ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
11660 Государственный комитет Республики Узбекистан по земельным ресурсам, геодезии, картографии и государственному кадастру 25/12/2019 10/01/2020 32

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
О мерах по совершенствованию системы регистрации недвижимости и кадастра
ID-11660

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

 

 

 

 

Кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олишни такомиллаштириш, давлат кадастрларини юритиш, геофазовий ахборотни шакллантириш бўйича бир қатор туб ўзгаришлар амалга оширилди. Аҳоли ва тадбиркорлар учун рўйхатга олишнинг ҳуқуқий базаси яратилди ва тартиб-таомиллари соддалаштирилди.

Шу билан бирга, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш тизимини ўрганиш натижалари бир қатор камчиликларни аниқлаб бердики, улар мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, прогнозлаш ва бизнесни ривожлантириш учун тўғри бошқарув қарорларини қабул қилишга тўсқинлик қилади.

Бундан ташқари, мавжуд имкониятлар ва салоҳиятдан етарлича фойдаланмаслик, шунингдек қуйидаги кўрсатилган тизимли муаммоларнинг мавжудлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини тизимли юритиш, кўчмас мулкнинг кадастр баҳосини шакллантириш тизимини янада такомиллаштиришга тўсқинлик қилмоқда, хусусан:

биринчи – кўчмас мулк объектларини рўйхатга олиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалиётга етарлича жорий этилмаганлиги оқибатида “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботининг тегишли  индикаторлари бўйича мамлакат рейтинги паст ўринларда қолмоқда;

иккинчи – яратилган ахборот тизимларига қарамай, ваколатли вазирликлар ва идоралар томонидан ҳар бир давлат кадастри бўйича геоахборот маълумотлар базалари шакллантирилмаган;

учинчи – кўчмас мулк объектлари бўйича давлат кадастр ҳисобга олиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш билан тўлиқ қамраб олинмаган;

тўртинчи – кўчмас мулкни давлат кадастр ҳисобига олиш ва унга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи маъмурий бошқарув тизими мураккаб тузилмага эга;

бешинчи – тармоқда давлат-хусусий шериклик элементлари жорий этилмаган;

олтинчи – тармоқни молиявий ривожлантириш, давлат кадастр маълумотлари монетизациясининг мақсадли параметрлари йўқ, бу кадастр
ва геофазовий ахборот тизимини модернизация қилиш ва доимий қўллаб-қувватлашга тўсқинлик қилади;

еттинчи – маълумотларни сақлаш ва шакллантириш усулларининг эскирганлиги, уларнинг ортиқча ёпиқлиги геофазовий маълумотлар тармоғини ривожлантиришга тўсқинлик қилади;

саккизинчи – хариталарни рақамлаш тўлиқ шакллантирилмаган, кадарстр архивлари ҳали-ҳануз қоғоз ташувчиларда қолиб кетмоқда;

тўққизинчи – манзилли реестрнинг мавжуд эмаслиги давлат хизматларини, шу жумладан, интерактив тарзда тақдим этишга жиддий тўсқинлик қилмоқда.

Ушбу ҳолатлар ҳамда тўпланиб қолган тизимли муаммолар кўчмас мулк объектларининг давлат кадастр ҳисоби ва уларга бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш, давлат кадастрларини юритиш, геофазовий ахборотни яратиш ва фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан ислоҳ қилишни тақозо этади.

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида, Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳот концепциясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек геофазовий ахборотни яратиш ва ундан фойдаланиш, давлат кадастрларини юритиш
ва кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар негизида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси қошида Кадастр ва геофазовий ахборот агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) ташкил этилсин:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси таркибидаги Давлат кадастрлари миллий маркази;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари.

2. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Давлат кадастрларини юритиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш;

Давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастри, манзилли реестр, ҳудудларнинг давлат кадастрини юритишни ташкил қилиш;

Ягона давлат кадастрлари тизими, Миллий географик ахборот тизими, Фазовий маълумотларнинг миллий инфратузилмаси, Доимий амал қилувчи турган жойни аниқловчи глобал йўлдош станциялари миллий тармоғи, кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказишнинг интеграцияланган ахборот тизими – электрон ҳукумат тизимининг базавий платформаси таркибий элементларини ишлашини таъминлаш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш, кўчмас мулкни ёппасига кадастр баҳолаш, фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани, техник бошқарув ва стандартлаштириш тизимини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш орқали такомиллаштириш;

ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг шаффоф ва умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган тизимининг амал қилишини таъминлаш;

кўчмас мулк объектларини оммавий кадастр баҳолашни ташкил қилиш ва амалга ошириш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш, кўчмас мулкни оммавий кадастр баҳолаш, фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳаларида илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш ва амалга ошириш;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш, кўчмас мулкни оммавий кадастр баҳолаш, фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланиш соҳаларида  мутахассисларни қайта тайёрлаш ва мунтазам малакасини оширишни ташкил қилиш;

халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида замонавий технологиялар ва стандартларни жорий этиш.

3. Қуйидагилар:

Агентлик марказий аппаратининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Кадастр ва геофазовий ахборот агентлиги ҳудудий бўлинмаларининг намунавий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давергеодезкадастр қўмитаси деб юритилади) раисига Агентлик марказий аппарати тузилмасига  ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида, Агентликнинг Бош директорига – ҳудудий бўлинмаларнинг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек даромадни ошириш ҳисобига қўшимча штат бирликларини жорий этиш ҳуқуқи берилсин.

4. Белгилансинки:

Агентлик Давергеодезкадастр қўмитасининг Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий марказининг, тегишли Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш
ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворисидир;

Агентлик “YER AUKSION” электрон савдо майдончасининг тадбиркорларга ер участкаларини бериш ва шаҳарсозлик фаолияти бўйича оператори ҳисобланади;

Давлат хизматлари марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари учун тўланадиган йиғимлар суммасининг 5 фоиз миқдоридаги маблағларни ташкил этади.

5. Қуйидагилар Агентликни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун тушган маблағлар, Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармасига  йўналтириладиган 20 фоизини чегирган ҳолда;

фазовий маълумотларни, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда Давлат кадастрлари ягона тизими маълумотларини пуллик асосида беришдан, шунингдек бошқа ахборот хизматларини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

Давергеодезкадастр қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. 2021 йил 1 январдан кўчмас мулк объектларининг олди-сотди битимларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинсин ва ушбу функциялар Агентликнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олувчи давлат регистраторларига берилсин.

7. Агентлик Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, “Ц” мавзеси, Бунёдкор шоҳ кўчаси, 28-уй манзилига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

8. Давергеодезкадастр қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 декабргача Ягона давлат кадастрлари тизимининг геоахборот базасини шакллантиришни якунласин ва унинг натижаларига кўра Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини геопорталини яратилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ой муддатда Агентлик ҳақида низомни тасдиқласин;

икки ой муддатда кадастр, рўйхатдан ўтказиш ва геофазовий маълумотларни бериш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлар ставкаларини тасдиқласин;

2020  йил 1 июлгача Ўзбекистон Республикасининг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида” ва “Кўчмас мулкнинг давлат кадастри тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.

10. Давергеодезкадастр қўмитаси бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар   киритиш ҳақида таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг раиси А.Х.Абдуллаев зиммасига юклатилсин.

Общие предложения

1708