ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
10083 Министерство водного хозяйства Республики Узбекистан 11/11/2019 26/11/2019 10

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Сувни етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш тартибини белгилаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-10083

Сувни етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган

харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш

тартибини белгилаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5742-сон Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Сувни етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш тартибини белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки, мазкур Низом 2020 йил 1 июлидан кучга киритилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 – 2022 йиллар тажрибасидан келиб чиқиб сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сув етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш тартибини такомиллаштириш юзасидан 2023 йилнинг 1 январига қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Ж. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.

 

 

                                                                                                   Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                         А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

_____ йил __________даги ____-сон қарорига
ИЛОВА

Сувни етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган

харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш

тартибини белгилаш тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) тизимидаги сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сувни етказиб бериш бўйича қилинаётган харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш ҳамда тушган маблағларни тақсимлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари гидроэнергетика соҳасидаги ташкилотларга ҳамда аҳоли истеъмоли учун ичимлик суви, иссиқ сув ва иссиқлик энергиясини етказиб берувчи коммунал соҳа ташкилотларига сув етказиб беришга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ушбу Низом асосида тўланадиган маблағларни ҳисоблашда сув истеъмолчилари уюшмаларининг кўрсатган хизматлари учун тўланадиган маблағлар киритилмаган.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

сув истеъмоли (сувни истеъмол қилиш) – юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув ресурсларидан уларни сув объектидан белгиланган тартибда олган ҳолда фойдаланиш;

сув истеъмолчиси – ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув объектидан сув ресурсларини белгиланган тартибда олувчи юридик ёки жисмоний шахс;

сув хўжалиги – иқтисодиётнинг сув ресурсларини ва сув объектларини ўрганиш, ҳисобга олиш, бошқариш, улардан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, шунингдек, сувларнинг зарарли таъсирига қарши курашишни қамраб олувчи тармоғи;

сув хўжалиги ташкилотлари – Вазирлик тизимидаги сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилувчи ҳамда сув етказиб бериш хизматларини амалга оширувчи ташкилотлар;

қишлоқ хўжалиги корхоналари – қишлоқ хўжалигини юритиш учун белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи юридик ёки жисмоний шахс (фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги кластерлари, аҳоли томорқалари ва бошқалар);

саноат ва энергетика ташкилотлари – саноат маҳсулотлари ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун техник сув истеъмол қиладиган ташкилотлар;

эксплуатация харажатлари – вазирлик ва унинг тизим ташкилотларини сақлаш ва иқтисодиёт тармоқларига сувни етказиб бериш ҳамда сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни амалга ошириш учун қилинадиган харажатлар.

4. Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан истеъмолчиларга сувни етказиб бериш бўйича хизматлар улар ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ тўловлар асосида амалга оширилади.

 

2-боб. Сувни етказиб бериш учун тўловларни аниқлаш

5. Сувни етказиб бериш харажатларини қоплаш миқдори қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдоннинг балл бонитети ва экилган экин турига қараб турлича белгиланади.

6. Қишлоқ хўжалиги корхоналари учун сув етказиб бериш харажатларини қоплаш миқдори қуйидаги формулага асосан аниқланади:

 

Хқх = Sсм*Хстэт*KББ

бунда:

Хқх – қишлоқ хўжалиги корхоналари учун сув етказиб бериш харажатларини қоплаш миқдори, сўм;

Sсм – суғориладиган майдон ўлчами, га;

Хст – бир куб м сувни етказиб бериш тарифи, сўм;

Кэт – экин турига боғлиқ коэффициент, ушбу коэффициент қуйидаги жадвал асосида аниқланади:

 

Экин турлари

Коэффициентлар, (Кэт)

Ғўза

6400

Бошоқли дон

5500

Сабзавот-полиз

9000

Картошка-пиёз

11000

Дуккакли экинлар

4000

Мойли экинлар

4500

Шоли

22000

Озуқа экинлар

6000

Боғ-токзорлар

8000

Аҳоли томорқаси

8500

Бошқа экинлар

8500

Балиқчилик

30000

 

КББ – суғориладиган майдоннинг тоифаси ва балл бонитетига боғлиқ коэффициент, ушбу коэффициент қуйидаги жадвал асосида аниқланади:

 

Ернинг тоифалари

Балл-бонитет

Коэффициентлар, (КББ)

I

0-10

1,30

II

11-20

1,40

III

21-30

1,50

IV

31-40

1,60

V

41-50

1,70

VI

51-60

1,80

VII

61-70

1,90

VIII

71-80

2,00

IX

81-90

2,10

X

91-100

2,20

Баҳоланмаган ерлар

1,50

 

3-боб. Сув етказиб бериш харажатларини аниқлаш

7. Вазирлик тизимидаги сув хўжалиги ташкилотларининг бир бирлик
(1 куб м) ҳажмдаги сув етказиб бериш харажатлари мазкур ташкилотларни сақлаш учун ажратилган маблағлар ва етказиб бериладиган сув миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.

8. Бир бирлик ҳажмдаги сувни етказиб бериш тарифи қуйидаги формулага асосан аниқланади:

 

Хст = Пхм / Ҳср

бунда:

Хст – бир куб м сувни етказиб бериш тарифи, сўм;

Пхм – тасдиқланган бюджет параметрларида календарь йилда сув хўжалиги ташкилотларини ривожлантириш ва сақлаш учун Вазирликка ажратилган харажатлар миқдори, сўм;

Ҳср – календарь йилда сув хўжалиги ташкилотлари томонидан иқтисодиёт тармоқларига етказиб бериладиган жами сув ресурси миқдори, куб м.

Ушбу тариф ҳар календарь йилнинг 1 февралигача Вазирлик томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

 

4-боб. Сув етказиб бериш харажатларини қоплаш тартиби

9. Сувни етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган харажатлар қуйидагича фоизларда қопланади:

2020 йилда – 10 фоизи;

2021 йилда – 20 фоизи;

2022 йилда – 30 фоизи;

2023 йилда – 40 фоизи;

2024 йилда – 50 фоизи.

10. Қишлоқ хўжалиги корхоналари суғориладиган экин майдони ўлчамига қараб бир йилда икки марта: 1 июль санасигача 50 фоизини, 20 декабрь санасигача қолган 50 фоизини; саноат ва энергетика ташкилотлари ҳар ой давомида етказиб берилган техник сув учун тўловларни кейинги ойнинг
5-санасига қадар сув хўжалиги ташкилотларининг Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказиб беради.

11. Сув етказиб бериш харажатларини қоплаш мақсадида истеъмолчилардан келиб тушган маблағлар сув хўжалиги ташкилоти томонидан қуйидагича тақсимланади:

90 фоизи – беш иш куни мобайнида Вазирлик ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига ўтказиб берилади;

10 фоизи – сув хўжалиги ташкилотларининг ихтиёрида қолдирилади.

 

5-боб. Сув етказиб бериш харажатларини қоплаш мақсадида истеъмолчилардан келиб тушган маблағлардан фойдаланиш тартиби

12. Вазирлик ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига техник сув етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизматлардан келиб тушган маблағлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги 500-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомда кўрсатиб ўтилган мақсадларга сарфланади.

13. Ушбу Низом 11-бандининг иккинчи хатбошида кўрсатиб ўтилган сув хўжалиги ташкилотларининг ихтиёрида қолдириладиган маблағлар қуйидаги мақсадларга сарфланади:

сув хўжалиги объектларида фавқулодда ҳолатлар юз беришининг олдини олиш ва табиий офатлар юз берган ҳолларда уларнинг салбий оқибатларини бартараф этишга;

ходимларни белгиланган тартибда ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантиришга;

сув хўжалиги ташкилотларини сақлашга, уларнинг тасарруфидаги ирригация тизимини таъмирлаш ва тиклаш ҳамда сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлашга, ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, лизинг тўловларини амалга ошириш ҳамда кадрлар малакасини оширишга йўналтирилади.

 

6-боб. Якунловчи қоида

14. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Общие предложения

386