ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во предложений
1007 Национальное агентство "Узбеккино" 23/10/2018 07/11/2018 3

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикасида кинотуризмни жадал ривожлантириш ва мамлакат киножозибадорлигини хорижда кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-1007

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2018 йил 24 июлдаги ПҚ–3880-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан бири сифатида кинотуризмини жадал ривожлантириш, хорижий кинокомпаниялар учун фильмларни кино ва видео тасвирга олиш ишларида қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакат киножозибадорлигини хорижда тарғиб қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Кинотуризмни ривожлантиришга, хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистон  Республикаси ҳудудида кино маҳсулотларини тасвирга олиш ишларида ташкилий, ишлаб чиқариш, техник ва технологик хизматлар кўрсатишга ҳамда мамлакатимиз киноиндустриясини хорижда тарғиб қилишга масъул бўлган “Ўзбекистон миллий кинокомиссияси” нодавлат нотижорат ташкилоти (кейинги ўринларда Ўзбекистон миллий кинокомиссия деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот сифатида қабул қилинсин.

2. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон кинематографиясини ривожлантириш марказининг ҳар йили энг яхши маҳаллий кино маҳсулотларини Канн, Берлин, Торонто, Пусан, Лондон, Мумбай ва бошқа машҳур халқаро кинофестивалларда ҳамда жаҳоннинг йирик нуфузли кинобозорларида миллий павильонларни ташкил қилиш йўли билан муносиб иштирок этиш ва уларда мамлакат кинолокациясини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизда халқаро кинофестивалларни ташкил этиш, ўзбек киноси кунларини хорижда ва хорижий мамлакатлар киноси кунларини мамлакатимизда ўтказиш ишлари Ўзбекистон миллий кинокомиссиясининг иштирок этиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

3. Белгилаб қўйилсинки, халқаро кинофестиваллар ва кинобозорларда маҳаллий кино маҳсулотларини намойиш этиш ҳамда ўзбек киноси кунларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қошидаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси маблағларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларидан молиялаштирилади.

4. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар:

хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги объектлар ва жойларда кино маҳсулотларини тасвирга олиш ишларини амалга ошириш учун бериладиган рухсатномаларни Ўзбекистон миллий кинокомиссиясининг мурожаати асосида ўрнатилган тартибда расмийлаштириб берилишини таъминлаш ва бошқа зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсин;

хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кино маҳсулотларини тасвирга олиш учун зарур бўладиган транспорт воситалари, реквизитлар, материаллар ва жиҳозларни Ўзбекистон миллий кинокомиссиясининг сўровига асосан шартнома асосида ўз вақтида берилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

хорижий кинокомпанияларни мамлакат ҳудудида кино маҳсулотларини тасвирга олиш ишларига кенг жалб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан тарғибот ишлари юритилишини ташкил этилиши, шунингдек, мамлакатимиз кинолокациясини халқаро кинобозорлар ва кинокўргазмаларида иштирок этадиган Ўзбекистон Республикаси делегациясига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин;

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ва Ўзбекистон миллий кинокомиссиясининг сўровига асосан хорижий кинокомпаниялар ижодий гуруҳлари аъзоларининг кириш визаларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида расмийлаштириб берсин;

мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эл дипломатик ваколатхоналари билан Ўзбекистон миллий кинокомиссия ўртасида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилишида амалий ёрдам кўрсатсин.

6. “Ўзбеккино” миллий агентлиги Ўзбекистон миллий кинокомиссияси билан биргаликда Ўзбекистон ҳудудида хорижий кинокомпанияларга кино маҳсулотларини тасвирга олиш ишларида ташкилий, ишлаб чиқариш ҳамда юқори профессионал техник ва технологик хизматлар кўрсатиш, шунингдек, маҳаллий мутахассислар ва киноижодкорларни кинолойиҳаларга кенг жалб қилиш орқали уларнинг малакасини ошириб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикасига ҳудудида кино маҳсулотларини тасвирга олиш ишлари учун вақтинчалик олиб кирадиган кинотехнологик ускуналар, реквизитлар ва жиҳозларни белгиланган тартибда тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатсин.

8. “Ипак Йўли” акциядорлик инновацион тижорат банкининг Ўзбекистон миллий кинокомиссиясининг ҳар бир кинолойиҳаси бўйича хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кино маҳсулотларини тасвирга олиш ишлари учун киритадиган валюта маблағлари учун алоҳида банк ҳисоб-варағларини очиш, шунингдек, валюта маблағларини миллий валютага айирбошлаш, зарур ҳолларда уларни нақдлаштириш бўйича имтиёзли хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Ф.Ш. Зокиров зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Общие предложения

816