ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
1009 Министерство народного образования Республики Узбекистан 23/10/2018 07/11/2018 18

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ
ID-1009

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом ўқув-тарбия жараёнининг самарадорлиги ва сифатини оширишни рағбатлантириш, умумтаълим муассасалари ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг уларнинг ўқув ва тарбия жараёнига қўшган шахсий ҳиссаси билан бевосита ўзаро алоқадорлигини таъминлаш, касб маҳорати ва малака ўсишини рағбатлантиришни кучайтириш, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган педагог кадрларни фаолиятининг натижавийлиги асосида рағбатлантиришнинг шаффоф тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш ва уни моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2005 йил
25 ноябрдаги ПҚ–227-сон ҳамда 2018 йил14 августдаги ПҚ-3907-сон “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси (кейинги ўринларда “директор жамғармаси” деб юритилади) маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Директор жамғармаси халқ таълими тизимидаги барча умумий ўрта таълим муассасаларида (кейинги ўринларда «умумтаълим муассасалари» деб юритилади), жумладан айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида ташкил этилади, имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари бундан мустасно.

Мазкур Низом талаблари бошқа вазирликлар ва идораларнинг тасарруфида бўлган умумтаълим муассасалари учун тавсиявий характерга эга.

3. Директор жамғармаси маблағлари қуйидагиларни молиялаштиришга сарфланади:

умумтаълим муассасаларининг фақат ўрнак кўрсатган педагог ходимларининг (уларнинг умумий сонининг кўпи билан 50 фоизи) баъзавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар белгилаш йўли билан моддий рағбатлантиришга;

умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатишга;

фақат тежалган маблағлар мавжуд бўлгандагина ходимларнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги бўйича тўланмаган нафақаларни молиялаштиришга.

 

2-боб. Директор жамғармасини ташкил этишнинг

мақсад ва вазифалари

 

4. Директор жамғармаси умумтаълим муассасасида ўқув-тарбия жараёнининг самарадорлиги ва сифатини оширишни рағбатлантириш, умумтаълим муассасалари ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг уларнинг ўқув ва тарбия жараёнига қўшган шахсий ҳиссаси билан бевосита ўзаро алоқадорлигини таъминлаш, педагог ходимларнинг касб маҳорати ва малака оширишини рағбатлантиришни кучайтириш мақсадида ташкил этилади.

5. Директор жамғармасини ташкил этишнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқитувчилик касбининг жозибадорлигини ошириш, умумтаълим муассасалари педагог ходимларининг тизимли равишда ўз устида ишлашлари, педагогик касб маҳоратини ошириб боришларига кўмаклашиш;

умумтаълим муассасалари педагог ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш;

хорижий давлатлар таълим тизимининг илғор тажрибаларидан фойдаланган ҳолда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида дарс бериш самарадорлигини ошириш;

ўқув-тарбия жараёнига катта шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган, ўқувчилари кўрик-танловлар, фан олимпиадалари ва мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритаётган педагог ходимлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш. 

 

3-боб. Директор жамғармасини шакллантириш тартиби

 

6. Директор жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасаси меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида шакллантирилади.

Директор жамғармасининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига нисбатан миқдори барча умумтаълим муассасалари бўйича ягона ҳисобланади.

7. Директор жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган устамалар, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам маблағлари умумтаълим муассасасининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондига киритилади ҳамда улардан давлат ижтимоий суғуртасига маблағ ўтказилади.

Директор жамғармаси ҳисобига олинган даромадлардан қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ ундирилади.

 

4-боб. Педагог ходимлар лавозим маошларига устамалар белгилаш ва умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби

 

8. Педагог ходимларнинг лавозим маошларига устамалар белгилаш, умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам бериш умумтаълим муассасаларида ташкил этиладиган Устамалар белгилаш, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам бериш бўйича Махсус комиссиялар (кейинги ўринларда “Комиссия” деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Бунда халқ таълимини бошқариш ҳудудий органлари (халқ таълими туман (шаҳар) бўлимлари ва вилоят халқ таълими бошқармалари)нинг Комиссиялар фаолиятига ҳамда улар қабул қиладиган қарорларга аралашувига йўл қўйилмайди.

9. Комиссиялар умумтаълим муассасасининг Педагогик кенгаши қарори асосида, муассаса директорининг буйруғи билан камида етти кишидан иборат қуйидаги таркибда тасдиқланади:

комиссия раиси – умумтаълим муассасаси директори;

комиссия аъзолари – маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, умумтаълим муассасаси педагог ходимлари, ёшлар етакчиси, касаба уюшмаси қўмитаси раиси, умумтаълим муассасаларининг кузатув кенгаш вакили;

комиссиянинг масъул котиби – умумтаълим муассасаси директорининг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари.

Умумтаълим муассасаси ўқувчилари сонидан келиб чиқиб, комиссия етти кишидан зиёд, тоқ сонли таркибда тасдиқланиши мумкин.

10. Комиссиянинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

директор жамғармаси маблағларининг тўғри ва самарали сарфланишини режалаштириш ва назорат қилиш;

ўқув-тарбия жараёнига катта шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган иқтидорли педагог ходимларни улар фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида аниқлаш;

директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан педагог ходимларнинг лавозим маошларига устамалар, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам тури ва миқдорини белгилаш;

ўқув-тарбия жараёнига катта шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган иқтидорли педагог ходимларнинг лавозим маошларига устама белгилаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилиш;

умумтаълим муассасалари ходимларига уларнинг мурожаатлари ёки касаба уюшмаси қўмитасининг ташаббусига кўра моддий ёрдам бериш;

педагог ходимларнинг лавозим маошларига устамалар белгилаш, моддий рағбатлантириш ва умумтаълим муассасасалари ходимларига моддий ёрдам беришда адолат ва холислик тамойилларига амал қилиш;

директор жамғармаси ҳисобидан умумтаълим муассасасининг кутубхонаси мудири ва кутубхоначиларининг лавозим маошларига устамалар белгилаш;

лавозим маошига устама белгилаш учун педагог ходимларнинг ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ва ўқувчиларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш бўйича фаолиятини, улар таълим бераётган ўқувчиларнинг билими, малака ва кўникмалари умумтаълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқлигини чораклик ва йиллик баҳолари асосида таҳлил қилиш;

лавозим маошига устама белгилаш учун умумтаълим муассасалари кутубхоналари мудирлари ва кутубхоначиларининг дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сақланиши, уларга ўқувчиларнинг қизиқишини ошириш бўйича фаолиятини мониторинг қилиш ва натижаларини таҳлил қилиш.

11. Комиссия ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни бажаради:

умумтаълим муассасаси педагог ходими ва кутубхонаси мудири ёки кутубхоначиси фаолиятининг самарадорлиги таҳлилини амалга оширади ва баҳолайди;

педагог ходимлар ўқувчиларининг билими, малакаси ва кўникмаларининг муайян синф ва ўқув фани бўйича умумтаълимнинг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини синф журналидаги қайдлар орқали таҳлил  қилади;

ўқув-тарбиявий ва ўқувчиларнинг бўш вақтини ташкил қилиш бўйича ишларни самарали амалга ошираётганлиги, ўқув-тарбия жараёни ва таълим сифатини оширишга катта шахсий ҳисса қўшаётганлиги учун лавозим маошларига устамалар белгиланадиган педагог ходимларни аниқлайди;

ҳар йили 1 июлга қадар умумтаълим муассасасининг ҳар бир педагог ходими ва кутубхонаси мудири ёки кутубхоначисининг фаолияти баҳоланади ва навбатдаги ўқув йили учун юқори натижа кўрсатган педагог ходимларга тегишли устамалар миқдорини белгилайди;

янги ўқув йили бошлангунига қадар умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши мажлисида директор жамғармаси ҳисобидан педагог ходимларнинг лавозим маошларига устамалар белгилаш тўғрисидаги қарори тўғрисида ахборот беради;

ўқув йили давомида лавозим маошларига устамалар белгиланган педагог ходимлар ва кутубхона мудири ёки кутубхоначининг фаолияти натижадорлиги устидан тизимли ички мониторинг юритади;

моддий рағбатлантириладиган ва моддий ёрдам кўрсатиладиган педагог ходимлар ва бошқа ходимларни, шунингдек рағбатлантириш миқдорини аниқлайди;

умумтаълим муассасаси ички мониторинг гуруҳи томонидан тақдим этилган натижалар ва уларнинг таҳлилларини ўз мажлисларида кўриб чиқади, педагог ходимлар ва кутубхона мудири ёки кутубхоначининг лавозим маошига белгиланган устамаларни сақлаб қолиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, зарур ҳолларда, устамалар миқдорига ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилади, қабул қилинган қарори ҳақида педагогик кенгашга хабар беради;

умумтаълим муассасалари ходимларини моддий рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.

12. Комиссиянинг устама ҳақ белгилаш бўйича йиғилишлари бир йилда камида бир марта, истисно ҳолларда заруратга кўра ўтказилади.

Зарур ҳолларда, комиссия раисининг ташаббуси ёки комиссия аъзоларидан камида икки нафарининг таклифига кўра ходимларни моддий рағбатлантириш, белгиланган устама ҳақларни қайта кўриб чиқиш ҳамда ходимнинг мурожаати ёки бошланғич касаба уюшмасининг ташаббуси моддий ёрдам бериш хақидаги масаласида комиссия мажлиси навбатдан ташқари чақирилиши мумкин.

Ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар белгилаш, умумтаълим муассасалари ходимларига мукофотлар бериш ва моддий ёрдам кўрсатиш махсус комиссия мажлиси қарори билан, очиқ муҳокама қилган ҳолда ҳамда умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши ва кузатув кенгаши фикрларини ҳисобга олиб, Директор жамғармасида назарда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

13. Комиссия мажлисини ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар комиссия масъул котиби томонидан тайёрланади ҳамда мажлисга уч кун муддат қолгунга қадар комиссия раиси ва аъзоларига тақдим этилади.

Комиссия масъул котиби ҳужжатларнинг юритилиши ва сақланишини таъминлайди.

14. Комиссия мажлислари, агар уларнинг ишида комиссия аъзолари умумий сонининг учдан икки аъзоси иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. Бунда касаба уюшмаси ва кузатув кенгаши вакилларининг иштироки мажбурий ҳисобланади.

Комиссия қарори комиссия аъзоларининг оддий, очиқ кўпчилик овоз бериши йўли билан қабул қилинади. Комиссия раиси барча аъзолардан сўнг овоз беради. Овозлар сони тенг бўлиб қолганда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссия аъзосининг лавозим маошига устама белгилаш ёки уни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётган бўлса, комиссиянинг мазкур аъзоси овоз беришда иштирок этмайди, бу ҳақида комиссия мажлиси баённомасига қайд этилади.

15. Комиссиянинг қарори мажлисда иштирок этган комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланадиган баённома шаклида расмийлаштирилади ҳамда умумтаълим муассасасининг муҳри қўйилади.

 Комиссия баённомаларини расмийлаштириш учун алоҳида кўп вароқли умумий дафтар юритилади, дафтар юқори ташкилот томонидан шнурланади ва ушбу ташкилот раҳбари томонидан саҳифаланиб имзоланади.

Комиссия мажлиси баённомаси махсус дафтарга қайд этилади ва ундан кўчирма юқори турувчи органга юборилади.

Лавозим маошларига устамалар белгилаш ва моддий рағбатлантиришнинг тўғри, холис ва адолатли амалга оширилиши учун жавобгарлик комиссия раиси ва масъул котиб зиммасига юклатилади.

16. Директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан лавозим маошига устама белгилаш, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам бериш тўғрисидаги комиссиянинг қарори асосида умумтаълим муассасаси директорининг буйруғи қабул қилинади.

17. Умумтаълим муассасасининг ҳаммага кўринадиган жойидаги ахборотлар доскаси ёки мактабнинг расмий веб-сайтида комиссиянинг қарори тўғрисидаги тўлиқ маълумот мажбурий тартибда эълон қилиб борилади.

 

5-боб. Комиссияга ҳужжатларни тақдим этиш

 

 18. Лавозим маошларига устама ҳақ белгилаш учун Комиссия масъул котиби томонидан педагог ходимлар ҳақида умумий ва улар фаолиятини мазкур низом билан тасдиқланган меъзонлар асосида баҳоланиши юзасидан таҳлилий маълумотлар жадвал шаклида комиссияга тақдим қилинади.

19. Лавозим маошларига устама ҳақ белгилаш учун кутубхона мудири ва кутубхоначилар ҳақида умумий ва улар фаолиятини мазкур низом билан тасдиқланган меъзонлар асосида таҳлилий маълумотлар жадвал шаклида комиссияга тақдим қилинади.

 

6-боб. Педагог ходимлар ва кутубхона мудирлари ёки кутубхоначиларнинг лавозим маошларига устама белгилашда қўлланиладиган услуб ва мезонлар

 

20. Педагог ходимларнинг лавозим маошларига касбий маҳорати, маънавий-ахлоқий, тарбиявий ва синфдан ташқари ишлари учун қуйидаги мезонлар асосида устама белгиланади:

 

т/р

Меъзонлар

балл

1.

Синф журналидаги чораклик баҳолар ўртача қиймати:

15 балл

2.

*Фан олимпиадаси, "Билимлар беллашуви" ва бошқа кўрик танловлар, мусобақаларнинг туман босқичида ўқувчисининг иштироки

10 балл

**Бошланғчи синф ўқитувчиларининг фаоллиги, бошланғчи синф ўқувчиларининг умумтаълим муассасасидаги кичик танловлар, тадбирларда ўқувчилари билан фаол қатнашиши

10 балл

3.

Малака тоифасининг ўсиши

5 балл

4.

Иш стажи

10 балл

5.

Синф раҳбарлиги самарадорлиги

10 балл

6.

Ўз вақтида малака оширишдан ўтганлиги

5 балл

7.

Тўгарак машғулотларининг самарадорлиги

5 балл

8.

Илмий-ижодий ишлари(баҳоланаётган календар йилида оммавий ахборот воситалари, таълимга оид ижтимоий веб-сайтлардаги чиқишлари, илмий-методик журналларидаги ҳамда турли конференцияларда мақолалари билан қатнашиши)

15 балл

9.

Умумтаълим муассасаси жамоаси ва ўқувчиларнинг ўқитувчифаолиятига берган баҳоси

15 балл

* фақатгина юқори синф ўқитувчилари фаолиятини баҳолашда қўлланилади;

**фақатгина бошланғич синф ўқитувчилар фаолиятини баҳолашда қўлланилади

21. Умумтаълим муассасасидаги ўқитувчилар олий ёки ўрта махсус маълумотлилигидан қатъий назар 20-бандда белгиланган меъзонлар асосида баҳоланади ва кўрсаткичларига кўра Комиссия қарори асосида ҳар ойлик устама олишга ҳақли.

22. Умумтаълим муассасаси ўқувчи ва ўқитувчиларининг дарсликлар, ўқув-методик мажмуаларга бўлган эҳтиёжининг тўғри шакллантирилганлиги ҳумда дарслик ва ўқуцв-меодик мажмуалар билан таъминланганлик даражаси тўғрисидаги таҳлилий маълумотнома;

дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сони ва сифати тўғрисидаги маълумотнома;

ҳудудий халқ таълими бўлими томонидан кутубхона мудири ва кутубхоначининг касбий маҳорати даражасини аниқлаш бўйича ўтказилган мониторинг натижаси асосида кутубхона мудири ва кутубхоначиларга устама ҳақ белгиланади.

 

7-боб. Умумтаълим муассасалари ходимларига белгиланадиган устамалар ва рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорлари

 

23. Ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар:

тарбиявий жараён амалга оширилишининг сифати ва самарадорлигига, синфдан ташқари ишларга ҳамда ўқувчиларни инсонпарварлик ва меҳр-шафқат руҳида тарбиялашга, тегишли синфлар ва ўқув предметлари учун тасдиқланган Давлат таълим стандартларида назарда тутилган билимлар ва кўникмалар тўлиқ ҳажмининг ўқувчилар томонидан ўзлаштириб олиниши даражасига қараб касб маҳорати ва ўқув жараёнига қўшилган аниқ ҳисса, ўқитишнинг юқори самарадорлиги ва сифати учун 40 фоизгача миқдорда белгиланади.

Ўқитувчилар ва кутубхона ходимлари фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида ойлик иш ҳақига 15 фоиздан 40 фоизгача ҳар ойлик устама ҳақ белгилаш меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

24. Умумтаълим муассасасида ўқув-тарбия жараёни сифатини янада яхшилаш, ўқитувчиларга ўз вақтида методик ёрдамни ташкил этишдаги фаоллиги учун комиссиянинг қарори билан (3-бандда белгиланган ўқитувчилар умумий сонининг 50 фоизидан ташқари) мактаб директорининг ўқув-тарбия ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарларларига 20 фоиз, умумтаълим муассасасининг фан йўналишлари бўйича методбирлашма раҳбарларига 15 фоиз ҳар ойлик устама ҳақ белгиланиши мумкин.

Бунда фан методбирлашма раҳбарига ўқитувчилиги билан бирга қўшиб ҳисоблаганда директор жамғармаси ҳисобидан бериладиган ҳар ойлик устама ҳақ 40 фоиздан ошмаслиги лозим.

25. Умумтаълим муассасаларининг раҳбар ходимларига ва ўз фаолиятини соатбай ҳақ тўлаш асосида амалга оширадиган ўқитувчиларга мазкур ҳар ойлик устамалар белгиланмайди.

26. Умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаларига Директор жамғармаси ҳисобига ҳар ойлик устамалар ҳар бир ўқув йилида олдинги ўқув йили иш якунлари бўйича белгиланади ва заруратга кўра ҳар бир ўқув ярим йиллиги якунлари бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.

27. Умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини умумтаълим муассасасини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси ва ўз фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун уларга бир йўла бир лавозим маошигача миқдорда мукофот тўлаш йўли билан амалга оширилади.

28. Умумтаълим муассасалари ходимларига моддий ёрдам уларнинг мурожаатига кўра ёки умумтаълим муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси бўйича фавқулодда ҳолларда кўрсатилади (яқин қариндоши вафот этганда, оғир жароҳат олинганда, оғир касалликка чалинганда, табиий офатдан зарар кўрилганда ва ҳоказо).

29. Умумтаълим муассасаси раҳбари (комиссия раиси)га директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириш юқори турувчи идора тавсияси асосида берилиши мумкин.

 

8-боб. Директор жамғармаси маблағларининг сарфланишини назорат қилиш тартиби

 

30. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Директор жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланишини белгиланган тартибда текширади.

31. Устамаларни белгилаш учун тақдим этилган маълумотларнинг холислиги, ошкоралиги ва тўғрилиги ҳамда уларни белгилаш тартибига риоя қилиниши учун махсус комиссиялар раҳбарлари жавоб берадилар.

Общие предложения

2224