ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9493 Национальная гвардия Республики Узбекистан 28/10/2019 09/11/2019 2

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Умумий ўрта таълим мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
ID-9493

Умумий ўрта таълим мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар фаолиятини ташкил этиш  тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги
ПҚ-3392-сон қарорига мувофиқ, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, унда мамлакат суверенитети
ва мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича бурч туйғусини шакллантириш, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш, шунингдек республика олий ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун етарли билимга эга, Ўзбекистон халқи ва Президентига содиқ бўлган ёшларни тизимли равишда тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Халқ таълими вазирлигининг умумий ўрта таълим мактабларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлари фаолиятини 7-11-синф ҳажмида ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги
    ПҚ-3392-сон қарорининг 3-иловаси билан ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактаблари рўйхати тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
  3. Қуйидагилар:

         Умумий ўрта таълим мактабларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлари тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

Умумий ўрта таълим мактабларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфларига ўқувчиларни қабул қилиш
ва уларни ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисида низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Белгилаб қўйилсинки:

умумий ўрта таълим мактабларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфларида (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган синфлар деб аталади) ўқиш муддати беш йилдан иборат бўлади;

2019-2020 ўқув йилида ихтисослаштирилган синфларга 7-синфдан бошлаб 30 нафар ўқувчи қабул қилинади;

ихтисослаштирилган синфлар учун керак бўладиган махсус спорт жиҳозлари, ўқув мақсадларга мўлжалланган қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулк намуналари ва параметрлари Миллий гвардия томонидан ишлаб чиқилади;

ихтисослаштирилган синфларда ўқув машғулотларининг ташкил этилиши учун зарур шароитлар яратиш ва махсус ҳарбий-техник ва қурол-аслаҳалардан фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар Халқ таълими вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги
    ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига:

ихтисослаштирилган синфларга ўқувчиларни қабул қилиш жараёнларини ташкил этилиши ва ўтказилишини қатъий назоратга олиш;

ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ёки ўрнини босувчи шахслар, жамоатчилик ўртасида ихтисослаштирилган синфларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби, улардаги таълим-тарбия жараёни ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш;

ихтисослаштирилган синфларга ўқувчилар қабули юзасидан умумий ўрта таълим мактабларида комиссия ташкил этилишини ва уларнинг белгиланган тартибда фаолият юритишини таъминлаш;

ҳар йилнинг 1 августига қадар қабул жараёнлари учун жисмоний тайёргарлик топшириқларини тайёрлаш ва тест синовлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

ихтисослаштирилган синфлар учун ўқув режа ва дастурларни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, айрим фанларни чуқурлаштирилиб ўқитилишини жорий этиш билан бирга ўқувчиларнинг қўшимча равишда мустақил билим олишлари учун етарлича шароитлар яратиш;

Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ихтисослаштирилган синфлар ўқувчиларининг ҳудудлардаги тарихий обидалар, музейлар, зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор жойларга мунтазам ташрифларини уюштириш;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ихтисослаштирилган синфлар ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор услуб ва шаклларини, янги педагогик ва ахборот коммуникация технологияларини, ўқувчиларнинг ўқув, психологик ва жисмоний юкламаларини оптималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда таълим-тарбиянинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ўрнатилган тартибда ихтисослаштирилган синфларни юқори тезликдаги Интернет ахборот тармоғига тўлиқ улаш
ва ўқувчиларининг ундан доимий равишда фойдаланишларини таъминлаш;

ихтисослаштирилган синфлар ўқувчиларининг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга мўлжалланган турли тўгараклар, қизиқишлари бўйича клублар, секциялар, шу жумладан, спорт секцияларини ташкил этиш вазифалари юклатилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан талаб этиладиган маблағларни 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида ажратилишини таъминласин.

7. Мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатлар ҳар йили Давлат бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан, хорижий давлатлар кредитлари ва халқаро молия ташкилотларининг маблағларини жалб қилиш орқали, шунингдек қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Б.Х. Ташматов зиммаларига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

          Бош вазири                                                                     А. Арипов

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “____” __________даги

_______-сон қарорига
1-ИЛОВА

 

 

 

 

 

Умумий ўрта таълим мактабларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлари тўғрисида

Низом

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

  1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
    17 ноябрдаги ПҚ-3392-сон, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 140-сон қарорларига мувофиқ умумий ўрта таълим мактабларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлари (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган синфлар деб аталади) вазифалари, функциялари, мақоми ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.
  2. Ихтисослаштирилган синфларда таълим жараёни умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандартларига мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва Миллий гвардия билан келишилган ҳолда тасдиқланган ўқув режа ва ўқув дастурлари асосида ташкил этилади.

2-боб. Ихтисослаштирилган синфларнинг

мақсади ва вазифалари

 

  1. Умумий ўрта таълим фанлари доирасида ҳарбий-ватанпарварлик йўналиши бўйича ўқувчиларнинг давлат таълим стандартлари талабларидан ошадиган чуқур таълим тайёргарлигини таъминлаш ихтисослаштирилган синфларнинг мақсади ҳисобланади.
  2. Ихтисослаштирилган синфларнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга ва ватанпарварлик туйғусига эга интеллектуал ривожланган  ёшларни тарбиялаш;

она Ватан келажаги учун ўзига масъулиятни оладиган, давлат мустақиллигини ҳимоя қилишга тайёр, мустаҳкам қарашлар ва қатъий фуқаролик позициясига эга ўқувчи-ёшларни тайёрлаш;

ўқувчиларда ҳарбий бурч ва ҳарбий хизматни адо этишда зарур бўладиган профессионал ҳарбий ва ижодий кўникмаларни шакллантириш;

таълим олувчиларни “Темурбеклар мактаб”лари ҳарбий-академик лицейлар ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти
ва бошқа Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун мақсадли ва чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлаш.

3-боб. Ихтисослаштирилган синфларда
ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш

 

  1. Ихтисослаштирилган синфларда таълим 7-11 синф ҳажмида бўлиб, кундузги таълим шаклида амалга оширилади. Таълим ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида олиб борилади.
  2. Ихтисослаштирилган синфларда ўқув-тарбия жараёни Давлат таълим стандартлари талаблари асосида ташкил қилинади.
  3. Ихтисослаштирилган синфларда ўқувчилар билан дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар ўтказишда турли замонавий шакллар ва усуллардан, жумладан ўқитилаётган фанлар бўйича факультатив ва тўгарак машғулотлари ҳамда ўқувчиларни Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялаш тадбирларидан фойдаланилади.
  4. Ихтисослаштирилган синфлар ўқувчилари учун ўқиш, дам олиш
    ва турли тадбирларни қўшиб олиб боришга қаратилган тиббий-педагогик асосланган кун тартиби тузилади.
  5. Ихтисослаштирилган синфларга умумий ўрта таълим мактабларининг
    6-синфини муваффақиятли якунлаган, чуқурлаштириб ўқитиш белгиланган ўқув фанларидан муайян қобилиятини кўрсата олган (ўғил ва қиз болалар) ўқувчилар танлов натижалари асосида қабул қилинади.
  6. Ўқув йили якуни бўйича қониқарсиз натижа кўрсатган ихтисослаштирилган синфларнинг ўқувчилари мактаб педагогик кенгаши қарори билан умумий ўрта таълим мактабининг умумий синфларига ўқишни давом эттириш учун ўтказилади.
  7. Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади) эҳтиёжидан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган синфларнинг ўқувчиларини дарсдан ташқари машғулотларга тўлиқ жалб этилишига қўшимча шароитлар яратиш мақсадида шартнома асосида кузатув кенгашлари томонидан ўқувчиларнинг соғлом овқатлантирилишини ташкил этилиши мумкин.
  8. Ихтисослаштирилган синфларда ўқувчилар сони (ҳар бир синфда)
    30 нафардан ошмаслиги лозим.
  9. Ихтисослаштирилган синфларнинг 9-синфини якунлаган ўқувчиларга умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома, 11-синфини тамомлаган ўқувчиларга умумий ўрта таълим тўғрисида аттестат берилади.

4-боб. Педагог кадрлар, ихтисослаштирилган

синфларни бошқариш

 

  1. Олий маълумотли, таълим муассасалари ўқитувчиларига қўйиладиган малака талабларига жавоб берувчи, юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган шахслар ихтисослаштирилган синфларда педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Суд ҳукми билан педагогик фаолият билан шуғулланиш ман этилган шахсларга ихтисослаштирилган синфларда ушбу фаолиятни юритишига йўл қўйилмайди.

  1. Ихтисослаштирилган синфларда дарс бераётган педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
  2. Ихтисослаштирилган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида» 2005 йил 21 декабрдаги
    275-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

            Умумий ўрта таълим мактабининг раҳбарияти ихтисослаштирилган синфлар ўқувчиларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ўқиш ва дам олиш шароитларига риоя этиши юзасидан жавоб беради.

  1. Умумий ўрта таълим мактабининг директори ихтисослаштирилган синфлар фаолиятини назорат қилади, ўқувчиларнинг сифатли ўқитилиши
    ва тарбияланиши, ўқув режалари ва ўқув дастурларининг бажарилиши, ихтисослаштирилган синфнинг ўқув-методик ва молия-хўжалик фаолиятининг зарур даражада амалга оширилиши юзасидан жавоб беради.
  2. Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ҳамда ҳарбий бўлинмалари ихтисослаштирилган синфларга ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш
    ва такомиллаштиришда амалий ёрдам кўрсатади.

5-боб. Ихтисослаштирилган синфларда таълим жараёнини ташкил
этиш ва бошқариш бўйича давлат органларининг вазифалари

 

  1. Қуйидагилар Халқ таълими вазирлигининг вазифалари ҳисобланади:

            Миллий гвардия, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда ихтисослаштирилган синфларга ўқувчилар қабулини ташкил этиш;

Миллий гвардия билан келишилган ҳолда, Давлат таълим стандартларига мувофиқ ихтисослаштирилган синфлар учун ўқув режа ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш;

ўқув-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиш, илғор педагогик
ва ахборот технологияларини таълим дастурлари ҳамда ўқув-тарбия жараёнига самарали жорий этиш бўйича амалий илмий-методик ёрдам кўрсатиш;

ўқув, ўқув-методик адабиётлар ва кўргазмали қўлланмалар ишлаб чиқиш, нашр этиш ҳамда ихтисослаштирилган синфларни улар билан таъминлашни ташкил этиш;

ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик, ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий
ва эстетик тарбиялашни таъминлайдиган комплекс маънавий-маърифий
ҳамда тарбиявий ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

Миллий гвардия билан ҳамкорликда ихтисослаштирилган синфлар ўқувчиларини аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда касбга йўналтириш;

Миллий гвардия таълим муассасалари билан ўзаро самарали ҳамкорлик қилишни ташкил этиш ва назорат қилиш;

ихтисослаштирилган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув-моддий базасини ўқитишнинг замонавий техник воситалари, компьютер техникаси ва тегишли ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш;

ихтисослаштирилган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактабларининг маъмурий, молиявий ва хўжалик фаолиятини, шунингдек моддий-техник таъминотини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

Миллий гвардия ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ихтисослаштирилган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари ўртасида “Ёш гвардиячилар” танлови (ҳарбий спорт мусобақалари), аниқ фанлар ижтимоий-гуманитар ва чет тили фанлари бўйича викториналар ўтказиш;

давлат якуний аттестациясини ташкил этиш ва ихтисослаштирилган синфлари битирувчиларига шаҳодатномалар бериш.

  1. Қуйидагилар Миллий гвардиянинг вазифалари ҳисобланади:

ўқув-тарбия жараёнини сифатли ташкил этишда, ҳарбий мавзудаги илғор педагогик ва ахборот технологияларини таълим дастурларига ва ўқув жараёнига жорий этишда амалий методик ёрдам кўрсатиш;

чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани дастурига мувофиқ ихтисослаштирилган синфларни ҳарбий-муҳандислик асбоб-ускуналари ва кимёвий муҳофаза воситалари, ҳарбий мавзудаги ўқув ва кўргазмали қўлланмалар билан таъминлаш;

ихтисослаштирилган синфлар ўқувчилари билан Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ва ҳарбий бўлинмалари базаларида тактик,
ўқ отиш, махсус тайёргарлик бўйича (шу жумладан, дала шароитларида ҳам) амалий машғулотларни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашиш;

ихтисослаштирилган синфлар ўқитувчиларининг касбий маҳоратини ошириб бориш мақсадида ихтисослаштирилган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактабларини Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ва ҳарбий бўлинмаларига бириктириш;

Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани дастурини такомиллаштириш;

Ихтисослаштирилган синфларга ўқувчиларни қабул қилиш, битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси жараёнларида қатнашиш.

6-боб. Молиялаштириш ва моддий техник таъминоти

 

  1. Ихтисослаштирилган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактабларининг фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

7-боб. Якуний қоидалар

 

  1. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “____” _________даги

_______-сон қарорига

2-ИЛОВА

 

 

 

 

 

Умумий ўрта таълим мактабларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфларига ўқувчиларни қабул қилиш ва уларни ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

  1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
    17 ноябрдаги ПҚ-3392-сон қарори,
    Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
    23 февралдаги 140-сон “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, 2017 йил 15 мартдаги 140-сон “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорларига мувофиқ, умумий ўрта таълим
    мактабларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфларига (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган синфлар деб аталади) ўқувчиларни қабул қилиш ва уларни ўқишдан четлатиш тартибини белгилайди.
  2. Ихтисослаштирилган синфларга умумий ўрта таълим мактабларининг 6-синфини муваффақиятли якунлаган, чуқурлаштириб ўқитиш белгиланган ўқув фанларидан муайян қобилиятини кўрсата олган ўғил ва қиз болалар (кейинги ўринларда номзод деб аталади) танлов натижалари асосида қабул қилинади.

2-боб. Ҳужжатларни қабул қилиш

 

  1. Ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактабларида ҳужжатларни қабул қилиш, расмийлаштириш, жисмоний тайёргарлик бўйича синовлар ўтказиш, тест синовини ўтказиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда ота-оналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида қабул комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) тузилади.

Комиссия таркиби 7 нафардан кам бўлмаган тоқ миқдорда ташкил этилиб, таркибига ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактаби директори, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят халқ таълими бошқармаси вакили ҳамда умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари ҳамда Миллий гвардия ҳудудий бўлинмаларининг масъул вакили киритилади.

Ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактаби директори комиссия раиси ҳисобланади.

  1. Ихтисослаштирилган синфларнинг 7-синфига умумий ўрта таълим мактабларининг 6-синфларини муваффақиятли якунлаган номзодлар танлов (кейинги ўринларда танлов деб аталади) асосида қабул қилинади.
  2. Ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактабларининг раҳбарияти танловни сифатли ва рақобатли ўтказиш мақсадида ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан камида 1 ой олдин танлов ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон беради.
  3. Ихтисослаштирилган синфларга кириш учун тегишли ҳужжатлар
    1–20 июль кунлари қабул қилинади.
  4. Ихтисослаштирилган синфларга номзодлар қабули бўйича маълумотлар Халқ таълими вазирлиги томонидан 25 июль кунига қадар умумлаштирилиб, Миллий гвардия ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади) тақдим этилади.
  5. Танловда иштирок этиш учун номзодлардан қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинади:

ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактаби директори номига ариза;

туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;

психоневрологик, силга қарши ва тери-таносил касалликлари диспансерлари, электрокардиография текшируви (ЭКГ) бўйича тиббий маълумотномалар;

3х4 ҳажмдаги 6 та фотосурат;

фанларни ўзлаштириши тўғрисида ўқиш жойидан директор томонидан тасдиқланган маълумотнома;

ўқиш жойидан тавсифнома;

жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича ўқувчининг эришган ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатидан (фаҳрий ёрлиқ, сертификат, диплом ёки бошқа, агар улар мавжуд бўлса).

  1. Ихтисослаштирилган синфларга жисмоний тайёргарлик синовлари комиссия томонидан 21 июль – 5 август кунлари оралиғида, тегишли фанлар йўналиши бўйича тест синовлари Давлат тест маркази томонидан
    15–25 август кунлари оралиғида ўтказилади.
  2. Комиссия томонидан тасдиқланган жадвал асосида мурожаат қилувчиларга маслаҳат бериб борилади.

3-боб. Танлов ишларини ўтказиш

 

  1. Ихтисослаштирилган синфларга тегишли фанлар бўйича тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ҳамда жисмоний тайёргарлик синовлари комиссия томонидан ўтказилади.
  2. Тест синови материаллари ва методикаси Давлат тест маркази томонидан, жисмоний тайёргарлик синови материаллари ва методикаси —етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан шакллантирилади. 
  3. Ихтисослаштирилган синфларга қабул қилиш бўйича танлов тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.
  4. Жисмоний тайёргарлик бўйича синов умумий ўрта таълимнинг
    6-синфлар ўқув дастури доирасида ҳар бир номзодга 5 тадан жисмоний  машқлар берилади, умумий 100 баллик тизимда баҳоланади. Якунлари бўйича 70 ва ундан юқори балл тўплаган номзодлар тест синовларига қўйилади.
  5. Жисмоний тайёргарлик синовларига келмаган номзодлар учун қўшимча синовлар ўтказилмайди.
  6. Номзодлар уч тилдан – ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирини шахсан танлаган ҳолда умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандартлари доирасида тест синовлари топширадилар.
  7. Тест синовларига белгиланган муддатда келмаган номзодлар учун такрорий тест синовлари ўтказилмайди.
  8. Тест синовларини ўтказиш санаси, жойи ва вақтини Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Миллий гвардияси томонидан Давлат тест маркази билан келишилган ҳолда белгиланади.
  9. Тест топшириқлари умумий ўрта таълим фанларига қўйилган
    (5-6-синфлари кесимида) давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.

Тест топшириқлари китобида ҳар бир фан (тарих, математика, она тили) учун 10 та топшириқ белгиланади. Умумий 100 баллик тизимда баҳоланади. Тарих фанидан битта тўғри жавобга 4 балл, математика ва она тили фанларидан битта тўғри жавобга 3 балл қўйилади.

Номзодга тест топшириқларини бажариш учун қуйидаги вақт меъёрлари белгиланади:

10 та саволга – 30 дақиқа;

20 та саволга – 60 дақиқа;

30 та саволга – 90 дақиқа.

Жавоблар варақасини тўлдириш учун номзодга белгиланган вақт меъёридан ташқари қўшимча 10 дақиқа вақт ажратилади.

  1. Жисмоний тарбия ва спорт йўналишида республика ва халқаро миқёсда муваффақиятга эришган ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлик натижаларига максимал баллнинг 25 % миқдорида қўшимча балл қўшилади.
  2. Номзодларнинг танловдаги кўрсаткичлари тенг бўлиб қолган ҳолларда қуйидагилар имтиёзга эга бўлади:

ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

спорт йўналишида вилоят, республика ва халқаро миқёсда ютуқларга эришган ўқувчилар;

кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари.

  1. Юқоридаги банд бўйича кўрсаткичлар тенг бўлиб қолганда жисмоний тайёргарликдан қўшимча синов ўтказилиши мумкин.
  2. Жисмоний тайёргарлик ва тест синовларини топширган номзодлар орасидан баллар йиғиндиси бўйича кетма-кетликда камайиш тартибида
    30 нафари қабул қилинади.
  3. Танловнинг якуний натижалари 5 кун ичида комиссия томонидан ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактабларининг эълонлар тахтасига осиб қўйилади.
  4. Танловдан ўтмаган номзодларнинг ҳужжатлари ота-оналарига қайтариб берилмайди.
  5. Танловни ўтказиш жараёнидан норози бўлган номзодлар
    ва уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар амалдаги қонунчиликка мувофиқ мурожаат этишлари мумкин.
  6. Танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар 25 августга қадар ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактабининг директори буйруғи асосида ўқувчилар сафига киритилади.

4-боб. Ўқувчиларни ўқишдан четлатиш
ва бўш ўринларга ўқувчилар қабул қилиш

 

  1. Ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактабининг уставида белгиланган ички тартиб-қоидаларни бузган ҳамда қониқарсиз ўзлаштиришга эга ўқувчилар туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан келишилган ҳолда педагогик кенгаш қарори асосида аввал ўқиган синфи ёки мактабига (ўқувчининг яшаш жойи ўзгарган тақдирда ҳудуддаги бошқа мактабга) қайтариб юборилади.
  2. Ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактабида бўшаб қолган ўринларга танловда иштирок этиб, лекин қабул қилинмай қолган ўқувчилар баллар рейтинги бўйича кетма-кетликда қабул қилинади.

Агар ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан рад жавоби олинса, баллар рейтинги бўйича навбатдаги юқори балл тўплаган ўқувчи чақириб олинади.

Мазкур бандда белгиланган талаблар фақатгина ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилган умумий ўрта таълим мактабларининг 7-синфи ўқув йилининг биринчи ярим йиллиги бўйича қўлланилади.

  1. Ихтисослаштирилган синфларнинг 10-синфига ўтиш даврида ўқувчилар сони 30 нафардан камайганида (Темурбеклар мактаблари, академик лицейлар ёки касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиниш ҳисобига) қолган бўш ўринлар учун қўшимча танлов ўтказилиши мумкин.
  2. Ихтисослаштирилган синфларнинг 10-синфи учун бўш ўринларга танлов ўтказиш мазкур Низомнинг 3-бобида белгиланган муддатларда ўтказилади.

5-боб. Якуний қоидалар

 

  1. Ихтисослаштирилган синфларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш
    ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
  2. Мазкур низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Umumiy takliflar

650