ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9873 Министерство по развитию информационных технологий и коммуникаций Республики Узбекистан 06/11/2019 21/11/2019 14

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Почта алоқаси соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-9873

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Почта алоқаси соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари

тўғрисида

 

Республикамизда почта алоқаси соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда электрон тижоратни ривожлантиришда почта алоқаси хизматлари ривожланганлиги муҳим аҳамиятга эга. “Ўзбекистон почтаси” АЖ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида почта алоқаси хизматларини кўрсатиш бўйича миллий оператор этиб белгиланган ва жисмоний ҳамда юридик шахсларга, давлат бошқаруви органларига почта алоқаси хизматларини кўрсатмоқда. Миллий операторга Республиканинг барча ҳудудларида аҳолига ижтимоий аҳамиятга эга бўлган универсал хизматларни белгиланган нархларда кўрсатиш вазифаси юклатилган.

Шу билан бирга Республикамизда миллий оператордан ташқари 200 га яқин хусусий тадбиркорлик субъектлари почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш фаолияти билан шуғулланмоқда.

Ўзбекистон Республикасида почта алоқаси хизматларини ривожлантириш учун шароитлар яратиш, почта алоқаси хизматларини кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб – қувватлаш, ушбу хизматлар бозорида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш, соҳага тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бажарилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестрини тузиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестрини шакллантириш
ва юритиш учун масъул орган ҳисобланади;

почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар Ягона реестрга ихтиёрий равишда тўловларсиз киритилади;

Ягона реестрни юритиш электрон шаклда on-line режимида амалга оширилади;

почта ва курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар Ягона реестрга киритилган кундан бошлаб ўрнатилган тартибда почта алоқаси оператори ёки провайдери мақомига эга бўлади;

Ўзбекистон Республикасига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали кириб келаётган товарлар учун божхона тўловлари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар фақат Ягона реестрга киритилган оператор ва провайдерларга қўлланилади.

4. Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестри ахборот тизимини яратиш ва татбиқ этиш харажатлари Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан молиялаштирилади.

5. “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг 22612 ўтказма ҳисобварағи қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилмайдиган банк ҳисобварағи ҳисобланиши белгилаб қўйилсин.

6. Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий хужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Бош вазири                                                        А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
20
___й ___________даги
 
_____-сон қарорига
ИЛОВА

 

Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг
Ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

 

I боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 1 майдаги 318-сон қарорига мувофиқ почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.

2. Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестрини (бундан буён матнда Ягона реестр деб юритилади) юритишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат:

почта ва курьерлик хизматларини кўрсатувчи почта алоқаси операторлари ва провайдерлари тўғрисидаги ягона электрон маълумотлар банкини яратиш;

Ўзбекистон Республикасида почта алоқаси хизматлари бозорининг ҳолати ва салоҳияти тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш;

почта алоқаси хизматлари бозорини самарали ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш, шунингдек амалдаги қонунчиликнинг ҳолатини баҳолаш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва почта хавфсизлиги талаблари бажарилишини таъминлаш бўйича тизимли мониторинг олиб бориш;

почта алоқаси хизматлари кўрсатишни ривожлантириш ва сифатли ҳамда рақобатбардош хизматлар кўрсатилишида кўмаклашиш.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестри – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи почта алоқаси операторлари ва провайдерлари тўғрисида ягона электрон маълумотлар банки; 

почта алоқаси почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб беришни (топширишни) таъминловчи техника ва транспорт воситаларининг ягона ишлаб чиқариш-технология мажмуидан иборат алоқа тури;

почта алоқаси хизматлари – почта алоқаси оператори ёки провайдерининг почта ва курьерлик хизматлари кўрсатиш бўйича фаолияти;

почта хизматлари — почта алоқаси оператори ёки провайдерининг почта жўнатмаларини, шунингдек пул маблағларининг почта ўтказмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) бўйича фаолияти;

курьерлик хизматлари – почта алоқаси оператори ёки провайдерининг курьерлик жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) бўйича фаолияти;

почта алоқаси оператори – мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида почта алоқаси тармоғига эгалик қилувчи ва фаолиятнинг асосий тури сифатида почта алоқаси хизматлари кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;

почта алоқаси провайдери – фойдаланувчиларга почта алоқаси операторларининг тармоғи орқали почта, курьерлик хизматлари кўрсатувчи юридик шахс;

почта алоқаси тармоғи – почта алоқаси объектлари ва почта йўналишлари мажмуи.

 

II боб. Ягона реестрга киритиш

 

4. Ягона реестрни шакллантириш, юритиш, почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларни Ягона реестрга киритиш ва чиқариш функциялари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

5. Ягона реестрга юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳамда мазкур Низомнинг 7-бандида белгиланган мезонларга жавоб берадиган почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрий равишда ҳеч қандай тўловларсиз киритилади.

6. Почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар Ягона реестрга кириш учун Вазирликка (ташриф буюрган ҳолда, почта алоқаси ёки Интернет тармоғи орқали) мазкур Низом иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза тақдим этадилар. 

Аризада почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектнинг тўлиқ номи, жойлашган манзили (почта манзили), телефон рақами ва раҳбарлари, ташкилий-ҳуқуқий шакли, таъсисчилари, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувохноманинг рақами ва санаси, солиқ тўловчининг идентификация рақами ҳамда хизматлар кўрсатиш ҳудуди тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилиши лозим.

7.  Ягона реестрга киритиш учун почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги мезонларга жавоб беришлари шарт:

а) почта алоқаси оператори учун - хизматлар кўрсатадиган почта алоқаси тармоғига эга бўлиш, почта алоқаси провайдери учун - хизмат кўрсатишда почта алоқаси операторининг тармоғидан фойдаланиш учун почта алоқаси оператори билан шартномага эга бўлиш;

б) почта хавфсизлигини таъминлаш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларнинг амалга оширилаётганлиги, шу жумладан почта хавфсизлигини таъминлаш ва назорат қилиш учун штатида масъул ходимлар бўлиши, почта ва курьерлик жўнатмаларини почта хавфсизлигини таъминлаш мақсадида текшириш учун техник воситаларнинг мавжуд бўлиши;  

в) почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш учун шахсий ёки шартнома асосида ижарага олинган транспорт воситасига эга бўлиши.

8. Вазирлик Ягона реестрга киритиш юзасидан тушган аризаларни қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида кўриб чиқади. Вазирлик ҳар бир аризани кўриб чиқиш натижаларига кўра почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектни Ягона реестрга киритиш ёки рад этиш бўйича асослантирилган қарор қабул қилади ва бу тўғрисида юридик шахсга хабарнома юборилади (почта орқали ёки электрон воситалар орқали).

9. Мазкур Низомнинг 7-бандида келтирилган талабларга жавоб бермайдиган почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларни Ягона реестрга киритиш рад этилиши мумкин.

Почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектни Ягона реестрга киритишни асоссиз равишда рад этишга йўл қўйилмайди.

Агар почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъект аввал кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда Ягона реестрга киритиш бўйича қайта ариза билан мурожаат қилса, у ҳолда янги асослар бўйича Ягона реестрга киритишни рад этишга йўл қўйилмайди.

10. Ягона реестрга киритиш рад этилган тақдирда почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъект Ягона реестрга  киритилишига тўсқинлик қилаётган сабабларни бартараф этиб, кейин Вазирликка такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

 Ягона реестрга киритиш тўғрисидаги такрорий мурожаатни Вазирлик мазкур Низомнинг 8-бандида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқади.

11. Почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъект Ягона реестрга киритиш рад этилишидан норози бўлган тақдирда ушбу қарор юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

12. Почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектни Ягона реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинса, у ҳолда Вазирлик:

қарор қабул қилинган кундан кейинги икки иш кунидан кечиктирмасдан, мазкур Низомнинг 18-бандида кўрсатилган маълумотларни Ягона реестрга киритади;

Ягона реестрга киритилгандан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектга бу тўғрисида хабар беради; 

почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъект Ягона реестрга киритилган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай тўлиқ номи, жойлашган манзили (почта манзили), телефон рақами ва раҳбарлари, ташкилий-ҳуқуқий шакли, таъсисчилари, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувохноманинг рақами ва санаси, солиқ тўловчининг идентификация рақами ҳамда хизматлар кўрсатиш ҳудуди ҳамда Ягона реестрга киритилган санани кўрсатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига хабар беради.

13. Почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар Ягона реестрга киритилган кундан бошлаб ўрнатилган тартибда расмий равишда почта алоқаси оператори ёки провайдери мақомига эга бўлади; 

14. Почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг расмий равишда почта алоқаси оператори ёки провайдери мақомига эга бўлиши уларга Ўзбекистон Республикасига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали кириб келаётган товарлар учун божхона тўловлари бўйича қонунчиликда белгиланган имтиёзлар қўлланилишига асос ҳисобланади.

15. Почта алоқаси операторлари ва провайдерлари “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидалари” (рўйхат рақами 2219, 2011 йил 18 апрель), “Почта алоқасида хавфсизликни таъминлаш бўйича талаблар” махсус техник регламент ҳамда “Почта, курьерлик жўнатмалари почта хавфсизлиги юзасидан назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” (рўйхат рақами 2428, 2013 йил 18 февраль) талабларига риоя қилишлари шарт.

16. Почта алоқаси операторлари, провайдерлари қуйидагилар асосида Ягона реестрдан чиқарилади:

чиқиш ҳақидаги аризасига;

тегишли ваколатли органларнинг почта алоқаси оператори ёки провайдери мазкур Низомда белгиланган Ягона реестрга киритиш мезонларига номувофиқлиги тўғрисидаги асосли маълумотларига мувофиқ.

17. Почта алоқаси операторлари ва провайдерларини Ягона реестрдан чиқариш тўғрисидаги масала Вазирлик томонидан Ягона реестрдан чиқариш тўғрисида тегишли ҳужжатлар келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида кўриб чиқилади. 

Вазирлик ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра почта алоқаси оператори ёки провайдерини Ягона реестрдан чиқариш тўғрисида асосли қарор қабул қилади.

Почта алоқаси оператори ёки провайдери чиқариш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин икки иш куни ичида Ягона реестрдан чиқарилади.

18. Почта алоқаси оператори ёки провайдери Ягона реестрдан чиқарилгандан бошлаб 3 иш кунидан кечиктирмасдан Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига почта алоқаси оператори ёки провайдерининг тўлиқ номи, жойлашган манзили (почта манзили), телефон рақами ва раҳбарлари, ташкилий-ҳуқуқий шакли, таъсисчилари, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами ва санаси, солиқ тўловчининг идентификация рақами ҳамда хизматлар кўрсатиш ҳудуди ҳамда Ягона реестрдан чиқарилган санани кўрсатган ҳолда хабардор қилади.

19. Ягона реестрдан чиқарилган почта алоқаси оператори ёки провайдери мазкур Низом талабларини бажарган тақдирда, белгиланган тартибда, аризасига биноан Ягона реестрга қайта киритилиши мумкин.

 

III боб. Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш

 

20. Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестри электрон шаклда он-лайн режимида, барча учун очиқлиги таъминланган ҳолда юритилади. Ягона реестрда почта алоқаси операторлари ва провайдерлари тўғрисида қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлади:

почта алоқаси оператори ёки провайдерининг тўлиқ номи, жойлашган манзили (почта манзили), телефон рақами ва раҳбарлари, ташкилий-ҳуқуқий шакли, таъсисчилари, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувохноманинг рақами ва санаси, солиқ тўловчининг идентификация рақами ҳамда хизматлар кўрсатиш ҳудуди тўғрисидаги маълумот;

почта алоқаси операторининг почта алоқаси тармоғига оид маълумотлар, почта алоқаси провайдерининг почта алоқаси хизматларини кўрсатиш учун почта алоқаси тармоғидан фойдаланиш тўғрисида почта алоқаси оператори билан тузилган шартномаси, хизмат кўрсатиш ҳудуди ҳамда кўрсатиладиган почта алоқаси хизматлари тўғрисидаги маълумотлар;

почта ва курьерлик жўнатмаларини почта хавфсизлиги масалалари бўйича текшириш учун қўлланилаётган техник воситалар тўғрисида маълумотлар;

почта ва курьерлик жўнатмаларини  ташиш учун ишлатилаётган транспорт воситалари тўғрисида маълумот;

Ягона реестрга киритилган сана ва рақами;

Ягона реестрга киритиш ва / ёки чиқариш асоси ва санаси.

 

IV боб. Ягона реестрни юритишнинг ташкилий жиҳитлари

 

21. Вазирлик Ягона реестрнинг ишлаши учун ташкилий-техникавий ишларни амалга ошириш ҳамда уни он-лайн режимда юритиш учун ваколатли бўлимни белгилайди. Ваколатли бўлим ўз вазифаларини бажариш доирасида олган маълумотларининг махфийлигини таъминлайди.

22. Ваколатли бўлим почта алоқаси хизматларига эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда почта алоқасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш мақсадида Ягона реестр маълумотларини мониторинг қилади, мониторинг натижалари асосида почта алоқаси операторлари ва провайдерларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таҳлилий ҳисоботларни, таклифларни ва тавсияларни тайёрлайди.

V боб. Якуний қоидалар

 

23. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади. 

 

 

 

Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестрини шакллаштириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга

ИЛОВА

 

    

Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестрига киритиш тўғрисида ариза

                                                                                                                                                 1. Сиздан почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг Ягона реестрига киритшингизни сўрайман:

                                                                                                                                              __________________________________________________________________________________________

(хўжалик юритувчи субъектнинг тўлиқ номи)

                                                                                                                                             __________________________________________________________________________________________

(тўлиқ почта манзили, телефон рақами, электрон почта манзили)

                                                                                                                                             __________________________________________________________________________________________

(ташкилий-ҳуқуқий шакли)

                                                                                                                                            __________________________________________________________________________________________

(давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувохноманинг рақами ва санаси)

                                                                                                                                          __________________________________________________________________________________________

(солиқ тўловчининг идентификацион рақами)

                                                                                                                                         __________________________________________________________________________________________

                                                                                                                                                                                      (раҳбарлари ва таъсисчилари тўғрисида маълумот)

 

                                                                                                                                        2. Хизмат кўрсатиш ҳудуди тўғрисида маълумот___________________________________________

                                                                                                                                                                                                                                         (вилоят, шаҳар, туманнинг номи)

                                                                                                                                        3. Хизмат кўрсатиш учун почта тармоғи тўғрисида маълумот*:

Филиаллар сони

Тармоқлар сони

Алоқа бўлимлари сони

Хизмат кўрсатишдаги бошқа пунктларнинг сони

Филиаллар, тармоқлар ва алоқа бўлимларининг манзиллари (почта манзили)

 

 

 

 

 

*почта алоқаси провайдерлари почта алоқаси операторлари билан тузган шартноманинг рақами ва санасини кўрсатади.

4. Почта хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида маълумот:

Почта хавфсизлигини таъминлаш ва назорат қилувчи масъул ходимнинг Ф.И.Ш

Металлодетекторларнинг сони

Дозиметрларнинг сони

Бошқа техник қурилмаларнинг сони

 

 

 

 

 

5. Почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш учун транспорт воситалари тўғрисида маълумот:

Транспорт воситаларининг сони

Транспорт воситасининг маркаси

Транспорт воситасининг юк кўтариш ҳажми

Корхонага тегишли       / ижарада эканлиги тўғрисида маълумот

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

   

6. Қуйидаги имзо чекувчилар юқорида келтирилган маълумотларнинг тўлиқ ва ҳақиқий эканлигини тасдиқлайдилар.

Раҳбар

____________

_______________________________

 

(имзо)

(фамилияси ва исми)

Бош бухгалтер

____________

_______________________________

 

(имзо)

(фамилияси ва исми)

               

 

Umumiy takliflar

354