ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9467 Министерство народного образования Республики Узбекистан 25/10/2019 08/11/2019 44

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Prezidentining Qarori
Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида
ID-9467

Халқ таълими муассасалари ходимларини касбий ривожлантириш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 29 апрелдаги  ПФ-5712–сон Фармонига мувофиқ:

1. Қуйидагилар халқ таълими муассасалари ходимларини касбий ривожлантириш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

раҳбар, мутахассис ва педагог кадрларни узлуксиз касбий ривожлантиришнинг эҳтиёжларга асосланган самарали миллий тизимини жорий этиш ва такомиллаштириш;

халқ таълими раҳбар ва педагог кадрларида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда илғор педагогика ва инновацион технологияларни эгаллаш ҳамда уларни мактаблардаги ўқув жараёнига самарали татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантириш;

 халқ таълими ходимларининг ўз касбий маҳорати ва педагогик фаолияти самарадорлигини мунтазам ошириб бориши, шу жумладан давлат тилини мукаммал билиш ва чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини оширишини қўллаб-қувватлаш;

малака ошириш таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларига чет эллик мутахассисларни жалб қилиш ва халқ таълими ходимларининг хорижий илғор таълим марказларида тажриба орттиришларини ташкил этиш;

халқ таълими муассасалари раҳбарлари – таълим соҳаси менежерлари
ва ўқитувчилар касбий компетенциялари савиясини белгилашнинг миллий стандартлари тизимини амалиётга жорий этиш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг замонавий технологияларини қўллаган ҳолда халқ таълими муассасалари раҳбар лавозимларига юқори малакали кадрлар захирасини шакллантириш;

халқ таълими муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларини танлаш, ишга қабул қилиш ҳамда узлуксиз касбий ўстиришнинг лицензиялашга асосланган шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмини жорий этиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасаларида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишларига иқтидорли ёш педагогларни жалб қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг турли инновацион, амалий ва фундаментал тадқиқотлар лойиҳалари танловларида қатнашишлари ва хорижий илмий-тадқиқот муассасаларида малака ошириши, докторантура ва стажировка ўташларини йўлга қўйиш;

хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига малака ошириш таълим муассасаларини халқ таълими тизимининг ривожланишини тадқиқ қилувчи ва прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассасалар даражасига олиб чиқиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида Педагогик маҳорат институтларини ташкил этиш;

Халқ таълими соҳасида фундаментал, илмий ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш, соҳа ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув ва методик ишларни ҳамда соҳа мутахассисларининг олий таълимдан кейинги таълимини янада такомиллаштириш мақсадида А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти негизида А.Авлоний номидаги Халқ таълими академияси (кейинги ўринларда Академия деб юритилади)ни ташкил этиш;

Академияда “Таълим соҳаси менежменти” ва “Катталар таълими” (“Андрогогика”) мутахассисликлари бўйича амалиётчи педагоглар таркибидан юқори малакали таълим соҳаси менежерлари ҳамда мутахассисларини тайёрлайдиган 1 йиллик магистратура фаолиятини йўлга қўйиш;

анъанавий малака ошириш билан бир қаторда касбий ўқувларнинг масофавий (Moodle, E-learning, Web-based training) ва уйғунлашган (blended-learning) каби самарали шаклларини, шунингдек, халқ таълими ходимлари малакасини оширишнинг белгиланган даврийликка риоя қилинган ҳолда, тажриба тариқасида, ходимларни ҳар йили ўқишга жалб қилишни назарда тутувчи кредит-модуль механизмини босқичма-босқич жорий этиш;

тажриба тариқасида, педагог кадрларнинг ҳар йили ташкил қилинадиган қисқа муддатли малака ошириш курслари ва ундан кейинги даврда фанлар бўйича таянч мактабларида ишдан ажралмаган ҳолда ўтказиладиган (on-the-job training) доимий ўқувлардан иборат узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий этиш;

халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини  ташкил қилиш ва ҳар бир ходимнинг ўз индивидуал траекториялари бўйича малака ошириши жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базасига асосланган электрон платформани яратиш ва амалиётга жорий этиш;

Республика таълим маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларидаги умумтаълим фанлари бўйича “методист” лавозими ўрнига “ментор” лавозимини жорий этиш;

халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказлар тузилмасидаги методик хизмат бўлимларини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги туманлараро умумтаълим муассасаларини методик таъминлаш марказларини тугатган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг менторлик хизмати бўлимларини, шунингдек, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг менторлик хизмати шўъбаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

3. Қуйидагилар халқ таълими ходимларининг узлуксиз таълимини ташкил этиш бўйича менторнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

халқ таълими ходимларини касбий ривожланишини таъминлаш мақсадида таянч мактаблар негизида малака ошириш тадбирларини (курслар, ўқувлар, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари, тажриба алмашиш дарслари) ташкил қилиш;

таълим жараёнида илмий, педагогик, психологик, дидактик ва методик усуллардан фойдаланишидаги бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан педагогларга амалий ёрдам кўрсатиш;

таълим жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шакллари, методлари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситаларини жорий этишда таълим муассасалари раҳбар ва педагогларга кўмаклашиш;

мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларга мактабда самарали таълим-тарбия жараёнини ташкил қилиш ва таълим сифатини ошириш борасида методик маслаҳатлар ва йўл-йўриқлар бериш;

мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларининг шахсий ва касбий ривожланишларига методик ёрдам кўрсатиш, уларни лицензиялаш жараёнларига тайёргарлигини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш.

4. Белгилансинки:

Академия А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар
ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг, Педагогик маҳорат институтлари ўз навбатида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Академия ва Педагогик маҳорат институтларининг раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ва бошқа ходимларига олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади. Бунда, бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчилар нисбатининг чекланган нормативлари олий таълим муассасалари учун белгиланган бир нафар ўқитувчи ҳисобига талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларидан 25 фоиз паст этиб белгиланади.

5. Менторларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига нисбатан қуйидагича нисбатда:

республика даражасидаги – 1,35 бараварга;

вилоят даражасидаги – 1,25 бараварга;

туман (шаҳар) даражасидаги – 1,15 бараваргача ошириш белгилансин.

6. Қуйидагилар:

Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Ҳаракатлар режаси” 2-иловага мувофиқ;

Педагогик маҳорат институтларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) 3-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда Педагогик маҳорат институтларининг моддий-техника базасини босқичма-босқич мустаҳкамлашнинг асосий параметрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. 2021 йил 1 январдан бошлаб халқ таълими муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан иборат, ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий лицензиялаш (бундан кейин касбий лицензиялаш деб юритилади) тартиби босқичма-босқич жорий этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига халқ таълими муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларининг фаолиятини касбий лицензиялаш ваколати берилсин.

9. Малака тоифаси бўлмаган ўқитувчи касбий лицензия олганидан сўнг унинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчиларга тенглаштирилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб педагогика ва психология фанларини олий таълим муассасаларининг умумтаълим фанлари йўналишларига мувофиқ келувчи мутахассислар тайёрловчи магистратура босқичи талабалари учун мажбурий фан сифатида камида 144 соат ҳажмда ўқитилишини ҳамда педагогик амалиёт ўташини жорий этсин.

Бунда, Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари билан биргаликда тасдиқлаган магистратура мутахассисликлари рўйхатига мувофиқ олий ўқув юртлари битирувчиларига педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги икки ой муддатда:

Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида Низомни;

Академия ва Педагогик маҳорат институтларининг уставлари ва штатлар жадвалларини;

Академия ва Педагогик маҳорат институтларини ўқитишнинг замонавий жиҳозлари, асбоб-ускуналари ва техник воситалари билан жиҳозлаш меъёрларини тасдиқласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда халқ таълими муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларининг фаолиятини касбий лицензиялаш тартибини тасдиқласин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги 2020 йил 1 июлга қадар:

халқ таълими муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчилари касбий малака савиясини белгилашнинг миллий стандартларини;

халқ таълими муассасалари хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига ментор лавозимини киритсин. 

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
ва Халқ таълими вазирлигининг Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Дархон қўрғони, Чимкент йўли кўчаси, 2-уй манзилида жойлашган Тошкент тумани Ижтимоий-иқтисодиёт коллежининг бино ва иншоотларини Тошкент вилояти Педагогик маҳорат институтига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим қарорлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида мазкур қарорни амалга ошириш билан боғлиқ зарур маблағларни назарда тутсин.

17. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг  мақсад ва вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва тематик кўрсатувлар ташкил этсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш
ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдуваҳитов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                           Ш.Мирзиёев

Umumiy takliflar

2251