ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
11072 Министерство юстиции Республики Узбекистан 11/12/2019 26/12/2019 3

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-11072

ЛОЙИҲА

 

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар
фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги

низомни тасдиқлаш ҳақида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
2019 йил 9 сентябрдаги ПФ–5816-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик
ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А. Қўчқоров
ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

       Бош вазири                                                                                                                                                                                А. Арипов

 

2019 йил “___” _________ даги

______-сон қарорига

ИЛОВА

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар

фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар (кейинги ўринларда нотариус деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Нотариус нотариал ҳаракатларни амалга оширишда жисмоний

ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан кафолатланган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлайди.

3. Нотариус фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

4. Нотариусни ҳисобга қўйиш ва уни ҳисобдан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

5. Нотариус ҳисобга қўйилганидан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари бу ҳақда эртасидан кечиктирмай Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига хабарнома юборади. Хабарнома Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига келиб тушган пайтдан эътиборан Нотариал палатанинг аъзоси бўлади ва нотариус мақомига эга бўлади.

6. Нотариус юридик шахс ташкил этмасдан ўз идорасига эга бўлади, банкда ҳисоб рақам ва бошқа ҳисоб варақлар очади, ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади ва уларни бекор қилади, иш фаолиятини ташкил этиш учун мутахассислар ёки юридик шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

7. Нотариус ўзининг фаолиятини бошлашдан олдин ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилдириши шарт.

8. Нотариус фаолият юритадиган бино ўзининг нотариал округи доирасида жойлашган бўлиши шарт.

9. Нотариуснинг номида “хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус” сўзлари бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши лозим.

Нотариуснинг номида унинг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилади.

Мисол учун: “Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ашуров Дилшод Рустамович” деб номланади.

10. Нотариуснинг муҳри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намунага мувофиқ тайёрланади.

Нотариус ўз муҳрининг эскизини келишиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларига тақдим этади.

Нотариус муҳрининг эскизи Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 28 августдаги 401-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрлар ва ҳужжатлар бланкалари тайёрлаш, фойдаланиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартибига мувофиқ кўриб чиқилади ва натижаси ҳақда нотариусга хат берилади.

11. Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда нотариуслар давлат нотариал идораси нотариуси билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади ва бир хил мажбуриятларни зиммасига олади. Улар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар бир хил юридик кучга эга.

II. Нотариус ходимлари

12. Нотариус стажёр, ёрдамчи, котиб, шунингдек нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга (таржимон, оператор, курьер

ва бошқа) эга бўлиши мумкин.

Нотариус нотариал идора ходимларини лавозимига тайинлашда

ва лавозимдан озод қилишда мустақилдир, мазкур Низомнинг

13 – 14-бандларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Нотариус фаолиятини якка ўзи ёки ходимлари билан бирга амалга ошириши мумкин.

Нотариус ўзининг иш ва дам олиш вақтини, меҳнат таътилини мустақил белгилайди.

Нотариус ходимларнинг меҳнат фаолиятини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан ташкил этади.

Нотариус ходимлар ҳақидаги маълумотни уларни ишга қабул қилгандан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органлари

ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этиши лозим.

13. Нотариус стажёрини ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг (бундан буён матнда Нотариал палата деб юритилади) тегишли ҳудудий бошқармаси тавсиясига асосан бириктирилган нотариус томонидан амалга оширилади. Нотариус томонидан нотариус стажёрини ишга қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Стажировка нотариал идорада ўталади. Нотариус стажёри ўз фаолиятини нотариус раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади.

Стажёрга раҳбар этиб нотариуслик лавозимида камида уч йил ишлаган нотариус тайинланади. Бунда бир нотариусга навбат асосида ва қоида тариқасида битта стажёр бириктирилади.

Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Нотариал палата билан биргаликда белгиланади.

14. Нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилиш Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда нотариус томонидан амалга оширилади.

Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилишни рад қилишига асос номзоднинг Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддаси талабларига мос келмаслиги ҳисобланади.

15. Нотариус томонидан ходимларнинг вазифалар тақсимоти белгилаб берилиши мумкин.

III. Нотариал фаолият ва уни молиялаштириш

16. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолият нотариал фаолият ҳисобланади.

Нотариус нотариат соҳасида давлатнинг функциясини амалга оширувчи шахс сифатида оммавий-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ҳисобланади.

17. Барча нотариал ҳаракталар “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда Тизим деб юритилади) орқали амалга оширилади.

Нотариусларнинг Тизимдан фойдаланиш ҳамда унга уланиши учун қўйиладиган техник ва дастурий талаблар ва ахборот хавфсизлиги сиёсати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

18. Нотариуслар Тизимдан фойдаланишда қуйидагиларга мажбур:

барча нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқароларнинг шахсини аниқлашнинг замонавий текшириш усулларидан фойдаланиш;

нотариал ҳаракатларни Тизимда мажбурий қайд этиш;

Тизимга нотўғри ва хато маълумотлар киритилишига йўл қўймаслик.

19. Нотариус Тизимдан фойдаланганлиги учун ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган миқдорда тўлов тўлайди.

20. Нотариус ўз фаолиятини мустақил молиялаштиради.

21. Нотариуснинг нотариал ҳаракталарни амалга оширганлик ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар кўрсатганлик учун олган пул маблағлари (кейинги ўринларда нотариус томонидан ундириладиган тушумлар деб юритилади) унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

22. Нотариус томонидан ундириладиган тушумлар тақсимоти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан амалга оширилади.

23. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан тақсимланадиган ҳар бир нотариуснинг шахсий ғазна ҳисобварағига келиб тушадиган маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тегишли ҳисобварақларга йўналтирилади.

IV. Нотариусларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

24. Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги, адлия бошқармалари, заруратга қараб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариусларнинг фаолиятини ташкил этишда:

жисмоний ва юридик шахслар мурожаат қилишлари учун қулай бўлган жойлардан нотариусларга зарур бино ва иншоотлар, шунингдек, бундай бино ва иншоотларни қуриш учун ер участкаларини ажратилишига кўмаклашади;

нотариусларнинг Тизимга уланиши ва ундан фойдаланишини таъминлайди;

нотариусларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

нотариусларни хорижий мамлакатларда тажриба алмашишига ёрдам беради.

V. Нотариал округ

25. Нотариал округ – бу Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши ҳисобга олинган ҳолда ташкил этиладиган нотариал идоранинг ҳудуди.

26. Ҳар бир туман (шаҳар) ҳудуди битта нотариал округ ҳисобланади. Нотариал округ номи туман (шаҳар) номи билан юритилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар туман (шаҳар)лари ва Тошкент шаҳар туманлари ҳар бири алоҳида нотариал округ ҳисобланади.

27. Нотариуслар нотариал округ доирасида фаолият кўрсатиш ҳудудини эркин танлаш ҳуқуқига эга.

28. Нотариуслар томонидан нотариал округ миқёсида нотариал ҳаракатларни амалга оширилиши чекланмайди, Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 37515259637482 ва 93-моддаларида назарда тутилган нотариал ҳаракатлар бундан мустасно. Бошқа холларда жисмоний ёки юридик шахс нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақли.

Нотариуснинг нотариал ҳаракатни белгиланган фаолият ҳудудидан ташқарида амалга ошириши бу ҳаракатни ҳақиқий эмас, деб топишга асос бўлмайди.

Нотариус мавжуд бўлмаган ҳудуддаги васият қилувчи оғир касал бўлган ҳолларда нотариус васиятномани ўзи хизмат кўрсатадиган ҳудуддан ташқарига чиқиб тасдиқлаши мумкин.

VI. Нотариус фаолият юритадиган бино

29. Нотариус фаолият юритадиган бинода фуқароларнинг нотариус ҳузурига кириши, нотариал ҳаракатлар махфийлиги, нотариал иш юритиш ҳужжатлари, материаллари ва нотариал архивнинг бут сақланиши, тўловларни қабул қилиш, аудио- ва видео қайд этиш учун шарт-шароитлар таъминланиши лозим.

30. Нотариус ўз фаолиятини фақат битта бинода амалга оширади.

Икки ёки ундан ортиқ нотариуслар ўз фаолиятини амалга ошириш учун битта бинода жойлашиши мумкин.

31. Қуйидагилар нотариус фаолиятини ташкил этиш учун минимал талаблар ҳисобланади:

нотариал идора биноси нотариус иш фаолиятини амалга оширадиган нотариал округ ҳудудида жойлашган бўлиши;

нотариал идора биноси ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсқинликсиз кириши учун шароитлар мавжуд бўлган бинода жойлашган бўлиши;

нотариал идора қўриқлаш (темир панжара ёки камера ва сигнализация ёхуд қўриқчи) ва ёнғин хавфсизлиги тизимига эга бўлиши;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш ва ҳужжатлар сақланиши учун махсус жиҳозланган алоҳида хона (архив) мавжуд бўлиши;

нотариуснинг муҳри, штамплари, қатъий ҳисобдаги гербли (махсус) бланкалар сақланадиган пўлат сейф ёки темир шкаф мавжуд бўлиши;

нотариал идора ходимларининг фаолият юритиши учун зарур компьютер тўплами ва бошқа техник жиҳозлар (принтер, сканер, телефон аппарати, люверс, модем қурилмалари, бармоқ изи олиш ускунаси, аудио- ва видео қайд этиш воситалари) га эга бўлиши;

нотариал ҳаракатлар намуналари, талаб қилинадиган ҳужжатлар, нотариал ҳаракат учун тўловлар ва иш тартиби тўғрисида ахборотлар кўрсатилган пешлавҳалар ёки электрон ахборот берувчи воситалар мавжуд бўлиши.

32. Нотариал идора биносининг нотариус фаолиятини ташкил этишга оид минимал талабларга мувофиқлигини текшириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан нотариуснинг иш фаолияти юзасидан комплекс, мақсадли ёки назорат текширувлари ўтказиш вақтида амалга оширилади.

33. Нотариус нотариал идора жойлашган жой ўзгарганда, шу жумладан нотариал идора биносидан фойдаланиш ҳуқуқи муддатидан олдин бекор қилинганда, бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ва Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаларига уч кун ичида хабарнома бериши лозим.

Хабарномада нотариал идора биноси жойлашган жой ва иш тартиби тўғрисида маълумот кўрсатилиши шарт.

34. Нотариус жойлашган бинонинг ташқи томонидан, бинога кириш жойида шу нотариус тўғрисида жойлаштирилган ёки нотариал фаолият билан боғлиқ хизматлар ҳақида шу бино витринасидаги қоғоз ёки электрон ахборот (пешлавҳа) реклама ҳисобланмайди ва бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатини олиш талаб этилмайди.

VII. Нотариал фаолият устидан назорат

35. Нотариуслар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, “Нотариат тўғрисида” ги қонун ҳужжатлари, нотариал ҳаракатлар махфийлиги ва нотариус қасамёдига риоя қилиниши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари амалга оширади.

36. Нотариуснинг касб этикаси қоидалари ва касб мажбуриятларига риоя этиши устидан назоратни амалга ошириш Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

37. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳамда Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари нотариусларни камерал, қисқа муддатли

ва режали текшириши мумкин.

Нотариал фаолият устидан назорат нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда, шунингдек жисмоний

ва юридик шахсларнинг шикоятлари бўйича ўтказиладиган текширишлар жараёнида амалга оширилади.

38. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари, шунингдек Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари Тизимдан фойдаланган ҳолда камерал назоратни қуйидаги чора-тадбирларни бажариш орқали амалга оширади:

барча нотариал ҳаракатларни ахборот тизим орқали онлайн тарзда мониторинг қилади;

ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатиб қўяди;

мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб нотариал ҳаракатларни кўрсатишнинг сифати ва тезкорлигини назорат қилади;

“СМС” хабарнома юбориш ҳамда идоралараро электрон ахборот алмашиш йўлга қўйилганлигини назорат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариал фаолият тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларни умумлаштириш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга оширишда тегишли давлат органлари билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш мақсадида Тизимни техник таъминлаш ва юритишга масъул орган ҳисобланади.

39. Қисқа муддатли текшириш рейд, “Сирли мижоз” тадбирлари

ва хизмат текшируви ўтказиш тартибида амалга оширилади.

40. Нотариуслар иш фаолиятида режали текшириш уч йилда камида бир марта ўтказилади. Нотариус иш фаолиятини дастлабки текшириш у иш фаолиятини бошлаганидан бир йил ўтгандан сўнг амалга оширилади.

41. Нотариус фаолиятини текширишда ваколатли шахслар ваколатини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этгандан сўнг, нотариус тегишли ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

42. Нотариуснинг фаолиятини текширишга Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасининг вакили ёки нотариуслар жалб қилиниши мумкин.

43. Текшириш натижаларига кўра маълумотнома, хизмат текшируви ўтказилганда хулоса тузилади. Текшириш натижалари бўйича тузилган ҳужжатлар нотариусга таништирилади ва бир нусха тақдим этилади.

44. Нотариус лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда, ушбу нотариуснинг тугалланмаган нотариал ҳаракатларини амалга ошириш учун бошқа нотариусга ваколат беради

ва бу ҳақида тегишли буйруқ расмийлаштирилади.

VIII. Якуний қоидалар

45. Нотариус фаолияти ихтиёрий ёки суд тартибида тугатилади.

46. Фаолияти тугатилган нотариус нотариал фаолиятига оид ҳужжатларини муқоваланган, тикилган ва рақамланган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивга икки ҳафта муддат ичида топшириши шарт.

Нотариус фаолияти тугатилганда унга тегишли муҳр, штамплар

ва ишлатилмаган гербли (махсус) бланкалар эртаси кундан кечиктирмай Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларига топширилиши шарт.

47. Нотариус вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда нотариал фаолиятига оид ҳужжатларини идоравий нотариал архивга топшириш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

48. Нотариуслар фаолиятини лицензиялаш, нотариал идорани ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш, нотариуслар фаолиятини суғурта қилиш ва улар фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

49. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Общие предложения

757