ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
11521 Министерство юстиции Республики Узбекистан 21/12/2019 04/01/2020 8

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-11521

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги 2019 йил 9 январдаги ПФ–5618-сон Фармонига мувофиқ ҳамда давлат бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда – давлат ташкилотлари) ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талаблар (кейинги ўринларда – минимал талаблар) 1-иловага;

Давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш ва ўқитиш тартиби тўғрисида низом 2-иловага;

Давлат ташкилотларининг ҳуқуқий саводхонлиги минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолашдан ўтказиладиган ходимлари лавозимларининг рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал талабларга мувофиқлигини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгилансин.

3. Вазирлик ва идоралар уч ой муддатда ўзларининг фаолият соҳаларидан келиб чиққан ҳолда бошқарув ходимлари билиши мажбурий бўлган соҳавий-ҳуқуқий талабларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

4. Белгилансинки, 2020 йил июль ойидан бошлаб:

давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси минимал талабларга мувофиқлиги белгиланган тартибда ҳуқуқий саводхонликни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизими орқали баҳолаб борилади;

баҳолаш натижаларини таҳлил қилиш орқали Адлия вазирлиги томонидан давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади.

5. Давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасига қўйиладиган талаблар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг олий юридик маълумотли ходимлари, давлат ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари, ҳарбий хизматчилар, шунингдек Давлат ташкилотларининг ҳуқуқий саводхонлиги минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолашдан ўтказиладиган ходимлари лавозимлари рўйхатида кўрсатилмаган ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш ва ўқитиш бўйича ўқув қўлланмалари, услубий тавсиялар ва бошқа материалларини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда:

2020 йил 1 январдан ҳуқуқий саводхонликни ошириш учун мўлжалланган махсус ахборот тармоғининг синов режимида;

2021 йил 1 январдан бошлаб эса тўлиқ режимда ишга тушишини таъминласин.

8. Ушбу қарорни ижро этиш билан боғлиқ харажатлар вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ.Давлетов ва ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Садиков зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” ___________даги ____-сон қарорига

1-илова

ДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ХОДИМЛАРИ

ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИГИНИНГ МИНИМАЛ

ДАРАЖАСИ БЎЙИЧА ТАЛАБЛАР

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган Конституция ва қонунларнинг устунлиги, хусусий мулк ҳимояси, инсон ва фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари, ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари ҳамда бурчларига оид нормаларини билиш;

2. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида қонун ҳужжатлари нормаларини билиш;

3. Коррупцияга қарши курашиш ва корруцияга йўл қўйганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини билиш;

4. Давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мазмунини билиш;

5. Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқига қўйиладиган талаблар, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини билиш;

6. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган нормаларини билиш:

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган ҳуқуқбузарликлар;

аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар;

мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар;

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар;

транспортдаги, йўл хўжалиги ва алоқа соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар;

савдо, тадбиркорлик ва молия соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар;

одил судловга тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар;

жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар;

бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар;

тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қуйидаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган нормаларини билиш:

ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли жиноятлар;

фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши жиноятлар;

Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар;

иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар;

хўжалик фаолияти соҳасидаги жиноятлар;

тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар;

одил судловга қарши жиноятлар;

жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар;

транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар;

ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар.

8. Меҳнат қонунчилигининг қуйидаги масалаларни ўз ичига олган нормаларини билиш:

меҳнат шартномаси;

иш вақти;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талаблар ва меҳнат хавфсизлиги стандартларини билиш;

дам олиш вақти;

меҳнатга ҳақ тўлаш;

кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари;

меҳнат интизоми;

меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги;

мажбурий меҳнатга тақиқлар.

9. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz) билан эркин ишлай олиш, шу жумладан, керакли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни топиш кўникмасига эга бўлиш.

10. Соҳавий-ҳуқуқий талаблар – ўзи ишлайдиган ташкилот фаолиятига оид, шу жумладан, ташкилот томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмунини билиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” ___________даги ____-сон қарорига

2-илова

Давлат ташкилотлари ходимларини ҳуқуқий саводхонликнинг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш ва ўқитиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш ва ўқитиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг олий юридик маълумотли ходимлари, давлат ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари, ҳарбий хизматчилар, шунингдек Давлат ташкилотларининг ҳуқуқий саводхонлиги минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолашдан ўтказиладиган ходимлари лавозимларининг рўйхатида кўрсатилмаган ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Давлат ташкилотлари ходимлари иш берувчи томонидан ушбу Низом талаблари билан таништирилиши шарт.

4. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат ташкилотлари – давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек устав фондида давлат улуши эллик фоиздан юқори бўлган бошқа ташкилотлар;

минимал талаблар – давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигига қўйиладиган ва белгиланган тартибда тасдиқланадиган умумий ҳамда соҳавий-ҳуқуқий талаблар;

онлайн тест синови – давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш учун ўтказиладиган тест синови;

таълим муассасаси – давлат ташкилотлари ходимларини ўқитиш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс.

5. Давлат ташкилотлари ходимларининг (кейинги ўринларда – ходим) ҳуқуқий саводхонлик даражаси белгиланган минимал талабларга жавоб бериши лозим.

6. Олий, касб-ҳунар ва ўрта махсус таълим муассасаларини тугатгандан кейин ташкилотдаги вакант лавозимга ишга кираётган ҳамда иш стажига эга бўлмаган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб бир йил ўтгач, лекин бир йилу уч ойдан ошмаган муддатда баҳолашдан ўтказилади.

7. Иш стажига эга бўлган ва ташкилотдаги вакант лавозимга ишга қабул қилинаётган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгандан кейин, лекин олти ойдан ошмаган муддатда баҳолашдан ўтказилади.

8. Ходим ҳомиладор ёки бола парваришлаш бўйича таътил даврида баҳолашдан ўтказилмайди.

2-боб. Ҳуқуқий саводхонлик минимал даражасига мувофиқлик юзасидан ходимларни ўқитиш

9. Ташкилот минимал талабларда белгиланган масалалар бўйича ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўради.

Бунда ташкилотлар юридик хизматлари ва бошқа тегишли таркибий бўлинмалари томонидан адлия органлари ва бошқа тегишли ташкилотлар мутахассисларини жалб қилган ҳолда ходимларга минимал талабларда назарда тутилган масалалар юзасидан ўқув-семинарлари ва машғулотлари ташкил қилади.

10. Ходимларга минимал талаблар бўйича ҳуқуқий билимларини юксалтиришда Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган қўлланмалар ҳамда ташкилотлар томонидан ўзининг соҳавий фаолияти бўйича минимал талаблардаги масалалар юзасидан тайёрланган методик қўлланмалардан фойдаланилади.

3-боб. Баҳолашни амалга ошириш

11. Ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси ҳуқуқий саводхонликни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизими орқали баҳоланади.

Ходимлар ҳуқуқий саводхонлигини баҳолашнинг автоматлаштирилган тизимидан фойдаланиш, тест саволлари базасини юритиш ва уни бошқаришнинг ташкилий тадбирларини амалга ошириш бўйича ҳуқуқий саводхонлик тизимининг ваколатли оператори “Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси ҳисобланади.

12. Ҳуқуқий саводхонликни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизими фаолияти ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга ва уларда юксак ҳуқуқий маданият шаклланишига кўмаклашиши керак.

13. Баҳолаш натижалари ҳуқуқий саводхонликни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизими электрон базасида беш йил давомида сақланади.

14. Ходим баҳолашни ўтказиш режаларида назарда тутилган муддатларда ҳуқуқий саводхонлик даражаси бўйича ҳар беш йилда бир марта режали баҳолашдан ўтиши шарт.

15. Давлат ва хўжалик бошқаруви, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбар ходимлари ҳуқуқий саводхонлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

16. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари марказий аппаратлари, ҳудудий бўлинмаларининг, туман (шаҳар) ҳокимликлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини баҳолаш тегишли ташкилотлар юридик хизматлари томонидан ҳудудий адлия органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

17. Ташкилот мазкур Низомнинг 6-7-бандларида назарда тутилган муддатларда баҳолашдан ўтиши лозим бўлган ходимлар тўғрисидаги маълумотларни тегишли адлия органларига тақдим қилади.

18. Ходимлар ҳуқуқий саводхонлигини баҳолаш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва тегишли давлат ташкилотларида камида беш кишидан иборат таркибда баҳолаш комиссиялари тузилади.

19. Адлия вазирлигида тузиладиган баҳолаш комиссияси таркиби Тошкент давлат юридик университети, Юристлар малакасини ошириш маркази ва бошқа ташкилотлар вакилларидан шакллантирилади.

Давлат ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий органларида тузиладиган баҳолаш комиссиялари таркиби ҳудудий адлия бошқармалари (бўлимлари), шунингдек келишувга кўра бошқа ташкилотлар вакилларидан шакллантирилади.

Комиссиялар таркиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.

Комиссиялар таркибига илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари вакиллари киритилиши мумкин.

20. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида вазир ўринбосари, давлат ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий органларида ташкилот раҳбарининг ўринбосари баҳолаш комиссиясининг раиси ҳисобланади.

21. Баҳолаш комиссияси раиси:

баҳолаш комиссияси мажлисларида раислик қилади;

баҳолашни ўтказиш жойи ва муддатларини белгилайди;

баҳолашдан ўтказиладиган шахслар рўйхатини тасдиқлайди;

тест саволлари рўйхатини тасдиқлайди;

баҳолашни ўтказиш бўйича бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилади.

Баҳолаш комиссияси раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини раис ўринбосари амалга оширади.

22. Баҳолаш комиссиялари баҳолаш бошланишидан камида ўн кун олдин ходимларни баҳолашнинг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.

23. Баҳолаш комиссиялари:

а) баҳолашни ўтказиш давомида:

баҳолашдан ўтказиладиган ходим тўғрисидаги қисқача ахборотни эшитади;

баҳолашдан ўтказиладиган ходимнинг ҳуқуқий саводхонлигини баҳолаш тизимидаги аниқ вақт режимида тестдан ўтказади;

б) ходимни баҳолаш натижаларига кўра баҳолайди;

в) баҳолашдан ўтказилаётган ходимнинг ҳуқуқий саводхонлигини яхшилаш бўйича тавсиялар беради;

г) ходимнинг баҳолашга келмаганлиги сабабларининг узрлилиги (узрли эмаслиги) тўғрисида қарор қабул қилади;

д) ишчи органга баҳолаш натижаларини тақдим этади;

е) баҳолаш ўтказилиши билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа масалаларни кўриб чиқади.

24. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва давлат ташкилотлари ҳамда уларнинг ҳудудий органлари тегишли таркибий бўлинмаси баҳолаш комиссиясининг ишчи органи (кейинги ўринларда ишчи орган деб юритилади) ҳисобланади.

Ишчи орган баҳолашни ўтказиш мобайнида қуйидаги функцияларни бажаради:

ҳуқуқий саводхонлик тизими фаолиятини мувофиқлаштириш;

ташкилотларда баҳолашни ўтказиш режаларини ишлаб чиқиш;

тест саволларини тузиш ҳамда уларнинг мазмунини ва тематик йўналишини келишиш;

баҳолашни ўтказиш санаси, жойи ва вақти тўғрисида баҳолашдан ўтиши керак бўлган ходимларни хабардор қилиш;

баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

баҳолашнинг тасдиқланган натижаларини ташкилотларга расмий тартибда юбориш;

ходимлар томонидан ушбу Низом талабларининг бажарилишини назорат қилиш;

баҳолаш комиссияси фаолиятини ташкил этишга доир бошқа функцияларни амалга ошириш.

25. Баҳолаш комиссиялари аъзоларига навбатдаги комиссия мажлислари ўтказилиши тўғрисида комиссиялар котиблари томонидан мажлис ўтказилишидан кечи билан 1 (бир) ҳафта олдин хабар қилинади.

26. Баҳолаш комиссиясининг мажлислари баҳолашни ўтказиш режаларига мувофиқ ўтказилади. Комиссия мажлислари уларда комиссия тасдиқланган таркиби аъзоларидан камида ярми қатнашганда ваколатли ҳисобланади.

27. Баҳолашдан ўтказиладиган ходим:

баҳолашдан ўтиш учун баҳолаш ўтказиладиган жойга ўз вақтида етиб келиши;

ёнида паспорти ёки унинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат бўлиши керак.

28. Паспорти ёки бошқа шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган ёки баҳолашга кечикиб келган ходимлар баҳолашга келмаган ҳисобланади ҳамда баҳолаш комиссияси қарорига биноан навбатдаги баҳолашга қўйилган ходимлар рўйхатига киритилади.

29. Баҳолаш ходим ҳуқуқий саводхонлигини баҳолашнинг автоматлаштирилган тизимидаги аниқ вақт режимида тест синовидан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

30. Тест синовини ўтказиш учун камида икки мингта саволдан иборат тест саволлари базаси шакллантирилган бўлиши шарт.

31. Тест саволларини тузиш учун ўз соҳасининг малакали мутахассислари жалб қилинади.

Саволлар махфийлик қатъий таъминланган ҳолда ходимлар ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражасига қўйиладиган талаблар доирасида ҳамда Адлия вазирлиги томонидан ходимлар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун тайёрланган ўқув қўлланмалар ва услубий тавсиялар асосида ишлаб чиқилади.

32. Тест саволлари:

Давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талаблар бўйича ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги юзасидан тузилиши;

коллизион нормаларга оид бўлмаслиги;

маълум бир норманинг мазмуни қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қайси моддасида берилганлигини билишни талаб этмаслиги;

бир-бирига яқин бир неча вариантлардан ташкил топган бўлмаслиги;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат қайси йилда қабул қилинганлигини билишни талаб этмаслиги;

аниқ, содда ва равон тилда бўлиши лозим.

33. Тест саволлари варақаси 30 та саволдан иборат бўлади. Ҳар бир тўғри жавоб 2 баллдан баҳоланади.

34. Ходим томонидан баҳолашдан ўтиш давомида маълумотномалардан, махсус ёки бошқа адабиётлардан, шунингдек бирон-бир ёзувдан, шу жумладан, электрон ёзувлардан фойдаланиш тақиқланади. Кўрсатиб ўтилган талаблар бузилган тақдирда ходим баҳолашдан четлаштирилади ва ундан ўтмаган деб ҳисобланади.

35. Баҳолаш Ишчи орган томонидан белгиланган таълим муассасалари базасида ёки бевосита ташкилотларда ташкил этиладиган махсус жойларда ўтказилиши мумкин.

36. Баҳолаш ўтказиладиган жой ахборот технологиялари воситалари ва компьютер жиҳозлари билан таъминланган бўлиши лозим.

37. Ҳар бир ходим учун баҳолашни ўтказиш муддатларига мувофиқ баҳолашни ўтказиш вақти ва жойи белгиланади, шу муносабат билан ташкилот раҳбарининг тегишли буйруғи чиқарилади.

38. Баҳолаш комиссияси мажлисида бегона шахсларнинг қатнашиши тақиқланади.

39. Ҳуқуқий саводхонликни баҳолашнинг автоматлаштирилган тизимидаги аниқ вақт режимидаги тест синови натижалари тегишли баҳолаш комиссиясининг қарори билан расмийлаштирилади.

40. Тегишли баҳолаш комиссияси ўтказилган баҳолаш натижалари асосида ходимга нисбатан қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

а) ҳуқуқий саводхонликнинг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқ;

б) ҳуқуқий саводхонликнинг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқ эмас.

41. Ходим баҳолаш бўлиб ўтиши белгиланган жойга узрли сабаб билан (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши ва шу кабилар) келмаган тақдирда уни такрорий баҳолашга қўйиш учун баҳолаш ўтказилган кундан бошлаб кечи билан 15 кун муддатда баҳолаш комиссиясига келмаганлигининг узрли сабабларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак.

42. Келмаганликнинг узрли сабаблари тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилган муддатда тақдим этилмаганда, шунингдек ходим паспортсиз ёки шахсий гувоҳномасисиз ёхуд кечикиб келганда баҳолаш комиссияси қарорига биноан навбатдаги баҳолаш жараёнига қўйилмаслиги ёки ҳуқуқий саводхонликнинг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлик бўйича баҳолашдан ўтмаган деб ҳисобланиши мумкин.

43. Баҳолаш комиссиясининг қарорига кўра ходим ҳуқуқий саводхонлиги минимал талабларга мувофиқ эмас деб топилган тақдирда адлия органи бу тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида тегишли ташкилотга унинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тавсиялар бериш бўйича тегишли чораларни кўради.

Лавозимга тайинлаш, тасдиқлаш, тавсия этиш, келишиш ва лавозимдан озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ваколатига кирадиган, шунингдек лавозимга тайинлаш, тасдиқлаш ва лавозимдан озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари билан келишиладиган мансабдор шахслар ҳуқуқий саводхонлиги минимал талабларга мувофиқ эмас деб ҳисобланган тақдирда бу тўғрида қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёзма равишда хабар қилинади.

44. Ходимлар ҳуқуқий саводхонлигини баҳолашнинг умумий натижалари Адлия вазирлиги томонидан мониторинг қилинади.

Мониторинг давомида ходимлар ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва давлат ташкилотларига тақдим этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

45. Ходимлар ҳуқуқий саводхонлигини баҳолашнинг умумий натижалари бўйича маълумотлар ҳар олти ойда бир марта Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб борилади.

4-боб. Баҳолаш натижалари юзасидан шикоят қилиш тартиби

46. Ходимларнинг баҳолаш натижалари юзасидан шикоят ҳамда эътирозлари натижалар эълон қилинганидан сўнг уч кун давомида тегишли баҳолаш комиссияси томонидан қабул қилинади.

47. Баҳолаш натижаларидан норози бўлган ходимларнинг апелляция аризаларини кўриб чиқиш учун тегишли адлия органи томонидан тасдиқланган таркибда беш кишидан иборат апелляция комиссиялари тузилади.

48. Апелляция комиссияси апелляция аризасини у тушган санадан бошлаб ўн иш куни мобайнида кўриб чиқади ва шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарорини комиссия мажлиси баённомасидан комиссия раиси имзолаган кўчирма тарзида ариза берувчига юборади.

Ариза берувчи апелляция комиссияси мажлисида қатнашиши мумкин.

49. Апелляция комиссияси апелляция аризасини кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидагилар тўғрисидаги қарорлардан биттасини қабул қилиши мумкин:

ариза берувчининг даъволари ва далилларини асосланган деб ҳисоблаш ҳамда ташкилот ходимининг ҳуқуқий саводхонлиги минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги тўғрисида янги қарор қабул қилиш;

аризачининг даъволари ва далилларини асоссиз деб ҳисоблаш ҳамда баҳолаш комиссияси қарорини ўз кучида қолдириш.

5-боб. Якуний қоидалар

50. Ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини баҳолаш ва ўқитиш билан боғлиқ харажатлар вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.

51. Баҳолашни ўтказиш ва унинг натижалари билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

52. Мазкур Низом қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Давлат ташкилотлари ходимларини ҳуқуқий

саводхонликнинг минимал даражаси бўйича

талабларга мувофиқлигини баҳолаш ва малакасини

ошириш тартиби тўғрисида Низомга

ИЛОВА

___________________________

(комиссия номи ёзилади)

комиссияси йиғилишининг _____ йил «___» _____________ даги ______-сон

Қ А Р О Р И

Раислик қилувчи:

Иштирок этганлар:

_________________________________

_________________________________

_________________________________

_________________________________

_________________________________

_________________________________

— комиссия раиси

— комиссия раисининг ўринбосари

— комиссия аъзоси

— комиссия аъзоси

— комиссия котиби

 

Т/р

Ташкилот номи

Ташкилот ходимининг

Лавозими

Тўплаган бали

Баҳолаш натижаларига кўра комиссия қарори

фамилияси

исми

отасининг исми



Комиссия раиси:

Комиссия раисининг ўринбосари

Комиссия котиби:



_______________________

_______________________

_______________________

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” ___________даги ____-сон қарорига

3-илова

Давлат ташкилотларининг ҳуқуқий саводхонлиги минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолашдан ўтказиладиган

ходимлари лавозимларининг

рўйхати

Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбар ходимлари лавозимларининг номи

1.

Вазир, давлат қўмитасининг раиси ва уларнинг ўринбосарлари

2.

Агентлик, марказ, қўмитанинг бош директори, директори, раиси ва уларнинг ўринбосарлари

3.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги республика муассасасининг раҳбари ва унинг ўринбосарлари

4.

Республика давлат инспекциясининг раиси, бошлиғи ва уларнинг ўринбосарлари

5.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари

6.

Қорақалпоғистон Республикаси вазири, давлат қўмитаси раиси, идораси раҳбари ва уларнинг ўринбосарлари

7.

Департамент, бош бошқарма, бошқарма, бўлим, шўъба, кичик бўлим, давлат бошқаруви органи, бошқа таркибий бўлинмаларининг бошлиғи, бошлиқ ўринбосарлари

8.

Вазирнинг, давлат қўмитаси раисининг, идора раҳбарининг ёрдамчиси

9.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари котибияти, бошқармаси, бўлими, бошқа таркибий бўлинмасининг бошлиғи (мудири), бошлиғининг (мудирининг) ўринбосарлари

10.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимининг ва улар ўринбосарларининг ёрдамчиси

11.

Маҳаллий давлат бошқаруви органининг бўлими, шўъбаси, бошқа таркибий бўлинмаси бошлиғи (мудири), бошлиғининг (мудирининг) ўринбосарлари

12.

Шаҳар (туман) ҳокимлари ва унинг ўринбосарлари

13.

Шаҳар (туман) ҳокимлиги котибияти, бошқармаси, бўлими, шўъбаси, бошқа таркибий бўлинмаси бошлиғи (мудири), раҳбарининг (мудирининг) ўринбосарлари

14.

Шаҳар (туман) ҳокимининг ёрдамчиси

Хўжалик бошқаруви органлари раҳбар ходимлари лавозимларининг номи

15.

Уюшма, корпорация, концерн, компания, бирлашма ва бошқа хўжалик бошқаруви органларининг раҳбари (раиси, бош директори, директори, бошлиғи, бошқарувчиси ва шу кабилар), раҳбарининг ўринбосарлари

16.

Уюшма, корпорация, концерн, компания, бирлашма ва бошқа хўжалик бошқаруви органлари бошқармаси, бўлими, шўъбаси, бошқа таркибий бўлинмасининг бошлиғи (раҳбари), бошлиғи (раҳбари)нинг ўринбосари

17.

Уюшма, корпорация, концерн, компания, бирлашма ва бошқа хўжалик бошқаруви органлари раҳбарининг (унинг ўринбосарининг) ёрдамчиси

18.

Уюшма, корпорация, концерн, компания, бирлашма ва бошқа хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий (вилоят, шаҳар, туман) бўлинмаси (бўлими, филиали ва шу кабиларнинг) раҳбари, раҳбарининг ўринбосари

19.

Уюшма, корпорация, концерн, компания, бирлашма ва бошқа хўжалик бошқаруви органлари бошқармаси, бўлими, шўъбаси, ҳудудий (вилоят, шаҳар, туман) бўлинмасининг бошқа таркибий бўғини бошлиғи (мудири)

Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бошқарув ходимларининг барча даражалардаги мутахассислари лавозимлари номи

20.

Бош ва етакчи мутахассислар, 1, 2, 3-тоифали ва тоифасиз мутахассислар

21.

Маъмурлар (савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, томоша муассасалари маъмурлари, навбатчи маъмурлари, зал маъмурлари ва шу кабилардан ташқари)

22.

Барча номлардаги бухгалтерлар

23.

Инспекторлар

24.

Методистлар

25.

Барча номлардаги иқтисодчилар

26.

Бошқарув ходимларининг бошқа мутахассислари

Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг барча даражалардаги техник ходимлари лавозимларининг номи

27.

Агентлар

28.

Архивариуслар

29.

Кутубхоначилар

30.

Хўжалик мудирлари

Бошқа ташкилотлар мутахассислари лавозимлари номи

31.

Маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари

32.

Маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари

33.

Маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари масъул котиблари

Общие предложения

726