшайдиган маблағлардан ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш учун мақсадли фойдаланилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография
ва давлат кадастри давлат қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тадбиркорлик субъектларига ажратилган ер участкаларида 2023 йил 1 январга қадар доривор ўсимликларни қуритиш, қадоқлаш ва сақлаш бўйича инфратузилма объектлари қуриш учун енгил конструкцияларни қуриш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги,  Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш тизимини молиявий қўллаб-қувватлаш учун грант маблағлари ҳамда халқаро молия институтларининг маблағлари кенг жалб қилиниши таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

бир ой муддатда доривор ўсимликлар плантацияларини;

2020-2023 йиллар давомида босқичма-босқич табиий ҳолда ўсувчи фармацевтикада фаол ишлатиладиган доривор ўсимликлар майдонларини илмий экспедициялар орқали хатловдан ўтказсин.

Бунда республикадаги мавжуд доривор ўсимликлар майдонларини илмий асосланган ҳолда хатлов қилинишини таъминлаш грант маблағлари ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига молиялаштирилиши назарда тутилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси, Тошкент фармацевтика институти, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда:

ўсимликлар хом ашёсини чуқур қайта ишлаш (субстанциялар олиш) орқали янги турдаги фармацевтик маҳсулотларни яратиш ва ишлаб чиқариш бўйича илмий-тадқиқотларни жадаллаштириш;

тизимдаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан доривор ва зиравор ўсимликларга доир илмий тадқиқотлар, янги инновацион ишланмалар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ва тизимли равишда янгилаб, тўлдириб бориш;

Марказ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, тизимидаги илмий-тадқиқот институтларнинг илмий ишланмаларини амалиётга жорий этиш, маълумотлар алмашинувини тизимини яратиш ишларини ташкил этсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда хорижий давлатларнинг доривор ва зиравор ўсимликлар етиштириш, қайта ишлаш маҳсулотлари бозорини мунтазам равишда ўргансин ҳамда ўзаро интеграциялаш ва истиқбол режаларни белгилаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати тузилмасида қўшимча
5 та штат бирлигидан иборат Доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бошқармаси ташкил этилсин.

14. Белгилансинки;

табиий ҳолда ўсувчи доривор ва зиравор ўсимликларни тўплаш (ғамлаш), уларни олиб кириш ва ташқарига олиб чиқишга рухсатномалар учун, аризаларни кўриб чиққанлик ва рухсатнома берганлик учун ундириладиган тўловларнинг 25 фоизи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига, 10 фоизи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасига йўналтирилади.

Бунда мазкур маблағлар табиий ҳолда ўсувчи, шу жумладан, йўқолиб бораётган доривор ва зиравор ўсимликларни сақлаш, уларни хатловдан ўтказиш, доривор ва зиравор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашга доир инновацион илмий-ишланмаларни амалга ошириш, доривор ва зиравор ўсимликларни етиштиришга доир технологик ҳариталар ва тавсияномалар ишлаб чиқиш харажатларини қоплаш, қонунда тақиқланмаган бошқа мақсадларга сарфланади.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизнинг доривор ўсимликлар флораси ва унинг аҳамиятини ўрганиш мақсадида доривор ўсимликларга оид мавзуларни тегишли ўқув дарсликларига киритсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси табиий ҳолда ўсувчи доривор ва зиравор ўсимликларни сақлаш ва кўпайтириш юзасидан тизимли тадбирларни амалга ошириш, деградацияга учраётган ерлардаги доривор ва зиравор ўсимликларни сақлаш ва қайта тиклаш, ажратилган “махсус ҳудуд”ларни муҳофаза қилинишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Санитария-эпидемиялогик осойишталик агентлиги бир ой муддатда табиий дори воситалари тури ва ҳажмларини кўпайтириш бўйича аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасига тақдим этсин.

18. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ёритиб бориш тавсия этилсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

                              Ўзбекистон Республикаси

  Президенти                                                     Ш. Мирзиёев

Общие предложения

279