Проекты, у которых текст на государственном языке отсутствует, будут удаляться без уведомления инициатора проекта со стороны администрации Портала
ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
11441 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 19/12/2019 03/01/2020 1

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
TEAM университетини ташкил этиш тўғрисида
ID-11441

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

 

TEAM университетини ташкил этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги
ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига, шунингдек, илғор жаҳон таълим стандартларига мувофиқ олий маълумотли юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, ёшларнинг, айниқса, мамлакат минтақаларидаги ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ундан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистон Республикасининг олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва “Business School HUMO Campus” масъулияти чекланган жамиятининг (кейинги ўринларда – “Business School HUMO Campus” МЧЖ) TEAM университетини (кейинги ўринларда – Университет) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, тадбиркорлик ва бошқарув, шунингдек бошқа соҳаларда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш;

юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни жалб этган ҳолда етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг ҳамкорликни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар корхоналари ходимларининг малакасини ошириш, хорижнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш.

3. “Business School HUMO Campus” МЧЖ Университетда таълим жараёнини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича Times Higher Education
ва/ёки Quacquarelli Symondsʼнинг ТОП-1000 рейтингига кирадиган дунёнинг етакчи университетлари билан битим тузиши маълумот учун қабул қилинсин.

4. Қуйидагилар:

Университетни Тошкент шаҳрида ва Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги филиали билан ташкил этиш;

“Business School HUMO Campus” МЧЖ томонидан Университетни ривожлантириш режаларига мувофиқ, республиканинг бошқа вилоятларида Университетнинг филиаллари ташкил этилиши мумкинлиги тасдиқлансин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади, мустақил балансига эга, ихтиёрида бўлган пул маблағлари ва мол-мулки билан ўз мажбуриятларига жавоб беради;

Университетда ўқув-методик раҳбарлик ва таълим жараёнининг олиб борилиши тузиладиган битимлар асосида етакчи хорижий олий таълим муассасалари (кейинги ўринларда – хорижий ҳамкорлар) билан ҳамкорликда ҳам таъминланади;

Университетда таълим жараёни Университет томонидан тасдиқланадиган ва хорижий ҳамкорларнинг ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ инглиз, ўзбек ва бошқа тилларда ташкил этилади;

Университетнинг таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган давлат ва/ёки хорижий ҳамкор намунасидаги диплом берилади;

давлат намунасидаги диплом берилган тақдирда, Университетда таълим жараёни Ўзбекистон Республикасининг олий таълим давлат таълим стандартлари ҳисобга олинган ҳолда, хорижий ҳамкорларнинг ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади;

Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишган ҳолда белгиланади;

Университетда таълим рақамли технологиялар, масофавий таълим хизматлари, вебинарлар, онлайн-ўқитиш, “blended learning” ва бошқа замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида амалга оширилади;

Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, шунингдек юридик шахслар – потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек, ёшларни ўқитиш учун ажратилган хайрия маблағлари
ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар асосида амалга оширилади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квоталари ҳамда тўлов-контракт миқдори ижтимоий-иқтисодий соҳадаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади.

6. Университет Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Темур Малик кўчаси, 146-уй манзилида, унинг Термиз шаҳридаги филиали эса Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри, Ҳаким ат-Термизий кўчаси, 13-уй манзилида жойлашган Сурхондарё вилояти юридик коллежи ҳудудида ташкил этилсин.

7. Университетга кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжларни ҳамда республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда ва чет эллик шериклар билан ҳамкорликда янги бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга рухсат берилсин.

8. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Ҳаким ат-Термизий кўчаси, 13-уй манзилида жойлашган Сурхондарё вилояти юридик коллежи балансида бўлган барча бино ва иншоотлар жойлашган ер участкасини “Business School HUMO Campus” МЧЖ балансига Университет филиалини жойлаштириш учун бепул асосда бериш;

Сурхондарё вилояти юридик коллежи ўқувчиларининг Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Ҳаким ат-Термизий кўчаси, 13-уй манзилидаги бинога жойлаштирилган ҳолда келгусида ўқишларини таъминлаш чораларини кўрсин.

9. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги “Business School HUMO Campus” МЧЖ ва хорижий ҳамкорнинг буюртмасига биноан 2020 йил 1 майга қадар
ўз маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни амалга оширсин:

Университетга бериладиган Термиз шаҳридаги ҳудудда жойлашган барча бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш;

мазкур ҳудудда жойлашган бино ва иншоотларни коммуникация тармоқларига, шунингдек, газ қувури, сув таъминоти, канализация, электр таъминоти, Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш учун оптик толали алоқа линияларига улаш;

ҳудудда электр энергиясини узатиш бўйича асосий ва захира линиялари билан трансформатор подстанциясини ўрнатиш.

10. Белгилаб қўйилсинки, Университетнинг жорий фаолиятини молиялаштириш унинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш
ва капитал таъмирлаш, шунингдек, зарур ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари, мебель, компьютер техникаси, ўқув ва методик адабиётлар ҳамда бошқа
моддий-техник воситалар билан таъминлаш:

Университет муассисларининг маблағлари;

тўлов-шартнома асосида талабаларни ўқитишдан тушган маблағлар;

Университет томонидан шартнома асосида ишлар ва хизматлар амалга оширилиши натижасида тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар, шу жумладан, хорижий ҳамкорларнинг молиявий маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

11. Университет 2023 йил 1 январга қадар:

барча турдаги солиқларни тўлашдан;

фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ўқув-тарбия жараёнига жалб қилинадиган хорижий ўқитувчилар ва мутахассисларнинг иш ҳақидан олинадиган ягона ижтимоий тўловдан;

жалб қилинадиган хорижий ўқитувчилар ва мутахассислар учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган даромад солиғини тўлашдан;

Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун “Business School HUMO Campus” МЧЖ ва Университет томонидан олиб келинадиган ускуналар, компьютер техникаси, мультимедиа ва дастурий таъминот маҳсулотлари, тренажёрлар, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентарлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.

12. Белгилансинки, четдан олиб келинадиган товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда имтиёзлар берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириб олинади.

13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Университет буюртмасига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига консуллик ва бошқа йиғимлар ундирмасдан кириш визалари белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Университет буюртмасига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига давлат божи ундирмасдан кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш жойида вақтинча прописка қилиниши ва муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги белгиланган тартибда Университет буюртмасига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчилар
ва маъмурий ходимлар томонидан давлат божи ундирмасдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар олинишини (узайтирилишини) таъминласин.

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг
                           Бош вазири                                                             А. Арипов

Общие предложения: 1

2260