ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9540 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 28/10/2019 12/11/2019 16

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-9540

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Мамлакатимизда жиноят содир этган шахсларни ахлоқан тузатиш, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликда қайта тарбиялаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда, ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт профилактика қилиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида пробация хизмати фаолияти йўлга қўйилди.

Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш, пробация бўлим (гуруҳ)лари назорати остидаги шахсларнинг (кейинги ўринларда назорат остидагилар деб юритилади) хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича янги тизим яратилди. Натижада, назорат остидагилар томонидан қайта жиноят содир этилиши камайишига эришилди.

Шу билан бирга, пробация хизмати фаолиятининг механизмларини такомиллаштириш, назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш тартибини жорий этиш, айниқса уларнинг “ижтимоий-психологик портрети”ни тузган ҳолда ўрганиш, шунингдек бу жараёнларда мутахассис-психологларни тайёрлаш, пробация бўлинмаларига мутахассис-психологларни жалб этиш тизимини йўлга қўйиш зарурати юзага келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”

2019 йил 17 январдаги ПФ–5635-сон Фармони ҳамда “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 7 ноябрдаги ПҚ–4006-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш соҳасидаги устувор йўналишлари этиб белгилансин:

биринчидан – назорат остидагиларни ҳуқуқ ва эркинликларини сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилинишини таъминлаш;

иккинчидан – назорат остидагиларда қонун талабларига ва жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига риоя этиш маданиятини, билим ва маънавий-аҳлоқий савиясини оширишга интилишни шакллантиришга қаратилган қайта тарбиялаш ва ахлоқан тузатиш жараёнини такомиллаштириш;

учинчидан – назорат остидагиларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда самарали тизимни жорий этиш, уларни ижтимоий мослашувини амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш;

тўртинчидан – кадрларни танлаш, уларни махсус касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали механизмларни жорий этиш;

бешинчидан – юклатилган вазифаларни самарали бажаришни, назорат остидагиларга қулай шароитлар яратишни назарда тутувчи ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини, ахборот-коммуникация технологияларини фаолиятда кенг қўллаш.

2. Қуйидагилар:

Назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш механизми 1-иловага мувофиқ;

Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки, назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик доирасида:

а) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

назорат остидагиларнинг мурожаати ёҳуд пробация бўлим (гуруҳ)ларининг йўлланмаси асосида уларни мавжуд бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштиришга кўмаклашади;

назорат остидагиларни захираланган (квоталанган) иш ўринлари ҳисобидан ишга жойлаштиришга кўмаклашади;

белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган назорат остидагилар

ва уларнинг оила аъзоларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий қўллаб-қувватлашни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этади;

назорат остидагиларни ишга қабул қилган ҳамда малакасини ошириш

ва касбга қайта ўқитишга юборган иш берувчиларга қонунчиликда белгиланган тартибда субсидиялар беради;

назорат остидагиларни уларнинг хоҳишига қараб меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ўқитади, қайта ўқитади ва малакасини оширади;

назорат остидагилар учун иш ўринлари ярмаркаларини ташкил этади, шунингдек уларни истагидан келиб чиқиб ҳақ тўланадиган жамоат

ва мавсумий ишларга жалб этиш чораларини кўради;

б) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

пробация бўлинмаларининг йўлланмаси асосида назорат остидагиларни тиббий кўрикдан ўтказилишини таъминлайди;

назорат остидагиларда касалликлар аниқланганда, унинг соғлиғини тиклаш чораларини кўради;

спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган назорат остидагиларни аниқлаш, уларни ҳисобга олиш, текшириш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ташкил этади;

назорат остидагилар томонидан соғлом турмуш тарзини юритиш борасида тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга ошириб боради;

в) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

назорат остидаги вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантиришга, уларга ахлоқ ва соғлом турмуш тарзи асосларини сингдиришга йўналтирилган дастурлар ҳамда услубларни ишлаб чиқади ва таълим муассасаларининг иш амалиётига жорий этади;

тарбия калониясидан озод этилиши режалаштирилаётган вояга етмаганларни таълимга жалб этиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилайди;

назорат остига олинган вояга етмаганларни ўқиш жойларида уларга мураббийлар бириктиради;

оммабоп спорт секциялари, техник ва бошқа тўгаракларда назорат остидаги вояга етмаганларни иштирокини таъминлайди, уларнинг бандлиги ва дам олишини ташкил этишда қатнашади;

г) Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси:

назорат остидаги хотин-қизларнинг психологик ва ижтимоий мослашуви бўйича тадбирлар ижросини сифатли ва ўз вақтида таъминлаш бўйича тизимли чоралар кўради;

назорат остидаги хотин-қизларни ишга жойлаштириш, бандлигини таъминлаш ва қайта касбга тайёрлашга қаратилган ишларни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга кўмаклашади;

назорат остидаги хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш ишларида ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;

назорат остидаги хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирларни амалга оширади;

қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш мақсадида назорат остидаги хотин-қизларни тоифалар (тўлиқ тузалиш йўлига ўтганлар, соғлом турмуш тарзини кечираётганлар, жиноят содир этишга мойиллар ва жиноят содир этиш хавфи юқори бўлганлар)га ажратиш орқали, уларнинг ижтимоий-психологик портрети шакллантирилган ҳолда қайта жиноят содир этишга йўл қўймаслик бўйича зарурий профилактик чора-тадбирларни белгилайди;

назорат остидаги хотин-қизларнинг соғлиғини сақлаш, уларни спортга жалб қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини амалга оширади;

назорат остидаги хотин-қизларни репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш;

д) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи:

назорат остидаги ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлайди, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга кўмаклашади;

назорат остидаги ёшларни ишга жойлаштириш юзасидан уларга муносиб меҳнат шароитини яратишга кўмаклашади;

назорат остидаги ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялайди;

назорат остидаги ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтиради, уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади;

назорат остидаги ёшлар билан амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида матбуот, радио ва телевидение орқали жамоатчиликни мунтазам равишда хабардор қилиб боради;

е) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши:

назорат остидагиларнинг ижтимоий ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда кўмаклашади;

кам таъминланган оилалардан бўлган назорат остидагиларга, қўшимча моддий ёрдам кўрсатишда кўмаклашади;

назорат остидагиларни бандлигини таъминлашга, шу жумладан касаначиликни ташкил этишга кўмаклашади;

назорат остидагиларни ижтимоий-меҳнат реабилитацияси ва жиноятчиликнинг олдини олишга доир тадбирларни ижтимоий мослашув марказлари билан биргаликда амалга оширади;

назорат остидаги вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик ишларини ташкил этишда кўмаклашади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

а) 2021 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий суд, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг “Пробация тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқиб, киритилишини таъминласин:

пробация соҳасини тартибга солишга қаратилган асосий тушунчаларни, шунингдек пробация хизмати ходимининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;

назорат остидагилар билан олиб борилаётган профилактик тадбирларда давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмаларининг ваколатларини аниқ белгилаш;

пробация хизмати фаолиятининг механизмлари, хусусан назорат остидагиларни ижтимоий мослаштириш, касбий тайёрлаш, ҳунар ўргатиш, уларни ишга жойлаштириш, моддий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш;

назорат остидагиларни қайта тарбиялаш, уларнинг жиноят содир этишининг барвақт олдини олиш тартибини белгилаш;

озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо ўтаётган ва тузалиш йўлига ўтмаган, шунингдек муқим яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда муқаддам содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган шахсларга жазо тайинлаш тартибини белгилаш;

хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини инобатга олиб, назорат остидагиларни электрон мониторинг кузатувини амалга ошириш тизими тартибини белгилаш.

б) 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Пробация хизмати ходимларини малакасини ошириш тизимини йўлга қўйсин;

в) икки ой муддатда пробация бўлинма (гуруҳ)ларининг ходимларини Пробация хизматини ривожлантириш жамғарма манбалари ҳисобидан рағбатлантириш тартибини жорий этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ички ишлар вазирлигининг мурожаатига асосан ўрнатилган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан пробация бўлинма (гуруҳ)ларининг юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш калонияларидан озод этилиши режалаштирилаётган маҳкумларни ижтимоий мослашув масалаларини олдиндан ўрганиб чиқиш ва тегишли таклифларни бериш ваколатига эга бўлган пробация инспектори лавозими жорий этилиши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

7. Қуйидагилар жазони ижро этиш колонияларида жорий этиладиган пробация инспекторининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

озод этилиши режалаштирилаётган маҳкум билан суҳбатлашиб, уларнинг муайян касбни эгаллаганлиги, озод бўлганидан сўнг уларга иш жойи топишда ва машғулот турини аниқлашда ҳар томонлама кўмаклашиш;

жазони ижро этиш муассасаси психологи билан суҳбатлашиб, маҳкумнинг содир этган жинояти, шахсининг хусусиятлари ва психологик портрети билан танишиш;

маҳкум жазони ижро этиш калониясидан озод этилишидан камида 6 ой олдин, яқин қариндошлари мавжудлигига, уни қабул қилишга тайёр эканликларига аниқлик киритиш, яшаш манзилига қайтганидан сўнг ишга жойлаштириш чораларини кўриш, ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

профилактик ва тарбиявий тадбирларни белгилаш мақсадида маҳкум аввал яшаган манзилидаги ҳудудий хокимлик, жамоат ташкилотлари ва ички ишлар органларига хабарнома юбориш;

вояга етмаганнинг яқин қариндошлари ва яшаш учун шароити бўлмаган тақдирда жазони ижро этиш муассасаси жойлашган ҳудуддаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси ҳамда васийлик ва хомийлик органлари орқали уни жойлаштириш чораларини кўриш;

пробация назоратига ҳисобга туришига тўсқинлик қиладиган ҳолатларга эга бўлган шахсларга уларни озод қилинмаслиги тўғрисидаги асослантирилган тегишли ҳужжатларни судларга тақдим этиш ва суд жараёнларида иштирок этиш.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

юридик йўналишларидаги олий таълим муассасалари таълим дастурларига назорат остидагиларни ижтимоий-психологик портретини ўрганиш бўйича махсус мавзуларни киритилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тегишли олий таълим муассасаларида психология йўналиш бўйича таҳсил олаётган талабаларни пробация бўлинма (гуруҳ)ларида амалиёт ўташ тартибини жорий этсин.

9. Белгилаб қўйилсинки:

а) пробация бўлим, бўлинма (гуруҳ)лари ходимларни уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланади;

б) пробация хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида уларга қуйидаги имтиёзлар берилади:

юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автотранспорт воситалари умумий суммасининг дастлабки 5 фоизини ҳисоб-китоб қилган ҳолда 15 йиллик муддатга имтиёзли равишда автотранспорт воситалари умумий нархининг кейинчилик оширилмаган шартлар асосида сотиб олиш.

10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

2020 йил 1 декабрга қадар Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура билан ҳамкорликда назорат остидагиларнинг жазодан бўйин товлаш мақсадида яшаш жойини ўзбошимчалик билан тарк этган ҳолларда уларни республика ҳудудидан чиқишини чеклашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин;

доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда пробация хизмати ходимларининг стажировка ўташ, чет эл қонунчилигини ўрганиш мақсадида ривожланган хорижий мамлакатларга хизмат сафарларини ташкил этсин;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси билан биргаликда пробация фаолиятига оид илмий-тадқиқот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратсин.

11. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Халқаро пресс-клуб, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва оммавий ахборот воситалари билан биргаликда пробация хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан ток-шоулар, ижтимоий роликлар, махсус кўрсатувлар, мақолалар, чиқишлар ва эшиттиришлар ташкил қилиш тавсия этилсин.

12. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш __________________ зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

“Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги

қарори лойиҳасига

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

I. Қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш учун асос

Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил

22 январдаги ПФ-5308-сон Фармони билан тасдиқланган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 42-банди ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

II. Қарор лойиҳасини қабул қилиш зарурати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4006-сон қарорига асосан, 2019 йил 1 январдан эътиборан, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузурида Пробация хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Натижада, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш, шартли ҳукм қилинган

ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат самарадорлигини ошириш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, пробация хизмати фаолиятининг механизмларини такомиллаштириш, назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш тизимида қуйидаги кечиктириб бўлмас масалаларни ҳал этиш зарурияти пайдо бўлмоқда:

–  илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда, пробация хизмати фаолиятини тартибга солишга қаратилган янги норматив-ҳуқуқий базани яратиш ва бу орқали назорат остидагиларни ҳуқуқ ва эркинликларини сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилинишини таъминлаш;

– назорат остидагиларда қонун талабларига ва жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига риоя этиш маданиятини, билим ва маънавий-аҳлоқий савиясини оширишга интилишни шакллантиришга қаратилган қайта тарбиялаш

ва ахлоқан тузатиш жараёнини такомиллаштириш;

– назорат остидагиларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда самарали тизимни жорий этиш, уларни ижтимоий мослашувини амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш;

– кадрларни танлаш, уларни махсус касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали механизмларни жорий этиш;

– юклатилган вазифаларни самарали бажаришни, назорат остидагиларга қулай шароитлар яратишни назарда тутувчи ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини, ахборот-коммуникация технологияларини фаолиятда кенг қўллаш.

III. Қарор лойиҳасининг мазмуни

Қарор лойиҳаси билан қуйидагилар белгиланмоқда:

биринчидан, назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш механизмини жорий этиш;

иккинчидан, ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш;

учинчидан, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлардан

келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Пробация тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш;

тўртинчидан, пробация хизмати ходимларини малакасини ошириш тизимини ва уларни Пробация хизматини ривожлантириш жамғарма манбалари ҳисобидан рағбатлантириш тартибини жорий этиш;

бешинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан пробация бўлинма (гуруҳ)ларининг юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини таъминлаш;

олтинчидан, жазони ижро этиш калонияларидан озод этилиши режалаштирилаётган маҳкумларни ижтимоий мослашув масалаларини олдиндан ўрганиб чиқиш ва тегишли таклифларни бериш ваколатига эга бўлган пробация инспектори лавозимини жорий этиш;

еттинчидан, юридик йўналишларидаги олий таълим муассасалари таълим дастурларига назорат остидагиларни ижтимоий-психологик портретини ўрганиш бўйича махсус мавзуларни киритиш ва психология йўналиш бўйича таҳсил олаётган талабаларни пробация бўлинма (гуруҳ)ларида амалиёт ўташ тартибини жорий этиш;

саккизинчидан, пробация хизмати ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида уларга юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автотранспорт воситалари умумий суммасининг дастлабки 5 фоизини ҳисоб-китоб қилган ҳолда 15 йиллик муддатга имтиёзли равишда автотранспорт воситалари умумий нархининг кейинчилик оширилмаган шартлар асосида сотиб олишда имтиёз бериш;

тўққизинчидан, пробация фаолиятига оид илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш.

IV. Халқаро тажрибадан фойдаланиш

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, бир қатор хорижий мамлакатларда (АҚШ, Англия, Грузия, Молдова, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон) пробация хизматининг фаолияти алоҳида қонун билан тартибга солинган.

V. Қонун лойиҳасини апробациядан ўтказиш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 8 февралдаги ПҚ–2761-сон қарорига мувофиқ, мазкур лойиҳанинг мазмунини аҳолига етказиш ва унинг матнидан монеликсиз фойдаланиш имконини яратиш мақсадида, лойиҳа regulation.gov.uz веб-сайтида (ID-____) жойлаштирилган.

VI. Кутиладиган натижалар

Таклиф этилаётган қарор лойиҳасининг қабул қилиниши:

биринчидан – жиноят содир этган шахсларни ахлоқан тузатиш, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликда қайта тарбиялаш борасидаги ишлар янада такомиллаштирилади;

иккинчидан – озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш, пробация бўлим (гуруҳ)лари назорати остидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича янги механизм жорий этилади;

учинчидан – кадрларни танлаш, уларни махсус касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали механизм жорий этилади;

тўртинчидан – назорат остидагиларнинг ижтимоий мослашуви

ва ишга жойлашишига, шу жумладан, уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этиш орқали ҳар томонлама амалий кўмаклашиш тизими яратилади;

бешинчидан – назорат остидагиларнинг қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва бунга йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, уларнинг шахсини ижтимоий-психологик портретни тузган ҳолда ўрганиш тизими такомиллашади.

VII. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан харажат қилишни талаб қилмайди.

Вазирнинг

биринчи ўринбосари А.А. Ташпулатов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил _____ ноябрдаги ____- сонли қарорига

1-ИЛОВА

Назорат остидагиларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш

МЕХАНИЗМИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил _____ ноябрдаги ____-сонли қарорига

2-ИЛОВА

Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича

“ЙЎЛ ХАРИТАСИ”

Т/р

Тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. Пробация фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш

Ўзбекистон Республикасининг “Пробация тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқиш

ва унда қуйидагиларни назарда тутиш:

– пробация соҳасини тартибга солишга қаратилган асосий тушунчаларни, шунингдек пробация хизмати ходимининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;

– назорат остидагилар билан олиб борилаётган профилактик тадбирларда давлат органлари

ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмаларининг ваколатларини аниқ белгилаш;

– пробация хизмати фаолиятининг механизмлари, хусусан назорат остидагиларни ижтимоий мослаштириш,касбий тайёрлаш, ҳунар ўргатиш, уларни ишга жойлаштириш, моддий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш;

– назорат остидагиларни қайта тарбиялаш, уларнинг жиноят содир этишининг барвақт олдини олиш тартибини белгилаш;

– озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо ўтаётган ва тузалиш йўлига ўтмаган, шунингдек муқим яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда муқаддам содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган шахсларга жазо тайинлаш тартибини белгилаш;

– хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини инобатга олиб, назорат остидагиларни электрон мониторинг кузатувини амалга ошириш тизими тартибини белгилаш.

Қонун лойиҳаси

2021 йил

июнь

ИИВ, Бош прокуратура, Олий суд, Адлия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, ИИВ Академияси, Тошкент давлат юридик университети, “Маҳалла” фонди, Хотин-қизлар қўмитаси,

Ёшлар иттифоқи

Назорат остидагиларнинг маъмурий назоратдан бўйин товлаш мақсадида яшаш жойини ўзбошимчалик билан тарк этган ҳолларда уларни республика ҳудудидан чиқишини чеклашни назарда тутувчи тартибни жорий қилиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

лойиҳаси

2020 йил

декабрь

ИИВ, ДХХ,

Бош прокуратура

II. Пробация фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар

Озод этилиши режалаштирилаётган маҳкумларни ижтимоий мослашув масалаларини олдиндан ўрганиб чиқиш ва тегишли таклифларни бериш ваколатига эга бўлган пробация инспектори лавозимини жорий этиш

Ички ишлар вазири ўринбосарининг

буйруғи

2020 йил

март

ИИВ ЖИЭББ

Пробация бўлинма (гуруҳ)ларининг ходимларини Пробация хизматини ривожлантириш жамғарма манбалари ҳисобидан рағбатлантириш тартибини жорий этсин.

Ички ишлар вазирининг буйруғи

2020 йил

март

ИИВ

Пробация бўлинма (гуруҳ)ларининг юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини таъминлаш.

Комплекс

чора-тадбирлар

2020 йил

июнь

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Тегишли олий таълим муассасаларида психология йўналиш бўйича таҳсил олаётган талабаларни пробация бўлинма (гуруҳ)ларида амалиёт ўташ тартибини жорий этиш

Чора-тадбирлар

2020 йил

июнь

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

ИИВ

Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Пробация хизмати ходимларини малакасини ошириш тизимини жорий этиш

Чора-тадбирлар

2020 йил

июль

ИИВ Малака ошириш институти, Пробация хизмати

Юридик йўналишларидаги олий таълим муассасалари таълим дастурларига назорат остидагиларни ижтимоий-психологик портретини ўрганиш бўйича махсус мавзуларни киритиш

Таълим дастури

2020 йил

июль

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Пробация хизмати ходимларининг стажировка ўташ, чет эл қонунчилигини ўрганиш мақсадида ривожланган хорижий мамлакатларга хизмат сафарларини ташкил этиш

Комплекс

чора-тадбирлар

Доимий равишда

Ташқи ишлар вазирлиги,

ИИВ

Пробация фаолиятига оид илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш

Чора-тадбирлар

Доимий равишда

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий аттестация комиссияси, ИИВ

Пробация хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан ток-шоулар, ижтимоий роликлар, махсус кўрсатувлар, мақолалар, чиқишлар

ва эшиттиришлар ташкил этиш.

Чора-тадбирлар

Ҳар чоракда

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, ИИВ,

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Халқаро пресс-клуб, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва оммавий ахборот воситалари

Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Umumiy takliflar

288