ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9829 Министерство здравоохранения Республики Узбекистан 05/11/2019 20/11/2019 3

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
ID-9829

Лойиҳа

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

Қарори

 

 

 

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида” ва “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ–4059-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги 318-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 7-сон, 63-модда)  билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Қ. Шадманов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

       Бош вазири                                                                  А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” октябрдаги ___ -сон қарорига
илова

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги 318-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. 14-банд қуйидаги таҳрирдаги тўртинчи – бешинчи хатбошилари билан тўлдирилсин:

«Импорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ёрлиқларида қайд этилган маҳсулотнинг яроқлилик муддатлари Ўзбекистон Республикасида амал қилувчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда қайд этилган яроқлилик муддатларидан фарқланган тақдирда, аккредитациядан ўтган лаборатория мажмуалари томонидан қайд этилган яроқлилик муддатига мувофиқлиги ва хавфсизлик кўрсаткичларига таҳлиллар ўтказилиб, ижобий баҳоланганидан сўнг республика ҳудудига импорт қилинишига рухсат этилади.

Болалар озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар ўйинчоқлари, энергетик ичимликлар аккредитациядан ўтган лабораториялар томонидан токсикологик таҳлиллар ўтказилиб, хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича ижобий баҳоланганидан сўнг республика ҳудудига импорт қилинишига рухсат этилади».

2. 16-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирдаги биринчи – ўнинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

«Қуйидагилар санитария-эпидемиология хулосасини беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:

санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириб бериш вақтида озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати 80 фоиздан кам бўлганида (ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган умумий яроқлилик муддатига нисбатан фоизда);

халқаро аккредитациядан ўтган лабораториялар томонидан ўтказилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун таҳлил баёнлари бўлмаса;

юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи микроорганизмлар билан зарарланганлиги аниқланганда;

радиоактив кўрсаткичларнинг меъёрлардан юқорилиги аниқланганда;

маҳсулот таркибида гени модификацияланган организмлар белгиланган меъёрлар даражасидан юқори бўлганда;

паразитлар ёки уларнинг тухумлари аниқланганда;

лаборатория синовларининг салбий натижалари;

ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда.

Санитария-эпидемиология хулосасини беришни рад этиш бўйича қарор қабул қилинган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги  Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг худудий ёки туман (шаҳар) марказлари  томонидан унинг аниқ сабаблари ва қонунчиликда белгиланган нормаларини кўрсатган ҳолда ариза берувчига ёзма шаклда маълум қилинади»;

иккинчи ва учинчи хатбошилар тегишли равишда ўн биринчи ва ўн иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

3. Қуйидаги мазмундаги 161 - 163-бандлар билан тўлдирилсин:

«161. Ўтказилган лаборатория таҳлиллари натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинаётган маҳсулотлар истеъмол қилишга ҳамда фойдаланишга яроқсиз деб топилган тақдирда, масъул санитария врачи томонидан бир кун муддатда икки нусхада далолатнома тузилади. Бунда маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ёки уни олиб келувчи тўғрисидаги маълумотлар, маҳсулот қаердан келтирилганлиги, номи ва тури, оғирлиги, миқдори, тўплами, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати, маҳсулотнинг қадоқ тури, ушбу маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга номувофиқлиги кўрсатилади.

162. Тузилган далолатнома ва ҳужжатлар тўплами Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг худудий ёки туман (шаҳар) маркази раҳбарига тақдим этилади. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг худудий ёки туман (шаҳар) маркази раҳбари томонидан далолатнома асосида бир кун муддатда истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулотни ишлаб чиқариш, ундан фойдаланиш ёки республикага импорт қилишни тақиқлаш тўғрисида қарор имзоланади.

Истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулотни ишлаб чиқариш, ундан фойдаланиш ёки республикага импорт қилишни тақиқлаш тўғрисида қарор икки нусхада тайёрланади, биринчи нусхаси бир иш куни ичида аризачига берилади, иккинчи нусхаси – Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг худудий ёки туман (шаҳар) марказида сақланади.

163. Истеъмолга яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулоти турига қараб тегишли ташкилотлар билан келишган ҳолда қайта ишлаш ёки йўқ қилиш усули ва шартлари белгиланади. Истеъмолга яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулотидан қайта ишлашда фойдаланиш ёки уни йўқ қилиш усуллари ва шартлари маҳсулот эгаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг худудий ёки туман (шаҳар) марказлари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан келишиб олинади.

Истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулот қайта ишлашда фойдаланиш ёки йўқ қилишга қадар алоҳида жойда (резервуарда), ҳисобда, тўплами, ишлатиш (қайта ишлаш) ёки йўқ қилиш усуллари ва шартлари аниқ кўрсатилган ҳолда сақланиши шарт.

Истеъмолга ёки фойдаланиш учун яроқсиз маҳсулотнинг тўлиқ сақланиши учун масъулият унинг эгаси зиммасига юкланади. Истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулотни экспертиза қилиш, йўқ қилиш усуллари ва шартларини белгилаш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва йўқ қилиш билан боғлиқ харажатлар маҳсулотнинг эгаси ҳисобидан амалга оширилади.

Истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулотнинг эгаси 10 кун ичида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг худудий ёки туман (шаҳар) марказига маҳсулотдан фойдаланилганлиги ёки йўқ қилинганлиги тўғрисидаги далолатнома ёки ушбу маҳсулотнинг олиб чиқиб кетилганлиги ҳақида маълумот тақдим этади».

Umumiy takliflar

173