ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9402 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 23/10/2019 07/11/2019 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Таълим ташкилотлари, педагог ходимлар, таълим олувчилар, таълим-тарбия жараёни ва бошқа зарур ахборотлар тўғрисида ягона маълумотлар базасидан иборат ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-9402

Лойиҳа

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Таълим ташкилотлари, педагог ходимлар, таълим олувчилар,
таълим-тарбия жараёни ва бошқа зарур ахборотлар тўғрисида ягона маълумотлар базасидан иборат ахборот тизимини жорий этиш
чора-тадбирлари тўғрисида

 

Таълим соҳасида ягона ахборот тизимини яратиш орқали таълим сифатини оширишга кўмаклашиш, таълим ташкилотлари, педагог кадрлар
ва таълим олувчилар тўғрисида ишончли ахборотлар билан ишлашнинг янги тизимини жорий этиш,
хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш амалиётини халқаро талабларга мослаштириш, таълим соҳасига оид умумий электрон маълумотлар базасини яратиш ҳамда уни халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил
16 январдаги ПҚ–4119-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

2018-2021 йиллар учун ЮНЕСКО ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумда Олий таълим соҳасида малакани тан олиш бўйича Осиё – Тинч океани минтақавий конвенциясининг (кейинги ўринларда – Токио конвенцияси) Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилиниши юзасидан устувор мақсад белгиланганлиги;

Токио конвенцияси чет давлатларда педагог ходимлар, тадқиқотчилар
ва талабаларнинг чегаралараро мобиллиги масаласини сиёсий ва амалий жиҳатдан уйғунлаштириш имкониятларини яратишга қаратилган ҳужжат бўлиб, унга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири аъзоликка даъвогар давлатда Миллий ахборот маркази (National information center) ташкил этилиши ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – Давлат инспекцияси), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлигининг таълим ташкилотлари, педагог ходимлар, таълим олувчилар, таълим-тарбия жараёни ва бошқа зарур ахборотлар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантиришни ўз ичига олган таълим сифатини таъминловчи қуйидагилардан иборат “Узлуксиз таълим” ахборот тизимини (кейинги ўринларда – ахборот тизими) жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

а) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан мактабгача таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизими”;

б) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда тизимида тегишли таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Умумий ўрта таълимни бошқариш ахборот тизими”
ва “Мактабдан ташқари таълимни бошқариш ахборот тизими”;

в) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан:

ўрта махсус таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Ўрта махсус таълимни бошқариш ахборот тизими”;

тизимида бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларга оид маълумотлар киритиладиган – “Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълимни бошқариш ахборот тизими”;

тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда олий таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Олий таълимни бошқариш ахборот тизими”;

г) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан касбга ўқитиш марказларига оид маълумотлар киритиладиган – “Касбга ўқитишни бошқариш ахборот тизими”;

д) Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан олий таълимдан кейинги таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Олий таълимдан кейинги таълимни бошқариш ахборот тизими”;

е) тизимида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим муассасаларига оид маълумотлар киритиладиган – “Малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таълимни бошқариш ахборот тизими”;

ж) Давлат инспекцияси томонидан нодавлат таълим ташкилотларига оид маълумотлар киритиладиган – “Нодавлат таълимни бошқариш ахборот тизими”.

3. Ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва келгусида юритишни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони
15 нафардан иборат Давлат инспекциясининг “Узлуксиз таълим” миллий ахборот маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилсин.

4. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ахборот тизимига маълумот киритиш бўйича манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилиш, уларга тегишли маълумотлар базасига кириш ҳуқуқини берадиган логин ва пароллар бериш;

ахборот тизимининг мунтазам тарзда онлайн ишлашини таъминлаш, маълумот киритилишининг тизимли мониторингини олиб бориш ҳамда маълумотларни алмашиш жараёнини мувофиқлаштириш;

ахборот тизимига киритилаётган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда экспертизадан ўтказиш ва таҳлил қилиш;

ахборот тизимини ташкил этадиган маълумотлар базаларига ҳаққоний маълумотларнинг тўлиқ ва сифатли киритилишини таъминлаш, ҳисобга олиш ва статистикасини юритиш;

хорижий давлатларнинг, шу жумладан Токио конвенциясини ратификация қилган давлатларнинг миллий ахборот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро ахборот алмашишни таъминлаш;

ахборот тизимига киритилган маълумотларнинг чет тилларига таржима қилинишини ташкил этиш ҳамда ахборот тизимига давлат тили билан бир вақтда киритиб борилишини таъминлаш;

ахборот тизимини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

5. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг “Узлуксиз таълим” миллий ахборот маркази тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

“Узлуксиз таълим” ахборот тизимини яратиш, маълумотларни киритиш ва жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат инспекцияси бошлиғига, зарур ҳолларда, Марказ тузилмасига ходимларнинг умумий чекланган сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва юритилишини таъминлаш юзасидан буюртмачи ташкилот – Давлат инспекцияси, ахборот тизимини ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва келгусида юритилишини таъминлаш бўйича пудратчи ташкилот – Марказ ҳисобланади;

Давлат инспекциясининг ахборот тизимини жорий этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар
ва уларнинг мансабдор шахслари учун мажбурий ҳисобланади;

Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилик бўлинмасидаги шахсий ғазна ҳисоб рақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва номи кўрсатилган муҳрга, ўз номи ёзилган штампга, бланкаларга эга бўлади;

Марказ ходимларига Давлат инспекциясининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади;

ахборот тизимига маълумотлар киритилишида масъулиятсизликка йўл қўйган ёки нотўғри маълумотлар киритилишига сабабчи бўлган вазирликлар ва идораларнинг масъул ходимларига нисбатан Давлат инспекциясининг тақдимномасига мувофиқ интизомий жазо чоралари қўлланади;

ахборот тизимида 1992 йил 1 январдан бошлаб таълим ташкилотлари, педагог ходимлар, таълим олувчилар, таълим-тарбия жараёни ва бошқа зарур ахборотлар тўғрисидаги маълумотлар базаси яратилади.

7. Давлат инспекцияси бир ой муддатда:

Марказнинг уставини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш ва уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;

Марказни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида
амалий-методик иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассислар билан таъминлаш
;

Марказни Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Нурхон кўчаси, 21-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштириш чораларини кўрсин.

8. Давлат инспекцияси Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:

2020 йил 1 июнга қадар Молия вазирлиги билан биргаликда лойиҳа қиймати ва тегишли ишларни молиялаштириш манбаларини акс эттирган ҳолда, ахборот тизимини ташкил этиш, техник қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш бўйича техник ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилишини таъминласин;

2020 йил 1 сентябрга қадар ахборот тизимини яратиш бўйича тасдиқланган техник топшириқларга асосан онлайн-платформа яратсин ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан маълумотлар киритиш учун ишга туширсин;

ахборот тизимининг техник ва ахборот хавфсизлигини таъминлаган ҳолда унга киритиладиган барча маълумотларнинг қатъий равишда маҳаллий сервер қурилмаларида сақланишини таъминласин.

9. Давлат инспекцияси, Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар:

таълим ташкилотлари, педагог ходимлар, таълим олувчилар,
таълим-тарбия жараёнига оид маълумотларни ахборот тизимига киритиш учун масъул бўлган вазирликлар ва идораларнинг тегишли мутахассислари учун семинарлар ташкил этилишини;

ахборот тизимига маълумотларни киритишга масъул бўлган мутахассисларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланишини;

ахборот тизимидаги маълумотларни мунтазам равишда янгилаб бориш учун масъул шахсларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғи, тегишли ускуналар ва компьютер техникасидан фойдаланиш шароитларини;

ахборот тизимининг узлуксиз ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш тадбирлари ўтказилишини таъминласин.

10. Таълим ташкилотлари, педагог ходимлар, таълим олувчилар,
таълим-тарбия жараёни ва бошқа зарур ахборотлар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантиришни ўз ичига олган таълим сифатини таъминловчи “Узлуксиз таълим” ахборот тизими
ни яратиш, жорий этиш
ва такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Масъул вазирлик ва идораларнинг раҳбарларига “Йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга ошириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

11. Қуйидагилар ахборот тизимини яратиш ва жорий қилиш
чора-тадбирларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тизимида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари;

таълим ташкилотларининг ўз маблағлари;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларининг грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва келгусида мунтазам ишлашини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг “Ижтимоий соҳа” учун назарда тутилган параметрлари доирасида Давлат инспекциясининг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳар йили зарур бюджет маблағлари ажратсин.

13. Давлат инспекцияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Бош вазири                                                 А. Арипов

Umumiy takliflar

160