ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9776 Министерство занятости и трудовых отношений Республики Узбекистан 04/11/2019 19/11/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидиялар тақдим этиш тартибини тасдиқлаш ҳақида
ID-9776

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидиялар тақдим этиш

тартибини тасдиқлаш ҳақида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги ПФ-5785-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидиялар тақдим этиш Тартиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б. Хусанов зиммаларига юклансин.

 

 

             Ўзбекистон Республикаси

                        Бош вазири                                                           А. Арипов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “_____” даги

_____ - сон қарорига

1-ИЛОВА

 

 

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидиялар тақдим этиш  

Тартиби

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
20 августдаги ПФ-5785-сон “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида” Фармонига мувофиқ хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидия бериш тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) томонидан ўз маблағлари ҳисобидан суғурта ташкилотларига йилига бир маротаба хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун суғурталанган ҳар бир меҳнат мигранти учун 50 000 (эллик минг) сўм миқдорида бир марталик субсидиялар (кейинги ўринларда субсидия деб аталади) тақдим этилади.

3. Субсидия Жамғарманинг бошқарувидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи ёки Жамғарма Кузатув кенгаши қарори асосида ҳар йили тасдиқланадиган Жамғарма смета ҳужжатларига мувофиқ ажратилади.

 

2-боб.  Жамғарма маблағлари ҳисобидан

суғурта ташкилотларига субсидия ажратиш

 

4. Жамғарма томонидан субсидиялар Жамғарма ва суғурталовчи ташкилотлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган келишув шартномаси (кейинги ўринларда келишув шартномаси деб аталади) асосида тақдим этилади.

Бунда, келишув шартномасида белгиланган минимал талабларнинг камайтирилишига йўл қўйилмайди, Жамғарма ва суғурталовчи ташкилотлар томонидан ўзаро келишув асосида ушбу шартномага қўшимча талаблар киритилиши бундан мустасно.

5. Жамғарма томонидан келишув шартномасини тузиш учун қуйидаги имкониятларнинг мавжудлигини суғурта ташкилотлари тақдим қилган ҳужжатлар асосида ўрганилиши лозим:

суғурта ташкилоти хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни ҳаёти, соғлиги ва бошқа таваккалчиликларни суғурта қилиш ҳуқуқига эгалиги;

суғурта ташкилотининг хорижий давлатларда ўз агенти ёки ассистанс хизматларини кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахслар билан шартномасининг мавжудлиги;

меҳнат мигрантлари томонидан суғурта полислари белгиланган тартибда олинганлигини мониторинг қилиш мақсадида суғурта ташкилотларининг дастурларини “labour-migration” дастурий мажмуасига интеграция қилиш имконияти мавжудлиги;

Жамғарма томонидан ажратилган субсидия маблағлари учун алоҳида ҳисоб рақамини юритиш имконияти мавжудлиги.

6. Жамғарма томонидан суғурта ташкилотлари билан тузиладиган Бош келишув шартномасининг амал қилиш муддати бир йилдан ошмаслиги лозим.

7. Жамғарма томонидан келишув шартномасида белгиланган миқдордаги субсидия маблағларини ажратишда суғурта ташкилотлари томонидан тақдим қилинган буюртма асосида суғурта ташкилотининг тегишли ҳисоб рақамига молиялаштирилади.

Бунда, молиялаштириш Жамғарма ҳисоб рақамидаги мавжуд қолдиқ маблағлар доирасида амалга оширилади.

Жамғарма томонидан зарур ҳолларда (мурожаат кўп бўлганлиги, маблағнинг етишмовчилиги ва бошқа ҳоллар) суғурта ташкилотининг асослантирилган ёзма мурожаати асосида қўшимча маблағлар ўтказиб берилишига йўл қўйилади.

8. Ҳисобот ойининг охирида ҳақиқатда ўзлаштирилган субсидия маблағлари бўйича таққослама далолатнома тузилади ва суғурта ташкилоти ҳисоб рақамида ўзлаштирилмаган маблағ ҳисобот ойидан кейинги ойга қолдирилади.

9. Жамғарма билан суғурта ташкилоти ўртасида тузилган келишув шартномаси бекор қилинганда, суғурта ташкилотига белгиланган тартибда ажратиб берилган субсидия маблағлари Жамғармага 3 банк иш куни давомида қайтарилиши керак.

 

3-боб.  Ажратилган субсидиянинг мақсадли
ўзлаштирилишини мониторинг қилиш

 

10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда “labor-migration” дастурий мажмуасига киритиб борилади.

11. Жамғарма томонидан субсидия маблағларининг сарфланишида қуйидаги талабларнинг бажарилиши “labor-migration” дастурий мажмуаси асосида мониторинг қилинади:

субсидия маблағлари фақат “labor-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ўз ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни белгиланган тартибда суғурталаб, суғурта полисини олган меҳнат мигрантлари учун сарфланаётганлиги;

ўз ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни белгиланган тартибда суғурталаган меҳнат мигрантларининг суғурта полисини амал қилиш муддати бир йил бўлишлиги;

бир нафар меҳнат мигранти ўз ҳаёти ва соғлиғи ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш хизматидан календарь йилига фақат бир марта фойдаланаётганлиги.

12. Жамғарма доимий равишда “labour-migration” дастурий мажмуаси орқали ажратилган субсидия миқдори ва суғурталанган меҳнат мигрантлари тўғрисидаги маълумотларнинг таққослама ҳисоботини юритиб боради, таққослама далолатнома бундан мустасно.

 

4-боб.  Якунловчи қоидалар

 

13. Жамғарма маблағларидан фойдаланилишида келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

14. Мазкур Тартиб талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг

 2019 йил __________даги _____-сон қарорига

2-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарорининг 5 иловасида (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.09.2018 й., 09/18/725/1874-сон; 31.12.2018 й., 09/18/1066/2428-сон, 11.08.2019 й., 09/19/661/3571-сон, 11.08.2019 й., 09/19/661/3571-сон):

а) 2-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

Жамғарма юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансига, банк ҳисоб рақамига, шу жумладан хорижий валютадаги ҳамда махсус (ижтимоий ривожлантириш ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш жамғармаси) ҳисоб рақамга, рамзига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган штамплари, бланклари ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрига ва бошқа реквизитларга эга;

иккинчи хатбошидаги “Сергели тумани, Лутфикор кўчаси, 33” сўзлари “Чилонзор тумани, Лутфий кўчаси, 47” сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 6-бандда:

қуйидаги таҳрирдаги ўнинчи–ўн иккинчи хатбошлари билан тўлдирилсин:

“меҳнат мигрантларига хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун бир йил муддатга микроқарзлар бериш;

хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидиялар тақдим этиш;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа чора-тадбирларни молиялаштириш”;

в) 17-банд қуйидаги таҳрирдаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларининг депозит ҳисоб-рақамларига жойлаштиришдан олинган даромаднинг Жамғармага қоладиган қисмининг 20 фоизи ҳамда бошқа даромадлардан шакллантириладиган, сарфланиши Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган низом асосида ижтимоий ривожлантириш ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини тасарруф этади”;

олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сон қарорида (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2018 й., 09/18/1066/2428-сон, 09.07.2019 й., 07/19/566/3396-сон, 07.09.2019 й., 09/19/743/3710-сон):

а) 1-иловадаги 44-банд қуйидаги таҳрирдаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги заруриятдан келиб чиққан ҳолда ҳамда Жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилиши мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб, бажариладиган ишлар муддати, суммасига ва турига ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга”;

б) 2–иловадаги 8–банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

“8. Бандлик жамғармасининг маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида (кейинги ўринларда бандликка кўмаклашиш маркази деб аталади) иш қидираётган ва ишсиз мақомига эга шахс сифатида рўйхатдан ўтган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир ишларни молиялаштириш;

бандликка кўмаклашиш марказларининг таклифига биноан ишлаш учун бошқа жойга ихтиёрий равишда кўчиб кетиши муносабати билан ишсизлик бўйича нафақалар, ишсизларга компенсациялар, моддий ёрдам, шунингдек, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш вақтида фуқароларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бандликка кўмаклашиш маркази томонидан тўланадиган стипендияларни тўлаш;

Ҳукумат қарорлари асосида бир марталик тўловларни тўлашни амалга ошириш;

ишсизларга муддатидан олдин пенсиялар тайинланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг харажатларини қоплаш;

ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш бўйича хизматларга бўлган давлат буюртмасини молиялаштириш, кейинчалик тегишли равишда хусусий бандлик агентликларига, ишсизларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш марказларига ҳамда малака ошириш марказларига ҳақ тўлаш;

бандликка кўмаклашиш марказлари, вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказлар, ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув марказларининг айрим бўлинмаларини қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий-техник таъминлаш ва сақлаб туриш, шунингдек, меҳнат органларини жойлаштириш учун бинолар, хоналар ва иншоотларни харид қилиш, қуриш, таъмирлаш ва капитал таъмирлашни молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа ижтимоий заиф фуқаролар тоифалари меҳнатидан фойдаланиш учун ихтисослаштирилган иш ўринларини яратишга доир тадбирларни қисман молиялаштириш;

ахборот-маълумот ва реклама-ноширлик ишларини амалга ошириш;

бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, нормалаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари бўйича норматив-методик ва инструктив материаллар ишлаб чиқилишини молиялаштириш;

республика ва ҳудудий даражаларда ижтимоий ўрганишлар ўтказиш, аҳолининг айрим гуруҳлари ўртасида бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси масалалари бўйича сўровнома ўтказиш;

банд бўлмаган аҳолига ишга жойлаштириш, шу жумладан маслаҳат беришда ва касбга йўналтирадиган ишларни, транспорт ва бошқа хизматларни ташкил этишда, шу жумладан йўлда овқатланиш, ёрдамини кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

коворкинг-марказларни ташкил этиш ва сақлаб туриш шунингдек, касб-ҳунар таълим марказлари ва ишсизларни бандлигини таъминлаш бўйича маҳалла Мехнат гузари марказларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қуриш ва реконструкция қилиш ҳаражатларини молиялаштириш;

меҳнат бозоридаги вазият кескин бўлган туманлар ва шаҳарларда яшовчилар учун бандлик ва иш ўринларини яратиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишни, шу жумладан айрим ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияларини тайёрлашни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини лойиҳалаштиришни ва хизматлар соҳаси, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида объектлар яратиш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқишни молиялаштириш;

маслаҳатлашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиш, мақолалар, рисолалар, қўлланмалар ва бошқа ахборот материаллари тайёрлаш, шу жумладан видео ва аудиороликлар ва фильмлар, илмий-амалий тадқиқотлар ҳамда бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига тааллуқли бошқа тадбирларни ташкил этиш бўйича хизматларга ҳақ тўлаш;

ишга жойлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш, вакансиялар ва банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш соҳасида ахборот-компьютер тизимлари ва технологияларини яратиш, ривожлантириш ва техник қўллаб-қувватлаш, шу жумладан дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва техник воситаларни харид қилиш;

ишсиз фуқароларни ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш ҳамда малакани баҳолаш марказларини ташкил этиш, сақлаш, қайта ихтисослаштириш;

меҳнат органларининг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппаратининг моддий-техник базасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмалари балансида турган бинолар ва иншоотларни сақлаб туриш, эксплуатация қилиш, қуриш ва таъмирлаш, уларни зарур инвентар, шу жумладан жиҳозлар, алоқа, компьютер ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;

Меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курсларида, шу жумладан Тошкент шаҳридаги Сергели тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг ўқув-амалий базасида, шунингдек, чет давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимларини ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ва амалиёт ўтказишини ташкил этиш;

меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курсаларини сақлаш, қурилиш-таъмирлаш, ҳамда моддий-техник базасини мустахкамлаш харажатларини молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шу жумладан дастурий таъминот ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимларининг ҳам мамлакат ичига, ҳам ташқарисига сафар қилиши билан боғлиқ харажатларни тўлаш;

аҳоли бандлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни молиялаштириш;

хорижга ишга юборилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ишга жойлаштирилишини ташкил этиш ва ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш масалалари бўйича халқаро лойиҳалар ва шартномаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар билан боғлиқ масалаларга бағишланган халқаро ва миллий конференциялар, форумлар, конкурслар, семинарлар ва тренинглар ўтказиш, совринларни (мукофотларни) белгилаш, халқаро ва хорижий ташкилотлар, хорижий ҳукуматлар, давлат органлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этиш учун меҳнат органлари ходимларини хорижга юбориш, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар билан боғлиқ масалалар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва миллий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

ходимлар меҳнатини рағбатлантириш ва меҳнат органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармасини молиялаштириш, шу мақсадларга Бандлик жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварақларига тушадиган маблағларнинг 10 фоизини йўналтириш;

жамғарма маблағларининг бўш қолдиқларини тижорат банкларидаги депозитларга жойлаштиришдан тушадиган 50 фоиз миқдордаги даромадлар Меҳнатни рағбатлантириш жамғармасига йўналтириш;

қўлланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ундирилган жарималар суммасининг 30 фоизигача миқдорда Давлат меҳнат инспекциясининг меҳнат органлари раҳбарларига ва ходимларига тўланган мукофотлар ўрнини Меҳнат органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармасига қоплаш;

енгил иссиқхоналар ўрнатиш учун субсидиялар тақдим этиш, «Томорқа хизмати» МЧЖ, бандликка кўмаклашиш марказлари ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан 10 бараваригача миқдорда уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш;

тижорат банкларида очиладиган кредит линиялари бўйича ресурслар жойлаштириш, кейинчалик банклар томонидан республика туманлари ва шаҳарларида янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик ва мини-лойиҳаларни амалга ошириш учун микрокредитлар ажратиш;

бандликка кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган, тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳлаётган ишсиз шахсларга якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун сарфланадиган харажатларни тўлашда бир марталик субсидиялар бериш;

аҳолининг ижтимоий заиф қатламига мансуб шахсларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни захираланган (квоталанган) энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга бир марталик субсидиялар бериш;

бандликка кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган аҳолининг ижтимоий заиф қатламига мансуб ходимларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни касбга ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун иш берувчиларга бир марталик субсидиялар бериш;

бандликка кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз шахсларни, айниқса кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизларни касбга ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун касб-ҳунар таълими муассасаларига грантлар ажратиш;

касбга ўқитиш марказларида, коллежларда ва олий таълим муассасаларида касбга ўқитишга, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва ходимларини ҳамда томорқа ер эгаларини агротехнологиялар, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик соҳасига қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун грантлар ажратиш;

ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини олган фуқароларга рағбатлантирувчи имтиёзлар бериш;

меҳнат мигрантларига хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун бир йил муддатга микроқарзлар бериш;

хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидиялар тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирлар;

қонун ҳужжатлари тақиқланмаган бошқа чора-тадбирларни молиялаштириш.

Umumiy takliflar

217