ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
11101 Центральный банк Республики Узбекистан 12/12/2019 27/12/2019 0

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисидаги низом
ID-11101

Лойиҳа

Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 майдаги ПФ–5715-сон “Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Марказий банк раиси

М.Б. Нурмуратов

Тошкент ш.,

2019 йил “__” ________

____-сон

Лойиҳа

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2019 йил “__” ___________

__/__ - сон қарорига

ИЛОВА

Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти фаолиятини мувофиқлаштириш

ва тартибга солиш тўғрисидаги низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги (янги таҳрири) Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 майдаги ПФ–5715-сонли “Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) – молиявий маблағларни жалб қилиш ва уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;

қарздор-банк – ташкилот томонидан молиявий ресурсларни ажратиш йўли билан ипотека кредитлари қайта молиялаштирилган тижорат банки;

риск аппетит – ташкилот стратегик мақсадларига ва бизнес-режа кўрсаткичларига эришишда ўзининг таваккалчиликларни бошқариш салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, қабул қилишга тайёр бўлган таваккалчиликларнинг энг юқори даражалари ва турлари;

регулятив капитал – ташкилот фаолиятини тартибга солиш ва пруденциал нормативлар ҳисоб-китобини амалга ошириш мақсадида ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқланадиган капитал;

левераж – ташкилот жами активларининг капитал билан таъминланганлик даражасини акс эттирувчи кўрсаткич.

  1. Ташкилот ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун қарздор-банкка ва уй-жой сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитига мувофиқлик мезонларини (бундан буён матнда мувофиқлик мезонлари деб юритилади) белгилайди.
  2. Ташкилот томонидан қарздор-банкка ажратиладиган кредитлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Марказий банки томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар, қарздор-банк томонидан жисмоний шахсларга уй-жой сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредити (бундан буён матнда уй-жой ипотека кредити деб юритилади) ва банк депозитлари билан таъминланиши мумкин.
  3. Қарздор-банкка қуйидаги ҳолларда:

унинг охирги ҳисобот санасига тузилган молиявий ҳисоботига аудиторлар томонидан қўшимча шарҳ билан хулоса берилган бўлса;

кетма-кет охирги тўрт чоракда фаолиятини зарар билан якунлаган бўлса;

Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал нормативларга риоя этмаса ташкилот томонидан кредит ресурслари ажратилмайди.

  1. Ташкилот қарздор-банкнинг гаров таъминотини қайта молиялаштиришдан аввал баҳолаши, шунингдек қайта молиялаштирганидан сўнг ҳар олти ойда камида бир марта қайта баҳолаши лозим.
  2. Қайта молиялаштириш кредити таъминотига қабул қилинган уй-жой ипотека кредити муддатидан олдин тўлиқ сўндирилса ёҳуд 90 кундан ошган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса, ташкилот қарздор-банкдан бундай таъминотни мувофиқлик меъзонларига мос келувчи таъминотга алмаштириб берилиши талаб қилинади. Таъминотга қабул қилинган уй-жой ипотека кредити қисман сўндирилган ҳолларда кредитнинг сўндирилган қисмига тенг миқдордаги таъминот алмаштириб берилади.

Қарздор-банк таъминотни алмаштириб бериши ёки унга ажратилган ресурснинг мувофиқлик меъзонларига мос келувчи таъминот билан таъминланмаган қисмини ташкилотга қайтариб бериши мумкин.

  1. Ташкилот ўз фаолиятини қуйидаги маблағлар ҳисобидан молиялаштиради:

ўз маблағлари;

маҳаллий ва халқаро капитал бозорларидан жалб этилган молиявий ресурслар;

молиявий ташкилотлар, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва бюджет маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Ташкилот қимматли қоғозларни чиқаришга ва уларни инвесторлар орасида жойлаштиришга ҳақли.

Шунингдек, ташкилот молия бозори инфратузилмасининг бир қисми бўлган юридик шахсларни ташкил этиши ва (ёки) юридик шахсларнинг устав фондларидаги (устав капиталларидаги) улушларни (акцияларни) сотиб олиши мумкин.

  1. Ташкилотга юридик ва жисмоний шахслардан депозитлар (омонатлар) қабул қилиш ва жисмоний ва юридик шахслардан (банклардан ташқари) қарз маблағларини жалб этиш тақиқланади.
  2. Ташкилот асосий ҳисобварағини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очади.
  3. Ташкилот пул маблағларини қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозларига;

Ўзбекистон Республикасидаги банкларга депозитга йўналтириши мумкин.

2-боб. Ташкилотни ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари реестрига киритиш тартиби

1-§. Ташкилотнинг устав капитали

  1. Ташкилот акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади ва устав капиталининг энг кам миқдори 25,0 миллиард сўм этиб белгиланади.
  2. Ташкилотнинг устав капитали Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида шакллантирилади ва муассисларининг пул маблағларидан ташкил топади.
  3. Ташкилотнинг устав капиталини шакллантириш учун кредитга, гаровга олинган маблағлардан, шунингдек мажбурият юклатилган бошқа маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
  4. Ташкилот устав капиталининг энг кам миқдори ташкилотни ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари реестрига (бундан буён матнда реестр деб юритилади) киритиш тўғрисидаги ариза Марказий банкка тақдим этилган кунга қадар тўлиқ шакллантирилган бўлиши керак.

2-§. Ипотекани қайта молиялаштирувчи ташкилотнинг таъсисчилари (акциядорлари)

  1. Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари (бундан буён матнда норезидентлар деб юритилади) ташкилот муассислари (акциядорлари) бўлиши мумкин.
  2. Қуйидаги шахслар:

имтиёзли солиқ режимини тақдим этувчи ва (ёки) молиявий операцияларни ўтказишда ахборот тақдим этишни назарда тутмайдиган давлатда ва ҳудудда (оффшор) яшайдиган жисмоний шахслар ҳамда шундай давлатда рўйхатга олинган юридик шахслар ва уларнинг муассислари (иштирокчилари, акциядорлари);

ташкилот устав фондининг (устав капиталининг) 10 ёки ундан ортиқ фоизини (фоизига) олган (эгалик қилган) тақдирда, иқтисодий жиноятлар ёки бошқарув тартибига қарши жиноятлар ёки жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлиги бўлган шахслар;

ташкилот устав фондининг (устав капиталининг) 10 ёки ундан ортиқ фоизини (фоизига) олган (эгалик қилган) тақдирда, юридик шахслар иштирокчисининг (акциядорининг) ёки бенефициар мулкдорининг иқтисодий жиноятлар ёки бошқарув тартибига қарши жиноятлар ёки жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлик ҳолати тугалланмаган бўлса, ўша юридик шахслар;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва жамоат фондлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса ташкилот муассислари (акциядорлари) бўла олмайди.

  1. Ташкилотнинг бир акциядори унинг устав капиталининг 25 фоиздан ортиқ қисмига бевосита ёки билвосита эгалик қилиши мумкин эмас, бундан Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки гуруҳи (Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия коорпорацияси, Халқаро инвестицияларни кафолатлаш агентлиги, Халқаро тараққиёт ассоциацияси), Осиё тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестиция банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Европа инвестиция жамғармаси, Ислом тараққиёт банки, Европа Кенгашининг тараққиёт банки ва қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.

3-§ Ташкилотни реестрга киритиш

  1. Ташкилот реестрга киритилгунга қадар ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга ҳақли эмас.
  2. Ташкилотнинг номида “ипотекани қайта молиялаштириш” сўз бирикмаси ва унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилиши керак.
  3. Ташкилотни реестрга киритиш учун қуйидаги талаб ва шартлар бажарилиши лозим:

қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши;

устав капитали белгиланган энг кам миқдордан кам бўлмаган миқдорда пул маблағлари кўринишида шакллантирилган бўлиши;

ташкилотнинг ижроия органи раҳбари ва бош бухгалтери ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс белгиланган малака талабларига мувофиқлиги.

  1. Ташкилотни реестрга киритиш учун ташкилотнинг муассислари ёки уларнинг манфаатларини Марказий банкда ифода этишга вакил қилинган шахс (бундан буён матнда ариза берувчи деб юритилади) ташкилот давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг Марказий банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза, унда ташкилотнинг номи, ҳисобварағи очилган банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисобварағи рақами кўрсатилади;

давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

таъсис ҳужжатлари;

ташкилотнинг ижроия органи раҳбари ва бош бухгалтерини ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсни тайинлаш бўйича муассислар (акциядорлар) умумий йиғилишининг қарори ва уларнинг белгиланган малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи маълумотлар;

устав капиталининг 10 фоиздан ортиғига эга бўлган муассислар ҳақидаги маълумотлар;

кейинги уч йилга мўлжалланган бизнес-режа;

кредит ва инвестиция сиёсати, таваккалчилик, активлар ва пассивларни бошқариш сиёсати;

ипотекани қайта молиялаштиришнинг бош шартнома намунаси;

муассисларнинг манфаатларини Марказий банкда ифода этишга вакил қилинган шахсга берилган ишончнома.

  1. Ташкилотни реестрга киритиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун хақ ундирилмайди.
  2. Ташкилотни реестрга киритиш ёки рад этиш тўғрисидаги Марказий банкнинг қарори ушбу низомнинг 21-бандда кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган кундан эътиборан 30 кундан ошмаган муддатда қабул қилинади.
  3. Реестр ҳамда ташкилотни реестрга киритилганлиги тўғрисидаги эълон Марказий банкнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади ва улар танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.
  4. Ташкилот ўзининг уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни, шунингдек бошқарув органлари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни Марказий банкка тақдим этади.

5-§ Ташкилотни реестрга киритилишини рад этиш

  1. Ташкилотни реестрга киритилишини рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу низомнинг 21-бандида кўрсатилган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эмаслиги ёки уларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;

ташкилотнинг устав капитали ушбу низомнинг 11-14-бандлари талабларига номувофиқлиги;

ташкилот муассислари таркибида ушбу низомнинг 16-бандида кўрсатилган шахсларнинг мавжудлиги;

ташкилотнинг ижроия органи раҳбари ва бош бухгалтери ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс малака талабларига номувофиқлиги;

ташкилотни ташкил этувчи норезидент юридик шахсни назорат қилувчи орган томонидан уни реестрга киритилишини рад этиш юзасидан тақдимнома мавжудлиги.

3-боб. Ташкилот филиалини ташкил этиш ва Марказий банкка ҳисобга қўйиш

  1. Ташкилот Ўзбекистон Республикасида филиаллар ташкил этиши мумкин.
  2. Филиални очиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ташкилот ўн кунлик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига хабарнома ва тегишли бошқарув органининг қарорини тақдим этиши шарт.

4-боб. Ташкилотнинг бошқарув органлари аъзоларига нисбатан мувофиқлик мезонлари

  1. Ташкилотнинг бошқарув органлари (кузатув кенгаши, ижроия органи) аъзолари банк-молия тизимида ишчанлик обрўси ва тажрибага эга бўлиши лозим.
  2. Ташкилотнинг ижроия органи раҳбари лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга, банк-молия йўналишида 5 йилдан кам бўлмаган умумий иш тажрибасига, шундан банк-молия тизимида раҳбар лавозимида 3 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
  3. Ташкилотнинг бош бухгалтери ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга эга ва бухгалтерия ҳисобини юритиш ёки молиявий ҳисоботни тузиш ёхуд аудиторлик фаолияти билан боғлиқ йўналишда камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
  4. Ташкилотнинг бошқарув органлари (кузатув кенгаши, ижроия органи) аъзолари лавозимларига тавсия этилаётган номзодлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва банк фаолиятига оид қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг соҳага оид идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини билиши керак.
  5. Ташкилот ходими тафтиш комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ёки аъзоси бўлиши мумкин эмас.
  6. Қуйидаги шахслар:

амалга оширган ҳаракатлари юридик шахсларнинг банкротликка ёки молиявий аҳволи ёмонлашувига олиб келганлиги тўғрисида далиллар маълум бўлган тақдирда, банкротликка учраган ёки молиявий аҳволи ёмонлашган юридик шахсларнинг собиқ раҳбарлари, бошқарув ва кузатув кенгаши аъзолари ҳамда йирик иштирокчилари (устав капиталида 10 фоиз ва ундан кўп миқдорда овоз берувчи акциялар ёхуд улушларга эга бўлган шахслар) бўлган номзодлар;

суд қарори билан ушбу лавозимда ишлаш ҳуқуқи чекланган номзодлар;

иқтисодий жиноятлар ёки бошқарув тартибига қарши жиноятлар ёки терроризмни молиялаштириш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлиги бўлган шахслар ташкилотнинг бошқарув органлари аъзолигига тайинланмайди.

5-боб. Корпоратив бошқарув борасидаги талаблар

  1. Ташкилотда корпоратив бошқарув ушбу низом ҳамда акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ташкил этилади.
  2. Ташкилотнинг бошқарув органлари бўлиб акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи ҳисобланади.
  3. Ташкилотнинг кузатув кенгаши (бундан буён матнда кенгаш деб юритилади) унинг фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.
  4. Кенгаш унинг акциядорлари вакиллари томонидан бир йил муддатга сайланади. Кенгаш аъзолигига сайланган шахслар қайта сайланиши мумкин.
  5. Кенгашнинг сон таркиби камида етти ва кўпи билан ўн беш нафар аъзодан иборат бўлиши мумкин. Бунда аъзоларнинг камида 1/3 қисми ёки уларнинг сони тўққиз нафардан кам бўлса 2 нафари мустақил аъзо бўлиши керак.
  6. Кенгаш раислигига унинг мустақил аъзоларидан бири сайланади.
  7. Кенгаш ҳар чоракда камида бир марта йиғилади ва у акциядорлар умумий йиғилишига ҳисобдордир.
  8. Кенгаш ўз мажбуриятларини бажаришда унга кўмаклашувчи қўмиталар, хусусан аудит, таваккалчиликни бошқариш, бошқарув ва ходимлар билан ишлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича қўмиталарни ташкил этиши мумкин.
  9. Ташкилотнинг ижроия органини тузиш ҳамда унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, агар ташкилот уставида ушбу масалаларни ҳал этиш кенгашнинг ваколат доирасига киритилмаган бўлса, акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра амалга оширилади. Ташкилотнинг уставига мувофиқ ёки акциядорлар умумий йиғилишининг ёхуд кенгашнинг қарорига кўра ижроия органи аъзоларини тайинлаш, қоида тариқасида, чет эллик менежерлар иштирок этиши мумкин бўлган танлов бўйича саралаш асосида амалга оширилади.
  10. Ташкилотнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш ваколати ижроия органи томонидан амалга оширилади. Ижроия органи ташкилотнинг акциядорлари умумий йиғилиши ва кенгаши олдида ҳисобдордир.
  11. Ташкилотнинг ижроия органи ва филиаллари ўз фаолиятида қонун ҳужжатларига, унинг уставига ва бошқа ҳужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботларда маълумотларнинг тўлиқ ҳамда ишончли тарзда акс эттирилиши таъминланишини, хўжалик операцияларини амалга оширишнинг белгиланган қоидалари ва тартиб-таомилларига риоя этилишини, активларнинг сақланишини, шунингдек ташкилотни бошқариш юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилишини текшириш ҳамда мониторинг олиб бориш мақсадида ташкилотда ички аудит хизмати ташкил этилади. Ташкилотнинг ички аудит хизмати унинг кенгашига ҳисобдордир.
  12. Кенгаш ўз вазифаларини бажаришда:

ташкилотда самарали ва эҳтиёткорлик билан бошқаришни таъминловчи, жумладан унинг аъзолари ўртасида масъулиятнинг тақсимланишини ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишнинг бошқарув тузилмасини жорий этиши;

ташкилот бошқарувига оид қарорлар қабул қилишда назорат ва текширув функцияларини бажариш ва тўлиқлигича ташкилот фаолияти ва молиявий барқарорлигини таъминлаши лозим.

6-боб. Таваккалчиликларни бошқариш борасидаги минимал талаблар

1-§. Умумий қоидалар

  1. Ташкилотнинг таваккалчиликларини бошқаришдан асосий мақсад бу ташкилотнинг таваккалчиликка мойиллигини кенгаш томонидан тасдиқланган риск-аппетити доирасида сақлаб туриш, ташкилот фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда унинг муассислар капиталини қийматини сақлаб туриш учун таваккалчиликларни самарали аниқлаш ва бошқаришдан иборат.
  2. Ташкилотда таваккалчиликларни бошқариш сиёсати ишлаб чиқилиши ва у камида ликвидлилик, фоиз, кредит ва операцион таваккалчиликларни бошқаришни назарда тутиши лозим.
  3. Ташкилотга фаолиятида (балансида) очиқ валюта позициясига эга бўлишга йўл қўйилмайди. Агар ташкилот хорижий валютада операцияларни амалга оширмоқчи бўлса, баланснинг қарама-қарши томонида тенг миқдорда маблағлар (актив ёки мажбурият) бўлиши ёки валюта таваккалчилиги тўлиқлигича хеджирланиши лозим.

2-§. Таваккалчиликларни бошқариш

  1. Кенгаш ташкилотнинг умумий бизнес стратегиясига мувофиқ келувчи риск-аппетити ва таваккалчиликларни бошқариш стратегиясини белгилайди, шунингдек таваккалчиликларни бошқариш устидан тегишли назоратни таъминлаши лозим.
  2. Кенгаш томонидан ташкил этилган таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси таваккалчиликларни бошқариш бўйича самарали назоратни амалга ошириши ҳамда таваккалчиликларни бошқаришга оид сиёсат ва стратегияларни ишлаб чиқиши лозим.
  3. Ижроия органи кенгаш томонидан тасдиқланган сиёсатларни амалга оширишга, жумладан ташкилотда таваккалчиликларни аниқлаш, ҳисоблаш, бошқариш, мониторинг қилиш ва ҳисобот беришга қаратилган самарали ички назорат тизими мавжудлигини таъминлашга маъсулдир.
  4. Ташкилотда таваккалчиликларни бошқариш бўйича мустақил таркибий бўлинма ташкил этилиши лозим. Таваккалчиликларни бошқариш бўлинмаси таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси орқали кенгашга ҳисобдордир.

Таваккалчиликларни бошқариш бўлинмаси етарли даражада билим ва малакага эга ходимлар билан бутланиши лозим.

  1. Ташкилот инвестиция сиёсатида ликвидлиликни бошқариш бўйича тегишли назоратни белгилаши ва у қуйидагиларни қамраб олиши зарур:

кенгаш ва ижроия органи, таваккалчиликларни бошқариш ва ғазначилик бўлинмалари масъул ходимлари, актив ва пассивларни бошқариш ҳамда таваккалчиликларни бошқариш қўмиталари аъзоларининг вазифа ва мажбуриятлари;

ликвидлилик таваккалчиликларини аниқлаш, ҳисоблаш, баҳолаш, назорат қилиш, бартараф этиш бўйича самарали услублар ва улар бўйича ҳисоботлар;

ликвидлиликни стресс-тестлар асосида таҳлили;

ликвидлиликни режалаштириш.

  1. Ташкилот фоиз ставкаларининг ўзгариши натижасида юзага келадиган таваккалчиликларни камайтириш мақсадида ўзининг қайта молиялаштирилган кредитларини уларнинг манбалари билан муддатлари ўртасидаги тафовутни имкон қадар мувофиқлаштириб боради.
  2. Ташкилот қуйидагиларни ўз ичига олувчи актив ва пассивларни бошқариш сиёсатини ишлаб чиқади:

кенгаш ва ижроия органи, таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси, таваккалчиликларни бошқариш ва ғазначилик бўлинмаларининг актив ва пассивларни бошқаришга доир мажбуриятлари;

актив ва пассивларни бошқариш қўмитаси ваколат, вазифа ва мажбуриятлари;

фоиз таваккалчиликларини аниқлаш, ҳисоблаш, баҳолаш, назорат қилиш, бартараф этиш бўйича самарали услублар ва улар бўйича ҳисоботлар.

  1. Кенгаш ликвидлилик ва фоиз ставкалари бўйича номутаносибликлар лимитларини белгилайди.
  2. Ташкилот қуйидагиларни ўз ичига олувчи кредит сиёсатини ишлаб чиқади:

кенгаш, ижроия орган, таваккалчиликларни бошқариш қўмитаси, таваккалчиликларни бошқариш ҳамда кредит бўлинмалари ходимларининг кредит таваккалчиликларини бошқаришга доир вазифа ва мажбуриятлари;

кредит таваккалчиликларини аниқлаш, ҳисоблаш, баҳолаш, назорат қилиш, бартараф этиш бўйича самарали услублар ва улар бўйича ҳисоботлар;

мувофиқлик мезонлари;

қарздор-банкларга кредит лимитларини ўрнатиш методологияси;

ипотека кредитларни қайта молиялашда талаб этиладиган зарурий ҳужжатлар;

ортиқча гаров ва гаровларни бошқариш;

қарздор-банкнинг тўлов мажбуриятларини бажара олмаслик ҳолатлари.

  1. Кенгаш қарздор-банкка нисбатан кредит ажратишнинг энг кўп миқдорини белгилаши мумкин.
  2. Таъминотини бошқариш мақсадида таваккалчиликларни бошқариш сиёсатида:

кредитнинг гаровга нисбати бўйича минимал талаб;

мувофиқлик талабига жавоб берувчи таъминот турлари;

кредит таъминоти, муддатидан аввал ёки тўлиқ тўланган ва муддати ўтган қайта молиялаштирилган уй-жой ипотека кредитлари бўйича қарздор-банк томонидан топшириладиган ҳисоботлар турлари ва муддатларига қўйиладиган талаблар;

муддатидан аввал тўланган, муддати ўтган қайта молиялаштирилган уй-жой ипотека кредитлари юзага келганда таъминотни ўзгартириш шартлари белгиланади ва ўрнатилади.

  1. Агар таъминот қиймати кредит сиёсатида ўрнатилган кредитнинг гаровга нисбати бўйича минимал талабдан кам бўлса, ташкилот қарздор-банкдан мувофиқлик талабларига жавоб берувчи қўшимча таъминотни талаб қилади.
  2. Қайта молиялаштирилган уй-жой ипотека кредитларининг фоиз ставкалари ва ўртача сўндириш муддатлари камида қайта молиялаштириш кредитларининг ўртача фоиз ставкасига ва муддатларига тенг бўлиши лозим.
  3. Ташкилот қайта молиялаштирилган кредитлар бўйича масофадан туриб назоратни амалга ошириш ва жойида текшириш ўтказиш ҳуқуқига эга.

7-боб. Ташкилотда активлар сифатини таснифлаш ва улар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш

  1. Ташкилотнинг активлари (банкларга ажратилган ресурслар, банкларга жойлаштирилган депозитлар) сифатига кўра “стандарт”, “субстандарт”, “қониқарсиз”, “шубҳали” ва “умидсиз” тоифаларга таснифланади ва улар бўйича мос равишда нол, ўн, йигирма беш, эллик ва юз фоиз миқдорида эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантирилади.
  2. Ташкилотнинг банкларга жойлаштирган активлари сифати қуйидагича таснифланади:

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 10 кунгача кечиктирилганда – “қониқарсиз”;

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 11 кундан 30 кунгача кечиктирилганда – “шубҳали”;

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 31 кундан кечиктирилганда, шунингдек актив жойлаштирилган банкнинг лицензияси чақириб олинган ёки бошқа тартибда уни тугатиш ишлари бошланганда – “умидсиз”.

Бунда актив жойлаштирилган банкларнинг молиявий кўрсаткичлари ҳамда Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал нормативларнинг бажарилиши ташкилот томонидан мунтазам ўрганиб борилади.

  1. Активларнинг қуйида келтирилган асосий шартларидан ҳеч бўлмаганда биттаси ўзгартирилган бўлса, улар шартлари қайта кўриб чиқилган активлар деб ҳисобланади:

фоиз ставкасининг пасайтирилиши, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси пасайиши муносабати билан фоиз ставкасининг пасайтирилиши ҳолатлари бундан мустасно;

асосий қарзнинг камайтирилиши ёки ундан қисман воз кечилиши;

фоизлар ва (ёки) асосий қарзга доир тўловларнинг бир қисми ёки барчасидан воз кечилиши;

активнинг асосий ва (ёки) фоизларининг тўлаш муддати кечиктирилиши ёки узайтирилиши.

Ташкилотнинг шартлари қайта кўриб чиқилган активлари сифатини таснифлаш тоифаси шартлари қайта кўриб чиқилишидан олдинги тоифасидан бир поғонага паст бўлади.

  1. Ташкилот Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига мувофиқ активлар сифатини таснифлаши ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириб бориши мумкин.

8-боб. Ички назоратга қўйилган минимал талаблар

  1. Кенгаш ташкилотда ишончли ва самарали ички назорат тизимини таъминлашга масъулдир.
  2. Ташкилотда кенгаш, унинг қўмиталари ва ижроия органи ўртасида аниқ белгиланган вазифалар тақсимоти бўлиши лозим.
  3. Ижроия орган кенгаш томонидан тасдиқланган сиёсатлар ва қарорлар ижросини амалга оширади.
  4. Ички аудит хизмати ўз фаолиятини мустақил равишда амалга оширади ва аудит қўмитасига ҳисобдордир.
  5. Кенгаш йиллик бюджет ва бизнес-режани тасдиқлаши ҳамда жорий натижаларнинг белгиланган бюджет билан мувофиқлигини назорат қилади.
  6. Кенгаш қуйидаги ички сиёсатларни тасдиқлаши лозим:

актив ва пассивларни бошқариш сиёсати;

инвестиция сиёсати;

кредит сиёсати;

таваккалчиликларни бошқариш сиёсати.

Кенгаш ташкилот фаолиятидан келиб чиқиб, бошқа сиёсатларни ҳам тасдиқлаши мумкин.

  1. Йил давомида заруратга кўра барча сиёсатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Шунингдек, барча сиёсатларни уларнинг изчиллиги ва мувофиқлигини таъминлаш мақсадида камида ҳар уч йилда бир марта қайта кўриб чиқилади.
  2. Ташкилотнинг ижроия органи ташкилотнинг молиявий ҳолати, Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденциал нормативларнинг бажарилиши, ташкилотни ривожлантириш стратегиясига эришиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек ички назоратни амалга оширишда аниқланган камчиликлар тўғрисида Кенгашга ҳар чоракда ҳисоботлар тақдим этади.

9-боб. Ташкилотда бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва аудит

  1. Ташкилот бухгалтерия ҳисобини Марказий банк томонидан белгиланган тартибда юритади.
  2. Ташкилот Марказий банк томонидан белгиланган шаклларда ҳар ойда молиявий ва назоратга доир ҳисоботларни тақдим этади.
  3. Ташкилотнинг йиллик молиявий ҳисоботлари Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари асосида тузилиши ҳамда ташқи аудит текширувидан ўтказилиши лозим.
  4. Ташкилотнинг аудиторлик текширувидан ўтказилган йиллик молиявий ҳисоботи, аудиторлик хулосаси ва аудиторлик текшируви натижаси бўйича ташкилот раҳбариятига берилган тавсиялар молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай Марказий банкка тақдим этади.
  5. Ташкилот ҳар йилги молиявий ҳисоботини молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай матбуотда ва ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

10-боб. Пруденциал талаблар

1-§. Капиталнинг монандлик коэффициентлари

  1. Ташкилот I даражали капитални номоддий активларни чегириб ташланган ҳолдаги умумий активлар суммасига нисбати сифатида аниқланадиган левераж коэффициентига риоя этиши лозим.
  2. Левераж коэффициентининг энг кичик даражаси 0,03 (3 фоиз) миқдорида белгиланади.
  3. Ташкилот регурятив капиталнинг жами таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолдаги активларга нисбати сифатида аниқланадиган капитал монандлилиги коэффициентига риоя этади.
  4. Регулятив капиталнинг монандлик коэффициенти энг кичик даражаси 0,10

    (10,0 фоиз) миқдоридан кам бўлмаслиги лозим.
  5. Ташкилот учун капиталнинг монандлик коэффициентлари ҳисоб-китоби тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.
  6. Ташкилот капиталнинг монандлик коэффициентлари ҳисоб-китобини ҳар ойда Марказий банкка тақдим этиб боради.

2-§. Ликвидлилик коэффициентлари

  1. Ташкилот мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида ликвидлиликни қоплаш коэффициенти ва соф барқарор молиялаштириш коэффициенти меъёрларига риоя қилади.
  2. Ликвидлиликни қоплаш коэффициенти юқори ликвидли активларнинг кейинги

    30 кун ичидаги жами соф чиқимга нисбати сифатида аниқланади.
  3. Ликвидлиликни қоплаш коэффициенти 100 фоизлик меъёрдан кам бўлмаслиги лозим.
  4. Cоф барқарор молиялаштириш коэффициенти барқарор молиялаштиришнинг мавжуд суммасини барқарор молиялаштиришнинг зарур суммасига нисбати сифатида аниқланади.
  5. Cоф барқарор молиялаштириш коэффициенти 100 фоизлик меъёрдан кам бўлмаслиги лозим.
  6. Ташкилот ликвидлилик коэффициентлари ҳисоб-китоби тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.
  7. Ташкилот ликвидлилик коэффициентлари ҳисоб-китобини ҳар ойда Марказий банкка тақдим этиб боради.

3-§. Бир қарз олувчи учун таваккалчилик даражаси

  1. Ташкилотнинг бир қарз олувчи учун таваккалчиликнинг энг юқори миқдори ташкилот жами активининг 30 фоизидан ошмаслиги керак.
  2. Ташкилот бир қарз олувчи учун таваккалчиликнинг энг юқори миқдори ҳисоб-китобини ҳар ойда Марказий банкка тақдим этиб боради.

11-боб. Ташкилотни инспекциядан (текширувдан) ўтказиш

  1.  Марказий банк ташкилот фаолиятини инспекциядан ўтказади.
  2. Ташкилот фаолиятини инспекция қилиш (текшириш) Марказий банкнинг ваколатли ходимлари ва/ёки Марказий банк томонидан белгиланадиган аудиторлар томонидан амалга оширилади.
  3. Ташкилот фаолияти текшируви давомида тайёрланаётган ёки содир этилганлиги аниқ бўлган жиноий ҳаракат белгилари мавжуд қоидабузарликлар аниқланса, Марказий банк бу ҳақда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.

12-боб. Ташкилотга нисбатан қўлланиладиган чора ва санкциялар

  1. Ташкилот қонун ҳужжатлари талабларини, шу жумладан белгиланган пруденциал нормативларни бузган тақдирда Марказий банк қуйидаги чора ва санкцияларни қўллашга ҳақли:

ташкилот капиталининг беш фоизигача миқдорда жарима ундиришга;

айрим операцияларни ўтказишни уч ойгача бўлган муддатга чеклашга;

ташкилотни реестрдан чиқаришга.

  1. Ташкилот томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда Марказий банк унга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ чора ва санкциялар қўллайди.

13-боб. Ташкилотни қайта ташкил этиш ва тугатиш

  1.  Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти Марказий банк у тўғрисидаги маълумотларни реестрдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган кундан бошлаб, ўттиз кун ичида ўз номидан “ипотекани қайта молиялаштириш” сўз бирикмасини чиқариш орқали қайта рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилини амалга ошириши, ёки қайта ташкил этиш ёҳуд тугатиш ҳақида қарор қабул қилиши лозим.
  2.  Ташкилотни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

14-боб. Якуний қоида

  1.  Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Общие предложения

169