ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
11709 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 26/12/2019 10/01/2020 8

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республики Узбекистан
Олий таълим ташкилотларининг таълим фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-11709

Лойиҳа

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Олий таълим ташкилотларининг таълим фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Сўнгги икки йилда бир қатор янги маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотларининг ташкил этилиши натижасида олий таълим ташкилотларига қабул қилинаётганлар сони 20 фоизга етказилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 95 та маҳаллий ва 21 та хорижий – жами 116 та олий таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари 50 тага яқин олий таълим муассасаларидаги маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари
ва факультетларда олий таълим бериш йўлга қўйилган.

Шунга қарамай, маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари, уларнинг филиаллари ва уларда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари
ва факультетларнинг ташкил этилиши ҳамда фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар учрамоқда. Хусусан:

биринчидан, олий таълим ташкилотлари, уларнинг филиаллари
ва уларда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари ва факультетларда таълим фаолиятининг талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги, ўқув режа
ва дастурларининг ваколатли органлар томонидан экспертизадан ўтказилмаганлиги, хориждан профессор-ўқитувчиларнинг жалб этилмаганлиги, дарсликлар ва бошқа ўқув адабиётлари, шунингдек зарур ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда лаборатория анжомлари билан жиҳозланмаганлиги талабалар ва ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда;

иккинчидан, маҳаллий ва хорижий нодавлат олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари таълим фаолиятига лицензия берилмаганлиги ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказилмаганлиги улар томонидан бериладиган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатларнинг бошқа давлатларда тан олинмаслиги билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариб, мазкур олий таълим ташкилотлари томонидан таълим фаолиятини лицензиялашга бўлган эҳтиёжни юзага келтирмоқда;

учинчидан, нодавлат олий таълим ташкилотларининг таълим фаолиятига қўйиладиган махсус лицензия талаблари ва шартлари, шунингдек илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда олий таълим ташкилотларининг ўқув режа ва дастурларини экспертизадан ўтказиш механизмларининг мавжуд эмаслиги улар фаолиятида турлича ёндашувларни келтириб чиқармоқда;

тўртинчидан, ривожланган хорижий давлатларда мавжуд бўлган давлат олий таълим ташкилотлари таълим фаолиятини лицензиялаш тартибининг мамлакатимизда жорий этилмаганлиги янги ташкил этилган олий таълим ташкилотларининг фаолиятини ташкил этишда улар давлат аккредитациясидан ўтгунга қадар бир қатор қийинчиликларни туғдирмоқда.

Янги ташкил этилаётган маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари, маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари ва қўшма факультетлар фаолиятини тартибга солиш, уларда замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлашга шароит яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – Давлат инспекцияси) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бошқа давлатларнинг олий таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар бериш ваколатини бекор қилиш ва олий таълим фаолиятини лицензия асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Белгилансинки:

а) қуйидагиларнинг таълим фаолияти мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар лицензияланади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ташкил этилган маҳаллий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, жумладан давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Республикасининг олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари;

Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган олий таълим ташкилотлари, хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари;

маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари ва факультетлар;

б) олий таълим фаолиятига лицензия маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари, ҳамкорликда ташкил этилган олий таълим ташкилотлари, уларнинг филиаллари ва уларда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари ва факультетлар, (кейинги ўринларда – олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетлар) томонидан тақдим этилган ҳужжатлар олий таълим фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган лицензия талаблари ва шартларига тўла мувофиқ бўлганда, уларнинг ўқув режалари ва дастурлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда Давлат инспекцияси томонидан берилади;

в) олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетлар лицензия олган пайтдан бошлаб 5 йил муддатга, тиббиёт олий таълим ташкилотлари 6 йил муддатга давлат аккредитациясидан ўтган ҳисобланади;

г) таълим фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилган таълим дастурлари асосида ташкил этилган олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетларнинг битирувчиларига Ўзбекистон Республикасининг давлат намунасидаги олий маълумот тўғрисидаги ҳужжати берилади;

д) қуйидагилар:

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 таликка охирги уч йилда камида бир марта кирган;

Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Нigher Education) тўлақонли аъзолари – ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган;

Америка Қўшма Штатлари, Австралия Иттифоқи, Исроил Давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларининг ушбу давлатлар ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган хорижий олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурлари ва факультетлар ташкил этилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари
ва факультетларнинг ташкил этилишига асос бўлган битимлар, келишувлар
ва меморандумларни инвентаризациядан ўтказган ҳолда
қўшма таълим дастурлари ва факультетлар ташкил этиш тўғрисидаги намунавий битим лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

икки ой муддатда хорижий олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетларнинг ўқув режалари ва дастурлари, хориждан келтириладиган дарсликлар, ўқув ва ўқув-услубий қўлланмалар, шунингдек бошқа ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказсин ҳамда уларнинг қўлланишига доир хулосалар ишлаб чиқсин;

2020 йил 1 сентябрга қадар ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари билан музокаралар ўтказиш орқали хорижий олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетларда таълим олиш учун белгиланган тўлов-шартнома миқдорини мақбуллаштириш чораларини кўрсин.

4. Давлат инспекцияси:

таълим фаолиятига лицензия берилган олий таълим ташкилотлари
ва қўшма факультетлар рўйхатини ўз расмий веб-сайтига жойлаштирсин ҳамда доимий янгилаб борилишини таъминласин;

ҳар ўқув йилида хорижий олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетларнинг педагог ходимлари ва талабалари ўртасида таълим жараёнининг ташкил этилиши ва сифатини аниқлашга оид аноним сўровномалар ўтказсин ҳамда сўровномалар натижаларини таҳлил қилган ҳолда таълим сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

қўшма таълим дастурлари ва факультетлар олий таълим ташкилотида мавжуд бўлган таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида ташкил этилиши мумкин, лекин мавжуд таълим йўналишлари ва мутахассисликларига мос бўлган қўшма таълим дастурлари ва факультетлар ташкил этишга йўл қўйилмайди;

қўшма таълим дастурлари ва факультетларда таълим олаётган талабаларнинг ўқишини бошқа таълим йўналишлари ва мутахассисликларга кўчириш тақиқланади.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда бошқа ваколатли давлат органлари раҳбарлари:

нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш мажбурий тартибда лицензияланадиган фаолият тури эканлигини инобатга олган ҳолда, тегишли ҳудудлардаги юридик шахсларни бундай фаолият турини махсус рухсатнома (лицензия) олмасдан туриб реклама қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирсинлар;

таълим фаолияти аккредитация қилинмаган ёки тегишли лицензияни олмасдан нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган олий таълим ташкилотларини реклама қилиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олсинлар ва бунга чек қўйсинлар;

реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш бўйича аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан тегишли ахборотни жавобгарлик чораларини қўллаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига зудлик билан етказсинлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хорижий олий таълим муассасаларига киритиш мақсадида пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият, шунингдек нодавлат олий таълим хизмати кўрсатиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланишга йўл қўймаслик соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтириш, бу борадаги текширувлар самарадорлигини ошириш ва қонунга зид ҳолатлар аниқланганда эса айбдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўлласин.

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига, шу жумладан, электрон оммавий ахборот воситаларига Давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг маслаҳати кўмагида олий таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш, аккредитация қилинмаган
ёки тегишли лицензияни олмасдан нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган олий таълим ташкилотларини реклама қилишнинг салбий оқибатларини кенг ва танқидий ёритиш тавсия этилсин.

9. Давлат инспекцияси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари, маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга ошириладиган қўшма таълим дастурлари ва факультетлар фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомни ҳамда маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетлар учун қўйиладиган лицензия талаблари ва шартларини тасдиқлаш бўйича қарор лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

            Президенти                                                     Ш. Мирзиёев

Общие предложения

1415