ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
9388 Министерство водного хозяйства Республики Узбекистан 22/10/2019 06/11/2019 2

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
ID-9388

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 9 октябрдаги ПҚ4486-сон қарорини ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги (бундан кейинги ўринларда Агентлик) тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Агентлик таркибига кирувчи сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширишда буюртмачи вазифасини бажарувчи “Сувқурилишинвест” давлат унитар корхоналари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Агентлик қошида Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг сув хўжалиги бўйича инвестиция лойиҳалари негизида:

Жаҳон банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи;

Осиё тараққиёт банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи;

Араб мувофиқлаштириш гуруҳи лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи ташкил этилсин.

2. Белгилансинки:

Жаҳон банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” ва “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш.
2-босқич” лойиҳаларининг;

Осиё тараққиёт банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи “Аму-Бухоро ирригация тизимларини қайта тиклаш” ва “Навоий вилоятидаги “Навоий” ва “Учқора” насос станцияларини қайта тиклаш” лойиҳаларининг;

Араб мувофиқлаштириш гуруҳи лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи “Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш”, “Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш (Хазарбоғ-Оққопчиғай каналлари тизимини қайта тиклаш)”
ва “
Қарши насос станциялари каскадини тубдан қайта тиклаш-таъмирлаш (III-босқич)” лойиҳаларининг мажбуриятлари ва шартномалар ҳуқуқлари бўйича Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ходимларининг сони лойиҳалар сони ва иш ҳажмидан келиб чиқиб, буюртмачи вазифасини бажарувчи “Сувқурилишинвест” давлат унитар корхоналарида бошқарув ва муҳандис-техник ходимларининг сони эса қурилиш ишларининг мураккаблиги ва иш ҳажмларидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда ўзгаради;

Агентлик директори мақоми, меҳнатга хақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

3. Лойиҳани амалга ошириш гуруҳларига мустақил Низом асосида идентификацион рақамларга эга бўлишига, жалб этилган кредит маблағларининг ишлатилишини самарали назорат қилиши ва мониторингини олиб боришига, алоҳида корпоратив карталарини тўлдириш, солиқлар ҳамда ходимларга ойлик маошларини тўлаш учун банкларда депозит ҳисоб рақамларини очишга рухсат берилсин.

4. Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, давлат бюджети, грантлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

5. Агентлик Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Қори Ниёзий кўчаси, 39-уй “А” бино манзилида;

Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари Тошкент шаҳар, Лабзак кўчаси 1-уй, “А” биносининг 2 ва 3-қаватларида беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда Агентликни алоқа, шу жумладан ҳукумат алоқаси воситалари билан, шунингдек, кенг полосали Интернет тармоғига уланишини таъминлансин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масаллари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев зиммасига юклансин.

 

 

                                                                            Ўзбекистон Республикасининг

                                                                                          Бош вазири                                                 А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг             
2019 йил ______даги _____-сон қарорига
1-илова                        

     

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги
Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга
ошириш агентлиги
тўғрисида

низом

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 9 октябрдаги                  ПҚ4486-сон қарори билан ташкил этилган.

Агентлик, сув хўжалиги соҳасидаги хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ҳамда бюджет маблағлари ҳисобидан ирригация-мелиорация тадбирлари учун буюртмачи функцияларини бажарувчи ҳудудий “Сувқурилишинвест” давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда “Сувқурилишинвест” ДУК деб юритилади) фаолиятини мувофиқлаштирувчи давлат бошқарув органи ҳисобланади.

2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, лойиҳаларини амалга ошириш ва техник кўмак беришда халқаро молия ташкилотлари ва донор ташкилотлари билан эришилган инвестиция халқаро келишув
ва шартномаларга, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) буйруқлари ва ҳайъат қарорларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.

3. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, бошқа зарур муҳрлар, штампларга ва бланкларга, мустақил балансга, ғазначилик ва банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.

4. Агентлик ҳар бир инвестиция ва грант лойиҳаси бўйича Вазирлик номидан фаолият юритувчи ташкилот ҳисобланади.

5. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги, қисқартирилган номи Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги;

б) рус тилида:

тўлиқ номи Агентство по реализации проектов в сфере водного хозяйства при Министерстве водного хозяйства Республики Узбекистан, қисқартирилган номи Агентство по реализации проектов в сфере водного хозяйства;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи Agency for Implementation of water sector projects under Ministry of Water Resources of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи Agency for Implementation of water sector projects.

6. Агентликнинг юридик манзили (почта манзили): 100000,  Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Қори Ниёзий кўчаси, 39-уй “А” бино.

   

2-боб. Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари

7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

лойиҳаларнинг амалга оширилиши мониторингини юритиш;

қурилиши якунланган сув хўжалиги объектларининг белгиланган тартибда фойдаланишга топширилишини таъминлаш;

буюртмачи ва пудратчи ташкилотларнинг амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари (ШНК, КМК, идоравий меъёрлар ва бошқалар) га амал қилиш, лойиҳа ечимларининг самарадорлигини ошириш, архитектура ва шаҳарсозлик даражаси талабларига риоя этишини таъминлаш;

сув хўжалиги соҳасидаги қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларининг Вазирликнинг Тармоқ илмий-техник кенгашида кўриб чиқилишини ташкил этиш;

илмий ва илмий техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш мақсадида сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-қидирув ишлари қийматининг ҳисоб-китобига лойиҳа-қидирув ишлари умумий қийматининг 10 фоизигача миқдорда мажбурий тартибда қўшимча маблағлар киритилишини амалиётга жорий этиш;

Агентликнинг лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ҳамда “Сувқурилишинвест” ДУКлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, бунда:

а) сув хўжалиги соҳасидаги хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга ошириш йўналишида:

сув хўжалиги соҳасига халқаро инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари, грант ва техник кўмак юзасидан маблағларни жалб қилишда иштирок этиш;

амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирликка тақдим қилиш;

Ҳукумат кафолати остидаги инвестиция лойиҳаларини, шунингдек грант лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш юзасидан барча ташкилий чора-тадбирларни амалга оширилишини (техник-иқтисодий асослар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш, тендер савдоларини сифатли ўтказиш, контрактларни расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, лойиҳалар бўйича тармоқ жадваллари ва инвестиция мажбуриятлар бажарилиши ва бошқалар) таъминлаш;

лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларини малакали кадрлар билан бутлаш ва уларнинг малакасини ошириб боришни ташкил қилиш;

лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил қилиш ва тизимли назорат олиб бориш, уларнинг ҳамда пудрат ташкилотлари ҳисоботларини эшитиб бориш;

ҳар бир инвестиция лойиҳасини тармоқ жадваллари бўйича ижросини, ажратилган маблағларни ўз вақтида мақсадли ўзлаштирилишини назорат қилиш юзасидан тизимли мониоринг юритиш, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф қилиш бўйича зарур чораларни кўриш”

амалдаги қонунчилик, халқаро қоидалар ҳамда тегишли халқаро молиявий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг тартиб қоидаларига мувофиқ тузилган контрактлар доирасида асбоб-ускуналар ва  қурилиш материалларини харид ҳамда қурилиш-монтаж ишлари ва хизматларнинг бажарилишини назорат қилиш;

қурилиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича якунланган ишларини ўз вақтида қабул қилишни ташкил қилиш;

хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа вазифалар;

б) бюджет маблағлари ҳисобидан ирригация-мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиоратив объектларини тизимли таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш йўналишида:

Вазирлик ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

“Сувқурилишинвест” ДУКлар томонидан шакллантирилган ирригация-мелиорация объектларининг манзилли рўйхатларини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Вазирликка киритиш;

лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш юзасидан ташкилий чора-тадбирларни амалга оширилишини (лойиҳа-смета ҳужжатларини ўз вақтида сифатли ишлаб чиқиш, тендер савдоларини сифатли ўтказиш, контрактларни расмийлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш, лойиҳаларни тармоқ жадваллари бўйича амалга ошириш ва бошқалар) юзасидан тизимли мониторинг юритиш ва Вазирликка маълумотларни тақдим қилиб бориш;

“Сувқурилишинвест” ДУКларни малакали  раҳбарлар билан бутлаш ва уларнинг малакасини ошириб бориш ҳамда уларнинг ва  пудрат ташкилотлари ҳисоботларини эшитиб бориш;

“Сувқурилишинвест” ДУКлар томонидан Давлат дастурлари доирасидаги ирригация-мелиорация тадбирлари лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратилган маблағларни ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш  ҳамда натижаларини таҳлил қилиб бориш ҳамда Вазирликка маълумотлар тақдим қилиб бориш;

 “Сувқурилишинвест» ДУКларни сақлаш харажатлари бўйича штатлар жадвали ва харажатлар сметасини Агентликда рўйхатдан ўтказиш ҳамда жамланма штатлар жадвали ва жамланма харажатлар сметасини ишлаб чиқиб тасдиқлаш ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун  Вазирликка тақдим қилиш;

8. Агентлик зиммасига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) сув хўжалиги соҳасидаги хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни амалга ошириш йўналишида:

тендер комиссиялари, вазирликлар ва идоралар, лойиҳалар амалга оширилаётган вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари, лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи консультантлар билан биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан масалаларни ҳал этиш;

лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ва лойиҳалар доирасида жалб қилинадиган консультантлар фаолияти мониторингини олиб бориш;

ишларнинг самарадорлигини аниқлаш ва зарур ҳолларда вазирлик ва инвесторларга муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;

вазирлик билан келишган ҳолда лойиҳаларни амалга ошириш ва харидларнинг йиллик режаларини тасдиқлаш ҳамда уларга ўзгартиришлар киритиш, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, Инвесторлар ва шунингдек, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга лойиҳалар доирасида, барча кўрсаткичлар бўйича мунтазам ҳисоботлар ўрнатилган тартибда бериб борилишини таъминлаш;

қурилиши тугалланган объектларларнинг фойдаланишга топширилишини ва эксплуатация қилувчи ташкилотлар ҳисобига ўтказиб берилишини ташкил этиш;

буюртмачи ва пудратчи ташкилотларни амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига амал қилиши бўйича ўқув курслари ва семинарлар ўтказиш;

хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида танлов савдолари (тендер) ни ташкил этиш;

лойиҳада иштирок этаётган чет эллик мутахассисларнинг кириш визаларини белгиланган тартибда расмийлаштириш, муддатини узайтириш ва уларни рўйхатга қўйишни ташкил этиш;

б) бюджет маблағлари ҳисобидан ирригация-мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш йўналишида:

марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган ирригация ва мелиорация лойиҳалари доирасида амалга ошириладиган танлов савдолари (тендер) “Сувқурилишинвест” ДУКлар томонидан ўтказилишини ташкил этиш;

қурилиш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини, шунингдек капитал қўйилмалар ҳисобидан молиялаштириладиган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш-тиклаш лойиҳалари амалга оширилиши устидан мониторинг юритиш, Вазирликка маълумотлар киритиб бориш;

Вазирлик билан келишилган ҳолда тегишли вазирлик ва идораларга қурилиш ишлари капитал қўйилмалар ҳисобидан молиялаштириладиган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда мелиоратив объектларни тизимли таъмирлаш-тиклаш лойиҳалари амалга оширилиши бўйича маълумотлар киритиб бориш;

қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга топшириш бўйича давлат қабул қилиш комиссияларининг тузиш ва уларнинг далолатномаларини тасдиқлаш бўйича Вазирликка таклифларни киритиш;

реконструкция ва таъмирлаш-тиклаш ишлари якунланган объектларни “Сувқурилишинвест” ДУКлар томонидан фойдаланишга топшириш жараёнларини мувофиқлаштириб бориш;

буюртмачи ва пудратчи ташкилотларни амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига амал қилиши бўйича ўқув курслари ва семинарлар ўтказиш;

қурилиш объектларида қурилиш ва муаллифлик назорати олиб борилишини ташкил этиш ҳамда улар томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этилиши бўйича мониторинг олиб бориш;

қурилиш объектларида ишлатиладиган асосий қурилиш материаллари ва ускуналар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш;

ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш, суғориладиган ерларни сув билан таъминлаш сифатини ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида капитал қурилишда илғор қурилиш технологияларини, янги қурилиш материалларини, асбоб-анжомларни жорий этиш ишларини ташкил этиш;

ажратилган лимитлар асосида буюртмачилар тақдим қилган қурилиш ва лойиҳа-қидирув ишлари бўйича манзилли ҳамда қурилиш титул рўйхатларини кўриб чиқиш, тегишли вазирлик ва идоралар билан белгиланган тартибда келишиш ва Вазирликка тасдиқлаш учун киритиш;

“Сувқурилишинвест” ДУКлар томонидан тақдим этилган қурилиш объектларининг ҳаражатлар сметаларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ва “Сувқурилишинвест” ДУКлар томонидан тузилган чораклик ва йиллик бухгалтерия ҳисоботларини қабул қилиш ҳамда умумлаштирилган ҳолда Вазирликда тақдим қилиш.

3-боб. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

9. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номидан мулкий ҳуқуқни олиш, мол-мулкка эгалик қилиш мажбуриятларини олиш ва судда даъвогар бўлиш;

сув хўжалиги қурилишига оид масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқишда қатнашиш, шунингдек, улар ҳақида ўз хулосаларини бериш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича маълумот ва материалларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, республика ташкилотларидан белгиланган тартибда сўраб олиш;

тегишли дастурлар ва Концепциялар доирасида амалга ошириладиган сув хўжалиги қурилиши лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида вазирлик режаларини ишлаб чиқиш бўйича ўз таклифларини киритиш;

сув хўжалиги қурилиши соҳасида лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни молиялаштириш учун грантлар ва кредитларни жалб этиш масалалари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

сув хўжалиги қурилиши соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг юқори малакали ходимларини ҳамда мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш;

Инвестор ва Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирлик ва идоралари, вилоят ҳокимликлари, лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи консалтинг компаниялари ва экспертлар билан биргаликда ишларни мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамжиҳатликда амалга ошириш;

лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида вужудга келган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

Лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳлари ва “Сувқурилишинвест” ДУКлар томонидан амалга оширилаётган қурилиш лойиҳаларини бажаришда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш ва масъулларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чораларини қўллаш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

10. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

4-боб. Агентлик раҳбарларининг асосий функционал вазифалари

11. Қуйидагилар Агентлик директорининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлар, Вазирликнинг буйруқлари, ҳайъат қарорлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Агентлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ўз ўринбосарлари ва Агентликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Агентлик фаолиятининг алоҳида йўналишларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

Фаолиятни режалаштиришни ташкил этиш, сув хўжалиги қурилиши соҳасидаги иш ҳажмларидан келиб чиқиб, Агентлик ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ҳамда Вазирликнинг буйруқлари ва ҳайъат қарорлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, шунингдек, Агентлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;

Агентлик ходимларини, Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ҳамда “Сувқурилишинвест” ДУКлар раҳбарларини тизимли равишда қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

Агентликда кадрларни танлаш ва уларни жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Агентликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

Агентлик ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

Агентлик ишини самарали ташкил этишнинг замонавий шаклларини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш;

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб сайёр қабул ўтказиш;

давлат сири сирасига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

Агентлик бошқарма ва бўлинмалари тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқлаш;

Агентлик ходимларини (директор ўринбосарларидан ташқари) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

Агентлик фаолияти билан боғлиқ бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини белгиланган тартибда назорат қилиш;

ходимларнинг умумий белгиланган сони доирасида Агентлик штатлар жадвалини, шунингдек, Агентлик харажатлар сметасини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларини сақлаш харажатлари бўйича штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш;

Агентлик номидан ишонч қоғозисиз ҳаракат қилиш, унинг манфаатларини барча идоралар, бошқарув органлари, корхоналар, фирмалар ва ташкилотларда ҳимоя қилиш;

шартномаларни, жумладан ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш;

ишонч қоғозларини бериш, банкларда ҳисоб ва бошқа рақамларни очиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.

12. Агентлик директорининг ўринбосарлари Агентлик директори тавсиясига кўра Вазирлик томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қуйидагилар директор ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Директор вақтинча бўлмаганда тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

Агентликнинг мутасаддилик қилинадиган йўналиш бўйича таркибий бошқарма ва бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

фаолият йўналиши бўйича таркибий бошқарма ва бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

мутасаддилик қилинадиган йўналиш бўйича таркибий бошқарма ва бўлинмаларнинг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш, Агентлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши юзасидан матасаддилик қилинадиган таркибий бошқарма ва бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

Сув хўжалиги вазирлиги ҳайъати, Сув хўжалиги вазири ва Агентлик директорининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бошқарма ва бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Агентлик директорига таклифлар тақдим этиш, уларнинг соҳа йўналишида профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-аҳлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чора-тадбирларини кўриш, кадрлар захирасини шакллантириш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бошқарма, бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни директорга киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;

Агентлик ходимлари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

сув хўжалиги қурилиши соҳаси фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир таклифларни директорга киритиш;

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан жойларга бориб қабул қилиш;

давлат сири сирасига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

Жумладан соҳа йўналишлари бўйича:

а) Агентликнинг чет эл инвестициялари ва грантлар масалалари бўйича директор ўринбосарининг асосий вазифалари:

лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан музокараларда иштирок этиш;

инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини тизимли назорат қилиш;

инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этаётган пудрат ва консалтинг компанияларининг фаолиятини назорат қилиш;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари талабларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи мутахассисларни вазирлик билан келишган ҳолда ишга қабул қилиш бўйича Агентлик директорига таклиф киритиш.

б) Агентлик директорининг марказлаштирилган инвестициялар масалалари бўйича ўринбосарининг асосий вазифалари:

ирригация ва мелиорация лойиҳаларини амалга ошириш соҳасида самарали инвестиция сиёсатини ўтказади ҳамда тармоқни ишлаб чиқариш жиҳатдан ва ижтимоий ривожлантириш учун мақбул равишда уйғунлаштиришни таъминлаш;

ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, мелиоратив объектларни таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича йиллик, қисқа ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Давлат харидлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига қатъий риоя қилган ҳолда капитал қурилишда бошқарув ва хўжалик муносабатлари тизимига бозор тамойиллари ҳамда механизмларини жорий этиш, лойиҳа ва қурилиш ишларини бажаришга “Сувқурилишинвест” ДУКлар томонидан буюртмалар жойлаштириш, танлов ва тендер савдоларини ташкил этиш;

марказлаштирилган манбалар ҳисобидан қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш белгиланган тартибда танлов ва тендер савдолари асосида контракт тузган ҳолда ишларни тўлиқ бажариш шарти билан амалга оширилишини ташкил этиш;

Инвестиция дастурлари доирасида амалга ошириладиган ирригация ва мелиорация лойиҳалари бўйича буюртмачи “Сувқурилишинвест” ДУКлар билан биргаликда тизимли равишда мониторинг ишларини олиб бориш, амалга оширилаётган ишлар ва муаммоли масалалар бўйича таклифларни Вазирлик ҳамда идораларга тақдим этиб бориш;

сув хўжалигини ривожлантириш мақсадидаги объектлар қурилиши, уларни техника билан қайта жиҳозлаш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ лойиҳа-қидирув ва илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш;

ажратилган лимитлар асосида буюртмачилар тақдим қилган манзили рўйхатларни, қурилишларнинг титул рўйхатларини кўриб чиқиш, тасдиқлаш учун Вазирликка киритиш ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан белгиланган тартибда келишда иштирок этиш;

буюртмачи ташкилотларнинг лойиҳа-қидирув ишлари манзилли рўйхатларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирликка киритиш ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан белгиланган тартибда келишишда иштирок этиш;

ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал қурилишда илғор қурилиш технологияларини, янги қурилиш материалларини, асбоб-анжомларни жорий этиш ишларини ташкиллаштириш.

Агентлик директорининг ўринбосарлари Вазирлик ва Агентлик директори томонидан берилган бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

13. Қуйидагилар Агентлик таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифларни Агентлик раҳбариятига киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Президент Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари, Вазирликнинг буйруқлари, ҳайъат қарорлари ижросини ташкил этиш, Агентлик таркибий бўлинмалари ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажаришини ва сифатли ижро этилишини таъминлаш;

Сув хўжалиги вазирлиги ҳайъати қарорлари, Сув хўжалиги вазири ҳамда Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари буйруқ ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирларни ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш чораларини кўриш;

таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда директорнинг тегишли ўринбосарларига таклифлар тақдим этиш, профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касб малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

таркибий бўлинмалар ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ таркибий бўлинмаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига олиб келувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

давлат сири сирасига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

5-боб. Агентлик раҳбарларининг жавобгарлиги

14. Агентликнинг директори:

ушбу низомда ва бошқа қонун ҳужжатларида Агентликка юкланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, шунингдек, Агентлик ишидаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилиши;

Агентликдаги ишларнинг ҳолати, таркибий бўлинмаларнинг фаолияти  мувофиқлаштирилиши;

Агентликда ижро интизомига сўзсиз риоя қилиниши учун жавобгар ҳисобланади.

15. Директорнинг ўринбосарлари:

тегишли йўналишлар бўйича топшириқлар бажарилишининг натижадорлиги ва ўз вақтидалиги;

мутасаддилик қилинадиган йўналишлар бўйича сув хўжалигини ривожлантириш вазифалари ва дастурлари самарали амалга оширилишини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги учун жавоб берадилар.

16. Агентликнинг таркибий бошқарма ва бўлинмалари бошлиқлари қонун ҳужжатлари, Агентлик раҳбариятининг топшириқлари, шунингдек, таркибий бўлинма ва Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар ўз вақтида ва сифатли бажарилишига жавоб берадилар.

6-боб. Агентлик фаолиятини ташкил этиш

17. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.

18. Агентликнинг ташкилий тузилмаси, штатлар жадвали ва харажатлар сметаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Агентлик давлат бошқарув органи ҳисобланади ва республика бюджетидан молиялаштирилади.

Агентлик ва унинг таркибидаги Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ва “Сувқурилишинвест” ДУКларнинг ҳар бири алоҳида юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, хизмат кўрсатувчи банкда ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳр ва бланкларга эга бўлади.

Вазирлик ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари раҳбарлари Агентлик томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

“Сувқурилишинвест” ДУКлар директорлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда Агентликнинг тавсиясига кўра, Вазирлик томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

7-боб. Ҳисоб ва ҳисобот

19. Агентлик ўз фаолиятида тезкор ва бухгалтерия ҳисоботини юритади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Инвестор томонидан белгиланган шакллар ва муддатларда бухгалтерия, статистика ва бошқа ҳисоботларни тегишли идораларга тақдим этади.

20. Агентлик фаолиятини текшириш Вазирлик ва назорат қилувчи органлар томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади

8-боб. Агентлик аппаратини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш

21. Қуйидагилар Агентлик аппаратини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги
Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

халқаро грантлар ва техник кўмак маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

22. Агентлик ходимларининг лавозим иш ҳақига ҳар ойлик устама ва қўшимчалар, моддий рағбатлантириш тўловлари ва мукофотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

9-боб. Якунловчи қоида

23. Агентлик қонун хужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг         
2019 йил ______даги _____-сон қарорига
2-ИЛОВА                     

Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш
агентлигининг Сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширишда
буюртмачи вазифасини бажарувчи ҳудудий «Сувқурилишинвест»
давлат унитар корхоналари

РЎЙХАТИ

Т/р

Ташкилот номи

Бошқарув ходимларининг сони*, киши

1.

«Қорақалпоғистонсувқурилишинвест» ДУК

35

2.

«Андижонсувқурилишинвест» ДУК

34

3.

«Бухоросувқурилишинвест» ДУК

35

4.

«Жиззахсувқурилишинвест» ДУК

31

5.

«Қашкадарёсувқурилишинвест» ДУК

34

6.

«Навоийсувқурилишинвест» ДУК

22

7.

«Намангансувқурилишинвест» ДУК

33

8.

«Самарқандсувқурилишинвест» ДУК

31

9.

«Сурхондарёсувқурилишинвест» ДУК

28

10.

«Сирдарёсувқурилишинвест» ДУК

39

11.

«Тошкентсувқурилишинвест» ДУК

30

12.

«Фарғонасувқурилишинвест» ДУК

39

13.

«Питнаксувқурилишинвест» ДУК

12

14.

«Хоразмсувқурилишинвест» ДУК

26

 

Жами:

429

* Ажратилган капитал маблағлар ҳажмига ҳамда объектлар сонига кўра Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда бошқарув ходимларининг чекланган сонига Агентлик томонидан ҳар йили аниқлик киритилади.

Umumiy takliflar

228