ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
10279 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 18/11/2019 03/12/2019 2

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
Сурхондарё вилояти Денов туманини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-10279

 Сурхондарё вилояти Денов туманини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Сурхондарё вилояти Денов туманининг қулай географик жойлашуви, тарихи, моддий ва маданий мероси, музейлари, ҳунармандчилиги, меҳнат салоҳияти, туризм объектлари билан ўзига хос хусусиятга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади.

Ўтган йилларда Денов туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини изчил ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Денов туманида ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳалари, ижтимоий, муҳандислик-коммуникация ва аграр тармоқларни ривожлантириш, Денов шаҳрининг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, унинг тарихий қисмини реконструкция қилиш ва ободонлаштириш мақсадида:

1. Қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади):

2020-2022 йилларда Денов туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари 1-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда Денов туманида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 2-2.2-иловаларга мувофиқ;

2020-2022 йилларда Денов туманида йўл-транспорт инфратузилмаси ва аҳолига автотранспорт хизматлари кўрсатиш тизимини, ичимлик суви ва оқова сув таъминотини, электр энергия таъминоти тизимини, табиий газ таъминотини яхшилаш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар 3-3.4-иловаларга мувофиқ;

2020-2022 йилларда Денов туманида мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунар коллежларининг моддий техника базасини ривожлантириш янги бино иншоатлар қуриш ва бошқа турдаги ижтимоий соҳа объектлари ҳолатини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар 4-4.4-иловаларга мувофиқ;

2020-2022 йилларда Денов туманида ирригация ва мелиорация тизимларини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар 5-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда Денов туманида қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, ҳудудларини ободонлаштириш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар 6-6.2-иловаларга мувофиқ;

2020-2022 йилларда Денов тумани марказидан саноат корхоналари объектларини кўчириш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар 7-иловага мувофиқ;

Денов тумани ҳудудидадан туман маркази ҳудудига ўтказилаётган ер майдонлари рўйхати 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагиларни Дастурни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг хусусан хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадларини ва турмуш даражасини ошириш;

янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш хажмларини кўпайтириш;

аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, шу жумладан, ички йўлларни ва ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш ва қайта таъмирлаш, аҳолининг тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминланганлик даражасини ошириш;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етишришни кўпайтириш ва уларни қайта ишлаш даражасини ошириш ишларини жадал ривожлантириш;

туманнинг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш ҳамда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш.

3. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Денов шаҳрига кириш қисмида қурилаётган янги бозор атрофида тирбандликнинг олдини олиш мақсадида бош режага асосан 4Р-100г давлат аҳамиятидаги автомобиль йўли ва М-41 “Бишкек-Термиз- Душанбе” халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларини боғловчи йўл ўтказгич қурилишини 2020 йил якунига кадар тўлик битказилиши ҳамда фойдаланишга топширилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги мазкур йўл ўтказгич қурилишини 2020 йилги Инвестиция дастурига киритилишини ва ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин.

4. Бош вазир ўринбосари А.А.Абдухакимов, Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари ва кадастр қўмитаси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:

Денов туманидаги “Саид-Оталиқ” тарихий ёдгорлик объектини тўлиқ тиклаш ва мукаммал таъмирлаш ишларини 2020-2021 йилларда тўлиқ амалга оширилишига;

туман марказида жойлашган “Имом Ал- Бухорий” марказий жоме масжидининг шаҳар марказида жойлашганлиги боис марказий кўчаларда тирбандликлар юзага келаётганлигини инобатга олган ҳолда, тумандаги Амир Темур СИУ Лочин маҳалласи ҳудудида янги марказий масжид биноси курилишига розилик берилсин.

5. Қурилиш вазирлиги Сурхондарё вилояти ҳокимлиги биргаликда туман марказидан кўчирилган йирик саноат корхоналарининг ер майдони ва бино иншоотлари ўрнида 7, 9 ва 12 қаватли уй жойларнинг курилиши, шаҳар ҳудудида замонавий инфратузулма объектлари ва меҳмонхонларнинг ташкил этилишини таъминласин.

6. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 2020 йилнинг I чораги якунига қадар Денов тумани “Намозгоҳ” маҳалласида қурилаётган Савдо комплекси қурилишининг тугалланишини ва туман марказида жойлашган Деҳқон бозори ҳамда буюм бозорларининг кўчирилишини таъминласин.

7. Молия вазирлиги Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда туман марказида жойлашган Деҳқон бозорининг кўчирилиши ва ўрнидан “Сайлгоҳ ҳамда аҳоли дам олиш масканлари” барпо этилишини кўзда тутган ҳолда бозор атрофида жойлашган объектларнинг бузилишида зарур бўлган компенсация тўловлари учун пул маблағларининг маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилишини таъминласин. Етишмаган қисмига республика бюджети ҳисобидан суда ажратилиши назарда тутилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари ва кадастр қўмитаси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги туманнинг Намозгоҳ маҳалласида жойлашган “Буюк ипак йўли” МЧЖ га қарашли машина бозорини жойлашуви жиҳатидан 4Р-108в, 4Р-100г ва М-41 автомобиль йўлларида тирбандликлар юзага келишига сабаб бўлаётганлиги боис, Боғи Эрам маҳалласи ҳудудига кўчирилишга розилик билдирилсин ҳамда ўрнидан янги замонавий типдаги туманлараро “Автошоҳбекат” барпо этилишини таъминлансин.

9. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги:

давлат ва хўжалик бошқарув органлари томонидан Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борилсин ва мувофиқлаштирилсин;

барча параметрлар сўзсиз бажарилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини таъминласин, ҳар ойда тизимли равишда муаммоли масалаларни кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор амалий чоралар кўрилсин;

ҳар чорак якуни бўйича Дастурдаги тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан лойиҳа ташаббускорлари фаолиятининг натижадорлигини халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари йиғилишларида муҳокама қилсин ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борилишини таъминласин;

зарурат бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа хужжатлари мавжуд бўлган тақдирда, Дастурга тегишли ўзгартиришлар киритилишига рухсат берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун лойиҳа ташаббускорларига белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан, чет эл валютасидаги кредитлар ажратиш юзасидан зарурий чораларни кўрсинлар.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мазкур карорнинг иловаларига мувофиқ марказлаштирилган маблағлар ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларни ҳар бир йил учун асосий кўрсаткичларини аниқлаштириб ва янгилаб борган холда, келгуси йиллар учун Ўзбекистои Республикасининг Инвестиция дастурлари параметрларини шакллантириш жараёнида инобатга олинишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги аҳолини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик суви ва канализация тизими билан таъминлаш бўйича муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, Дастур доирасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари асосида ишлаб чиқариш корхоналарининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига ўрнатилган тартиб ва муддатларда ўз вақтида уланишини ҳамда уларга мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб, талаб этиладиган табиий газ ва электр энергияси етказиб берилишини таъминлаш чоралари кўрилсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири - А.Н.Арипов ва Сурхондарё вилояти ҳокими - Т.А.Боболов зиммасига юклатилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Ш.Мирзиёев 

 

Общие предложения

904